ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ёқилғи-энергетика комплекси / Энергия ресурсларига белгиланган нархлар /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.09.2023 й. 475-сон "Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

15.09.2023 й.

N 475



ЁҚИЛҒИ-ЭНЕРГЕТИКА СОҲАСИДА

БОЗОР МЕХАНИЗМЛАРИНИ ЖОРИЙ

ЭТИШНИНГ ҚЎШИМЧА ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини ёқилғи-энергетика ресурслари билан ишончли тарзда таъминлаш, аҳоли хонадонларида қайта тикланувчи энергия манбалари ўрнатилишини қўшимча рағбатлантириш, ҳамда ёқилғи-энергетика ресурслари нархларининг шаклланишини босқичма-босқич бозор тамойилларига ўтказиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарорига мувофиқ электр энергиясининг йирик истеъмолчилари - юридик шахслар томонидан тунги даврда (соат 22-00 дан 24-00 гача ва соат 00-00 дан 06-00 гача) фойдаланилган электр энергияси учун тўловлар белгиланган тарифга нисбатан 1,5 баравар миқдорда камаювчи коэффициентни кўллаш орқали ҳисоб-китоб қилиниши ўрнатилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси 2023 йил 1 октябрдан бошлаб:

табиий газ ва электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш, сотиш тарифларини ҳамда иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш тарифларини;

электр ва иссиқлик энергияси, шунингдек, табиий газ истеъмолчиларидан ва улгуржи қайта сотувчилардан тушадиган маблағларни тақсимлаш тартибини;

темир йўл транспортида юк ва йўловчиларни ташиш хизматлари ва бошқа тарифларни қайта кўриб чиқсин ва тасдиқласин.


3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига иссиқлик таъминоти, сув таъминоти ва оқова сув хизматларига, шаҳар йўловчилар ташиш транспортида (бундан йўналишли ва йўналишсиз таксилар мустасно) йўловчилар ташиш хизматларига янги тарифларни белгилаш тавсия этилсин.

Бунда, иссиқлик таъминоти хизматларининг аҳоли учун белгиланадиган нархлари жорий куз-қиш мавсумида оширилмаслиги белгилансин.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мазкур бандда белгиланган тарифларни қайта кўриб чиқишда нархларнинг асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш чораларини кўрсин.


4. Қуйидагилар:

Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этиш ишларини мувофиқлаштириш комиссияси (кейинги ўринларда - Комиссия) таркиби 2-иловага мувофиқ;

Энергетика инфратузилмасининг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича ишчи гуруҳи (кейинги ўринларда - Ишчи гуруҳ) таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


5. Комиссия:

а) қуйидагиларни:

икки ҳафта муддатда нефть-газ ва энергетика соҳасини ривожлантириш, ёқилғи-энергетика ресурсларини етказиб бериш сифатини яхшилаш ва уларнинг нархларини такомиллаштиришга оид мавзуларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш бўйича медиа-режани;

2023 йил 15 октябрга қадар энергия ресурслари истеъмолини мақбуллаштириш, йўқотишларини камайтириш ва ишлаб чиқаришда энергия самарадорлигини ошириш дастурини;

2023 йил 20 октябрга қадар технологик жараёнларни ҳамда материал ва хом ашё ресурсларини сарфлаш нормаларини, фойдаланиш ва ишлаб чиқаришга оид бўлмаган харажатларни қисқартириш дастурини;

2023 йил 1 ноябрга қадар энергетика корхоналарида меҳнат унумдорлигини ошириш, ишлаб чиқариш ва бошқа харажатларни камайтириш ҳисобига ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар таннархини ўртача 8 - 10 фоизга қисқартиришни назарда тутувчи мақсадли кўрсаткичларни;

2023 йил 15 ноябрга қадар уй хўжаликларида электр энергияси ва табиий газни тежаш, улардан самарали фойдаланиш лойиҳалари учун 2024 йилда имтиёзли ресурсларни жалб қилиш бўйича чора-тадбирларни;

2023 йил 1 декабрга қадар электр энергияси ва табиий газни истеъмолчиларга узатишдаги йўқотишларни ҳисоблаш услубиятини;

2023 йил 15 декабрга қадар энергетика корхоналари томонидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини мақбуллаштириш, уларнинг самарадорлигини ошириш ва харидлар жараёнлари шаффофлигини ташкил қилиш орқали инвестиция харажатларини қисқартириш бўйича чора-тадбирларни тасдиқласин;

б) тизимли равишда:

ҳудудларда тариф ошиши билан боғлиқ муаммоларни олдиндан аниқлаб, уларни жойида ҳал қилиб борсин;

ҳудудларда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида чакана нархлар кескин ошиб кетишининг олди олинишини таъминласин;

йирик саноат ва инфратузилма объектлари, шу жумладан электр станциялари ёқилғи билан узлуксиз таъминланишини ташкил этсин;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини энергия ресурслари билан таъминлашда вужудга келаётган тизимли муаммоларни бартараф этиш чораларини кўрсин;

тарифлар ошишининг иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолига таъсири, шу жумладан истеъмол товарлари нархлари кескин ошишининг олдини олиш, шунингдек иқтисодиёт тармоқлари корхоналарида ишлаб чиқариш таннархини ва ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга сарф қилинадиган энергия ресурслари миқдорини камайтириш бўйича чораларни белгилаб борсин.


6. Ишчи гуруҳ (Раматов):

а) тизимли равишда:

республика ҳудудларида электр энергияси ва табиий газ тармоқлари ҳамда қурилмаларининг ҳолатини ўрганиб, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўрсин;

электр энергияси ва табиий газ тармоқлари ҳамда қурилмаларини капитал таъмирлаш, реконструкция ва модернизация қилиш ишлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминласин ҳамда мазкур ишларнинг якунлари бўйича объектларни қабул қилиб борсин;

мазкур вазифаларни амалга оширишда вужудга келаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиб борсин;

б) ҳар ўн кунда амалга оширилган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Солиқ қўмитаси ҳамда Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида:

ўрнатилган газ ҳисоблаш ускуналари табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимига тўлиқ уланганлигини ва онлайн режимда маълумотлар узатилаётганлигини қатъий назорат қилиб борсин;

ноқонуний уланиш, ёқилғи-энергия ресурсларини талон-торож қилиш ва ноқонуний истеъмол қилишнинг бошқа ҳолатларини, шунингдек, уларни содир этишга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш бўйича назорат тадбирларини янада кучайтирсин;

табиий газни сотишда унинг энг баланд чакана нархи 2024 йил 1 июнгача бир куб метр учун 3 350 сўмдан ошиб кетмаслиги бўйича қатъий чоралар кўрсин.

Бунда, онлайн режимда маълумотлар узатмаётган, чакана сотишда чекланган нархнинг асоссиз оширилишига, ноқонуний уланишга, ёқилғи-энергия ресурсларини талон-торож ва ноқонуний истеъмол қилинишига йўл қўйган автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларига табиий газ етказиб беришни тўхтатиш чоралари кўрилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 13 февралдаги ПҚ-54-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Ш.А. Аминов мазкур бандда назарда тутилган чора-тадбирлар ижросини самарали ташкил қилишга шахсан жавобгар эканлиги маълумот учун қабул қилинсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 майдаги ПҚ-157-сон қарорига мувофиқ табиий газ ҳажмининг аниқ ҳисобини юритиш мақсадида табиий газни қабул қилиш ва узатишнинг барча нуқталарига онлайн электрон ҳисоблагичларни ўрнатиш, уларни солиқ органлари ахборот тизимлари билан интеграция қилиш орқали ягона автоматлаштирилган табиий газ ҳаракати тизимини жорий этиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Солиқ қўмитаси ҳамда Энергетика вазирлигига табиий газни қазиб олишдан якуний истеъмолчиларга етказиб беришгача бўлган жараёнларни тўлиқ автоматлаштириш орқали унинг аниқ ҳисобини юритиш бўйича ишлар лозим даражада олиб борилмаганлиги кўрсатиб ўтилсин.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров бу борада амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борсин.


9. Белгилансинки, 2023 йил 1 октябрдан бошлаб "UzGasTrade" АЖ, "Ҳудудгазтаъминот" АЖ, "Ўзтрансгаз" АЖ, "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ, "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва "Иссиқлик электр станциялари" АЖ корхоналарининг маҳсулот сотишдан тушадиган барча тушумлари Ягона ғазна ҳисобварағида юритилади.

Бунда, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси қарорига асосан белгиланадиган маблағлар тақсимоти асосида Ягона ғазна ҳисобварағига тушган маблағлар шу куннинг ўзида мазкур корхоналарнинг хизмат кўрсатувчи банклардаги ҳисобварақларига ўтказиб берилади.

Солиқ қўмитаси электр энергияси ва табиий газни якуний истеъмолчиларга сотишдан тушадиган тушумлар мазкур корхоналарнинг Ягона ғазна ҳисобварағида юритиладиган шахсий ғазна ҳисобварақларига тушишини таъминласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 4-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари 5-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


12. Энергетика вазирлиги ушбу қарорга мувофиқ электр энергияси ва табиий газнинг янги нархлари барча манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотларга етказилишини таъминласин.


13. Белгилансинки, ушбу қарор 2023 йил 1 октябрдан эътиборан кучга киради.


14. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда энергетика вазири Ж.Т. Мирзамаҳмудов белгилансин.


15. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                 А. Арипов

         

           




Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 15 сентябрдаги

475-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор

механизмларини жорий этиш ишларини

мувофиқлаштириш комиссияси

ТАРКИБИ

         

1. А.Н. Арипов

-

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Комиссия раиси


2. Ж.Т. Мирзамаҳмудов

-

Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири, Комиссия раисининг ўринбосари


3. Келишувга кўра

-

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари


4. Келишувга кўра

-

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари


5. Б.Б. Ходжаев

-

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари


6. Л.Ш. Кудратов

-

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири


7. А.Д. Ташкулов

-

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири


8. Ш.Ш. Шарахметов

-

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси


9. Лавозими бўйича

-

Ёқилғи-энергетика соҳаси корхоналари раҳбарлари

             

Изоҳ. Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.

        

            




Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 15 сентябрдаги

475-сон қарорига

3-ИЛОВА



Энергетика инфратузилмасининг барқарор

ишлашини таъминлаш бўйича ишчи гуруҳи

ТАРКИБИ

         

1. А.Ж. Раматов

-

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ўринбосари, Ишчи гуруҳ раиси


2. Келишувга кура

-

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари, Ишчи гуруҳ раиси ўринбосари


3. П.Р. Бобожонов

-

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири


4. Келишувга кура

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари


5. Ж.Т. Мирзамаҳмудов

-

Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири


6. И.И. Норқулов

-

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари


7. Келишувга кура

-

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти директори


8. И.А. Ниматуллаев

-

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиги, Ишчи гуруҳ ишчи органи

              

Изоҳ.

Ишчи гуруҳ аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.

Ишчи гуруҳ ишчи органи овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмайди.

       

          




Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 15 сентябрдаги

475-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритилаётган

ЎЗГАРТИРИШЛАР

             

1. Вазирлар Маҳкамасининг "Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарорида:


а) 1-иловада:


67-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;


70-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"истеъмолчиларга (маиший истеъмолчилардан ташқари) электр энергиясини етказиб бериш 50 фоиз олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилади. Олдиндан ҳақ тўламаган истеъмолчиларга нисбатан электр тармоқларидан тўлиқ узишгача бўлган чоралар кўрилади";


б) 2-иловада:


105-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;


111-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"111. Истеъмолчилар ҳисоб-китоб даври бошланишидан камида 5 кун олдин етказиб бериш юзасидан тузилган шартномада кўрсатилган ойлик табиий газ ҳажми қиймати суммасининг 50 фоизи миқдорида газ таъминоти ташкилотининг ҳисобварағига тўловларни олдиндан амалга ошириши шарт. Амалда истеъмол қилинган табиий газ ҳажми учун якуний ҳисоб-китоб ҳисобот ойининг охиригача амалга оширилади".


2. Вазирлар Маҳкамасининг "Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархлари ва тарифларини ўзгартириш тўғрисида" 2019 йил 30 июлдаги 633-сон қарорида:


а) 2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"2. 2019 йил 15 августдан бошлаб Аи-91 маркали автомобиль бензини биржа савдолари орқали сотиладиган тартиб белгилансин";


б) 4-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

         

          




Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 15 сентябрдаги

475-сон қарорига

5-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган

айрим қарорлари

РЎЙХАТИ

          

1. Вазирлар Маҳкамасининг "Ёқилғи-энергетика ресурслари таъминотида бозор механизмларини жорий этиш тўғрисида" 2022 йил 30 июндаги 348-сон қарори.


2. Вазирлар Маҳкамасининг "Вазирлар Маҳкамасининг "Ёқилғи-энергетика ресурслари таъминотида бозор механизмларини жорий этиш тўғрисида" 2022 йил 30 июндаги 348-сон қарорининг амал қилишини вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида" 2022 йил 14 июлдаги 387-сон қарори.

          

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 16 сентябрь





































































Время: 0.0059
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск