Внимание!

NB! Мазкур Низом расман эълон килинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Май, 2024 й. / Тадбиркорлик фаолияти тўғрисида / Монополистик фаолиятни чеклаш /

Рақамли платформа операторининг устун мавқеини ва устун музокара кучини эътироф этиш ҳамда рақобатнинг чекланишига ва (ёки) истеъмолчиларнинг, бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситишга олиб келадиган ҳаракатларни аниқлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.05.2024 й. 256-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 1 майдаги

256-сон қарорига

2-ИЛОВА



Рақамли платформа операторининг

устун мавқеини ва устун музокара кучини

эътироф этиш ҳамда рақобатнинг чекланишига ва

(ёки) истеъмолчиларнинг, бошқа хўжалик юритувчи

субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини

камситишга олиб келадиган ҳаракатларни

аниқлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг "Рақобат тўғрисида"ги Қонунига (кейинги ўринларда - Қонун) мувофиқ рақамли платформа операторининг устун мавқеини ва устун музокара кучини эътироф этиш ҳамда рақобатнинг чекланишига ва (ёки) истеъмолчиларнинг, бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситишга олиб келадиган ҳаракатларни аниқлаш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:


нарх алгоритми - нархни олдиндан белгиланган параметрларга асосан мониторинг қилиш, ҳисоблаш, белгилаш ва назорат қилиш, шу жумладан, оммавий савдоларда иштирок этиш жараёнида ҳаракатларни амалга ошириш имкониятини берувчи дастурий таъминот;


рақамли макон - рақамли платформа орқали фойдаланувчиларнинг бир нечта гуруҳлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар амалга ошириладиган бир ёхуд бир нечта товар ёки молиявий бозордаги товарнинг муомала доираси;


рақамли маҳсулотлар - интеллектуал мулк объектларининг электрон кўчирма нусхалари, маълумотлар, криптоактивлар, шунингдек, рақамли маконда ҳақ эвазига ёхуд бепул олиш, фойдаланиш ёки реализация қилишга қаратилган муайян ҳаракатларни ёки фаолиятни амалга оширишни талаб киладиган товар ёки давлат хизмати;


рақамли платформа - рақамли маҳсулотлардан Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ҳақ эвазига ёки бепул фойдаланишни таъминловчи ахборот тизими;


рақамли платформа оператори - рақамли платформанинг фаолиятини ташкил этувчи ва ундан барча фойдаланиши учун манфаатдор томонларга шартларни белгиловчи юридик ёки жисмоний шахс;


тармоқ самараси - рақамли платформанинг бир гуруҳ фойдаланувчилари сони ўзгариши ҳисобига фойдаланувчиларнинг бошқа бир гуруҳи учун товар қадрининг ўзгариши ва бунинг натижасида рақамли платформа оператори томонидан фойдаланувчиларнинг маълумотларини тўплаш ва қайта ишлаш ҳисобига иқтисодий афзалликлар ҳамда ўзининг бозордаги улушини сақлаб туриш ёки ошириш имкониятига эга бўлиш;


тадбиркор фойдаланувчи - рақамли платформа орқали ўз товарларини якуний фойдаланувчига ҳақ эвазига ёки бепул тақдим этувчи жисмоний ёки юридик шахс;


товар - фаолиятнинг олиш ва реализация қилиш учун мўлжалланган маҳсули, шу жумладан, ишлар ва хизматлар;


якуний фойдаланувчи - рақамли платформа орқали рақамли маҳсулотлардан ҳақ эвазига ёки бепул фойдаланувчи жисмоний ёки юридик шахс.


3. Рақамли платформалар қуйидаги шаклда бўлиши мумкин:

электрон савдо майдончалари (маркетплейслар);

давлат харидлари ва хизматлари платформалари;

якуний фойдаланувчиларга тадбиркор фойдаланувчилар хизматларидан фойдаланиш имкониятини берувчи агрегаторлар (воситачи);

умумий ёки таргетлашган онлайн қидирув тизимлари;

онлайн хариталар;

янгиликлар агрегаторлари;

видео (шу жумладан, телевидение ва кино) ва аудио (шу жумладан, мусиқа) контентини онлайн узатиш ёки алмашиш платформалари;

турли форматдаги файллардан фойдаланиш ёки алмашиш платформалари;

ижтимоий тармоқлар;

онлайн ўзини ўзи банд қилганлар (фрилансинг) хизматлари агрегаторлари;

онлайн жамоавий молиялаштириш (краудфандинг) платформалари;

онлайн тўлов тизимлари;

криптоактивларни айирбошлаш платформалари;

телефон ёки мобил рақамлардан фойдаланмасдан шахслараро онлайн алоқа, шу жумладан, видеоалоқа хизматлари дастурий таъминотлари (мобил иловалари);

булутли технологиялар асосидаги хизматлар;

операцион тизимлар;

мобил иловалар дўконлари;

онлайн реклама хизматлари;

веб-браузерлар;

виртуал ёрдамчилар;

сунъий интеллектга асосланган платформалар.



2-БОБ. РАҚАМЛИ ПЛАТФОРМА ОПЕРАТОРИНИНГ

УСТУН МАВҚЕИНИ ЭЪТИРОФ ЭТИШ


4. Рақамли платформа операторининг устун мавқеи рақамли макон чегаралари доирасида унинг жойлашган ва давлат рўйхатидан ўтган жойидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари (кейинги ўринларда - монополияга қарши орган) томонидан очиқ маълумотлар, шунингдек, рақамли платформа операторлари, тадбиркор ва якуний фойдаланувчилар, давлат органларига ва бошқа ташкилотларга сўров жўнатиш натижасида олинган ахборотлар таҳлили асосида эътироф этилади.


5. Рақамли платформа операторининг устун мавқеини эътироф этишда қуйидагилар монополияга қарши орган томонидан таҳлил орқали аниқланади:

рақамли макон чегаралари;

рақамли макон чегаралари доирасидаги бозорда фаолият юритаётган рақамли платформа операторлари;

рақамли платформа операторининг охирги календарь йилдаги тушуми миқдори, агар рақамли платформа операторининг рақамли макондаги фаолиятининг бошланганига бир йил тўлмаган бўлса, у ҳолда унинг ўз фаолиятини бошлаган вақтдан таҳлил ўтказиш вақтига қадар бўлган даврдаги тушуми миқдори;

бевосита ва билвосита тармоқ самарасининг мавжудлиги;

фойдаланувчиларнинг турли рақамли платформалардан бир вақтнинг ўзида фойдаланиш имконияти мавжудлиги ва уларни алмаштириш бўйича харажатлар миқдори;

рақамли платформа операторининг рақобат муҳитига таъсир қилаётган ёки таъсир қилиши мумкин бўлган фойдаланувчиларнинг шахсий ва бошқа маълумотларидан фойдаланиш имконияти мавжудлиги.


6. Монополияга қарши орган рақамли платформа операторининг устун мавқеини эътироф этишда рақамли маконнинг географик чегараларини жаҳон, минтақавий, шунингдек, республика ёки Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри учун алоҳида ёки икки ёхуд ундан ортиқ товар ёки молия бозорлари чегараларини бирлаштириш орқали белгилашга ҳақли.


7. Монополияга қарши орган Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлашган рақамли платформа операторларига доир ахборот тўплашда халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг монополияга қарши органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиши мумкин.


8. Қуйидаги шартларнинг бирига риоя қилинганда ҳамда бевосита ва билвосита тармоқ самараси мавжуд бўлганда рақамли платформа оператори устун мавқега эга деб эътироф этилади:

рақамли платформа операторининг рақамли макон чегаралари доирасида сўнгги календарь йилда, агар рақамли платформа операторининг ўз фаолиятини бошланганига бир йил тўлмаган бўлса, у ҳолда таҳлил ўтказиш вақтига қадар бўлган даврдаги тушуми миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг бараварига тенг ёки ундан юқори бўлса;

рақамли платформанинг фаол якуний фойдаланувчиларининг умумий ўртача сони ҳар ойда камида эллик мингни ёки фаол тадбиркор фойдаланувчиларнинг ўртача сони ҳар ойда камида уч мингни ташкил этса.

Рақамли платформадан бепул фойдаланиш имконияти яратилганлиги унинг операторининг устун мавқеи эътироф этилишини истисно этмайди.

Рақамли платформа оператори Ўзбекистон Республикасининг "Рақобат тўғрисида"ги Қонунига асосан товар ёки молия бозорида устун мавқега эга деб эътироф этилган бўлса, у ҳолда мазкур банднинг биринчи - учинчи хатбошиларида кўрсатилган кўрсаткичларидан қатъи назар устун мавқега эга деб эътироф этилади.

Рақамли платформа операторининг устун мавқеини эътироф этиш монополияга қарши орган раҳбарининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

Рақамли платформа операториининг устун мавқеи эътироф этилган кундан эътиборан уч кун муддатда монополияга қарши орган бу ҳақда унга хабарнома юборади.


9. Рақамли платформа оператори мазкур Низомнинг 8-бандида белгиланган кўрсаткичларга эришган санадан эътиборан икки ой муддатда монополияга қарши органни хабардор қилади.


10. Рақамли платформа операторининг устун мавқеи эътироф этилган кундан эътиборан уч кун муддатда монополияга қарши орган бу ҳақда унга хабарнома юборади.


11. Монополияга қарши орган устун мавқега эга деб эътироф этилган рақамли платформа операторлари рўйхатини ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилиб боради.


12. Монополияга қарши орган ҳар уч йилда бир марта устун мавқега эга деб эътироф этилган рақамли платформа операторларининг мазкур Низомнинг 8-бандида кўрсатилган шартларни қаноатлантиришини ўрганади.


13. Устун мавқега эга деб эътироф этилган пайтдан эътиборан рақамли платформа оператори ўз хизмати учун нархлар ёки рақамли платформадан фойдаланиш шартлари ўзгаришидан камида ўн беш кун олдин бу тўғрисида оммавий ахборот воситаларида ҳамда ўз расмий веб-сайтларида эълон қилиши шарт.


14. Устун мавқега ёки устун музокара кучига эга деб эътироф этилган рақамли платформа оператори қуйидаги ҳуқуқларга эга:

монополияга қарши орган улар асосида устун мавқеи ёки устун музокара кучига эга деб эътироф этилиши билан боғлиқ маълумотлар билан танишиш, давлат сирлари, тижорат сири ва қонун билан муҳофаза қилинадиган сир бўлган бошқа маълумотлардан ташқари;

устун мавқеи ёки устун музокара кучига эга деб эътироф этилиши юзасидан белгиланган тартибда бевосита судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилиш.



3-БОБ. РАҚАМЛИ ПЛАТФОРМА ОПЕРАТОРИНИНГ

УСТУН МУЗОКАРА КУЧИ


15. Устун мавқега эга бўлмаган рақамли платформа оператори қуйидаги ҳолларда устун музокара кучига эга деб эътироф этилади:

фойдаланувчилар учун кўрсатилган хизматга муқобил хизматларни тақдим этадиган бошқа рақамли платформа оператори мавжуд бўлмаганда;

муқобил хизматни тақдим этувчи бошқа рақамли платформа оператори мавжуд бўла туриб, унинг хизматидан фойдаланиш қийин бўлганда;

турли рақамли платформалардан бир вақтнинг ўзида фойдаланиш имконияти чекланганда;

рақамли платформа оператори томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг нархлари, сифати ва ҳажми, ҳудуд каби шартларига бир томонлама таъсир кўрсатиш имконияти мавжуд бўлганда.


16. Рақамли платформа операторининг устун музокара кучини эътироф этиш монополияга қарши орган раҳбарининг буйруғи билан расмийлаштирилади ва рақамли платформа операторининг устун музокара кучи эътироф этилган кундан эътиборан уч кунлик муддатда монополияга қарши орган бу ҳақда унга хабарнома юборади.


17. Монополияга қарши орган устун музокара кучига эга деб эътироф этилган рақамли платформа операторлари рўйхатини ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилиб боради.



4-БОБ. РАҚАМЛИ ПЛАТФОРМА ОПЕРАТОРИНИНГ

УСТУН МАВҚЕИ ВА УСТУН МУЗОКАРА КУЧИГА

ЭГАЛИГИНИ БЕКОР ҚИЛИШ


18. Рақамли платформа операторининг устун мавқеи ёки устун музокара кучига эгалиги қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

мазкур Низомнинг 8 ва 15-бандларида кўрсатилган шартларга номувофиқлиги аниқланганда;

рақамли платформа оператори томонидан хизмат кўрсатиш тўлиқ тўхтатилганда;

рақамли платформа операторига нисбатан тугатишга доир иш юритиш қўлланилганда.

Рақамли платформа операторининг устун мавқеи ёки устун музокара кучи бекор бўлганлигини эътироф этиш монополияга қарши орган раҳбари буйруғи билан расмийлаштирилади ҳамда буйруқ қабул қилинган кундан бошлаб уч кун муддатда хўжалик юритувчи субъектга ёки шахслар гуруҳига хабарнома юборилади.



5-БОБ. УСТУН МАВҚЕНИ ЁКИ УСТУН

МУЗОКАРА КУЧИНИ СУИИСТЕЪМОЛ

ҚИЛИШНИ ТАҚИҚЛАШ


19. Устун мавқе ёки устун музокара кучига эга деб эътироф этилган рақамли платформа операторларига маълумотлар, технологиялар ва рақамли маҳсулотлардан фойдаланиш ҳақидаги талабларни белгилаш орқали рақобатни чеклашга ва фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини камситишга олиб келадиган қуйидаги ҳаракатлар тақиқланади:

якуний фойдаланувчиларга олдиндан ўрнатилган иловаларни осонгина ўчириш ёки уларга рақамли платформанинг товар ва хизматларига йўналтирувчи операцион тизимлар, виртуал ёрдамчилар ёки веб-браузерлардаги стандарт созламаларни ўзгартиришга рухсат бермаслик ва асосий хизматлар учун танлов экранларини тақдим этмаслик;

якуний фойдаланувчиларга рақамли платформадан фойдаланадиган ёки улар билан ўзаро ишлайдиган учинчи томон иловалари ёки иловалар дўконларини ўрнатиш имкониятини чеклаш;

якуний фойдаланувчиларга рақамли платформанинг асосий хизматларига обунани осонлик билан бекор қилиш имкониятини чеклаш;

рақамли платформада маълумотлар конфиденциаллиги ва хавфсизлиги, реклама контенти, бошқа етказиб берувчига ўтиш осонлиги даражаси ёки истеъмол қийматини белгиловчи ҳар қандай бошқа ўлчовнинг сифати ва даражасини асоссиз пасайтириш;

учинчи шахсларга рақамли платформанинг ўз хизматлари билан ўзаро ишлаш имкониятини чеклаш;

рақамли платформада реклама берувчи компанияларга рақамли платформанинг фаолияти самарадорлигини ўлчаш воситаларидан эркин фойдаланиш ва жойлаштирган рекламасини ўзлари мустақил назорат қилиш учун зарур бўлган маълумотлардан фойдаланиш имкониятини бермаслик;

тадбиркор фойдаланувчиларга рақамли платформадан ташқарида ўз таклифларини илгари суриш ва мижозлар билан шартномалар тузиш имкониятини чеклаш;

тадбиркор фойдаланувчиларга рақамли платформадаги фаолияти натижасида ҳосил бўлган маълумотларни эркин олишга тўсқинлик қилиш;

рақамли платформада ўзи билан рақобатчи бўлган тадбиркор фойдаланувчиларнинг маълумотларидан рухсатисиз фойдаланиш;

рақамли платформанинг ўз товари ёки хизматларини ўз фойдаланувчи ёки учинчи шахсларникига нисбатан қулайроқ тарзда таснифлаш;

рақамли платформалар иловалар дўконларида жойлаштириш учун иловаларни яратувчиларга рақамли платформалар хизматларидан мажбурий фойдаланишни талаб қилиш;

рақамли платформалар рухсатисиз рақамли платформалардан ташқарида таргетлаштирилган реклама мақсадида охирги фойдаланувчиларни кузатишни тақиқлаш;

ўз платформасида тадбиркорлик субъектлари бўлган фойдаланувчилар билан рақобатлашганда, уларга ўз маълумотларидан фойдаланиш имкониятини чеклаш;

ўз товарига учинчи шахсларнинг товарига нисбатан афзаллик бериш;

фойдаланувчилардан шартнома предметига тааллуқли бўлмаган шартларни мажбуран қабул қилишни талаб қилиш;

товарни реализация қилиш ёки олишда камситувчи шартларни белгилаш, шу жумладан, товарлардан фойдаланиш шартларини киритиш;

рақамли платформанинг тадбиркор фойдаланувчи томонидан бошқа товарларни олиш ёки реализация қилиш ёхуд контрагентнинг товарларни ўзга рақамли платформалардан фойдалана олишдан ёки бошқа хўжалик юритувчи субъектларга реализация қилишдан ўзини тийиш шарти билангина шартнома тузишга розилик бериш;

тегишли товарни рақамли платформа орқали реализация қилиш ёки сотиб олиш имконияти (эҳтиёжи) бўла туриб, шартнома тузишдан, тузилган шартнома бўйича товар етказиб беришдан, товарларни реализация қилиш ҳажмлари ва муддатлари бўйича улар билан тузилган шартномаларнинг шартларига риоя қилмасдан, товарларни қабул қилиш ёки унинг ҳақини тўлашдан бош тортиш, шартномани бекор қилиш;

бозорга бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг киришига тўсиқлар қўйиши, шунингдек, бошқа ўзаро боғлиқ (ёндош) рақамли платформа хизмати бозорларида рақобатни чеклашга олиб келган ёки олиб келиши мумкин бўлган тарзда ўз мавқеидан фойдаланиш;

бошқа хўжалик юритувчи субъектларга ўз инфратузилма объектлари, тармоқ инфратузилмаси (чакана савдо тармоғи, филиал тармоғи, шу жумладан, франшизинг ёки дилерлик (агентлик) асосида ёки унинг бир қисми) ёки операцион тизими, дастурий таъминоти, онлайн қидирув тизими, мобил илова ёхуд рақамли платформадан фойдаланишга, ундан биргаликда фойдаланиш имконияти бўла туриб, рухсат беришни рад этиш;

ноль нарх қўлланадиган рақамли бозорда маълумотлар конфиденциаллиги ва хавфсизлиги, реклама контенти, бошқа етказиб берувчига ўтиш осонлиги даражаси ёки истеъмол қийматини белгиловчи ҳар қандай бошқа ўлчовнинг сифати ва даражасини асоссиз пасайтириш;

бошқа хўжалик юритувчи субъектлар (рақобатчилар) томонидан ишлаб чиқарилган товарларни сотиш ёки сотиб олишни тақиқлаш ёхуд чеклаш;

нархларни давлат томонидан тартибга солиш татбиқ этиладиган товарлар учун белгиланган нарх миқдоридан ортиқ ҳақ олиш ёки нархларда (тарифларда) ҳисобга олинмаган ҳақ ундириш эвазига даромад олиш.

Ушбу Низомнинг мазкур банди талабларини бузиш ҳолатлари аниқланганда, устун мавқега ва устун музокара кучига эга рақамли платформа операторлари ҳамда уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг "Рақобат тўғрисида"ги Қонуни ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган жавобгарлик қўлланилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


20. Рақамли платформа операторлари ва уларнинг мансабдор шахслари монополияга қарши органга маълумот тақдим этилмаганлиги ёки ўз вақтида тақдим этилмаганлиги, нотўғри ёки сохта маълумотлар тақдим этилганлиги учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

       

         

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 2 май







































































Время: 0.1980
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск