ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Матбаа-нашриёт фаолияти /

Давлат органлари ва ташкилотлари муассислигида бўлмаган даврий босма нашрларнинг замонавий электрон шаклини яратиш, уларни модернизация қилиш ва бир йил давомида юритиш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисида Вақтинчалик низом (ЎзР ВМ 26.06.2023 й. 262-сон қарорига 5-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 26 июндаги

262-сон қарорига

5-ИЛОВА



Давлат органлари ва ташкилотлари муассислигида

бўлмаган даврий босма нашрларнинг замонавий электрон

шаклини яратиш, уларни модернизация қилиш ва бир йил

давомида юритиш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисида

ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом давлат органлари ва ташкилотлари муассислигида бўлмаган ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилганига камида икки йил бўлган даврий босма нашрлар ўртасида танлов ўтказиш орқали босма нашрларнинг замонавий электрон шаклини, шу жумладан, мобил иловаларини яратиш, уларни модернизация қилиш ва бир йил давомида юритиш харажатларини қоплаш тартибини белгилайди.

Бунда, ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган мақсадлар учун ҳар йили энг яхши 20 та лойиҳани аниқлаш бўйича танлов эълон қилинади ҳамда ғолиб деб топилган лойиҳаларга Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан маблағ ажратилади.


2. Мазкур Низом 2026 йил 1 январга қадар амал қилади.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


буюртмачи - Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги;


даврий босма нашр - оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг доимий номга эга бўлган ҳамда босма тарзда олти ойда камида бир марта нашр этиладиган, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган газета, журнал, ахборотнома, бюллетень;


даврий босма нашр муассис(лар)и ва (ёки) таҳририятининг лойиҳаси (кейинги ўринларда - лойиҳа) - даврий босма нашрларнинг замонавий электрон шаклини яратиш, уларни модернизация қилиш ва бир йил давомида юритиш харажатлари мақсадли сарфланишини ўзида акс эттирувчи маълумотлар ва чора-тадбирлар мажмуини ўз ичига олган ҳужжат;


талабгор - танловда иштирок этаётган Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилган даврий босма нашр;


талабнома - танловда иштирок этиш учун талабгор томонидан тақдим этиладиган ҳужжат;


танлов - давлат органлари ва ташкилотлари муассислигида бўлмаган ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилганига камида икки йил бўлган даврий босма нашрлар орасидан уларнинг замонавий электрон шаклини, шу жумладан, мобил иловаларини яратиш, модернизация қилиш ва бир йил давомида юритиш харажатларини қоплаш мақсадида ҳар йили энг яхши 20 та лойиҳани саралаб олиш жараёни;


танлов шартномаси (кейинги ўринларда - шартнома) - буюртмачи ва танловда ғолиб деб топилган даврий босма нашр муассис(лар)и ва (ёки) таҳририяти ўртасида тузиладиган битим;


ташкилий қўмита - талабгор томонидан танловда иштирок этиш учун тақдим этилган лойиҳаларни баҳолаш ва танлов ғолибларини аниқлаш, шунингдек танловни ўтказиш билан боғлиқ бошқа ташкилий масалаларни ҳал қилиш вазифаларини амалга оширувчи коллегиал тузилма.



2-БОБ. ТАНЛОВНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ВА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


4. Танлов мазкур Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ ўтказилади.


5. Танловда иштирок этиш учун талабгор мазкур Низомга 2-иловада белгиланган шаклга мувофиқ талабнома тақдим этади.


6. Танловда қуйидагиларнинг иштирок этишига йўл қўйилмайди:

давлат органлари ва ташкилотлари муассис бўлган даврий босма нашрлар;

талабнома топширилган кунга қадар сўнгги уч ой давомида ҳар бир сонининг адади 300 нусхадан кам бўлган даврий босма нашрлар;

талабнома топширилган кунга қадар сўнгги олти ой давомида чоп этилмаган даврий босма нашрлар;

чет эл даврий босма нашрлари.


7. Ушбу Низомга мувофиқ танлов ғолиби деб топилган даврий босма нашрнинг мазкур танловда қайта иштирок этиши тақиқланади.


8. Ташкилий қўмита талабномаларни даврий босма нашрларнинг муассислари ва (ёки) бош муҳаррирлари томонидан имзоланган ҳамда муҳрланган ҳолда қабул қилиб, танловда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтказади ва унга идентификация рақами беради.


9. Буюртмачи ҳар йили 30 июнга қадар танлов ўтказиш тўғрисидаги маълумотни ўз расмий веб-сайтига, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги саҳифаларига жойлаштиради ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон беради.

Танлов ўтказиш тўғрисидаги эълон буюртмачининг расмий веб-сайти ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги саҳифаларида талабномаларни шакллантириш, рўйхатдан ўтказиш ва топшириш тартиби ҳамда муддатлари кўрсатилган ҳолда жойлаштирилади.


10. Талабгор ҳар йили 30 июлга қадар танловда иштирок этиш тўғрисида талабнома топширади.


11. Ташкилий қўмита ҳар йили 1-20 август кунлари:

талабгор томонидан тақдим этилган талабнома ва унга илова қилинган лойиҳаларни рўйхатга олади ҳамда ушбу Низомнинг 17-бандида белгиланган мезонлар асосида саралайди;

талабгор томонидан тақдим этилган лойиҳаларни экспертизадан ўтказади ва ғолибларни аниқлайди;

ғолибларни аниқлаш бўйича йиғилиш баённомаси имзолайди.


12. Танлов эълон қилинган муддат ичида келиб тушган талабномалар ташкилий қўмита томонидан рўйхатга олинади ва у буюртмачи архивида беш йилгача сақланади.



3-БОБ. ТАШКИЛИЙ ҚЎМИТА ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Ташкилий қўмита мазкур Низомга 3-иловага мувофиқ таркибда тузилади.

Бунда, йиғилиш Ташкилий қўмита аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этганда, ваколатли ҳисобланади.

Ташкилий қўмита қарори баённома шаклида расмийлаштирилади.


14. Ташкилий қўмита:

танловга ажратилган маблағ миқдорини белгилаш юзасидан харажатлар сметасини (базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача бўлган миқдорда) ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

танлов ғолибини аниқлаш бўйича баённома расмийлаштиради;

танловга ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

танлов ғолибларининг ҳисоботларини қабул қилади;

танловга келиб тушган барча талабномаларни экспертизадан ўтказади;

тақдим этилган маълумотларнинг тўлиқлиги ва тўғрилигини, зарур имзо (муҳр ва штамплар)нинг мавжудлигини, ноаниқликлар йўқлигини ўрганади;

тақдим этилган молиявий-иқтисодий ҳисоб-китобларни ўрганади.



4-БОБ. ТАНЛОВ ҒОЛИБИНИ АНИҚЛАШ МЕЗОНЛАРИ


15. Танлов ғолиби ташкилий қўмита йиғилиши аъзоларининг очиқ овоз бериши йўли билан аниқланади.

Битта талабгорга ташкилий қўмита йиғилиши аъзоларининг ярмидан кўпи овоз берган тақдирда, ушбу талабгор танлов ғолиби деб эълон қилинади.


16. Ғолибни аниқлаш жараёнида тақдим этилган ҳужжатлар юзасидан ахборот соҳасидаги тажрибали экспертлардан фикр олиниши мумкин.


17. Танловга 20 тадан ортиқ талабгор талабнома топширганда, ғолиблар ташкилий қўмита томонидан қуйидаги мезонлар асосида саралаб олинади:

даврий босма нашр чиқарилаётган муддат, унинг адади ва саҳифалари сони;

даврий босма нашр бош муҳаррирининг меҳнат стажи ва тажрибаси;

таҳририят штатида турган, материалларни тўплаш, таҳлил ва таҳрир қилиш ҳамда тайёрлаш билан шуғулланувчи ходимлар сони ва уларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги саводхонлиги;

даврий босма нашр таҳририяти штатида компьютер дастурчиси ёки ижтимоий тармоқ маркетинги бўйича мутахассис мавжудлиги;

талабгор аввал давлат ижтимоий буюртмасини олганлиги ва уни сифатли бажарганлиги.



5-БОБ. БУЮРТМАЧИ ВА ТАНЛОВ ҒОЛИБИ

ЎРТАСИДА ШАРТНОМА


18. Танлов ғолибига маблағ ажратиш ташкилий қўмитанинг танлов ғолиби кўрсатилган йиғилиш баённомаси имзоланган санадан эътиборан ўн кун муддат ичида буюртмачи раҳбари буйруғи асосида ғолиб билан тузилган шартнома орқали унинг ҳисобварағига белгиланган миқдорда маблағ ўтказиш орқали амалга оширилади.


19. Шартнома қуйидаги қоидаларни ўз ичига олган бўлиши керак:

танловнинг мақсади;

танлов шартлари ва ушбу шартларни амалга ошириш муддатлари;

танловга ажратилган маблағ миқдори;

маблағ билан таъминлаш муддатлари;

танловга ажратилган маблағдан мақсадли фойдаланиш юзасидан назорат шакллари;

ҳисобот бериш муддатлари ва шакллари.


20. Агар танловда ғолиб деб топилган даврий босма нашр шартномани имзолашдан бош тортса ёки танловни ўтказиш давомида ўз фаолиятини тугатган ёхуд қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тўловга қобилиятсиз деб эътироф этилган бўлса, буюртмаси танловда иштирок этган ва юқори баҳо олган кейинги иштирокчига шартнома имзолашни таклиф этишга ҳақли.


21. Танлов ғолиби лойиҳадаги талабларни танловга тақдим этилган ҳужжатларда белгиланган муддат ва шартларда амалга оширмаган тақдирда, буюртмачи томонидан талабгорга ажратилган маблағни суд орқали ундириш чоралари кўрилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


22. Лойиҳа молиялаштирилгандан сўнг кўпи билан олти ой ичида амалга оширилиши шарт.


23. Танлов ғолиби шартнома асосида Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади.


24. Танлов учун ажратилган маблағдан тўғри ва мақсадли фойдаланиш, шунингдек, шартномада келишилган шартларни бажариш учун даврий босма нашрнинг муассиси ва (ёки) бош муҳаррири жавобгар бўладилар.


25. Танлов натижаларидан норози бўлган иштирокчилар қонунчиликка мувофиқ юқори турувчи органга ёки судга мурожаат қилишлари мумкин.


26. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Вақтинчалик низомга

1-ИЛОВА



Даврий босма нашрларнинг замонавий электрон

шаклини, шу жумладан, мобил иловаларини яратиш,

уларни модернизация қилиш ва бир йил давомида юритиш

харажатларини қоплаш бўйича танлов ташкил этиш ва ўтказиш

СХЕМАСИ

Босқич

Субъект


Тадбирлар


Бажариш муддати

1-босқич

Буюртмачи (Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги)


Танлов ўтказиш тўғрисидаги маълумотни ўз расмий веб-сайтига, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги саҳифаларига жойлаштиради ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон беради.


Ҳар йили 30 июнга қадар







2-босқич

Талабгор


Танловда иштирок этиш тўғрисида талабнома топширади.


Ҳар йили 30 июлга қадар







3-босқич

Ташкилий қўмита


Талабгор томонидан тақдим этилган лойиҳаларни рўйхатга олади ва белгиланган талаблар асосида саралайди.


Ҳар йили 1-20 август кунлари







4-босқич

Ташкилий қўмита


Талабгор томонидан тақдим этилган лойиҳаларни экспертизадан ўтказади ва ғолибларни аниқлайди.

Ғолибларни аниқлаш бўйича йиғилиш баённомаси имзоланади.


Ҳар йили 1-20 август кунлари







5-босқич

Буюртмачи


Ғолиб билан тўғридан-тўғри тузилган шартнома орқали унинг ҳисобварағига белгиланган миқдорда маблағ ўтказади.


Ғолибларни аниқлаш бўйича йиғилиш баённомаси имзоланган санадан бошлаб 10 кун муддат ичида

        





Вақтинчалик низомга

2-ИЛОВА



НАМУНА



Даврий босма нашрларнинг замонавий электрон

шаклини, шу жумладан, мобил иловаларини яратиш,

уларни модернизация қилиш ва бир йил давомида юритиш

харажатларини қоплаш бўйича танловда иштирок этиш учун

______________________________________________________нинг

(даврий босма нашрнинг ёки муассисининг номи)

ТАЛАБНОМАСИ

Кириш қисми



Даврий босма нашр давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома рақами ва берилган санаси



Талабгорнинг номи (давлат рўйхатидан ўтказилган уставга мувофиқ), банк ҳисобварағи



Лойиҳа мазмуни



Ариза берувчи тўғрисидаги тўлиқ маълумотлар (юридик манзили, телефон рақами)



Ташкилот раҳбарининг Ф.И.О., бошқа маълумотлар (яшаш манзили, электрон почтаси, телефон коди билан тўлиқ кўрсатилиши лозим)



Ташкилот ҳисобчисининг Ф.И.О., бошқа маълумотлар (доимий рўйхатда турган ва яшаш манзили, телефон рақами)



Лойиҳани амалга ошириш муддати (бошланиш санаси - тугатиш санаси)



Сўралаётган маблағ миқдори (сўм)



Қўшимча жалб қилинадиган маблағ миқдори (сўм)



Лойиҳани амалга оширишдан кутилаётган натижалар



Талабнома берувчининг ушбу соҳадаги тажрибаси (талабгорнинг фаолияти, унинг ютуқлари)



Харажатлар сметаси


Харажат номи


Талаб этиладиган маблағ

Раҳбар Ф.И.О.





Имзо


сана

                               Муҳр ўрни

Бош муҳаррир Ф.И.О.





Имзо


сана

       





Вақтинчалик низомга

3-ИЛОВА



Даврий босма нашрларнинг замонавий электрон

шаклини, шу жумладан, мобил иловаларини яратиш,

уларни модернизация қилиш ва бир йил давомида юритиш

харажатларини қоплаш бўйича танловни ўтказиш юзасидан

ТАШКИЛИЙ ҚЎМИТА ТАРКИБИ

1. А.А. Ходжаев

-

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори, ташкилий қўмита раиси


2. Лавозими бўйича

-

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси, ташкилий қўмита раиси ўринбосари


3. О.А. Пекось

-

рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари


4. С.М. Дониёров

-

"Янги Ўзбекистон" ва "Правда Востока" газеталари бош муҳаррири


5. Х.Ғ. Худойбердиев

-

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг ўринбосари


6. Ф.Б. Эгамбердиева

-

"Darakchi.uz" электрон сайти бош муҳаррири*


7. Г.К. Хатамова

-

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бошқарма бошлиғи, ташкилий қўмита котиби


            

Изоҳ. Ташкилий қўмита аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган ходимлар Ташкилий қўмита таркибига киритилади.


*) ташкилий қўмитанинг ушбу аъзоси ташкилий қўмитанинг қарори билан ҳар йили ўзгартирилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 27 июнь












































Время: 0.0298
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск