ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминловчи органлар / Ички ишлар органлари /

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 20.01.2023 й. ПҚ-10-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 20 январдаги

ПҚ-10-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги

Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан

таъминлаш департаменти тўғрисида

НИЗОМ

           

       

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

       

1. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти (кейинги ўринларда - Департамент) ички ишлар органларида кадрлар сиёсатини амалга ошириш, маънавий-маърифий ва мукофотлаш ишларини ташкил этиш, хизматни ўташ қоидалари ва меҳнат муносабатларига риоя этиш, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, ижтимоий ҳимоя жараёнларини таъминлайдиган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (кейинги ўринларда - ИИВ) марказий аппаратининг мустақил бўлинмаси ҳисобланади.


2. Департамент ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги Қонуни ва бошқа қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, ИИВнинг норматив ҳужжатлари, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.


3. Ички ишлар органларининг маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бўлинмалари тизимига қуйидагилар киради:

Департамент;

ИИВ департаментлари ва уларнинг қуйи тузилмалари, ҳарбий тузилмалари, таълим, ўқув ва тиббиёт муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бўлинмалари (бошқарма, бўлим, бўлинма, гуруҳ);

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизматлари;

туман ва шаҳарлар ички ишлар органларининг маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бўлинмалари (бўлим, бўлинма, гуруҳлари).


4. Департамент ўз фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича белгиланган тартибда ички ишлар органларининг бошқа бўлинмалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари, ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ хорижий давлатларнинг ваколатли идоралари билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширади.


5. Департамент Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўзининг тўлиқ номи ёзилган муҳри ҳамда бланкасига, штампига эга.

Департамент Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан таъсис этиладиган ва фаолиятининг ўзига хос хусусиятини акс эттирадиган рамзига эга бўлиши мумкин.



2-БОБ. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ

            

6. Қуйидагилар Департаментнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ички ишлар органларининг маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бўлинмалари тизимига кирадиган тузилмаларнинг (кейинги ўринларда - кадрлар билан ишлаш бўлинмалари) фаолиятини мувофиқлаштириш, комплекс таҳлил қилиш, баҳолаш, уларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш;

ички ишлар органларида маънавий-маърифий ва ахлоқий-руҳий ишларни ташкил этиш, касбий маданият ва хизмат интизоми талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, шунингдек, шахсий таркибни ватанпарварлик руҳида доимий равишда тарбиялаш фаолиятини амалга ошириш;

ички ишлар органларидаги хизматга, шунингдек, идоравий таълим муассасаларига номзодларнинг танлов асосида қабул қилинишини ташкил этиш, кадрлар сиёсатини амалга оширишни таъминлаш, хизматни ўташ тартибининг қоидалари ва меҳнат муносабатларига риоя этилишини, узлуксиз ўқув-карьера жараёнига доир талабларнинг бажарилишини назорат қилиш;

ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг доимий равишда малакасини ошириш жараёнини ташкил этиш;

ички ишлар органларида шахсий таркибни мукофотлаш ишларини таъминлаш, номзодларни давлат ва идоравий мукофотларга холислик тамойили асосида тақдим этиш, тизимда геральдика фаолиятини амалга ошириш;

ички ишлар органларида шахсий таркибнинг хизмат, жанговар, жисмоний ва психологик тайёргарлигини таъминлаш, тизимда мусобақаларни ўтказиш орқали ходимлар ва уларнинг оила аъзоларида спортга бўлган қизиқишни ошириш;

ички ишлар органлари шахсий таркиби ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, соғлиғи муҳофаза қилинишини ва малакали тиббий хизмат кўрсатилишини ташкил этиш;

ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш соҳасидаги қонунчиликни, фаолият шакллари ва усулларини янада такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.


7. Зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ Департамент қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) кадрлар билан ишлаш бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, комплекс таҳлил қилиш, баҳолаш, уларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш соҳасида:

кадрлар билан ишлаш бўлинмалари фаолияти устидан ташкилий-услубий раҳбарликни амалга ошириш;

кадрлар билан ишлаш бўлинмаларининг яқин ҳамкорликда самарали ишлашини ташкил этиш;

кадрлар билан ишлаш бўлинмалари фаолияти устидан идоравий назоратни амалга ошириш, шу жумладан, жойларга чиққан ҳолда, уларнинг ишларини ўрганиш, назорат текширувларини ўтказиш, аниқланган камчиликлар ва муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш;

маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш соҳасидаги ҳисоботларнинг ягона шаклда юритилишини таъминлаш, ахборот-таҳлил ҳамда ҳисобот маълумотлари базаси ва тизимларини шакллантириш;

кадрлар билан ишлаш бўлинмалари фаолиятини комплекс, тизимли таҳлил қилиш, баҳолаш, фаолият самарадорлигини ошириш бўйича чоралар ишлаб чиқиш, ижобий иш амалиётини тизим миқёсида оммалаштириш;

кадрлар билан ишлаш бўлинмалари фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш, амалга оширилаётган ишлар тўғрисида жамоатчиликни мунтазам хабардор қилиб бориш, ички ишлар органлари ходимининг ижобий имижини шакллантириш;

кадрлар билан ишлаш бўлинмаларини юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш, уларнинг ходимларини рағбатлантириш ишларини ташкил этиш ва таъминлаш;

кадрлар билан ишлаш бўлинмалари ходимлари ўртасида хизмат интизоми ва қонунийлик бузилиши ҳолатларининг олдини олиш, коррупцион омилларга барҳам бериш борасида ишларни ташкил этиш ва амалга ошириш;

маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш йўналишида ахборот-таҳлилий материаллар, шарҳлар, услубий тавсиялар ва кўрсатмалар тайёрлаш;

кадрлар билан ишлаш бўлинмалари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда қонунийликка риоя этилишини ташкил этиш;

кадрлар билан ишлаш бўлинмалари зиммасига юклатилган вазифаларни самарали бажаришида уларга услубий, амалий ёрдам кўрсатиш, шу жумладан, жойларга чиққан ҳолда бевосита кўмаклашиш;

кадрлар билан ишлаш бўлинмаларининг ички ишлар органлари бошқа соҳавий хизматлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорлигини ташкил этиш;


б) ички ишлар органларида маънавий-маърифий ва ахлоқий-руҳий ишларни ташкил этиш, касбий маданият ва хизмат интизоми талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, шунингдек, шахсий таркибни ватанпарварлик руҳида доимий равишда тарбиялаш фаолиятини амалга ошириш соҳасида:

ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепциясини ҳаётга самарали татбиқ этиш фаолиятини амалга ошириш, бу борада барча соҳавий, тармоқ ва ҳудудий ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

ички ишлар органларининг шахсий таркиби билан маънавий-маърифий, тарбиявий ва психологик ишларни ташкил этиш ва амалга ошириш;

"ходимбай" ишлаш тизими асосида шахсий таркиб ўртасида одоб-ахлоқ қоидалари, қонунийликка ва хизмат интизомига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, коррупцион ҳолатларни барвақт олдини олиш;

ички ишлар органларида "мураббийлик институти"ни самарали амалга оширишни ташкил этиш, мураббийлар ва ёш ходимлар фаолиятини мониторинг қилиш, баҳолаш ҳамда услубий таъминлаш ишларини йўлга қўйиш;

ёшларга оид давлат сиёсатининг ички ишлар органларида амалга оширилишини таъминлаш, ёш ходимларни садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашни ташкил этиш;

тегишли ташкилотлар ва муассасалар билан ҳамкорликда ички ишлар органларининг шахсий таркиби ва уларнинг оила аъзолари учун маданий-маърифий ишлар амалга оширилишини ташкил этиш;

маданият, санъат ва бадиий тадбирларни ташкил этиш орқали шахсий таркибни ғоявий, ватанпарварлик руҳида ва маданий-эстетик тарбиялашни тарғиб этиш;

ички ишлар органлари фахрийлар кенгаши фаолиятини самарали ташкил этиш орқали "Устоз-шогирд" анъанасини оммалаштириш;

ходимларнинг маънавий-ахлоқий хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ хизмат интизомининг бузилиши ва бошқа салбий ҳолатлар бўйича хизмат текширувлар ўтказиш, ички ишлар органларида интизомий жазо чораларини қўллаш фаолиятини ташкил этиш;

шахсий таркиб ўртасида юксак ватанпарварлик руҳидаги муҳитни шакллантириш, уларнинг руҳий-психологик тайёргарлигини таъминлаш ва мувофиқлаштириш;

ички ишлар органларида маънавий-руҳий муҳитни мунтазам равишда ўрганиш ва мониторингини олиб бориш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаш;

ички ишлар органларига хизматга, олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинаётган номзодларни индивидуал-психологик ва психофизиологик ўрганиш чораларини ташкил этиш ва амалга ошириш;

ички ишлар органларида психологлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш ҳамда хизмат фаолиятини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ички ишлар органларида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятини ташкил этиш;


в) ички ишлар органларидаги хизматга, шунингдек, идоравий таълим муассасаларига номзодларнинг танлов асосида қабул қилинишини ташкил этиш, кадрлар сиёсатини амалга оширишни таъминлаш, хизматни ўташ тартибининг қоидалари ва меҳнат муносабатларига риоя этилишини, узлуксиз ўқув-карьера жараёнига доир талабларнинг бажарилишини назорат қилиш соҳасида:

ички ишлар органларидаги хизматга номзодларни қабул қилиш, лавозимга тайинлаш, лавозимдан озод этиш, хизмат муддатини узайтириш, ички ишлар органлари ихтиёрида қолдириш ва хизматдан бўшатиш учун келиб тушган тақдимномаларни кўриб чиқиш ва ушбу масалалар юзасидан раҳбариятга таклиф киритиш;

ички ишлар органларидаги бўш лавозимларни юксак ватанпарвар кадрлар билан тўлдириш, ички ишлар органлари ихтиёрида қолдирилган ходимларни лавозимга тайинлашни ташкил этиш;

ички ишлар органларида хизмат ўташ, махсус ва ҳарбий унвонлар бериш ҳамда раҳбар кадрларни ротация қилиш ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш;

шахсий таркибнинг касбий салоҳияти ва фаолияти натижаларини KPI тизими асосида баҳолаш, баҳолаш натижалари бўйича уларнинг рейтингини юритиш;

ички ишлар органларида хизматда бўлишнинг белгиланган чегарадаги ёшига тўлган ва тўладиган ходимлар мониторингини юритиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва ИИВ номенклатураси (рўйхати)га киритилган раҳбарлик лавозимларига кадрлар захирасини шакллантириш ва юритиш;

махфий ҳужжатлар билан ишлаш учун рухсатнома талаб этиладиган лавозимлар рўйхатини шакллантириш, ходимлар ва номзодларга рухсатномаларни расмийлаштириш, сақлаш ва юритишни ташкил этиш;

шахсий таркиб ва унинг яқин қариндошларига нисбатан қўшимча махсус текширув ишларини режалаштириш ва амалга ошириш, чет эл давлатларига чиқиш учун рухсат сўраб қилган мурожаатларни кўриб чиқиш;

шахсий таркибни аттестациядан ўтказиш борасидаги ишларни ташкил этиш ва амалга ошириш;

ходимларнинг анкета ҳамда хизмат фаолиятига оид маълумотларини юритиш, уларни лавозимга тайинлаш, лавозимдан озод этиш, ротация қилиш, хизмат муддатини узайтириш, хизматдан бўшатиш, уларга махсус унвонлар бериш ҳақидаги тақдимномаларни кўриб чиқиш учун киритиш ишларининг "Е-kadr" ёпиқ ахборот тизими орқали амалга оширилишини таъминлаш;

шахсий таркибнинг шахсий ҳужжатлари йиғмажилдларини сақлаш, юритиш ҳамда хизмат ўташга оид маълумотларни қайд этиб бориш;

хизматдан бўшатилган ходимларнинг меҳнат дафтарчалари ёки меҳнат фаолиятини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш ва ҳисобини юритиш, ҳарбий ҳисобга қўйиш учун йўлланмалар беришни таъминлаш;

шахсий таркибга хизмат гувоҳномалари ва жетонлар берилишини ташкил этиш ҳамда ушбу масалага оид ҳисоботларни юритиш;

ИИВ таркибий тузилмалари ва ҳудудий бўлинмалари ходимларига хизмат йиллари учун фоизли устама ҳақ ўрнатишга оид ҳужжатларни расмийлаштириш;


г) ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг доимий равишда малакасини ошириш жараёнини ташкил этиш соҳасида:

кадрларни мақсадли тайёрлашни ташкил этиш, идоравий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш, уларнинг ўқув-тарбия жараёнини назорат қилиш ҳамда мувофиқлаштириш;

идоравий таълим муассасаларининг ўқув-методик, илмий-тадқиқот, кадрлар билан ишлаш ва тарбиявий йўналишлардаги фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;

ички ишлар органларининг кадрларга бўлган эҳтиёжларини ўрганиш ва идоравий ҳамда турдош таълим муассасалари, шу жумладан хорижий давлатлар ҳуқуқ-тартибот органларининг таълим муассасаларига ўқишга қабул ўринларини ажратиш бўйича таклифлар киритиш;

идоравий таълим муассасаларига номзодларни қабул қилиш бўйича танловлар ўтказилишини ташкил этиш, ушбу фаолиятни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;

идоравий таълим муассасаларида ўқитиладиган мутахассислик йўналишларида кадрлар тайёрлаш бўйича давлат таълим стандартлари, малака талаблари ҳамда ўқув режалари ва дастурларини тайёрлашни ташкил этиш;

идоравий таълим муассасаларида ўқув-тарбия жараёни, илмий-тадқиқот ишлари ташкил этилганлигини, олий таълимдан кейинги таълим жараёнини мунтазам равишда ўрганиб бориш;

ички ишлар органларининг кадрларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, идоравий ва турдош олий таълим муассасалари, шу жумладан хорижий давлатлар ҳуқуқ-тартибот органларининг таълим муассасалари битирувчиларининг тақсимотини ўтказиш;

ёш кадрларга бириктирилган мураббийлар фаолиятини ўрганиш орқали уларнинг касбий ўсишлари узлуксиз мониторинг қилинишини ташкил этиш;

идоравий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари таркибига педагог кадрларни ишга қабул қилиш бўйича комиссия (ишчи гуруҳ) фаолиятини назорат қилиш;

идоравий таълим муассасалари ва ҳудудий ички ишлар органларида конференция, илмий анжуманлар, ўқув-услубий семинарлар, давра суҳбатлари ва фан олимпиадалари, шунингдек, ходимларнинг касбий маҳоратини ошириш юзасидан ўқув йиғинлари ва тренинглар ўтказилишини ташкил этиш;

идоравий таълим муассасалари курсантлари ва тингловчиларига белгиланган намунадаги кўкрак нишонлари ва стипендиялар тайинлашга оид ҳужжатларни кўриб чиқиш ва расмийлаштириш;

ИИВнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда ходимларнинг малака оширишга бўлган эҳтиёжини ўрганиш;

кадрларни бошланғич тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш жараёнини ташкил этиш, мониторингини ўтказиш ва мувофиқлаштириш;

шахсий таркибнинг республика давлат бошқаруви органлари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларда белгиланган келишувлар асосида малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ишларини ташкил этиш;

ходимларнинг хорижий давлатлар, хусусан таълим муассасаларида узоқ муддатли ўқув дастурлари асосида малака ошириши ва тажриба орттириши бўйича чора-тадбирларни ташкил этиш;


д) ички ишлар органларида шахсий таркибни мукофотлаш ишларини таъминлаш, номзодларни давлат ва идоравий мукофотларга холислик тамойили асосида тақдим этиш, тизимда геральдика фаолиятини амалга ошириш соҳасида:

ички ишлар органларида шахсий таркибни рағбатлантириш чораларини қўллаш фаолиятини ташкил этиш, назорат қилиш ва амалга ошириш;

давлат мукофотлари ва фахрий унвонларига тавсия этилган номзодларнинг ҳужжатларини кўриб чиқиш, мукофотлашга тақдим этиш бўйича тегишли тақдимномалар расмийлаштириш ҳамда ушбу фаолиятни мувофиқлаштириш;

ички ишлар органларининг давлат мукофотлари ва геральдика бўйича марказий, ҳудудий ва соҳавий комиссиялар фаолиятини ташкил этиш;

шахсий таркибга нисбатан қўлланилган рағбатлантириш чораларининг ҳисобини юритиш, бу борада шахсий ҳужжатлар йиғмажилдларига маълумотларни киритиб боришни таъминлаш;

мукофотлаш ишларига масъулиятсизлик билан ёндашган, номзодларни тақдим этишда холислик тамойилига риоя этмаган ички ишлар раҳбарлари ва ходимларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш бўйича таклифлар киритиш;

ички ишлар органларида геральдика фаолиятини мувофиқлаштириш, тизим бўйича тайёрланаётган барча турдаги фарқловчи белгилар (рамзлар)нинг асослилигини ўрганиш ва келишиш, идоравий кўкрак нишонларни таъсис этиш бўйича ишларни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари ва геральдика бўйича комиссия билан ҳамкорликни амалга ошириш;


е) ички ишлар органларида шахсий таркибнинг хизмат, жанговар, жисмоний ва психологик тайёргарлигини таъминлаш, тизимда мусобақаларни ўтказиш орқали ходимлар ва уларнинг оила аъзоларида спортга бўлган қизиқишни ошириш соҳасида:

жиноятчиликка қарши курашишнинг замонавий шакл ва усулларига мос равишда шахсий таркибнинг хизмат, жисмоний, жанговар ва психологик тайёргарлигини ошириб боришини ташкил этиш ва назорат қилиш;

шахсий таркибнинг хизмат, жисмоний, жанговар ва психологик тайёргарлиги бўйича машғулотларнинг доимий равишда самарали ўтказилишини таъминлаш ва назорат қилиш;

ички ишлар органларида ходимларнинг хизмат, жисмоний, жанговар ва психологик тайёргарлиги борасида олиб борилаётган ишларни назорат қилиш, ҳисобини юритиш, таҳлил қилиш, соҳа самарадорлигини ошириш ва такомиллаштириш бўйича илғор тажрибаларни жорий этиш ҳамда чора-тадбирларни белгилаш;

шахсий таркибнинг хизмат, жисмоний, жанговар ва психологик тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича даврий синовлар ўтказиш ҳамда бу борада марказлаштирилган рейтинг тизимини юритиш;

шахсий таркибга малака тоифаларини бериш борасидаги ишларни ташкил этиш, назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;

ички ишлар органларидаги хизматга номзодларни қабул қилиш юзасидан жисмоний тайёргарлик бўйича синовлар методикасини ишлаб чиқиш ва ўтказилишини таъминлаш;

жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашишда ходимларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлиги бўйича спорт мусобақаларини ўтказиш ва мувофиқлаштириш;

шахсий таркибнинг ички ишлар органлари тизимида, республика, шунингдек, халқаро миқёсида ўтказиладиган спорт мусобақаларида иштирокини таъминлаш;

шахсий таркибнинг жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этилишини оммалаштириш чора-тадбирларини белгилаш;

ички ишлар органлари шахсий таркибининг ўқотар қуроллардан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириб бориш мақсадида табель ва спорт қуролларидан ўқ отиш мусобақаларини ташкил этиш ва назорат қилиш;

ички ишлар органлари шахсий таркиби билан саф тайёргарлиги машғулотларини ташкил этиш ва назорат қилиш;

идоравий таълим муассасалари курсантлари ва тингловчилари, шунингдек, хизматга қабул қилинган ходимлар билан ўқув-дала машғулотлари ўтказилишини ташкил этиш;

ички ишлар органлари шахсий таркиби ва хизматга номзодлар ўртасида тест синовлари ўтказилишини таъминлаш, натижаларини таҳлил қилиш ва мувофиқлаштириш;

ходимларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини таъминлаш соҳасида ҳудудий, маҳаллий ва тармоқ ички ишлар органларининг фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;

аҳоли ўртасида мусобақалар ўтказиш орқали спортга қизиқишни ошириш чораларини белгилаш;


ж) ички ишлар органлари шахсий таркиби ва унинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, соғлиғи муҳофаза қилинишини ва малакали тиббий хизмат кўрсатилишини ташкил этиш соҳасида:

ички ишлар органлари шахсий таркиби ва унинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини амалга ошириш;

ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларидан фойдаланиш борасидаги барча хизматлар "ягона дарча" тамойили асосида фақат "E-ijtimoiy-himoya.iiv.uz" ягона интерактив хизматлар портали орқали адолатлилик билан кўрсатилишини, электрон навбат ошкора юритилишини таъминлаш;

ички ишлар органлари шахсий таркибига таътиллар берилишини таъминлаш ва назорат қилиш;

ички ишлар органлари шахсий таркибини ижтимоий ҳимоя қилиш фаолиятига оид ҳисоботларни юритиш ва мониторинг қилиш;

ички ишлар органлари шахсий таркибининг соғлиғини муҳофаза қилиш юзасидан давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;

ИИВ тиббиёт муассасалари томонидан шахсий таркиб ва унинг оила аъзоларига малакали тиббий хизмат кўрсатилишини ташкил этиш, назорат қилиш ва мониторингини ўрнатиш;

шахсий таркиб ўртасида турли сурункали касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш ва профилактикасини таъминлаш юзасидан даврий тиббий кўриклар ўтказилишини назорат қилиш;

антропометрик кўрсаткичлари бўйича семизликнинг турли даражалари бўйича ортиқча вазнга эга ходимлар билан даволаш-соғломлаштириш тадбирларини ташкил этиш ва мониторинг қилиш;


з) ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш соҳасидаги қонунчиликни, фаолият шакллари ва усулларини янада такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида:

ИИВ фаолиятини жорий ва истиқболли режалаштиришда, кадрлар билан ишлаш бўлинмалари ривожланишининг асосий йўналишлари ва концепцияларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

кадрлар билан ишлаш бўлинмалари фаолиятининг ҳолати тўғрисида, ижтимоий ҳимояни таъминлашнинг муаммоли масалалари юзасидан ахборот-таҳлилий маълумотлар тайёрлаш;

кадрлар билан ишлаш бўлинмалари зиммасига юклатилган вазифаларнинг амалда бажарилишини тизимли таҳлил қилиш, уларнинг самарали амалга оширилишига салбий таъсир кўрсатаётган камчилик ва муаммоларни аниқлаш, шунингдек, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлашнинг шакл ва усулларини янада такомиллаштириш, бошқарувни ташкил этишнинг замонавий усулларини, илғор илмий-техник воситалар ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш соҳасига доир қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқларининг тўлиқ ва самарали ижросига тўсқинлик қилаётган тизимли камчиликларни аниқлаш, шунингдек, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, муносабат билдириш учун тақдим этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан хулосалар тайёрлаш;

маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш соҳаси бўйича халқаро тажриба ва хорижий қонунчиликни доимий ўрганиш, ўрганиш натижаларини Ўзбекистон Республикаси шароитларида жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида таклифлар ишлаб чиқиш;

маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалга оширилишини таъминлашдаги долзарб масалалар бўйича семинарлар, давра суҳбатлари, конференциялар, симпозиумлар ҳамда бошқа тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш;

геральдика масалалари бўйича халқаро тажрибани ўрганиш, шунингдек, мукофотлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

Департамент қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ,

МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ

          

8. Департамент ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва бошқа муассасаларнинг базалари (шу жумладан электрон базалари)дан ахборот, статистик ва бошқа материалларни сўраш ҳамда олиш;

бошқарув қарорларни қабул қилиш, ахборот-таҳлиллар ва ҳисобот маълумотларини тайёрлаш учун ички ишлар органлари таркибий ва ҳудудий бўлинмаларидан зарур бўлган ҳужжатларни (уларнинг нусхаларини), маълумотлар ва бошқа материалларни сўраш ва олиш;

бошқарув қарорларини ишлаб чиқишда, ИИВ ҳайъатида ва тезкор йиғилишларда кўриб чиқилиши учун ахборот-таҳлиллар ва бошқа ҳужжатларни тайёрлашда ИИВ тегишли соҳавий хизматларини ўрнатилган тартибда жалб этиш;

кадрлар билан ишлаш бўлинмалари ҳужжатлари ва материаллари билан танишиш, уларнинг ижроси юзасидан зарур бўлган маълумотларни олиш;

ўз ваколатларига кирувчи масалалар бўйича ички ишлар органлари ходимлари иш юритувидаги материаллар ва уларга нисбатан ўтказилган ёки ўтказилаётган хизмат текширувлари материаллари ҳамда бошқа ҳужжатлар билан танишиш;

кадрлар билан ишлаш бўлинмаларига юкланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ички ишлар органларининг маълумотлар базасидан фойдаланиш;

ички ишлар органлари ходимлари ва хизматга қабул қилинаётган номзодларни ўрганиш учун тегишли соҳавий хизматлардан зарур маълумотларни талаб қилиб олиш;

ички ишлар органларига соҳага оид бажарилиши мажбурий бўлган бошқарув қарорлари ва топшириқлар бериш;

кадрлар билан ишлаш бўлинмаларининг моддий-техник таъминотини яхшилаш, ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича таклифларни киритиш;

ички ишлар органларида қонунийлик ва хизмат интизомига риоя этилиши ҳолатини текшириш, ходимларнинг формали кийим бошини белгиланган тартибда кийиб юришлари, хизмат автотранспорт воситаларини бошқаришда белгиланган меъёрларга амал қилинишини назорат қилиш мақсадида республика ҳудудида патруль-текширувларини олиб бориш;

кадрлар билан ишлаш бўлинмаларида қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш масалалари бўйича белгиланган тартибда таклифлар киритиш;

давлат ва идоравий мукофотларга муносиб номзодларни аниқлаш ва уларни мукофотлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирига таклифлар киритиш;

мукофотлаш ишларига масъулиятсизлик билан ёндашган, номзодларни тақдим этишда холислик тамойилига риоя этмаган ички ишлар раҳбарлари ва ходимларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш бўйича таклифлар киритиш.

Департамент қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


9. Департамент қуйидаги мажбуриятларга эга:

ўз ваколатлари доирасида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини кўриш;

ички ишлар органларида маънавий-маърифий, кадрлар сиёсатини амалга ошириш, таълимни ташкил этиш, жисмоний ва жанговар тайёргарлик, тиббий хизмат кўрсатишда қонунийлик, очиқлик ва шаффофлик принципларига амал қилиш;

ички ишлар органларида маънавий-маърифий ҳамда тарбиявий ишларни самарали ташкил этиш, шахсий таркиб ўртасида қонунийлик ва хизмат интизомини мустаҳкамлаш чораларини кўриш;

ички ишлар органлари музейлари, кутубхона ва ахборот-ресурс марказларининг фондини бойитиш, шахсий таркиб ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш чораларини кўриш;

шахсий таркибни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларни психологик таъминлаш чораларини кўриш;

кадрлар билан ишлаш бўлинмаларининг иш фаолияти ҳақидаги зарур маълумотларни тайёрлаш ва ИИВ раҳбариятига тақдим этиш.

Департамент қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.


10. Департамент ўзига юклатилган вазифа ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавобгардир.



4-БОБ. ДЕПАРТАМЕНТ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ

          

11. Департаментга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари - Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи (кейинги ўринларда - Департамент бошлиғи) раҳбарлик қилади.


12. Департамент бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган уч нафар ўринбосарга эга.


13. Департамент бошлиғи:

Департамент ишини ташкил этади ва фаолиятига раҳбарлик қилади;

Департаментга юклатилган вазифалар, функциялар ва мажбуриятларнинг лозим даражада бажарилиши учун шахсан жавобгар бўлади;

ўз ўринбосарлари ва Департаментнинг мустақил бошқарма (бўлим) бошлиқларининг функционал мажбуриятларини белгилайди, уларга юклатилган мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилади;

Департаментнинг иш режалари ва ходимларнинг функционал мажбуриятларини тасдиқлайди;

кадрлар билан ишлаш бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади;

кадрлар билан ишлаш бўлинмалари, идоравий тиббиёт, соғломлаштириш ва таълим муассасалари фаолиятини бевосита, шунингдек, тегишли равишда ўз ўринбосарлари орқали назорат қилади;

кадрлар билан ишлаш бўлинмаларининг ички ишлар органларининг бошқа бўлинмалари билан ҳамкорлигини мувофиқлаштиради;

кадрлар билан ишлаш бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш ва ички ишлар органларининг бошқа бўлинмалари билан ҳамкорлигини таъминлаш масалалари бўйича буйруқ ва фармойишлар лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирига киритади;

Департамент ходимларига, шунингдек, ИИВ ихтиёрида қолдирилган ходимларга белгиланган тартибда йиллик асосий ва қўшимча меҳнат таътиллари беради;

Департамент ходимларини хизмат сафарларига юборади;

ИИВнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари фаолиятига оид масалаларни ўрганиш ва текширувлар ўтказилишини ташкил қилади;

текширувлар ва уларнинг натижалари бўйича таклифлар, шунингдек, норматив-ҳуқуқий, услубий, ахборот-таҳлил ҳужжатларини тайёрлашга ўрнатилган тартибда ИИВнинг таркибий ва ҳудудий тузилмалари ходимларини сафарбар этади;

давлат ҳокимияти органларида, вазирликлар, идоралар, ташкилотлар ва муассасаларда Департамент ваколатига кирадиган масалалар бўйича ИИВ номидан иш кўради;

ходимларни ваколати доирасида махсус ва ҳарбий унвонларга тавсия этади, мукофотлайди, интизомий жазолар қўллайди;

кадрлар билан ишлаш бўлинмалари фаолиятини бевосита ва ўз ўринбосарлари орқали назорат қилади;

маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш соҳасида ички ишлар органларининг барча шахсий таркиби томонидан бажарилиши мажбурий бўлган ҳужжатлар қабул қилади;

ўз ваколати доирасида тааллуқли масалаларда буйруқ ва фармойишлар қабул қилади;

ички ишлар органларига кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш ва бошқа лавозимга ўтказишни таъминлайди ва ташкил этади;

ўз ваколати доирасида ИИВ марказий аппаратининг ишчи ва хизматчиларини ишга, бўлим бошлиғигача бўлган ходим ва ҳарбий хизматчиларни сафдорлар, сержантлар ҳамда офицерлар таркиби лавозимларига хизматга қабул қилади, лавозимга тайинлайди ва ички ишлар органларидан бўшатади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бўйича кадрлар билан ишлаш бўлинмалари ходимларининг хатти-ҳаракатлари қонунга мувофиқлигини, шунингдек, содир этилган қонун бузилиши ҳолати ўрнатилган тартибда текширилишини таъминлайди;

соҳа фаолиятига тааллуқли республика комиссиялари ва кенгашларига раислик қилади ва Департаментнинг бошқа комиссиялари ишини назорат қилади;

ички ишлар органлари тизимидаги мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда болалар соғломлаштириш оромгоҳларига ходимларнинг фарзандларини жойлаштириш учун йўлланмалар бериш фаолияти устидан назоратни амалга оширади;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.


14. Департамент бошлиғи Департаментга юклатилган қуйидаги асосий вазифаларни самарали амалга оширилишини ташкил этади ҳамда шахсан назорат қилади:

ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепциясини амалиётга узлуксиз татбиқ этиш;

ходимларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг самарали тизимини ташкил этиш;

ходимлар ўртасида маънавий-тарбиявий тадбирларни олиб бориш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, рағбатлантириш ва мукофотлашга доир ҳужжатларни кўриб чиқиш, хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш чораларини кўриш;

ички ишлар органлари фаолиятини психологик жиҳатдан таъминлаш;

ходимларнинг хизмат ўташларини ташкиллаштириш, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг захирасини шакллантириш ҳамда кадрлар таркиби сифатини яхшилаш;

ходимларнинг хизмат ўташларини қайд қилиш ҳамда махсус ва ҳарбий унвонлар бериш;

ИИВнинг таркибий ва ҳудудий тузилмаларининг маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш фаолиятини мувофиқлаштириш, уларга ташкилий-услубий ёрдам кўрсатиш, фаолиятга оид ҳисоботларни юритиш ҳамда таҳлил қилиш;

кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш, ходимларнинг касбий, жанговар ва жисмоний тайёргарлигини ошириш, соғлиғини сақлаш;

идоравий таълим, спорт-соғломлаштириш ва тиббиёт муассасаларининг самарали фаолиятини ташкил этиш.


15. Департамент бошлиғи Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирига қуйидагилар тўғрисида таклифлар киритади:

ходимларни интизомий жазолаш, идоравий мукофотлар билан тақдирлаш, шунингдек, уларни давлат мукофотларига тақдим этиш;

ички ишлар органлари таркибий ва ҳудудий бўлинмалари ходимлари, ишчи ва хизматчиларининг чекланган сонига ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондига ўзгартириш киритиш;

ички ишлар органлари таркибий ва ҳудудий бўлинмалари тузилмасига ва штатлар сонига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

ўз ўринбосарлари, Департамент таркибий ва ҳудудий бўлинмалари бошлиқларини, шунингдек, ходимларни ИИВ номенклатураси (рўйхати)га кирувчи лавозимларга тайинлаш ва озод этиш, шунингдек, ички ишлар органларининг бошлиқлар таркибига кирувчи ходим ва ҳарбий хизматчиларни ички ишлар органларидан бўшатиш;

ички ишлар органлари фаолиятини яхшилаш ҳамда бевосита зиммасига юклатилган вазифаларни самарали ташкил этиш, соҳада ислоҳотларни амалга ошириш.


16. Департамент хизматлари бошлиқлари:

жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари қабулини амалга оширади, шикоят, ариза ва таклифларни кўриб чиқади, улар юзасидан қарорлар қабул қилади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бўйича кадрлар билан ишлаш бўлинмалари ходимларининг хатти-ҳаракатлари қонунга мувофиқлигини, шунингдек, ходимлар томонидан қонун бузилиши ҳолатларининг ўрнатилган тартибда текширилишини таъминлайди;

раҳбарлик қилаётган хизматнинг ишини ташкил этади, шахсий таркибининг хизмат ва меҳнат интизомига риоя этишини таъминлайди, иш режаларини тасдиқлайди;

хизмат бошлиғи ўринбосарларининг функционал мажбуриятларини белгилайди, улар зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

ўз ваколати доирасида кадрлар билан ишлаш бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш масалалари бўйича шарҳ ва методик тавсиялар чиқаради, шахсий таркиби томонидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма лойиҳаларини Департамент бошлиғига киритади;

раҳбарлик қилаётган хизматда кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш ва лавозимга ўтказиш, хизмат сафарларига юбориш масалалари бўйича Департамент бошлиғига таклиф киритади;

раҳбарлик қилаётган хизмат ходимларига махсус унвонлар бериш, рағбатлантириш, шу жумладан, мукофотлаш ҳамда уларга интизомий жазолар қўллаш тўғрисида Департамент бошлиғига тақдимномалар киритади;

раҳбарлик қилаётган хизмат ходимларига таътил беради;

ўзига бўйсунувчи кадрлар билан ишлаш бўлинмалари фаолияти устидан бевосита ва ўз ўринбосарлари орқали назоратни амалга оширади, шунингдек, тегишли раҳбарларнинг ҳисоботларини эшитади;

Департамент бошлиғининг топшириғига биноан давлат, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг расмий тадбирларида иштирок этади;

Департаментда ўрнатилган тартибда сафарбарлик тайёргарлигини ташкил этади, шунингдек, фуқаро муҳофазаси бўйича тадбирларнинг бажарилишини таъминлайди;

Департаментда махфийлик тартиботига риоя этилиши, шу жумладан, ахборотларни техник ҳимоялаш бўйича тадбирларнинг ташкил этилиши учун жавоб беради;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


17. Департамент бошлиғи бўлмаган тақдирда унинг вазифаларини ўринбосарларидан бири бажаради.


18. Қуйидагилар:

а) Департамент бошлиғининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади:

Департаментнинг таркибий бўлинмалари ва унга бевосита бўйсунувчи бўлинмаларнинг раҳбарлари;

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ички ишлар органлари раҳбарларининг ўринбосарлари - маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиқлари;

б) тегишлича ИИВ департаментлари, ҳарбий тузилмалари, таълим, ўқув ва тиббиёт муассасаларининг раҳбарлари Департамент бошлиғининг қўшма тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади:

тегишлича ИИВ департаментлари, қўмондонлик, таълим, ўқув ва тиббиёт муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизматлари раҳбарлари;

в) тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ички ишлар органлари раҳбарлари Департамент бошлиғининг қўшма тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади:

туман ва шаҳарлар ички ишлар органлари раҳбарларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари;

г) Департамент бошлиғи томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади:

Департаментнинг ходимлари;

д) Департамент билан келишилган ҳолда тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ички ишлар органлари раҳбарлари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади:

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ички ишлар органлари маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизматлари таркибидаги бўлинмалар раҳбарлари;

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ички ишлар органлари раҳбарларининг ўринбосарлари - маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиқларининг мукофотлаш масалалари ва кадрлар тайёрлаш бўйича ёрдамчилари.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

           

19. Департамент фаолияти устидан назорат Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан амалга оширилади.


20. Иш юритиш ва махфийлик тартиботини ташкил этиш ва таъминлаш бўйича чора-тадбирлар Департамент томонидан белгиланган тартибда мустақил равишда амалга оширилади.


21. Кадрлар билан ишлаш бўлинмаларини қурол-аслаҳа ва бошқа моддий-техника воситалари билан таъминлаш белгиланган тартибда амалга оширилади.

          

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 21 январь































































Время: 0.1322
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск