ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Тезкор қидирув фаолияти. Жиноятчиликка қарши кураш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.01.2024 й. ПФ-10-сон "Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасини илмий тадқиқ қилиш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

15.01.2024 й.

N ПФ-10



ЖАМОАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

ВА ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШИШ СОҲАСИНИ

ИЛМИЙ ТАДҚИҚ ҚИЛИШ ФАОЛИЯТИНИ СИФАТ

ЖИҲАТИДАН ЯНГИ БОСҚИЧГА КЎТАРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимизда жамоат хавфсизлиги ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасини илмий жиҳатдан таъминлаш, соҳада илм-фан ютуқларини жорий этиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда жиноят оқибатлари билан курашишни эмас, балки жиноятчиликнинг асл омилларини аниқлаш ва ўз вақтида бартараф этиш орқали унинг барвақт олдини олишни устувор мақсадга айлантириш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Шу билан бирга республикада кузатилаётган жиноятчилик тенденцияларини таҳлил ва прогноз қилиш, жиноятчилик омилларини илмий диагноз қилиш, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш орқали уларни бартараф этиш, шунингдек, илмий тадқиқотларни ҳуқуқ-тартибот амалиётидаги муаммоларнинг манзилли ҳал этилишига йўналтириш механизмларини тубдан ислоҳ қилиш зарурати юзага келган.

Ўзбекистон Республикасининг "Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида"ги, "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида"ги қонунларида ва Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги концепциясида белгиланган вазифалар ижросини ташкил этиш, шунингдек, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасини илмий тадқиқ қилиш бўйича фаолиятни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ҳамда жиноятларнинг омилларини ўз вақтида бартараф этиш орқали уларни барвақт олдини олиш тизими натижадорлигини ошириш мақсадида:


1. Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институтини (кейинги ўринларда - Институт) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


2. Қуйидагилар Институт фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

республикадаги криминоген вазиятга оид чуқур тадқиқотларни амалга ошириш, жиноятчилик тенденцияларини тизимли равишда таҳлил ва прогноз қилиш, унинг ижтимоий, иқтисодий, психологик, маънавий-маърифий, ҳуқуқий, тиббий ва ташкилий омилларини комплекс илмий диагноз асосида аниқлаш;

ҳудудлар кесимида криминоген вазиятни барқарорлаштириш чораларининг самарадорлигини илмий жиҳатдан баҳолаш, шунингдек, илмий таҳлил, прогноз ва диагноз хулосаларига асосланган ҳолда, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш орқали жиноятчилик омилларини бартараф этиш чораларини ишлаб чиқиш;

илмий-амалий тадқиқот лойиҳаларини бажариш орқали криминологик фаолият амалиётида мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича илмий асосланган комплекс ечимларни ишлаб чиқиш, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш бўйича зарур чора-тадбирларни ташкил этиш;

жамоатчилик ўртасида шов-шувга сабаб бўлган жиноятларнинг омилларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқишда белгиланган тартибда мутахассис сифатида суриштирув ва дастлабки тергов органларига услубий кўмаклашиш;

жаҳон криминологияси ва хорижий давлатлар криминологик фаолият тўғрисидаги қонунчилигининг илғор тажрибаларини доимий ўрганиш ҳамда унинг натижаларини Ўзбекистон Республикаси шароитларида жорий этиш бўйича таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш;

криминология соҳаси бўйича мустақил изланувчилик шаклида олий малакали илмий кадрларни тайёрлаш, талабгорларни белгиланган тартибда илмий даражалар ва илмий унвонларга тақдим этиш.


3. Белгилансинки:

Институт криминологик фаолиятни илмий ва экспертлик жиҳатдан таъминлашга ихтисослашган, Ички ишлар вазирлиги ташкилий тузилмасига кирувчи, юридик шахс мақомига эга, республика илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади;

Институтнинг ташкилий-штат тузилмаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги масалалари илмий-амалий тадқиқотлар марказининг фаолиятини тугатиш ҳамда вазирлик ва идоралар тизимидаги илмий ташкилотларнинг штат бирликларини босқичма-босқич мақбуллаштириш ҳисобидан ташкил этилади;

Институт Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги масалалари илмий-амалий тадқиқотлар марказининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Институт ўз вазифаларини ҳар қандай давлат органлари, жамоат бирлашмалари ҳамда мансабдор шахслардан мустақил равишда амалга оширади, унинг фаолиятига тўсқинлик қилиш, тадқиқот ҳисоботидаги маълумотларни ўзгартириши учун таъсир кўрсатиш тақиқланади;

Институтга Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган бошлиқ раҳбарлик қилади;

Институтнинг жорий ташкилий ва ташаббус асосидаги тадқиқотлар харажатлари Ички ишлар вазирлигининг бюджет маблағлари, буюртма асосидаги тадқиқот харажатлари эса давлат органлари (буюртмачилар)нинг бюджетдан ташқари маблағлари, пуллик хизматларни кўрсатиш, миллий ва халқаро грантлар, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

Институт ҳар чорак якунида криминология соҳасида бажарилган илмий-тадқиқот лойиҳалари ва диссертациялар, жиноятлар омилларига илмий диагноз қўйиш, жиноятчилик тенденцияларини таҳлил ва прогноз қилиш натижалари асосида "Жиноятчилик омиллари давлат ҳисоботи" ҳамда "Жиноятчилик тенденциялари давлат ҳисоботи"ни, ҳар йил якунида - "Криминологик тадқиқотлар давлат ҳисоботи" ва криминоген вазият юзасидан таҳлилий ахборотни тайёрлайди ҳамда уларни Вазирлар Маҳкамаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органларга киритади;

Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар билан биргаликда "Криминологик тадқиқотлар давлат ҳисоботи"дан келиб чиққан ҳолда, ҳар йил якунида келгуси йилда республикамизда жиноятчилик омиллари ва уларнинг салбий тенденцияларини бартараф этиш комплекс чора-тадбирлари бўйича "йўл харитаси"ни ишлаб чиқади ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритади;

Вазирлар Маҳкамаси ҳар йил бошланишида республикамизда жиноятчилик омиллари ва уларнинг салбий тенденцияларини бартараф этиш комплекс чора-тадбирлари бўйича "йўл харитаси"ни тасдиқлайди ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар томонидан ўз вақтида ижро этилишини таъминлайди;

илмий ва олий таълим муассасаларининг криминологик тадқиқотлар ва криминология фанини ўқитиш соҳасидаги ҳамкорлигини самарали ташкил этиш мақсадида Институт ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Криминология кенгаши ташкил этилади.


5. Вазирлар Маҳкамаси (А.Арипов) икки ой муддатда мазкур Фармондан келиб чиққан ҳолда Институт тўғрисидаги низомни, унинг ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Криминология кенгашининг ишлаш тартибини, Институтнинг илмий таклифлари бўйича ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар томонидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш тартибини тасдиқласин.


6. Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов) Институтни Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Буюк Ипак йўли кўчаси, 243-уй манзилида жойлаштириш бўйича зарур ташкилий чора-тадбирларни амалга оширсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.


8. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 15 январдаги

ПФ-10-сон Фармонига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим фармонларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 31 октябрдаги "Жиноий-ҳуқуқий статистика тизимини тубдан такомиллаштириш ва жиноятларни тизимли таҳлил қилиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5566-сон Фармонининг 7-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги "Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6196-сон Фармонининг 7-банди тўққизинчи-ўн бешинчи хатбошилари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-27-сон Фармонида:


а) 1-илованинг 8-банди ўнинчи хатбошиси "жамоат хавфсизлигини таъминлаш" сўзларидан кейин "ва криминология" деган сўзлари билан тўлдирилсин;


б) 2-иловада:


41-банди "Жамоат хавфсизлиги асослари" дарслигини тайёрлаш" сўзларидан кейин ", шунингдек, республика таълим муассасаларида криминология фани ўқитилишини ривожлантириш" деган сўзлари билан тўлдирилсин;


44-бандидан "Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги масалалари илмий-амалий тадқиқотлар маркази ва" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


47-бандида "Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги масалалари илмий-амалий тадқиқотлар маркази" деган сўзлар "Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 ноябрдаги "Жиноятларни тергов қилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида"ги ПФ-257-сон Фармони 2-бандининг тўққизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"терговга қадар текширув ҳужжатлари ва жиноят ишларини ўрганиш асосида жиноятларни унинг турлари кесимида таҳлил қилиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини услубий ва консультатив таъминлаш".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 16 январь


































































Время: 0.0047
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск