ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Агрономия тадбирлари. Ўсимликлар ҳимояси ва карантини /

Ўзбекистон Республикасининг 09.11.2023 й. ЎРҚ-877-сон "Ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 06.06.2023 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 24.08.2023 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

09.11.2023 й.

N ЎРҚ-877



ЎСИМЛИКЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 6 июнда қабул қилинган

Сенат томонидан 2023 йил 24 августда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Ўсимликларни ҳимоя қилиш

тўғрисидаги қонунчилик


Ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


биологик ҳимоя воситалари - ўсимликларнинг ва ўсимлик маҳсулотининг зарарли организмларига қарши курашиш учун қўлланиладиган фойдали организмлар ёки уларнинг яшаш фаолияти маҳсулотлари;


зарарли организмлар - ўсимликларнинг, ҳайвонларнинг ёхуд касаллик қўзғатувчи агентларнинг ўсимликларга ёки ўсимлик маҳсулотларига зарар етказувчи ҳар қандай тури, хили ёки биотипи;


кимёлаштириш воситалари - ўсимликларнинг ривожланишини, пишиб етилишини тезлаштириш, ҳосилдорлигини ва сифатини ошириш, шунингдек тупроқ унумдорлигини яхшилаш учун фойдаланиладиган кимёвий воситалар;


минерал ўғитлар - тайёрланган ёки қазиб олинган, таркибида минерал шаклидаги озиқлантирувчи моддалар мавжуд бўлган ўғитлар;


пестицидлар - зарарли организмларга қарши курашиш учун қўлланиладиган моддалар;


фитосанитария тадбирлари - зарарли организмлар томонидан етказиладиган иқтисодий зарар миқдорини камайтиришга қаратилган тадбирлар мажмуи;


ўсимликларни ҳимоя қилиш - зарарли организмларга қарши курашишга қаратилган тадбирлар мажмуи;


ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари - ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситалар ва биологик ҳимоя воситалари.



4-модда. Ўсимликларни ҳимоя қилиш

соҳасидаги асосий принциплар


Ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий принциплар қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

инсон соғлиғи ва атроф-муҳит хавфсизлигининг устуворлиги;

тизимлилик ва узлуксизлик;

биологик усулни қўллаш устуворлиги;

очиқлик ва шаффофлик.



2-БОБ. ЎСИМЛИКЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ

СОҲАСИДАГИ ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ


5-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди ва уларнинг амалга оширилишини ташкил этади;

кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олиш учун синовларни ўтказиш, уларни рўйхатга олиш ҳамда ишлаб чиқариш, минерал ўғитларни ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситаларни олиб киришга доир рухсатномалар бериш, минерал ўғитларнинг ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситаларнинг улгуржи ҳамда чакана савдоси бўйича фаолиятни лицензиялаш тартибини тасдиқлайди;

ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида давлат назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди;

ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги умумий техник регламентларни тасдиқлайди;

биологик ҳимоя воситаларини олиб кириш ва олиб чиқиш тартибини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида учрайдиган карантин аҳамиятига эга бўлмаган зарарли организмлар рўйхатини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



6-модда. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ

хўжалиги вазирлигининг ўсимликларни ҳимоя

қилиш соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини, янги техникани ва технологик жараёнларни ҳамда қишлоқ хўжалигида уларнинг қўлланилиш усулларини яратишга, синашга ва жорий этишга доир илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ҳамда лойиҳалаштириш ишларини амалга оширади;

ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида мутахассислар тайёрланишини, қайта тайёрланишини ва уларнинг малакаси оширилишини таъминлайди;

кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини қўллашга доир услубий кўрсатмаларни, тавсияномаларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий этишда иштирок этади;

қишлоқ хўжалигининг кимёвий ва биологик ҳимоя воситаларига, фавқулодда вазиятлар ҳолатида кимёвий воситаларнинг захираларини шакллантиришга бўлган эҳтиёжини аниқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



7-модда. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ

хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини

ва ҳимояси агентлигининг ўсимликларни ҳимоя

қилиш соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади).

Махсус ваколатли давлат органи:

ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

зарарли организмларга қарши курашишнинг интеграциялашган тизимини ишлаб чиқади ва жорий этади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига бошқа мамлакатлардан зарарли организмлар кириб келиши хавфининг олдини олиш ва уларга қарши курашиш чораларини кўради;

кимёлаштириш воситалари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари бўйича техник регламентларни ишлаб чиқади;

кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олиш учун синовлар ўтказиш, рўйхатга олиш, илмий тадқиқотлар учун олиб киришга рухсат беради;

биологик ҳимоя воситаларини олиб кириш ва олиб чиқиш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиради;

кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олишни амалга оширади ҳамда кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олганлик тўғрисида гувоҳнома беради;

минерал ўғитларнинг ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситаларнинг улгуржи ҳамда чакана савдоси бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензия беради;

минерал ўғитларни ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситаларни олиб киришга доир рухсатнома беради;

Ўсимликлар зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши курашишнинг қўллаш учун рухсат этилган кимёвий ҳамда биологик воситалари, дефолиантлар ва ўсимликлар ўсишини бошқарувчи воситалар рўйхатини юритади ҳамда эълон қилади;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан биргаликда ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг қўлланилиши тақиқланган ёки чекланган фаол ва нофаол ингредиентларини аниқлайди, Ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг қўлланилиши тақиқланган ёки чекланган фаол ва нофаол ингредиентлари реестрини юритади ҳамда назорат қилади;

республика ижро этувчи ҳокимият органларининг кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқариш ҳамда қўллаш, техник регламентларга риоя этиш, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг инсон соғлиғига ва атроф-муҳитга таъсирини аниқлаш билан боғлиқ фаолиятини мувофиқлаштиради;

кимёлаштириш воситаларининг ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг сифатини назорат қилади, улардан фойдаланиш тўғрисида хулосалар беради, инсон соғлиғига ва атроф-муҳитга зарарли таъсири аниқланган тақдирда уларнинг қўлланилишини тақиқлайди;

ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида кадрлар тайёрланишини, қайта тайёрланишини ва уларнинг малакаси оширилишини ташкил этади;

кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини қўллашга доир услубий кўрсатмаларни, тавсияномаларни ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида учрайдиган карантин аҳамиятига эга бўлмаган зарарли организмлар рўйхатини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликнинг ижро этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади;

кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ҳисобга олиш, олиб кириш, сақлаш, реализация қилиш, қўллаш, зарарсизлантириш, кўмиб ташлаш ва йўқ қилишнинг автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этади.

Махсус ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



8-модда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш

вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик

ва жамоат саломатлиги қўмитасининг ўсимликларни ҳимоя

қилиш соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси:

кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқариш, сақлаш, реализация қилиш, қўллаш, ташиш, муомаладан чиқариш, зарарсизлантириш, утилизация қилиш, кўмиб ташлаш ҳамда йўқ қилиш чоғида нормалар, қоидалар ва нормативларга риоя этилиши устидан давлат санитария назоратини амалга оширади;

токсикологик-гигиеник жиҳатдан баҳолаш бўйича илмий тадқиқотларни ташкил этади ва ўтказади, пестицидларнинг озиқ-овқат маҳсулотларидаги, ишлаб чиқариш объектларидаги ва атроф-муҳит объектларидаги гигиеник нормативлари ҳамда регламентларини ишлаб чиқади;

пестицидларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидаги ва бошқа ўсимлик маҳсулотидаги қолдиқ миқдорини давлат токсикологик экспертизасидан ўтказади;

ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг давлат санитария-гигиена экспертизасини ўтказади;

ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари билан ишлайдиган шахсларнинг дастлабки ва даврий тиббий кўриклари ўтказилишини, шунингдек пестицидлардан заҳарланган беморларга ташхис қўйилишини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



9-модда. Ўзбекистон Республикаси Экология,

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши

вазирлигининг ўсимликларни ҳимоя қилиш

соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги:

рўйхатга олиш учун тақдим этиладиган ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолашни амалга оширади;

кимёлаштириш воситаларининг ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг давлат экологик экспертизасини ўтказади;

яроқсиз ҳолга келган кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ҳамда уларнинг идишларини кўмиб ташлаш жараёнида иштирок этади;

кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, қўллаш, зарарсизлантириш, утилизация қилиш, кўмиб ташлаш ва йўқ қилиш чоғида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

Ўзбекистон Республикасида заҳарли кимёвий моддалар ва бошқа токсик моддалар сақланаётган ёки кўмиб ташланган махсус объектлар фаолиятини тартибга солади.

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



10-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари


Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳудудий дастурларни тасдиқлайди ва амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, махсус ваколатли давлат органи, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билан келишилган ҳолда, яроқсиз ҳолга келган ва (ёки) қўлланилиши тақиқланган кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини зарарсизлантириш ишларини ташкил этади;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмаларининг зарарли организмларга қарши курашишга қаратилган фитосанитария тадбирларини амалга оширишга доир фаолиятини мувофиқлаштиради;

ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситаларнинг захираларини шакллантиради;

зарарли организмларга, шу жумладан зарар келтирадиган чигирткага қарши курашиш бўйича дастурларни тасдиқлайди;

ўсимликларга зарар етказиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича ишчи гуруҳларни шакллантиради ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. ЎСИМЛИКЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ

СОҲАСИДАГИ ДАВЛАТ НАЗОРАТИ


11-модда. Ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги

давлат назоратини амалга ошириш


Республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бошқаруви органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликнинг ижро этилиши устидан давлат назоратини махсус ваколатли давлат органи амалга оширади.

Махсус ваколатли давлат органи қуйидагилар устидан давлат назоратини амалга оширади:

ўсимликларни зарарли организмлардан ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши;

минерал ўғитларни ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситаларни олиб киришга доир рухсатномани, минерал ўғитларнинг ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситаларнинг улгуржи ҳамда чакана савдоси бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензияни олиш тартибига риоя этилиши;

минерал ўғитларни ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситаларни олиб кириш чоғида кўрикдан ўтказиш, уларни сақлаш, реализация қилиш, қўллаш, ташиш, муомаладан чиқариш, зарарсизлантириш, утилизация қилиш, кўмиб ташлаш ва йўқ қилиш тартибига риоя этилиши;

биологик ҳимоя воситаларини олиб кириш ва олиб чиқиш тартибига риоя этилиши;

биологик ҳимоя воситаларини ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнларига ва уларда етиштириладиган биологик маҳсулотларнинг сифат кўрсаткичларига доир талабларга риоя этилиши.

Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқариш, сақлаш, реализация қилиш, қўллаш, ташиш, муомаладан чиқариш, зарарсизлантириш, утилизация қилиш, кўмиб ташлаш ҳамда йўқ қилиш чоғида санитария ва экология талабларига риоя этилишини текшириш давлат санитария назорати ҳамда экологик назорат доирасида амалга оширилади.

Ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат назоратини амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



12-модда. Ўсимликлар карантини давлат инспекторларининг

ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқлари


Ўсимликлар карантини давлат инспекторлари ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бошқаруви органларининг, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳудудига қонунчиликда белгиланган тартибда кириш;

ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишлари аниқланган тақдирда, кимёлаштириш воситалари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари мавжуд бўлган юкларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилишини тақиқлаш;

божхона органларидан, темир йўл станцияларининг, автовокзалларнинг (автостанцияларнинг), аэропортларнинг ва бошқа ташкилотларнинг маъмуриятларидан олиб кирилаётган ҳамда олиб чиқилаётган кимёлаштириш воситалари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари тўғрисидаги маълумотларни сўраб олиш;

биологик ҳимоя воситаларини олиб кириш ва олиб чиқиш тартибига мувофиқ ҳужжатларни талаб қилиш;

ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик бузилишларини бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш бўйича ижро этилиши шарт бўлган кўрсатмалар киритиш;

кимёлаштириш воситаларининг ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олганлик тўғрисидаги гувоҳномага мувофиқлигини аниқлаш мақсадида улардан лаборатория текширувлари ҳамда тегишли экспертиза учун намуналар олиш;

зарарли организмлар ривожланиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида фитосанитария мониторинги ҳамда прогнозини, шунингдек ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича тадбирларнинг бажарилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш.

Ўсимликлар карантини давлат инспекторлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



13-модда. Ўсимликлар карантини давлат инспекторларининг

ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги мажбуриятлари


Ўсимликлар карантини давлат инспекторлари:

минерал ўғитларни ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситаларни олиб кириш чоғида минерал ўғитларни ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситаларни олиб киришга доир рухсатнома мавжудлигини текшириши ҳамда уларнинг мазкур рухсатномага мувофиқлигини баҳолашни амалга ошириши;

биологик ҳимоя воситаларини олиб кириш ва олиб чиқиш чоғида уларнинг фитосанитария сертификатига, карантин рухсатномасига мувофиқлигини баҳолашни амалга ошириши;

кимёлаштириш воситаларининг ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг лаборатория текширувлари ўтказилишини ташкил этиши;

зарур бўлганда биологик ҳимоя воситаларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳужжатларни сўраб олиши ва уларга баҳо бериши;

биологик ҳимоя воситаларининг самарадорлиги мониторингини ўтказиши;

ўсимликларни зарарли организмлардан ҳимоя қилишга доир тадбирларни белгилаши шарт.

Ўсимликлар карантини давлат инспекторларининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



4-БОБ. РЕСПУБЛИКА ИЖРО ЭТУВЧИ

ҲОКИМИЯТ ОРГАНЛАРИНИНГ, ХЎЖАЛИК

БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИНИНГ, ЮРИДИК ВА

ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРНИНГ ЎСИМЛИКЛАРНИ

ҲИМОЯ ҚИЛИШ СОҲАСИДАГИ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


14-модда. Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, хўжалик

бошқаруви органларининг, юридик ва жисмоний шахсларнинг

ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқлари


Республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бошқаруви органлари, юридик ва жисмоний шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

махсус ваколатли давлат органидан зарарли организмларни аниқлаш мақсадида фитосанитария мониторинги ва назорат текширувлари ўтказилишини талаб қилиш;

кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олиш тўғрисида аризалар бериш ҳамда кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олиш учун синовларни ўтказувчи ташкилотлар билан шартномалар тузиш;

зарарли организмларга қарши курашиш тадбирларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишни рад этиш ҳақидаги, кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олганлик тўғрисида гувоҳнома бериш ҳақидаги ёхуд уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарорлар устидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиш;

тегишли давлат органларидан ўсимликларни ҳимоя қилишга тааллуқли маълумотларни ва ахборотни олиш;

кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва унинг ҳудудидан олиб чиқиш.

Республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бошқаруви органлари, юридик ва жисмоний шахслар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



15-модда. Республика ижро этувчи ҳокимият

органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг,

юридик ва жисмоний шахсларнинг ўсимликларни

ҳимоя қилиш соҳасидаги мажбуриятлари


Республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бошқаруви органлари, юридик ва жисмоний шахслар:

кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини қўллаш қоидаларига риоя этиши;

синовларни ўтказувчи ташкилотлар томонидан рўйхатга олиш учун синовларни ўтказиш мақсадида кимёлаштириш воситалари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари намуналарининг ҳамда техник ҳужжатларининг, таққослаш учун эталонларнинг ва таъсир этувчи моддалар таҳлилий стандартларининг зарур бўлган миқдорини тақдим этиши;

ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги техник регламентларда кўрсатилган хавфсизлик талабларига риоя этиши;

кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини зарарсизлантириши ҳамда уларни махсус омборхоналарда ёки махсус хоналарда тегишли равишда сақлаши;

ўсимликлар карантини давлат инспекторларининг ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмаларини бажариши;

сертификатлаштирилган биологик ҳимоя воситаларини қўллаши;

фитосанитария тадбирларини ўз вақтида амалга ошириши;

кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини олиб кириш, сақлаш, ташиш, реализация қилиш ҳамда қўллашнинг қонунчиликда белгиланган тартибига ва қоидаларига риоя этиши, шунингдек ўсимликларнинг, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ва бошқа ўсимлик маҳсулотининг ҳамда атроф-муҳитнинг ушбу воситалар билан ифлослантирилишига йўл қўймаслиги шарт.

Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, юридик ва жисмоний шахсларнинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



5-БОБ. КИМЁЛАШТИРИШ ВОСИТАЛАРИНИ

ВА ЎСИМЛИКЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ВОСИТАЛАРИНИ

РЎЙХАТГА ОЛИШ ҲАМДА УЛАР БИЛАН БОҒЛИҚ ИШЛАРНИ

ХАВФСИЗ АМАЛГА ОШИРИШГА ДОИР ТАЛАБЛАР


16-модда. Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни

ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олиш


Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ёки бошқа мамлакатлардан олиб келинадиган кимёлаштириш воситалари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари рўйхатга олиниши лозим.

Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олиш махсус ваколатли давлат органи томонидан ўтказилган синовлар натижалари асосида амалга оширилади.

Кимёлаштириш воситалари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари беш йил муддатга рўйхатга олинади.

Рўйхатга олинмаган кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқариш, олиб кириш, реализация қилиш ҳамда қўллаш тақиқланади, бундан ушбу Қонуннинг 22-моддасида назарда тутилган ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини қўллаш ҳоллари мустасно.

Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олганлик учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорда йиғим ундирилади.



17-модда. Кимёлаштириш воситаларини

ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини

рўйхатга олиш учун синовларни ўтказиш


Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олиш учун синовларни ўтказиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини қўллаш самарадорлигини аниқлашни;

кимёлаштириш воситаларининг ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг инсон соғлиғига салбий таъсири хавфини баҳолашни ҳамда санитария нормалари ва қоидаларини, гигиена нормативларини ишлаб чиқишни;

кимёлаштириш воситаларининг ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг қўлланилишига экологик жиҳатдан баҳо беришни.

Махсус ваколатли давлат органи ариза берувчилар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан биргаликда ўрганишни амалга оширади.

Ўрганиш натижаларига кўра, кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олиш учун синовларни ўтказиш режаси тасдиқланади ёки синовларни ўтказиш рад этилади.

Махсус ваколатли давлат органи Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олиш учун синовларни ўтказувчи ташкилотлар рўйхатини тасдиқлайди.

Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олиш учун синовлар кимёлаштириш воситаларининг ҳамда ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг биологик самарадорлигини, токсикологик-гигиеник хоссаларини ва экологик хоссаларини аниқлаш учун, ушбу модданинг учинчи қисмида белгиланган тартибда тасдиқланган режаларга мувофиқ ўтказилади.

Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олишга доир ариза берган республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бошқаруви органлари, юридик ва жисмоний шахслар синовларни ўтказиш учун кимёлаштириш воситаларининг ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг зарур миқдордаги намуналарини, техник ҳужжатларни, таққослаш учун эталонларни, таъсир этувчи моддаларнинг таҳлилий стандартларини тақдим этиши шарт.

Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олиш учун синовларни ўтказиш муддати икки йилдан ошмаслиги керак.



18-модда. Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни

ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олиш учун

синовларнинг натижалари тўғрисидаги хулоса


Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олиш учун синовларни ўтказган ташкилотлар тегишли хулосани ёки илмий ҳисоботни тайёрлайди ҳамда уни махсус ваколатли давлат органига тақдим этади.

Махсус ваколатли давлат органи хулосаларга ва илмий ҳисоботларга асосан якуний хулоса тайёрлайди ҳамда уларнинг натижаларига кўра кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олиш ҳақида ёхуд рўйхатга олишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Махсус ваколатли давлат органи кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олиш учун синовларнинг натижаларини таҳлил қилади ҳамда баҳолашни амалга оширади.

Синовларни ўтказган ташкилотлар ёки улардан бири синовлар якунлари бўйича салбий хулоса чиқарган тақдирда, кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олиш рад этилади.

Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олиш учун синовларнинг натижалари тўғрисидаги хулосани тайёрлаш муддати олти ойдан ошмаслиги керак.

Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олиш учун ариза берган шахслар, шунингдек ушбу воситаларни ишлаб чиқарувчилар кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олиш учун синовларнинг натижалари тўғрисидаги хулосани тайёрлашда иштирок этишга ҳақли эмас.

Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олиш учун синовларнинг натижалари тўғрисидаги хулоса устидан белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.



19-модда. Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни

ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олганлик

тўғрисидаги гувоҳномани бериш


Махсус ваколатли давлат органининг кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олиш ҳақидаги қарори кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олганлик тўғрисида гувоҳнома бериш учун асос бўлади.

Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг шакли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



20-модда. Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни

ҳимоя қилиш воситаларини қайта рўйхатга олиш


Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини қайта рўйхатга олиш қонунчиликда белгиланган тартибда махсус ваколатли давлат органи томонидан тегишли аризага асосан амалга оширилади.



21-модда. Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни

ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олганлик тўғрисидаги

гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш


Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:

қўлланилаётган кимёлаштириш воситаларининг ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг таркибида бошқа аралашмалар мавжуд бўлганда ёки уларнинг таркиби рўйхатга олинган таркибдан фарқ қилганда;

рўйхатга олинган кимёлаштириш воситалари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари қўлланилганда инсон соғлиғига, атроф-муҳитга ёки биологик ҳимоя воситаларига зарар етказилиши эҳтимоли тўғрисида илмий жиҳатдан тасдиқланган янги маълумотлар мавжуд бўлганда;

рўйхатга олинган кимёлаштириш воситаларининг ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг номақбул хоссалари, биологик самарадорлиги паст эканлиги аниқланганда.

Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши махсус ваколатли давлат органи томонидан тегишинча Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг хулосасига асосан тугатилади.



22-модда. Рўйхатга олинмаган ўсимликларни ҳимоя

қилиш воситаларини тажриба тариқасида қўллаш


Ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича шошилинч чоралар кўрилишини талаб қилувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, рўйхатдан ўтказилмаган ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини бир йилгача бўлган муддатда тажриба тариқасида қўллашга йўл қўйилади.

Ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини тажриба тариқасида қўллашга доир рухсатнома махсус ваколатли давлат органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билан келишилган ҳолда, олдиндан белгиланган майдон ёки ҳудуд учун бир вегетация даврига бўлган муддатга берилади.

Ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини тажриба тариқасида қўллашга доир рухсатномани бериш чоғида махсус ваколатли давлат органи тажриба раҳбарини, шунингдек уни ўтказиш қоидалари ва шартларини белгилайди.

Ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини тажриба тариқасида қўллаш муддати тугаганидан кейин тажриба раҳбари махсус ваколатли давлат органига тажриба натижалари тўғрисидаги ҳисоботни, шунингдек ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари қолдиқлари, асбоблар ва мосламалар турган жой ҳақидаги ахборотни тақдим этади.



23-модда. Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни

ҳимоя қилиш воситаларини стандартлаштириш,

сертификатлаштириш ва тамғалаш


Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини стандартлаштириш ҳамда сертификатлаштириш Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан амалга оширилади, бундан биологик ҳимоя воситалари мустасно.

Биологик ҳимоя воситаларининг сифатини сертификатлаштириш махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини тамғалаш ишлаб чиқарувчи томонидан амалга оширилади.

Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини стандартлаштириш, сертификатлаштириш ҳамда тамғалаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



24-модда. Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни

ҳимоя қилиш воситаларини реализация қилиш,

олиб кириш ва олиб чиқиш


Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилишга, олиб киришга ва олиб чиқишга мувофиқлик сертификати олинганидан ҳамда улар Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилганидан кейин йўл қўйилади.

Минерал ўғитларни ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситаларни олиб кириш тегишли рухсатнома асосида амалга оширилади.

Минерал ўғитларнинг ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситаларнинг улгуржи ҳамда чакана савдоси бўйича фаолият лицензияга асосан амалга оширилади.



25-модда. Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни

ҳимоя қилиш воситаларини қўллаш


Кимёлаштириш воситалари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари фитосанитария, санитария ҳолати ҳамда экологик ҳолат ҳисобга олинган ҳолда қўлланилади.

Минерал ўғитлар ўсимликларнинг эҳтиёжи, ерларнинг сифати, шунингдек тупроқ таҳлилига ва бошқа таҳлилларга асосан аниқланадиган тупроқ унумдорлигининг ҳолатини баҳолаш натижалари ҳисобга олинган ҳолда қўлланилади.

Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини қўллаш тегишли техник регламентларда кўрсатилган хавфсизлик талабларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.



26-модда. Кимёлаштириш воситалари ва ўсимликларни

ҳимоя қилиш воситалари билан боғлиқ ишларни хавфсиз

амалга ошириш тўғрисидаги ахборот


Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олишга доир ариза берган юридик ҳамда жисмоний шахслар истеъмолчиларни кимёлаштириш воситалари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари билан боғлиқ ишларни хавфсиз амалга ошириш тўғрисидаги ахборот билан таъминлаш мақсадида уларга кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ташиш, қўллаш, сақлаш ва қадоқлаш ҳақидаги ахборотни ҳамда огоҳлантирувчи тамғаси мавжуд бўлган идиш ёрлиғини тақдим этиши шарт.

Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини реализация қилиш чоғида сотувчи (етказиб берувчи) идишнинг ҳар бир бирлигига кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ташиш, қўллаш, сақлаш ҳамда қадоқлашга доир тавсияномаларни, шунингдек идиш ёрлиғини жойлаштириши керак.

Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ташиш, қўллаш, сақлаш ҳамда қадоқлашга доир тавсияномаларнинг шакли ва уларни тасдиқлашга ҳамда идишнинг ёрлиғига оид талаблар махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.



27-модда. Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни

ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқаришга доир талаблар


Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқарувчилар қуйидагиларни таъминлаши шарт:

кимёлаштириш воситаларининг ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг норматив ҳужжатларга мувофиқ истеъмолчи ҳамда чакана савдо учун қулай ва хавфсиз бўлган ўровларда ишлаб чиқарилишини;

кимёлаштириш воситаларининг ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг ўсимлик хом-ашёсидаги, доривор хом-ашёдаги ва озиқ-овқат маҳсулотларидаги қолдиқ миқдорининг белгиланган стандартларга мувофиқлигини;

агар реализация қилиш, фойдаланиш, ташиш ҳамда сақлаш чоғида хавфсизлик талабларига риоя этилмаганлиги натижасида кимёлаштириш воситаларининг ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг самарадорлиги пасайган бўлса, уларнинг реализация қилиниши тугатилишини ва белгиланган тартибда муомаладан чиқарилишини.

Кимёлаштириш воситаларининг ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг идишлари ва ўровлари учун фойдаланиладиган материаллар инсонни, атроф-муҳитни кимёлаштириш воситаларининг ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг хавфли хоссаларидан ҳимоя қилиш учун махсус мослаштирилган бўлиши, ушбу воситалар таркибидаги моддаларнинг емирувчи ёки бошқача таъсирига чидамли бўлиши, шунингдек бир-бирига ўзаро таъсир қилмаслиги ва улар билан хавфли оқибатларни келтириб чиқарувчи реакцияга киришмаслиги керак.

Рўйхатга олинмаган кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқариш тақиқланади.



28-модда. Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни

ҳимоя қилиш воситаларини сақлаш


Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини фақат махсус омборхоналарда ёки махсус хоналарда сақлашга йўл қўйилади. Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини махсус идишсиз сақлаш тақиқланади.

Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини сақлаш чоғида санитария нормалари ва қоидаларига ҳамда экологик нормативларга риоя этилиши керак.

Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини сақлашга доир талаблар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган умумий техник регламентларда белгиланади.



29-модда. Яроқсиз ҳолга келган ва (ёки) қўлланилиши

тақиқланган кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни

ҳимоя  қилиш  воситаларини  ҳамда  уларнинг  идишларини

зарарсизлантиришга, утилизация қилишга, кўмиб ташлашга

ва йўқ қилишга доир талаблар


Яроқсиз ҳолга келган ва (ёки) қўлланилиши тақиқланган кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ҳамда уларнинг идишларини зарарсизлантириш, утилизация қилиш, кўмиб ташлаш ҳамда йўқ қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Яроқсиз ҳолга келган ва (ёки) қўлланилиши тақиқланган кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ҳамда уларнинг идишларини зарарсизлантириш, утилизация қилиш, кўмиб ташлаш ҳамда йўқ қилиш юридик ва жисмоний шахслар томонидан махсус ваколатли давлат органи, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вакилларининг назорати остида амалга оширилади.

Юридик ҳамда жисмоний шахслар кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ҳамда уларнинг идишларини сақлаш, улардан фойдаланиш, уларни зарарсизлантириш ва кўмиб ташлаш чоғида санитария-гигиена нормаларига, шунингдек ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш талабларига риоя этиши шарт.



30-модда. Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни

ҳимоя қилиш воситаларини ташишга доир талаблар


Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини инсоннинг соғлиғига ҳамда атроф-муҳитга зарар етказиш эҳтимолини истисно этган ҳолда, махсус жиҳозланган транспорт воситаларида ташишга йўл қўйилади.

Кимёлаштириш воситаларини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ташиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.



31-модда. Экологик хавф эҳтимоли бўлган вазиятлар


Ўсимликларни ҳимоя қилиш учун қўлланиладиган ўта заҳарли, кучли таъсир этувчи заҳарли, радиоактив ва бошқа моддаларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва улардан фойдаланиш чоғида экологик хавф эҳтимоли бўлган вазиятлар юзага келган тақдирда тегишли ишлаб чиқариш объектлари атрофида, транспорт магистраллари бўйлаб қонунчиликка мувофиқ алоҳида ҳуқуқий режим ўрнатилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


32-модда. Ўсимликларни ҳимоя қилиш

соҳасидаги халқаро ҳамкорлик


Ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига ва қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.

Махсус ваколатли давлат органи ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик доирасида:

хорижий мамлакатларнинг ваколатли органлари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат назоратини амалга оширувчи халқаро ташкилотлар билан ўзаро ахборот алмашишни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш учун мўлжалланган ўсимлик маҳсулотини етиштириш ва қадоқлаш жойларида пестицидларни қўллашга доир мажбурий талабларга риоя этилишини назорат қилади.



33-модда. Ўсимликларни ҳимоя қилишга

доир фаолиятни молиялаштириш


Зарарли организмларга қарши курашиш ҳамда фитосанитария хавфсизлигини таъминлаш учун ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан маблағлар ажратилади.

Ўсимликларни ҳимоя қилишга доир фаолият Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари, бюджетдан ташқари жамғармалар ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Махсус ваколатли давлат органининг ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат хизматлари, шунингдек зарур ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларнинг ўрни тегишли республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағлари ҳисобидан қопланади.

Республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бошқаруви органлари, юридик ва жисмоний шахслар ўзига тегишли ҳудудларда ўсимликларнинг ҳимоя қилинишини таъминлашга доир харажатларни ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширади.



34-модда. Низоларни ҳал этиш


Ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



35-модда. Ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик


Ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

"


36-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун

ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш


Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:


1) Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 31 августда қабул қилинган "Қишлоқ хўжалик ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги 116-II-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 йил, N 7-8, 208-модда);


2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2000 йил 31 августда қабул қилинган "Қишлоқ хўжалик ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида"ги 117-II-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 йил, N 7-8, 209-модда);


3) Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 11 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-381-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 йил, N 12, 343-модда) 17-моддаси;


4) Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 14 сентябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги ЎРҚ-446-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, N 9, 510-модда) 45-моддаси;


5) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-683-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, 4-сонга илова) 118-моддаси;


6) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 26 апрелда қабул қилинган "Санитария-эпидемиология хизмати такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-685-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, N 4, 290-модда) 3-моддаси.



37-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



38-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



39-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                               Ш. Мирзиёев

         

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 10 ноябрь


"Халқ сўзи", 2023 йил 10 ноябрь
































































































Время: 0.0062
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск