ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Иқтисодиётнинг умумий масалалари / Бошқа масалалар /

Ўзбекистон Республикасининг 29.04.2023 й. ЎРҚ-836-сон "Давлат қарзи тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 29.03.2022 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 04.08.2022 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

29.04.2023 й.

N ЎРҚ-836



ДАВЛАТ ҚАРЗИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2022 йил 29 мартда қабул қилинган

Сенат томонидан 2022 йил 4 августда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади давлат қарзи ва уни бошқариш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Давлат қарзи тўғрисидаги қонунчилик

        

Давлат қарзи тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзи тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар

          

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


давлат кафолати - қарз олувчи-резидент қарз шартномаси шартларини бажармаган тақдирда юзага келадиган, Ўзбекистон Республикасининг қарз берувчи олдидаги қарзни тўлиқ ёки қисман тўлаб бериш мажбурияти;


давлат томонидан маблағ жалб қилиш - активларни жалб этиш бўлиб, улар бўйича Ўзбекистон Республикасининг қарз олувчи сифатидаги ёки қарз олувчи-резидентларнинг кредитларини (қарзларини) тўлашга кафил сифатидаги мажбуриятлари юзага келади;


давлат қарзи - Ўзбекистон Республикасининг ички маблағни ва хориждан маблағ жалб қилиш натижасида юзага келган мажбуриятлари;


давлат қарзини қайта молиялаштириш - давлат томонидан маблағ жалб қилиш воситасида давлат қарзини тўлаш;


қарз берувчи - қарз шартномаси бўйича активлар берган ёки активлар бериш ниятида бўлган Ўзбекистон Республикаси резиденти ёки норезиденти (чет давлатлар, халқаро ташкилотлар, халқаро молия институтлари ва иқтисодий институтлар, чет эл ҳукуматларининг молия ташкилотлари, чет эл инвесторлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа норезидентлари);


қарз олувчи - қарз берувчидан қарз шартномаси бўйича активларни жалб қилган ёхуд активларни жалб қилиш ниятини ҳужжатлар билан тасдиқлаган Ўзбекистон Республикаси резиденти (қарз олувчи-резидент) ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тимсолида Ўзбекистон Республикаси.



2-БОБ. ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИНИНГ

ДАВЛАТ  ҚАРЗИНИ  БОШҚАРИШ

СОҲАСИДАГИ ВАКОЛАТЛАРИ

        

      

4-модда. Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси палаталарининг давлат қарзини

бошқариш соҳасидаги ваколатлари

       

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари давлат қарзини бошқариш соҳасида:

давлат қарзи бўйича чекланган миқдорларни ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув доирасида хусусий шерикка бериладиган кафолатлар бўйича йиллик лимитларни белгилайди;

давлат қарзини бошқариш стратегиясининг амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқади;

давлат қарзининг ҳолати ва ўзгариши тўғрисидаги, шунингдек давлат томонидан жалб қилинган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши ҳақидаги, шу жумладан давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларнинг бажарилиши жараёни ҳамда натижадорлиги тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқади;

давлат қарзининг миқдори ялпи ички маҳсулотга нисбатан эллик фоизга етганда ушбу Қонун 35-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган чора-тадбирларни муҳокама қилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



5-модда. Ўзбекистон Республикаси

Президентининг давлат қарзини бошқариш

соҳасидаги ваколатлари

       

Ўзбекистон Республикаси Президенти:

давлат қарзи бўйича чекланган миқдорлар доирасида Ўзбекистон Республикаси номидан маблағ жалб қилишга ва давлат кафолатини беришга доир тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади;

Ўзбекистон Республикаси номидан давлат қарзига оид шартномаларни ва уларга доир қўшимча келишувларни тузади ёки уларни Ўзбекистон Республикаси номидан тузиш учун бошқа органга ваколат беради;

давлат томонидан хориждан маблағ жалб қилиш тартибини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



6-модда. Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг давлат қарзини

бошқариш соҳасидаги ваколатлари

         

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

давлат томонидан маблағ жалб қилиш учун устувор йўналишларни белгилайди;

давлат қарзини бошқариш стратегиясини тасдиқлайди ва унинг амалга оширилишини назорат қилади;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига давлат қарзи бўйича чекланган миқдорларни ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув доирасида хусусий шерикка бериладиган кафолатлар бўйича йиллик лимитларни белгилаш юзасидан таклифлар киритади;

давлат қарзи бўйича чекланган миқдорлар доирасида Ўзбекистон Республикаси номидан маблағ жалб қилишга ва давлат кафолатини беришга доир тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади;

Ўзбекистон Республикаси номидан давлат қарзига оид шартномаларни ва уларга доир қўшимча келишувларни тузади ёки уларни Ўзбекистон Республикаси номидан тузиш учун бошқа органга ваколат беради;

давлат ғазначилик облигацияларининг чиқарилиши, жойлаштирилиши, муомалада бўлиши ва муомаладан чиқарилиши тартибини белгилайди;

давлат кафолатини бериш тартибини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



7-модда. Ўзбекистон Республикаси

Ҳисоб  палатасининг  давлат  қарзини

бошқариш соҳасидаги ваколатлари

         

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси:

давлат қарзини бошқариш самарадорлиги юзасидан мониторинг ўтказади;

давлат томонидан хориждан маблағ жалб қилиш миқдорларини ва унинг мақсадга мувофиқлигини баҳолашни амалга оширади;

давлат томонидан жалб қилинган маблағлардан самарали ва оқилона фойдаланилиши, шунингдек давлат қарзи бўйича ўз вақтида ҳамда тўлиқ хизмат кўрсатилиши устидан назоратни амалга оширади;

давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларнинг шакллантирилиши юзасидан мониторинг ўтказади ҳамда назоратни амалга оширади;

давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларнинг тўлиқ ва самарали бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга оширилган ва якунланган лойиҳаларни аудитдан ўтказади ҳамда аудит натижалари ҳақидаги ахборотни ҳар йил охирида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



8-модда. Ўзбекистон Республикаси

Марказий  банкининг  давлат  қарзини

бошқариш соҳасидаги ваколатлари

         

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан тузилган шартнома асосида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг фискал агенти сифатида:

давлат ғазначилик облигацияларини жойлаштиришда, уларнинг жойлаштирилишини рўйхатдан ўтказишда, давлат ғазначилик облигацияларининг қийматини, улар бўйича фоизларни ва бошқа тўловларни тўлашда, шунингдек ўзга операцияларни амалга оширишда иштирок этади;

давлат қарзи бўйича банк операцияларини ташкил этади;

давлат қарзи бўйича банк операцияларини ташкил этиш учун тижорат банкларига агентлик ваколатларини беради.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



9-модда. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт

ва молия вазирлигининг давлат қарзини

бошқариш соҳасидаги ваколатлари

        

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги давлат қарзини бошқариш соҳасидаги ваколатли органдир (бундан буён матнда ваколатли орган деб юритилади).

Ваколатли орган:

давлат қарзини бошқариш стратегияси лойиҳасини ишлаб чиқади ва уни тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига давлат қарзи бўйича чекланган миқдорларни ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув доирасида хусусий шерикка бериладиган кафолатлар бўйича йиллик лимитларни белгилаш юзасидан таклифлар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси номидан маблағ жалб қилади;

давлат кафолатини беришнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хулоса тақдим этади;

давлат кафолатини (давлат кафолатини тасдиқловчи ҳужжатни) расмийлаштиради;

давлат томонидан маблағлар жалб қилишнинг давлат қарзи барқарорлигига таъсирини баҳолайди;

давлат томонидан маблағ жалб қилиш, шунингдек давлат қарзини реструктуризация қилиш бўйича барча музокараларда иштирок этади;

давлат томонидан жалб қилинадиган маблағнинг миқдорини, муддатини, валюта турини, фоиз ставкасининг турини (қатъий белгиланган ёки ўзгарувчан), қарз воситасини ва бошқа шартларини Ўзбекистон Республикаси номидан белгилайди;

давлат қарзи бўйича чекланган миқдорлардан, давлат қарзини бошқариш стратегиясидан, давлат қарзининг барқарорлигидан ва давлат қарзини бошқариш чоғида юзага келадиган хатарлардан (бундан буён матнда давлат қарзи билан боғлиқ хатарлар деб юритилади) келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси номидан маблағ жалб қилишни ёки давлат кафолатини беришни тўхтатиб туриш чораларини кўради;

Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилинган қарз маблағларини қайтадан кредитлашда давлат қарзи билан боғлиқ хатарларни қоплаш учун Ўзбекистон Республикасининг маржасини белгилаш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатиш учун маблағларнинг манбаларини аниқлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатилишини таъминлайди;

давлат кафолати берилган қарзга доир шартномада белгиланган мажбуриятлар ўз муддатида бажарилмаганлиги туфайли қарз берувчига қарзни қарз олувчидан қарздорлик даври тугагунига қадар тўлиқ ёки қисман тўлаб беришни талаб қилиш имкониятини берадиган вазият (бундан буён матнда давлат кафолати ҳодисаси деб юритилади) юзага келган тақдирда давлат кафолатини тасдиқловчи ҳужжатга мувофиқ асосий қарзни, фоизларни ва бошқа тўловларни тўлашни амалга оширади (бундан буён матнда давлат кафолатини бажариш деб юритилади);

давлат кафолати тўғрисидаги шартнома ва қайтадан кредитлаш тўғрисидаги шартнома шартларининг бажарилиши юзасидан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси номидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан лойиҳаларни молиялаштиришда иштирок этувчи молия ташкилотларининг (бундан буён матнда лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи молия ташкилотлари деб юритилади) молиявий ҳолати юзасидан тизимли мониторингни амалга оширади;

давлат қарзи бўйича тўловларни ўз муддатида тўламаётган ташкилотлар томонидан мазкур қарз тўлангунига қадар янги давлат қарзини жалб қилишни тўхтатиб туриш чораларини кўради;

Ўзбекистон Республикаси номидан давлат қимматли қоғозларини чиқаради ва бунда маслаҳат хизматлари ҳамда бошқа хизматлар кўрсатилишига доир ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси номидан имзолайди;

давлат ғазначилик облигациялари бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш соҳасидаги сиёсатни белгилайди ҳамда амалга оширади;

илгари чиқарилган давлат ғазначилик облигацияларини қайта молиялаштириш ёки муомаладан чиқариш учун давлат ғазначилик облигацияларини чиқариш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

давлат қарзини бошқариш доирасида турли валюталардаги пул маблағларини ва бошқа қисқа муддатли молиявий активларни бошқаради;

давлат қарзининг ҳисоби ва ҳисоботини юритади, давлат қарзи бўйича ахборот маълумотлар базасини шакллантиради;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига давлат қарзи тўғрисидаги ҳисоботларни тайёрлайди;

давлат корхоналари ҳамда ўз устав фондида (устав капиталида) давлат улуши эллик фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, шу жумладан уларнинг таркибига кирувчи корхоналар (бундан буён матнда давлат иштирокидаги корхоналар деб юритилади) томонидан халқаро облигациялар чиқарилишини мувофиқлаштиришга доир операцияларни амалга оширади;

давлатнинг шартли мажбуриятларини бошқаради, шу жумладан давлатнинг шартли мажбуриятлари бўйича хатарларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш ва камайтириш чораларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. ДАВЛАТ ҚАРЗИНИ БОШҚАРИШ,

ДАВЛАТ ҚАРЗИНИ БОШҚАРИШНИНГ АСОСИЙ

ПРИНЦИПЛАРИ, МАҚСАДЛАРИ ВА СТРАТЕГИЯСИ

         

       

10-модда. Давлат қарзини бошқариш

        

Давлат қарзини бошқариш қуйидагилардан иборат:

давлат қарзини бошқариш стратегиясини ишлаб чиқиш;

давлат томонидан маблағ жалб қилиш;

давлат томонидан жалб қилинган маблағларни бошқариш;

давлат қарзи билан боғлиқ хатарларни бошқариш;

давлат қарзини реструктуризация қилиш;

давлат томонидан жалб қилинган маблағларни қайтадан кредитлаш;

давлат кафолатини расмийлаштириш ва тақдим этиш;

давлат қарзига оид шартномаларнинг ва давлат кафолатларининг рўйхатини юритиш;

давлат қарзининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш;

давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатилишини таъминлаш ва давлат кафолатини бажариш.



11-модда. Давлат қарзини бошқаришнинг

асосий принциплари

        

Давлат қарзини бошқаришнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

макроиқтисодий барқарорликни таъминлашнинг устуворлиги;

давлат қарзининг устуворлиги;

давлат қарзи бўйича мажбуриятларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши;

давлат томонидан жалб қилинган маблағлардан фойдаланишнинг натижадорлиги;

очиқлик ва шаффофлик.



12-модда. Макроиқтисодий барқарорликни

таъминлашнинг устуворлиги принципи

            

Давлат қарзини бошқаришда макроиқтисодий барқарорликка таҳдид солувчи хатарларнинг давлат томонидан маблағ жалб қилиш миқдори, шунингдек давлат томонидан жалб қилинган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан қатъий назорат қилиш орқали олдини олиш устувор аҳамиятга эгадир.



13-модда. Давлат қарзининг устуворлиги принципи

       

Давлат қарзи қачон ва қандай усулда жалб қилинганлигидан қатъи назар, устувор ва тенг мақомга эга бўлади.

Давлат қарзи бўйича асосий қарз, фоизлар ва бошқа тўловлар Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети даромадлари билан таъминланади.

Давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатиш ва давлат кафолатини бажариш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг устувор харажатларидир.



14-модда. Давлат қарзи бўйича мажбуриятларнинг

ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши принципи

         

Давлат қарзи, шу жумладан давлат кафолати бўйича мажбуриятларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши кафолатланади.



15-модда. Давлат томонидан жалб қилинган маблағлардан

фойдаланишнинг натижадорлиги принципи

        

Давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ташаббус билан чиққан қарз олувчилар ушбу лойиҳаларнинг натижадорлигини таъминлаш учун жавобгар бўлади.



16-модда. Очиқлик ва шаффофлик принципи

          

Очиқлик ва шаффофлик принципи давлат қарзини бошқариш тўғрисидаги ахборотни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш, ваколатли органнинг расмий веб-сайтига жойлаштириш ва янгилаб бориш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига киритиш орқали таъминланади.

Давлат қарзини бошқариш тўғрисидаги ахборот:

давлат қарзини бошқариш стратегиясини ва унинг амалга оширилишини;

давлат қарзининг миқдорини ва унинг ўзгаришини;

давлат томонидан жалб қилиниши режалаштирилаётган маблағларни;

давлат томонидан жалб қилинган маблағларни;

давлат томонидан маблағ жалб қилиш бўйича шартномаларни;

давлат томонидан жалб қилинган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши ва уларнинг самарадорлиги ҳамда давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатиш тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади.



17-модда. Давлат қарзини бошқариш мақсадлари

          

Давлат қарзини бошқариш мақсадлари қуйидагилардан иборат:

ўрта муддатли истиқболда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тақчиллигини қоплашга, шунингдек давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштиришга бўлган эҳтиёжни (бундан буён матнда давлат томонидан маблағ жалб қилиш воситасида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг молиялаштиришга бўлган эҳтиёжи деб юритилади) харажатлар ва хатарларнинг энг мақбул даражасида таъминлаш;

давлат қарзини тўлашнинг ўртача муддатини узайтириш, шунингдек давлат қарзини валюталар ва манбалар бўйича диверсификация қилиш;

давлат томонидан Ўзбекистон Республикаси валютасида маблағ жалб қилиш амалиётини кенгайтириш;

давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатиш билан боғлиқ хатарларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш ёки камайтириш.



18-модда. Давлат қарзини бошқариш стратегияси

        

Давлат қарзини бошқариш стратегияси давлат қарзини бошқариш мақсадларидан келиб чиққан ҳолда давлат қарзини бошқаришнинг асосий йўналишларини белгилайдиган ҳужжатдир.

Давлат қарзини бошқариш стратегияси:

давлат қарзининг жорий ҳолати ва прогнозларини;

давлат қарзи портфелининг харажатлари ва хатари кўрсаткичларини;

давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатиш ҳолати ва прогнозларини;

молия бозорларининг жорий ҳолатини ва кейинги давр учун прогнозларини;

давлат қарзининг барқарорлиги кўрсаткичларини;

давлат қарзи бўйича чекланган миқдорларни белгилаш юзасидан тавсияларни;

давлат томонидан маблағ жалб қилиш воситасида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг молиялаштиришга бўлган эҳтиёжини;

давлат томонидан маблағ жалб қилиш воситасида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг молиялаштиришга бўлган эҳтиёжини ўз вақтида харажатлар ва хатарларнинг энг мақбул даражасида таъминлаш режасини;

давлат қарзи билан боғлиқ хатарларни бошқаришга ва давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатиш харажатларини камайтиришга доир чораларни, шунингдек бошқа тегишли ахборотни ўз ичига олади.



19-модда. Давлат қарзини бошқариш

стратегиясини тасдиқлаш

         

Давлат қарзини бошқариш стратегияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан фискал стратегия билан биргаликда уч йил муддатга тасдиқланади.

Давлат қарзини бошқариш стратегияси ҳар йили аниқлаштирилади ва янгилаб борилади.

Келгуси йил учун аниқлаштирилган ва янгиланган давлат қарзини бошқариш стратегияси:

ваколатли орган томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига жорий йилнинг 1 июнига қадар киритилади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йилнинг 15 июнига қадар муҳокама қилинади ва тасдиқланади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига маълумот учун киритилади ва ваколатли орган томонидан ўз расмий веб-сайтида эълон қилинади.



20-модда. Давлат томонидан жалб қилинган

маблағларни бошқариш

          

Давлат томонидан жалб қилинган маблағлар, агар қарз берувчи билан бошқача қоида келишилмаган бўлса, қарз олувчининг Ўзбекистон Республикасидаги ҳисобварағига ўтказилади.

Ваколатли орган, агар қарз берувчи билан бошқача қоида келишилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилинган қарз маблағларини Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ёки тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришга ҳақли, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан қарз маблағларини қайтадан кредитлашга ёки бошқа мақсадларга йўналтиришга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси номидан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тақчиллигини қоплаш учун жалб қилинган қарз маблағларидан мақсадли фойдаланилгунига қадар ҳисобланадиган фоизли харажатларнинг ўрни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ғазначилик хизмати қўмитаси ҳузуридаги Давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича кафолат жамғармаси (бундан буён матнда Кафолат жамғармаси деб юритилади) ёки Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.



21-модда. Давлат қарзи билан боғлиқ

хатарларни бошқариш

          

Давлат қарзи билан боғлиқ хатарлар:

валюта курсларининг ўзгариши хатарини;

фоиз ставкаларининг ўзгариши хатарини;

давлат қарзини қайта молиялаштириш хатарини;

молия бозорларида ликвидлилик тақчиллигининг юзага келиши хатарини;

қарз олувчи-резидентнинг ёки лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи молия ташкилотларининг ваколатли орган олдидаги мажбуриятларини шартномада кўрсатилган муддатда ва шартлар асосида бажармаганлиги натижасида юзага келадиган молиявий йўқотишлар (зарар) (бундан буён матнда кредит хатари деб юритилади) билан боғлиқ хатарни ҳамда бошқа хатарларни ўз ичига олади.

Давлат қарзи билан боғлиқ хатарларни бошқариш давлат қарзини бошқаришда юзага келиши мумкин бўлган хатарларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш ва камайтириш учун амалга ошириладиган ҳаракатлар мажмуидан иборат.

Давлат қарзи билан боғлиқ хатарларни бошқариш қуйидаги ҳаракатларни ўз ичига олади:

фоиз ставкалари ва валюта бўйича ҳосилавий молия воситалари (деривативлар) билан операцияларни амалга оширишни;

Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилган давлат қимматли қоғозларини қайтариб сотиб олиш, муддатидан олдин муомаладан чиқариш ёки Ўзбекистон Республикаси номидан бошқа турларда ва (ёки) бошқа шартлар асосида чиқарилган давлат қимматли қоғозларига айирбошлашни, шунингдек бошқа операцияларни;

давлат қарзини қайта молиялаштиришни;

давлат қарзи бўйича чекланган миқдорларни белгилашга доир таклифлар ишлаб чиқиш ва фискал қоидаларни жорий этишни;

давлат томонидан маблағ жалб қилишда маблағларнинг манбаларини, валютасини, фоиз ставкасини ва қарз воситасини режалаштиришни;

қарз олувчи-резидентларнинг молиявий ҳолатини ва давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан молиялаштирилиши таклиф этилаётган лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ хатарларни баҳолашни;

қарз олувчи-резидентларнинг молиявий ҳолати устидан тизимли мониторингни амалга оширишни;

давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатиш ва давлат кафолатини бажариш учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан етарли маблағлар ажратилишини таъминлашни.

Давлат қарзи билан боғлиқ хатарларни бошқариш қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳаракатларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.

Ваколатли орган давлат қарзи билан боғлиқ хатарларни бошқаришда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ёрдамидан ҳамда бошқа ташкилотларнинг, шу жумладан чет эл ва халқаро ташкилотларнинг пулли ёки ҳақ тўланмайдиган хизматларидан фойдаланиши мумкин.

Давлат қарзи билан боғлиқ хатарларни баҳолашга доир хизматлар учун тўлов Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳамда давлат кафолатини сўраб мурожаат қилган қарз олувчи-резидентларнинг маблағлари ҳисобидан қопланиши мумкин.

Давлат қарзи билан боғлиқ хатарларни баҳолаш услубияти ваколатли орган томонидан белгиланади.



4-БОБ. ДАВЛАТ ТОМОНИДАН МАБЛАҒ

ЖАЛБ ҚИЛИШ, ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ЖАЛБ

ҚИЛИНГАН ҚАРЗ МАБЛАҒЛАРИНИ ҚАЙТАДАН

КРЕДИТЛАШ ВА РЕСТРУКТУРИЗАЦИЯ ҚИЛИШ,

ДАВЛАТНИНГ ШАРТЛИ МАЖБУРИЯТЛАРИ

         

       

22-модда. Давлат қарзининг устуворлигини таъминлаш

      

Давлат қарзи бўйича асосий қарзни, фоизларни ва бошқа тўловларни тўлаш ҳамда давлат кафолатини бажариш учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан етарли маблағлар ажратилади.

Давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатиш ва давлат кафолатини бажариш билан боғлиқ харажатлар учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳар йили навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Қонуни билан белгиланади. Ушбу мақсадлар учун бюджетдан ажратилган маблағларни бошқа мақсадларга йўналтириш (бундан молия йили давомида иқтисод қилинган маблағлар мустасно), давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатиш ва давлат кафолатини бажариш билан боғлиқ харажатларни тўхтатиб туриш тақиқланади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро захираларидан (бундан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг захиралари мустасно) давлат қарзи бўйича асосий қарзни, фоизларни ва бошқа тўловларни тўлашга нисбатан таъминот сифатида фойдаланилмайди.



23-модда. Давлат томонидан маблағ жалб қилиш

           

Давлат томонидан маблағ жалб қилиш ички маблағни ва хориждан маблағни жалб қилишдан иборат.

Давлат томонидан ички маблағни жалб қилиш Ўзбекистон Республикаси резидентларидан маблағларни жалб этиш бўлиб, бу маблағлар бўйича Ўзбекистон Республикасининг қарз олувчи ёки қарз олувчи-резидентлар кредитларини (қарзларини) тўлашга кафил сифатидаги мажбуриятлари юзага келади.

Давлат томонидан хориждан маблағ жалб қилиш чет эл манбаларидан (чет давлатлардан, халқаро ташкилотлардан, халқаро молия институтларидан ва иқтисодий институтлардан, чет эл ҳукуматларининг молия ташкилотларидан ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа норезидентларидан) маблағларни жалб этишдан иборат бўлиб, бу маблағлар бўйича Ўзбекистон Республикасининг қарз олувчи ёки қарз олувчи-резидентлар кредитларини (қарзларини) тўлашга кафил сифатидаги мажбуриятлари юзага келади.

Давлат томонидан маблағ жалб қилиш:

Ўзбекистон Республикаси номидан давлат қимматли қоғозларини чиқариш ва жойлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси номидан кредитлар ва кредит линиялари воситасида маблағ жалб қилиш;

давлат кафолати остида маблағ жалб қилиш тарзида амалга оширилиши мумкин.

Ваколатли орган Ўзбекистон Республикасининг резидентидан маблағ жалб қилганда мажбуриятларнинг бажарилишини гаров, кафолат, кафиллик ва бошқа усуллар воситасида таъминлаш талаб этилмайди.

Давлат томонидан маблағ жалб қилиш давлат қарзи бўйича чекланган миқдорлар доирасида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки улар ваколат берган орган Ўзбекистон Республикаси номидан давлат қарзига оид шартномаларни ва уларга доир қўшимча келишувларни тузиш ҳуқуқига эга.

Агар Ўзбекистон Республикаси номидан давлат қарзига оид шартномаларни тузиш ваколати Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан бошқа органга бериладиган бўлса, давлат қарзига оид шартномалар ва уларга доир қўшимча келишувлар тузилгунига қадар ваколатли орган билан келишиб олиниши керак.

Давлат ғазначилик облигацияларини давлат қарзи бўйича чекланган миқдорлар доирасида чиқариш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тақчиллигига, вақтинчалик касса узилиши прогнозига ва молия бозорларидаги вазиятга асосан ваколатли орган томонидан қабул қилинади.

Давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар ушбу Қонунда назарда тутилган ваколатлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ҳамда ваколатли орган билан келишувга кўра белгиланган тартибда шакллантирилади.

Ҳудудларда давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар тегишли халқ депутатлари Кенгашлари билан келишилади.

Ушбу модданинг ўнинчи ва ўн биринчи қисмларига мувофиқ шакллантирилган ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгашлари билан келишилган лойиҳалар Ўзбекистон Республикасининг инвестиция дастурига киритилади.

Давлат қарзига оид шартномаларни ва давлат кафолати берилган қарзга доир шартномаларни лойиҳа олди баҳосига ёки техник иқтисодий асосига эга бўлмаган лойиҳалар бўйича тузиш тақиқланади, бундан институционал салоҳиятни оширишга қаратилган лойиҳалар мустасно.

Давлат қарзига оид шартнома тарафларнинг Ўзбекистон Республикаси номидан маблағ жалб қилиш бўйича ҳуқуқлари ва мажбуриятлари юзага келиши, ўзгариши ёки бекор қилиниши тўғрисидаги келишувдир.

Давлат кафолати берилган қарзга доир шартнома тарафларнинг давлат кафолати остида маблағ жалб қилиш бўйича ҳуқуқлари ва мажбуриятлари юзага келиши, ўзгариши ёки бекор қилиниши тўғрисидаги келишувдир.

Давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асоси параметрларини тасдиқлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда лойиҳаларнинг иқтисодий ва молиявий самарадорлиги, белгиланган кўрсаткичларга эришиш, қарзни қайтариш учун масъул бўлган раҳбарлар, шунингдек уларнинг жавобгарлиги белгиланади.



24-модда. Давлат томонидан маблағ

жалб қилиш мақсадлари

         

Давлат томонидан маблағ жалб қилиш:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тақчиллигини қоплаш;

ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш;

давлат қарзини қайта молиялаштириш;

давлат қарзини бошқариш стратегиясида белгиланган мақсадларга эришиш;

пул маблағларини бошқариш, шу жумладан вақтинчалик касса узилишининг ўрнини қоплаш бўйича операцияларни бажариш;

тўлов балансини қўллаб-қувватлаш учун амалга оширилади.

Ушбу моддада кўзда тутилмаган бошқа мақсадларга давлат томонидан маблағ жалб қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари асосида амалга оширилади.

Давлат томонидан маблағ жалб қилиш биринчи навбатда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тақчиллигини қоплаш учун амалга оширилади.



25-модда. Давлат кафолатини беришда ва давлат

томонидан  жалб қилинган  қарз  маблағларини

қайтадан кредитлашда қўйиладиган талаблар

        

Давлат кафолатини ҳамда Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилинган, қайтадан кредитланадиган қарз маблағларини (бундан буён матнда қайтадан кредитланадиган маблағлар деб юритилади) олиш учун қарз олувчи-резидентлар ва лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи молия ташкилотлари:

аудиторлик текширувидан ўтган молиявий ҳисоботларга мувофиқ тўловга қобилиятлилик, молиявий барқарорлик ва ликвидлилик бўйича ижобий кўрсаткичларга эга бўлиши;

давлат томонидан жалб қилинган қарз маблағлари бўйича ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети олдида муддати ўтган қарздорликка эга бўлмаслиги керак.

Давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга ошириш учун таклиф этиладиган лойиҳалар:

давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид устувор йўналишларига ва стратегик мақсадларига мувофиқ бўлиши;

жисман ва молиявий жиҳатдан амалга оширила олинадиган бўлиши;

натижадор бўлиши ва иқтисодий, ижтимоий ёки бошқача наф келтириши;

белгиланган тартибда ишлаб чиқилган ва экспертизадан ўтган техник-иқтисодий асосга эга бўлиши керак.



26-модда. Давлат қарзи

       

Давлат қарзи давлат ички қарзини ва давлат ташқи қарзини ўз ичига олади.

Давлат қарзи қисқа муддатли (бир йилгача бўлган муддатга), ўрта муддатли (бир йилдан беш йилгача бўлган муддатга) ва узоқ муддатли (беш йил ва ундан ортиқ муддатга), Ўзбекистон Республикаси валютасида ёки чет эл валюталарида бўлиши мумкин.

Давлат қарзи Ўзбекистон Республикасининг тўғридан-тўғри мажбуриятларини ва давлат кафолатини ўз ичига олади.

Ўзбекистон Республикасининг тўғридан-тўғри мажбурияти Ўзбекистон Республикаси номидан маблағ жалб қилиш натижасида юзага келадиган мажбурият бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ушбу мажбурият бўйича қарз берувчи олдида давлат қарзига оид шартномага мувофиқ тўғридан-тўғри жавобгар бўлади.

Агар қарз берувчилар бир нечта бўлса, қарз берувчилар гуруҳида ваколатли бошқарувчининг вазифаларини бажарувчи шахс қарз берувчи бўлиши мумкин.



27-модда. Давлат ички қарзи

          

Давлат томонидан ички маблағни жалб қилиш натижасида юзага келган Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари йиғиндиси давлат ички қарзидир.

Давлат ички қарзи қуйидаги шаклларда бўлиши мумкин:

Ўзбекистон Республикаси номидан давлат ғазначилик облигацияларини Ўзбекистон Республикаси резидентлари ўртасида бирламчи тарзда жойлаштириш натижасида юзага келадиган мажбуриятлар;

Ўзбекистон Республикаси резидентларидан маблағни кредитлар ва кредит линиялари воситасида Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилиш натижасида юзага келадиган мажбуриятлар;

Ўзбекистон Республикаси резидентларидан маблағни қарз олувчи-резидентлар томонидан давлат кафолати остида жалб қилиш натижасида юзага келадиган мажбуриятлар.

Давлат томонидан ички маблағни жалб қилиш Ўзбекистон Республикаси валютасида ёки чет эл валюталарида амалга оширилиши мумкин.



28-модда. Давлат ташқи қарзи

        

Давлат томонидан хориждан маблағ жалб қилиш натижасида юзага келган Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари йиғиндиси давлат ташқи қарзидир.

Давлат ташқи қарзи қуйидаги шаклларда бўлиши мумкин:

Ўзбекистон Республикаси номидан халқаро облигацияларни (бундан буён матнда суверен халқаро облигациялар деб юритилади) ва давлат ғазначилик облигацияларини Ўзбекистон Республикаси норезидентлари ўртасида бирламчи тарзда жойлаштириш натижасида юзага келадиган мажбуриятлар;

Ўзбекистон Республикаси норезидентларидан маблағни кредитлар ва кредит линиялари воситасида Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилиш натижасида юзага келадиган мажбуриятлар;

Ўзбекистон Республикаси норезидентларидан маблағни қарз олувчи-резидентлар томонидан давлат кафолати остида жалб қилиш натижасида юзага келадиган мажбуриятлар.

Давлат томонидан хориждан маблағ жалб қилиш Ўзбекистон Республикаси валютасида ёки чет эл валюталарида амалга оширилиши мумкин.



29-модда. Давлат қарзини реструктуризация қилиш

       

Давлат қарзини реструктуризация қилиш қарз берувчилар билан келишувга кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан амалга оширилади.

Давлат қарзи қуйидаги тарзда реструктуризация қилиниши мумкин:

давлат қарзини тўлаш муддатлари ва шартларини ўзгартириш йўли билан;

асосий қарзни, фоиз ставкаcини ёки давлат қарзининг шаклини ўзгартириш йўли билан;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа йўллар билан.

Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилинган қарзни реструктуризация қилиш ваколатли орган томонидан амалга оширилади.

Давлат кафолати остида жалб қилинган қарзни реструктуризация қилиш учун дастлаб ваколатли органнинг розилиги талаб этилади.

Қарз олувчи-резидентлар давлат кафолати остида жалб қилинган ўз қарзларини реструктуризация қилишга розилик олиш учун ваколатли органга қуйидаги ахборотни илова қилган ҳолда ёзма (электрон) шаклда мурожаат этади:

реструктуризация қилиниши лозим бўлган қарзнинг миқдори, фоиз ставкаси, тўлаш жадвали, шунингдек бошқа шартлар тўғрисидаги;

давлат кафолати остида жалб қилинган қарзни реструктуризация қилиш заруратининг асослантирилган сабаби ҳақидаги;

давлат кафолати остида жалб қилинган қарз реструктуризация қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан ажратилиши зарур бўлган маблағлар тўғрисидаги;

давлат кафолати остида жалб қилинган қарзни реструктуризация қилиш режаси ҳақидаги.

Ваколатли орган қарз олувчи-резидентларнинг ушбу модданинг бешинчи қисмида кўрсатилган ахборот илова қилинмаган мурожаатларини кўрмасдан қолдиради ҳамда бу ҳақда қарз олувчи-резидентларни ёзма равишда хабардор қилади.

Ваколатли орган давлат кафолати остида жалб қилинган қарзни қуйидаги талабларга тўлиқ риоя этилган тақдирда реструктуризация қилишга розилик беради:

давлат кафолати остида жалб қилинган қарзни реструктуризация қилиш Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтингига ҳамда макроиқтисодий барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмаслиги керак;

давлат кафолати остида жалб қилинган қарзни реструктуризация қилиш ваколатли орган олдидаги мажбуриятларнинг қарз олувчи-резидент томонидан бажарилмаслигига олиб келмаслиги, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан қўшимча маблағлар ажратилишини талаб этмаслиги керак;

давлат кафолати остида жалб қилинган қарзни реструктуризация қилиш қарз олувчи-резидентнинг давлат кафолати остида жалб қилинган бошқа қарзлари ўз вақтида ва тўлиқ тўланишига таъсир кўрсатмаслиги керак;

давлат кафолати остида жалб қилинган қарзни реструктуризация қилишда давлат кафолати берилган қарзга доир шартномада баён этилган молиявий шартлар ва талабларга (ковенантларга) қатъий риоя этилиши зарур.

Ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилинган қарзларни реструктуризация қилишда халқаро ва миллий молиявий ҳамда юридик маслаҳатчилар хизматларидан фойдаланиши мумкин.



30-модда. Ўзбекистон Республикаси номидан

жалб қилинган қарз маблағларини

қайтадан кредитлаш

         

Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилинган қарз маблағлари давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштириш учун ваколатли орган томонидан қайтадан кредитланиши мумкин.

Агар Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилинган қарз маблағлари қайтадан кредитланадиган бўлса, ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ қайтадан кредитлаш тўғрисида шартнома ва унга доир қўшимча келишувлар тузади.

Қайтадан кредитланадиган маблағларнинг миқдори, улардан мақсадли фойдаланилиши, уларнинг валютаси, асосий қарзи, фоизлари, шунингдек бошқа шартлари қайтадан кредитлаш тўғрисидаги шартномада белгиланади.

Қайтадан кредитлаш тўғрисидаги шартнома шартлари давлат қарзига оид шартноманинг шартларидан, қарз олувчи-резидентларнинг ёки лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи молия ташкилотларининг фаолиятини ўрганишда лозим даражадаги эҳтиёткорликдан ("due diligence"), лойиҳанинг техник-иқтисодий асоси экспертизасидан ва кредит хатаридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси номидан чет эл валюталарида жалб қилинган қарз маблағлари ушбу валюталарда ёки Ўзбекистон Республикаси валютасида қайтадан кредитланиши мумкин.

Ваколатли орган, ҳар бир қарз олувчи-резидентга ёки лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи молия ташкилотига кредит хатаридан келиб чиққан ҳолда, қайтадан кредитланиши мумкин бўлган, Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилинган қарз маблағларининг энг юқори миқдорини белгилашга доир таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиши мумкин.

Ваколатли орган қайтадан кредитлаш тўғрисидаги шартнома шартларига риоя этилиши, шунингдек қарз олувчи-резидентларнинг ва лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи молия ташкилотларининг молиявий ҳолати устидан тизимли мониторингни амалга оширади. Қарз олувчи-резидентлар ва лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи молия ташкилотлари ўз молиявий ҳолати ҳамда қайтадан кредитлаш тўғрисидаги шартнома шартларига риоя этилиши ҳақида ваколатли орган томонидан сўраладиган ахборотни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли тарзда тақдим этади.



31-модда. Давлатнинг шартли мажбуриятлари

         

Қуйидагилар давлатнинг шартли мажбуриятлари жумласига киради:

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув доирасида хусусий шерикка бериладиган кафолатлар;

давлат иштирокидаги корхоналар томонидан жалб қилинган қарзлар, бундан Ўзбекистон Республикаси номидан ёки давлат кафолати остида жалб қилинган қарзлар мустасно.

Давлат иштирокидаги корхоналар томонидан хориждан маблағ жалб қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.



32-модда. Давлат қарзи ҳисобланмайдиган мажбуриятлар

         

Ушбу Қонуннинг 26-моддаcида назарда тутилган мажбуриятлардан фарқ қиладиган бошқа мажбуриятлар, шу жумладан:

давлатнинг шартли мажбуриятлари;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг мажбуриятлари давлат қарзи ҳисобланмайди.

Агар Ўзбекистон Республикаси резидентларининг, шу жумладан давлат иштирокидаги корхоналарнинг қарзлари Ўзбекистон Республикаси номидан ёки давлат кафолати остида жалб қилинмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси бундай қарзлар бўйича жавобгар бўлмайди.



33-модда. Қорақалпоғистон Республикаси бюджетини,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларини

қабул қилишда маблағлар жалб қилишга, шунингдек

молиявий кафолатлар ҳамда кафилликлар беришга

нисбатан қўлланиладиган чекловлар

          

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетини, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларини қабул қилиш ҳамда ижро этишда:

маблағлар жалб қилишни амалга оширишга (бундан бюджет ссудалари шаклидаги бюджетлараро трансфертлар мустасно);

тегишли бюджетлар маблағлари ҳисобидан бошқа юридик ва жисмоний шахслар фойдасига молиявий кафолатлар ҳамда кафилликлар беришга йўл қўйилмайди.



5-БОБ. ДАВЛАТ ҚАРЗИ БЎЙИЧА ЧЕКЛАНГАН

МИҚДОРЛАРНИ ВА ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК

ТЎҒРИСИДАГИ КЕЛИШУВ ДОИРАСИДА ХУСУСИЙ

ШЕРИККА БЕРИЛАДИГАН КАФОЛАТЛАР БЎЙИЧА

ЙИЛЛИК ЛИМИТЛАРНИ БЕЛГИЛАШ

       

34-модда. Давлат қарзи бўйича чекланган миқдорлар

        

Давлат қарзи бўйича чекланган миқдорлар давлат қарзининг энг юқори миқдоридан ва давлат қарзи бўйича йиллик лимитлардан иборатдир.



35-модда. Давлат қарзининг энг юқори миқдори

           

Давлат қарзининг миқдори ялпи ички маҳсулотнинг йиллик прогноз кўрсаткичига нисбатан олтмиш фоиздан ошмаслиги керак.

Молия йили давомида ялпи ички маҳсулотнинг йиллик прогноз кўрсаткичи ўзгарганда ялпи ички маҳсулотнинг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан аниқланган прогнози қўлланилади.

Давлат қарзининг миқдори ялпи ички маҳсулотга нисбатан эллик фоизга етганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси давлат қарзи ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган давлат қарзи миқдоридан ошмаслигини таъминловчи чора-тадбирларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига киритади.



36-модда. Давлат қарзи бўйича йиллик

лимитларни белгилаш

          

Давлат қарзи бўйича йиллик лимитлар давлат томонидан маблағ жалб қилиш бўйича ҳар йили тузиладиган янги шартномаларнинг чекланган соф миқдори бўлиб, ҳар йили навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунида белгиланади.

Давлат қарзи бўйича йиллик лимитлар нисбий ёки мутлақ қийматларда қуйидагилар кесимида белгиланиши мумкин:

давлат томонидан ички маблағни ва хориждан маблағ жалб қилиш кесимида;

давлат томонидан Ўзбекистон Республикаси валютасида ва чет эл валюталарида маблағ жалб қилиш кесимида;

давлат томонидан маблағ жалб қилиш мақсадлари кесимида;

давлат қарзига оид шартномалар ва давлат кафолати берилган қарзга доир шартномалар кесимида.

Давлат қарзи бўйича йиллик лимитлар доирасидаги давлат қарзига оид шартномалар ва давлат кафолати берилган қарзга доир шартномалар миқдорларининг ҳисоби ушбу шартномалар тузилган санада Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки томонидан белгиланган валюта курсига асосан давлат қарзи бўйича йиллик лимитлар белгиланган валютада юритилади.

Давлат қарзи бўйича йиллик лимитларга қуйидагилар киритилмайди:

илгари тузилган ҳамда давлат қарзи бўйича йиллик лимитлар белгиланадиган молия йилида тўлиқ ёки қисман бекор қилинган давлат томонидан маблағ жалб қилишга доир шартномаларнинг қийматига тенг миқдорда давлат томонидан маблағ жалб қилишга доир янги шартномалар;

молия йили давомида Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган ва мазкур молия йили давомида тўланадиган давлат қимматли қоғозлари;

илгари Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилган давлат қимматли қоғозларидан кўп бўлмаган миқдорда Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилган, давлат қарзини қайта молиялаштириш мақсадида қайта молиялаштирилиши лозим бўлган давлат қимматли қоғозлари;

Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилган давлат қимматли қоғозларини бошқа шаклга ва (ёки) шартларга эга бўлган, худди шу қийматдаги давлат қимматли қоғозларига айирбошлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилган давлат қимматли қоғозлари.



37-модда. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги

келишув  доирасида  хусусий  шерикка  бериладиган

кафолатлар бўйича йиллик лимитларни белгилаш

         

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув доирасида хусусий шерикка бериладиган кафолатлар бўйича йиллик лимитлар ҳар йили тузиладиган янги шартномаларнинг чекланган миқдори бўлиб, улар ҳар йили навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунида белгиланиши мумкин.


Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув доирасида хусусий шерикка бериладиган кафолатлар бўйича йиллик лимитлар Ўзбекистон Республикаси валютасида ёки чет эл валюталарига тенг эквивалентда, нисбий ёки мутлақ қийматларда белгиланиши мумкин.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув доирасида хусусий шерикка бериладиган кафолатлар бўйича йиллик лимитлар доирасидаги кафолатлар миқдорларининг ҳисоби ушбу кафолатлар расмийлаштирилган санада Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки томонидан белгиланган валюта курси асосида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув доирасида хусусий шерикка бериладиган кафолатлар бўйича йиллик лимитлар белгиланган валютада юритилади.



6-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

НОМИДАН ЧИҚАРИЛАДИГАН ДАВЛАТ

ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАРИ

            

      

38-модда. Ўзбекистон Республикаси

номидан чиқариладиган давлат қимматли

қоғозларининг турлари

        

Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозлари давлат ғазначилик облигацияларидан ва суверен халқаро облигациялардан иборатдир.



39-модда. Давлат ғазначилик облигациялари

          

Давлат ғазначилик облигациялари Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ўртасида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан келишувга кўра Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари ўртасида жойлаштирилиши мумкин.

Ваколатли орган давлат ғазначилик облигацияларини қуйидаги турларда чиқариши мумкин:

қатъий белгиланган ставкали облигациялар;

ўзгарувчан ставкали облигациялар;

дисконт облигациялар (ноль купон ставкали облигациялар);

инфляцияга боғланган облигациялар.

Ваколатли орган давлат ғазначилик облигацияларини қонунчиликда тақиқланмаган бошқа турларда ҳам чиқариши мумкин.



40-модда. Суверен халқаро облигациялар

          

Суверен халқаро облигациялар тегишли чет давлатнинг қонунчилигига мувофиқ чиқарилади ва Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари ўртасида жойлаштирилади.

Ваколатли орган суверен халқаро облигацияларни қуйидаги турларда чиқариши мумкин:

қатъий белгиланган ставкали облигациялар;

ўзгарувчан ставкали облигациялар;

дисконт облигациялар (ноль купон ставкали облигациялар);

инфляцияга боғланган облигациялар.

Ваколатли орган суверен халқаро облигацияларни қонунчиликда тақиқланмаган бошқа турларда ҳам чиқариши мумкин.

Суверен халқаро облигацияларни чиқариш, агар чет давлат қонунчилигида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан давлат рўйхатидан ўтказилмаган ҳолда амалга оширилади.

Суверен халқаро облигацияларни чиқариш ва жойлаштиришни ташкил этувчи халқаро молиявий ҳамда юридик маслаҳатчиларни, шунингдек фискал, тўлов, трансфер ва листинг агентларини танлаб олиш ҳамда уларнинг хизматлари учун ҳақни тасдиқлаш ваколатли орган томонидан амалга оширилади. Бунда давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талаблари қўлланилмайди.

Ваколатли орган суверен халқаро облигацияларни чиқариш ва жойлаштириш жараёнида эмиссия рисоласини ишлаб чиқади. Эмиссия рисоласини ишлаб чиқиш учун зарур бўлган ахборот ваколатли органнинг сўрови асосида вазирликлар ҳамда идоралар томонидан ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда тақдим этилиши керак.


7-БОБ. ДАВЛАТ КАФОЛАТИ

          

       

41-модда. Давлат кафолатини бериш

тўғрисидаги умумий қоидалар

      

Давлат кафолати қарз берувчиларга давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштириш учун қарз олувчи-резидентлар томонидан улар олган кредитлар ва кредит линиялари бўйича мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида берилади.

Давлат кафолати давлат қарзи бўйича чекланган миқдорлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ваколатли орган томонидан расмийлаштирилади.

Давлат кафолати ёзма шаклда берилади.

Ўзбекистон Республикаси давлат кафолати бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларни сўзсиз бажаради.



42-модда. Давлат кафолатини бериш тартиби

       

Қарз олувчи-резидентлар давлат кафолатини бериш тўғрисидаги ёзма (электрон) шаклдаги ариза билан ваколатли органга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда, қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда мурожаат қилади:

жалб қилиниши назарда тутилган маблағ бўйича қарз шартномасининг лойиҳасини;

жалб этиладиган қарз маблағларини ўзлаштириш ва қайтариш бўйича қарз олувчи-резидент томонидан имзоланган прогноз жадвалларини;

давлат кафолати остида маблағ жалб қилиш ҳисобига молиялаштирилиши назарда тутилган лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини;

қарз олувчи-резидентнинг қонунчиликда белгиланган шаклларда тўлдирилган кейинги уч йил учун молиявий ҳисоботларини, шунингдек аудиторлик ташкилотининг ушбу молиявий ҳисоботларнинг ишончлилиги ва бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги фикрни ўз ичига олган хулосасини;

давлат кафолатини бериш тартибига мувофиқ бошқа ҳужжатларни.

Ваколатли орган қарз олувчи-резидентларнинг ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинмаган аризаларини кўрмасдан қолдиради ва бу ҳақда қарз олувчи-резидентларни ёзма (электрон) шаклда хабардор қилади.

Давлат кафолатини бериш тўғрисидаги ариза кўрмасдан қолдирилганлиги ҳақидаги ёзма (электрон) хабарнома олганидан кейин қарз олувчи-резидент томонидан киритилган ариза янгитдан киритилган деб ҳисобланади ва умумий асосларда тақдим этилади.

Қарз олувчи-резидентлар ваколатли органга тақдим этилган ҳужжатлардаги ахборотнинг нотўғри ёки бузиб кўрсатилганлиги учун жавобгар бўлади.

Ваколатли орган қарз олувчи-резидентларнинг аризаларини ва уларга илова қилинган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, давлат кафолатини бериш тартибида белгиланган муддатда пул оқимларининг таҳлилини, қарз олувчи-резидентнинг лойиҳани амалга ошириш учун молиявий жиҳатдан қодирлигини, лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ хатарларни ва лойиҳанинг ҳаётийлигини баҳолайди ҳамда давлат кафолатини беришнинг мақсадга мувофиқлиги ёки мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хулоса киритади, шунингдек бу ҳақда қарз олувчи-резидентни ёзма (электрон) шаклда хабардор қилади.

Ваколатли органнинг давлат кафолати берилишининг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосасисиз давлат кафолатини бериш тақиқланади.

Давлат кафолати берилганлиги учун ваколатли орган томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда давлат кафолатини бериш билан боғлиқ ҳолда юзага келиши мумкин бўлган молиявий йўқотишларнинг ва харажатларнинг ўрнини қоплаш учун фойдаланиладиган тўлов (бундан буён матнда давлат кафолати берилганлиги учун тўлов деб юритилади) ундирилади. Тўлов манбаи Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағларидан иборат бўлган қарзлар бўйича давлат кафолати берилганлиги учун тўлов ундирилмайди.

Давлат кафолати берилганлиги учун тўлов миқдори лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ хатарлардан, шунингдек кредит хатаридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Ваколатли орган давлат кафолати остида жалб этилган қарз маблағларини ушбу қарз маблағлари қийматидан кам бўлмаган қийматга тенг гаров ёки кафиллик билан таъминлашни қарз олувчи-резидентлардан талаб қилишга ҳақли.

Давлат кафолатини бериш ҳақидаги қарор қабул қилинган тақдирда ваколатли орган қарз олувчи-резидент билан давлат кафолати тўғрисида шартнома тузади ва давлат кафолатини (давлат кафолатини тасдиқловчи ҳужжатни) расмийлаштиради.

Давлат кафолати тўғрисидаги шартнома давлат кафолати остида жалб қилинган қарз маблағларидан фойдаланиш, уларни ҳисобга олиш ҳамда қайтариш бўйича тарафларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари юзага келиши, ўзгариши ёки бекор қилиниши ҳақида ваколатли орган ва Ўзбекистон Республикасининг резиденти ўртасидаги келишувдир.



43-модда. Давлат кафолати берилмайдиган мажбуриятлар

        

Қуйидаги мажбуриятлар бўйича давлат кафолати берилмайди:

жисмоний шахсларнинг мажбуриятлари бўйича;

устав фондида (устав капиталида) давлат улуши эллик фоиздан кам бўлган юридик шахсларнинг мажбуриятлари бўйича;

Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг мажбуриятлари бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг мажбуриятлари бўйича;

қайта ташкил этиш ёки тугатиш жараёнида турган ва ўзига нисбатан тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари қўлланилган давлат иштирокидаги корхоналарнинг мажбуриятлари бўйича;

нотижорат ташкилотларининг мажбуриятлари бўйича;

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети олдида муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлган давлат иштирокидаги корхоналарнинг мажбуриятлари бўйича;

техник-иқтисодий асоси талаб этиладиган лойиҳаларни молиялаштириш учун техник-иқтисодий асоссиз маблағ жалб қилиниши натижасида юзага келадиган мажбуриятлар бўйича.



44-модда. Қарз олувчи-резидентларнинг мажбуриятлари

           

Қарз олувчи-резидентлар давлат кафолати тўғрисидаги шартномада ҳамда давлат кафолати берилган қарзга доир шартномада назарда тутилган барча мажбуриятларни ўз вақтида ва тўлиқ бажариши керак.

Қарз олувчи-резидентларга давлат кафолати амалда бўлган муддат мобайнида қуйидагилар тақиқланади:

ваколатли органнинг розилигисиз қарз маблағларини жалб қилишни назарда тутувчи янги шартномалар тузиш;

давлат кафолати тўғрисидаги шартномада ва давлат кафолати берилган қарзга доир шартномада белгиланган мажбуриятлар бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда, фойдани ваколатли орган билан келишмаган ҳолда тақсимлаш.



45-модда. Давлат кафолатининг ўз кучини йўқотиши

           

Давлат кафолати берилган қарзга доир шартномада назарда тутилган молиявий ва бошқа мажбуриятлар тўлиқ бажарилганда давлат кафолати ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.



8-БОБ. ДАВЛАТ ҚАРЗИ БЎЙИЧА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ

ВА ДАВЛАТ КАФОЛАТИНИ БАЖАРИШ

        

       

46-модда. Давлат қарзи бўйича хизмат

кўрсатишга ва давлат кафолатини бажаришга

доир умумий қоидалар

         

Давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатиш давлат томонидан маблағ жалб қилиш бўйича шартномаларда белгиланган асосий қарзни, фоизларни ҳамда бошқа тўловларни ушбу шартномаларда назарда тутилган тартибда ва муддатларда амалга оширишни ўз ичига олади.

Давлат кафолатини бажариш давлат кафолатини тасдиқлайдиган ҳужжатга мувофиқ амалга оширилади.

Давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатиш манбалари Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинадиган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланади.

Давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатиш ва давлат кафолатини бажариш билан боғлиқ харажатлар қарз олувчи-резидентларнинг ёки лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи молия ташкилотларининг, Кафолат жамғармасининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган кредитлар ва кредит линиялари бўйича барча турдаги шартномаларни, шу жумладан шартномаларга доир қўшимча келишувларни расмийлаштириш ваколатли орган билан келишувга кўра амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси номидан чет эл валюталарида жалб қилинган маблағлар ушбу валюталарда ёки Ўзбекистон Республикаси валютасида қайтадан кредитланиши натижасида юзага келган салбий тафовутлар Кафолат жамғармаси, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ёки бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

Давлат қарзи бўйича мажбуриятлар давлат қарзига оид шартномада ва давлат кафолати берилган қарзга доир шартномада белгиланган барча тўловлар тўлиқ тўланганда бажарилган деб эътироф этилади.

Қайтадан кредитланадиган маблағлар бўйича мажбуриятларнинг қарз олувчи-резидентлар ёки лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи молия ташкилотлари томонидан ўз вақтида бажарилмаганлигидан ёки тўлиқ бажарилмаганлигидан қатъи назар, ваколатли орган мазкур мажбуриятларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши учун жавобгар бўлади.



47-модда. Кафолат жамғармаси

          

Кафолат жамғармасининг маблағлари давлат кафолати берилганлиги учун тўлов, Ўзбекистон Республикасининг маржаси ва қонунчиликда белгиланган бошқа маблағлар ҳисобидан шакллантирилади.

Навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунида Кафолат жамғармаси маблағларининг молия йили давомида йўл қўйилиши мумкин бўлган энг кам миқдори белгиланади.

Кафолат жамғармаси маблағларини шакллантириш ва ушбу маблағлардан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



48-модда. Давлат қарзи бўйича

мажбуриятларни бажариш

        

Қарз олувчи-резидентлар ва лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи молия ташкилотлари асосий қарз бўйича тўловларни, фоизларни ҳамда давлат қарзи бўйича бошқа тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириши керак.

Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилинган қарз маблағлари бўйича асосий қарзнинг, фоизларнинг ва бошқа тўловларнинг ўз вақтида ёки тўлиқ амалга оширилмаслиги эҳтимоли юзага келган тақдирда, қарз олувчи-резидентлар ёки лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи молия ташкилотлари ваколатли органни тўловга қобилиятсизлик эҳтимоли тўғрисида тўлов санасидан камида ўттиз кун олдин ёзма (электрон) шаклда хабардор қилиши керак.

Ваколатли органга юборилган хабарномада Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилинган қарз маблағлари бўйича асосий қарзни, фоизларни ва бошқа тўловларни тўлашни амалга ошириш мумкин эмаслиги сабаблари асослантирилади.

Агар ваколатли орган қарз олувчи-резидентлар ёки лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи молия ташкилотлари томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилинган қарз маблағлари бўйича асосий қарзни, фоизларни ва бошқа тўловларни тўлашни амалга ошириш мумкин эмаслиги сабабларини асосли деб топса, ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилинган қарз маблағлари бўйича асосий қарзни, фоизларни ҳамда бошқа тўловларни юборилган хабарномага мувофиқ тўлашни мазкур қарз олувчи-резидентдан ҳамда лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи молия ташкилотларидан сўзсиз ва тўлиқ ундириш шарти билан Кафолат жамғармаси маблағлари ҳисобидан, Кафолат жамғармасининг маблағлари етарли бўлмаган тақдирда эса Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширади, акс ҳолда, қарз олувчи-резидентларни ва лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи молия ташкилотларини қарз маблағлари бўйича асосий қарзнинг, фоизларнинг ҳамда бошқа тўловларнинг Кафолат жамғармаси маблағлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан тўланишини рад этиш тўғрисида хабардор қилади.

Ваколатли орган қарз олувчи-резидент қайтадан кредитлаш тўғрисидаги шартномага мувофиқ тўлаши лозим бўлган тўловлар миқдорига тенг бўлган суммани, агар ушбу тўловлар қайтадан кредитлаш тўғрисидаги шартномада белгиланган муддатларда тўланмаса, қарз олувчи-резидентларнинг ёки лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи молия ташкилотларининг барча ҳисобварақларидан исталган валютада сўзсиз ундириб олиш ҳуқуқига эга.

Ваколатли орган давлат кафолати ҳодисаси юзага келганда давлат кафолати билан кафолатланган асосий қарзни, фоизларни ва бошқа тўловларни тўлашни Кафолат жамғармаси маблағлари ҳисобидан, Кафолат жамғармасининг маблағлари етарли бўлмаган тақдирда эса, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан, ушбу тўловлар суммасини қарз олувчи-резидентдан кейинчалик сўзсиз ва тўлиқ ундириш шарти билан амалга оширади.

Муддати ўтган, Кафолат жамғармасининг ёки Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари ҳисобидан қопланган ва ўз муддатида қайтарилмаган қарздорлик бўйича белгиланган тартибда, қайтадан кредитлаш тўғрисидаги шартнома ёки давлат кафолати ҳақидаги шартнома шартларига мувофиқ пенялар ва жарималар ундирилади.

Пеня ва жаримани тўлаш қарз олувчи-резидентларни ёки лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи молия ташкилотларини қайтадан кредитлаш тўғрисидаги шартнома ёки давлат кафолати ҳақидаги шартнома бўйича қабул қилинган мажбуриятларни бажаришдан озод этмайди.

Ваколатли орган Кафолат жамғармасининг ёки Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари ҳисобидан қопланган тўловлар қарз олувчи-резидентлар ва лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи молия ташкилотлари томонидан қайтарилмаган ҳоллар тўғрисида ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15 санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига ахборот тақдим этади.



9-БОБ. ДАВЛАТ ҚАРЗИНИНГ ҲИСОБИ

ВА ҲИСОБОТИНИ ЮРИТИШ. АХБОРОТНИНГ

ОЧИҚЛИГИ ВА ШАФФОФЛИГИ

          

        

49-модда. Давлат қарзининг ҳисоби

ва ҳисоботини юритиш

        

Давлат қарзининг ҳисоби Ўзбекистон Республикаси валютасида ёки чет эл валюталарига тенг эквивалентда юритилади.

Ўзбекистон Республикаси номидан дисконт облигациялар (ноль купон ставкали облигациялар) тарзида чиқарилган давлат қимматли қоғозларининг ҳисоби ушбу қимматли қоғозлар дастлаб чиқарилганда белгиланадиган номинал нархда юритилади.

Ваколатли орган давлат қарзининг ҳисоботини халқаро стандартларга мувофиқ юритиши ва эълон қилиши мумкин.



50-модда. Давлат қарзи тўғрисидаги

ахборотнинг тақдим этилиши

          

Қарз олувчи-резидентлар, лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи молия ташкилотлари давлат қарзи тўғрисидаги ахборотни белгиланган шаклларда, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 15 санасидан кечиктирмай ваколатли органга тақдим этади.

Давлат иштирокидаги корхоналар ўзи жалб қилган қарзлар тўғрисидаги (бундан Ўзбекистон Республикаси номидан ёки давлат кафолати остида жалб қилинган қарзлар мустасно) ахборотни белгиланган шаклларда, ҳар чоракда, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 15 санасидан кечиктирмай ваколатли органга тақдим этиши керак.

Давлат қарзи тўғрисидаги ахборотни тақдим этиш шакллари ваколатли орган томонидан белгиланади.



51-модда. Давлат қарзи тўғрисидаги ахборотнинг

очиқлиги ва шаффофлиги

            

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

давлат қарзининг ҳолати ва ўзгариши тўғрисидаги;

давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар (лойиҳани амалга ошираётган ташкилот ва лойиҳанинг қиймати, харидлар режаси, амалга оширилган харидлар, қарздорликнинг ўз вақтида тўланиши, якунланган лойиҳанинг самарадорлиги ҳамда техник-иқтисодий асосида назарда тутилган мақсадларга эришилиши ва бошқа ахборот) ҳақидаги;

давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга оширилган, якунланган лойиҳаларнинг самарадорлиги ва техник-иқтисодий асосида назарда тутилган мақсадларга эришилиши тўғрисидаги ахборотни ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига киритади. Бунда якунланган лойиҳанинг самарадорлиги ва техник-иқтисодий асосида назарда тутилган мақсадларга эришилиши тўғрисидаги ахборот Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига лойиҳа якунланган санадан эътиборан кейинги беш йил ичида киритиб борилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ахборот Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Ваколатли орган давлат қарзининг ҳолати ва ўзгариши тўғрисидаги аниқлаштирилган ахборотни ҳар чоракда, ҳисобот чорагидан кейинги иккинчи ойнинг 25 санасига қадар ўз расмий веб-сайтига жойлаштиради.

Давлат органлари, бюджет ташкилотлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари ҳамда расмий веб-сайтларга эга бўлган бошқа юридик шахслар давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан молиялаштирилаётган тегишли лойиҳалар ҳақидаги ва якунланган лойиҳалар бўйича ўзлаштирилган маблағлар, шунингдек эришилган натижалар тўғрисидаги ахборотни ҳар чоракда, ҳисобот чорагидан кейинги иккинчи ойнинг 25 санасига қадар ўз расмий веб-сайтларида мунтазам равишда, мажбурий тартибда эълон қилиб боради.

Расмий веб-сайтлари мавжуд бўлмаган юридик шахслар давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан молиялаштирилаётган ва якунланган лойиҳалар бўйича ўзлаштирилган маблағлар, шунингдек эришилган натижалар тўғрисидаги ахборотни ҳар чоракда, ҳисобот чорагидан кейинги иккинчи ойнинг 25 санасига қадар тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг расмий веб-сайтларига мажбурий тартибда жойлаштиради.



52-модда. Халқаро ташкилотларга ва чет эл

инвесторларига ахборот тақдим этиш

             

Ваколатли орган халқаро молия институтлари ва иқтисодий институтларга, чет эл ҳукуматларининг молия ташкилотларига, халқаро рейтинг агентликларига, чет эл инвесторларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа норезидентларига давлат қарзи ва давлатнинг шартли мажбуриятлари тўғрисидаги ахборотни қонунчиликда белгиланган тартибда тақдим этиши мумкин.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

        

      

53-модда. Низоларни ҳал этиш

       

Давлат қарзи соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



54-модда. Давлат қарзи тўғрисидаги қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

            

Давлат қарзи тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



55-модда. Давлат қарзи тўғрисидаги қонунчиликка

риоя этилиши устидан давлат назорати

        

Давлат қарзи тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат назорати қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, бошқа давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.



56-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун

ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш

          

1. Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 6 майда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги 818-XII-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 10 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-591-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 12, 885-модда; 2021 йил, 4-сонга илова) 10-моддасига қуйидаги қўшимча ва ўзгартиш киритилсин:

қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"давлат қарзини бошқариш бўйича чоралар кўради, хусусан, давлат томонидан маблағ жалб қилиш учун устувор йўналишларни белгилайди, Ўзбекистон Республикаси номидан давлат қарзига оид шартномаларни ва уларга доир қўшимча келишувларни тузади, давлат қарзини бошқариш стратегиясини тасдиқлайди ҳамда унинг амалга оширилишини назорат қилади, давлат қарзининг макроиқтисодий барқарорлик учун хавфсиз даражада сақлаб турилишини таъминлайди";

олтинчи ва еттинчи хатбошилар тегишинча еттинчи ва саккизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.


2. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 29 августда қабул қилинган "Хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисида"ги 263-I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, N 9, 126-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 йил, N 12, 350-модда; 2018 йил, N 7, 431-модда; 2021 йил, 4-сонга илова) қуйидаги ўзгартишлар ва қўшимча киритилсин:


1) 1-модданинг:

бешинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;

олтинчи, еттинчи ва саккизинчи хатбошилари тегишинча бешинчи, олтинчи ва еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;


2) 2-модда:

қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Давлат қарзи билан боғлиқ муносабатлар алоҳида қонун билан тартибга солинади";

иккинчи қисми учинчи қисм деб ҳисоблансин;


3) 4, 5 ва 8-моддалар чиқариб ташлансин;


4) 9-модданинг:

олтинчи ва еттинчи хатбошилари чиқариб ташлансин;

саккизинчи, тўққизинчи ва ўнинчи хатбошилари тегишинча олтинчи, еттинчи ва саккизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;


5) 9-1-модда чиқариб ташлансин.


3. Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 22 июлда қабул қилинган "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги ЎРҚ-163-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 3 июнда қабул қилинган ЎРҚ-387-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2015 йил, N 6, 227-модда; 2018 йил, N 1, 1-модда; 2019 йил, N 1, 5-модда, N 3, 166-модда, N 4, 199-модда, N 12, 891-модда; 2020 йил, N 7, 449-модда, N 10, 593-модда; 2021 йил, N 1, 13-модда, 4-сонга илова, N 10, 968, 973-моддалар) қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:


1) 1-модданинг иккинчи қисмидаги "ғазна мажбуриятлари" деган сўзлар "давлат ғазначилик облигациялари" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


2) 3-модданинг:

олтинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"давлат қимматли қоғозлари - Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилган давлат ғазначилик облигациялари, халқаро облигациялар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг облигациялари";

ўттизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"давлат ғазначилик облигациялари - эмиссиявий қимматли қоғозлар бўлиб, тўланиш муддатидан қатъи назар, улар эгалик қилувчи томонидан Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига пул маблағлари киритилганлигини тасдиқлайди ва ушбу эмиссиявий қимматли қоғозларга эгалик қилишнинг бутун муддати мобайнида қатъий белгиланган даромад олиш ҳуқуқини беради".


4. Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 26 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-360-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 йил, 12-сонга 1-илова; 2014 йил, N 9, 244-модда; 2015 йил, N 12, 452-модда; 2016 йил, N 12, 383, 385-моддалар; 2017 йил, N 6, 300-модда, N 10, 605-модда, N 12, 772-модда; 2018 йил, N 1, 1-модда, N 7, 431, 433-моддалар, N 12, 783-модда; 2019 йил, N 1, 1-модда, N 5, 265-модда, N 8, 470-модда, N 9, 588-модда, N 11, 791-модда, N 12, 884, 891-моддалар; 2020 йил, N 3, 203-модда, N 11, 652-модда, N 12, 691-модда; 2021 йил, N 1, 7, 13-моддалар, 4-сонга илова, N 8, 803, 804-моддалар, N 10, 973-модда, N 12, 1198-модда) қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:


1) 3-модда йигирма тўртинчи хатбошисининг ўзбекча матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"давлат қарзи - Ўзбекистон Республикасининг ички маблағни ва хориждан маблағ жалб қилиш натижасида юзага келган мажбуриятлари";


2) 29-модда биринчи қисмининг ўттизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатилишини таъминлайди, давлат кафолатини бажаради";


3) 70-модда биринчи қисми 8-бандининг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатиш ва давлат кафолатини бажариш билан боғлиқ харажатлар";


4) 112-модда олтинчи қисмининг ўн биринчи хатбошисидаги "давлат қарзини тўлаш ва унга хизмат кўрсатиш" деган сўзлар "давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


5) 152-модданинг бешинчи ва олтинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Давлат томонидан маблағ жалб қилиш:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тақчиллигини қоплаш;

ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш;

давлат қарзини қайта молиялаштириш;

давлат қарзини бошқариш стратегиясида белгиланган мақсадларга эришиш;

пул маблағларини бошқариш, шу жумладан вақтинчалик касса узилишининг ўрнини қоплаш бўйича операцияларни бажариш;

тўлов балансини қўллаб-қувватлаш учун амалга оширилади.

Давлат томонидан маблағ жалб қилиш биринчи навбатда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тақчиллигини қоплаш учун амалга оширилади";


6) 153-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатилишини таъминлайди, давлат кафолатини бажаради";


7) 154-модда:

иккинчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштиришга ёки биргаликда молиялаштиришга;

давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларни бажаришга доир тадбирларни молиялаштириш учун кредитларни (қарзларни) қайтадан кредитлашга йўналтирилади";

учинчи қисмидаги "жалб қилинаётган кредит (қарз) ставкасининг 50 фоизидан ошмайдиган миқдорда" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


8) 156-модда:

иккинчи қисмининг:

иккинчи хатбошисидаги "давлат қимматли қоғозларини" деган сўзлар "давлат ғазначилик облигацияларини" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

учинчи хатбошисидаги "давлат қимматли қоғозлари" деган сўзлар "давлат ғазначилик облигациялари" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

тўртинчи хатбошисидаги "давлат қимматли қоғозлари" деган сўзлар "давлат ғазначилик облигациялари" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

учинчи қисми чиқариб ташлансин.


5. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 1 июлда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида"ги ЎРҚ-546-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 7, 384-модда, N 9, 588-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, N 8, 803, 804-моддалар, N 12, 1198-модда) қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:


1) 4-модданинг тўққизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"бюджет тизими бюджетларининг маблағлари ва давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларнинг мақсадга мувофиқлиги, асослилиги ҳамда самарадорлигини баҳолаш";


2) 25-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"25-модда. Ҳисоб палатасининг бюджет тизими

бюджетларининг маблағлари ва давлат томонидан маблағ

жалб қилиш ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларнинг

мақсадга мувофиқлиги, асослилиги ҳамда самарадорлигини

баҳолаш соҳасидаги функциялари

          

Ҳисоб палатаси бюджет тизими бюджетларининг маблағлари ва давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларнинг мақсадга мувофиқлиги, асослилиги ҳамда самарадорлигини баҳолаш соҳасида:

бюджет тизими бюджетларининг маблағлари ва давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларнинг шакллантирилиши юзасидан мониторинг ўтказади ҳамда назорат қилади;

бюджет тизими бюджетларининг маблағлари ва давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларнинг тўлиқ ҳамда самарали бажарилиши устидан назорат қилади;

давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга оширилган ва якунланган лойиҳаларни аудитдан ўтказади, аудит натижалари ҳақидаги ахборотни ҳар чорак охирида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборади";


3) 29-модданинг ўнинчи хатбошисидаги "ўз вақтида хизмат кўрсатилиши устидан назорат қилади" деган сўзлар "ўз вақтида ва тўлиқ хизмат кўрсатилиши устидан назоратни амалга оширади" деган сўзлар билан алмаштирилсин".



57-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини,етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

          

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



58-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

         

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



59-модда. Ўтувчи қоидалар

          

Ушбу Қонун кучга киргунига қадар Ўзбекистон Республикаси номидан маблағ жалб қилиш бўйича тузилган шартномалар ва берилган давлат кафолатлари ўз кучида қолади.



60-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

         

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

         

            

Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                          Ш. Мирзиёев

      

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 1 май


















































































Время: 0.0566
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск