Внимание!

NB! Мазкур Низом расман эълон килинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Май, 2024 й. / Тадбиркорлик фаолияти тўғрисида / Монополистик фаолиятни чеклаш /

Хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.05.2024 й. 256-сон қарорига 7-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 1 майдаги

256-сон қарорига

7-ИЛОВА



Хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий тарзда

бўлиш ёки ажратиб чиқариш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг "Рақобат тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларни (кейинги ўринларда - хўжалик юритувчи субъектлар) мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқаришни кўриб чиқиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низом табиий монополиялар субъектларига татбиқ этилмайди.


3. Хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш имконияти тўғрисидаги масала Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари (кейинги ўринларда - монополияга қарши орган) томонидан кўриб чиқилади.



2-БОБ. ХЎЖАЛИК ЮРИТУВЧИ СУБЪЕКТЛАРНИ

МАЖБУРИЙ ТАРЗДА БЎЛИШ ЁКИ АЖРАТИБ

ЧИҚАРИШНИНГ АСОСИЙ ШАРТЛАРИ


4. Хўжалик юритувчи субъектни бўлиш дейилганда, бўлинаётган хўжалик юритувчи субъект негизида унинг фаолиятини тўхтатган ҳамда унинг ҳуқуқлари ва вазифаларини янги ташкил этилаётган хўжалик юритувчи субъектларга берган ҳолда, бир нечта хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этиш тушунилади.

Хўжалик юритувчи субъектни ажратиб чиқариш дейилганда, унинг фаолиятини тўхтатмаган ҳолда, унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг бир қисмини уларга бериш билан бир ёки бир нечта хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этиш тушунилади.


5. Хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш унинг устун мавқени суиистеъмол қилишини бартараф этиш, шунингдек, хўжалик юритувчи субъект негизида товар ва молия бозорларини тўйинтиришга, товарлар, ишлар ва хизматларнинг истеъмол хусусиятларини яхшилашга, уларнинг рақобатбардошлилигини оширишга кўмаклашувчи икки ёхуд бир нечта алоҳида хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этиш йўли билан товар ёки молия бозорида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида амалга оширилади.


6. Хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектга нисбатан рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишларини бартараф этиш юзасидан илгари қўлланилган чоралар самарасиз бўлган тақдирда амалга оширилади.


7. Хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш тўғрисидаги қарор ҳар бир аниқ ҳолатда тармоқнинг, ишлаб чиқариш жараёнининг хусусиятини, ишлаб чиқарилаётган товарлар, амалга оширилаётган ишлар ва хизматлар, бошқарувни ташкил этиш турини ҳисобга олган ҳолда, уни бўлиш ёки ажратиб чиқариш имконияти ва мақсадга мувофиқлиги кўп томонлама баҳолангандан кейин қабул қилиниши мумкин.


8. Монополияга қарши орган хўжалик юритувчи субъектни қуйидаги шаклларда мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг имконияти ва мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир:

хўжалик юритувчи субъектни бир нечта хўжалик юритувчи субъектлар ташкил этган ҳолда бўлиш;

хўжалик юритувчи субъект таркибидан алоҳида таркибий бўлинмаларни (бирликларни) ажратиб чиқариш ва уларнинг негизида юридик шахс мақомига эга бўлган мустақил хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этиш.

Монополияга қарши орган шахслар гуруҳини ташкил этувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг акциялари ёки улушларини сотиш йўли билан ушбу шахслар гуруҳини мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг имконияти ва мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ҳам қарор қабул қилишга ҳақлидир.


9. Хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқаришга, агар бу бошқа тенг шароитларда:

бир-бири билан боғлиқ бўлган хомашё, чиқиндилар ва қўшимча маҳсулотларни қайта ишлашнинг изчил босқичлари мавжуд бўлган ёки улардан комплекс фойдаланилган тақдирда, ишлаб чиқаришнинг технологик даражаси пасайишига;

ишлаб чиқариш (сотиш) ҳажмларининг қисқаришига;

технологик жиҳатдан узлуксиз ишлаб чиқариш жараёни туфайли ишлаб чиқариш кўламларида жиддий иқтисодий йўқотишларга;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг талабларига мувофиқ банклар ва бошқа кредит ташкилотлари бўлинган ёки ажратилган тақдирда, лицензиялар олинишини таъминлаш мумкин бўлмаслигига олиб келганда йўл қўйилмайди.



3-БОБ. ХЎЖАЛИК ЮРИТУВЧИ СУБЪЕКТЛАРНИ

МАЖБУРИЙ  ТАРЗДА  БЎЛИШ  ЁКИ  АЖРАТИБ

ЧИҚАРИШНИНГ ИМКОНИЯТИ ВА МАҚСАДГА

МУВОФИҚЛИГИНИ ЎРГАНИШ


10. Устун мавқени суиистеъмол қилиш ҳолатига йўл қўяётган хўжалик юритувчи субъектга нисбатан рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишларини бартараф этиш юзасидан илгари қўлланилган чоралар самарасиз бўлган тақдирда, монополияга қарши орган қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ иш қўзғатади.


11. Хўжалик юритувчи субъект томонидан устун мавқени суиистеъмол қилиш ҳолати бўйича қўзғатилган иш доирасида монополияга қарши орган раҳбарининг буйруғи билан тузиладиган рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилишларини кўриб чиқиш бўйича махсус комиссия (кейинги ўринларда - Махсус комиссия) томонидан ўрганиш учун зарур муддатни белгилаган ҳолда, уни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш имконияти юзасидан таҳлил ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинади.


12. Таҳлилни ўтказиш давомида қуйидаги ахборот кўриб чиқилади:

а) хўжалик юритувчи субъектнинг қисқача тавсифи:

номи;

фаолиятининг асосий турлари рўйхати;

жойлашган жойи (почта манзили);

товар ёки молия бозоридаги хатти-ҳаракатларининг тавсифи;

б) хўжалик юритувчи субъектнинг ташкилий тузилмасининг схемаси:

хўжалик юритувчи субъектнинг ташкилий тузилмаси ва унинг таркибига кирувчи таркибий бўлинмалар ўртасидаги алоқа шакллари ва уларнинг ҳуқуқий мақоми;

гуруҳ ташкил этувчи шахсларнинг хўжалик юритувчи субъектлар акцияларига (улушларига) тескари эгалик қилиши ёки бошқа ҳуқуқларининг мавжудлиги;

хўжалик юритувчи субъектнинг, унинг таркибий тузилмалари ва филиалларининг жойлашиши ва ҳудудий тавсифи;

хўжалик юритувчи субъект балансидаги ижтимоий инфратузилма объектларининг рўйхати ва жойлашган жойи;

в) хўжалик юритувчи субъект ва унинг таркибий бўлинмалари фаолиятининг асосий кўрсаткичлари;

товарлар, ишлар ва хизматлар турлари бўйича ишлаб чиқариш, сотиш ва экспорт ҳажмлари;

монопол товарлар, ишлар ва хизматларнинг уларни ишлаб чиқариш (сотиш) умумий ҳажмидаги салмоғи;

хўжалик юритувчи субъект ва таркибий бўлинмаларнинг ходимлари сони;

асосий фондларнинг баланс қиймати;

зарурий фойда миқдорини аниқлаш бўйича рентабеллик даражаси;

г) ишлаб чиқариш жараёни, товарлар, ишлар ва хизматларнинг тавсифи:

таркибий бўлинмаларнинг технологик боғлиқлиги;

хомашё ва материалларнинг ташқи етказиб берувчилари;

хомашё, материаллар, бутловчи буюмлар, тайёр буюмларни ички етказиб бериш схемаси;

линиялар, участкалар ва ишлаб чиқаришларнинг технологик ихтисослашуви, стандартлаштириш хизматларини кўрсатишни ташкил этиш ва ишлаб чиқаришни техник тайёрлаш даражаси;

тегишли товар, ишлар ва хизматларни (узлуксиз ёки даврий) тайёрлашда қўлланадиган ишлаб чиқариш жараёнининг тавсифи;

ишлаб чиқаришни (йирик серияли, кичик серияли) ташкил этиш тури;

ҳудудлар, молиявий кўрсаткичлар, бошқарув, етказиб беришлар бўйича таркибий бўлинмаларнинг (филиалларнинг) қарор қабул қилиш бўйича мустақиллик даражаси, умумий хизматлар ва коммуникацияларнинг (транспорт, энергетика, таъмирлаш базаси, омбор хўжалиги, моддий-техник таъминот ва бошқаларнинг) мавжудлиги;

товар, ишлар ва хизматларнинг тавсифи (стандартлаштирилган, ялпи, бир хил ёки ноёб, ягоналиги) ва уларнинг рақобатбардошлилиги;

товарлар, ишлар ва хизматларнинг республика ҳудудидаги асосий истеъмолчилари;

д) бошқа кўрсаткичлар: таркибий бўлинмалар, меҳнат жамоаси, хўжалик юритувчи субъект ёки унинг ваколатли органи мол-мулки мулкдорининг хўжалик юритувчи субъектни бўлиш ёки ажратиб чиқариш натижасида мустақил фаолият юритишига билдирилган муносабати.


13. Банклар ва бошқа кредит ташкилотларини мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш масалаларини кўриб чиқишда ушбу Низомнинг 12-бандида назарда тутилган ахборотларга қўшимча равишда банклар ва бошқа кредит ташкилотларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган иқтисодий нормативлар, нормалар ва чеклашлар кўриб чиқилади.


14. Таҳлилни ўтказиш давомида кўриб чиқиладиган ахборотни ўрганишда хўжалик юритувчи субъектнинг ўрганишни ўтказишдан олдинги уч йил мобайнидаги ёхуд агар у уч йилдан камни ташкил қилса, фаолиятни амалга ошириш муддати мобайнидаги фаолият кўрсаткичларидан фойдаланилади.


15. Хўжалик юритувчи субъект ўз фаолиятини амалга оширадиган тегишли товар ёки молия бозоридаги рақобат муҳитини баҳолаш учун қуйидаги масалалар кўриб чиқилади:

бозордаги ўхшаш ва бир-бирининг ўрнини босадиган товарлар, ишлар ва хизматларни реализация қилиш бўйича асосий рақобатчилар;

бозор қатнашчиларининг бозордаги улушлари тақсимланиши;

бозор қатнашчиларининг географик жиҳатдан мансублиги.


16. Ўрганиш натижалари бўйича олинган маълумотлар асосида қуйидаги барча шароитлар мавжуд бўлганда, хўжалик юритувчи субъектни бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг имконияти ва мақсадга мувофиқлиги аниқланади:

бўлинаётган ёки ажратиб чиқарилаётган таркибий бўлинмаларнинг ташкилий ва ҳудудий алоҳида ажралиб чиқиш имкониятининг мавжудлиги;

унинг таркибий бўлинмалари ўртасида узвий технологик боғланиш мавжуд эмаслиги;

бўлиш ёки ажратиб чиқариш натижасида таркибий бўлинмаларнинг товар ёки молия бозорида мустақил фаолият кўрсатиш имкониятининг мавжудлиги.

Хўжалик юритувчи субъектларни бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг имкониятини аниқлашда қуйидагилар эътиборга олинади:

хўжалик юритувчи субъектни бўлиш натижасида пайдо бўладиган янги хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш ёки сақлаб қолиш (меҳнат унумдорлигини ошириш, маҳсулотларнинг материал ва фонд сиғимини камайтириш ва бошқалар);

товарлар, ишлар ва хизматлар етказиб беришнинг физик ҳажми ўзгариши натижасида товар ёки молия бозоридаги рақобат шароитларини яхшилаш;

товар бозорларидаги рақобатлашувчи хўжалик юритувчи субъектлар сонини кўпайтириш;

хўжалик юритувчи субъект таркибидан ажратиб чиқариладиган янги таркибий бирликларнинг экспорт имкониятларини ўзгартириш.

Умуман, бўлиш ёки ажратиб чиқариш имконияти ушбу товар ёки молия бозоридаги умумий рақобат шароитларининг назарда тутилаётган яхшиланиш даражаси, шунингдек, ажратиб чиқарилаётган хўжалик юритувчи субъектнинг тегишли товарлар, ишлар ва хизматларни мустақил равишда ишлаб чиқариш ва бозорга етказиб бериш имконияти билан аниқланади.


17. Зарурат бўлганда, хўжалик юритувчи субъектни бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг имконияти ва мақсадга мувофиқлигини аниқлаш учун монополияга қарши орган мустақил экспертларни жалб этиши мумкин.


18. Молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларни бўлиш ёки ажратиб чиқариш имконияти масалалари ушбу соҳадаги тегишли ваколатли давлат органлари билан биргаликда кўриб чиқилади.



4-БОБ. ХЎЖАЛИК ЮРИТУВЧИ СУБЪЕКТЛАРНИ

МАЖБУРИЙ ТАРЗДА БЎЛИШ ЁКИ АЖРАТИБ ЧИҚАРИШ

ТЎҒРИСИДА ҚАРОРЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


19. Хўжалик юритувчи субъектни бўлиш ёки ажратиб чиқариш имкониятини ва мақсадга мувофиқлигини ўрганиш натижаларига кўра мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш тўғрисида қарорлар қабул қилиш учун қуйидаги тадбирлар комплекси амалга оширилади:

хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг ижобий ва салбий оқибатларини қиёсий баҳолаш;

хўжалик юритувчи субъектни бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг уни бўлиш ёки ажратиб чиқариш шаклини белгиловчи лойиҳани ишлаб чиқиш. Бунда унинг негизида, бунинг учун зарур шароитлар мавжуд бўлган тақдирда, мустақил юридик шахслар сифатида ташкил этиладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг келгусида фаолият кўрсатиши ҳисобга олинади;

ташкил этиладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг ташкилий тузилмаси схемасини ишлаб чиқиш;

мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг иқтисодий самарадорлигини ҳисоблаш.

Мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг имконияти ва мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги қарорни тайёрлаш давомида мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш натижасида янги ташкил этиладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи таркибига киришига йўл қўйилмайди.


20. Ўрганишлар натижалари бўйича тайёрланган материаллар монополияга қарши органнинг тегишли таркибий бўлинмаси томонидан Махсус комиссияга киритилади.


21. Хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг имконияти ва зарурлиги тўғрисидаги қарор Махсус комиссия томонидан манфаатдор томонлар иштирокида хўжалик юритувчи субъектни бўлиш ёки ажратиб чиқариш лойиҳасини муҳокама қилган ҳолда қабул қилинади.


22. Махсус комиссиянинг қабул қилган қарори асосида монополияга қарши орган томонидан ўн кун муддатда иқтисодий судга хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш тўғрисида даъво аризаси киритилади.


23. Иқтисодий суд томонидан монополияга қарши органнинг даъво аризаси қаноатлантирилган тақдирда, хўжалик юритувчи субъектларни бўлиш ёки ажратиб чиқариш тартиби суднинг қарорида назарда тутилган талабларни ҳисобга олган ҳолда ва унда белгиланган муддатда мулкдор ёки у вакил қилган орган томонидан бажарилиши керак.


24. Иқтисодий суднинг хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш тўғрисидаги қарори суд белгилаган муддатларда бажарилмаган тақдирда, иқтисодий суд монополияга қарши орган даъвоси бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда хўжалик юритувчи субъектни бўлиш ёки ажратиб чиқаришни амалга ошириш учун хўжалик юритувчи субъект бошқарувчисини тайинлайди.


25. Суд қарори билан тайинланган хўжалик юритувчи субъектни бошқарувчи суд қарорида ва монополияга қарши орган қарорида назарда тутилган тадбирларни амалга оширади.


26. Бошқарувчи тайинлангандан кейин уч кун мобайнида хўжалик юритувчи субъектни бошқариш органлари унга рўйхат бўйича хўжалик юритувчи субъект фаолияти билан боғлиқ бўлган барча ҳужжатларни, шунингдек, корхонанинг муҳри, штампи ва бошқа мол-мулкини тақдим этиши шарт.

Хўжалик юритувчи субъект бошқарувчиси тайинланган вақтдан бошлаб суд қарори билан белгиланган муддатгача хўжалик юритувчи субъектнинг барча бошқарув органлари ваколатлари тўхтатиб қўйилади ва суд қарори билан тайинланган хўжалик юритувчи субъектларнинг бошқарувчисига ўтади.


27. Бошқарувчи:

хўжалик юритувчи субъектни бўлишни ёки ажратиб чиқаришни амалга оширади ҳамда хўжалик юритувчи субъектнинг кредиторлари, муассислари (қатнашчилари) ва бошқа манфаатдор шахсларнинг манфаатларига риоя этилишини таъминлайди;

хўжалик юритувчи субъект номидан ишончномасиз иш кўради, хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий, тўлов ҳисоб-китоб ва бошқа ҳужжатларини имзолайди;

хўжалик юритувчи субъектнинг барча мансабдор шахслари ва ходимларининг бажариши мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар ва бошқа ҳужжатларни имзолайди ва ижро этилишини таъминлайди;

хўжалик юритувчи субъектни бўлиш ёки ажратиб чиқариш билан боғлиқ бўлган бошқа масалаларни ҳал этади.


28. Хўжалик юритувчи субъектларни бўлиш ёки ажратиб чиқариш натижасидаги бўлиш балансининг суд томонидан тасдиқланиши янги пайдо бўлаётган хўжалик юритувчи субъектларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос ҳисобланади.


29. Бўлиш ва ажратиб чиқариш тартибларини амалга ошириш харажатлари бўлинаётган хўжалик юритувчи субъект томонидан қопланади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


30. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

          

             

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 2 май









































































Время: 0.1895
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск