Внимание!

NB! Мазкур Конун расмий эълон килинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Адвокатура /

Ўзбекистон Республикасининг 16.06.2023 й. ЎРҚ-848-сон "Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 17.01.2023 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 06.04.2023 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

16.06.2023 й.

N ЎРҚ-848



ДАВЛАТ ҲИСОБИДАН ЮРИДИК

ЁРДАМ КЎРСАТИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 17 январда қабул қилинган

Сенат томонидан 2023 йил 6 апрелда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам

кўрсатиш тўғрисидаги қонунчилик


Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


давлат ҳисобидан юридик ёрдам - ушбу Қонунда белгиланган тартиб-таомиллар ва шартларга мувофиқ тўлиқ ёки қисман давлат ҳисобидан кўрсатиладиган, жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган малакали юридик ёрдам;


Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестри - давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида ушбу Қонунга мувофиқ шартнома тузган адвокатлар ҳақидаги маълумотлар базаси;


"Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими - кам таъминланган деб эътироф этилган оилалар ва шахслар тўғрисидаги маълумотлар базаси;


кам таъминланган шахс - "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими воситасида кам таъминланган шахс деб эътироф этилган шахс;


"Юридик ёрдам" ахборот тизими - тасодифий электрон тарзда танлаб олиш йўли билан жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишга адвокатларни жалб этиш, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган ва давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ бўлмаган вазифаларни бажариш учун мўлжалланган махсус электрон ахборот тизими.



4-модда. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам

кўрсатиш соҳасидаги асосий принциплар


Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги асосий принциплар қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;

шаффофлик;

холислик, касбий маҳорат ва билимга эгалик;

камситишга йўл қўймаслик;

Адвокатнинг касб этикаси қоидаларига ва адвокат қасамёдига қатъий риоя этиш;

адвокатлик сирига риоя этиш;

манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик.



2-БОБ. ДАВЛАТ ҲИСОБИДАН ЮРИДИК

ЁРДАМ КЎРСАТИШ СОҲАСИНИ ДАВЛАТ

ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИШ


5-модда. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш

соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари


Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда амалга ошириш;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг самарали миллий тизимини яратиш ва ривожлантириш;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахсларнинг ҳуқуқий ҳимояга доир ҳуқуқларини ва давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш кафолатларини таъминлаш.



6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди ва уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

адвокатлар томонидан давлат ҳисобидан кўрсатилган юридик ёрдам учун ҳақ тўлаш миқдори ва тартибини белгилайди;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ваколатлари доирасида қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



7-модда. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг давлат

ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади).

Махсус ваколатли давлат органи:

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизимини бошқаради;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги давлат дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрини юритади;

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрига киритилиш истагини билдирган адвокатлар билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар тузилишини таъминлайди ва уларнинг ижроси устидан назоратни амалга оширади;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан тизимли мониторингни ташкил этади;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплаш чораларини кўради;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизимини молиялаштириш масаласи бўйича навбатдаги давр учун бюджет сўровларини шакллантиради;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилади ҳамда уларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасида давлат органлари ва адвокатлар ўртасидаги ҳамкорлик тизимини мувофиқлаштиради.

Махсус ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. ДАВЛАТ ҲИСОБИДАН ЮРИДИК ЁРДАМ

КЎРСАТИШ АСОСЛАРИ ВА ТАРТИБИ


8-модда. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи шахслар


Давлат ҳисобидан юридик ёрдам фақат Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрига киритилган адвокатлар томонидан кўрсатилади.



9-модда. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш

ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар


Қуйидаги жисмоний шахслар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга:

1) кам таъминланган шахслар, агар улар:

фуқаролик ишлари бўйича даъвогарлар ёки жавобгарлар;

маъмурий ишлар бўйича аризачилар;

маъмурий қамоқ тарзидаги маъмурий жазо назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахслар;

жиноят ишлари бўйича гумон қилинувчилар, айбланувчилар, судланувчилар, шунингдек маҳкумлар бўлса;

2) руҳий ҳолати бузилган жисмоний шахслар, уларга "Психиатрия ёрдами тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда;

3) ўз ҳуқуқлари бузилган, "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги муносабати билан судга мурожаат қилган жисмоний шахслар;

4) Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ жиноят иши бўйича адвокат иштирок этиши шарт бўлган тақдирда, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи.



10-модда. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга

бўлган жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар:

ушбу Қонунда белгиланган тартибда ва ҳолларда давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам олишга;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам олишни рад этишга;

ўзларига давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилиши чоғида олинган ахборотнинг махфийлигига риоя этилишини талаб қилишга;

махсус ваколатли давлат органи ходимларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилишга ҳақли.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар:

давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун мурожаат қилганда ҳаққоний ва тўлиқ ахборот тақдим этиши;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилишига таъсир этувчи ҳолатлар тўғрисида махсус ваколатли давлат органини ўз вақтида хабардор қилиши;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун ўзлари ёлғон ёки чалғитувчи маълумотлар тақдим этганлиги фактлари тасдиқланган тақдирда, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплаши шарт.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



11-модда. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар


Давлат ҳисобидан юридик ёрдам ушбу Қонун 9-моддасининг 1-бандида кўрсатилган жисмоний шахсларга фуқаролик ишлари бўйича судларга ва маъмурий судларга тааллуқли бўлган қуйидагилар ҳақидаги ишлар бўйича кўрсатилади:

ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ҳамда тўлаш тўғрисидаги;

ишга тиклаш ҳақидаги;

иш ҳақини ундириш тўғрисидаги;

алиментларни ундириш ҳақидаги;

уйга киритиш, турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ва кўчириш тўғрисидаги;

меҳнатда майиб бўлганлик ёки соғлиқнинг бошқача тарзда шикастланганлиги, шунингдек боқувчининг вафот этганлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги;

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 991-моддасида назарда тутилган тартибда терговга қадар текширувни амалга оширувчи органларнинг, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органларининг ва суднинг қонунга хилоф ҳаракатлари туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам ушбу шахслар томонидан маъмурий қамоқ тарзидаги маъмурий жазо назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган ҳолларда кўрсатилади.

Руҳий ҳолати бузилган жисмоний шахсларга психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда давлат ҳисобидан юридик ёрдам:

ташхис қўйиш, даволаш ва реабилитация қилиш;

тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш;

жиноят, фуқаролик ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича суд-психиатрия экспертизасини ўтказиш чоғида кўрсатилади.

Хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги тўғрисидаги ишларни судларда кўриш чоғида давлат ҳисобидан юридик ёрдам хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг қуйидаги йўналишлари бўйича кўрсатилади:

давлат фуқаролик хизмати соҳасида;

сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда;

иқтисодий соҳада ҳамда тадбиркорлик фаолиятида;

меҳнат муносабатларида;

ижтимоий ҳимоя соҳасида;

оилавий муносабатлар ҳамда болалар тарбияси соҳасида;

таълим, илм-фан, маданият ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида.

Агар шахс гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи бўлиб қолса, давлат ҳисобидан юридик ёрдам Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган тартибда кўрсатилади.

Агар кам таъминланган шахс маҳкум бўлиб қолган тақдирда, давлат ҳисобидан юридик ёрдам қонунчиликда белгиланган тартибда кўрсатилади.



12-модда. Адвокатни Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи

адвокатлар реестрига киритиш ва ундан чиқариш тартиби


Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрига киритилиш истагини билдирган адвокат давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартнома тузиш учун "Юридик ёрдам" ахборот тизими орқали махсус ваколатли давлат органига электрон тарзда мурожаат қилади.

Адвокатнинг Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрига киритиш ҳақидаги мурожаати махсус ваколатли давлат органи томонидан мурожаат келиб тушганидан кейин уч иш куни ичида кўриб чиқилади. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартнома адвокат ва махсус ваколатли давлат органи ўртасида тузилади.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартнома тузилганидан кейин адвокат Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрига киритилади.

Адвокат қуйидаги ҳолларда Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестридан чиқарилади:

адвокат билан тузилган давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартноманинг амал қилиш муддати тугаганда;

адвокат билан тузилган давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартнома бекор қилинганда;

адвокатнинг мақоми тўхтатиб турилганда;

адвокатнинг адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига доир лицензиясининг амал қилиши тугатилганда.



13-модда. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам

кўрсатиш тўғрисидаги шартнома


Давлат ҳисобидан юридик ёрдам махсус ваколатли давлат органи ва адвокат ўртасида электрон шаклда тузиладиган шартнома (бундан буён матнда шартнома деб юритилади) асосида кўрсатилади.

Шартномада қуйидагилар кўрсатилади:

адвокат ҳақидаги маълумотлар, унинг гувоҳномаси реквизитлари кўрсатилган ҳолда;

шартноманинг предмети;

шартноманинг амал қилиш муддати;

адвокат томонидан давлат ҳисобидан кўрсатиладиган юридик ёрдам учун ҳақ тўлаш шартлари;

тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари.

Шартнома мазмунига доир ушбу Қонунда назарда тутилмаган қоидалар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади.



14-модда. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи

адвокатлар реестрини юритиш тартиби


Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестри "Юридик ёрдам" ахборот тизими доирасида махсус ваколатли давлат органи томонидан электрон тарзда шакллантирилади.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрида адвокат ҳақидаги қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестридаги рақам;

адвокатнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига доир лицензиянинг берилган санаси ва тартиб рақами;

адвокат ўз фаолиятини амалга ошираётган адвокатлик тузилмасининг номи, жойлашган ери (почта манзили) ва телефон рақами;

адвокат қайси ҳудудлар доирасида давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш истагини билдирган бўлса, ўша ҳудудлар номи;

адвокатнинг рухсат этилган ихтисосликлари турлари;

иш юритиш тили;

иш вақти;

адвокат билан тузилган шартнома ҳақидаги маълумотлар.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестри барчанинг фойдаланиши учун очиқдир.



15-модда. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишда

"Юридик ёрдам" ахборот тизимидан фойдаланиш


Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишда "Юридик ёрдам" ахборот тизимида қуйидаги вазифалар амалга оширилади:

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги ҳужжатларни, ахборотни ва ҳисоботларни тўплаш;

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрини юритиш;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар билан шартномалар тузиш ва уларнинг ижроси устидан назорат қилиш;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатларнинг шахсий электрон кабинетларини шакллантириш;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатни автоматик равишда танлаш;

махсус ваколатли давлат органи, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари, адвокатлар, судлар, прокуратура, суриштирув ва тергов органлари ҳамда бошқа давлат органлари ўртасида электрон ҳужжат айланишини таъминлаш.

"Юридик ёрдам" ахборот тизими махсус ваколатли давлат органи томонидан юритилади.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ маълумотларни "Юридик ёрдам" ахборот тизимига киритиш адвокатлик сирини ёки бошқа хизмат сирини ошкор этиш деб ҳисобланмайди.



16-модда. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам

олиш тўғрисида ариза бериш тартиби


Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун жисмоний шахслар экстерриториаллик принципи асосида махсус ваколатли давлат органига оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.

Жисмоний шахслар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун қуйидагиларни тақдим этади:

давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги ариза;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахснинг паспортига оид маълумотлар (идентификацияловчи ID-карта);

давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги ариза давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахснинг вакили томонидан берилган тақдирда - жисмоний шахснинг вакилига берилган ишончнома ва (ёки) унинг ваколатларини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар ёхуд қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахс ва унинг вакили ўртасидаги қариндошлик муносабатларини тасдиқловчи ҳужжатлар;

ариза руҳий ҳолати бузилган, психиатрия ёрдами кўрсатилаётган жисмоний шахснинг қонуний вакили ёки психиатрия муассасаси томонидан берилган тақдирда - психиатрия ёрдами кўрсатувчи психиатрия муассасасининг жисмоний шахсга психиатрия ёрдами кўрсатилаётганлигини тасдиқловчи маълумотномаси;

ариза ўз ҳуқуқлари бузилган, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги муносабати билан судга мурожаат қилган жисмоний шахс томонидан берилган тақдирда - хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги билан боғлиқ иш судда кўриб чиқилаётганлиги тўғрисидаги маълумотнома.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги ариза "Юридик ёрдам" ахборот тизимида рўйхатга олинади.

Ушбу модда иккинчи қисмининг тўртинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошиларида назарда тутилган ахборот махсус ваколатли давлат органи томонидан давлат органлари ўртасида электрон ахборот алмашинуви доирасида мустақил равишда электрон шаклда олиниши мумкин.



17-модда. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги

сўровни (ваколатли органнинг ёки муассасанинг ёхуд мансабдор

шахснинг қарорини, суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг

қарорини ёки суднинг ажримини) ваколатли орган (мансабдор шахс)

томонидан юбориш тартиби


Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўров (ваколатли органнинг ёки муассасанинг ёхуд мансабдор шахснинг қарори, суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими (бундан буён матнда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўров деб юритилади) қуйидаги ваколатли органлар (мансабдор шахслар) томонидан "Юридик ёрдам" ахборот тизими орқали юборилади:

давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган даъвогарнинг ёки жавобгарнинг илтимосига кўра фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган аризачининг илтимосига кўра маъмурий суд томонидан;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган ҳуқуқбузарнинг илтимосига кўра маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш ва кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган давлат органлари (мансабдор шахслар) томонидан;

жиноят иши бўйича давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг илтимосига кўра жиноят иши ўз иш юритувида бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ва жиноят ишлари бўйича суд томонидан;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган маҳкумнинг илтимосига кўра жазони ва бошқа жиноят-ҳуқуқий таъсир чораларини ижро этувчи муассасаларнинг ҳамда органларнинг ваколатли мансабдор шахси томонидан;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахсга психиатрия ёрдами кўрсатаётган психиатрия муассасаси томонидан;

ўз ҳуқуқлари бузилган ҳамда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги муносабати билан судга мурожаат қилган, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахснинг илтимосига кўра суд томонидан.

Ишни юритаётган ваколатли органнинг (мансабдор шахснинг) давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўровида давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган жисмоний шахс ҳақидаги ахборот, шу жумладан унинг паспортга оид маълумотлари (идентификацияловчи ID-карта), иш рақами ва тоифаси, иш юритиладиган тил ва давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган бошқа ахборот кўрсатилади.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўровни юборишда ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган жисмоний шахснинг "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимида ҳисобда турганлиги ҳақидаги маълумотлар "Юридик ёрдам" ахборот тизими орқали автоматик равишда текширилади.

Агар давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган жисмоний шахс "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимида ҳисобда турган бўлса, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўров ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан "Юридик ёрдам" ахборот тизимида рўйхатга олинади ва кўриб чиқиш учун махсус ваколатли давлат органига юборилади.

Агар жисмоний шахс "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимида ҳисобда турмаган бўлса, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўров "Юридик ёрдам" ахборот тизимида рўйхатга олинмайди, бундан ушбу модданинг олтинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Агар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ жиноят иши бўйича адвокат иштирок этиши шарт бўлса, адвокат тайинлаш тўғрисидаги суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган жисмоний шахс "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимида ҳисобда туриши ёки турмаслигидан қатъи назар, "Юридик ёрдам" ахборот тизимида рўйхатга олинади.



18-модда. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги

аризани ёки давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш

ҳақидаги сўровни кўриб чиқиш тартиби


Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги ариза ёки давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўров махсус ваколатли давлат органига келиб тушган кундан эътиборан уч иш куни ичида кўриб чиқилади, бундан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган, жиноят ишлари бўйича адвокат иштирок этиши шарт бўлган ҳоллар ва муддатлар мустасно.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги аризани ёки давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўровни кўриб чиқишда қуйидагилар текширилади:

давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги аризада ёки давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўровда баён этилган масалаларнинг ушбу Қонуннинг 11-моддасида назарда тутилган давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига мувофиқлиги;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги ариза давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахснинг вакили томонидан берилган тақдирда - жисмоний шахснинг вакилига берилган ишончнома ва (ёки) унинг ваколатларини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар ёхуд қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахс ва унинг вакили ўртасидаги қариндошлик муносабатларини тасдиқловчи ҳужжатлар;

ариза руҳий ҳолати бузилган, психиатрия ёрдами кўрсатилаётган жисмоний шахснинг қонуний вакили ёки психиатрия муассасаси томонидан берилган тақдирда - жисмоний шахсга психиатрия ёрдами кўрсатилаётганлиги ҳақидаги ахборот;

ариза ўз ҳуқуқлари бузилган, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги муносабати билан судга мурожаат қилган жисмоний шахс томонидан берилган тақдирда - хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги билан боғлиқ иш судда кўриб чиқилаётганлиги ҳақидаги ахборот.

Ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан ушбу Қонун 9-моддасининг 1-бандида кўрсатилган жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўров юборилган тақдирда, шахснинг "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими воситасида кам таъминланган шахс деб эътироф этилганлиги ҳақидаги ахборот "Юридик ёрдам" ахборот тизими орқали автоматик равишда текширилади.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги аризани ёки давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўровни кўриб чиқиш якунлари юзасидан махсус ваколатли давлат органи тегишинча ариза берган жисмоний шахсни ёки сўров юборган ваколатли органни (мансабдор шахсни) давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақида ёки давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишни рад этиш тўғрисида хабардор қилади.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги аризада ёки давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўровда кўрсатилган ахборот ушбу Қонун талабларига мувофиқ бўлган тақдирда, махсус ваколатли давлат органи томонидан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарор "Юридик ёрдам" ахборот тизимида рўйхатга олинади.



19-модда. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам

кўрсатишни рад этиш асослари


Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш қуйидаги ҳолларда рад этилади:

давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги ариза ёки давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўров ушбу Қонун талабларига мувофиқ бўлмаганда;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги ариза жисмоний шахснинг вакили томонидан унинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар ёки қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, жисмоний шахс ва унинг вакили ўртасидаги қариндошлик муносабатларини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмасдан берилганда;

психиатрия ёрдами кўрсатувчи психиатрия муассасасининг жисмоний шахсга психиатрия ёрдами кўрсатилаётганлигини тасдиқловчи маълумотномаси мавжуд бўлмаганда;

хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги билан боғлиқ иш судда кўриб чиқилаётганлиги тўғрисидаги маълумотнома мавжуд бўлмаганда;

жисмоний шахс (унинг вакили) томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ёлғон ёки нотўғри ахборот мавжуд бўлганда;

жисмоний шахсга илгари фуқаролик ишлари ёки маъмурий ишлар бўйича айни ўша тарафлар ўртасидаги низо юзасидан айни ўша предмет тўғрисидаги ва айни ўша асослар бўйича ҳуқуқий ҳимоянинг барча воситалари қўлланилган ҳолда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилган бўлса (бундан янги очилган ҳолатлар бўйича қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ҳоллари мустасно).

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш рад этилган тақдирда, махсус ваколатли давлат органи давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисида ариза берган жисмоний шахсни ёки давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақида сўров юборган ваколатли органни (мансабдор шахсни) рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда хабардор қилади.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш рад этилганлиги устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиниши мумкин.



20-модда. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатни

"Юридик ёрдам" ахборот тизими орқали танлаш тартиби


Махсус ваколатли давлат органининг давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги қарори ёки адвокат тайинлаш тўғрисидаги суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори ёхуд суднинг ажрими "Юридик ёрдам" ахборот тизимида рўйхатга олинганидан кейин "Юридик ёрдам" ахборот тизими давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлардан бирини автоматик равишда танлайди.

"Юридик ёрдам" ахборот тизими орқали адвокатни танлашда унинг ихтисослашуви, адвокат қайси ҳудуд доирасида давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш бўйича ўз фаолиятини амалга ошираётган бўлса, ўша ҳудуд ва иш юритиш тили инобатга олинади.

"Юридик ёрдам" ахборот тизими орқали танланган ҳамда тегишли ишда ўзининг иштирок этишини тасдиқлаган адвокат қонунчиликда белгиланган муддатларда ва тартибда юридик ёрдам кўрсатишга киришиши шарт.

"Юридик ёрдам" ахборот тизими орқали танланган адвокат ҳақидаги ахборот давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисида ариза берган жисмоний шахсга ёки давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақида сўров юборган ваколатли органга (мансабдор шахсга) жўнатилади.

Агар "Юридик ёрдам" ахборот тизими орқали танланган адвокат ишда иштирок этишни рад этадиган бўлса, у рад этиш асосларини дарҳол "Юридик ёрдам" ахборот тизимига киритиши керак.

"Юридик ёрдам" ахборот тизими орқали адвокатни танлаш жараёни "Юридик ёрдам" ахборот тизими орқали танланган адвокатлардан бири ўзининг ишда иштирок этишини тасдиқланмагунига қадар давом этади.



21-модда. Адвокатни давлат ҳисобидан юридик ёрдам

кўрсатувчи адвокатларнинг навбатчилик жадвалига

асосан ишда иштирок этиш учун жалб қилиш тартиби


Суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд махсус ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланган давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатларнинг навбатчилик жадвалига асосан қуйидаги ҳолларда адвокатлардан бирини ишда иштирок этиш учун жалб қилиши мумкин:

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатларини ўтказиш зарур бўлганда;

техник муаммолар сабабли "Юридик ёрдам" ахборот тизими орқали адвокатни танлаш имконияти мавжуд бўлмаганда;

дам олиш ёки ишланмайдиган байрам кунлари бошланганда.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолларда суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд адвокатни "Юридик ёрдам" ахборот тизими орқали танлаш имконияти мавжуд бўлмаганлиги ва ишда иштирок этиш учун навбатчи адвокат жалб қилинганлиги асослари ҳақидаги ахборотнинг мазкур ахборот тизими орқали онлайн режимда ишлаш имконияти бошланган пайтдан эътиборан ўн икки соатдан кечиктирмай киритилишини таъминлаши шарт.



22-модда. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи

адвокатни алмаштириш асослари ва тартиби


Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокат Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестридан чиқарилган тақдирда ёки қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда махсус ваколатли давлат органининг қарори асосида бошқа адвокат билан алмаштирилади.

Бир адвокатни бошқа адвокат билан алмаштириш чоғида давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг узлуксизлиги таъминланади.



23-модда. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам

кўрсатишни тугатиш асослари


Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш махсус ваколатли давлат органининг қарори асосида қуйидаги асосларга кўра тугатилади:

давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисида ариза берган жисмоний шахснинг аризасига кўра;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи жисмоний шахс "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимида кам таъминланган шахслар тоифасидан чиқарилган бўлса;

қайси иш бўйича жисмоний шахсга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш учун илгари адвокат тақдим этилган бўлса, ўша иш бўйича мазкур жисмоний шахс бошқа адвокат билан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартнома тузган бўлса;

жисмоний шахснинг аризасида кўрсатилган масала бўйича юридик ёрдам кўрсатиш суднинг тегишли ҳукми, қарори ёки ажрими чиқарилганлиги муносабати билан якунланган бўлса;

психиатрия муассасаси томонидан жисмоний шахсга психиатрия ёрдамини кўрсатиш тугатилган бўлса;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам олаётган жисмоний шахс вафот этган ёки вафот этган деб эълон қилинган ёхуд бедарак йўқолган деб топилган бўлса;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам олаётган шахс адвокатдан белгиланган тартибда ёзма равишда воз кечганда.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган ҳолларда давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахснинг адвокатдан воз кечишига йўл қўйилмайди.



24-модда. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам

кўрсатилганлигини тасдиқлаш


Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрига киритилган адвокатлар қонунчиликда белгиланган тартибга ва Адвокатнинг касб этикаси қоидаларига мувофиқ давлат ҳисобидан юридик ёрдамни сифатли кўрсатиши шарт.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилганлигини тасдиқлаш учун адвокат томонидан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилганлиги тўғрисида маълумотнома тузилади. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилганлиги тўғрисидаги маълумотномада ишнинг рақами, ишда иштирок этган адвокатнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилган жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, ишда иштирок этиш кунлари кўрсатилади. Маълумотномада адвокат томонидан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилганлиги билан боғлиқ бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш рад этилганлиги ҳақида адвокат, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс ва ваколатли давлат органининг мансабдор шахси томонидан баённома тузилади ҳамда имзоланади, бундан ушбу модданинг олтинчи қисмида назарда тутилган ҳол мустасно. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш рад этилганлиги ҳақидаги баённомада ишнинг рақами, ишда иштирок этган адвокатнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олишни рад этган жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, ваколатли давлат органи мансабдор шахсининг фамилияси, исми ва отасининг исми, унинг лавозими, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олишни рад этиш сабаблари, адвокат ишда иштирок этган кунлар ҳамда адвокат томонидан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилиши билан боғлиқ бошқа маълумотлар кўрсатилади.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокат алмаштирилган ёки давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тугатилган ҳолларда, бу ҳақда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилганлиги тўғрисидаги маълумотномада ёки давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш рад этилганлиги ҳақидаги баённомада қайд этилади.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилганлиги тўғрисидаги маълумотнома адвокат томонидан имзоланади. Бунда маълумотноманинг процессуал ҳаракатларни амалга оширишда адвокат иштирок этиши ҳақидаги қисми суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд ёки тегишли ишни юритаётган бошқа ваколатли орган билан келишилади.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи адвокатдан воз кечганда адвокатдан воз кечиш тўғрисидаги баённома Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида белгиланган тартибда тузилади.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилганлиги тўғрисидаги маълумотнома, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш рад этилганлиги ҳақидаги баённома ёки адвокатдан воз кечиш тўғрисидаги баённома "Юридик ёрдам" ахборот тизимига тегишли адвокат томонидан киритилади.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ маълумотлар махсус ваколатли давлат органи томонидан текширилиши лозим.

Махсус ваколатли давлат органи адвокат томонидан кўрсатилган юридик ёрдамнинг сифати, муддатлари, ҳажми ва турини тасдиқлаш мақсадида давлат ҳисобидан юридик ёрдам олган жисмоний шахслардан ва ишни юритаётган ваколатли органдан (мансабдор шахсдан) ахборот сўраб олишга ҳақли.



4-БОБ. ДАВЛАТ ҲИСОБИДАН ЮРИДИК ЁРДАМНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ АСОСЛАРИ ВА ТАРТИБИ


25-модда. Давлат ҳисобидан юридик ёрдамни

молиялаштириш асослари


Давлат ҳисобидан юридик ёрдамни молиялаштириш учун давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилганлиги тўғрисидаги маълумотнома ёки давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш рад этилганлиги ҳақидаги баённома асос бўлади.

Иш юритиш тўхтатиб турилгунига қадар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахсга амалда кўрсатилган юридик ёрдам иш юритишни тўхтатиб туриш ҳақидаги суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарорига ёки ваколатли давлат органининг (мансабдор шахснинг) қарорига ёхуд суднинг ажримига асосан давлат ҳисобидан молиялаштирилади.

Жиноят ишлари бўйича гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг адвокатдан воз кечиши билан боғлиқ бўлган процессуал ҳаракатда адвокат иштирок этган ҳолларда адвокатдан воз кечиш тўғрисидаги баённома давлат ҳисобидан кўрсатилган юридик ёрдамни молиялаштириш учун асос бўлади.



26-модда. Давлат ҳисобидан юридик ёрдамни

молиялаштириш манбалари


Давлат ҳисобидан юридик ёрдамни молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.



27-модда. Адвокатлар томонидан давлат ҳисобидан

кўрсатилган юридик ёрдам учун ҳақ тўлаш


Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатган адвокатга ушбу Қонунга мувофиқ кўрсатилган юридик ёрдам учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда ва миқдорларда тўлов амалга оширилади.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокат ушбу Қонуннинг 22-моддасига мувофиқ алмаштирилган тақдирда ёки давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ушбу Қонуннинг 23-моддасига мувофиқ тугатилганда амалда юридик ёрдам кўрсатган адвокатга тўлов амалга оширилади.

Давлат ҳисобидан кўрсатилган юридик ёрдам учун адвокатга қонунчиликда белгиланган муддатда ва тартибда тўлов амалга оширилиши керак.

Давлат ҳисобидан кўрсатилган юридик ёрдам учун адвокатга тўлов Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасининг тегишли ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатга юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ хизмат сафари ва транспорт харажатларининг ўрни қонунчиликка мувофиқ қопланади.



28-модда. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш билан

боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплаш тартиби


Агар фуқаролик ишлари бўйича суднинг ҳал қилув қарори давлат ҳисобидан юридик ёрдам олган жисмоний шахснинг фойдасига қабул қилинган бўлса, суд иккинчи тарафдан адвокатнинг ёрдамига ҳақ тўлаш бўйича давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатларни қонунчиликда белгиланган миқдорда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети фойдасига ундириб олади, бундан иккала тараф ушбу Қонунга мувофиқ давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар деб эътироф этилган ҳоллар мустасно.

Жисмоний шахс ўзининг давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар тоифаларидан бирига киритилиши мақсадида ёлғон ёки чалғитувчи маълумотлар тақдим этганлиги факти аниқланган тақдирда, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ барча харажатларнинг ўрни юридик ёрдам олган жисмоний шахс томонидан қопланади.

Адвокат давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилганлиги тўғрисида ёлғон ёки нотўғри маълумотлар тақдим этганлиги факти аниқланган тақдирда, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрни адвокат томонидан қопланади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган жисмоний шахс томонидан ёки ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган адвокат томонидан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаш рад этилган тақдирда, бундай харажатлар суд тартибида ундирилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


29-модда. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш

тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик


Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



30-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



31-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



32-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                               Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 17 июнь













































Время: 0.1763
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск