ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Ҳисоб-китоблар / Умумий қоидалар /

Тўлов тизими операторларининг ва тўлов ташкилотларининг фаолиятини назорат қилиш ва кузатувни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 15.05.2023 й. 3434-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 18.04.2023 й. 8/4-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2023 йил 15 майда 3434-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки бошқарувининг

2023 йил 18 апрелдаги

8/4-сон қарорига

ИЛОВА



Тўлов тизими операторларининг

ва тўлов ташкилотларининг фаолиятини

назорат қилиш ва кузатувни амалга

ошириш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

        

    

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) томонидан тўлов тизими операторларининг ва тўлов ташкилотларининг фаолиятини назорат қилиш ва кузатувни амалга ошириш тартибини белгилайди.

       

      

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

         

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


тўлов тизими оператори - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўлов тизимининг ишлашини таъминлаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс;


тўлов ташкилоти - банк ҳисобланмайдиган, тўлов хизматларини кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган юридик шахс;


масофавий назорат - тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан тақдим этиладиган ва (ёки) уларнинг ахборот тизимларидан олинадиган маълумотлар таҳлилига асосланган назорат тури.


2. Мазкур Низом Марказий банк томонидан берилган лицензияга эга бўлган тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларига нисбатан қўлланилади.


3. Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини назорат қилишда Марказий банк:

тўлов тизимлари операторларидан ва тўлов ташкилотларидан тўлов тизимларининг ишлаши билан боғлиқ ахборотни, шу жумладан шахсга доир маълумотларни ўз ичига олган ахборотни сўраб олади;

тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан тўлов тизимларининг ишлаши тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этиш шакллари ва муддатларини, шунингдек ҳисоботларни тузиш услубиётини белгилайди;

тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан тўлов тизимларининг ишлаши тўғрисида тақдим этилган ахборотни таҳлил қилади;

тўлов тизимлари операторларининг ва тўлов ташкилотларининг фаолиятини инспекция текширувларидан ўтказади;

тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилган тақдирда тўлов тизимларининг операторларига ва тўлов ташкилотларига нисбатан чоралар ҳамда санкциялар қўллайди.


4. Марказий банк йилда камида бир марта тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолияти тўғрисидаги маълумотларни Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилади.



2-БОБ. ТЎЛОВ ТИЗИМИ ОПЕРАТОРЛАРИ

ВА ТЎЛОВ ТАШКИЛОТЛАРИ ТОМОНИДАН

ТАҚДИМ ЭТИЛАДИГАН АХБОРОТЛАР

        

5. Марказий банк тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш ва кузатувни амалга ошириш мақсадида мазкур бобда белгиланган тўлов тизими операторларининг фаолиятига доир ва тўлов ташкилотлари томонидан кўрсатилган тўлов хизматлари бўйича ахборотларни олади ҳамда таҳлил қилади.

Ахборотлар тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан Марказий банкка электрон шаклда тақдим этилади ва (ёки) ахборот тизимлари орқали автоматлаштирилган тарзда юборилади.


6. Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан ҳар куни кун якуни бўйича амалга оширилган транзакциялар сони ва миқдори ҳақидаги ахборотлар Марказий банкка ахборот тизимлари орқали автоматлаштирилган тарзда узатилади.


7. Тўлов тизими операторлари ҳар ойда кейинги ойнинг 5-санасидан кечиктирмай тўлов тизими фаолияти тўғрисидаги қуйидаги ахборотларни Марказий банкка тақдим этиши керак:

персонализация қилинган банк карталари ва дастурланган терминаллар сони;

тўлов тизими операторлари фаолиятини амалга оширишда ўтказилган синовлар бўйича ахборотлар, агар синовлар ўтказилган бўлса;

электрон терминаллар (Е-РОS) реестридан кўчирма.


8. Тўлов ташкилотлари ҳар ойда кейинги ойнинг 5-санасидан кечиктирмай тўлов ташкилоти томонидан кўрсатилган тўлов хизматлари тўғрисидаги, шу жумладан тўлов хизматларидан фойдаланувчилар сони, тўлов агентлари ва тўлов субагентлари ҳамда уларнинг жойлашган манзили тўғрисидаги ахборотларни Марказий банкка тақдим этиши керак.


9. Тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотлари ҳар йили кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай қуйидаги йиллик ахборотларни Марказий банкка тақдим этиши керак:

ўтган йил давомида тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилотлари фаолиятини амалга оширишда ўтказилган синовлар тўғрисидаги ахборотлар, агар синовлар ўтказилган бўлса;

тўлов тизимидаги ва тўлов ташкилотлар фаолиятининг узлуксизлигига қилинган таҳдидлар, аниқланган таваккалчиликлар, таваккалчиликларни баҳолаш ва уларни бартараф этиш чоралари ҳамда натижадорлиги тўғрисидаги маълумотлар.


10. Тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилотлари фаолиятини амалга ошириш жараёнида операцион таваккалчилик юзага келган, уларнинг ахборот тизимларида узилишлар кузатилган ёхуд тўлов тизими ёки тўлов хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятга ўзгартиришлар киритилган кундан бошлаб уч иш куни ичида Марказий банкка мазкур ҳолатларни тавсифловчи ахборотларни тақдим этиши шарт.

Тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилотлари томонидан фаолиятида юз берган узилишлар тўғрисидаги Марказий банкка тақдим этиладиган ахборотда ушбу узилиш сабаблари ва давомийлиги, узилишнинг тўлов хизматларига, иштирокчиларга ва (ёки) фойдаланувчиларга таъсирининг кўлами, тўлов тизимини қайта тиклашдаги чоралар ҳамда келгусида бу каби ҳолатлар такрорланмаслиги учун йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш муддатлари кўрсатилади.


11. Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари тўлов тизимига ёки тўлов хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятга ўзгаришлар киритишни режалаштирган тақдирда, мазкур ўзгаришларни амалга оширишдан ўттиз кун олдин ўзгартиришлар бўйича ҳаракатлар режасини Марказий банкка тақдим этиши керак.

Марказий банк ўттиз кун ичида ўзгартиришлар бўйича ҳаракатлар режасини кўриб чиқиб, таваккалчиликларни баҳолайди ҳамда зарур ҳолларда тегишли тавсиялар ва кўрсатмалар бериши мумкин.


12. Ўзгартиришлар бўйича ҳаракатлар режаси киритиладиган ўзгартиришлар, режалаштирилган чора-тадбирлар тавсифи ҳамда уларнинг таваккалчиликларни бошқаришга таъсирини баҳолашни ўз ичига олади.

Тўлов тизими оператори тўлов тизимига ўзгартиришлар киритганда, тўлов тизими қоидаларига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши лозим.



3-БОБ. ТЎЛОВ ТИЗИМИ ОПЕРАТОРЛАРИ

ФАОЛИЯТИ УСТИДАН КУЗАТУВНИ

АМАЛГА ОШИРИШ

          

13. Марказий банк тўлов тизими операторлари фаолияти устидан кузатувни амалга оширишда уларнинг фаолиятига доир ахборотларни умумлаштиради, тизимлаштиради ва таҳлил қилади.


14. Тўлов тизими оператори қуйидаги мезонлардан бирига жавоб берса, Марказий банк ушбу тўлов тизими операторини муҳим тўлов тизими оператори жумласига киритади:

агар тўлов тизимининг узлуксиз ишлаши Ўзбекистон Республикаси тўлов хизматлари бозорининг барқарор фаолият кўрсатишига ёрдам берса, унинг ишидаги тўхталишлар (узилишлар) эса Ўзбекистон Республикаси тўлов хизматлари бозорида таваккалчиликларнинг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин бўлса,

тўлов тизими инфратузилмасида икки миллиондан ортиқ фаол (бир ой давомида камида бир марта электрон тўлов воситасига маблағ кирим қилган) тўлов хизматларидан фойдаланувчилар мавжуд бўлса;

бир йил давомида тўлов тизими орқали амалга оширилган тўловлар ҳажми ушбу турдаги тўловлар умумий ҳажмининг йигирма беш фоизидан кўп улушини эгаллаган бўлса;

бир йил давомида тўлов тизими орқали амалга оширилган тўловлар ҳажми ўн икки триллион сўмдан кўп бўлса.


15. Муҳим тўлов тизимлари фаолияти устидан кузатувни амалга оширишда Марказий банк:

муҳим тўлов тизимларининг фаолиятини халқаро стандартларга ҳамда Марказий банк талабларига мувофиқлиги юзасидан баҳолашни ўтказади;

муҳим тўлов тизими операторларининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

муҳим тўлов тизими операторлари томонидан тайёрланган таваккалчиликларни баҳолаш ҳамда уларни бартараф этиш чоралари тўғрисидаги ахборотда амалга оширилиши керак бўлган чора- тадбирларнинг ижросини назорат қилади;

муҳим тўлов тизими операторлари фаолиятида узилишлар рўй берган тақдирда, ушбу узилишларни бартараф этиш тўғрисида ёзма равишда кўрсатма беради.



4-БОБ. ТЎЛОВ ТИЗИМИ ОПЕРАТОРЛАРИ

ВА ТЎЛОВ ТАШКИЛОТЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ

МАСОФАВИЙ НАЗОРАТ ҚИЛИШ

          

16. Марказий банк тўлов тизими операторлари ҳамда тўлов ташкилотлари томонидан тақдим этиладиган ахборотлар ва (ёки) уларнинг ахборот тизимларидан олинадиган маълумотлар, электрон ҳужжатлар ҳамда бошқа маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш, сирли мижоз сифатида назорат тўловларини ўтказиш орқали масофавий назоратни амалга оширади.


17. Масофавий назорат жараёнида тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг фаолиятида хатолик ёки қоидабузарликлар аниқланган тақдирда, Марказий банк бу ҳақида маълумотнома тайёрлайди ҳамда уни бартараф этиш бўйича кўрсатма беради.

Марказий банк масофавий назорат натижалари бўйича тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг фаолияти, тўлов тизими, тўлов хизматлари ҳамда жараёнини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиши ва тақдим этиши мумкин.


18. Марказий банк тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларига масофавий назорат жараёнида аниқланган тўлов тизимлари тўғрисидаги қонунчилик талабларининг бузилиши билан боғлиқ қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича қуйидаги кўрсатмаларни беришга ҳақли:

тўлов ташкилотларининг электрон терминаллари (Е-РОS) орқали қонунчилик ҳужжатларида тақиқланган айрим тоифадаги операцияларнинг амалга оширилишини чеклаш ёки тўхтатиш;

фаолиятга доир айрим тоифадаги операция ёки жараёнларни амалга ошириш тартибини белгилаш.

Кўрсатмалар тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларига ёзма ёки ахборот тизимлари орқали электрон шаклда тақдим этилади.



5-БОБ. ТЎЛОВ ТИЗИМИ ОПЕРАТОРЛАРИ

ВА ТЎЛОВ ТАШКИЛОТЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ

ИНСПЕКЦИЯ ТЕКШИРУВИДАН ЎТКАЗИШ

           

19. Марказий банк тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларининг фаолиятини бир йилда кўпи билан бир марта инспекция текширувларидан ўтказишга ҳақли.

Муҳим тўлов тизимининг узлуксиз фаолият кўрсатишида бузилишлар бўлган тақдирда, Марказий банк навбатдан ташқари инспекция текширувини ўтказишга ҳақли.


20. Тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларининг инспекция текшируви Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси қарори билан тайинланган Марказий банкнинг инспекция текшируви ўтказишга масъул таркибий бўлинмаси (бўлинмалари) ходимлари (бундан буён матнда Марказий банкнинг ваколатли вакиллари деб юритилади) томонидан амалга оширилади.


21. Инспекция текширувлари тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятининг айрим масалалари бўйича ўтказилиши ёки комплекс текширувлар бўлиши мумкин.


22. Қуйидаги ҳолларда айрим масалалар бўйича инспекция текшируви ўтказилиши мумкин:

тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг таваккалчиликларини баҳолаш натижалари асосида;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг сўровлари асосида;

жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги фактлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида.


23. Инспекция текширувининг муддати 30 календарь кундан ошмаслиги лозим.


24. Марказий банкнинг ваколатли вакиллари тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини инспекция текширувидан ўтказиш жараёнида қуйидагиларга ҳақлидир:

ҳужжатларни олиш ва текшириш;

зарур бўлганда, текширув материалларига илова қилиш учун ҳужжатлардан кўчирма нусхалар олиш;

фаолиятга доир масалалар бўйича оғзаки ва ёзма тушунтиришлар олиш;

фаолиятни амалга ошириш жойларига кириш;

ташкилотнинг ахборот тизимларига кириш, шу жумладан электрон шаклда маълумот олиш (электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурнинг бошланғич матнларидан ташқари).


25. Агар сўралган маълумотлар ва ҳужжатлар бошқа тилда тайёрланган бўлса, Марказий банкнинг ваколатли вакиллари ушбу маълумотлар ва ҳужжатларни давлат тилида тақдим этилишини талаб қилишга ҳақли.


26. Марказий банкнинг ваколатли вакиллари текширув давомида ўзларига маълум бўлган тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг тижорат ва хизмат сирини ташкил этувчи маълумотларни учинчи шахсларга ошкор этмаслиги лозим.


27. Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари Марказий банкнинг ваколатли вакилларига текширувларни ўтказишга тўсқинлик қилмаслиги ва инспекция ўтказиш учун барча шарт- шароитларни яратиши, Марказий банкнинг ваколатли вакилларига амалий ёрдам кўрсатиш, шу жумладан уларнинг саволларига зарур тушунтиришлар бериш учун ходимларни бириктириши керак.


28. Инспекция текшируви якунлари бўйича Марказий банкнинг ваколатли вакиллари тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилоти фаолияти тўғрисидаги умумий ахборот ва текширув жараёнида аниқланган қоидабузарликлар ҳақидаги маълумотномани ўз ичига олган текширув далолатномасини икки нусхада тузади.


29. Марказий банкнинг ваколатли вакиллари текширув далолатномасининг бир нусхасини инспекция текшируви ўтказилган тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилотига топшириши лозим. Инспекция текшируви ўтказилган тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилоти текширув далолатномасини қабул қилган кундан бошлаб уч иш куни ичида ўз эътирозларини бериши мумкин. Эътирозлар текширув далолатномасига илова қилиниши лозим.



6-БОБ. ТЎЛОВ ТИЗИМИ ОПЕРАТОРЛАРИ

ВА ТЎЛОВ ТАШКИЛОТЛАРИГА ҚЎЛЛАНАДИГАН

ЧОРАЛАР ВА САНКЦИЯЛАР

             

30. Марказий банк тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш жараёнида улар томонидан "Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида"ги Қонун ҳамда бошқа қонунчилик талаблари бузилганлигини аниқлаган тақдирда, тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотларига нисбатан ушбу Қонун ҳамда мазкур Низомда белгиланган тартибда чоралар ва санкциялар қўллашга ҳақли.


31. Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларига нисбатан чоралар ва санкцияларни қўллаш тўғрисидаги қарор Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан қабул қилинади.


32. Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларига нисбатан чоралар ва санкцияларни қўллашда қуйидагиларни ҳисобга олади:

таваккалчиликнинг даражаси, қоидабузарликларнинг хусусияти, миқёси ва оқибатларини;

қоидабузарликларнинг тизимлилиги ва давомийлигини;

йўл қўйилган қоидабузарликларнинг тўлов тизимининг узлуксиз ишлашига таъсирини;

тўлов тизими операторлари ёки тўлов ташкилотларига нисбатан қўлланиладиган чоралар ва санкциялар натижасида вазиятни ўзгартириш имкониятини;

аниқланган қоидабузарликлар ва (ёки) таваккалчиликларнинг юзага келишига олиб келган сабабларни;

Марказий банк томонидан ахборот хавфсизлигини (киберхавфсизликни) таъминлаш бўйича белгиланган талабларнинг бажарилмаганлиги натижасида тўлов тизими операторлари ёки тўлов ташкилотларида юзага келган киберхавфсизлик ҳодисаларини;

илгари қўлланилган чоралар ва санкциялар таъсирининг самарадорлигини (натижадорлигини).


33. Агар тўлов тизими операторлари ёки тўлов ташкилотлари томонидан йўл қўйилган жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талабларининг, тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисидаги қонунчилик талабларининг бузилишлари тўлов тизимининг узлуксиз ишлашига бевосита таъсир кўрсатмаса, Марказий банк:

тўлов тизими операторининг ва (ёки) тўлов ташкилотининг бошқарув органларини аниқланган қоидабузарлик тўғрисида йўл қўйилган қоидабузарликни ва у бартараф этилиши керак бўлган муддатни кўрсатган ҳолда ёзма шаклда хабардор қилади, бунда мазкур муддат ўн иш кунидан кам бўлмаслиги керак;

тўлов тизими операторининг ва (ёки) тўлов ташкилотининг бошқарув органларига аниқланган қоидабузарликни бартараф этиш бўйича тавсиялар юборади.


34. Агар тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан йўл қўйилган юқорида кўрсатилган қонунчилик ҳужжатларининг бузилишлари тўлов тизимининг узлуксиз ишлашига салбий таъсир кўрсатса, Марказий банк тўлов тизими оператори ва (ёки) тўлов ташкилотининг бошқарув органларига қоидабузарликнинг бартараф этилиши тўғрисида уни бартараф этиш муддатини кўрсатган ҳолда кўрсатма юборади, бу муддат ўн иш кунидан кам бўлмаслиги керак.


35. Тўлов тизими оператори ва (ёки) тўлов ташкилоти Марказий банкнинг қоидабузарликни бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмасини бажармаган, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузган тақдирда, Марказий банк қонунчиликка мувофиқ қуйидаги санкциялардан бирини қўллайди:

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш минг бараваригача бўлган миқдорда жарима солади;

тўлов хизматларининг ва (ёки) операцияларнинг айрим турларини амалга оширишни олти ойгача бўлган муддатга чеклайди;

лицензиянинг амал қилишини ўн иш кунигача бўлган муддатга тўхтатиб туради.


36. Марказий банк қоидабузарликни бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмани бажармаган ҳамда қуйидаги қоидабузарликларни содир этган тўлов тизими оператори ва (ёки) тўлов ташкилотларига нисбатан мазкур Низомнинг 35-бандида белгиланган санкциялардан бирини қўллайди:

тўлов хизмати кўрсатилганидан сўнг тўлов хизматларидан фойдаланувчига тўлов хизмати кўрсатилганлиги фактини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса;

тўлов хизматларидан фойдаланувчини тўлов операциясини бошлашдан олдин тўлов хизматидан фойдаланганлик учун олинадиган йиғимлар ҳақида хабардор қилмаса;

тўлов хизматларидан фойдаланувчилардан тўловни амалга ошириш учун топшириқ олгандан сўнг тўлов операциясини асоссиз амалга оширмаса;

тўловни бажаришни рад этиш тўғрисида тўлов хизматидан фойдаланувчини хабардор қилмаса;

шахсга доир маълумотларнинг махфийлигини сақлаш талабларини бузса;

тўлов хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ низоларни муқобил ҳал этиш тартиб ва қоидаларини белгиламаса;

тўлов тизими операторлари ва (ёки) тўлов ташкилотларининг бошқарув органларига аниқланган қоидабузарликни бартараф этиш бўйича юборилган тавсияларга амал қилмаса;

Марказий банкнинг рухсатини олиш талаб этиладиган ҳаракатларни рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олмай туриб амалга оширса;

Марказий банк томонидан назорат вазифалари бажарилишига тўсқинлик қилса;

Марказий банкка ахборотларни ўз вақтида тақдим этмаса, бузилган ёхуд тўлиқ бўлмаган ахборотларни тақдим этса;

банк сири тўғрисидаги қонунчилик, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролининг тарқатилишини молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузилса;

ахборот хавфсизлигини таъминлаш талабларини бажармаса;

лицензия олишда тақдим этилган ҳужжатларда назарда тутилмаган тўлов хизматларини кўрсатса;

фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия тақдим этилганидан кейин фаолиятидаги ўзгаришлар тўғрисида Марказий банкни хабардор қилмаса;

бухгалтерия ҳисобини юритмаса ва молиявий ҳисоботларни тайёрламаса;

тўлов хизматларини кўрсатиш шартномаси бўйича тўлов агенти билан агентлик шартномаларини тузган тўлов ташкилоти Марказий банкка ушбу хизматлар, шунингдек ўзининг тўлов агентлари ҳамда тўлов субагентлари ҳақидаги маълумотни тақдим этмаса;

тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бошқа талабларини бузса.


37. Тўлов ташкилоти лицензиясининг амал қилишини ўн иш кунигача бўлган муддатга тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, Марказий банк тўлов тизими операторларига тўлов ташкилотини тизимдан ўчириш ҳақида талабнома юборади.


38. Марказий банк тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан "Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида"ги Қонун талабларининг мунтазам равишда ёки бир марта қўпол тарзда бузилганлиги учун тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг лицензиясини чақириб олиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.

"Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида"ги Қонун талабларининг бир йил давомида уч ва ундан ортиқ маротаба бузилиши "Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида"ги Қонун талабларини мунтазам равишда бузиш деб ҳисобланади.

Қуйидагилар "Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида"ги Қонун талабларининг бир марта қўпол тарзда бузилиши жумласига киради:

рухсат этилмаган тўловларни, шу жумладан қонунчиликда савдоси ва хизмат кўрсатилиши тақиқланган товар ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш ёки тўловни амалга ошириш учун шароитлар яратиш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролининг тарқатилишини молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги учун Марказий банк томонидан чоралар ва санкциялар қўлланилганидан кейин беш йил давомида такроран содир этилган худди шундай қоидабузарликни содир этиш;

тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари кўзда тутилмаган фавқулодда ҳодисалар оқибатида юзага келган ўз фаолиятидаги узилишларни (тўхталишларни) 12 соат ичида тўлик тикламаган ёки барқарор ишлашини таъминланмаган тақдирда;

тўловчини ва (ёки) бенефициарни идентификация қилиш имконини берувчи маълумотларнинг тўлов хизматлари кўрсатилганидан кейин камида беш йил давомида сақланишини таъминламаслик;

Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомда (рўйхат рақами 3431, 2023 йил 5 май) белгиланган қуйидаги лицензия талаблари ва шартларини бузиш:

1) тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотининг муассислари (иштирокчилари ёки акциядорлари)га кўйиладиган талаблар;

2) тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотининг устав фондига (устав капиталига) қўйиладиган талаблар;

3) тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотига қўйиладиган техник, хавфсизлик ҳамда фаолиятнинг узлуксизлигига доир талаблар.



7-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


39. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

            

            

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 16 май





































































Время: 0.0079
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск