Практическое Налогообложение

Нормативно-правовые акты / Деятельность отдельных отраслей / Энерго-, тепло- и водоснабжение. Бытовое обслуживание населения /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.10.2023 й. ПҚ-343-сон "Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

24.10.2023 й.

N ПҚ-343



ИЧИМЛИК СУВ ТАЪМИНОТИ

ВА ОҚОВА СУВ ТИЗИМИНИ ЯНАДА

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Республика истеъмолчиларини тоза ва сифатли ичимлик сув билан таъминлаш ҳамда оқова сув хизматларини яхшилаш борасида кўрилаётган изчил чораларни янада жадаллаштириш, ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари қамровини ошириш, соҳанинг трансформация жараёнини жадаллаштириш ҳамда корхоналарнинг молиявий-иқтисодий аҳволини янада мустаҳкамлаш мақсадида:


1. Қуйидагилар ичимлик сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасини босқичма-босқич ислоҳ қилишнинг устувор вазифалари этиб белгилансин:

ичимлик сувни ишлаб чиқаришдан бошлаб якуний истеъмолчига етказиб беришгача бўлган самарали тизимни жорий этиш, ичимлик сувни ҳисобга олиш, сув ҳисоблагичларни тўлиқ ўрнатиш ва йўқотишларни камайтириш, соҳани рақамлаштириш, узлуксиз, сифатли ва хавфсиз хизмат кўрсатилишини таъминлаш;

тизимдаги ташкилотлар молиявий ва иқтисодий функцияларини мустақил бажаришини кўзда тутган ҳолда корпоратив бошқарув тизимини тубдан яхшилаш;

соҳада жозибадор инвестиция муҳитини яратиш орқали ичимлик сувни тарқатиш жараёнларида давлат-хусусий шериклик тамойилларини кенг жорий қилиш, соҳага хусусий инвестицияларни жалб қилиш;

мавжуд сув иншоотлари ва тармоқларига ҳамда якуний истеъмолчиларга сув ҳисоблагичларни ўрнатиш орқали сув ҳажми устидан тўлиқ назорат ўрнатиш, соҳада энергия тежовчи технологияларни ва қайта тикланувчи манбаларни кенг жорий этиш ҳисобига ишлаб чиқариш ҳамда етказиб бериш таннархи ва харажатларини камайтириш;

ичимлик сув таъминоти корхоналарининг операцион самарадорлигини ошириш, дебитор ва кредитор қарздорликларни қисқартириш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш орқали уларнинг молиявий ҳолатини яхшилаш;

тариф сиёсатини капитал қўйилмалар ва активларни стратегик бошқариш билан узвийлигини таъминлаган ҳолда, илғор хорижий тажрибага асосланиб такомиллаштириш ҳамда шу орқали соҳани босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказиш;

истеъмолчиларнинг тўлов интизомини мустаҳкамлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича жамоатчилик кампанияларини амалга ошириш, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш, соҳада қўлланилаётган нормативлар ва стандартларни замонавий талаблар асосида янгилаш.


2. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик) ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг "Ўзсувтаъминот" АЖ ва унинг таркибидаги корхоналар негизида 2024 йил 1 апрелга қадар алоҳида йўналишлар бўйича қуйидаги акциядорлик жамиятларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:

ичимлик сувни ишлаб чиқариш ва магистрал тармоқлар орқали сув етказиб бериш ҳамда сувни ишлаб чиқариш ва магистрал тармоқлар билан боғлиқ бўлган сув объектларини ривожлантириш, шунингдек, эксплуатация қилишни таъминлаш бўйича акциядорлик жамияти шаклида ҳудудий магистрал сув таъминоти ташкилотлари;

ичимлик сув тармоқлари (магистрал тармоқлардан ташқари) орқали ва (ёки) транспортда истеъмолчиларга сув етказиб бериш, оқова сувларни чиқариб юбориш бўйича хизматлар кўрсатиш, тегишли тармоқларни ҳамда оқова сув тизимларини ривожлантириш ва эксплуатация қилиш бўйича акциядорлик жамияти шаклида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий ичимлик сув таъминоти ташкилотлари (кейинги ўринларда - ҳудудий ичимлик сув таъминоти ташкилотлари).

Мазкур банд билан ташкил этилаётган акциядорлик жамиятларининг акциядори этиб холдинг сифатида "Ўзсувтаъминот" АЖ белгилансин.


3. "Ўзсувтаъминот" АЖга ўзининг таркибидаги ташкилотларга мақсадли операцион моделни тасдиқлаш, тарифлар сиёсатини ишлаб чиқиш, бухгалтерия ҳисоби, молия, менежмент, рақамлаштириш, харидлар, кадрлар малакасини ошириш ва бошқа йўналишларда хизмат кўрсатиш вазифалари юклансин.


4. Белгилансинки 2024 йил 1 январдан бошлаб:

ичимлик сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш бўйича хизматлар учун тарифлар маҳсулот таннархига киритилган харажатлар, жорий харажатлар, тизим объектларини ривожлантириш ва модернизация қилиш харажатлари, молиявий харажатлар, солиқлар (сувнинг технологик жиҳатдан нормативдан юқори даражада сарфланганлиги ва йўқотилганлиги учун солиқлардан ташқари) ва бошқа мажбурий тўловлар, шунингдек, "Ўзсувтаъминот" АЖнинг сақлаш харажатлари ҳамда ташкилотларнинг рентабеллик даражасидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади;

ичимлик сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш бўйича хизматлар учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан тасдиқланадиган тарифлар мазкур банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган харажатлардан кам белгиланган тақдирда, улар ўртасидаги тафовут давлат буюртмаси асосида Давлат бюджетидан қоплаб берилади.


5. Қуйидагилар:

Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини такомиллаштириш бўйича "йўл харитаси" 1-иловага мувофиқ;

Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини трансформация қилиш жараёнларини тезлаштириш бўйича республика мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи таркиби 2-иловага мувофиқ;

"Ўзсувтаъминот" АЖ таркибига кирувчи айрим хўжалик жамиятлари ва корхоналарни қайта ташкил этиш механизмлари 3-иловага мувофиқ;

Республикадаги ичимлик сув таъминоти оғир бўлган маҳаллаларнинг 2024-2026 йилларда ичимлик сув таъминотини яхшилаш дастури 4-иловага мувофиқ;

2024-2026 йилларда республика ҳудудларида ичимлик сув тармоқларини уй хўжалигигача етказиш бўйича чора-тадбирлар дастури 5-иловага мувофиқ;

2024-2026 йилларда давлат ижтимоий буюртмаларини бериш орқали ичимлик сув таъминоти йўлга қўйиладиган аҳоли яшаш пунктлари рўйхати 6-иловага мувофиқ;

"Ўзсувтаъминот" АЖ томонидан халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳисобига 2024-2026 йилларда аҳолини ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари билан таъминлаш дастури 7-иловага мувофиқ;

Марказлашган сув таъминоти қамрови даражаси паст бўлган туманларда 2024-2026 йилларда ичимлик сув тизимларини ривожлантириш дастурининг йиғма параметрлари 8-иловага мувофиқ;

2024-2026 йилларда истеъмолчиларга ичимлик сув учун ҳисоблагичларни ўрнатиш режа-жадвали 9-иловага мувофиқ;

2024 йилда "Ўзсувтаъминот" АЖ тизим корхоналари объектларида қуёш панелларини ўрнатиш режа-жадвали 10-иловага мувофиқ;

2024-2026 йилларда "Ўзсувтаъминот" АЖ тизим корхоналари объектларидаги мавжуд насосларни энергия тежамкор насосларга алмаштириш режа-жадвали 11-иловага мувофиқ;

2024-2026 йилларда "Ўзсувтаъминот" АЖ таркибидаги лабораторияларнинг моддий-техника базасини яхшилаш дастури 12-иловага мувофиқ;

"Ўзсувтаъминот" АЖ ва унинг тизим корхоналарига ўтказиладиган ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизими объектлари рўйхати 13-иловага мувофиқ;

"Ўзсувтаъминот" АЖ корхоналарининг "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖга ўтказиладиган нимстанциялари рўйхати 14-иловага мувофиқ;

"Ўзсувтаъминот" АЖ ва унинг таркибидаги ташкилотларни трансформация қилиш жараёнидаги алоҳида қоидалар 15-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Бунда, мазкур қарорга 5-иловада кўрсатилган тадбирлар учун талаб қилинадиган маблағлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва "Ўзсувтаъминот" АЖ томонидан тенг улушларда ажратилади.


6. Вазирлик Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, "Ўзсувтаъминот" АЖ, Бухоро, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда 2024 йил 1 июлдан бошлаб тажриба тариқасида Когон, Ширин, Янгиер, Бекобод ва Янгийўл шаҳарларида ичимлик ва оқова сув таъминоти тизимларининг давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий секторга берилишини таъминласин.


7. Бош вазир ўринбосари А.Ж.Раматов Вазирлик, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, "Ўзсувтаъминот" АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда:

Давлат бюджети ва давлат томонидан жалб қилинган маблағлар ҳисобига амалга оширилаётган ичимлик ва оқова сув йўналишидаги лойиҳалар бўйича техник топшириқ шартларини ишлаб чиқишда энг мақбул техник ечимлар, ўзиоқар усули, замонавий энергия тежамкор материаллар ва технологиялар кенг қўлланилишини ҳамда ҳар бир лойиҳа қийматидан ортиқча харажатлар чиқариб ташланишини доимий равишда таъминлаб борсин;

2023 йил якунига қадар давлат томонидан жалб қилинган маблағлар ҳисобидан амалга оширилаётган ичимлик ва оқова сув йўналишидаги лойиҳаларни чуқур таҳлил қилиб, уларнинг кенг жамоатчилик билан муҳокама қилинишини ва қиймати мақбуллаштирилишини таъминласин.


8. Белгилансинки, 2024 йил 1 февралдан бошлаб Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган ичимлик ва оқова сув йўналишидаги лойиҳалар доирасида қурилиш материаллари, ускуна ва жиҳозлар 16-иловага мувофиқ фақат маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилинади.


9. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) Давлат бюджети ва давлат томонидан жалб қилинган барча маблағлар ҳисобидан амалга оширилаётган ичимлик ва оқова сув йўналишидаги лойиҳалар "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУК томонидан мажбурий равишда экспертизадан ўтказилади;

б) 2024 йил 1 январдан бошлаб:

ичимлик сув таъминоти ва оқова сув соҳасида инвестиция лойиҳа таклифлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашларида муҳокама қилинишидан олдин маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари депутатлари томонидан ҳудудий ичимлик сув таъминоти ташкилотлари билан биргаликда жойларга чиққан ҳолда тегишли аҳоли пунктларининг фаоллари билан муҳокама қилинади;

муҳокама қилинган ва розилик берилган лойиҳа таклифлари бўйича маълумотлар (ажратилган маблағлар миқдори, ишлар режа-жадваллари, техник ҳужжат ва ишларни олиб бориш бўйича ҳисоботлар) доимий равишда ҳудудий ичимлик сув таъминоти ташкилотлари томонидан ижтимоий тармоқларда тегишли аҳоли пунктларининг фаоллари билан биргаликда лойиҳа учун очиладиган махсус порталда жойлаштириб борилади;

в) ҳар бир лойиҳанинг бажарилиши ҳолати мунтазам равишда тегишли маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари депутатлари томонидан жойларга чиққан ҳолда тегишли аҳоли пунктининг фаолларини жалб қилган ҳолда мониторинг қилинади;

г) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида ичимлик сув таъминоти объектларига энергия тежовчи ускуналарни ўрнатиш ҳамда ичимлик сув ишлаб чиқарувчи, сувни магистрал ва бошқа тармоқлар орқали етказиб берувчи ташкилотларга махсус техникалар харид қилиш учун йилига 100 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади;

д) Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурида назарда тутилган ва давлат томонидан жалб қилинган маблағлар ҳисобига амалга ошириладиган инфратузилма лойиҳалари учун ажратиладиган ерларнинг ер фонди тоифасини ўзгартириш тўғрисидаги таклифлар барча ваколатли органлар томонидан устувор равишда 3 кун ичида кўриб чиқилади;

е) 2024 йил 1 январдан бошлаб янги қуриладиган ичимлик ва оқова сув йўналишидаги объектлар ва тизимларни лойиҳалаштиришда мазкур ҳудуднинг тўлиқ қамров даражасини инобатга олиш талаби ўрнатилади;

ж) 2024 йил 1 апрелдан бошлаб барча лойиҳаларда ичимлик ва оқова сув иншоотлари ҳамда тармоқларидаги сув ҳисобини рақамлаштириш бўйича ечимлар, сув иншоотлари ва тармоқларига сув ҳисоблагичларини ўрнатиш, ичимлик сув тармоқларини аҳоли хонадонларигача етказиб беришда ушбу хонадонларни ягона биллинг тизимига улаган ҳолда ҳисоблагичлар ўрнатишни акс эттириш мажбурий ҳисобланади.


10. Давлат активларини бошқариш агентлиги ва "Ўзсувтаъминот" АЖнинг ҳудудий сув таъминоти ташкилотлари кузатув кенгаши таркибига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларини киритиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ҳудудий сув ишлаб чиқариш, сув таъминоти ҳамда магистрал тармоқлар ташкилотларининг моддий-техника базасини яхшилаш ва ривожлантириш учун ушбу ташкилотларнинг махсус мақсадли банк ҳисобварақларига маблағларни йўналтириш ёки мазкур маблағлар ҳисобидан харид қилинган мол-мулкларни уларга бепул ўтказишга рухсат берилсин.

Бунда, ушбу маблағлар ва мол-мулклар "Ўзсувтаъминот" АЖ устав капиталига давлат улуши сифатида киритилади ва тегишлилиги бўйича таркибидаги ташкилотларнинг устав капиталидаги "Ўзсувтаъминот" АЖ улуши оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари бир ой муддатда мазкур қарор қабул қилингунга қадар "Ўзсувтаъминот" АЖ таркибидаги ташкилотларнинг моддий-техника базасини яхшилаш учун харид қилинган мол-мулкларнинг ушбу ташкилотларга ўтказилишини таъминласин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув соҳасидаги қўшимча вазифалари 17-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


12. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда "Ўзсувтаъминот" АЖ билан биргаликда 2024 йилда соҳада сув сарфи ҳисобини тартибга солиш, йўқотишлар даражасини камайтириш, мавжуд тармоқларнинг рақамли харитаси ва активларни бошқариш тизимини жорий этиш ҳамда соҳада "яшил иқтисодиёт" кўламини кенгайтириш бўйича лойиҳани амалга ошириш мақсадида Осиё тараққиёт банкининг камида 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қарз маблағлари жалб қилинишини таъминласин.


13. Белгилансинки:

"Ўзсувтаъминот" АЖ томонидан халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида товар, иш ва хизматларни сотиб олиш бўйича тасдиқланган харид комиссияси таркибига тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг камида 2 нафар вакили киритилади;

халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари устувор равишда комплекс ёндашув асосида алоҳида ҳудудларни ичимлик сув таъминоти ва туман марказларини оқова сув хизмати билан тўлиқ қамраб олиш, йирик сув ҳамда оқова сув объектларни қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини амалга ошириш учун жалб қилинади;

"Ўзсувтаъминот" АЖнинг давлат улуши бўйича акциядор функцияси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан амалга оширилади;

"Ўзсувтаъминот" АЖнинг ҳудудий магистрал сув таъминоти ташкилотлари хусусийлаштирилмайди;

автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш ишларини амалга оширишда мавжуд ичимлик ва оқова сув тизимларини кўчириш ёки қайта тиклаш билан боғлиқ ишлар йўл қуриш ва таъмирлаш лойиҳаларида кўзда тутилади.


14. Халқаро молия институтларининг ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари ҳисобидан ичимлик сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасидаги лойиҳалар доирасида харид (импорт) қилинадиган (етказиб бериладиган) махсус техникалар, ускуналар ва транспорт воситалари 2027 йил 1 январга қадар утилизация йиғимидан озод этилсин.


15. "Ўзсувтаъминот" АЖ ва унинг таркибидаги ташкилотларнинг 18-иловага* мувофиқ қарздорликларини кечиктириш, реструктуризация қилиш ва ҳисобланган пеня ва жарималарни ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


16. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги "Ўзсувтаъминот" АЖ ҳамда унинг тизим ташкилотлари томонидан жалб қилинган халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари қарзлари ва кредитларининг қайтарилишида уларнинг етишмаган қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қайтарилишини таъминласин.


17. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 19-иловага мувофиқ 2024 йил 1 январдан эътиборан ўзгартиришлар киритилсин.


18. Вазирлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


19. Қуйидагиларга:

Бош вазир ўринбосари А.Ж. Раматовга - "йўл харитаси" ва мазкур қарорга иловаларда белгиланган чора-тадбирлар ўз муддатида ва сифатли амалга оширилишининг мувофиқлаштирилиши, шу жумладан аввалги йиллардан ўтиб келаётган объектларни белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш, ичимлик ва оқова сув объектларига ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланган ҳолда объектлар қурилиш ишлари таннархини арзонлаштириш юзасидан;

Бош вазир ўринбосари Д.А. Кучкаровга - "йўл харитаси" ва мазкур қарорга иловаларда белгиланган чора-тадбирларга, шу жумладан ижтимоий буюртма асосида амалга ошириладиган, энергия тежамкор ускуналарни ўрнатиш ҳамда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ва бошқа дастурлар доирасида ичимлик ва оқова сув объектларига Давлат бюджетидан зарур маблағларнинг белгиланган муддатларда ва тўлиқ ҳажмда ажратилиши юзасидан;

Бош вазир ўринбосари Ж.А. Ходжаевга - халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ҳамда бошқа кредит муассасалари маблағлари ҳисобидан ичимлик ва оқова сув объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича амалга ошириладиган лойиҳалар учун хорижий инвестиция ва имтиёзли кредит маблағларининг белгиланган муддатларда жалб этилиши юзасидан;

иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари, Республика мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи раҳбари А.М. Бобоевга - ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини трансформация қилиш жараёнлари мувофиқлаштирилиши, соҳа корхоналарининг молиявий ва иқтисодий барқарор фаолиятини таъминлаш бўйича амалий чоралар кўрилиши, жалб қилинган халқаро молия институтлари маблағларини ўзлаштириш ҳолатининг мониторинг қилиниши, бу борадаги муаммоларни аниқлаш ҳамда тезкор ҳал этиш чоралари кўриб борилиши юзасидан;

"Ўзсувтаъминот" АЖ бошқаруви раиси в.б. Д.С. Азимовга - белгиланган чора-тадбирларнинг ўз муддатида ва сифатли амалга оширилиши, соҳага энергия тежамкор ҳамда илғор рақамли технологиялар жорий этилиши, ичимлик ва оқова сув объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари таннархининг камайтирилиши, қамров ва сув сифати даражаси ошириб борилиши, лабораторияларнинг жиҳозланиши, сув йўқотишларининг камайтирилиши, кадрларни тайёрлаш, ичимлик ва оқова сув таъминоти соҳасига оид норматив-ҳуқуқий база такомиллаштирилиши юзасидан шахсий масъулият юклансин.


20. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Бош вазир ўринбосарлари А.Ж. Раматов ва Д.А. Кучкаров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                Ш. Мирзиёев



*) 15, 18-илова берилмайди.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 24 октябрдаги

ПҚ-343-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини

такомиллаштириш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"

       

       

Т/р

   

Чора-тадбирлар

      

Амалга ошириш механизми

    

Ижро

муддати

    

Ижро учун

...
Время: 0.0073
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск