ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилган ҳужжатлар / Таълим /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14.08.2023 й. 384-сон "Олий таълим муассасаларининг иқтидорли талабалари учун айрим номли давлат стипендиялари жорий этилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

14.08.2023 й.

N 384



ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИНИНГ ИҚТИДОРЛИ

ТАЛАБАЛАРИ УЧУН АЙРИМ НОМЛИ ДАВЛАТ СТИПЕНДИЯЛАРИ

ЖОРИЙ ЭТИЛГАНЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИНИНГ АЙРИМ ҚАРОРЛАРИГА

ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрларни тайёрлаш ҳамда илмий тадқиқотлар тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2022 йил 4 ноябрдаги ПҚ-414-сон ҳамда "Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида" 2023 йил 25 январдаги ПҚ-20-сон қарорларига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:

жисмоний маданият ва спорт йўналишлари бўйича кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари охирги икки курсида ўқиётган талабаларга Паҳлавон Маҳмуд номли давлат стипендиясини тайинлаш;

тарих ва география йўналишлари бўйича кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари охирги икки курсида ўқиётган талабаларга Бобур номли давлат стипендиясини тайинлаш;

Паҳлавон Маҳмуд ҳамда Бобур номли давлат стипендиялари миқдорини белгилаш.


2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири И.Ю. Абдурахмонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                      А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 14 августдаги

384-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида" 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарорига 3-иловада:


а) 2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"2. Олий таълим муассасалари бакалавриат босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари Ўзбекистон Республикасидаги давлат, нодавлат ва хорижий олий таълим муассасалари, шу жумладан, қўшма таълим дастурларида бутун ўқиши давомида фақат аъло баҳоларга ўқиётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган охирги курс талабаларига тайинланади ва тўланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендиялари ҳар бир олий таълим муассасасининг бакалавриат босқичидаги бир нафар битирувчи курс талабасига тайинланади ва тўланади.

Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий ва Ислом Каримов номли давлат стипендиялари (кейинги ўринларда - номли давлат стипендиялари) Ўзбекистон Республикасидаги давлат, нодавлат ва хорижий олий таълим муассасалари, шу жумладан, қўшма таълим дастурларининг охирги икки курсида ўқиётган талабаларга тайинланади ва тўланади.

Бобур номли давлат стипендияси тарих ва география йўналишлари бўйича Ўзбекистон Республикасидаги давлат, нодавлат ва хорижий олий таълим муассасалари, шу жумладан, қўшма таълим дастурларининг охирги икки курсида ўқиётган талабаларга тайинланади ва тўланади. Бунда ушбу номли давлат стипендияси сони тарих ва география йўналишлари бўйича кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари учун алоҳида биттадан белгиланади.

Паҳлавон Махмуд номли давлат стипендияси жисмоний маданият ва спорт йўналишлари бўйича Ўзбекистон Республикасидаги давлат, нодавлат ва хорижий олий таълим муассасалари, шу жумладан, қўшма таълим дастурларининг охирги икки курсида ўқиётган талабаларга тайинланади ва тўланади. Бунда ушбу номли давлат стипендияси сони жисмоний маданият ва спорт йўналишлари бўйича кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари учун алоҳида биттадан белгиланади.

Тўлепберген Қаипбергенов ва Ибройим Юсупов номли давлат стипендиялари Қорақалпоғистон Республикасидаги давлат, нодавлат ва хорижий олий таълим муассасалари, шу жумладан, қўшма таълим дастурларининг охирги икки курсида ўқиётган талабаларга тайинланади ва тўланади. Бунда ушбу номли давлат стипендиялари сони Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳар бир олий таълим муассасаси учун Тўлепберген Қаипбергенов ва Ибройим Юсупов номли давлат стипендиялари бўйича алоҳида биттадан белгиланади";


б) 13-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"13. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари танловларида ғолиб бўлган талабаларга Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири томонидан тасдиқланган қуйидаги гувоҳномалардан бири берилади:

"Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияси соҳиби";

"Беруний номли давлат стипендиясининг соҳиби";

"Ибн Сино номли давлат стипендиясининг соҳиби";

"Навоий номли давлат стипендиясининг соҳиби";

"Улуғбек номли давлат стипендиясининг соҳиби";

"Имом ал-Бухорий номли давлат стипендиясининг соҳиби";

"Ислом Каримов номли давлат стипендиясининг соҳиби";

"Бобур номли давлат стипендиясининг соҳиби";

"Паҳлавон Маҳмуд номли давлат стипендиясининг соҳиби";

"Тўлепберген Қаипбергенов номли давлат стипендиясининг соҳиби";

"Ибройим Юсупов номли давлат стипендиясининг соҳиби".

Гувоҳномалар талабаларнинг ўқиш жойида тантанали вазиятда топширилади".


2. Вазирлар Маҳкамасининг "Олий таълим муассасалари талабаларига тўланадиган стипендиялар миқдорларини белгилаш ҳамда стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 31 январдаги 59-сон қарорида:


а) 5-банднинг биринчи хатбошиси "Имом ал-Бухорий" сўзларидан кейин "Бобур, Паҳлавон Маҳмуд" сўзлари билан тўлдирилсин;


б) 1-илованинг 10-банди биринчи хатбошиси "Имом ал-Бухорий" сўзларидан кейин "Бобур, Паҳлавон Маҳмуд" сўзлари билан тўлдирилсин;


в) 2-илованинг "Стипендия номи ва қўшимча тўловлар" устуни 2-позицияси "Имом ал-Бухорий" сўзларидан кейин "Бобур, Паҳлавон Махмуд" сўзлари билан тўлдирилсин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 15 август






















































Время: 0.0050
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск