Внимание!

NB! Мазкур Низом расман эълон килинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Май, 2024 й. / Тадбиркорлик фаолияти тўғрисида / Монополистик фаолиятни чеклаш /

Рақобатга қарши келишувларни ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни аниқлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.05.2024 й. 256-сон қарорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 1 майдаги

256-сон қарорига

4-ИЛОВА



Рақобатга қарши келишувларни

ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни

аниқлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг "Рақобат тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ:

товар ёки молия бозорида ўзаро рақобатлашадиган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги рақобатга қарши келишувлар ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни, шунингдек, иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштиришни аниқлаш тартибини;

товар ёки молия бозорида ўзаро рақобатлашмайдиган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги рақобатга қарши келишувлар ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни, шунингдек, иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштиришни аниқлаш тартибини;

хўжалик юритувчи субъектлар билан республика ижро этувчи ҳокимият органлари, шу жумладан, фаолиятнинг айрим турларига лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни берувчи, махсус электрон тизим орқали хабарномаларни қабул қилувчи, рўйхатдан ёки аккредитациядан ўтказиш ваколатлари берилган давлат унитар корхоналари ёки муассасалари, шунингдек, давлат мақсадли жамғармалари (кейинги ўринларда - республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар), юридик шахсларнинг бирлашмалари ўртасидаги ҳамда савдолардаги рақобатга қарши келишувлар ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни, шунингдек, иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштиришни аниқлаш тартибини;

юридик ва жисмоний шахсларнинг рақобатга қарши тузган келишуви ёки мувофиқлаштирилган ҳаракатлари бўйича маълумотни биринчи бўлиб тақдим этганда, жавобгарликдан озод этиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


истеъмолчи - хўжалик юритувчи субъектдан товарни олувчи, товарга буюртма берувчи ёхуд товарни олиш ёки унга буюртма бериш ниятида бўлган жисмоний ёки юридик шахс;


монополияга қарши орган - Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари;


мувофиқлаштирилган ҳаракатлар - икки ёки ундан ортиқ хўжалик юритувчи субъектларнинг улардан ҳар бирининг манфаатларини қаноатлантирадиган, бирининг ҳаракатлари бошқасига маълум бўлган ёки улардан ҳар бирининг ҳаракатларидан келиб чиққан ҳолда бажариладиган, рақобатни чеклайдиган ёхуд чеклашга ва (ёки) рақобат шароитларида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари камситилишига олиб келиши мумкин бўлган ўзаро келишилмаган ҳаракатлари;


рақобатга қарши келишувлар - товар ёки молия бозорида икки ва ундан ортиқ тарафнинг рақобатни чеклашга ёки истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига зарар етказилишига олиб келадиган ёхуд олиб келиши мумкин бўлган, битта ёки бир нечта ҳужжатда акс эттирилган ёзма шаклдаги шартлашуви, шунингдек, оғзаки шаклдаги шартлашуви;


рақобатлашаётган хўжалик юритувчи субъектлар - битта товар ёки молия бозоридаги рақобатчилар, шу жумладан, салоҳиятли рақобатчилар ҳисобланадиган хўжалик юритувчи субъектлар;


рақобатлашмайдиган хўжалик юритувчи субъектлар - турли товар ёки молия бозорида фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар;


товар - фаолиятнинг сотиб олиш ва реализaция қилиш учун мўлжалланган маҳсули, шу жумладан, ишлар ва хизматлар;


3. Рақобатлашаётган хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан, салоҳиятли рақобатчилар ўртасидаги рақобатни чеклашга ва (ёки) истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига зарар етказилишига олиб келадиган ҳамда қуйидагиларга қаратилган рақобатга қарши келишувлар ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлар тақиқланади ҳамда ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб топилади:

нархларни (тарифларни), чегирмаларни, устамаларни, қўшимча тўловларни ёки устама нархларни сунъий равишда белгилаш ёки сақлаб туриш, эркин бозор нархларининг қарор топишига тўсқинлик қилиш;

таклиф ҳажмини сунъий равишда ўзгартириш мақсадида ишлаб чиқариш ҳажмларини келишиб олиш, товарларни ишлаб чиқаришни иқтисодий ёки технологик жиҳатдан асоссиз равишда камайтириш ва (ёки) тугатиш ёхуд технологиялар ва инвестицияларни чеклашни келишиб олиш;

энг яхши таклифларни танлашда, тендерларда, аукционларда, биржаларда ва бошқа савдоларда (кейинги ўринларда - савдолар) нархларни ошириш, пасайтириш ёки сақлаб туриш;

товар ёки молия бозорини ҳудудий принцип, реализация қилиш ёки харидлар ҳажми, товарларнинг хиллари ёхуд товарларни сотувчилар ёки сотиб олувчилар, товар буюртмачилари доираси бўйича бўлиб олиш ёхуд маҳсулот сотиладиган бозорлар устидан назорат ўрнатиш;

бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг муайян товарларни сотувчилар ёки сотиб олувчилар, буюртмачилар сифатида товар ёки молия бозорига киришини чеклаш ёки уларни бозордан четлаштириш ёхуд хўжалик юритувчи субъектларни муайян бозорга киритмаслик;

айрим сотувчилар ёки сотиб олувчилар билан шартномалар тузишда шартнома предметига тааллуқли бўлмаган шартларни, шу жумладан, молиявий маблағларни, бошқа мол-мулкни, мулкий ҳуқуқларни ўзга шахсга ўтказишга доир асоссиз талабларни мажбуран қабул қилдириш йўли билан шартномалар тузиш.


4. Рақобатлашмаётган хўжалик юритувчи субъектларнинг, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларнинг юридик шахслар бирлашмаси, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар билан рақобатга қарши келишувларига ҳамда мувофиқлаштирилган ҳаракатларига, агар бундай келишувлар ва ҳаракатлар пировард натижада ушбу Низомнинг 3-бандида кўрсатилган оқибатларга олиб келса ёки олиб келиши мумкин бўлса, йўл қўйилмайди, шу жумладан, қуйидаги келишувлар ва ҳаракатларига йўл қўйилмайди:

сотувчининг ёки сотиб олувчининг ҳудудни ёхуд сотиб олувчилар доирасини товарни кейинчалик қайта сотиш мақсадида мустақил равишда белгилашини чеклайдиган келишувлари ва ҳаракатларига;

товарларни қайта сотиш учун нархларга чекловлар белгилайдиган келишувлари ва ҳаракатларига;

бошқа хўжалик юритувчи субъектлар ишлаб чиқарадиган товарларни хўжалик юритувчи субъектлар томонидан реализация қилишни тақиқлайдиган келишувлари ва ҳаракатларига.


5. Хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий фаолиятини ушбу хўжалик юритувчи субъектларга алоқадор бўлмаган юридик ва жисмоний шахслар томонидан ташқи мувофиқлаштириш, агар бундай мувофиқлаштириш ушбу Низомнинг 3 ва 4-бандларида кўрсатилган оқибатлардан бирига олиб келса, тақиқланади.


6. Агар рақобатга қарши келишувлар ва ҳаракатлар ишлаб чиқаришни такомиллаштиришга, техника тараққиётини юксалтиришга, инновацияларни жорий этишни рағбатлантиришга, ишлаб чиқариш ва товарларни реализация қилиш ҳажмларини кўпайтиришга ёки иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга ёхуд товарларнинг жаҳон товар ёки молия бозоридаги рақобатбардошлилигини оширишга қаратилган бўлса, ушбу Низомнинг 3 ва 4-бандларида назарда тутилган тақиқлар мазкур келишувлар ва ҳаракатларга нисбатан татбиқ этилмайди.



2-БОБ. РА ҚОБАТГА ҚАРШИ

КЕЛИШУВЛАР, МУВОФИҚЛАШТИРИЛГАН

ҲАРАКАТЛАР ВА ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТНИ

МУВОФИҚЛАШТИРИШНИ АНИҚЛАШ


7. Рақобатга қарши келишув ёки мувофиқлаштирилган ҳаракатлар белгилари монополияга қарши орган томонидан товар ва молия бозорларини ўрганиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг, юридик шахслар бирлашмаларининг мурожаатларини кўриб чиқиш, оммавий ахборот воситаларининг хабарларини ҳамда тегишли органларнинг рақобатга қарши келишув ёки мувофиқлаштирилган ҳаракатлар белгиларининг мавжудлигини кўрсатадиган маълумотларини ўрганиш давомида аниқланади.

Бунда хўжалик юритувчи субъектларда, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларда, юридик шахсларнинг бирлашмаларида монополияга қарши комплаенс жорий этилганлиги ва масъул шахс тайинланганлиги, у томонидан рақобатга қарши келишув ёки мувофиқлаштирилган ҳаракатлар аломатлари бўйича ҳолатлар кўриб чиқилганлиги ўрганилади.


8. Қуйидагилар рақобатга қарши келишувлар ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларнинг, шунингдек, иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштиришнинг белгилари ҳисобланади:

таклиф ҳажмини сунъий равишда ўзгартириш мақсадида товарни ишлаб чиқариш ёки етказиб бериш ҳажмларини, шу жумладан, товарларни ишлаб чиқаришни иқтисодий ёки технологик жиҳатдан асоссиз равишда камайтириш ва (ёки) тугатиш ёхуд технологиялар ва инвестицияларни чеклашни келишиш;

нархларни сунъий тарзда ошириш ёки пасайтириш тўғрисида келишув;

бир хил прейскурантни ёки нархни тасдиқлайдиган буйруқ (баённома, фармойиш)ни қўллаш;

товарларни ишлаб чиқариш ёки сотиш ҳажмларига чековлар (квоталар) белгилаш, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно;

нархни ошириш ёки пасайтириш учун индивидуал иқтисодий сабаблар, умумий ташқи омиллар мавжуд бўлмаган ҳолатда нархларни бир вақтда ёки кетма-кетликда ошириш (пасайтириш), шу жумладан, амалдаги нархлар (тарифлар) асосида товарни янги харидорлар томонидан сотиб олинишини чеклаш;

ўхшаш товарни ишлаб чиқаришга ёки сотиб олиш ёхуд реализация қилиш харажатларининг турли миқдорларида ягона нархларни бир вақтда ёки кетма-кетликда белгилаш;

бозорда ягона нархларни белгилаш мақсадида товар қолдиқларини қўшимча баҳолаш;

чегирмаларни, қўшимча тўловларни, устама ёки нархга оид бошқа кўрсаткичларни белгилаш ёки сақлаб туриш;

бозорда талаб юқори бўлган шароитда танқислик ва нархлар ошишини келтириб чиқариш мақсадида келгусида товарларни қайта сотиш учун ишлаб чиқарилган, амалда сотиб олинган ёки импорт қилинган товарларни бозорга етказиб бериш ҳажмларини бир вақтда ёки кетма-кетликда камайтириш ва (ёки) тугатиш;

турли етказиб берувчилар томонидан реализация қилинаётган товарларга юқори нархларни (тарифларни), чегирмаларни, устамаларни, қўшимча тўловларни сақлаб туриш;

шартнома тузиш мумкин бўлган шароитда айрим харидор ёки сотувчилар билан шартнома тузишни асоссиз равишда рад этиш;

товарларни муайян минтақаларда реализация қилишга ёки харидлар ҳажми, товарларнинг хиллари ёхуд товарларни сотувчилар ёки сотиб олувчилар, товар буюртмачилари доираси бўйича бўлиб олишга келишиш;

савдолар иштирокчилари томонидан нархларни ошириш, пасайтириш ёки сақлаб туришга келишиш;

савдо иштирокчилари турли манзилларда жойлашган ҳолатда улар томонидан айнан бир манзилдан ва бир хил таклифларни тақдим этиш;

савдоларнинг операторлари ва (ёки) буюртмачилари ва (ёки) ташкилотчилари ва (ёки) комиссия аъзолари билан ўзаро манфаатдор бўлган ёхуд улар билан аффилланган шахсларнинг савдоларда иштирок этиш;

савдоларнинг икки ва ундан ортиқ ўзаро аффилланмаган ёки бошқача тарзда ўзаро боғлиқ бўлмаган иштирокчиларининг таклифлари айни бир шахс томонидан берилиши;

савдоларнинг операторлари ва (ёки) ташкилотчилари ва (ёки) буюртмачилари томонидан савдолар иштирокчиларига савдоларда иштирок этмаслик, уларни тарк этиш, савдоларда муайян нархларни таклиф этиш ҳақида кўрсатма бериш;

хўжалик юритувчи субъектларга алоқадор бўлмаган юридик ва жисмоний шахслар томонидан иқтисодий фаолиятни, шу жумладан, ташқи иқтисодий фаолиятни муайян ҳудудда амалга оширмаслик ва уларни тўхтатиб туриш ёки тугатиш ҳақида кўрсатма бериш, шунингдек товар нархларини ва уларнинг ҳажмларини белгилаш.


9. Қуйидагилар рақобатга қарши келишув ёки мувофиқлаштирилган ҳаракатлар, шунингдек, иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштириш белгиларини аниқлашнинг асосий босқичлари ҳисобланади:

рақобатга қарши келишув ва мувофиқлаштирилган ҳаракат белгилари пайдо бўлганлиги ҳақидаги хабарларни ва сигналларни қабул қилиш;

рақобатга қарши келишув ёки мувофиқлаштирилган ҳаракатларда қатнашган хўжалик юритувчи субъектлар ва (ёки) республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар, юридик шахсларнинг бирлашмалари доирасини аниқлаш;

бир-бирининг ўрнини босишини ҳисобга олган ҳолда, муайян товарнинг муомалада бўлиш чегараларини аниқлаш;

рақобатга қарши келишув ёки мувофиқлаштирилган ҳаракатларни содир этган хўжалик юритувчи субъектларга тўғри келадиган бозор улушларини аниқлаш;

янги хўжалик юритувчи субъектларнинг бозорга киришини қийинлаштирадиган тўсиқларнинг мавжудлигини аниқлаш;

ишлаб чиқариш шароитларининг ўхшашлигини ҳамда товарни ишлаб чиқариш харажатларининг таққосланувчанлигини, товарнинг қийматидаги ягона нархларни белгилашга ва битимлар тузишга сабаб бўладиган доимий харажатлар салмоғини аниқлаш;

иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштириш ҳамда рақобатга қарши келишув ёки мувофиқлаштирилган ҳаракатларга кўмаклашадиган ахборотлар билан алмашиш учун ахборот тақдим этишлари мумкин бўлган республика ва маҳаллаий ижро этувчи ҳокимият органлари мавжудлигини аниқлаш;

товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар товарларни ишлаб чиқарувчилар ёки етказиб берувчиларнинг, шунингдек, уларнинг товарларига нархларнинг давлат томонидан тартибга солинишини ўрганиш;

акцияларнинг (улушларнинг) назорат пакетларига эга бўлиш орқали бошқа хўжалик юритувчи субъектлар томонидан етказиб берувчилар ёки истеъмолчилар устидан назоратнинг мавжудлигини аниқлаш;

бозорда нархларнинг қарор топаётган ўзгаришларини ўрганиш ва шароитлари бўйича ўхшаш бўлган бошқа бозорлардаги нархлар билан уларни таққослаш;

рақобатга қарши келишув ёки мувофиқлаштирилган ҳаракатлар содир этилишининг бевосита ёки билвосита далилларини аниқлаш;

товар ёки молия бозорида давлат томонидан тартибга солиш мавжуд бўлган тақдирда, рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига қарама-қаршиликларнинг мавжуд эмаслигини аниқлаш.



3-БОБ. РАҚОБАТГА ҚАРШИ КЕЛИШУВ,

МУВОФИҚЛАШТИРИЛГАН ҲАРАКАТЛАР

ВА ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТНИ

МУВОФИҚЛАШТИРИШНИНГ

ДАЛИЛЛАРИ


10. Рақобатга қарши келишув, мувофиқлаштирилган ҳаракатлар ва иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштиришнинг далиллари бевосита ва билвосита бўлиши мумкин.


11. Қуйидагилар рақобатга қарши келишувлар ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларнинг ҳамда иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштиришнинг бевосита далилари ҳисобланади:

келишувлар содир этилганлигини ёки уларни содир этиш режалаштирилганлиги назарда тутувчи келишув иштирокчилари ўртасида тузилган шартномалар (келишувлар);

келишув иштирокчиларинг телефон сўзлашувлари, ижтимоий тармоқлар орқали амалга оширилган ёзишмалари;

хатлар, қарорлар (баённомалар), ҳисобрақамлар, юк хатлари, прейскурантлар, тўлов топшириқномалари;

келишув ҳақида далолат берувчи ёзувлар, қайдлар ва бошқа ҳужжатлар;

келишув иштирокчиларининг, шу жумладан келишувда иштирок этиш таклифини олган лекин унга қўшилишни рад этган хўжалик юритувчи субъектларнинг кўрсатмалари ва гувоҳликлари;

келишувлар ҳақида маълумотга эга учинчи шахсларнинг гувоҳлик кўрсатмалари.


12. Қуйидагилар ҳақидаги ҳар қандай маълумотлар рақобатга қарши келишувлар ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларнинг ҳамда иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштиришнинг билвосита далилари ҳисобланади:

ахборотларни оғзаки ёки ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда айирбошлаш;

нархларни ошкора эълон қилиш зарурати мавжуд бўлмаган ҳолда эълон қилиш;

рақобатга қарши келишувлар ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни содир этилишига олиб келадиган бир хил ва синхрон ҳаракатларни амалга ошириш;

нархни ошириш ёки пасайтиши учун индивидуал иқтисодий сабаблар, умумий ташқи омиллар мавжуд бўлмаган ҳолатда нархларни бир вақтда ёки кетма-кетликда ошириш (пасайтириш), шу жумладан, амалдаги нархлар (тарифлар) асосида товарнинг янги харидорлар томонидан сотиб олинилишини ёки ундан фойдаланилишни чеклаш;

товарни ишлаб чиқаришга ёки сотиб олиш ёхуд реализация қилиш харажатларининг турли миқдорларида ягона нархларни паралелль ёки кетма-кетликда белгилаш;

товарларни ишлаб чиқаришни иқтисодий ёки технологик жиҳатдан асоссиз равишда камайтириш ва (ёки) тугатиш ёхуд технологиялар ва инвестицияларни чеклаш;

товарлар ёки уларнинг хажми муайян минтақаларда реализация қилишининг чекланганлиги ёки мавжуд эмаслиги;

муайян товар ва молия бозорларига нисбатан товар нархларининг ўта юқори даражада бўлиши;

рақобатга қарши келишувлар ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлар иштирокчиси сифатида кўрилаётган шахсларнинг учрашувлари, шу жумладан, бир пайтда ва бир хил жойга амалга оширилган ташрифлари;

турли савдоларда айнан бир ҳўжалик юритувчи субъектларнинг иштирок этиши ва (ёки) уларнинг савдоларда иштирок этиш ва нархларни таклиф этиш бўйича кетма кетлик (навбат) схемаси мавжудлиги;

савдоларда иштирокчиларнинг асоссиз иштирок этишдан воз кечиш;

савдоларда тўсатдан тендер ғолибининг савдо натижалари бўйича шартнома тузишни рад этиши;

савдоларда ғолиб томонидан ушбу савдолар иштирокчилари билан субпудрат шартномасини тузиш;

муайян ҳудуддаги савдоларда бошқа ҳудудлар билан таққослаганда, доимий ва ўзгармас нарх даражаси;

савдоларда нархнинг жамоавий ҳолда ўзгариши ёки ошиши;

савдоларга янги иштирокчи қўшилганда, бошқа иштирокчилар томонидан нарх бўйича таклифлари кескин кўтарилиши ёки кетма-кетликда кўтарилиб савдо якунлари бўйича шартнома тузиш рад этилиши;

савдоларга янги иштирокчи қўшилганда нархлар бирдан пасайиб кетиши;

савдо иштирокчилари тақдим этган ҳужжатларда бир хил ҳисоб-китоблар, шакллар ёки хатолар мавжудлиги;

хўжалик юритувчи субъектларга алоқадор бўлмаган юридик ва жисмоний шахслар томонидан уларнинг иқтисодий фаолияти, шу жумладан, ташқи иқтисодий фаолиятига ташқи таъсир кўрсатувчи оғзаки ёки ёзма кўрсатмалар.


13. Ваколатли орган томонидан келишувлар ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларнинг содир этилганлигини тасдиқловчи, ушбу Низомнинг 11 ва 12-бандларида назарда тутилган далиллардан ташқари қўшимча далиллар товар ва молия бозорларида амалга оширилган таҳлиллар ва ўрганишлар давомида аниқланиши мумкин.



4-БОБ. САВДОЛАРДАГИ РАҚОБАТГА ҚАРШИ

КЕЛИШУВЛАР ВА МУВОФИҚЛАШТИРИЛГАН

ҲАРАКАТЛАРНИ АНИҚЛАШ


14. Савдолардаги рақобатга қарши келишувлар ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлар, шу жумладан, қуйидагилар тақиқланади:

савдоларни ўтказишнинг қонунчиликда белгиланган тартибини бузиш;

савдолар иштирокчиларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;

савдоларнинг битта ёки бир нечта иштирокчисига савдоларда иштирок этиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан, ахборотдан фойдаланиш орқали имтиёзли шарт-шароитлар яратиш;

савдоларга оид ҳужжатларга ва қоидаларга, шу жумладан, эълоннинг матнига иштирокчилар ўртасида рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган талабларни киритиш;

савдоларнинг ўтказилиш жараёнига ва натижаларига таъсир кўрсатиш;

савдоларда талабнинг ўзгаришига, нархларнинг сунъий равишда оширилишига олиб келиши мумкин бўлган ёлғон, асоссиз маълумотларни тарқатиш;

савдоларнинг операторлари ва (ёки) ташкилотчилари ва (ёки) буюртмачилари ва (ёки) савдолар иштирокчилари томонидан рақобатга қарши келишувларни ҳамда мувофиқлаштирилган ҳаракатларни амалга ошириш;

электрон тарзда ўтказиладиган савдоларда нархларнинг сунъий равишда шакллантирилишига олиб келадиган нарх алгоритмидан, яъни товарлар нархини олдиндан белгиланган параметрларга асосан мониторинг қилиш, ҳисоб-китоб қилиш, белгилаш ва назорат қилиш имкониятини берувчи дастурий таъминотдан фойдаланиш;

савдоларда савдо шартларини бир неча марта бажармаслик натижасида товарнинг нархларини рақобат мавжуд бўлганда шаклланган нархлардан (талаб, таклиф ёки ишлар ҳажмидан) анча ошириш;

буюртмачининг ёки сотувчининг савдолар натижаларига кўра шартнома тузишдан асоссиз равишда бўйин товлаши.

Биржа савдоларини ўтказиш чоғида рақобатга қарши келишувлар ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлар, шу жумладан, қуйидагилар тақиқланади:

биржа савдоларини ўтказиш жараёнига таъсир кўрсатадиган, шу жумладан, ҳийла-найранг ҳисобланадиган ҳаракатлар, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно;

биржа савдолари иштирокчиларининг мувофиқлаштирилган ҳаракатлари натижасида жорий биржа нархларининг кескин ошишига ёки қатъий белгиланишига олиб келадиган ҳаракатлар;

биржа шартномаси бўйича барча харидорларга савдоларда тенг иштирок этиш имкониятини чеклайдиган лотларни белгилаш;

тўловнинг ва етказиб беришнинг асосланмаган муддатларини, шунингдек, ўхшаш маҳсулотни сотувчилар томонидан белгиланган шартлардан жиддий фарқ қилувчи алоҳида шартларни жорий этиш;

биржа шартномаларида иштирокчилар сонини чеклайдиган алоҳида шартларни кўрсатиш;

товарларни савдога қўйиш жадвалларини биржанинг расмий веб-сайтига жойлаштирмаслик;

юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотни жадвалларда назарда тутилган муддатларда биржага қўймаслик ёки уни кам ҳажмда ёхуд мувофиқ бўлмаган ҳажмда қўйиш;

биржа савдолари давомида биржанинг муайян иштирокчиси томонидан бошқа иштирокчиларнинг буюртмаларига нисбатан нархи ноодатий тарзда катта фарқ қилувчи буюртмалар бериш, кейинчалик мазкур буюртмаларни савдолар тугагунига қадар олиб ташлаш ёки тузилган битимни жарима тўламасдан асоссиз равишда бекор қилиш;

нархи қонунчилик билан тартибга солинадиган маҳсулотнинг бошланғич нархини шакллантиришнинг белгиланган тартибига риоя этмаслик;

биржа шартномаси бўйича муайян харидор иштирокида бекор қилинган битимнинг баҳоси айни шу харидор билан мазкур биржа шартномаси бўйича кейинги икки савдода амалга оширилган битимнинг энг паст баҳосидан паст бўлишига олиб келувчи ҳаракатларни бажариш;

фақат биржа савдоларига қўйиш йўли билан сотилиши лозим бўлган юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотлар ҳажмларини биржа савдоларига қўймасдан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотиш;

биржа савдоларида реализация қилинмаган юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотларнинг бир қисмини такроран савдоларга қўймаслик;

маҳсулотни транспортнинг муқобил тури билан жўнатиш имкони бўлган ҳолатда, уни транспортнинг муайян тури билан асоссиз равишда жўнатишни назарда тутувчи шартномалар бўйича савдоларга қўйиш;

биржада тузилган битимлар ва шартномаларни жарима санкцияларисиз асоссиз равишда ёки мунтазам асосда бекор қилиш, бир тарафнинг енгиб бўлмас куч ҳолатлари муносабати билан мажбуриятларни бажариш имконияти йўқлиги исботланган ҳоллар, яъни фавқулодда ва олдини олиб бўлмайдиган (форс-мажор) ҳолатлар бундан мустасно;

товарни юклаб жўнатиш навбатининг изчиллигига риоя этмаслик;

биржа шартномаларида товарларнинг сифат кўрсаткичлари (тури, нави, маркаси ва бошқалар) тўғрисидаги етарлича ахборотни кўрсатмаслик ёки уларнинг кўрсаткичлари тўғрисидаги чалғитувчи ахборотни киритиш;

савдолар ташкилотчилари томонидан биржа савдоларининг иштирокчилари учун тенг бўлмаган шароитлар яратиш;

савдолар ташкилотчилари томонидан биржа савдоларининг натижаларини асоссиз равишда бекор қилиш;

сотувчи ва харидор ўртасида айни бир шахсий ҳисобварақда битим тузиш;

товарнинг нархи хусусида чалғитиш мақсадида баҳоси рақобат муҳитида таркиб топган даражадан жиддий фарқ қиладиган бир нечта битимни бир кунда бир иштирокчи томонидан ёки бир иштирокчининг манфаати учун тузиш.

Энг яхши таклифларнинг танловларида, тендерларда, аукционларда ва бошқа савдоларда рақобатга қарши келишувлар ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлар, шу жумладан, қуйидагилар тақиқланади:

савдоларда иштирок этиш учун хўжалик юритувчи субъектлардан ҳужжатлар қабул қилишни асоссиз равишда рад этиш ёки савдоларда иштирок этиш учун ҳужжатларни тақдим этишга тўсқинлик қилиш;

савдолар иштирокчиларини асоссиз равишда четлаштириш ёки уларнинг сонини асоссиз равишда чеклаш;

савдолар предметига технологик ва функционал жиҳатдан алоқадор бўлмаган қўшимча товарларни лотлар таркибига киритиш;

товарнинг аниқ ишлаб чиқарувчисини кўрсатиш, товарларнинг бир-бирига тўғри келмаслиги ҳоллари ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳоллар бундан мустасно;

бошқа иштирокчи ғолибга айланиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида савдоларда таклифлар билан иштирок этиш;

савдолар иштирокчиларига асоссиз талаблар қўйиш, шу жумладан, уларнинг малакасига нисбатан рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган талаблар қўйиш;

савдолар предметининг нархларини таклифлар киритиш орқали, савдолар тугагунига қадар ушбу таклифларни олиб ташлаган ҳолда ошириш ёки пасайтириш;

савдоларда айни бир лотда фақат аффилланган ёки ўзаро манфаатдор шахсларнинг иштирок этиши;

савдоларнинг операторлари ва (ёки) буюртмачилари ва (ёки) ташкилотчилари ва (ёки) комиссия аъзолари билан ўзаро манфаатдор бўлган ёхуд улар билан аффилланган шахсларнинг савдоларда иштирок этиши.

Ушбу белгиланган рақобатга қарши келишувлар ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлар бўйича талабларнинг бузилиши савдолар натижалари бўйича қабул қилинган қарорларни ва тузилган шартномаларни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлади.



5-БОБ. АНИҚЛАНГАН РАҚОБАТГА ҚАРШИ

КЕЛИШУВЛАРНИ, МУВОФИҚЛАШТИРИЛГАН

ҲАРАКАТЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


15. Рақобатга қарши келишувларни тузганлик, мувофиқлаштирилган ҳаракатларни содир этганлик белгилари юзасидан монополияга қарши орган томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўрилади.


16. Бозорда рақобат муҳитига салбий таъсир қилувчи ҳолатлар кузатилганда ва (ёки) айни бир тармоқдаги товар (иш/хизмат) нархларнинг кескин синхрон равишда ўсиши кузатилса, монополияга қарши орган мазкур соҳадаги тадбиркорлар томонидан шубҳали нарх ошиши рақобатга қарши келишувлар натижаси эмаслигини исботлашини ва нарх ошиши учун асосли индивидуал иқтисодий сабабларни кўрсатишни талаб қилишга ҳақли.

Монополияга қарши органнинг талабига қарамасдан, хўжалик юритувчи субъектлар, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар, юридик шахслар бирлашмалари томонидан талаб қилинган маълумотлар тақдим қилинмаган тақдирда, монополияга қарши орган ўзининг таҳлиллари асосида қарор чиқаради.


17. Рақобатлашаётган хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан, салоҳиятли рақобатчилар ўртасидаги рақобатни чеклашга ва (ёки) истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига зарар етказилишига олиб келадиган ҳамда рақобатга қарши келишувлар ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлар ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб топилади.

Бунда ваколатли орган томонидан ушбу Низомнинг 3-бобида келтирилган далиллар аниқланган тақдирда, рақобатга қарши келишувлар ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлар содир этилмаганлигини исботлаш ушбу келишувлар ва (ёки) мувофиқлаштирилган ҳаракатларни содир этишда иштирок этган хўжалик юритувчи субъектлар зиммасида бўлади.


18. Хўжалик юритувчи субъектлар, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар, юридик шахслар бирлашмалари ўзлари амалга оширган келишувлар ва ҳаракатлар келишиб олинмаганлиги, рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига зид эмаслиги тўғрисидаги далилларни тақдим этишга ҳақли.



6-БОБ. РАҚОБАТГА ҚАРШИ КЕЛИШУВ

ВА МУВОФИҚЛАШТИРИЛГАН ҲАРАКАТ

БЎЙИЧА ЖАВОБГАРЛИКДАН ОЗОД ЭТИШ


19. Рақобатга қарши келишув ёки мувофиқлаштирилган ҳаракат иштирокчиси бўлган, мазкур келишув ёки ҳаракат содир этилганлиги ҳақида монополияга қарши органга биринчи бўлиб ихтиёрий равишда ариза билан мурожаат қилган жисмоний шахс, хўжалик юритувчи субъект, юридик шахслар бирлашмаси тегишинча маъмурий ва молиявий жавобгарликдан озод қилинади.

Рақобатга қарши келишувлар ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларга доир материаллар судга тақдим этилган тақдирда, ваколатли органга ҳамкорлик қилган учинчи шахс тўғрисидаги маълумотлар сир сақланиши таъминланади.


20. Монополияга қарши органга рақобатга қарши келишувлар ёки мувофиқлаштирилган ҳаракатлар бўйича мурожаатлар қабул қилинади.


21. Аризада мурожаат қилувчи келишув иштирокчиси ёки учинчи шахс рақобатга қарши келишувлар ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни исботлашга доир ҳар қандай шаклдаги маълумотни тақдим этиши ва (ёки) монополияга қарши орган билан ҳамкорлик қилиши мумкин.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


22. Монополияга қарши органга ахборот тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик ёхуд уларга била туриб нотўғри маълумотларни тақдим этганлик учун жисмоний ва юридик шахслар, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар, юридик шахсларнинг бирлашмалари ва уларнинг мансабдор шахслари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.


23. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.


24. Монополияга қарши органнинг рақобатга қарши келишувлар тузганлик, мувофиқлаштирилган ҳаракатларни содир этганлик белгилари юзасидан қабул қилинган қарорларидан норози бўлган хўжалик юритувчи субъектлар бевосита судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилишга ҳақлидир.

       

             

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 2 май












































































Время: 0.2157
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск