ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Оммавий ахборот воситалари / Матбуотни тарқатиш /

Жисмоний шахслар томонидан даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларига электрон тарзда обуна бўлиш ҳамда даврий босма нашрлар учун обуна харажатларининг бир қисмини қайтариб бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 26.06.2023 й. 262-сон қарорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 26 июндаги

262-сон қарорига

4-ИЛОВА



Жисмоний шахслар томонидан даврий босма нашрлар,

китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларига электрон тарзда

обуна бўлиш ҳамда даврий босма нашрлар учун обуна

харажатларининг бир қисмини қайтариб

бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Обуна" ягона электрон платформаси ва унинг мобил иловаси (кейинги ўринларда - Платформа) орқали даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларига обуна бўлиш ҳамда ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, адабий-бадиий, ҳуқуқий, илмий-оммабоп, болалар учун мўлжалланган даврий босма нашрларга (кейинги ўринларда - даврий босма нашрлар) обуна харажатларининг бир қисмини қайтариб бериш тартибини белгилайди, реклама хусусиятига эга бўлган даврий босма нашрлар бундан мустасно.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


буюртма - даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларига масофадан туриб электрон тарзда обуна бўлиш ва обунани етказиб бериш жараёни;


етказиб берувчи ва тарқатувчи субъектлар - даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларини обуначига етказиб берувчи юридик шахс;


обуначи - Платформада обуна хизматларидан фойдаланиш учун рўйхатдан ўтган жисмоний шахс;


обуна каталоги - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиладиган даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотлари номларининг белгиланган тартибда тузилган рўйхати;


Платформа - даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларига масофадан туриб электрон тарзда обунани ташкил этиш учун ишлаб чиқилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитаси, бошқа тегишли вазирликлар ва идораларнинг ахборот тизимлари, шунингдек, тўлов тизими операторларининг ахборот тизимлари, даврий босма нашрлар таҳририятлари, ноширлик ва матбаа ташкилотлари ахборот тизимлари билан интеграциялашган дастурий таъминот ҳамда унинг мобил иловаси;


Платформа оператори - Платформани яратиш, унинг функционал имкониятларини такомиллаштириб бориш ва техник қўллаб-қувватлаш, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда унинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш мажбуриятига, шунингдек, даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларини тарқатувчи субъектлар, тўлов тизимлари ва солиқ органларининг электрон тизимларига интеграция қилиш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахс - "Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор "UZINFOCOM" масъулияти чекланган жамияти;


Платформа иштирокчилари - обуначилар ҳамда ноширлик ва матбаа ташкилотлари, уларни етказиб берувчи ва уларни тарқатувчи субъектлар;


шахсий кабинет - Платформада обуна хизматларидан фойдаланиш учун рўйхатдан ўтган жисмоний шахсга очиладиган, фақат ўзи кириши мумкин бўлган шахсий саҳифа;


QR-кодли чек - сотилган товарлар (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар) учун ҳисоб-китобларни амалга оширишдаги фискал белгили чек.


3. Жисмоний шахслар томонидан Платформа орқали амалга оширилган даврий босма нашрларга обуна харажатларининг бир қисмини қоплаш учун маблағлар Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигига Давлат бюджетидан ажратилади.

Ушбу маблағлар Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан Платформа операторининг махсус очилган ҳисобварағига ўтказиб берилади.


4. Платформа оператори обуначиларга Платформа орқали амалга оширилган даврий босма нашрларга обуна харажатларининг бир қисмини қайтаришни ушбу Низомнинг 3 ва 4-боблари талаблари асосида амалга оширади.


5. Мазкур Низомнинг даврий босма нашрларга обуна харажатларининг бир қисмини қайтариш билан боғлиқ қоидалари 2026 йил 1 январга қадар амал қилади.



2-БОБ. ПЛАТФОРМА ОРҚАЛИ РЎЙХАТДАН ЎТИШ ҲАМДА

ДАВРИЙ БОСМА НАШРЛАР, КИТОБ ВА БОШҚА МАТБАА

МАҲСУЛОТЛАРИГА ОБУНА БЎЛИШ ТАРТИБИ


6. Платформа орқали даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларига обуна бўлиш ҳамда даврий босма нашрларга обуна харажатларининг бир қисмини қайтариш мазкур Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


7. Обуначи Платформада рўйхатдан ўтади.

Платформада рўйхатдан ўтиш учун обуначининг шахсини тасдиқловчи маълумотлар (Ф.И.О, обунани етказиб беришнинг аниқ манзили, мурожаат учун телефон рақами ва ушбу жараён билан боғлиқ бўлган бошқа маълумотлар) Платформага киритилади.


8. Обуначи даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларига Платформа орқали обуна бўлади.


9. Обуначи ҳамда даврий босма нашр таҳририятлари, ноширлик ва матбаа ташкилотлари ўртасида даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларига электрон обуна бўйича муносабатлар оммавий оферта шартномаси орқали расмийлаштирилади.


10. Обуначи оммавий оферта шартномаси шартларини қабул қилиши билан бирга электрон обуна бўйича барча зарур ва ишончли маълумотлар билан таъминланганлигини тасдиқлайди ҳамда Платформа орқали даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотлари учун обунага буюртма беради.


11. Обуначиларга Платформада маълум бир даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларига обуна бўлиш учун доимий равишда янгиланиб бориладиган обуна каталоги таклиф этилади. Бунда ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, адабий-бадиий, ҳуқуқий, илмий-оммабоп ҳамда болалар учун мўлжалланган нашрлар рўйхати алоҳида шакллантирилади.


12. Буюртма расмийлаштирилиши қуйидаги тартибда амалга оширилади:

обуна каталоги бўлинмасида "Даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотлари" тугмаси танланади, бунда, маълум бир мавзуда ҳамда тури бўйича - босма ёки электрон кўринишда даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотлари танлаб олинади;

танланган нашрнинг обуна даври белгиланади ва унинг тавсифи билан таништирилади, ундан кейин нашрни саватга қўшиш учун "Буюртма савати" тугмасига босилади;

агар обуначи томонидан бошқа даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларига обуна бўлиш истаги бўлмаса, унда буюртма саватида "Буюртмани расмийлаштириш" тугмаси босилиши лозим. Бунда, даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларига обуна тўловлари фақат Платформада рўйхатдан ўтган обуначилар томонидан амалга оширилади;

обуначи буюртманинг жами тўлов миқдорини Платформада таклиф қилинган тўлов усулларидан (тўлов тизимлари, тижорат банкларнинг мобил иловалари ва бошқа электрон тўлов усуллари) бирини танлаган ҳолда амалга оширади;

обуначи томонидан обуна буюртмасини етказиб бериш усули обунани расмийлаштириш карточкасида белгилаб ўтилади;

обуначи ўзининг шахсий кабинетида обуна тўловлари муваффақиятли ўтганлиги тўғрисидаги QR-кодли тўловни тасдиқловчи ҳужжатни юклаб олади;

даврий босма нашр таҳририятлари, ноширлик ва матбаа ташкилотлари, шунингдек, етказиб берувчи ва уларни тарқатувчи субъектлар даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларига обуна расмийлаштирилганлигини обуначининг шахсий кабинетига буюртма расмийлаштирилганлиги тўғрисида хабарни юбориш орқали тасдиқлайди.


13. Даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларини мижозларга етказиб бериш юзасидан жавобгарлик даврий босма нашр таҳририятлари, ноширлик ва матбаа ташкилотларига юкланади.

Даврий босма нашр таҳририятлари, ноширлик ва матбаа ташкилотлари мавжуд имкониятлардан келиб чиққан ҳолда даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларини ўзи ёки уларнинг етказувчи ва тарқатувчи субъектлари билан имзоланган шартнома асосида етказиб бериши мумкин.

Етказувчи ва уларни тарқатувчи субъектлар қуйидаги ҳолларда обуначига обуна етказилмаганлиги ва/ёки ўз вақтида етказилмаганлиги учун жавобгар эмас:

обуначи томонидан обунани етказиб бериш манзили нотўғри кўрсатилган бўлса;

обунани етказиб бериш манзилига обунанинг етказилиши, хавфсизлиги ва ишончлилигини таъминлаш имкони бўлмаганда;

обунани етказиб бериш имконияти бўлмаганда, яъни енгиб ўтиш мумкин бўлмаган кучга эга ҳолатлар ёки ҳодисалар (форс-мажор) юзага келганда.


14. Даврий босма нашр таҳририятлари, ноширлик ва матбаа ташкилотлари даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларининг белгиланган назорат муддатларида етказиб берилишини таъминлайди ҳамда шу куннинг ўзида бу тўғрисида Платформага маълумот киритади. Даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотлари обуначига белгиланган муддатдан кеч етказилиши ёки етказиб берилмаслиги сабаблари ҳам Платформада қайд этиб борилади.



3-БОБ. ПЛАТФОРМА ОРҚАЛИ ДАВРИЙ БОСМА НАШРЛАРГА

ОБУНА ХАРАЖАТЛАРИНИНГ БИР ҚИСМИНИ ҚАЙТАРИШ

ШАРТЛАРИ ВА МИҚДОРИ


15. Платформа орқали даврий босма нашрларга обуна харажатларининг бир қисмини қайтариш қуйидаги миқдорларда амалга оширилади, реклама хусусиятига эга бўлган даврий босма нашрлар бундан мустасно:

ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, адабий-бадиий, ҳуқуқий, илмий-оммабоп даврий босма нашрлар - обуна нархининг 10 фоиз миқдори;

болалар учун мўлжалланган даврий босма нашрлар - обуна нархининг 20 фоиз миқдори.


16. Даврий босма нашрларга обуна харажатларининг бир қисмини қайтариш обуна каталогида мавжуд маҳсулотлар учун қўлланилади.


17. Даврий босма нашрларга обуна харажатларининг бир қисми, улар расмийлаштирилгандан сўнг обуначиларнинг банк карталарига бир ой муддатда ўтказиб берилади (қайтарилади).


18. Платформа орқали даврий босма нашрларга обуна харажатларининг бир қисмини қайтариш бўйича ҳисоб-китоб даври бир ой этиб белгиланади. Бунда, обуначи даврий босма нашрларга бир ойдан кўп муддатга обуна бўлган тақдирда, обуна муддати тугагунга қадар, ҳисоб-китоб ҳар ойда амалга оширилади.


19. Обуначи ташаббуси билан обуна буюртмаси бекор қилинганда обуна харажатларининг бир қисми қайтарилмайди.


20. Бекор қилинган обуна буюртмаси учун маблағлар обунани бекор қилиш бўйича сўров юборилган кундан бошлаб 10 иш куни ичида даврий босма нашр таҳририятлари, ноширлик ва матбаа ташкилотлари томонидан обуначининг банк картасига ёки электрон ҳамёнга (кошелек) қайтарилади ёхуд тўловчининг тижорат банкидаги жорий ҳисобварағига ўтказилади. Маблағларни жорий ҳисобвараққа ўтказишда аризада банк реквизитлари кўрсатилади ва маблағ қайтарилганлиги обуначининг тизимдаги шахсий кабинентида ҳисобвараққа юборилган чек орқали тасдиқланади.



4-БОБ. ПЛАТФОРМА ОРҚАЛИ ДАВРИЙ БОСМА

НАШРЛАРГА ОБУНА ХАРАЖАТЛАРИНИНГ

БИР ҚИСМИНИ ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ


21. Платформа орқали даврий босма нашрларга обуна харажатларининг қайтариладиган миқдори обуначининг шахсий кабинетида даврий босма нашрларга обуна расмийлаштирилган санадан бошлаб бир ой ўтганидан кейин шакллантирилади.


22. Платформа орқали даврий босма нашрларга обуна харажатларининг бир қисми қайтариладиган обуначилар рўйхати ва қайтариладиган маблағ миқдори автоматик равишда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитасининг ахборот тизимларида акс эттирилади.


23. Обуначи шахсий кабинетда даврий босма нашрларга обуна харажатларининг қайтариладиган қисмини олиш учун "Обуна харажатларининг бир қисмини қайтариш" тугмасини босган ҳолда буюртма беради. Бунда, обуначи томонидан қайтариладиган маблағларни ўтказиб бериш учун банк картаси кўрсатилади.


24. Платформа оператори обуначининг обуна харажатларининг бир қисмини қайтариш бўйича буюртмалари асосида маблағларни кўрсатилган банк картасига ўтказиб беради.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


25. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси Платформа орқали обуна бўлишда даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларини тарқатиш соҳасида қонунчилик ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилинишини назорат қилади.


26. Ушбу Низом талабларини бузган обуначи, даврий босма нашр таҳририятлари ёки ноширлик ва матбаа ташкилотлари, шунингдек, етказиб берувчи ва уларни тарқатувчи субъектларнинг Платформадан фойдаланишига чеклов (вақтинча чеклов) ўрнатилади.


27. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


28. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



"Обуна" ягона элекрон платформаси орқали даврий

босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларига

обуна бўлиш ҳамда даврий босма нашрларга обуна

харажатларининг бир қисмини қайтариш

СХЕМАСИ

Босқич

Субъект


Тадбирлар


Бажариш муддати

1-босқич

Обуначи


"Обуна" ягона элекрон платформаси ёки унинг мобил иловасида рўйхатдан ўтади.


Ўз хоҳишига кўра







2-босқич

Обуначи


Платфомада оммавий офертани тасдиқлаган ҳолда обуна каталогида мавжуд даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларига буюртма беради ва обуна учун тўловни амалга оширади.


Ўз хоҳишига кўра







3-босқич

Платформа оператори


Платформа орқали даврий босма нашрларга обуна учун амалга оширилган тўловдан қайтариладиган маблағ миқдорини обуначининг шахсий кабинетида акс эттиради.


Обуна расмийлаштирилгандан сўнг 1 ойдан кейин, обуна даври мобайнида ҳар ойда







4-босқич

Обуначи


"Обуна харажатларининг бир қисмини қайтариш" тугмасини босиш орқали обуна харажатларини қайтаришга буюртма беради.


Обуна амалга оширилгандан сўнг 1 ой давомида







5-босқич

Платформа оператори


Обуначи буюртмасига асосан обуна харажатларининг бир қисмини унинг банк картасига ўтказиб беради.


Обуна расмийлаштирилгандан сўнг 1 ой муддатда, обуна даври мобайнида ҳар ойда

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 27 июнь








































Время: 0.0689
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск