ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Ахборот ва ахборотлаштиришнинг умумий масалалари /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 01.02.2024 й. ПФ-25-сон "Рақамли технологиялар халқаро марказини ташкил этиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

01.02.2024 й.

N ПФ-25



РАҚАМЛИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР

ХАЛҚАРО МАРКАЗИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

БЎЙИЧА БИРИНЧИ НАВБАТДАГИ

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимизда рақамли технологиялар бозорининг инвестиция жозибадорлигини ошириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш, рақамли технологиялар соҳасидаги корхоналарнинг экспорт фаолиятини жадаллаштириш ва уларнинг халқаро бозорлар билан интеграциялашувини кенгайтириш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги "Ўзбекистон - 2030" стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-300-сон қарори билан IT соҳада хизматлар экспорти ҳажмини 5 миллиард долларга, яратилган иш ўринлари сонини 100 мингтага етказиш, IT-паркда хорижий компаниялар учун янада қулай шароитлар яратиш ва уларнинг ваколатхоналари сонини 1 000 тага етказиш вазифаси белгиланганлиги;

IT-парк резидентлари сони 1 652 тани, шу жумладан хорижий капитал иштирокида 426 тани ташкил этиб, улар томонидан 12,5 триллион сўмлик маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқарилганлиги ва 344 миллион долларлик экспорт амалга оширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Рақамли технологиялар вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг етакчи хорижий экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

IT-парк ҳудудида рақамли технологиялар соҳасида маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун қулай шароитларга эга бўлган махсус ҳудуд сифатида Рақамли технологиялар халқаро марказини (International Digital Technology Center - "ENTERPRISE UZBEKISTAN", кейинги ўринларда - Марказ) ташкил этиш;

2024 йил 1 июндан бошлаб 5 йилгача бўлган муддатга Марказда хорижий компаниялар учун қўлланиладиган махсус ҳуқуқий режимни эксперимент тариқасида жорий қилиш.


3. Белгилансинки, Марказ ҳудудида эксперимент тариқасида қуйидаги соҳаларда махсус ҳуқуқий режим жорий этилади:

рақамли технологиялар соҳасида инновациялар, хизматлар ва бизнес маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш бўйича "тартибга солиш қумдони"ни жорий этиш;

божхона ва солиққа тортиш;

меҳнат муносабатлари;

молия ва банк фаолияти;

шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ва уларни ҳимоя қилиш;

давлат хизматларини кўрсатиш;

интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш;

тижорат ва фуқаролик низоларини кўриб чиқиш.

Бунда, Рақамли технологиялар вазирлиги махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.


4. Рақамли технологиялар вазирлигига Марказ ҳудудида хорижий IT компаниялар учун қўлланиладиган махсус ҳуқуқий режимни жорий қилиш мақсадида қуйидаги қўшимча вазифалар юклансин:

рақамли технологиялар соҳасида тадбиркорлик ва инвестиция фаолиятини амалга ошириш учун илғор халқаро тажрибаларга асосланган қулай шароитлар яратиш орқали мамлакатда рақамли иқтисодиётга инвестицияларни жалб этишга кўмаклашиш;

Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT-парк) резидентлари, шунингдек, бошқа корхоналар ва ташкилотлар учун консалтинг, ҳуқуқий, молиявий ва бошқа хизматларни ривожлантириш;

корхона ва ташкилотларнинг рақамли технологиялари ҳамда хизматлари экспортини ривожлантиришни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташқи бозорлардаги фаолиятини кенгайтиришга кўмаклашиш;

Марказ ҳудудида замонавий инфратузилмани ривожлантириш.


5. Марказ фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириб бориш, вужудга келадиган масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш, эксперимент доирасида махсус ҳуқуқий режимни тартибга солувчи ҳужжатларнинг ишлаб чиқилишини таъминлаш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.


6. Мувофиқлаштирувчи кенгаш (А.Арипов):

а) уч ой муддатда:

Марказни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш ҳамда эксперимент доирасида махсус ҳуқуқий режим асосида Марказ ҳудудида вужудга келадиган муносабатларни тартибга солиш механизмларини назарда тутувчи қарор лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига;

Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг маъмурий кенгаши билан биргаликда Марказ ҳудудини белгилаш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

б) ҳар йили 1 апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига эксперимент жараёни ўтиши ҳақида ахборот, шунингдек, Марказ ҳудудида ўтказилаётган экспериментни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиб борсин.


7. Рақамли технологиялар вазирлиги Адлия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда 2024 йил 1 декабрга қадар экспериментнинг дастлабки натижасини инобатга олган ҳолда "Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилиши таъминлансин:

Марказ бошқаруви ҳамда унинг мақоми;

рақамли технологиялар соҳасида инвестицияларни жалб этиш ва экспорт фаолиятини рағбатлантиришга қаратилган тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш, божхона ва солиқ соҳасини тартибга солиш, меҳнат муносабатлари ҳамда бошқа шартларнинг алоҳида тартиби ва ҳуқуқий нормаларни белгиловчи махсус ҳуқуқий режим;

молия ва банк фаолиятини амалга ошириш, шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ва уларни ҳимоя қилиш, давлат хизматларини кўрсатиш, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, шунингдек, тижорат ва фуқаролик низоларини кўриб чиқишнинг алоҳида тартиби;

Марказни молиялаштириш манбалари ва бошқа масалалар.


8. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб, рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов белгилансин.

Мазкур Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 1 февралдаги

ПФ-25-сон Фармонига

ИЛОВА



Рақамли технологиялар халқаро

маркази фаолиятини ташкил этиш бўйича

МУВОФИҚЛАШТИРУВЧИ КЕНГАШ ТАРКИБИ

          

А.Н. Арипов

-

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Кенгаш раиси


Ж.А. Қўчқоров

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири, Кенгаш раиси ўринбосари


Ш.Х. Шерматов

-

рақамли технологиялар вазири, Кенгаш раиси ўринбосари


А.Д. Ташкулов

-

адлия вазири


Л.Ш. Кудратов

-

инвестициялар, саноат ва савдо вазири


Ш.Д. Қудбиев

-

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси раиси


Ф.З. Ибрагимов

-

Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси бош директори, Кенгаш масъул котиби

         

Изоҳ. Кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтганда унинг таркибига мазкур лавозимларга янгидан тайинланган ёки тегишли функция ва вазифаларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.

         

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 1 февраль










































































Время: 0.0105
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск