ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Апрель, 2024 й. / Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳуқуқни қўлловчи органлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 25.03.2024 й. 11-сон "Судлар томонидан маъмурий ишларни апелляция, кассация тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

25.03.2024 й.

N 11



СУДЛАР ТОМОНИДАН МАЪМУРИЙ ИШЛАРНИ

АПЕЛЛЯЦИЯ, КАССАЦИЯ ТАРТИБИДА КЎРИШНИНГ

АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги муносабати билан, шунингдек, қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 22-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, маъмурий ишни апелляция, кассация тартибида қайта кўриб чиқиш суд ҳужжатининг қонунийлиги ва асослилигини текширишни таъминловчи муҳим ҳуқуқий институт ҳисобланади.


2. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси (бундан буён матнда МСИЮтК деб юритилади) 200, 224-моддаларига мувофиқ апелляция, кассация инстанцияси судида иш:

аризачи, жавобгар, учинчи шахсларнинг шикояти;

ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахсларнинг шикояти;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг шикояти, бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно;

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб берган шикояти;

фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ариза берган давлат органлари ва бошқа шахсларнинг шикояти (МСИЮтК 47-моддасининг биринчи қисми);

прокурорнинг протести бўйича юритилади.

Суд ҳужжати устидан апелляция, кассация тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига, шунингдек, тарафлар, учинчи шахслар ҳамда ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахснинг ҳуқуқий ворислари ҳам эга.

Ишда иштирок этувчи шахснинг вакили, шу жумладан, адвокат, агар бундай ҳуқуқ ваколат берувчи томонидан берилган ишончномада махсус кўрсатилган бўлсагина, суд ҳужжати устидан апелляция, кассация тартибида шикоятни имзолашга ҳақли (МСИЮтК 62-моддасининг иккинчи қисми).


3. Судларга тушунтирилсинки, суднинг ажрими устидан МСИЮтКда назарда тутилган ҳолларда, шунингдек, ажрим ишнинг келгусидаги ҳаракатига тўсқинлик қилган тақдирда, суднинг ҳал қилув қароридан алоҳида тарзда шикоят (протест) қилиниши мумкин.

Бошқа ажримлар устидан апелляция шикояти (протести) берилмайди, лекин бу ажримларга қарши эътирозлар суднинг ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикоятига (протестига) киритилиши мумкин.

Агарда устидан шикоят бериш назарда тутилмаган ажримда МСИЮтКда шикоят қилиш назарда тутилган процессуал масалалар ҳал этилган бўлса, ажримнинг шу қисми бўйича шикоят (протест) қилиниши мумкин.


4. Апелляция, кассация шикояти (протести) апелляция, кассация инстанцияси судининг номига йўлланади, лекин суд ҳужжатини қабул қилган судга берилади (МСИЮтК 202-моддасининг биринчи қисми, 226-моддасининг биринчи қисми).

Суд ҳужжатини қабул қилган суд апелляция, кассация шикоятини (протестини) у келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда апелляция, кассация инстанцияси судига иш билан бирга юбориши шарт.

Шуни эътиборга олиш керакки, суд ҳужжатини қабул қилган судга апелляция, кассация шикояти (протести)га алоқадор қўшимча ҳужжатлар ёки бошқа шахслардан апелляция, кассация шикояти келиб тушган тақдирда, улар келиб тушган куннинг эртасидан кечиктирмай шикоят (протест) кўриб чиқилаётган тегишли суд инстанциясига юборилиши лозим.

Агар апелляция, кассация шикояти (протести) суд ҳужжатини қабул қилган судни четлаб ўтган ҳолда юборилган бўлса, у судья томонидан қайтарилади.

Суд ажримида шикоят (протест) суд ҳужжатини қабул қилган суд орқали берилиши лозимлиги ҳақида кўрсатилиши керак.


5. Агар шикоятни қабул қилишда судьяда шикоятни имзолаган шахсда таъсис ҳужжатларига мувофиқ, уни имзолаш ҳуқуқи мавжудлиги борасида шубҳа туғилса, судья апелляция, кассация шикоятини иш юритишга қабул қилади ва ажримда шикоятни имзолаш ваколатини тасдиқловчи далилларни тақдим этишни таклиф қилади.

Бундай далил тақдим этилмаганда, апелляция, кассация инстанцияси суди шикоятни МСИЮтК 213-моддасининг биринчи қисми, 237-моддасининг иккинчи қисмига асосан, кўрмасдан қолдиради.

Шикоятни имзолашда факсимиледан фойдаланишга йўл қўйилмайди, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.


6. Апелляция, кассация шикояти (протести) бериш муддати ўтишининг бошланиши, тегишлича, суд ҳужжати қабул қилинган ёки қонуний кучга кирган кундан ҳисобланади.

МСИЮтК 162-моддасининг бешинчи ва олтинчи қисмлари мазмунига кўра, қўшимча ҳал қилув қарори устидан апелляция, кассация шикояти (протести) бериш муддати ҳам асосий ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан ҳисобланади.


7. Агар апелляция, кассация шикояти (протести) почта ёки Олий суд ахборот тизимлари орқали процессуал муддатнинг охирги куни соат йигирма тўртга қадар жўнатилган бўлса, муддат ўтмаган ҳисобланади. Бундай ҳолда апелляция, кассация шикояти (протести) бериш санаси алоқа хати қабул қилинганлигини тасдиқловчи конвертдаги штамп, буюртма хат қабул қилинганлиги ҳақидаги квитанция ёхуд бошқа белги бўйича аниқланади.


8. Апелляция, кассация шикояти (протести) беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ҳақидаги илтимоснома апелляция, кассация шикояти (протести) билан бирга берилади. Қайд этилган процессуал муддатни тиклаш ҳақидаги илтимоснома бевосита апелляция, кассация шикоятида (протестида) ҳам кўрсатилиши мумкин.

Агар апелляция, кассация шикояти бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимоснома билан бир вақтда бошқа илтимосномалар (мисол учун суд харажатларини тўлашни кечиктириш, суд ҳужжатларининг ижросини тўхтатиб туриш, дастлабки ҳимоя чораларини кўриш ҳақида) келиб тушган ҳолларда дастлаб шикоят бериш муддатини тиклаш масаласи ҳал этилиши лозим.


9. Тушунтирилсинки, процессуал ҳаракатларни амалга оширишга тўсқинлик қилувчи объектив ҳолатлар муддат ўтказилишини узрли деб топишга асос бўлиши мумкин (масалан, фавқулодда ҳолатлар, чекловчи тадбирлар (карантин), сув тошқинлари, эпидемиялар, пандемия, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида суд қарор қабул қилган шахснинг суд ҳужжатидан бехабарлиги ва бошқалар).


10. Судларга тушунтирилсинки, ўтказиб юборилган апелляция, кассация шикояти (протести) бериш муддати шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимосномасига кўра апелляция, кассация инстанция судининг судьяси томонидан, башарти илтимоснома апелляция, кассация шикояти (протести) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва ўтказиб юборилган муддат суд томонидан узрли деб топилса, тикланиши мумкин.


11. Судлар шуни назарда тутиши лозимки, апелляция, кассация шикояти (протести) бериш муддати узрли деб топилган сабабларга асосан тикланганда, ишда иштирок этувчи бошқа шахслар томонидан ўтказиб юборилган муддатни, ўтказиб юборилиши сабабларидан қатъий назар, тиклаш тўғрисидаги масалани қўшимча равишда кўриб чиқиш талаб этилмайди.

Бу шахсларнинг апелляция, кассация шикояти (протести) тегишинча МСИЮтК 204, 206, 228, 230-моддаларининг талабларига риоя этган ҳолда апелляция, кассация муҳокамаси тугагунига қадар апелляция, кассация инстанцияси судига берилиши ва умумий асосларда кўриб чиқилиши лозим.


12. Судлар шуни эътиборга олиши керакки, МСИЮтК 210-моддасининг биринчи қисми, 234-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган апелляция, кассация шикоятини (протестини) қайтариш асосларининг рўйхати тугал ҳисобланади ва кенгайтирилган тарзда талқин қилинмайди. Агар шикоятни (протестни) қайтариш учун бир нечта асослар мавжуд бўлса, ажримда ушбу асосларнинг ҳар бири кўрсатилиши лозим.

Ажрим билан, шунингдек, шикоятни (протестни) берган шахсга кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилгач, апелляция, кассация шикояти (протести) билан судга умумий тартибда янгидан мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилиши лозим.


13. Иш апелляция, кассация инстанцияси судида кўрилаётганда суд ҳужжатига нисбатан ишда иштирок этувчи бошқа шахслардан шикоят (протест) келиб тушганда, у дастлаб қабул қилинган шикоят (протест) билан бирга кўриб чиқилади.


14. Судларга тушунтирилсинки, суд қарорининг ижроси апелляция, кассация инстанцияси суди судьяси томонидан МСИЮтК 212-моддасининг учинчи қисми, МСИЮтК 236-моддасининг биринчи қисмида белгиланган муддатга ва фақат ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномаларига асосан тўхтатилиши мумкин.

Суд ҳужжати ижросини тўхтатиб туриш ёки унинг ижросини тўхтатиб туришни рад этиш ҳақида судья апелляция, кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда ёхуд алоҳида ажримда кўрсатиши мумкин.

Шикоят (протест) иш юритишга қабул қилинганидан сўнг, ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатиб туриш ҳақида илтимоснома келиб тушганда, ушбу масала судлов ҳайъати томонидан ҳал этилади.

Суд ҳужжати ижросини тўхтатиб туришни бекор қилиш тўғрисида ишни мазмунан кўриш натижалари бўйича апелляция, кассация инстанцияси суди қарорининг хулоса қисмида ёхуд алоҳида ажримда кўрсатилиши лозим.


15. Шуни назарда тутиш лозимки, қонунга кўра, апелляция, кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш, апелляция, кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш асослари ва ҳуқуқий оқибатлари бир-биридан фарқ қилади. Хусусан, апелляция, кассация шикояти (протести) МСИЮтК 213, 237-моддаларида назарда тутилган асослар бўйича кўрмасдан қолдирилганда, апелляция, кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф қилингандан сўнг шикоят (протест) янгидан берилиши мумкин.

МСИЮтК 214-моддасининг биринчи қисми, 238-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган асосларга кўра, апелляция, кассация шикояти (протести) бўйича иш юритиш тугатилганда, айни бир шахснинг айни шу асослар бўйича апелляция, кассация шикояти (протести) билан судга такроран мурожаат қилишига йўл қўйилмайди.


16. Биринчи инстанция суди томонидан талабларнинг бир қисми кўрмасдан қолдирилган ёки иш юритиш тугатилган ҳолларда, суд иш ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция, кассация шикоятига (протестига) асосан кўриш тамомлангунига қадар ишда иштирок этувчи шахсларга бундай ажримлар устидан шикоят келтириш ҳуқуқини тушунтириши лозим.


17. МСИЮтК 216, 240-моддаларига мувофиқ, апелляция, кассация шикояти берган шахс суд ҳужжати чиқарилгунига қадар шикоятдан воз кечишга, протест келтирган прокурор ёки юқори турувчи прокурор протестни чақириб олишга ҳақли.

Шикоятдан воз кечиш (протестни чақириб олиш) муносабати билан апелляция, кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш масаласи апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан суд мажлисида ҳал қилинади. Бундай ҳолатда суд шикоятдан воз кечган (протестни чақириб олган) шахснинг ваколатини текшириши шарт.

Апелляция, кассация шикоятидан воз кечиш қонунчилик ҳужжатларига зид бўлган ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳолларда, суд уни қабул қилмайди ва ишни мазмунан кўради.

Шикоятдан воз кечиш қабул қилинган, протест қайтариб олинган ҳолларда, апелляция, кассация инстанцияси суди апелляция, кассация тартибида иш юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқаради, иш бўйича бошқа шикоят (протест) мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустасно.

Суд ҳужжатига нисбатан бошқа шахслар томонидан шикоят (протест) берилганлиги бу шахсларнинг шикоятдан воз кечишини (протестни қайтариб олишини) қабул қилмасликка асос бўлмайди. Бундай ҳолда воз кечилган шикоят (қайтариб олинган протест) қисми бўйича иш юритиш тугатилиб, бошқа шахснинг шикояти (прокурорнинг протести) умумий асосларда кўриб чиқилади.


18. Апелляция, кассация инстанцияси суди МСИЮтК 217, 241-моддаларига мувофиқ биринчи инстанция суди суд ҳужжатининг қонунийлиги ва асослилигини тўлиқ ҳажмда текширади.

Апелляция, кассация инстанцияси суди янги далилларни ўрганиб чиқиши ва янги фактларни аниқлаши мумкин.

Суд ҳужжатини тўлиқ ҳажмда текшириш деганда, шикоят (протест) важларидан қатъий назар, ишда иштирок этувчи шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, биринчи инстанция суди томонидан ишнинг ҳақиқий ҳолатлари аниқлаганлигини, моддий ва процессуал нормалари тўғри қўлланилганлигини текшириш тушунилади.


19. МСИЮтК 215, 239-моддаларига мувофиқ, ишни апелляция, кассация инстанцияси судида кўришда қуйидагилар аниқланиши лозим:

биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни тўлиқ текширган-текширмаганлиги;

суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар исботланган-исботланмаганлиги;

суднинг ҳал қилув қарорида, ажримида, қарорида баён этилган хулосалар иш ҳолатларига мувофиқлиги;

барча билдирилган талаблар бўйича суд ҳужжати қабул қилинган-қилинмаганлиги;

моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормалари бузилган-бузилмаганлиги, улар тўғри қўлланилган-қўлланилмаганлиги.


20. МСИЮтК 220-моддаси бешинчи қисмининг 2, 3 ва 6-бандлари, 244-моддаси бешинчи қисмининг 2, 3 ва 6-бандларида назарда тутилган асослар аниқланганда, апелляция, кассация инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтади ва бу ҳақда асослантирилган ажрим чиқаради.

Ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтиш ҳақидаги ажрим билан шикоят (протест) берилган суд ҳужжати бекор қилинмайди.

Апелляция, кассация инстанцияси суди холислик ва беғаразликни сақлаган ҳолда тарафларга ўз процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширишлари учун зарур шароит яратиб бериши шарт.

Шикоят (протест) важларидан қатъий назар, апелляция, кассация инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтиш, иш бўйича иш юритишни тугатиш ёки аризани кўрмасдан қолдиришга асослар бор ёки йўқлигини ҳам аниқлайди.


21. Судлар шуни назарда тутиши лозимки, апелляция, кассация инстанцияси суди ҳар қандай далилларни, улар биринчи инстанция суди муҳокамасида бўлганлигидан ёки янгидан тақдим этилган ёхуд талаб қилиб олинганидан қатъий назар, текширишга ҳақли.

Апелляция, кассация инстанцияси суди ишда иштирок этувчи шахсларнинг экспертиза ўтказиш, далилларни таъминлаш ва талаб қилиб олиш, гувоҳларни сўроқ қилиш ҳақидаги ва бошқа илтимосномаларини улар биринчи инстанция суди томонидан рад этилганлиги сабаблигина, рад этишга ҳақли эмас.

Апелляция, кассация инстанцияси суди ишни тўғри ҳал қилиш мақсадида ўз ташаббуси билан далилларни талаб қилиб олиши ёки тегишли суд экспертизасини тайинлаши мумкин (МСИЮтК 68, 79-моддалари).


22. Апелляция, кассация инстанцияси судининг эътибори ишни кўриш муддатларига қатъий амал қилиш лозимлигига қаратилсин (МСИЮтК 218 ва 242-моддалари).

Апелляция, кассация шикояти (протести) бўйича ишни кўриш муддати алоҳида ҳолларда (масалан, суд процесси иштирокчиларининг кўплиги, қўшимча далилларни талаб қилиб олиш ва уларни текшириш, ишга мутахассисларни чақириши, суд топшириқларини юбориш зарурлиги ва ҳоказо) ишни кўраётган судлов ҳайъати томонидан ажрим чиқарилган ҳолда кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин.


23. Апелляция, кассация шикояти (протести) берилганидан кейин аризачи талабларидан воз кечса ёки тарафлар ўзаро келишувга эришса, аризачининг арз қилинган талабларидан воз кечиши, тарафларнинг келишув битими ёзма шаклда тақдим этилиши шарт.

Шу билан биргаликда, ариза (шикоят)дан тўлиқ ёки қисман воз кечиш ҳақидаги ариза, тасдиқлаш учун тақдим этилаётган келишув битими МСИЮтК 136, 126-1, 126-2-моддаларининг талабларига мувофиқ бўлиши лозим.

Апелляция, кассация инстанцияси суди аризачининг ариза (шикоят)дан воз кечишини қабул қилишдан ёки келишув битимини тасдиқлашдан олдин аризачига (тарафларга) иш юритишни тугатишнинг МСИЮтК 109-моддасида назарда тутилган ҳуқуқий оқибатларини тушунтириши шарт.

Апелляция, кассация инстанцияси суди аризачининг талабдан воз кечишини қабул қилса, келишув битимини тасдиқласа, ҳал қилув қарорининг қонунийлиги ва асослилиги масаласини муҳокама қилишга киришмасдан, уни бекор қилади ва иш бўйича иш юритишни тугатади.


24. Апелляция, кассация инстанцияси суди, агар биринчи инстанция суди иш ҳолатларини ҳар томонлама ва тўлиқ аниқлаб, қонуний ва асосли суд ҳужжати чиқарган деган хулосага келса, ҳал қилув қарори, ажрим, қарорни ўзгаришсиз, шикоятни (протестни) эса қаноатлантирмасдан қолдиради.

Апелляция, кассация инстанцияси судининг қарорида шикоятни (протестни) қаноатлантирмасдан қолдириш асослари кўрсатиб ўтилиши лозим.

Шуни назарда тутиш лозимки, процессуал ҳуқуқ нормаларини бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши фақат ишни нотўғри ҳал этилишига олиб келган бўлсагина, ҳал қилув қарори, ажрим, қарорни бекор қилишга асос бўлади.

Биринчи инстанция суди томонидан ишнинг тўғри ҳал қилинишига таъсир қилмаган ҳуқуқ нормалари бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланганда апелляция, кассация инстанцияси суди бу ҳақида ўз қарорида кўрсатиб ўтишга ҳақли.


25. Шуни назарда тутиш лозимки, апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан ҳал қилув қарори бекор қилинганда, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилишига йўл қўйилмайди, бундай ҳолда апелляция, кассация инстанцияси суди МСИЮтК 219, 243-моддаларида назарда тутилган ваколат доирасида қарор қабул қилиши лозим.


26. Тушунтирилсинки, суднинг ҳал қилув қарорини ўзгартириш деганда, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмига ўзгартиришлар киритиш тушунилади.

Янги қарор деганда, апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суднинг асосий хулосасини жиддий ўзгартирадиган қарор қабул қилиниши тушунилади.


27. Апелляция, кассация инстанцияси суди, агар иш судга тааллуқлилик тўғрисидаги қоидалар бузилган ҳолда кўриб чиқилганлигини аниқласа, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, МСИЮтК 27-3-моддасида кўрсатилган тартиб бўйича иш материалларини тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборади. Бундай ҳолда иш юритиш тугатилади.


28. Апелляция, кассация инстанцияси судлари биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш асослари МСИЮтК 220 ва 244-моддаларида белгиланганлигига эътибор қаратишлари лозим.

Бунда шуни инобатга олиш лозимки, биринчи инстанция суди томонидан ўз кучини йўқотган қонунчилик ҳужжатларининг қўлланилганлиги ҳам моддий ҳуқуқ нормаларининг нотўғри қўлланилиши деб баҳоланади.


29. Шуни назарда тутиш лозимки, суд харажатларини тақсимлаш масаласининг ҳал этилмаслиги ёки нотўғри ҳал этилиши, ўз-ўзидан суд ҳужжатларини бекор қилишга ёхуд ўзгартиришга асос бўлмайди. Бундай ҳолда апелляция, кассация инстанцияси суди қарорининг хулоса қисмида суд харажатларини МСИЮтК 115-моддасида назарда тутилган қоидалар бўйича тақсимлаш ҳақида кўрсатилади.


30. Апелляция, кассация инстанцияси судининг эътибори, шикоят (протест)да келтирилган ҳар бир важни, унинг асосли ёки асоссиз эканлиги ҳақидаги хулосани қарорда кўрсатган ҳолда муҳокама қилиш зарурлигига қаратилсин.

Апелляция, кассация инстанцияси судининг қарори ишни кўриш натижалари бўйича қабул қилинади.

Алоҳида ҳолларда асослантирилган қарорни тайёрлаш беш кунгача бўлган муддатга кечиктирилиши мумкин, бироқ суд, унинг қарор қисмини суд муҳокамаси тамомланган мажлиснинг ўзидаёқ эълон қилиши керак.

Апелляция, кассация инстанцияси судининг қарорида МСИЮтК 221-моддасининг иккинчи қисми, 245-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.

Апелляция, кассация инстанцияси суди қарорининг хулоса қисмида ишни шикоят (протест) бўйича кўриш натижалари тўғрисидаги хулосалар бўлиши ва суд харажатларининг тақсимланиши кўрсатилиши шарт.


31. Ариза биринчи инстанция суди томонидан иш юритишга қабул қилинганидан сўнг чиқарилган ажрим бекор қилинганда (масалан, аризани кўрмасдан қолдириш, иш юритишни тугатиш ва ҳоказо), апелляция, кассация инстанцияси суди ишни мазмунан кўриш учун биринчи инстанция судига юборади.

Биринчи инстанция судининг ажрими устидан берилган шикоятни (протестни) кўриш натижалари бўйича апелляция, кассация инстанцияси суди қарор қабул қилади.


32. Апелляция, кассация инстанцияси суди ишни кўришда давлат органи ёки бошқа орган, ташкилот, мансабдор шахс ёки фуқаронинг фаолиятида аниқланган қонунчилик ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари бўйича, уларнинг суд процессида иштирокидан қатъий назар, хусусий ажрим чиқаришга ҳақли.

Агар суд ушбу шахсларнинг ҳаракатларида жиноят аломатларини аниқласа, у бу ҳақда жиноят ишини қўзғатиш масаласини ҳал этиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда прокурорга хабар қилади.

Хусусий ажрим суд мажлисида эълон қилинади ва бу ҳақда баённомада кўрсатилади.


33. Апелляция, кассация инстанцияси суди биринчи инстанция суди томонидан иш бўйича чиқарилган хусусий ажримнинг қонунийлиги ва асослилигини текширишга ҳамда ушбу ажримнинг чиқарилишида хатолик бўлганлигини аниқлаган тақдирда, уни бекор қилишга ҳақли.


34. Судларга тушунтирилсинки, шикоят (протест) апелляция, кассация инстанцияси судига иш бошқа шикоят (протест) бўйича кўрилгандан сўнг келиб тушган ҳолда мазкур апелляция, кассация шикояти (протести)ни иш юритишга қабул қилиш рад этилиб, суд ҳужжатлари устидан тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш ҳуқуқи тушунтирилади.


35. Қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилиши ҳолатини таҳлил қилиб бориш мақсадида вилоят ва уларга тенглаштирилган маъмурий судларга маъмурий ишларни апелляция ва кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиётини ҳар ярим йилда умумлаштириш тавсия этилсин.


36. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг "Судлар томонидан маъмурий ишларни апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида" 2021 йил 20 апрелдаги 15-сонли ва "Маъмурий ишларни кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида" 2021 йил 27 ноябрдаги 34-сонли қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

        

          

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

Б. Исламов

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

Н. Хакимова

       

       

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)













































































Время: 0.0218
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск