ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Матбаа-нашриёт фаолияти /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28.11.2023 й. ПҚ-380-сон "Ёшлар учун минг китоб" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

28.11.2023 й.

N ПҚ-380



"ЁШЛАР УЧУН МИНГ КИТОБ"

ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ёшларнинг интеллектуал ва илмий салоҳиятини оширишга хизмат қилувчи жаҳонда машҳур бўлган китобларни ўзбек тилига таржима қилиш ҳамда шу орқали уларни замонавий илм-фаннинг сўнгги ютуқлари билан яқиндан таништириб бориш тизимини йўлга қўйиш мақсадида:


1. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги (кейинги ўринларда - Ёшлар ишлари агентлиги) жаҳонда машҳур бўлган 1000 та китобини танлаб олиб, ўзбек тилига таржима қилиш ва мамлакатимизда оммалаштиришга қаратилган "Ёшлар учун минг китоб" лойиҳасини (кейинги ўринларда - лойиҳа) амалга ошириш учун масъул этиб белгилансин.


2. Белгилансинки, лойиҳа доирасида:

давлат буюртмасига асосан китоблардан фойдаланиш ҳуқуқини асар муаллифларидан сотиб олиш, уларни ўзбек тилига таржима қилиш, нашрга тайёрлаш ҳамда чоп этиш ишлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан (давлат олий таълим муассасалари учун нашр этиладиган китоблар бундан мустасно) амалга оширилади;

давлат олий таълим муассасалари учун мўлжалланган китоблар рўйхати Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан олий таълим муассасалари кесимида шакллантирилади ҳамда олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан нашр этилади;

танлаб олинган нашриётларни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат буюртмаларини амалга ошириш учун тижорат банкларининг кредитлари бўйича "Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси" АЖ маблағлари ҳисобидан умумий белгиланган шарт ва қоидалар доирасида кичик тадбиркорлик субъектлари учун бериладиган компенсация ва кафилликлар тақдим этилади.


3. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда жаҳонда машҳур бўлган китоблар рўйхатини шакллантириш мақсадида илм-фан, маданият, санъат, адабиёт ва бошқа соҳаларда тажриба ва етук билимга эга олимлар ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази, Дин ишлари бўйича қўмита мутахассисларидан иборат таркибда Экспертлар кенгашини тузсин.

Бунда, Ёшлар ишлар агентлиги томонидан Экспертлар кенгаши аъзолари меҳнатига бозор конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда шартнома асосида ҳақ тўланади.


4. Белгилансинки, жаҳонга машҳур бўлган китобларини ўзбек тилига таржима қилиш ва нашр этиш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

биринчи босқичда - Экспертлар кенгаши томонидан ҳар йили китобларнинг дастлабки рўйхати шакллантирилади;

иккинчи босқичда - аҳоли томонидан овоз бериш йўли билан танлаб олиш учун дастлабки рўйхат Ёшлар ишлари агентлигининг ахборот тизимларига жойлаштирилади ҳамда бу орқали якуний рўйхат шакллантирилади ҳамда Экспертлар кенгаши томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқланади.


5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра лойиҳа доирасида:

ҳар йили нашр этиладиган китоблар рўйхатига камида 20 фоиз илмий-оммабоп асарлар киритилади;

давлат буюртмасига асосан таржима қилинган ва чоп этишга тайёрланган китобларга доир ҳуқуқлар Ёшлар ишлари агентлиги тасарруфида қолдирилади ҳамда ушбу китобларни келгусида нашриётлар томонидан ўз маблағлари ҳисобидан чоп этиш ва реализация қилиш учун Ёшлар ишлари агентлиги томонидан бепул асосда тақдим этилади;

давлат буюртмасига асосан чоп этилган китоблар Экспертлар кенгаши тавсиясига кўра Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ахборот-кутубхона муассасалари, шу жумладан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг кутубхоналарига беғараз тақдим этилади;

чоп этилган китобларнинг электрон нусхалари китобхонлар кенг фойдаланиши учун муаллифлик ҳуқуқи эгаси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Миллий кутубхонасига ва Фанлар Академияси тизимидаги кутубхоналарга беғараз тақдим этилади.


6. Ёшлар ишлари агентлиги 2023-2024 йилларда дастлабки танланган 50 номдаги жаҳонда машҳур бўлган китобларини таржима қилиш, нашрга тайёрлаш ва чоп этиш чораларини кўрсин.


7. Белгилансинки, лойиҳа доирасида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан китобларни таржима қилиш, нашрга тайёрлаш ва чоп этиш билан боғлиқ давлат харидлари талабгорлар ўртасида энг яхши таклифларни танлаш ҳамда тендер ўтказиш орқали амалга оширилади.

Бунда:

энг яхши таклифларни танлаш ҳамда тендер ўтказиш тўғрисидаги эълонлар давлат харидларининг электрон тизимига ва Ёшлар ишлари агентлигининг расмий веб-сайтларига жойлаштирилади;

давлат харидига доир техник топшириқ "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУК томонидан, истисно тариқасида, экспертизадан ўтказилмайди.


8. Ёшлар ишлари агентлиги, АТ "Халқ банки" ва Республика ёш ижодкорлар кенгаши нодавлат нотижорат ташкилотининг қуйидаги таклифлари қўллаб-қувватлансин:

Ёшлар ишлари агентлиги томонидан АТ "Халқ банки" билан биргаликда ўзбек тилидаги адабиётлар жамланадиган ва аҳоли томонидан бепул фойдаланиладиган махсус мобил иловани (кейинги ўринларда - мобил илова) яратиш ва унинг доимий фаолият юритишини таъминлаш;

мобил иловани яратиш ва унинг доимий фаолият юритишини таъминлаш бўйича Республика ёш ижодкорлар кенгаши нодавлат нотижорат ташкилотини буюртмачи этиб белгилаш;

мобил иловани яратиш билан боғлиқ харажатларни АТ "Халқ банки"нинг ҳомийлик маблағлари ҳисобидан амалга ошириш;

мобил иловани юритиш (контент билан тўлдириш, шу жумладан аудио, видео ва матн шаклидаги адабиётларни тайёрлаш, хорижий ва маҳаллий муаллифларга муаллифлик ҳақини тўлаш ҳамда ушбу адабиётларни ўзбек тилига таржима қилиш) билан боғлиқ харажатларни Ёшлар ишлари агентлиги ҳисобидан Республика ёш ижодкорлар кенгаши нодавлат нотижорат ташкилотига маблағ ажратиш орқали молиялаштириш.


9. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳузуридаги Республика болалар кутубхонасининг янгидан реконструкция қилинган биносида тўпланган бой китоб фондидан кенг фойдаланишга имконият яратиш мақсадида Eшлар ишлари агентлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан биргаликда:

волонтёрларни жалб қилган ҳолда бир ой муддатда Республика болалар кутубхонаси китоб фондининг электрон каталогини яратсин;

кутубхона тасарруфидаги хорижий тилларда чоп этилган адабиётларни муаллифлик ҳуқуқларини инобатга олган ҳолда ўзбек тилига таржима қилиш ва тарғиб қилиш юзасидан Экспертлар кенгашига ҳар йили таклифлар киритиб борсин;

мобил иловада болалар учун алоҳида функционал (интерактив ўйинлар, виртуал китоб жавони кабилар) имкониятлар яратилишини таъминласин.

Рақамли технологиялар вазирлиги Республика болалар кутубхонасининг мурожаатига асосан жамоат жойларида Интернет тармоғига симсиз бепул уланиш ҳудудларига қўйилган талабларга мувофиқ Республика болалар кутубхонасининг Wi-Fi тармоғининг фойдаланувчиларнинг шахсини мажбурий идентификация қилиш тизимига ўрнатилган тартибда уланиши ва фойдаланилишини таъминласин.


10. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Фанлар академияси Ёшлар ишлари агентлигининг сўровига асосан муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ мобил иловага жойлаштириш учун ўз фондидаги адабиётларнинг электрон шаклини (нодир ва махсус фондларда сақланадиган адабиётлар бундан мустасно) Ёшлар ишлар агентлигига белгиланган тартибда доимий равишда беғараз тақдим этиб борсин.


11. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ушбу Жамғарма томонидан чоп этилган Ўзбек тилининг изоҳли луғати ва бошқа луғатларни мобил иловага жойлаштириш учун Ёшлар ишлари агентлигига электрон шаклда беғараз тақдим этсин.


12. Ёшлар ишлари агентлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда:

манфаатдор нодавлат телеканаллар билан ҳамкорликда китобхонликни тарғиб қилишга қаратилган медиа маҳсулотларни тайёрласин ва уларнинг эфирга узатилишини таъминласин ҳамда фаол китобхонларни доимий рағбатлантириб бориш тизимини йўлга қўйсин;

лойиҳа доирасида нашриётлар томонидан ўзбек тилига таржима қилинган ва оммалаштиришга тайёрланаётган китоблар қонунчиликка мувофиқ тегишли экспертизалардан ўтказилишини ташкил этсин.


13. Ташқи ишлар вазирлиги Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда таржима қилинадиган асарларнинг муаллифлик ҳуқуқини сотиб олишга доир ҳужжатларни мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчихоналари ва консулликлари орқали расмийлаштиришда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига амалий ёрдам кўрсатсин.


14. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:

лойиҳа доирасида Ёшлар ишлар агентлигининг асослантирилган ҳисоб-китобларига мувофиқ 2023 йилда жаҳонда машҳур бўлган китобларини ўзбек тилига таржима қилиш, нашрга тайёрлаш ва чоп этиш ишларини амалга ошириш, шу жумладан ушбу қарорнинг 3, 6, 8, 12-бандларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун Давлат бюджети даромадларининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармасига қўшимча 20 миллиард сўм ажратсин ҳамда келгуси йилларда ушбу мақсадлар учун маблағларнинг Давлат бюджетида назарда тутсин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман ва шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2024 йилдан бошлаб ҳар йили ҳудудлардаги ахборот-кутубхона муассасаларининг фондларини тўлдириш, янгилаш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун Давлат бюджети ҳамда маҳаллий бюджетларда зарур маблағларни назарда тутсин;

2024 йилдан бошлаб Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг асослантирилган ҳисоб-китобларига мувофиқ, ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарини кенг оммалаштириш, жамиятда китобхонликни ҳамда аҳолига ахборот-кутубхона хизматини кўрсатишни ривожлантириш мақсадлари учун Давлат бюджетида зарур бўлган маблағларнинг назарда тутсин.


15. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, намуна сифатида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги биттадан ахборот-кутубхона муассасасида адабиётлар ҳисобини юритиш, уларни сақлаш ва рақамлаштириш, аҳолига замонавий ахборот-кутубхона хизматини кўрсатиш тизимини яратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


16. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


17. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ёшлар ишлари агентлиги директори А.З. Саъдуллаев ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори А.А. Ходжаев белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                               Ш. Мирзиёев

         

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 29 ноябрь



































































Время: 0.1784
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск