ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Мудофаа. Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат / Ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш /

2023-2027 йилларда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишлари самарадорлигини ошириш Концепцияси (ЎзР ВМ 29.06.2023 й. 267-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 29 июндаги

267-сон қарорига

1-ИЛОВА



2023-2027 йилларда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик

руҳида тарбиялаш ишлари самарадорлигини ошириш

КОНЦЕПЦИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Бугунги глобаллашув ва кескин рақобат даврида, дунёнинг турли бурчакларида, жумладан, минтақамизда юз бераётган қуролли можаролар ва қарама-қаршиликлар, янги таҳдид ва хатарлар олдимизга кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифаларни қўймоқда.

Айнан шундай шароитда мамлакатимиз ёшларини ватанпарварлик, шу жумладан, ҳарбий-ватанпарварлик, юксак маънавий-ахлоқий қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларнинг онгига тинчлик ва тотувликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш зарурлигини чуқур сингдириш, "Халқ ва армия - бир тану, бир жондир!" деган эзгу ғоя асосида ёшлар тарбиясига масъул вазирлик ва идораларнинг куч ва имкониятларини бир ғоя, бир мақсад асосида бирлаштириш талаб этилмоқда.


2. 2023-2027 йилларда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари асосида ишлаб чиқилган ҳамда соҳага оид дастурлар ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос бўлади.


3. Ҳар қандай оғир ва мураккаб вазиятда Ватанимизни кўз қорачиғидек асраш, унинг шуҳратини дунёга тараннум этиш билан боғлиқ энг муҳим тушунчаларни, ҳаётий ва профессионал кўникмаларни илм-маърифат, шунингдек, миллий қадриятлар асосида ёшларнинг қалби ва онгига илк болалик давридан бошлаб сингдириб бориш орқали ватанпарвар, садоқатли ҳамда шижоатли ёшларни камол топтириш Концепциянинг асосий моҳиятини ташкил этади.


4. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш "Ватан - улуғ, бурч - муқаддас!" концептуал ғоя остида ташкил этилиб, унда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳар томонлама ривожлантириш, қатъий фикр ва эътиқодга эга шахсни шакллантириш асосий вазифа этиб белгиланади.

Мазкур ғоянинг асосий мазмун ва моҳияти ўсиб келаётган авлодда буюк тарихимиз, азалий қадриятларимизга ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиш, миллий руҳ ва ғурурни юксалтириш, бебаҳо бойлик - тинчлик ва осойишталикни асраш ва ҳимоя қилиш зарурлиги каби фазилатларни шакллантириш, зарурат бўлганда, мамлакат суверенитетини ҳимоя қилишга тайёр туриш руҳида тарбиялашдан иборат.



2-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИНГ МАҚСАДИ

ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


5. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг мақсади ёшларда жамиятнинг турли тармоқлари, айниқса, ҳарбий соҳа билан боғлиқ бўлган давлат хизмати турларида фаоллик кўрсатиш, Конституция ва ҳарбий бурчга садоқатли бўлиш, уларда ўз юрти ва халқининг тақдири учун юксак масъулият ҳамда жавобгарлик каби муҳим хусусиятларни мустаҳкамлашдан иборат.


6. Қуйидагилар ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик туйғулари, маънавий сифатлари ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган тарбиянинг ягона тизимини яратиш;

ёшларни миллий ғоя ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг онгу-шуурига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканлигини чуқур сингдириш;

буюк тарихимиз, улуғ аждодларимизнинг бой маънавий мероси, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби саркардаларнинг жаҳон цивилизацияси ҳамда ҳарбий санъат ривожига қўшган ҳиссаларини ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш;

Ватан озодлиги ва мустақиллиги йўлида жон фидо қилган юртдошларимиз кўрсатган ватанпарварлик ва қаҳрамонлик, улардаги садоқат, фидойилик, матонат ҳамда жасорат каби хислатларни, шунингдек, юрт, оила, ота-она ва фарзандлар ҳимояси халқ ва аждодлар хотираси олдида муқаддас бурч эканини ёшлар онгига сингдириш;

ёшларда ён-атрофимиз ва жаҳонда рўй бераётган сиёсий-ижтимоий жараёнларга миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда ёндашиш кўникмаларини, оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли ахборотлар, одоб-ахлоқни емирувчи иллатлар, ёшларни залолатга бошловчи бузғунчи ғояларга қарши соғлом дунёқарашни шакллантириш;

ҳудудларда туркум ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари ҳамда "Жасорат мактаби" номли ҳарбий-ватанпарварлик ўқув йиғинларини ўтказиш орқали ёшлар онгида миллий армиямизга бўлган ишонч ва ҳурматни янада ошириш, ҳарбий хизматни ўташ Ўзбекистон фуқаросининг муқаддас бурчи эканлиги ҳақидаги тушунчаларни мустаҳкамлаш;

умумтаълим мактабларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитилишининг сифатини ошириш, ўқув-моддий базани мустаҳкамлашга асосий эътибор қаратиш ҳамда шу орқали ўқувчи ёшларда ҳарбий хизмат, уни ўташнинг ҳуқуқий асосларига оид билимлар ва бошланғич ҳарбий тайёргарлик даражасини ошириш;

Ўзбекистон манфаатларини нафақат ҳарбий соҳада, балки ҳаётнинг барча жабҳаларида ҳимоя қилишга тайёр туриш, юрт учун фидойи бўлиш - бу бугунги кун талаби эканини ҳаётий мисоллар ва таъсирчан воситалар орқали ёшлар оммасига кенг етказиш;

ёшларда аждодларимиз ва ота-боболаримизнинг Ватанни ҳимоя қилишга оид анъана ва қадриятларига садоқатли бўлиш хусусиятларини шакллантириш;

Ватанни ҳимоя қилиш, уни асраш тўғрисидаги замонавий тушунчаларни, дунёқарашни, мазкур масала бўйича шахсий эътиқодни шакллантириш ва мустаҳкамлаб бориш, ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш, уларнинг маънавий-руҳий тайёргарликларини оширишга ёрдам берувчи таълим-тарбиявий тадбирларни ташкил этиш.



3-БОБ. ЁШЛАРНИ ҲАРБИЙ-ВАТАНПАРВАРЛИК

РУҲИДА ТАРБИЯЛАШ ТИЗИМИ ВА УНИНГ

АСОСИЙ ПРИНЦИПЛАРИ


7. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш - бу миллати, тили ва касбидан қатъи назар, ёшларда Ватанга садоқат туйғусини шакллантириш, уларни ўз фуқаролик бурчи ва конституцион мажбуриятларини бажаришга, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга қодир шахслар этиб тарбиялашга йўналтирилган давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотларнинг кўп босқичли, тизимли, мақсадли ва мувофиқлаштирилган фаолиятидир.


8. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизими узлуксиз жараён бўлиб, у бир-бирига боғлиқ сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ғоявий-мафкуравий, маданий-маърифий тадбирлар мажмуасидан иборат.


9. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг (кейинги ўринларда - Қуролли Кучлар) умумҳарбий низомлари ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


10. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизими қуйидагилардан иборат:

таълим-тарбия жараёнида ижтимоий-маънавий аҳамиятга молик қадриятларни, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳини шакллантириш ва ривожлантиришга қаратилган ишларни амалга оширадиган мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасалари;

оммавий ва ҳарбий-ватанпарварлик ишларини амалга оширадиган давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек, бошқа ташкилотлар.


11. Қуйидагилар ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг асосий принциплари ҳисобланади:

илмийлик;

тарихийлик;

аниқлик ва тезкорлик;

мунтазамлилик;

фаоллик;

таълим ва тарбия ишларининг уйғунлиги;

тарбия жараёнининг изчиллиги;

ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш соҳасида эришилган ижобий натижа ва ютуқларга таяниш.



4-БОБ. ЁШЛАРНИ ҲАРБИЙ-ВАТАНПАРВАРЛИК

РУҲИДА ТАРБИЯЛАШНИНГ ОБЪЕКТЛАРИ

ВА СУБЪЕКТЛАРИ, УСУЛ ВА ШАКЛЛАРИ


12. Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар, Олий таълим, фан ва инновациялар, Мактабгача ва мактаб таълими, Маданият вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт, Камбағалликни қисқартиш ва бандлик вазирликлари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси, Республика "Нуроний" жамғармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти, ҳарбий-маъмурий секторлар ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларининг асосий субъектлари ҳисобланади.

13. Мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, таълим муассасалари ўқувчи ва талаба ёшлари, маҳаллалардаги уюшмаган, профилактик ҳисобда турувчи ҳамда тарбияси оғир ёшлар, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, Қуролли Кучлар сафида хизмат ўтаётган ёш ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларининг асосий объектлари ҳисобланади.


14. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш усуллари ёшларда зарур ҳаётий билим, кўникма, маҳорат ва мустаҳкам иродани, юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантиришга қаратилган, уларнинг онги, руҳияти ва фаолиятига таъсир кўрсатадиган омиллардан иборат.

Қуйидагилар ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг усуллари ҳисобланади:

ишонтириш;

машқ қилдириш ва мустақил ишлаш;

кузатиш;

рағбатлантириш;

ўрнак кўрсатиш ва шахсий намуна.


15. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш турли шаклларда, жумладан, илмий-амалий анжуманлар, савол-жавоб кечалари, китобхонлик, ўйинлар, машҳур кишилар билан учрашувлар тарзида ва бошқа шаклларда ташкил этилади. Улар маънавий-маърифий ишларнинг ранг-баранглигини таъминлайди, пировард натижада жамиятда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.

Бунда қуйидаги шакллар устувор аҳамиятга эга бўлади:

маъруза ўқиш, савол-жавоб кечалари, якка ва жамоавий суҳбатлар;

бой ҳаётий тажрибага эга бўлган ҳарбий хизматчи ва фахрийлар, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларида, турли мусобақа ва танловларда ғолиб бўлган шахслар билан учрашувлар;

илмий-назарий ва амалий конференциялар, семинар-тренинглар, муайян мавзуга бағишланган кечалар, баҳс-мунозаралар, викториналар, давра суҳбатлари;

тўпланган илғор тажрибаларни ўрганиш ва оммалаштириш;

жамоатчилик фикри ва ҳарбий жамоалардаги маънавий-руҳий муҳитни ўрганиш;

телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар, фильм ва мультфильмлар, бадиий ва мусиқий асарлар, аскар қўшиқлари, оммавий ахборот воситалари, веб-сайтлар ва электрон ўйинлар ва бошқа техник воситалардан фойдаланиш;

уруш ва меҳнат фахрийлари, жанговар ҳаракатлар қатнашчилари, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан учрашувлар ташкил этиш;

ҳарбий хизматга чақирилувчилар куни, мардлик сабоқларини ўтказиш ва экскурсиялар уюштириш.



5-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА

ОШИРИШНИНГ БОСҚИЧЛАРИ


16. Концепцияда белгиланган тадбирлар қуйидаги беш босқичда амалга оширилади:

а) биринчи босқич (3 - 7 ёш) - шу ёшдаги болаларга хос хусусиятлар, жумладан, илк ўз туйғуларини, хатти-ҳаракатини бошқариш кўникмалари, шахсий фазилатлари асослари, ижтимоий мотивлар ва миллий анъаналарга қизиқишларининг пайдо бўлиши, ўзини намоён этиш ҳамда муваффақиятга эришиш каби эҳтиёжларини инобатга олиб, мактабгача таълим ташкилотларида ўтказилади.

Мазкур босқичда болалар билан миллий ғурур, меҳнатсеварлик, Ватанга муҳаббат ва уни ҳимоя қилиш, давлат рамзлари, буюк аждодларимиз, тарихий обидаларимизга ҳурмат, ўзаро ёрдам, меҳрибонлик каби олижаноб фазилатларни шакллантиришга қаратилган шеър, эртак, куй ва қўшиқларни, спорт ва миллий ўйинларни ўргатиш, театрлаштирилган саҳна томошаларини намойиш этишни ўзида мужассам этган тадбирлар ўтказилади;

б) иккинчи босқич (7 - 10 ёш) - тадбирлар умумтаълим ва ихтисослаштирилган таълим ташкилотларининг кичик синфларида, шунингдек, ушбу тоифадаги ёшларнинг ёш хусусиятларини инобатга олган ҳолда маҳаллаларда ўтказилади.

Ушбу босқичда фахрланиш ҳамда Ватан ва давлат рамзларига муҳаббат, ёши катталарга ҳурмат ва иззат билан муносабатда бўлиш ҳамда миллий одат ва анъаналарни қадрлаш туйғуларини сингдириш, Ўзбекистон Республикасига дахлдорликдан фахрланиш ҳиссини ривожлантириш бўйича комплекс тадбирлар ўтказилади;

в) учинчи босқич (11 - 17 ёш) - тадбирлар умумтаълим ва ихтисослаштирилган таълим ташкилотларининг катта синфларида, шунингдек, ушбу тоифадаги ёшларнинг ёш хусусиятларини инобатга олган ҳолда маҳаллаларда ўтказилади.

Ушбу босқичда асосий эътибор ёшларда ҳарбий хизматга бўлган қизиқишни, Қуролли Кучларимиз билан фахрланиш туйғусини ошириш, жисмоний қобилиятларни ривожлантириш, уларни жисмонан соғлом, маънан етук, кенг дунёқарашли, мустақил фикр юритадиган баркамол инсон сифатида тарбиялаш, шунингдек, ёшларни "Ватан таянчи" болалар-ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятига кенг жалб этишга қаратилади;

г) тўртинчи босқич (18 - 21 ёш) - олий таълим муассасаларининг талабалари, уюшмаган ёшлар, муддатли ҳарбий хизматчилар, контракт бўйича ҳарбий хизматга янги чақирилган ҳарбий хизматчилар, олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари, шунингдек, меҳнат жамоаларида фаолият олиб бораётган ёшларни қамраб олади.

Ушбу босқичда асосий эътибор ёшларнинг жисмоний ва маънавий қобилияти, етакчилик кўникмалари ва интеллектуал салоҳияти, умумий ва профессионал малакасини ошириш, уларни ўз устида мунтазам ишлаш, соғлом ҳаёт кечиришга ундаш ва шунга эришишга қаратилади.

Муддатли ҳарбий хизматчилар, контракт бўйича ҳарбий хизматга янги чақирилган оддий аскарлар ҳамда олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари иштирокидаги тадбирлар Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирликлар ва идораларнинг режа ва дастурлари асосида амалга оширилади;

д) бешинчи босқич (22 - 30 ёш) - тадбирлар маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар, меҳнат жамоаларида фаолият олиб бораётган ёшлар, шунингдек, шартнома бўйича ёш оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркибини қамраб олади.

Якуний босқичда асосий эътибор юқори даражадаги ижтимоий фаоллик, фуқаролик масъулияти, маънавиятни оширишга, ижобий қадрият ва хислатларга эга ҳамда уларни мамлакат манфаатлари, давлатни мустаҳкамлаш, унинг ҳаётий муҳим эҳтиёжлари ва барқарор ривожланишини таъминлаш йўлидаги яратувчанлик жараёнида намоён эта оладиган фуқароларни шакллантиришга қаратилади.

Ёш ҳарбий хизматчилар билан тадбирлар Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг режа ва дастурлари асосида амалга оширилади.



6-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА

ОШИРИШНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ

ВА ИЖРОЧИЛАРНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


17. Концепцияда белгиланган вазифалар ижроси, уни амалга ошириш самарадорлиги Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан доимий равишда мониторинг қилиб борилади ҳамда ушбу йўналишда Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар, ёшлар тарбиясига алоқадор бўлган давлат ва жамоат, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ҳарбий-маъмурий секторлар фаолияти мувофиқлаштириб борилади.


18. Концепцияни амалга оширишнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

а) ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича тадбирлар:

буюк саркардаларимизнинг жасорати, улуғ аждодларимизнинг бой маънавий мероси, яқин ва узоқ ўтмишда халқимиз кўрсатган матонат ва фидойилик, янги Ўзбекистонимиз ва миллий армиямиздаги изчил ислоҳотларни ёшларнинг кенг қатламларига етказиш мақсадида маҳаллаларда маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотлари;

давлат байрамлари арафасида ёшларда жасурлик, мардлик, фахр ва ифтихор туйғуларини оширишга йўналтирилган "Мардлик ва жасорат", "Тинчлик", "Мустақиллик" дарслари;

"Жиззах тажрибаси" асосида ҳарбий қисмлар базасида ёшлар учун ўқув йиғинлари;

"Мард аскар - ёшларга намуна" шиори остида ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар намойиши, ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги бўйича, ҳарбий оркестр ва бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг кўргазмали чиқишлари, шунингдек, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилотининг ўқув курслари ҳамда спорт секция ва тўгаракларининг кўргазмали намойишлари;

ёшларда ватанпарварлик, юрт тинчлиги ва тараққиётига дахлдорлик туйғуларини юксалтириш мақсадида "Ватан муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!" шиори остида учрашув ва суҳбатлар;

ёзги дам олиш оромгоҳларида "Ватанпарвар" карвонларини ва ўқувчи ёшлар билан "Мен албатта ҳарбий бўламан!" машғулотлари;

умумтаълим мактабларининг 10-11 синф ўқувчилари ва маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар ўртасида ўтказиладиган ҳудудлар кесимидаги ҳарбий-спорт мусобақалари;

б) ёшларни маънавий тарбиялаш бўйича тадбирлар:

ёшларнинг кенг қатламларини жалб этган ҳолда жамиятга ёт бўлган ғоялар, ахлоқий бузуқлик ва салбий иллатларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш мақсадида "Ҳар бир ёшнинг қалби ва онги учун курашамиз!" шиори остидаги маънавият фестиваллари;

ёшларнинг маънавий саводхонлигини ошириш ҳамда мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш мақсадида ўтказиладиган маънавият соатлари;

ёшларда ватанпарварлик (ҳарбий-ватанпарварлик) ҳиссини ошириш мақсадида маҳаллаларда бадиий ва ҳужжатли фильмларнинг намойиши ва муҳокамаси;

туман (шаҳар)лар ва чегараолди ҳудудларда, истироҳат боғларида ёшлар учун ҳарбий оркестр ва ансамбль жамоалари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари иштирокида ёшлар учун маънавият карвонлари;

ёшлар, Қуролли Кучлар фахрийлари ва ҳарбий хизматчилар иштирокида "Уч авлод учрашуви", "Эъзоз ва эҳтиром" маънавий-маърифий тадбирлар;

в) ёшларни ахлоқий тарбиялаш ва уларни спортга жалб этиш бўйича тадбирлар:

ёшларни ёт, радикал ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, уларда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш мақсадида тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда "Жаҳолатга қарши маърифат" ғояси остидаги давра суҳбатлари ва учрашувлар;

ҳарбий қисмлардаги ёшлар учун "Қувноқлар ва зукколар" танлови ҳамда бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг концерт дастурлари ва саҳна чиқишлари;

ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича "5 та муҳим ташаббус" доирасидаги тадбирлар;

ёшларнинг "Ғалаба боғи" ёдгорлик мажмуаси, "Шон-шараф" давлат музейи, Қуролли Кучлар Давлат музейи ҳамда вилоятларда, ҳарбий округ, ҳарбий қисм ва муассасаларда фаолият юритаётган музейлар, "Ватанпарварлар" боғларига ташрифлари;

ёшлар ўртасида Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ва ҳарбий-маъмурий секторлар раҳбарларининг соврини учун спорт мусобақалари;

миллий мерос ва қадриятларимиз, урф-одатларимизни ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида миллий ўйинлар (арқон тортиш, миллий кураш, тош кўтариш, елкада кураш ва бошқалар) бўйича мусобақалар;

г) ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича профилактик тадбирлар:

ёшлар ва тегишли мутахассисларни жалб этган ҳолда ўтказиладиган "Биз гиёҳвандликка қаршимиз!" умумий шиори остидаги профилактика тадбирлари;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари иштирокида ёшлар билан "Одам савдоси - давр муаммоси" мавзусида давра суҳбатлари;

тегишли идора ва ташкилотлар ходимларини таклиф этган ҳолда ёшлар иштирокида "Коррупция - тараққиёт кушандаси" мавзусида коррупциянинг олдини олишга қаратилган тадбирлар;

ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар билан "Соғлом ҳаёт учун!" шиори остида узоқ масофаларга юриш ва югуриш марафонларини ташкил этиш ва бошқалар.


19. Жамиятнинг фикрига таъсир кўрсатадиган тез ўзгарувчан ижтимоий жараёнларни эътиборга олиб, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан доимий равишда ёшлар ўртасида ижтимоий сўровлар ўтказилиб, уларнинг натижалари бўйича ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тадбирларини режалаштиришга тегишли ўзгартиришлар киритилади.


20. Концепцияда белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш мақсадида вазирлик ва идоралар томонидан қуйидаги асосий вазифалар амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия - ёшлар сиёсатига доир давлат дастурларини амалга ошириш доирасида ёшлар билан ҳарбий-ватанпарварлик, маданий-ҳордиқ, маънавий-маърифий ва оммавий-спорт тадбирларини, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси қаратилган тарғибот-ташвиқот, ҳуқуқий маданият ва ҳуқуқий онгни оширишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги - олий таълим муассасаларида ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари самарали ўтказилишини ҳамда ушбу тадбирларда барча талабаларнинг тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги - мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, умумтаълим мактаблари ва ихтисослаштирилган таълим ташкилотлари ўқувчиларининг ёшини инобатга олган ҳолда, ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари ташкил этилиши ва самарали ўтказилишини ҳамда ушбу тадбирларда барча тарбияланувчи ва ўқувчиларнинг тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги - буюк аждодлар ва алломалар ҳаёти ва фаолияти, миллий ғурур ва ҳарбий-ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришга қаратилган спектакллар, саҳна кўринишлари, жанговар мусиқа асарларини яратиш, ёшлар учун маданий-кўнгилочар тадбирларни ўтказиш, тарихий қадамжоларга экскурсияларни уюштириш;

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги - Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар томонидан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар билан ўтказиладиган маънавий-маърифий, ҳарбий-ватанпарварлик, маданий-ҳордиқ, оммавий спорт тадбирларини ташкил этиш ва ўтказилишида ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш ҳамда ёшларни Ватанга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзига риоя этиш, бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги - ёшларни касбга тайёрлаш (ўқитиш), бандлигига кўмаклашиш, шу жумладан, Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида мақсадли комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси - ислом динининг асл мазмун-моҳиятини етказиш, диний бағрикенглик ғояларини тарғиб қилиш ҳамда ёт, радикал ғояларга қарши танқидий қараш ва мафкуравий иммунитетни кучайтиришга қаратилган учрашувлар ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси - ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, улар ўртасида оилавий қадриятларни мустаҳкамлашга қаратилган ахлоқий меъёрларни кенг тарғиб этиш, оилаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни таъминлаш бўйича мақсадли чора-тадбирларни амалга ошириш;

Ҳарбий-маъмурий секторлар - ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида комплекс тадбирларни ташкил этиш ҳамда самарали ўтказиш мақсадида жойлардаги ўз ўзини бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш.


21. Концепцияда белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш мақсадида нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан қуйидаги асосий вазифалар амалга оширилади:

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи - ҳарбий қисм ва муассасалардаги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотларининг самарали фаолиятини таъминлаш, ташаббускор, шиддатли, мустақил фикрлайдиган, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқараш ва чуқур билимларга эга, бутун куч, билим ва салоҳиятини халқ манфаати йўлида ишлатишга, мамлакат келажаги учун жавобгарликни зиммасига олишга қодир ёшларнинг сафини кенгайтиришга кўмаклашиш;

Республика Маънавият ва маърифат маркази - ёшларимиз онгига салбий таъсир кўрсатиб, уларни ғоявий жиҳатдан қарам қилишга қаратилган ҳаракатларга қарши самарали кураш олиб бориш ҳамда иродали, фидойи, ватанпарвар, мустақил фикрловчи ёш авлодни тарбиялаш бўйича амалий чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашиш;

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси - ёшларга мумтоз ва замонавий адабиётимиз мазмун-моҳиятини тушунтириш, китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда ватанпарварлик, мардлик, фахр ва ифтихор туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган ижодий учрашувлар ўтказиш, ватанпарварликка оид тўпламлар яратиш ва уларни кенг тарғиб қилиш;

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти - ёшларни меҳнатга ва Ватанни ҳимоя қилишга тайёрлаш, ёшларни баркамол шахс бўлиб вояга етказишда тегишли давлат ва жамоат ташкилотларига ёрдам кўрсатиш, уларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, касбга ўқитиш ва спортга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш, ёшлар ўртасида спортнинг техник ва амалий турларини кенг оммалаштиришга амалий ёрдам кўрсатиш;

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси - ёшлар, биринчи навбатда, тарбияси оғир ва муаммоли ёшларни тарбиялашда "Бир нуроний ўн ёшга масъул" тамойили асосида кексалар ва фахрийларнинг фаоллигини ошириш ҳамда уларнинг билими, бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлашда самарали фойдаланиш, ёшларни жамият учун фойдали инсонлар бўлиб етишишларига кўмаклашиш.



7-БОБ. ЁШЛАРНИ ҲАРБИЙ-ВАТАНПАРВАРЛИК

РУҲИДА ТАРБИЯЛАШ ИШЛАРИ ТАҲЛИЛИ

ВА КУТИЛАЁТГАН НАТИЖА


22. Мазкур Концепция "Ватан - улуғ, бурч - муқаддас!" ғояси асосида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишларни мазмунан янги босқичга кўтаришда муҳим роль ўйнайди.

Жумладан:

ҳарбий хизмат нуфузи ҳамда миллий Қуролли Кучларимиз билан фахрланиш ва уларнинг салоҳиятига ишонч ҳиссини шакллантириш, ёшларнинг ҳарбий касбни танлашга бўлган қизиқишини ошириш имконини беради;

ёшларда ижтимоий аҳамиятга эга фуқаролик туйғусини шакллантириш, етуклик, Ватанга муҳаббат ва бурч, миллий анъаналарга содиқлик, тарихий ва маданий қадриятларни сақлашга интилиш каби фазилатларни ривожлантиришга хизмат қилади;

ҳар томонлама ривожланган, содиқ, ватанпарвар, одил, мард ва жасур ёшларнинг тайёрланиши таъминланади;

ёшларда радикал ғояларга қарши тура оладиган мафкуравий иммунитет шаклланади ва мустаҳкамланади;

маънавий-ахлоқий муҳит ва анъанавий оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш негизида мустаҳкам оила қуриш фазилатлари ривожланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 3 июль













































Время: 0.0066
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск