ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Иктисодий ишлар буйича /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 20.02.2023 й. 4-сон "Судлар томонидан солиқ қонунчилигини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

20.02.2023 й.

N 4



СУДЛАР ТОМОНИДАН СОЛИҚ

ҚОНУНЧИЛИГИНИ ҚЎЛЛАШНИНГ

АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ ҲАҚИДА


Суд амалиётини ўрганиш натижалари судлар солиқ қонунчилигини айрим хатоларни инобатга олмаганда, асосан тўғри қўллаётганликларини кўрсатди. Солиқ низоларини кўришда судлар томонидан қонунчилик ҳужжатларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига асосланиб, Олий суд Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:



I БОБ. УМУМИЙ МАСАЛАЛАР

         

1. Судларнинг эътибори солиқ қонунчилигининг доираси Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг (бундан буён матнда Солиқ кодекси, Солиқ кодексининг, Солиқ кодексида деб юритилади) 2-моддаси билан белгиланганлигига қаратилсин.


2. "Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-599-сонли Қонуни (бундан буён матнда ЎРҚ-599-сонли Қонуни деб юритилади) билан Солиқ кодекси янги таҳрирда тасдиқланганлигидан келиб чиқиб, судлар:

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзларнинг амал қилиш муддати ЎРҚ-599-сонли Қонуннинг 4-моддасида назарда тутилганлигига;

янги таҳрирдаги Солиқ кодекси 2020 йил 1 январдан эътиборан кучга кирганлигига ва унинг қоидаларини қўллаш тартиби ЎРҚ-599-сонли Қонуни 6-моддасида белгиланганлигига;

махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчилари билан боғлиқ солиқ низоларини кўришда Солиқ кодексининг 68-бобида назарда тутилган нормалар қўлланилишига эътибор қаратсин.


3. Судлар Солиқ кодексининг 13-моддасида белгиланган солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципини қўллашда солиқларни ҳисоблаш, ундириш, тўлаш ёки солиқ органи ва солиқ тўловчи ўртасидаги муносабатларда вужудга келган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликларга эмас, балки аниқ қонунчилик ҳужжатларидаги бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликларга баҳо бериши лозим.


4. Судлар шуни назарда тутиши лозимки, солиқ низоларининг тарафлари сифатида Солиқ кодексида назарда тутилган субъектлар ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган давлат органлари ва бошқа шахслар иштирок этиши мумкин.

Шунингдек, ихтиёрий тугатиш жараёнида бўлган юридик шахслар номидан тугатувчи, тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилган шахслар номидан эса суд бошқарувчиси судга мурожаат қилишга ҳақли.


5. Солиқ кодекси 88-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддатининг ўтиши Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 156, 157 ва 159-моддаларига мувофиқ тўхтатиб турилиши, узилиши ва қайта тикланиши мумкин.


6. Солиқ кодексининг 110-моддасига асосан ҳисобланган ва белгиланган муддатда тўланмаган пеня ҳам Солиқ кодексининг 55-моддасига мувофиқ, солиқ қарзи деб эътироф этилишини эътиборга олган ҳолда судлар шуни назарда тутиши лозимки, ҳисобланган пенядан солиқ тўловчини озод этишга ёки пеня миқдорини камайтиришга йўл қўйилмайди, бундан қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар мустасно.


7. Ўзбекистон Республикаси томонлардан бири бўлган, иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш ва солиқларни тўлашдан бўйин товлашни бартараф этиш масалаларини тартибга соладиган халқаро шартнома қоидалари шундай шартномани тузган бир ёки иккала давлатнинг солиқ резидентларига нисбатан қўлланилади.

Шунга кўра, бундай тоифадаги ишларни кўришда судлар зарур ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ёки Адлия вазирлигига мурожаат қилиб, судда кўрилаётган низога доир масала юзасидан халқаро шартномалар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш чорасини кўриш кераклигига эътибор қаратилсин.



II БОБ. ПРОЦЕССУАЛ ҚОНУНЧИЛИКНИ ҚЎЛЛАШ

         

8. Солиқ низолари судга тааллуқлилик ва судловга тегишлиликнинг умумий қоидаларига асосан туманлараро, туман (шаҳар) судлари томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилади (бундан Ўзбекистон Республикаси Олий суди, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан кўриладиган ишлар мустасно).


9. Судларга тушунтирилсинки, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилиниши лозим бўлган суд иши юритуви турини тўғри аниқлаш (даъво иш юритуви ёки оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш юритуви) суд ҳимояси учун мурожаат қилган шахснинг талабидан келиб чиққан ҳуқуқий муносабатларга боғлиқдир.


10. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, солиқ қарздорлигини ундириш, солиқ тўловчиларнинг бюджетдан пул суммаларини қайтариш, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар тегишлилигича иқтисодий судлар ва фуқаролик ишлари бўйича судларнинг судловига, солиқ органларининг қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), солиқ органи томонидан солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказишни рад этиш устидан ариза (шикоят) маъмурий судларнинг судловига тааллуқли, бундан солиқ тўловчини солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича қабул қилган қарорлари мустасно.

Солиқ органининг норматив характерга эга бўлган ҳужжатлари бўйича манфаатдор шахс Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг (бундан буён матнда МСИЮтК, МСИЮтКнинг деб юритилади) 22-боби тартибида низолашиши мумкин.


11. Солиқ қарзини ундириш солиқ органи томонидан тўғридан-тўғри ёки суд орқали амалга оширилишини инобатга олиб, судлар бу тоифадаги ишларни кўришда Солиқ кодексининг 15-бобида назарда тутилган тартибга риоя қилинганлигига эътибор қаратиши лозим.


12. Судларнинг эътибори даъво аризаси, ариза (шикоят) процессуал қонунчиликнинг тегишли нормалари - Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 189-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 149, 218-моддалари, МСИЮтК 128-моддаси, шунингдек Солиқ кодексининг махсус нормаларида қайд этилган талабларга жавоб бериши лозимлигига қаратилсин.

Масалан, солиқ органи томонидан берилган даъво аризасида ундирилиши сўралган солиқ тури, даври, суммаси, солиқ органининг фикри бўйича ҳуқуқни суиистеъмол қилинганлигини, битим қалбакилигини (кўзбўямачилик учун тузилганлигини) тасдиқловчи ва талабни асослантирувчи бошқа ҳолатлар кўрсатилиши керак.


13. Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш жараёнида судья тегишли процессуал қонунчиликда белгиланган ҳаракатларни амалга ошириши, жумладан, даъвони таъминлаш ёки дастлабки ҳимоя чораларини қўллаш, зарур далилларни олиш чораларини кўриши лозим.


14. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг вакиллигига оид масалаларни ҳал қилишда судлар шуни назарда тутиши лозимки, "Солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига кўра, солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг юридик ва жисмоний шахсларга шартнома асосида хизматлар кўрсатишга доир фаолиятига солиқ маслаҳатчисининг солиққа оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ бўлган иқтисодий, фуқаролик ҳамда маъмурий ишларни кўриб чиқишда вакиллик қилиш ҳам киради. Бундай ваколат ишонч билдирувчи томонидан процессуал қонунчиликда белгиланган тартибда берилган ишончнома, солиқ маслаҳатчилари ташкилоти билан тузилган солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисида шартнома (ундан кўчирма) ва малака сертификати асосида тасдиқланади.


15. Судларга тушунтириш лозимки, солиқ қонунчилигига кўра, солиқ тўловчилардан ундирилган солиқлар ва йиғимлар белгиланган тартибда бюджет тизимига (бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига) йўналтирилиши сабабли, ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқларни қайтариш ёки ундириш тўғрисидаги даъво қаноатлантирилганда ҳал қилув қарорида ундириладиган сумма бюджет тизимидан қайтарилиши кўрсатилиши лозим.

Бундай ҳолатда судлар Солиқ кодексининг 12-бобида назарда тутилган нормалар қўлланилишига эътибор қаратсин.

Шу муносабат билан солиқ тўловчилар томонидан ортиқча тўланган ёки солиқ органи ортиқча ундирган пул маблағларини бюджетдан қайтариш тўғрисида даъво аризалари берилганда судлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва (ёки) унинг ҳудудий органларини низо предметига нисбатан жавобгар тарафида мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида ишда иштирок этишга жалб қилиш масаласини муҳокама қилиши лозим.


16. Солиқ кодексининг 14-моддасига асосан солиқ органлари солиқ солиш мақсадида барча битимлар ва солиқ тўловчи киришадиган бошқа иқтисодий муносабатлар, уларнинг юридик жиҳатдан расмийлаштирилиши усулидан ёки шартноманинг номланишидан қатъи назар, ўзининг ҳақиқий иқтисодий мазмунидан келиб чиққан ҳолда ҳисобга олиш ваколатига эга.

Бунда қўшимча солиқ ҳисобланиши натижасида ҳосил бўлган солиқ қарзи солиқ органларининг солиқ текшируви бўйича ҳуқуқни суиистеъмол қилишнинг, битим қалбакилигининг (кўзбўямачилик учун тузилганлигининг) ҳолатларини аниқлаш, шунингдек уларнинг оқибатларини қўллашга асосланган ва бунга солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда солиқ органи ҳосил бўлган солиқ қарзини ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга мурожаат қилиши лозим.

Солиқ тўловчининг юқорида қайд этилган норозилиги солиқ текшируви якуни бўйича текширув материалларини кўриб чиқиш босқичи тугагунга қадар билдирилмаган бўлса, солиқ органининг солиқни қўшиб ҳисоблаш тўғрисида қабул қилган қарори юзасидан маъмурий судда низолашиш мумкин.

Судларнинг эътибори солиқ органининг ҳуқуқни суиистеъмол қилиш ёки битим қалбакилигининг (кўзбўямачилик учун тузилганлигининг) ҳолатлари бўйича солиқ қарзини суд орқали ундириш ҳақида қабул қилган қарори солиқ тўловчи учун ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармаслиги сабабли, уни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талаб судга тааллуқли эмаслигига қаратилсин.



III БОБ. СОЛИҚ НИЗОЛАРИНИ СУДЛАРДА

КЎРИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

  

  

Маъмурий судларда кўриладиган

солиққа оид низолар бўйича

  

17. Солиқ органининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишлар МСИЮтКнинг 23-боби тартибида кўриб чиқилади.


18. Солиқ органининг сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарори устидан берилган шикоят юқори турувчи солиқ органи томонидан қонунда белгиланган муддатларда кўриб чиқилмаганлиги, солиқ тўловчининг белгиланган муддат ўтгандан кейин солиқ органининг қарорини судда низолашиш ҳуқуқини истисно қилмайди.

Шу билан бирга, судларнинг эътибори солиқ тўловчи судга юқори турувчи солиқ органи мансабдор шахсининг шикоятни муддатида кўриб чиқмасликда ифодаланган ҳаракатсизлиги устидан ариза (шикоят) билан мурожаат қилиши мумкинлигига қаратилсин.


19. Судларга тушунтирилсинки, юқори турувчи солиқ органи томонидан шикоятни тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдириш асослари Солиқ кодексининг 234-моддасида келтирилган.

Агар шикоят Солиқ кодекси 234-моддаси биринчи қисмининг бешинчи хатбошисига асосан кўрмасдан қолдирилган ёки шикоят солиқ органининг белгиланган тартибда илгари шикоят қилинган қарори устидан берилганлиги асоси билан кўрмасдан қолдирилган ёхуд юқори турувчи солиқ органи томонидан шикоят бериш учун ўтказиб юборилган муддатни тиклаш рад этилган бўлса, солиқ тўловчи қуйи турувчи солиқ органининг қарори устидан судга мурожаат қилишга ҳақли.


20. Солиқ кодекси 231-моддасининг тўққизинчи қисмида солиқ органларининг қарорлари, мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилиши қайд этилганлиги сабабли, бундай аризалар (шикоятлар) МСИЮтК 186-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган муддатда берилиши мумкин.

Солиқ тўловчи низолашилаётган қарор ҳақида билган пайт деганда, қарор белгиланган тартибда топширилмаган бўлса-да, у низоли қарордан амалда хабардор бўлган вақт (масалан, солиқ органининг қарори асосида солиқ тўловчидан солиқни ундиришга қаратилган ҳаракатлар ва ҳоказо) тушунилади.

Юқори турувчи солиқ органига шикоят қилинганида солиқ органининг қарорлари устидан судга шикоят қилиш муддати, қуйи турувчи солиқ органининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан ўта бошлайди (Солиқ кодексининг 234-моддаси тартибида кўрмасдан қолдирилган шикоятлар бундан мустасно).


21. МСИЮтК 186-моддасининг учинчи қисмига кўра, суд ариза (шикоят) беришнинг узрли сабабларга кўра, ўтказиб юборилган муддатини тиклашга ҳақли.

Судга мурожаат қилишнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ҳақидаги масалани ҳал қилишда, судлар аризачининг низолашилаётган қарор ёки ҳаракат (ҳаракатсизлик) ҳақида билган ёхуд билмаганлиги, аризачи ўзининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш борасида қандай чоралар амалга оширганлигига эътибор қаратиши лозим.

Масалан, фавқулодда ҳолатлар, карантин, фуқаронинг оғир ва давомли касаллиги, шахснинг солиқ қарори ҳақида бехабарлиги судга мурожаат қилишга объектив тўсқинлик қилувчи ҳолатлар сифатида ариза беришнинг муддати узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган деб топилиши учун асос бўлиши мумкин.

Суд ҳар бир иш бўйича аризачи томонидан қонун билан белгиланган судга мурожаат қилиш муддатларига риоя қилинганлигини аниқлаши, мазкур муддатлар бузилганда эса, манфаатдор шахснинг муддатни ўтказиб юборилишига сабаб сифатида келтирилган важларини муҳокама қилиши лозим.


22. Солиқ кодекси 231-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган шикоят юқори турувчи солиқ органи томонидан кўриб чиқилганидан сўнг суд тартибида шикоят қилинганда суд тегишли тартибда юқори турувчи солиқ органини ишга жалб қилиши лозим, бундан Солиқ кодекси 235-моддаси тўртинчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолат мустасно.


23. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, "Жамоатчилик назорати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасига асосан солиқлар ва йиғимларни белгилаш, жорий этиш ва бекор қилишга, ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлашга доир муносабатлар жамоатчилик назоратининг объекти ҳисобланмаслиги, МСИЮтКнинг 23-боби тартибида солиқ органларининг индивидуал характерга эга бўлган қарорлари (мансабдор шахснинг ҳаракати, ҳаракатсизлиги) низолашиши мумкинлигидан келиб чиққан ҳолда судга юқорида қайд этилган Қонун асосида мурожаат қилган жамоатчилик назорати субъектининг аризасини судья МСИЮтК 134-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига асосан қайтаришга ҳақли.


24. Ариза (шикоят) солиқ тўловчи ёки унинг вакили томонидан имзоланиб, камчиликлар бартараф этилганидан сўнг қўзғатилган маъмурий ишни кўришда суд, аризачининг илтимосига кўра жамоатчилик назорати субъектини мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилиш масаласини ҳал қилади.


25. Судларга тушунтирилсинки, МСИЮтКнинг 79-моддасида кўрсатилган масалалар юзага келганда, суд томонидан экспертиза тайинланиши мумкин.

Солиққа оид низолар юзасидан тайинланадиган экспертиза турини аниқлашда судлар эксперт текшируви объектининг хусусиятидан келиб чиқиши лозим (масалан, суд-солиқ, суд-бухгалтерия ва ҳоказо).

Судлар маъмурий иш бўйича тайинланган экспертизани ўтказиш учун тўлов ундирилиши масаласини "Суд экспертизаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддаси талаблари асосида ҳал этиши лозим.

Судлар ишларни кўришда сансалорлик ва ишларни кўриш муддати чўзилиб кетишининг олдини олиш мақсадида ўз вақтида экспертга зарур ҳужжатларни тақдим этиш бўйича чоралар кўриши лозим.

Эксперт хулосаси суд учун олдиндан белгиланган кучга эга эмас ва иш бўйича бошқа далилларнинг йиғиндиси билан баҳоланиши лозим. Суднинг экспертиза хулосасига қўшилмаганлиги суд қарорида асослантирилиши шарт.


26. Солиқ органи қарори, мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан берилган ариза (шикоят)ни кўришда маъмурий судлар қуйидагиларни текшириши керак:

солиқ текширувини ўтказиш ҳақидаги қарор ваколатли шахс томонидан қабул қилинганлиги;

солиқ текширувини ўтказишда қонунчиликда белгиланган тартиб-таомилларга амал қилинганлиги;

текширув рўйхатга олинганлиги ҳолатлари.


27. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 187-8-моддаси суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими асосида тайинланган тафтиш натижалари тўғрисидаги далолатнома нусхаси қонуний чоралар кўриш учун тегишли ваколатли органга юборилишини ҳам назарда тутади.

Тафтиш натижалари устидан текширилаётган субъектнинг мансабдор шахслари ёки вакиллари Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 187-10-моддасига асосан суриштирувчига, терговчига, прокурорга ёки судга қўшимча ёки қайта тафтиш тайинлаш тўғрисида шикоят қилишга ҳақли эканлиги белгиланган.

Ваколатли орган томонидан қонуний чоралар кўриш юзасидан қабул қилинган қарор маъмурий ҳужжат ҳисобланади ва унинг устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Маъмурий ҳужжат уни қабул қилишнинг қонунчиликда белгиланган тартиб-таомиллари бузилганлиги асосида ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, суд қарори билан ваколатли орган зиммасига текшириш натижаларини қайта кўриб чиқиш мажбурияти юкланиши лозим.

Маъмурий ишни тергов ҳаракатлари олиб борилаётган ёки жиноят ишлари бўйича судда кўрилаётган жиноят иши юзасидан қарор қабул қилингунига қадар кўриш мумкин бўлмаганда (низолашилаётган қарорда кўрсатилган ҳисоб-китобларга эътироз билдирилган ҳолларда) суд МСИЮтК 99-моддасининг 1-бандига асосан иш юритишни тўхтатиши шартлигига эътибор қаратилиши лозим.


28. Судларнинг эътибори қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш бекор қилинганлиги натижасида ҳисобланган солиқ суммасини ундириш тўғрисидаги қарорни низолашиш бўйича ишларни кўришда Солиқ кодексининг 267-моддасида назарда тутилган асосларни тасдиқловчи далиллар мавжудлигига қаратилиши лозим (масалан, солиқ тўловчи томонидан енгил автомобиллар, мотоцикллар, вертолётлар, моторли қайиқлар, самолётлар, шунингдек моторли воситаларнинг бошқа турлари ва улар учун ёқилғи сотиб олинганда, ушбу товарларнинг юридик шахс амалга ошираётган фаолият турига боғлиқлигига аниқлик киритиш учун фаолиятни амалга ошириш учун берилган лицензиялар, транспорт воситасини бошқариш учун ҳайдовчини (пилотни) бириктириш ҳақида буйруқ, транспорт воситасини бошқарувчи шахсга берилган суғурта полиси, транспорт воситаси эксплуатациясига оид ҳужжатлар ёхуд алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотиб олинганида, уларга акциз маркаси мавжудлиги ва ҳоказо).


29. Солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) билан боғлиқ низоларни кўришда, солиқ тўловчининг ҳаракатларида Солиқ кодексининг 223-моддасида назарда тутилган, солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) деб баҳоланадиган ҳолатлар мавжуд ёки мавжуд эмаслигига эътибор қаратиш лозим.

Солиқни (йиғимни) нотўғри ҳисоблаб чиқариш деганда - солиқ суммасини ҳисоблашдаги хатоликлар тушунилади (масалан, солиқ суммасини ҳисоблашда солиқ тўловчи томонидан солиқ ставкаларининг нотўғри қўлланилиши).

Солиқ кодексининг 223, 226 ва 227-моддаларида назарда тутилган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар аломатлари солиқни (йиғимни) нотўғри ҳисоблаб чиқариш сифатида баҳоланмайди.


30. Тушунтирилсинки, солиқ текшируви жараёнида инвентаризация ўтказилганда, инвентаризацияни ўтказиш учун солиқ органи раҳбари (раҳбар ўринбосари) буйруқ чиқариши, инвентаризация ўтказиш жараёни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январдаги 1-сонли қарори билан тасдиқланган "Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида"ги Низом 5-бобининг 11-параграфи ҳамда 6-бобининг 7-параграфида белгиланган қоидаларга мос бўлиши керак.


31. Судлар солиқ тўловчи ишчи-ходимларининг ҳақиқий сони ва солиқ ҳисоботида акс эттирилган ишчи-ходимлар сонига мувофиқлиги билан боғлиқ ҳолатларга баҳо беришда, солиқ органи томонидан текширишда солиқ тўловчининг ҳақиқатда фаолият юритаётган ишчи-ходимлари сони аниқланганлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январдаги 1-сонли қарори билан тасдиқланган "Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 11-иловасига мувофиқ шаклда баённома тузилганлиги, солиқ ҳисоботларида мавжуд бўлмаган ишчи-ходимлардан уларнинг ишлаш даври ҳамда олаётган даромадлари суммаси (иш ҳақи) тўғрисида ёзма равишда тушунтиришлар ёки бошқа далиллар олинганлигига эътибор қаратиши лозим.


32. Солиқ органи қарори ҳақиқий эмас, мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф деб топилган тақдирда, судлар МСИЮтК 189-моддасининг бешинчи қисмига мувофиқ, тегишли солиқ органи ёки мансабдор шахснинг зиммасига солиқ текшируви материалларини қайта кўриб чиқиш ёхуд шахснинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларни тиклаш учун қонунда назарда тутилган ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятини юклаш масаласини муҳокама қилиши лозим.

Масалан, солиқ текшируви материалларини кўриб чиқишнинг тартиб-таомилининг муҳим шартларини (солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш жараёнида солиқ тўловчи шахсан ва (ёки) ўз вакили орқали иштирок этиш имконияти таъминланмаганлиги, солиқ тўловчига тушунтиришлар бериш имкони яратилмаганлиги, солиқ текшируви материаллари ваколатсиз шахс томонидан кўрилганлиги) бузилишига йўл қўйилганда, солиқ текшируви материалларини қайта кўриб чиқиш мажбурияти юкланиши лозим.


33. Судларнинг эътибори солиқ низолари юзасидан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ҳақиқий эмас деб топилган солиқ органи қарори ҳақида батафсил маълумотлар, жумладан қарорнинг номи, санаси, рақами, банди ҳамда мансабдор шахснинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) нимада ифодаланганлиги аниқ акс эттирилган бўлиши лозимлигига қаратилсин.



Иқтисодий судларда кўриладиган

солиққа оид низолар бўйича

  

34. Судларга тушунтирилсинки, судга солиқ органи Солиқ кодексида назарда тутилган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича молиявий санкция қўллаш тўғрисида ариза билан мурожаат этганда, молиявий санкция қўллаш солиқ органининг ваколатига кириши сабабли, бундай аризани Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 154-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан қабул қилиш рад этилиши, агар ариза иш юритишга қабул қилинган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 110-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан иш юритиш тугатилиши лозим.

Солиқ органи томонидан солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисида ариза билан мурожаат этилганда судлар солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш учун Солиқ кодекси 111-моддасининг учинчи қисмида кўрсатиб ўтилган асослар мавжудлигини ҳамда солиқ органи томонидан солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) томонидан ўн кундан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори мавжудлигини ўрганиши лозим.


35. Суднинг қарорига асосан тўловга қобилиятсиз деб топилган ва тугатишга доир иш юритиш давом этаётган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорга нисбатан солиқ органи томонидан молиявий жарима қўллаш ёхуд банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилинган бўлса, ушбу талаблар тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш доирасида кўрилмаслиги сабабли ариза судда мазмунан кўриб чиқилиши лозим.

Бироқ, суднинг қарорига асосан тўловга қобилиятсиз деб топилган ва тугатишга доир иш юритиш давом этаётган юридик шахсга нисбатан солиқ органи томонидан банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилинганда, "Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 148-моддасига биноан тугатиш бошқарувчиси томонидан қарздорнинг барча ҳисобварақлари ёпилиши ва ягона ҳисобварақ очилишини инобатга олиб, ушбу аризани қаноатлантириш рад этилиши лозим.


36. Солиқ кодекси 269-моддаси биринчи қисмининг 3-бандида етказиб берувчи томонидан тақдим этилган ҳисобварақ-фактуралар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳақиқий эмас деб эътироф этилиши назарда тутилган бўлиб, бу ўз навбатида ҳисобварақ-фактураларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низо судга тааллуқли эканлигини англатмайди.



Фуқаролик ишлари бўйича судларда

кўриладиган солиққа оид низолар бўйича

  

37. Фуқаролар ва солиқ органлари ўртасидаги солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳар қандай низо фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан ҳал қилинади.

Судлар шуни назарда тутиши лозимки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси 171-моддаси биринчи қисмининг 6-бандига мувофиқ, солиқ органининг фуқаролардан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги талаб фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан суд буйруғи бериш орқали ҳал қилинади.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш ҳамда ушбу тўловлар миқдори тўғрисида тарафлар ўртасида низо вужудга келган тақдирда, ушбу масала даъво ишини юритиш тартибида ҳал қилинади.


38. Солиқ органининг фуқаролардан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш ёки фуқароларнинг солиқ органидан ортиқча миқдорда тўланган тўловларни қайтариш ёхуд уни қайта ҳисоблаш тўғрисидаги ишларни ҳал қилишда, судлар фуқароларнинг қарздорлиги ёки тўловларни ортиқча тўланганлиги қайси солиқ туридан келиб чиққанлигини ҳамда унинг миқдори тўғри ҳисобланганлигини текшириши лозим.


39. Судлар фуқаролардан мулкни реализация қилишдан олинган даромадлардан ҳисобланган солиқни ундириш ҳақидаги талабларни кўриб чиқишда, Солиқ кодекси 375-моддасининг 4-бандидан келиб чиқиб, ушбу даромадлар мазкур мол-мулкни реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида аниқланишига, мазкур қийматни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, мол-мулкни реализация қилиш қиймати, кўчмас мулк бўйича эса - кадастр қиймати ҳамда реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ даромад деб эътироф этилишини инобатга олиши керак.

Судларга тушунтирилсинки, реализация қилинган кўчмас мулкнинг кадастр қиймати аниқланмаган (ноль қийматда белгиланган) тақдирда, мазкур солиқнинг миқдори фақат кадастр органи томонидан ушбу кўчмас мулкнинг кадастр қиймати белгилангандан кейингина ҳисобланиши мумкин.



Якунловчи қоидалар

  

40. Судлар солиққа оид низоларни кўриб чиқиш натижаси бўйича қонунчилик бузилган ҳар бир ҳолат бўйича мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги масалаларини ҳал этиб, ҳуқуқбузарликни келтириб чиқарган сабаб ва шарт-шароитларни пухта ўрганиб, хусусий ажрим чиқариш йўли билан уларни бартараф этиш чораларини кўриши лозим.


41. Юқори инстанция судлари солиқ муносабатларидан келиб чиқадиган ишлар бўйича биринчи инстанция судлари чиқарган суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини тегишли тартибда текширилишини таъминлаши, йўл қўйилган қонун бузилишларини ўз вақтида аниқлаши ва бартараф этиши лозим.


42. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари солиқ қонунчилигини қўллашга доир ишлар бўйича суд амалиётини мунтазам равишда умумлаштириб бориши ва мазкур тоифадаги ишлар кўрилишида суд хатоларининг олдини олиш юзасидан чоралар кўриши лозим.

        

          

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

Б. Исламов

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

И. Алимов

            

             

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz), 2023 й.











































































Время: 0.0077
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск