ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Бухгалтерия ҳисоби. Аудит. Баҳолаш фаолияти / Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари / БҲХС (IFRS) /

(IFRS) 8 "Операцион сегментлар" Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандарти (АВ томонидан 09.12.2022 й. 3400-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 10.11.2022 й. 61-сон буйруғига 34-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 9 декабрда 3400-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2022 йил 10 ноябрдаги

61-сон буйруғига

34-ИЛОВА



МОЛИЯВИЙ ҲИСОБИНИНГ

ХАЛҚАРО СТАНДАРТИ


(IFRS) 8 "ОПЕРАЦИОН СЕГМЕНТЛАР"



Асосий тамойил

        

1. Ташкилот молиявий ҳисоботдан фойдаланувчиларга ўзи шуғулланадиган тижорат фаолиятининг моҳияти ва молиявий таъсирларини ва у фаолият кўрсатаётган иқтисодий муҳитни баҳолаш имконини берадиган маълумотларни ёритиб бериши лозим.



Қўллаш доираси

         

2. Мазкур МҲХС қуйидагиларга нисбатан қўлланиши лозим:

(a) ташкилотнинг қуйидагиларга жавоб берадиган алоҳида ёки индивидуал молиявий ҳисоботига:

(i) қарз ёки улушли инструментлари очиқ бозорда (ички ёки ташқи фонд биржалари ёки биржадан ташқари бозорларда, шу жумладан, маҳаллий ёки минтақавий бозорларда) савдо қилинадиган, ёки

(ii) очиқ бозорда бирор турдаги инструментларни чиқариш мақсадида ўзининг молиявий ҳисоботини қимматли қоғозлар бўйича комиссияга ёки бошқа назорат органига тақдим этган ёки тақдим этиш жараёнида бўлган; ва

(б) бош ташкилот иштирокидаги қуйидагиларга жавоб берадиган гуруҳнинг консолидациялашган молиявий ҳисоботига:

(i) қарз ёки улушли инструментлари очиқ бозорда (ички ёки ташқи фонд биржалари ёки биржадан ташқари бозорларда, шу жумладан, маҳаллий ёки минтақавий бозорларда) савдо қилинадиган, ёки

(ii) очиқ бозорда бирор турдаги инструментларни чиқариш мақсадида ўзининг молиявий ҳисоботини қимматли қоғозлар бўйича комиссияга ёки бошқа назорат органига тақдим этган ёки тақдим этиш жараёнида бўлган гуруҳ.


3. Агар мазкур МҲХСни қўллаши талаб этилмайдиган ташкилот ушбу МҲХС талабларига мувофиқ бўлмаган сегментлар тўғрисидаги маълумотни ёритиб беришни танласа, у бундай маълумотни сегментлар тўғрисидаги маълумот каби тавсифламаслиги лозим.


4. Агар молиявий ҳисобот ҳам бош ташкилотнинг мазкур МҲХСнинг қўллаш доирасига кирувчи консолидациялашган молиявий ҳисоботини, ҳам шу бош ташкилотнинг алоҳида молиявий ҳисоботини ўз ичига олса, сегмент тўғрисида маълумот фақат консолидациялашган молиявий ҳисоботда талаб этилади.



Операцион сегментлар


5. Операцион сегмент қуйидагиларга жавоб берадиган ташкилотнинг компонентидир:

(a) тушум олиниши ва харажатлар сарфланиши мумкин бўлган тижорат фаолияти билан шуғулланадиган (шу жумладан, ушбу ташкилотнинг бошқа компонентлари билан боғлиқ операциялардан олинадиган тушумлар ва харажатлар),

(б) операцион натижалари ташкилотнинг операцион қарорларни қабул қилувчи бошқарув органи томонидан сегментга ресурсларни тақсимлаш ва унинг фаолияти натижаларини баҳолаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш мақсадида мунтазам равишда таҳлил қилинадиган, ва

(в) алоҳида молиявий маълумотлари мавжуд бўлганларга нисбатан.

Операцион сегмент олдиндан тушум келтирмайдиган тижорат фаолиятини амалга ошириши мумкин, масалан, дастлабки босқичдаги операциялар тушум олинишидан олдин операцион сегментлар бўлиши мумкин.


6. Ташкилотнинг ҳар бир қисми операцион сегмент ёки операцион сегментнинг қисми бўлиши талаб этилмайди. Масалан, бош офис ёки баъзи функционал бўлинмалар тушум келтирмаслиги мумкин ёки ташкилот учун қўшимча тушум келтириши мумкин ва улар операцион сегмент ҳисобланмайди. Мазкур МҲХС мақсадларида, ташкилотнинг меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар дастурлари операцион сегментлар ҳисобланмайди.


7. "Операцион қарорларни қабул қилувчи бошқарув органи" атамаси маълум бир лавозимдаги раҳбарни эмас, балки функцияни белгилайди. Ушбу функция ресурсларни тақсимлаш ва ташкилот операцион сегментларининг фаолияти натижаларини баҳолашдан иборат. Ташкилотнинг операцион қарорларни қабул қилувчи бошқарув органи кўпинча бош директор ёки бош ижрочи директор бўлади, лекин, масалан ижрочи директорлар ёки бошқа масъул шахслар гурухи ҳам бўлиши мумкин.


8. Кўпчилик ташкилотлар учун операцион сегментларнинг 5 бандда таърифланган учта хусусияти ушбу ташкилотнинг операцион сегментларини аниқ белгилаб беради. Лекин, ташкилот тижорат фаолияти ҳар хил усулларда акс эттирилган ҳисоботни тайёрлаши мумкин. Агар операцион қарорларни қабул қилувчи бошқарув органи биттадан ортиқ сегмент маълумотлари тўпламидан фойдаланса, бошқа омиллар, шу жумладан ҳар бир компонент бўйича тижорат фаолиятининг характери, ушбу компонентлар учун масъул бошқарувчиларнинг мавжудлиги ва директорлар кенгашига тақдим қилинган маълумот ташкилотнинг операцион сегментларидан ташкил топган компонентларнинг ягона тўпламини аниқлаб бериши мумкин.


9. Одатда, операцион фаолиятни, молиявий натижаларни, прогнозларни ёки сегментга тегишли режаларни муҳокама қилиш мақсадида ҳар бир операцион сегментнинг операцион қарорларни қабул қилувчи бошқарув органига бевосита ҳисобдор бўлган ва у билан мунтазам алоқада бўлган сегмент бошқарувчиси мавжуд бўлади. "Сегмент бошқарувчиси" атамаси маълум бир лавозимдаги раҳбарни эмас, балки функцияни белгилайди. Операцион қарорларни қабул қилувчи бошқарув органи ҳам айрим операцион сегментлар учун сегмент бошқарувчиси бўлиши мумкин. Бир бошқарувчи бир нечта операцион сегментлар учун сегмент бошқарувчиси бўлиши мумкин. Агар 5-банддаги хусусиятлар ташкилотнинг бир нечта компонентлар тўпламига тегишли бўлса, лекин сегмент бошқарувчилари масъул бўлган фақат битта тўплам мавжуд бўлса, бундай компонентлар тўплами операцион сегментларни ташкил қилади.


10. Бошқарувчилар масъул бўлган икки ва ундан ортиқ бир-бирини қамраб олувчи компонентлар тўпламига нисбатан 5-банддаги хусусиятлар қўлланиши мумкин. Бундай тузилма баъзан матрицали ташкилий тузилма деб номланади. Масалан, айрим ташкилотларда баъзи бошқарувчилар бутун дунё бўйлаб турли хил маҳсулот ва хизматлар йўналишлари учун масъул бўлса, бошқа бошқарувчилар эса муайян географик минтақалар учун масъул бўлади. Операцион қарорларни қабул қилувчи бошқарув органи мунтазам равишда ҳар иккала компонентлар тўпламининг операцион натижаларини таҳлил қилади ва ҳар иккаласи учун молиявий маълумотлар мавжуд бўлади. Бундай ҳолда, ташкилот асосий тамойилни қўллаган ҳолда қайси компонентлар тўплами операцион сегментларни ташкил қилишини аниқлаб олиши лозим.



Ҳисобот сегментлари


11. Ташкилот қуйидаги ҳар бир операцион сегмент тўғрисида алоҳида маълумот тақдим этиши лозим:

(a) 5-10-бандларга мувофиқ аниқланган ёки 12-бандга мувофиқ икки ёки ундан ортиқ бундай сегментларни жамлаш натижаси бўлган, ва

(б) 13-банддаги миқдорий чегараловчи кўрсаткичлардан ошадиган.

14-19-бандлар операцион сегментлар тўғрисида алоҳида маълумотлар тақдим этилиши лозим бўлган бошқа ҳолатларни белгилайди.



Жамлаш мезонлари


12. Операцион сегментлар ўхшаш иқтисодий хусусиятларга эга бўлса, кўпинча ўхшаш узоқ муддатли молиявий натижаларни кўрсатади. Масалан, ўхшаш иқтисодий хусусиятларга эга бўлган иккита операцион сегментлар учун узоқ муддатли ўртача ялпи маржанинг ўхшаш бўлиши кутилади. Агар жамлаш мазкур МҲХСнинг асосий тамойилига мувофиқ бўлса, сегментлар ўхшаш иқтисодий хусусиятларга эга бўлса ва сегментлар қуйидаги муносабатларнинг ҳар бири бўйича ўхшаш бўлса, икки ёки ундан ортиқ операцион сегментлар бир операцион сегментда жамланиши мумкин:

(a) маҳсулотлар ва хизматларнинг хусусияти;

(б) ишлаб чиқариш жараёнларининг хусусияти;

(в) маҳсулотлар ва хизматлар харидорларининг тури ёки синфи;

(г) маҳсулотларини тарқатиш ёки хизматларини кўрсатиш учун фойдаланиладиган усуллар; ва

(д) агар қўлланиши мумкин бўлса, тартибга солиш соҳасининг хусусияти, масалан, банк, суғурта ёки коммунал хизматлар.



Миқдорий чегараловчи кўрсаткичлар


13. Ташкилот қуйидаги миқдорий чегараловчи кўрсаткичларнинг ихтиёрий биттасига жавоб берадиган операцион сегментлар тўғрисидаги алоҳида маълумотларни тақдим этиши лозим:

(a) Ташқи харидорларга сотишни ҳам, сегментлар аро сотишни ёки ўтказмаларни ўз ичига олган сегмент тақдим этилган тушуми барча операцион сегментларнинг ички ва ташқи умумлашган тушумларининг 10 фоизи ёки ундан кўпроғини ташкил қилади.

(б) Ҳисоботда келтирилган фойда ёки зарарнинг мутлақ суммаси, (i) барча зарар кўрмаган операцион сегментларнинг ҳисоботда тақдим этилган умумлашган фойдасининг ва (ii) барча зарар кўрган операцион сегментларнинг ҳисоботда тақдим этилган умумлашган зарарининг мутлақ суммасининг 10 фоизи ёки ундан кўпроғини ташкил қилади.

(в) сегментнинг активлари барча операцион сегментлар умумлашган активларининг 10 фоизи ва ундан кўпроғини ташкил қилади.

Агар раҳбарият сегмент тўғрисидаги маълумотни молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар учун фойдали деб ҳисобласа, ҳеч бир миқдорий чегараловчи кўрсаткичларга жавоб бермайдиган операцион сегментлар ҳам ҳисоботда тақдим этилиши ва алоҳида ёритиб берилиши мумкин.


14. Агар операцион сегментлар ўхшаш иқтисодий хусусиятларга эга бўлганда ва 12-бандда келтирилган жамлаш мезонларининг кўп қисмига жавоб берганда, ташкилот ҳисобот сегментларини тайёрлаш мақсадида миқдорий чегараловчи кўрсаткичларга жавоб бермайдиган операцион сегментлар тўғрисидаги маълумотни миқдорий чегараловчи кўрсаткичларга жавоб бермайдиган бошқа операцион сегментлар билан жамлаши мумкин.


15. Агар операцион сегментларнинг тақдим этилган жами ташқи тушуми ташкилот тушумининг 75 фоизидан камроғини ташкил этса, ҳисобот сегментлари ташкилот тушумининг камида 75 фоизини ташкил қилгунга қадар ҳисобот сегментлари сифатида қўшимча операцион сегментлар аниқланиши лозим (ҳатто улар 13-банддаги мезонларга жавоб бермаса ҳам).


16. Бошқа тижорат фаолияти турлари ва ҳисобот берилмайдиган операцион сегментлар тўғрисидаги маълумот 28 бандда талаб қилинадиган солиштирмалардаги бошқа солиштириладиган моддалардан алоҳида "бошқа барча сегментлар" тоифасида жамланиши ва ёритиб берилиши лозим. "Бошқа барча сегментлар" тоифасига киритилган тушумлар манбалари тавсифланиши лозим.


17. Агар раҳбарият бевосита олдинги даврда ҳисобот сегменти сифатида аниқланган операцион сегмент аҳамиятли бўлиб қолади деб ҳисобласа, ушбу сегмент тўғрисидаги маълумот, агар у 13-банддаги ҳисобот сегментини тан олиш мезонига жавоб бермаса ҳам, жорий даврда алоҳида тақдим этишда давом эттириши лозим.


18. Агар операцион сегмент жорий даврда миқдорий чегараловчи кўрсаткичларга мувофиқ тарзда ҳисобот сегменти сифатида аниқланган бўлса, қиёсийлик мақсадларида олдинги давр учун тақдим этилган сегмент маълумотлари янги ҳисобот сегментини, ҳатто ушбу сегмент олдинги даврда 13 банддаги ҳисобот сегментини тан олиш мезонига жавоб бермаса ҳам, зарур маълумотни олишнинг имкони бўлмаган ва уни олиш учун амалга ошириладиган сарфлар жуда юқори бўлган ҳоллардан ташқари, алоҳида сегмент сифатида акс эттириш учун қайта ҳисобланиши лозим.


19. Сегментлар маълумоти ҳаддан ташқари батафсил бўлиши мумкинлигига олиб келмаслиги учун ташкилот алоҳида ёритиб берадиган ҳисобот сегментлари сонига амалий чегара қўйилиши мумкин. Аниқ чегара белгиланмаган бўлса ҳам, 13-18 бандларга мувофиқ ҳисоботда тақдим этиладиган сегментлар сони ўнтадан ошса, ташкилот амалий чегарага етган ёки етмаганини кўриб чиқиши лозим.



Маълумотларни ёритиб бериш


20. Ташкилот молиявий ҳисоботдан фойдаланувчиларга ўзи шуғулланадиган тижорат фаолиятининг моҳияти ва молиявий таъсирларини ва у фаолият кўрсатаётган иқтисодий муҳитни баҳолаш имконини берадиган маълумотларни ёритиб бериши лозим.


21. 20-банддаги тамойилни амалга ошириш учун, ташкилот умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисобот тақдим этиладиган ҳар бир давр учун қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(a) 22-бандда тавсифланган умумий маълумотлар;

(б) ҳисоботда тақдим этиладиган сегмент фойдаси ёки зарари тўғрисидаги маълумот, шу жумладан 23-27-бандларда тавсифланганидек, ҳисоботда тақдим этиладиган сегмент фойдаси ёки зарари таркибига киритилган муайян тушумлар ва харажатлар, сегмент активлари, сегмент мажбуриятлари ва баҳолаш асослари; ва

(в) 28 бандда тавсифланганидек, сегмент тушумлари, ҳисоботда тақдим этиладиган сегмент фойдаси ёки зарари, сегмент активлари, сегмент мажбуриятлари ва бошқа муҳим сегмент моддалари умумий суммаларининг ташкилотнинг тегишли суммалари билан солиштирмалари.

Ҳисобот сегментининг молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот суммаларини ташкилотнинг молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот суммалари билан солиштирмалари молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот тақдим этиладиган ҳар бир санага талаб этилади. Ўтган даврлар учун маълумотлар 29 ва 30 бандларда тавсифланганидек, қайта ҳисобланиши лозим.



Умумий маълумот


22. Ташкилот қуйидаги умумий маълумотларни ёритиб бериши лозим:

(a) ташкилотнинг ҳисобот сегментларини аниқлашда фойдаланилган омилларни, шу жумладан ташкилот тузилмасини (масалан, раҳбарият ташкилотни маҳсулотлар ва хизматлар орасидаги фарқ, географик ҳудудлар, тартибга солиш муҳити ёки омиллар комбинацияси асосида ташкил қилишни танлайдими, йўқми ва операцион сегментлар жамланганми,йўқми);

(aa) 12 банддаги жамлаш мезонини қўллашда раҳбарият томонидан қабул қилинган мулоҳаза. Бунга ушбу йўл орқали жамланган операцион сегментларнинг қисқача тавсифи ва жамланган операцион сегментларнинг ўхшаш иқтисодий хусусиятга эга эканлигини аниқлашда баҳоланган иқтисодий кўрсаткичлар киради.

(б) ҳар бир ҳисобот сегментларига тушумлар келтирадиган маҳулотлар ва хизматлар турлари.



Фойда ёки зарар, активлар ва мажбуриятлар

тўғрисидаги маълумот


23. Ташкилот ҳар бир ҳисобот сегменти учун фойда ёки зарар кўрсаткичларини тақдим этиши лозим. Агар ҳар бир ҳисобот сегменти учун активлар ва мажбуриятларнинг умумий кўрсаткичлари операцион қарорларни қабул қилувчи бошқарув органига мунтазам равишда тақдим қилинса, ташкилот уларни ёритиб бериши лозим. Ташкилот, шунингдек, агар муайян суммалар операцион қарорларни қабул қилувчи бошқарув органи томонидан кўриб чиқиладиган сегмент фойдаси ёки зарари кўрсаткичларига киритилган бўлса ёки сегмент фойдаси ёки зарари кўрсаткичларига киритилмаган бўлса ҳам операцион қарорларни қабул қилувчи бошқарув органига мунтазам равишда тақдим қилинса, ҳар бир ҳисобот сегменти бўйича қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(a) ташқи харидорлардан олинадиган тушумлар;

(б) айни ташкилотнинг бошқа операцион сегментлари билан операцияларидан олинган тушумлар;

(в) фоиз тушумлари;

(г) фоиз харажатлари;

(д) эскириш ва амортизация;

(е) 1-сон БҲХС "Молиявий ҳисоботни тақдим этиш"нинг (2007 йил таҳририда) 97-бандига мувофиқ ёритиб бериладиган даромадлар ва харажатларнинг муҳим моддалари;

(ё) ташкилотнинг улушли қатнашиш усули асосида ҳисобланган таъсир остидаги ташкилотларининг ва қўшма корхоналарининг фойдаси ёки зараридаги улуши;

(ж) фойда солиғи харажати ёки даромади; ва

(з) эскириш ва амортизациядан ташқари муҳим пулсиз моддалар.

Агар сегмент тушумининг асосий қисми фоиздан ташкил топмаса ва операцион қарорлар қабул қилувчи бошқарув органи сегмент фаолиятини баҳолашда ва сегментга тақсимланадиган ресурслар тўғрисида қарор қабул қилишда соф фоиз тушумига асосланмаса, ташкилот ҳар бир ҳисобот сегменти бўйича фоиз тушумларини фоиз харажатларидан алоҳида тақдим этиши лозим. Бу ҳолатда ташкилот сегментнинг фоиз тушумидан фоиз харажатини чегирган ҳолда тақдим этиши ва буни ёритиб бериши мумкин.


24. Ташкилот, агар муайян суммалар операцион қарорлар қабул қилувчи бошқарув органи томонидан кўриб чиқиладиган сегмент активлари кўрсаткичларига киритилган бўлса ёки сегмент активлари кўрсаткичларига киритилмаган бўлса ҳам операцион қарорлар қабул қилувчи бошқарув органига мунтазам равишда тақдим қилинса, ҳар бир ҳисобот сегменти бўйича қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(a) улушли қатнашиш усули асосида ҳисобга олинган таъсир остидаги ташкилотлар ва қўшма корхоналардаги инвестициялар суммаси, ва

(б) молиявий инструментлар, кечиктирилган солиқ активлари, белгиланган тўловлар бўйича соф активлар (19-сон БҲХС "Ходимларнинг даромадлари"га қаранг) ва суғурта шартномалари бўйича келиб чиқадиган ҳуқуқлардан ташқари узоқ муддатли активларга(*) киримлар суммалари.



Баҳолаш


25. Ҳисоботда келтирилган ҳар бир сегмент моддасининг суммаси сегментга ресурсларни тақсимлаш ва унинг фаолиятига баҳо бериш мақсадида операцион қарорларни қабул қилувчи бошқарув органига тақдим этилган кўрсаткич бўлиши лозим. Ташкилотнинг молиявий ҳисоботини тузишдаги тузатишлар ва чиқариб ташлашлар ҳамда тушумлар, харажатлар, фойда ёки зарарларнинг тақсимланишлари, агар улар операцион қарорларни қабул қилувчи бошқарув органи томонидан фойдаланиладиган сегментнинг фойдаси ёки зарари кўрсаткичларига киритилган бўлса, ҳисоботда тақдим этилган сегментнинг фойда ёки зарарини аниқлашда ҳисобга олиниши лозим. Худди шу каби, операцион қарорларни қабул қилувчи бошқарув органи томонидан фойдаланиладиган сегментнинг активлари ва мажбуриятлари кўрсаткичларига киритилган активлар ва мажбуриятлар ушбу сегмент ҳисоботида акс эттирилиши лозим. Агар суммалар ҳисобот сегменти фойдаси ёки зарарига, активлари ёки мажбуриятларига тақсимланадиган бўлса, бундай суммалар асосланган ҳолда тақсимланиши лозим.


26. Агар операцион қарорларни қабул қилувчи бошқарув органи сегментнинг фаолиятини баҳолашда ва ресурсларни қандай тақсимлаш бўйича қарор қабул қилишда операцион сегментнинг фойдаси ёки зарари, сегмент активлари ёки мажбуриятларининг фақат бир кўрсаткичидан фойдаланса, сегмент фойдаси ёки зарари, активлари ва мажбуриятлари шу кўрсаткичларда тақдим этилиши лозим. Агар операцион қарорларни қабул қилувчи бошқарув органи операцион сегмент фойдаси ёки зарари, сегмент активлари ёки мажбуриятларининг бир нечта кўрсаткичларидан фойдаланса, ёритиб бериладиган кўрсаткичлар, раҳбарият фикрига кўра, ташкилотнинг молиявий ҳисоботидаги тегишли суммаларни баҳолашда фойдаланиладиган усулга энг мос келадиган баҳолаш тамойилларига асосланиб аниқланган бўлиши лозим.


27. Ташкилот ҳар бир ҳисобот сегменти учун сегмент фойдаси ёки зарари, сегмент активлари ва мажбуриятлари кўрсаткичларига тушунтиришлар бериши лозим. Ташкилот камида қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(a) ҳисобот сегментлари ўртасидаги ҳар қандай операциялар учун ҳисобга олиш асослари.

(б) ҳисобот сегменти фойдаси ёки зарарларининг ва ташкилотнинг фойда солиғи харажати ёки даромади ва тугатилган фаолиятидан олдинги фойдаси ёки зарарининг (агар 28-бандда таърифланган солиштирмалардан маълум бўлмаса) баҳолаш кўрсаткичлари ўртасидаги ҳар қандай фарқларнинг характери. Бундай фарқлар ҳисоб сиёсати ва тақдим қилинган сегмент маълумотларини тушуниш учун зарур бўлган марказлашган сарфларни тақсимлаш сиёсатини ўз ичига олиши мумкин.

(в) ҳисобот сегменти активларининг ва ташкилот активларининг баҳолаш кўрсаткичлари ўртасидаги ҳар қандай фарқларнинг характери (агар 28-бандда тавсифланган солиштирмалардан маълум бўлмаса). Бундай фарқлар ҳисоб сиёсати ва тақдим қилинган сегмент маълумотларини тушуниш учун зарур бўлган биргаликда фойдаланиладиган активларни тақсимлаш сиёсатини ўз ичига олиши мумкин.

(г) ҳисобот сегменти мажбуриятлари ва ташкилот мажбуриятларининг кўрсаткичлари ўртасидаги ҳар қандай фарқларнинг характери (агар 28-бандда тавсифланган солиштирмалардан маълум бўлмаса). Бундай фарқлар ҳисоб сиёсати ва тақдим қилинган сегмент маълумотларини тушуниш учун зарур бўлган биргаликда фойдаланиладиган мажбуриятларни тақсимлаш сиёсатини ўз ичига олиши мумкин.

(д) ҳисоботда тақдим қилинган сегмент фойдаси ёки зарарини аниқлашда фойдаланиладиган баҳолаш усулларининг олдинги даврларга нисбатан ўзгаришларининг характери ва таъсири, агар мавжуд бўлса, бундай ўзгаришларнинг сегмент фойдаси ёки зарари кўрсаткичларига таъсири.

(е) ҳисобот сегментларига ҳар қандай номутаносиб тақсимлашларнинг характери ва таъсири. Масалан, ташкилот тегишли эскириш ҳисобланадиган активларни сегментга тақсимламасдан, ушбу сегментга эскириш харажатини тақсимлаши мумкин.



Солиштирмалар


28. Ташкилот қуйидагиларнинг барчаси бўйича солиштирмаларни тақдим этиши лозим:

(a) ҳисобот сегментлари жами тушумининг ташкилот тушумига нисбатан.

(б) ҳисобот сегментлари фойдаси ёки зарари кўрсаткичларининг жами суммасини ташкилотнинг фойда солиғи харажати (фойда солиғи даромади) ва тугатилган фаолиятдан олдинги фойдаси ёки зарарига нисбатан. Лекин, агар ташкилот ҳисобот сегментларига фойда солиғи харажати (фойда солиғи даромади) каби моддаларни тақсимласа, ташкилот ушбу моддаларни ҳисобга олган ҳолда, сегмент фойдаси ёки зарари кўрсаткичининг жами суммасини ташкилотнинг ушбу моддалардан кейинги фойда ёки зарарига нисбатан солиштириши мумкин.

(в) агар сегмент активлари 23-бандга мувофиқ тақдим этилса, ҳисобот сегментлари активларининг жами суммасини ташкилотнинг активларига нисбатан.

(г) агар сегмент мажбуриятлари 23-бандга мувофиқ тақдим этилса, ҳисобот сегментлари мажбуриятларининг жами суммасини ташкилотнинг мажбуриятларига нисбатан.

(д) ҳисобот сегментларининг ёритиб берилган маълумотларининг ҳар бир муҳим моддаси бўйича жами суммалар ташкилотнинг тегишли суммасига нисбатан.

Барча солиштирилган муҳим моддалар алоҳида аниқланиши ва тавсифланиши лозим. Масалан, ҳисоб сиёсатидаги фарқлардан келиб чиқадиган, ҳисобот сегменти фойдаси ёки зарарини ташкилот фойдаси ёки зарарига нисбатан солиштириш учун зарур бўлган ҳар бир муҳим тузатиш суммаси алоҳида аниқланиши ва тавсифланиши лозим.



Олдин тақдим этилган маълумотни

қайта ҳисоблаш


29. Агар ташкилот ички тузилмасини ўзининг ҳисобот сегментлари таркибини ўзгартиришга олиб келадиган тарзда ўзгартирган бўлса, олдинги даврлар, шу жумладан оралиқ даврларга тегишли маълумотлар, бундай маълумотни олишнинг имкони бўлмаган ва уни олиш учун амалга ошириладиган сарфлар жуда юқори бўлган ҳоллардан ташқари, қайта ҳисобланиши лозим. Маълумотни олишнинг имкони бўлмаслигини ва уни олиш учун амалга ошириладиган сарфлар жуда юқори бўлишини аниқлаш ёритиб бериладиган ҳар бир алоҳида модда учун амалга оширилиши лозим. Ҳисобот сегментларининг таркибидаги ўзгаришлардан сўнг, ташкилот олдинги даврлар учун сегмент маълумотларининг тегишли моддаларини қайта ҳисоблаганлигини ёки йўқлигини ёритиб бериши лозим.


30. Агар ташкилот ички тузилмасини ўзининг ҳисобот сегментлари таркибини ўзгартиришга олиб келадиган тарзда ўзгартирган бўлса ва агар ўтган даврлар, шу жумладан оралиқ даврлар учун сегмент маълумотлари ўзгаришларини акс эттириш учун қайта ҳисобланмаган бўлса, ташкилот сегмент маълумотини, бундай маълумотни олишнинг имкони бўлмаган ва уни олиш учун амалга ошириладиган сарфлар жуда юқори бўлган ҳоллардан ташқари, сегментлашнинг янги асосида ҳам, эски асосида ҳам ўзгаришлар юз берган йилнинг жорий даврида ёритиб бериши лозим.



Ташкилот миқёсидаги умумий

маълумотларни ёритиб бериш


31. 32-34 бандлар мазкур МҲХС қўлланадиган барча ташкилотларга, шу жумладан фақат битта ҳисобот сегментига эга бўлган ташкилотларга нисбатан қўлланади. Баъзи ташкилотларнинг тижорат фаолияти тегишли маҳсулотлар ва хизматларнинг фарқлари ёки фаолият кўрсатаётган географик ҳудудлардаги фарқлар асосида ташкил этилмайди. Бундай ташкилотнинг ҳисобот сегментлари умуман бир-биридан фарқ қиладиган маҳсулотлар ва хизматлардан олинган тушумларни тақдим этиши мумкин ёки бир нечта ҳисобот сегментлари деярли бир хил маҳсулот ва хизматлар билан таъминлаши мумкин. Шу каби, ташкилотнинг ҳисобот сегментлари турли хил географик ҳудудларда активларга эга бўлиши ва турли хил географик ҳудудлардаги харидорлардан олинган тушумларни тақдим этиши ёки бир нечта ҳисобот сегментлари бир хил географик ҳудудда фаолият кўрсатиши мумкин. 32-34 бандларга асосан талаб этилган маълумот, агар бундай маълумот мазкур МҲХС талабларига асосан ҳисобот сегментининг бир қисми сифатида тақдим этилмаса, ёритиб берилади.



Маҳсулотлар ва хизматлар

тўғрисидаги маълумот


32. Ташкилот ҳар бир маҳсулот ва хизмат тури бўйича ёки ўхшаш маҳсулот ва хизматларнинг ҳар бир гуруҳи бўйича ташқи харидорлардан олинган тушумларни тақдим этиши лозим. Бундай маълумотни олишнинг имкони бўлмаганда ва уни олиш учун амалга ошириладиган сарфлар жуда юқори бўлганда, мазкур факт ёритиб берилиши лозим. Тақдим этилган тушумнинг суммалари ташкилотнинг молиявий ҳисоботини тайёрлашда фойдаланиладиган молиявий маълумотларга асосланиши лозим.



Географик ҳудудлар тўғрисидаги маълумот


33. Ташкилот маълумотни олишнинг имкони бўлмаган ва уни олиш учун амалга ошириладиган сарфлар жуда юқори бўлган ҳоллардан ташқари, қуйидаги географик худудлар бўйича маълумотларни тақдим этиши лозим:

(a) (i) ташкилот жойлашган мамлакатга тегишли бўлган ва (ii) ташкилот тушум оладиган бошқа барча хорижий мамлакатларга тегишли бўлган ташқи харидорлардан олинадиган тушумлар. Агар алоҳида хорижий мамлакатга тегишли бўлган, ташқи харидорлардан олинган тушумлар муҳим бўлса, бундай тушумлар алоҳида ёритиб берилиши лозим. Ташкилот ташқи харидорлардан олинган тушумларнинг алоҳида мамлакатларга тегишлилигини аниқлаш асосини ёритиб бериши лозим.

(б) (i) ташкилот жойлашган мамлакатдаги ва (ii) ташкилот активларга эгалик қиладиган бошқа барча хорижий мамлакатларда жойлашган, молиявий инструментлар, кечиктирилган солиқ активлари, мехнат фаолиятидан кейинги даромад активлари ва суғурта шартномалари бўйича келиб чиқадиган ҳуқуқлардан ташқари узоқ муддатли активлар(**). Агар алоҳида хорижий мамлакатдаги активлар муҳим бўлса, бундай активлар алоҳида ёритиб берилиши лозим.

Тақдим этилган суммалар ташкилотнинг молиявий ҳисоботини тайёрлашда фойдаланиладиган молиявий маълумотларга асосланиши лозим. Агар зарур маълумотни олишнинг имкони бўлмаса ва уни олиш учун амалга ошириладиган сарфлар жуда юқори бўлса, ушбу факт ёритиб берилиши лозим. Бу бандга асосан талаб этиладиган маълумотга қўшимча қилиб, ташкилот мамлакатлар гуруҳи бўйича географик худудлар маълумотларининг оралиқ суммаларини келтириши мумкин.



Асосий харидорлар тўғрисидаги маълумот


34. Ташкилот асосий харидорларга боғлиқлиги даражаси тўғрисидаги маълумотларни ёритиб бериши лозим. Агар бир ташқи харидор билан операциялардан олинган тушумлар ташкилот тушумларининг 10 фоиз ва ундан кўпроғини ташкил этса, ташкилот бу фактни, ҳар бир бундай харидордан олинган тушумларнинг жами суммасини ва ушбу тушумлар тегишли бўлган сегмент ёки сегментларни ёритиб бериши лозим. Ташкилот, асосий харидорнинг номини ёки ҳар бир сегмент эълон қиладиган ушбу харидордан олинган тушумларнинг суммасини ёритиб бериши талаб этилмайди. Мазкур МҲХС мақсадларида, ҳисобот берувчи ташкилотга маълум бўлган умумий назорат остидаги ташкилотлар гуруҳи ягона харидор сифатида қаралиши лозим. Лекин, ҳисобот берувчи ташкилотга давлат назорати остидалиги маълум бўлган давлат органи (шу жумладан, давлат идоралари ва шунга ўхшаш ташкилотлар, шунингдек маҳаллий, миллий ёки халқаро ташкилотлар) ва ташкилотни ягона харидор сифатида қаралишига баҳо бериш учун мулоҳаза талаб этилади. Бунга баҳо беришда, ҳисобот берувчи ташкилот бундай ташкилотлар ўртасидаги иқтисодий интеграция даражасини инобатга олиши лозим.



Ўтиш қоидалари ва кучга кириш санаси


35. Мазкур МҲХС ташкилотлар томонидан молиявий ҳисоботда 2009 йил 1 январдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўлланиши лозим.. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу МҲХСни 2009 йилнинг 1 январидан олдин ўзининг молиявий ҳисоботида қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


35A. 2009 йил апрель ойида эълон қилинган "МҲХСларни такомиллаштиришлар" бўйича 23-бандга ўзгартириш киритилган. Мазкур ўзгартириш ташкилот томонидан 2010 йил 1 январдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўлланиши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агарда ташкилот мазкур ўзгартиришни олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


36. Қўллашнинг дастлабки йили (шу жумладан 2009 йил апрелда 23 бандга киритилган ўзгартиришни қўллаш) учун аввалги йиллар бўйича қиёсий маълумот сифатида тақдим этилган сегмент маълумотлари, зарур маълумотни олишнинг имкони бўлмаган ва уни олиш учун амалга ошириладиган сарфлар жуда юқори бўлган ҳоллардан ташқари, ушбу МҲХСнинг талабларига мувофиқлаштириш учун қайта ҳисобланиши лозим.


36A. 1-сон БҲХС (2007 йил таҳририда) бўйича барча МҲҲСларда фойдаланилган атамалар ўзгартирилган. Шу жумладан, 23(е) бандга ўзгартиришлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2009 йил 1 январь ёки ундан кейинги йиллик даврларга нисбатан қўллаши лозим. Агар ташкилот 1-сон БҲХС (2007 йил таҳрири)ни олдинги давр учун қўлласа, ушбу ўзгартиришлар ушбу олдинги давр учун қўлланиши лозим.


36Б. 24-сон БҲХС "Боғлиқ томонлар тўғрисидаги маълумотларни ёритиб бериш" (2009 йил таҳририда) бўйича 34-бандга 2011 йил 1 январидан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун ўзгартириш киритилган. Агар ташкилот 24-сон БҲХС (2007 йил таҳририда)ни олдинги давр учун қўлласа, у 34-бандга ўзгартиришларни ушбу олдинги давр учун қўллаши лозим.


36В. 2013 йил декабрь ойида эълон қилинган "2010-2012 йиллар учун МҲХСларни йиллик такомиллаштиришлар" бўйича 22 ва 28-бандларга ўзгартиришлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2014 йил 1 июлдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгаришларни олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.



14-сон БҲХСнинг бекор қилиниши


37. Мазкур МҲХС 14-сон БҲХС "Сегмент ҳисоботи"нинг ўрнини эгаллайди.

           

              




A ИЛОВА



ТАЪРИФЛАНГАН АТАМАЛАР

           

Мазкур илова МҲХСнинг ажралмас қисмидир

           

          

операцион сегмент

Операцион сегмент ташкилотнинг қуйидагиларга жавоб берадиган компонентидир:

(a) тушум олиниши ва харажатлар сарфланиши мумкин бўлган тижорат фаолияти билан шуғулланадиган (шу жумладан, ушбу ташкилотнинг бошқа компонентлари билан боғлиқ операциялардан олинадиган тушумлар ва харажатлар);

(б) операцион натижалари ташкилотнинг операцион қарорларни қабул қилувчи бошқарув органи томонидан сегментга ресурсларни тақсимлаш ва унинг фаолияти натижаларини баҳолаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш мақсадида мунтазам равишда таҳлил қилинадиган, ва

(в) алоҳида молиявий маълумотлари мавжуд бўлганларга нисбатан.

           

         

--------------------------------------------------------------

*) Ликвидлик тартибида тақдим этишга мувофиқ таснифланган активлар учун, узоқ муддатли активлар ҳисобот давридан кейин 12 ойдан ортиқ бўлган даврда қопланиши кутилаётган суммаларни ўз ичига оладиган активлардир.


**) Ликвидлик тартибида тақдим этишга мувофиқ таснифланган активлар учун, узоқ муддатли активлар ҳисобот давридан кейин 12 ойдан ортиқ бўлган даврда қопланиши кутилаётган суммаларни ўз ичига оладиган активлардир.

           

             

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 декабрь









































































Время: 0.0245
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск