ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Ахборот ва ахборотлаштиришнинг умумий масалалари /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун "Рақамли технологиялар йўналишида энг яхши стартап" (President Tech Award) танловини ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 15.02.2023 й. 66-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 15 февралдаги

66-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Президентининг соврини учун "Рақамли

технологиялар йўналишида энг яхши стартап"

(President Tech Award) танловини

ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

         

          

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

         

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун "Рақамли технологиялар йўналишида энг яхши стартап" (President Tech Award) танловини (кейинги ўринларда - танлов) ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ариза берувчи - танловнинг асосий ёки махсус йўналишларида иштирок этиш истагини билдирган, махсус портал орқали электрон шаклда ариза топширувчи жамоанинг масъул вакили;


ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида хизматлар кўрсатувчи ташкилот (кейинги ўринларда - масъул ташкилот) - порталдан келиб тушган аризаларни қўриб чиқиш, танловнинг асосий йўналишлари бўйича иштирокчи жамоаларни саралаш ва лойиҳаларни баҳолаш, танловнинг махсус йўналиши ғолибини аниқлаш вазифасини бажарувчи ташкилот;


жамоа - танловда иштирок этиш мақсадида махсус порталда рўйхатдан ўтган гуруҳ;


жамоанинг масъул вакили - жамоа номидан ягона қарор қабул қилувчи ҳамда жамоанинг фикрлари ва ғояларини ифодаловчи шахс;


ишчи орган - "Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси" МЧЖ;


лойиҳа - иштирокчи жамоалар томонидан мазкур Низом талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган дастурий маҳсулот;


махсус портал (кейинги ўринларда - портал) - танлов иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш, танлов талаблари ва муддатлари ҳақида ҳамда танлов билан боғлиқ бошқа маълумотлар жойлаштириладиган "www.awards.gov.uz" веб-сайти;


муҳим самарадорлик кўрсаткичлари - танлов ғолиблари бўлган жамоаларга лойиҳанинг ривожланишини белгилайдиган ва уни баҳолашга қаратилган кўрсаткичлар;


ментор - иштирокчи жамоаларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш, такомиллаштириш бўйича маслаҳат (консультация) бериш орқали ривожлантиришга ёрдам берувчи мутахассис;


ташкилий қўмита - танловни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита.


3. Танловга ташкилий қўмита умумий раҳбарлик қилади.


4. Танловни ўтказишнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

соҳа ва тармоқлар ривожи учун хизмат қиладиган, ёшлар томонидан илгари сурилган илғор бизнес-ғоялар ва истиқболли стартап лойиҳаларни саралаш тизимини яратиш;

экспортга йўналтирилган ва жаҳон IT-бозорига мўлжалланган дастурий маҳсулотлар яратилишини қўшимча рағбатлантириш;

танлов доирасида иқтидорли ёш дастурчиларнинг тажрибасини ва уларнинг жамоада ишлаш кўникмасини ошириш;

ёшларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига бўлган қизиқишини янада ошириш.


5. Масъул ташкилот ишчи орган томонидан қуйидаги мезонлар асосида аниқланади:

стартапларни қўллаб-қувватлашга қаратилган танловни ўтказиш, стартапларни ривожлантириш ҳамда акселерация дастурларини ишлаб чиқиш йўналишида 3 йилдан ортиқ амалий тажрибага эга бўлиши;

ривожланган чет эл давлатларида юридик шахс ташкил этган ва камида 5 та стартапни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурларни муваффақиятли амалга оширган бўлиши;

нуфузли венчур жамғармалар ва инвесторлар билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиши;

технологик тадбиркорлик, венчур молиялаштириш ва IT-консалтинг йўналишларида камида 2 йил иш стажига эга бўлган халқаро экспертлар ва менторлар мавжудлиги.

Бунда ташкилий қўмитага ушбу мезонларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилади.



2-БОБ. ТАНЛОВ ЙЎНАЛИШЛАРИ

            

6. Танлов 2023 йилдан бошлаб ҳар йили бир маротаба қуйидаги 5 та асосий ва 1 та махсус йўналиш бўйича ўтказилади:


а) асосой йўналишлар:


сунъий интеллект технологиялари - сунъий интеллект технологияларига асосланган турли хил соҳалар учун ечимлар;


ижтимоий йўналишда рақамли технологиялар - таълим, соғлиқни сақлаш, туризм, транспорт ва логистика соҳаларида операцион жараёнларни рақамлаштириш, давлат хизматларини электрон тарзга ўтказиш ёки ижтимоий соҳаларда мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган лойиҳалар;


ахборот ва киберхавфсизлик технологиялари - турли хил соҳаларда дастурий маҳсулотлар ва аппарат-дастурий комплексларнинг хавфсизлигини таъминлаш, кибержиноятларнинг олдини олишга қаратилган лойиҳалар;


тадбиркорлик ва молиявий технологиялар - тадбиркорлик субъектлари ва хўжалик бирлашмалари учун электрон тижорат, корпоратив ечимлар ва молия технологияларини яратишга қаратилган лойиҳалар;


компьютер ва мобил ўйин дастурлари - компьютер ва мобил қурилмалар учун оффлайн ёки онлайн ўйинлар ишлаб чиқиш ҳамда жараёнларни геймификация этишга қаратилган лойиҳалар;


б) махсус йўналиш - ишчи орган томонидан ишлаб чиқиладиган ва ташкилий қўмита томонидан тасдиқланадиган шартлар асосида 72 соат ичида алоҳида дастурий маҳсулотнинг прототипини ишлаб чиқиш. Бунда ишчи орган масъул ташкилотнинг таклифлари асосида танловнинг махсус йўналиши бўйича иштирокчи жамоаларнинг олдига қўйиладиган шартларни ишлаб чиқади ва ташкилий қўмитага тасдиқлаш учун киритади.


7. Ахборот-коммуникация технологиялари ривожланиши тенденциясига мувофиқ 2024 йилдан бошлаб танлов йўналишларига белгиланган йўналишлар сони доирасида Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда ташкилий қўмита томонидан ўзгартиришлар киритилиши мумкин.



3-БОБ. ТАНЛОВ БОСҚИЧЛАРИ

ВА УЛАРНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ

           

8. Танлов мазкур Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ олти босқичда ташкил этилади.


9. Биринчи босқичда ташкилий қўмита томонидан ҳар йили 1 майга қадар танлов эълон қилинади ва аризалар қабули бошланади.


10. Иккинчи босқичда ҳар йили 1 июлга қадар ариза берувчилар томонидан ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ ариза ва унга илова қилинган материаллар портал орқали топширилади.


11. Танловнинг асосий йўналишларида фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, танловнинг махсус йўналишида эса қўшимча равишда Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резиденти бўлган ташкилотларда фаолият юритаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирок этишлари мумкин.

Танловда иштирок этиш учун жамоаларнинг Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига эга барча аъзолари порталда "Электрон ҳукумат" тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизими (OneID) орқали рўйхатдан ўтадилар.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар - махсус йўналиш иштирокчиси бўлган жамоалар порталда мавжуд шакл орқали рўйхатдан ўтади.


12. Иштирокчи жамоалар Низомга 2-иловага мувофиқ барча маълумот ва материалларни ўзбек, рус ва инглиз тилларида тақдим этадилар.


13. Порталда рўйхатдан ўтиш жараёнида жамоа аъзолари танлов офертасини акцептлаш йўли билан танлов шартларига розилик билдиради ва ҳар бир жамоага махсус идентификация рақами бириктирилади.

Порталда назарда тутилган танлов офертасининг жамоа аъзолари томонидан қабул қилиниши иштирокчи жамоа аъзоларининг шахсга доир маълумотларига ишлов берилишига ёзма розилик берганлигини ифодалайди.


14. Учинчи босқичда ишчи орган ҳар йили 1 июлдан 20 июлга қадар портал орқали келиб тушган ариза ва унга илова қилинган материалларнинг тўлиқлигини кўриб чиқади ҳамда мазкур Низом талабларига мослигини текширади.

Бунда ҳар йили 25 июлга қадар ариза берувчиларнинг кейинги босқичга ўтганлиги (ўтмаганлиги) ҳақида электрон почта манзилига хабар (порталдаги шахсий кабинетига хабарнома) юборилади ҳамда кейинги босқичга ўтган жамоаларга "иштирокчи" мақоми берилади.


15. Ҳар йили 5 августга қадар иштирокчи жамоалар учун умумий учрашув ва ментор маслаҳатларини олиш мақсадида тадбир ташкил этилади.

Иштирокчи жамоалар ҳар йили 5 августдан 5 сентябрга қадар ўзлари ишлаб чиққан лойиҳаларни такомиллаштиришлари ва порталга қайтадан жойлаштиришлари мумкин. Кечикиб тақдим этилган лойиҳалар кўриб чиқилмайди.


16. Тўртинчи босқичда масъул ташкилот ҳар йили 5 сентябрдан 25 сентябрга қадар иштирокчи жамоаларнинг лойиҳаларини ташкилий қўмита томонидан тасдиқланган мезонлар ва мазкур Низом талаблари асосида онлайн тарзда жамоа иштирокисиз баҳолайди ва саралайди.

Ҳар бир асосий йўналиш бўйича энг юқори натижага эга бўлган 10 тадан (жами 50 та) иштирокчи жамоа танлаб олинади ва улар танловнинг кейинги (бешинчи) босқичига ўтади.

Ушбу босқич натижалари лойиҳалар баҳоланганидан сўнг бир ҳафта муддатда порталда эълон қилинади ва улар бўйича жамоанинг масъул вакили электрон почта манзилига кейинги босқичга ўтганлик (ўтмаганлик) тўғрисида хабар (порталдаги шахсий кабинетига хабарнома) юборилади.

Натижалар эълон қилингандан сўнг ҳар йили 5 октябрга қадар навбатдаги босқичга ўтган иштирокчи жамоаларга ишчи орган томонидан тегишли йўналишлар бўйича менторлар таклиф этилади ва ўз лойиҳаларини такомиллаштириш учун 30 кун муддат берилади.

Иштирокчи жамоалар такомиллаштирилган лойиҳалар ва улар тўғрисидаги маълумотларни порталга қайтадан жойлаштиришлари мумкин. Кечикиб тақдим этилган лойиҳалар кўриб чиқилмайди.


17. Бешинчи босқичда лойиҳалар тақдимоти ҳар йили 10 ноябрга қадар ташкилий қўмита томонидан белгиланган сана ва жойда анъанавий (оффлайн) тарзда ўтказилади. Бунда ушбу босқичга ўтган иштирокчи жамоалар ўзларининг лойиҳалари бўйича масъул ташкилотда тақдимот ўтказадилар ва ҳимоя қиладилар. Лойиҳа тақдимоти бир ёки бир неча кун бўлиши мумкин.

Танловнинг махсус йўналиши бўйича лойиҳалар тақдимоти ўтказилади. Бунда махсус йўналиш бўйича иштирокчи жамоалар 72 соат ичида алоҳида шартлар асосида дастурий маҳсулотнинг прототипини ишлаб чиқадилар ҳамда ўз лойиҳаларини масъул ташкилотда тақдимот ўтказадилар ва ҳимоя қиладилар.

Масъул ташкилот ушбу босқичга ўтган иштирокчи жамоаларнинг лойиҳаларини тақдимотлар натижаси бўйича баҳолайди ва ҳар бир йўналиш бўйича 5 тадан олтинчи (якуний) босқичга ўтадиган иштирокчи жамоаларни аниқлайди.

Лойиҳалар тақдимоти учун ҳар бир иштирокчи жамоага 15 дақиқа, хусусан, кириш сўзи ва тақдимот, лойиҳанинг имкониятларини амалиётда намойиш этиш ҳамда лойиҳа бўйича савол-жавоблар учун 5 дақиқадан вақт ажратилади. Тақдимот учун қўшимча вақт берилмайди.

Ушбу босқичда иштирокчи жамоаларнинг лойиҳалари масъул ташкилот томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқланган баҳолаш мезонлари асосида баҳоланади.

Бунда масъул ташкилот томонидан ҳар бир асосий йўналиш бўйича танловнинг кейинги (якуний) босқичига ўтадиган 5 тадан (жами 25 та) иштирокчи жамоа танлаб олинади.


18. Олтинчи босқичда ҳар йили 20 ноябрдан 5 декабрга қадар масъул ташкилот томонидан танловнинг асосий йўналишлари бўйича аниқланган 25 та иштирокчи жамоага жамоатчилик томонидан қуйидаги мезонлар асосида 5 баллик тизим бўйича овоз берилади:

- лойиҳанинг ташқи кўриниши (интерфейс ва дизайни);

- лойиҳанинг функционали;

- лойиҳанинг қулайлиги;

- лойиҳанинг тайёрлиги (тўлиқлиги);

- лойиҳанинг долзарблиги.

Жамоатчилик томонидан овоз бериш порталда "Электрон ҳукумат" тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш ягона ахборот тизимидан (OneID) рўйхатдан ўтиш орқали амалга оширилади.

Бунда жамоатчилик томонидан овоз бериш натижасига мувофиқ ҳар бир йўналиш бўйича энг кўп овозга эга бўлган, 1, 2 ва 3 ўринларни эгаллаган (жами 15 та) иштирокчи жамоалар танловнинг асосий йўналиши бўйича ғолиблар ҳисобланади.

Танловнинг асосий ва махсус йўналиши бўйича натижалар расман тақдирлаш маросимида эълон қилинади ва ушбу натижалар эълон қилинганидан сўнг икки кун ичида порталда ҳам жойлаштирилади.

Танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ҳар йили 25 декабрга қадар ташкилий қўмита томонидан тантанали равишда ташкил қилинади.


19. Танловнинг асосий йўналишлари бўйича ғолибларга пул мукофотлари йил давомида уч траншда ўтказиб берилади.

Бунда улар пул мукофотининг иккинчи-учинчи траншларини олиш учун ўз лойиҳаларини ташкилий қўмита томонидан тасдиқланган муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида такомиллаштириб боришлари зарур.


20. Танлов босқичлари ўтказиладиган муддатлар ва саналарга ташкилий қўмита томонидан ўзгартириш киритилиши мумкин. Бунда танлов бошланишидан бир ҳафта олдин порталда ўзгартиришлар ҳақида эълон жойлаштирилади.



4-БОБ. ТАНЛОВДА ИШТИРОК ЭТИШ

УЧУН ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР

             

21. Танловнинг асосий йўналишларида танловда иштирок этиш учун ариза бериш кунида ўттиз ёшга тўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган шахслар бир жамоа таркибида иштирок этиши мумкин.

Махсус йўналишда Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резиденти бўлган ташкилотларда фаолият юритаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам иштирок этиши мумкин.


22. Танловда иштирок этиш учун жамоалар таркиби асосий йўналишлар бўйича 3-8 киши ва махсус йўналиш бўйича 3-5 кишидан иборат бўлиши керак.


23. Танловда иштирок этиш учун фақат 1 та асосий йўналиш ҳамда махсус йўналиш бўйича ариза юборишга рухсат этилади.


24. Жамоа таркибига жамоанинг масъул вакили мурожаати асосида ташкилий қўмита билан келишилган ҳолда ўзгартириш киритилиши мумкин.


25. Танловда иштирок этиш учун пул ундирилмайди.


26. Иштирокчи жамоалар томонидан танлов доирасида ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар қоплаб берилмайди.



5-БОБ. ИШТИРОКЧИ ЖАМОАЛАРНИНГ

ЛОЙИҲАЛАРИНИ БАҲОЛАШ ҲАМДА

ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИНИ АНИҚЛАШ

           

27. Масъул ташкилот танловнинг иккинчи-бешинчи босқичларида умумий ҳакамлик қилади ва иштирокчи жамоаларнинг лойиҳаларини тасдиқланган баҳолаш мезонларига асосан баҳолайди ва саралайди, шунингдек, махсус йўналиш ғолибини аниқлайди.


28. Ишчи орган масъул ташкилот таклифлари асосида иштирокчи жамоаларнинг лойиҳаларини саралаш ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиб, ташкилий қўмитага тасдиқлаш учун киритади.

Бунда иштирокчи жамоаларнинг лойиҳаларини саралаш ва баҳолаш мезонлари:

ташкилий қўмита томонидан ҳар йили танлов эълон қилинадиган кунга қадар янгидан тасдиқланади;

танловнинг иккинчи-бешинчи босқичлари ва махсус йўналиш учун алоҳида тузилади.


29. Танловнинг асосий йўналиши бўйича ғолиблар олтинчи (якуний) босқичда 25 та жамоага жамоатчилик томонидан порталда овоз бериш орқали аниқланади.

Махсус йўналиш ғолиби танловнинг бешинчи босқичида масъул ташкилот томонидан аниқланади.



6-БОБ. ТАНЛОВДАН ЧЕТЛАШТИРИШ ТАРТИБИ

           

30. Иштирокчи жамоаларнинг аъзолари томонидан қуйидаги хатти-ҳаракатлар амалга оширилганлиги аниқланса, улар танловдан четлаштирилади:

масъул ташкилотнинг фаолиятига халақит берса;

портал фаолиятига халақит берса;

танлов доирасида аризада кўрсатилмаган, яъни иштирокчи жамоанинг аъзоси бўлмаган шахсларни жалб қилса;

ўз хоҳиши билан танловда иштирок этишни давом эттиришдан воз кечса;

танлов шартларини бузса;

мазкур Низом талабларига риоя қилинмаса.

Масъул ташкилот иштирокчи жамоаларнинг аъзоларини танловдан четлаштириш бўйича ташкилий қўмитага таклиф киритади.


31. Четлаштириш натижасида таркибида уч кишидан камайиб кетган иштирокчи жамоаларнинг масъул вакили бир кун муддатда ташкилий қўмитага ўз жамоаси қайта шакллантирилганлиги ҳақида ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ маълумотларни киритиши лозим. Акс ҳолда, ушбу иштирокчи жамоа танловдан четлаштирилади.


32. Ташкилий қўмитанинг иштирокчи жамоалар аъзоларини танловдан четлаштириш тўғрисидаги қарори қабул қилинади ва қарор қабул қилингандан кейин иштирокчи жамоанинг масъул вакилининг электрон почта манзилига хабар (порталдаги шахсий кабинетига хабарнома) юборилади.



7-БОБ. ТАНЛОВНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

ВА ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИНИ ТАҚДИРЛАШ

         

33. Танлов ғолиблари қуйидаги миқдордаги бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:

а) танловнинг 5 та асосий йўналишлари бўйича:

1-ўрин учун - 100 000 АҚШ доллари;

2-ўрин учун - 50 000 АҚШ доллари;

3-ўрин учун - 30 000 АҚШ доллари;

б) танловнинг махсус йўналиши бўйича (битта) - 100 000 АҚШ доллари.


34. Танлов ғолибларига пул мукофотлари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўловлар амалга ошириладиган кундаги расмий курси бўйича миллий валютада:

а) асосий йўналиш бўйича - иштирокчи жамоалар аъзоларининг банк карталарига тенг миқдорда Ташкилий қўмитанинг хулосаси асосида бир йил давомида уч траншда;

б) махсус йўналиш бўйича - иштирокчи жамоа аъзоларининг банк карталарига тенг миқдорда 15 (ўн беш) иш куни давомида тўлиқ ўтказиб берилади.


35. Танловнинг асосий йўналишлари бўйича ғолибларга:

танлов ғолиблари эълон қилинган кундан бошлаб 15 (ўн беш) иш куни ичида пул мукофотининг биринчи транши (50 фоиз миқдорида) тўланади;

пул мукофотининг кейинги икки транши (25 фоиздан) йил давомида муҳим самарадорлик кўрсаткичларининг бажарилиши асосида ташкилий қўмитанинг қарорига мувофиқ ўтказиб берилади.


36. Танловнинг асосий йўналишлари бўйича ғолиблар пул мукофотининг иккинчи-учинчи траншларини олиш учун ташкилий қўмита томонидан тасдиқланган муҳим самарадорлик кўрсаткичларини бажариши лозим.

Бунда ишчи орган ҳар йили 15 ноябрга қадар масъул ташкилот таклифлари асосида ишлаб чиқилган муҳим самарадорлик кўрсаткичларини ташкилий қўмитага киритади.


37. Мазкур Низом шартларини бажармаган ёки бузган, шунингдек, муҳим самарадорлик кўрсаткичларини бажармаган танловнинг асосий йўналишлари ғолибларига пул мукофотининг иккинчи-учинчи траншлари тўланмайди.


38. Муҳим самарадорлик кўрсаткичларини бир йил давомида тўлиқ бажармаган жамоаларга тўланмаган пул мукофоти Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасига қайтариб берилади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

          

39. Танловнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш мақсадида тақдимот ташкилотчилар томонидан ижтимоий тармоқларда ҳамда махсус дастурий таъминотлардан фойдаланган ҳолда жонли онлайн эфирга узатилиши мумкин.


40. Танловнинг ёпилиш тадбири тантанали равишда ташкилий қўмита томонидан амалга оширилади.


41. Танлов натижалари юзасидан иштирокчи жамоалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда мурожаат юборишга ҳақли.


42. Ушбу Низом талабларига амал қилмаган ва унинг талабларини бузган айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

           

           




Низомга

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

соврини учун "Рақамли технологиялар

йўналишида энг яхши стартап"

танловини ташкил этиш

СХЕМАСИ

            

    

Босқичлар

       


     

Субъектлар

    


      

Чора-тадбирлар

    


     

Бажариш муддатлари

     








1-босқич


Ташкилий қўмита


Танловни эълон қилади ва аризалар қабули бошланади.


        

Ҳар йили

1 майга қадар

        








2-босқич


Ариза берувчилар


          

Низомга 2-иловада келтирилган шаклга мувофиқ ариза ва унга илова қилинган материаллар портал орқали топширилади.

Танловда иштирок этиш учун жамоаларнинг Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига эга барча аъзолари порталда "Электрон ҳукумат" тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизими (OneID) орқали рўйхатдан ўтадилар.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар - махсус йўналиш иштирокчиси бўлган жамоалар порталда мавжуд шакл орқали рўйхатдан ўтади.

          


Ҳар йили

1 июлга қадар








3-босқич


"Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси" МЧЖ (Ишчи орган)


          

1. Портал орқали келиб тушган ариза ва унга илова қилинган материалларнинг тўлиқлигини кўриб чиқади ҳамда Низом талабларига мослигини текширади.

Бунда ариза берувчиларнинг кейинги босқичга ўтганлиги (ўтмаганлиги) ҳақида электрон почта манзилига хабар (порталдаги шахсий кабинетига хабарнома) юборилади ҳамда кейинги босқичга ўтган жамоаларга "иштирокчи" мақоми берилади.



          

Ҳар йили 1 июлдан

20 июлга қадар


Ҳар йили

25 июлга қадар


Ишчи орган


2. Иштирокчи жамоалар учун умумий учрашув ва ментор маслаҳатларини олиш мақсадида тадбир ташкил этилади.



Ҳар йили

5 августга қадар



Иштирокчи жамоалар


3. Иштирокчи жамоалар ўзлари ишлаб чиққан лойиҳаларни такомиллаштиришлари ва порталга қайтадан жойлаштиришлари мумкин. Кечикиб тақдим этилган лойиҳалар кўриб чиқилмайди.

        


Ҳар йили 5 августдан

5 сентябрга қадар









4-босқич


Ахборот технологиялари соҳасида хизматлар кўрсатувчи масъул ташкилот (масъул ташкилот)


            

1. Иштирокчи жамоаларнинг лойиҳаларини ташкилий қўмита томонидан тасдиқланган мезонлар ва Низом талаблари асосида онлайн тарзда жамоа иштирокисиз баҳолайди ва саралайди.

Ҳар бир асосий йўналиш бўйича энг юқори натижага эга бўлган 10 тадан (жами 50 та) иштирокчи жамоа танлаб олинади ва улар танловнинг кейинги (бешинчи) босқичига ўтади.



Ҳар йили 5 сентябрдан

25 сентябрга қадар


Ишчи орган



2. Ушбу босқич натижалари порталда эълон қилинади ва улар бўйича жамоанинг масъул вакили электрон почта манзилига кейинги босқичга ўтганлик (ўтмаганлик) тўғрисида хабар (порталдаги шахсий кабинетига хабарнома) юборилади.



Лойиҳалар баҳолан-

ганидан сўнг бир ҳафта муддатда



Иштирокчи жамоалар



3. Навбатдаги босқичга ўтган иштирокчи жамоаларга ишчи орган томонидан тегишли йўналишлар бўйича менторлар таклиф этилади ва ўз лойиҳаларини такомиллаштириш учун 30 кун муддат берилади.

           


Ҳар йили 5 октябрдан

5 ноябрга қадар









5-босқич


Иштирокчи жамоалар,

масъул ташкилот



          

1. Ушбу босқичга ўтган иштирокчи жамоалар ўзларининг лойиҳалари бўйича масъул ташкилотда тақдимот ўтказадилар ва ҳимоя қиладилар.


2. Танловнинг махсус йўналиши бўйича лойиҳалар тақдимоти ўтказилади. Бунда махсус йўналиш бўйича иштирокчи жамоалар 72 соат ичида алоҳида шартлар асосида дастурий маҳсулотнинг прототипини ишлаб чиқадилар ҳамда ўз лойиҳаларини масъул ташкилотда тақдимот ўтказадилар ва ҳимоя қиладилар.


3. Ушбу босқичга ўтган иштирокчи жамоаларнинг лойиҳа тақдимотлари натижаси бўйича баҳолайди ва ҳар бир йўналишлар бўйича 5 тадан олтинчи (якуний) босқичга ўтадиган иштирокчи жамоаларни аниқлайди.

Бунда ҳар бир асосий йўналиш бўйича танловнинг кейинги (якуний) босқичига ўтадиган 5 тадан (жами 25 та) иштирокчи жамоа танлаб олинади.

          


Ҳар йили 10 ноябрга

қадар ташкилий қўмита

томонидан белгиланган

санада








6-босқич


Жамоатчилик



            

1. Масъул ташкилот томонидан танловнинг асосий йўналишлари бўйича аниқланган 25 та иштирокчи жамоага белгиланган мезонлар асосида 5 баллик тизим бўйича овоз берилади.

Жамоатчилик томонидан овоз бериш натижасига мувофиқ ҳар бир йўналиш бўйича энг кўп овозга эга бўлган, 1, 2 ва 3 ўринларни эгаллаган (жами 15 та) иштирокчи жамоалар танловнинг асосий йўналиши бўйича ғолиблар ҳисобланади.



Ҳар йили 20 ноябрдан

5 декабрга қадар


Ташкилий қўмита


2. Танловнинг асосий ва махсус йўналиши бўйича натижалар расман тақдирлаш маросимида эълон қилинади ва ушбу натижалар эълон қилинганидан сўнг икки кун ичида порталда ҳам жойлаштирилади.

Танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ташкилий қўмита томонидан тантанали равишда ташкил қилинади.



Ҳар йили 25 декабрга

қадар


Ишчи орган


3. Танлов ғолибларига пул мукофотлари ўтказиб берилади:

а) асосий йўналишлар бўйича - биринчи транш (50 фоиз миқдорида);

б) махсус йўналиш бўйича - 100 фоиз миқдорида.



Танлов ғолиблари

эълон қилинган кундан

бошлаб 15 иш куни

мобайнида



Танловнинг асосий

йўналишлари бўйича

ғолиблар

           


4. Иккинчи-учинчи траншларни (25 фоиздан) олиш учун муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида ўз лойиҳаларини такомиллаштиради.

        


Бир йил мобайнида

          

          




Низомга

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

соврини учун "Рақамли технологиялар йўналишида

энг яхши стартап" танловида қатнашиш

учун топшириладиган ариза

ШАКЛИ

              

        

Ариза берувчи ҳақида маълумот

         

1. Жамоа аъзоларининг Ф.И.О.


2. Жамоа аъзоларининг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР)


3. Барча жамоа аъзоларининг телефон рақами ва электрон почтаси


4. Барча жамоа аъзоларининг вазифалари:

  • Frontend дастурчи
  • Backend дастурчи
  • Data муҳандис
  • AI муҳандис
  • Мобил дастурчи
  • Devops дастурчи
  • Product менежер
  • Web дастурчи
  • Синовчи
  • Дизайнер
  • Бошқа

5. Жамоа иштирок этаётган ҳудуд/вилоят


6. Жамоа аъзоларининг иш/ўқиш жойи


         

Лойиҳа тўғрисида маълумот

          

7. Танлов йўналиши:

  • Сунъий интеллект технологиялари
  • Ижтимоий йўналишда рақамли технологиялар
  • Ахборот ва киберхавфсизлик технологиялари
  • Тадбиркорлик ва молиявий технологиялар
  • Компьютер ва мобил ўйин дастурлари

8. Лойиҳа номи


9. Лойиҳанинг тавсифи


10. Лойиҳани тавсифловчи видеолавҳага ҳавола (3 дақиқагача бўлган)


11. Лойиҳанинг тақдимоти (PDF шаклида) - юклаш ёки унга ҳавола


12. Лойиҳанинг GitHub платформасидаги ҳавола


13. Лойиҳанинг прототипи (MVP)га ҳавола


14. Лойиҳанинг юқори сифатдаги логотипи (юклаш)



             

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 16 февраль









































































Время: 0.0072
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск