ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Май, 2024 й. / Айрим тармоқларнинг фаолияти / Саноат /

Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.04.2024 й. 252-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 30 апрелдаги

252-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Энергетика

бозорини ривожлантириш ва тартибга

солиш агентлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлигининг (кейинги ўринларда - Агентлик) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини, фаолиятини ташкил этиш тартибини, шунингдек, Агентлик раҳбари ва унинг ўринбосари асосий функционал вазифалари ва жавобгарлигини белгилайди.


2. Агентлик энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи мустақил республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.


3. Агентлик бевосита Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади ва фаолияти юзасидан ҳисобот беради.


4. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.


5. Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурий ҳисобланади.


6. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобварақларига, шу жумладан хорижий валютадаги шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.


7. Агентликнинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги;

қисқартирилган номи - Энергетика бозори регулятори.

б) рус тилида:

тўлиқ номи - Агентство по развитию и регулированию энергетического рынка Республики Узбекистан;

қисқартирилган номи - Регулятор рынка энергетики.

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - Energy market development and regulatory agency of the Republic of Uzbekistan;

қисқартирилган номи - Energy market regulator.


8. Агентликнинг жойлашган жойи (почта манзили): Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Ойбек кўчаси, 26-уй.



2-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


9. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

электр энергиясининг рақобатга асосланган улгуржи ва чакана бозорларини (кейинги ўринларда - бозор) босқичма-босқич ташкил қилишни таъминлаш;

бозорда рақобатни қўллаб-қувватлаш, бозорнинг жозибадорлигини ҳамда талаб ва таклифнинг мутаносиблигини таъминлаш;

бозорнинг барча иштирокчилари учун тенг ҳуқуқ ва шаффофликни таъминловчи қонун-қоидаларга риоя этилиши устидан давлат назоратини ўрнатиш;

бозор иштирокчилари фаолиятини лицензиялаш, уларнинг лицензия шартларига амал қилишини назорат қилиш;

2026 йилдан бошлаб электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш учун ҳамда зарур бўлган бошқа ҳолларда тегишли тарифлар ва тўловлар миқдорларини тасдиқлаш;

магистрал ва тақсимлаш электр тармоқларда юзага келадиган технологик йўқотишларнинг рухсат этилган меъёрларини тасдиқлаш;

бозор конъюнктураси ва энергия ресурсларига бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқариш ҳажмларини оширишни режалаштириш ва инфратузилмани яратишга қаратилган узоқ муддатли инвестиция сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш;

энергетика соҳасидаги қурилиш ва таъмирлаш ишларида маҳаллий товар ва хизматлар харид қилинишини рағбатлантирувчи механизмларни ишлаб чиқиш.


10. Агентлик ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) бозорни босқичма-босқич ташкил қилишни таъминлаш соҳасида:

шаффоф ва рақобатли бозорни яратади;

электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишнинг мувозанатини таъминлашда иштирок этади;

бозор механизмларига ўтишнинг асосий босқичларини ва уларда кўзда тутилган муҳим шартлар ва қоидаларини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тегишли вазирлик ва идоралар билан келишади ҳамда белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади;

бозор муносабатларининг молиявий, иқтисодий ва ҳуқуқий сиёсатини юритади;

бозорни тартибга солишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини мунтазам равишда таҳлил қилади, заруратга кўра уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

бозор иштирокчиларининг вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди;


б) бозорда рақобатни қўллаб-қувватлаш, бозорнинг жозибадорлигини ҳамда талаб ва таклифнинг мутаносиблигини таъминлаш соҳасида:

бозорнинг шаффоф, камситмасдан ва рақобат муҳитида ишлашига қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, бозор концепцияси ва бошқа тегишли ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;

бозор қоидаларини ишлаб чиқади, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишади ҳамда белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади;

бозор қоидаларини замон талабларига жавоб бериши бўйича изланишлар ўтказиб, уни доимий равишда такомиллаштириб боради;

электр энергиясининг улгуржи ва чакана савдо операциялари учун мўлжалланган онлайн савдо платформасини (кейинги ўринда - платформа) яратишда иштирок этади (техник топшириқ ишлаб чиқади) ҳамда уни самарали ишлашини таъминлаш ва доимий ривожлантириб бориш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

платформанинг дастурий таъминотини тест ва реал режимда ишга туширишни мувофиқлаштиради ва мунтазам равишда назорат қилади;

платформани Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотлар базасига интеграция қилинишини мувофиқлаштиради ва мунтазам равишда маълумотлар алмашинувини назорат қилади;

ҳудудларда, шунингдек, тажриба-синов сифатида танланган ҳудудларда электр энергиясини улгуржи харид қилиш ва тақсимлаш тармоқларига уланган истеъмолчиларга сотиш ва (ёки) тақсимлаш тармоқларини эксплуатация қилиш функциясини хусусий секторга берилишини мувофиқлаштиради;

хусусий секторга қўйиладиган талабларни ишлаб чиқиш ва танланган ҳудудларда электр энергиясини сотиш ва (ёки) тақсимлаш тармоқларини эксплуатация қилиш бўйича инвесторларни аниқлаш жараёнини мувофиқлаштириш, шунингдек, улар билан тегишли шартномаларни расмийлаштириш жараёнини назорат қилади;


в) бозорнинг барча иштирокчилари учун тенг ҳуқуқ ва шаффофликни таъминловчи қонун-қоидаларга риоя этилиши устидан давлат назоратини ўрнатиш соҳасида:

бозор қоидаларини бузиш ҳолатларини аниқлайди, уларга чора кўриш ва бартараф этишнинг тегишли механизмларини, шу жумладан қоида ва кўрсатмаларини ишлаб чиқади;

бозор шаффофлигини ҳамда барча иштирокчилари учун тенг шароитлар яратилишини таъминлайди;

бозор фаолияти билан боғлиқ мониторингни мунтазам равишда олиб боради;

бозор иштирокчилари томонидан хизматлар кўрсатиш шартларини ишлаб чиқишда иштирок этади ҳамда бозор иштирокчилари ўртасидаги оммавий шартномаларнинг ушбу шартларга мувофиқлигини кўриб чиқади;


г) бозор иштирокчилари фаолиятини лицензиялаш, уларнинг лицензия шартларига амал қилишини назорат қилиш соҳасида:

бозор иштирокчилари фаолиятини лицензиялаш тартибини ишлаб чиқади ва тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган шартларга асосан лицензиялар беради, уларга тегишли ўзгартиришлар киритади ва бекор қилади;

бозор иштирокчилари томонидан лицензия мажбуриятларининг бажарилишини мониторинг қилади ва уларнинг лицензия талабларига мувофиқлигини мунтазам назорат қилади;

лицензия талаблари ва шартларига бозор иштирокчиларининг риоя этишини текширишни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган ёки уни хабардор қилган ҳолда жойига чиққан ҳолда ўтказади;

лицензиялар реестрини яратади ҳамда уларнинг ҳисобини юритиш, назорат қилиш юзасидан тегишли талабларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

лицензиянинг йиллик даврий йиғимлари ставкалари бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритади;

электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш фаолиятларини юритиш учун лицензия берилган бозор иштирокчилари тўғрисидаги маълумотлар базасини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги билан интеграция қилади ҳамда маълумотларни доимий янгилаб боради;

тартибга солинадиган фаолият турлари бўйича лицензия тўловини ҳисоблаш ва бозор иштирокчилари томонидан уларни тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига киритади;

лицензиатларни тартибга солинадиган фаолият турлари бўйича аудит қилиш қоидаларини ишлаб чиқади ва қабул қилади;

текширувлар натижалари асосида бозор иштирокчилари томонидан бозор талаблари ва шартларига доир қоидабузарликлар аниқланганда, уларнинг мулкдор шахсига ёки раҳбар шахсига нисбатан тегишли чора ва санкциялар қўллаш тўғрисида далолатномалар тузади;


д) 2026 йилдан бошлаб электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш учун ҳамда зарур бўлган бошқа ҳолларда тегишли тарифлар ва тўловлар миқдорларини тасдиқлаш соҳасида:

2026 йилга қадар Идоралараро тариф комиссияси томонидан тарифларни белгилашда бевосита иштирок этади ва келишади;

аҳоли учун электр энергияси тарифларини белгилашда ижтимоий ҳимоя механизмларини жорий этади;

тарифларни белгилашда энергетика соҳасида амалга ошириладиган инвестиция режаларини инобатга олади;

2026 йил 1 январдан бошлаб амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тариф ва тўловлар миқдорини белгилаш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади;


е) магистрал ва тақсимлаш электр тармоқларда юзага келадиган технологик йўқотишларнинг (кейинги ўринларда - технологик йўқотишлар) рухсат этилган меъёрларини тасдиқлаш соҳасида:

технологик йўқотишлар меъёрларини ҳисоблаш қоидаларини ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига киритади;

технологик йўқотишларни камайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

технологик йўқотишлар меъёрларини тасдиқланган қоидалар асосида белгилайди;

технологик йўқотишлар тўғрисидаги маълумотларни Республика энергетика балансини шакллантиришда фойдаланиш учун тегишли вазирлик ва идораларга мунтазам равишда тақдим этиб боради;


ж) бозор конъюнктураси ва энергия ресурсларига бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқариш ҳажмларини оширишни режалаштириш ва инфратузилмани яратишга қаратилган узоқ муддатли инвестиция сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш соҳасида:

таклиф этилаётган инвестиция лойиҳаларининг якуний истеъмолчилар тарифларига таъсирини баҳолайди;

ҳудудлардаги талабдан келиб чиққан ҳолда инвестицияларнинг тенг тақсимланиши бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

таклиф этилаётган инвестиция лойиҳаларининг бозорда рақобат ва нархлардаги ўзгаришлар тўғрисидаги хабарлар келиб тушиши тартибининг бузилишига йўл қўймаслик таъсирини баҳолайди;

хусусий электр станциялари қурилишида давлат кафолатисиз инвестициялар жалб қилинишини жадаллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;


з) энергетика соҳасидаги қурилиш ва таъмирлаш ишларида маҳаллий товар ва хизматлар харид қилинишини рағбатлантирувчи механизмларни ишлаб чиқиш соҳасида:

инвестицияларни баҳолаш, шу жумладан электр энергетикаси соҳасида қурилиш ва таъмирлаш ишлари учун маҳаллий товарлар ва хизматларни харид қилишни рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқади;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа вазифаларни бажаради.



3-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


11. Агентлик ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

1) Вазирлар Маҳкамасига ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда киритиш;

2) республика ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, зарур ҳолларда, бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатлар қабул қилиш;

3) бозор иштирокчилари фаолиятини жойларга чиққан ҳолда ўрганиш ва текширишлар ўтказиш;

4) республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқароларга бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома, кўрсатма ва ёзма равишда огоҳлантиришлар киритиш;

5) аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича айбдор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларга таклифлар киритиш;

6) республика ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар, шу жумладан бозор иштирокчилари фаолиятини мувофиқлаштириш;

7) зарур маълумотларни статистика ва солиқ органлари, давлат хизматлари маркази ва бошқа вазирлик ва идоралардан бепул тарзда сўраш ва олиш;

8) таклифларни кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига, республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик жамиятларига киритиш;

9) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича режаларни ва (ёки) дастурларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

10) хорижий энергетика ташкилотлари, фан ва таълим муассасалари билан ҳамкорлик олиб бориш;

11) норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишда илмий муассаса ва бошқа ташкилотлар олимлари ва мутахассислари, шунингдек, маҳаллий ва хорижий экспертларни консультант сифатида ёллаш ва (ёки) уларнинг хулоса ва тавсияларини олиш;

12) республика ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар, шунингдек, халқаро молия институтлари, илмий муассасалар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда фуқаролар иштирокида ишчи гуруҳ (комиссия) тузиш;

13) амалиётда қўллаш тажрибаси таҳлили, олинган тавсиялар ва халқаро тажриба асосида амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича ташаббус билан чиқиш;

14) зарур маълумотларни тўплаш, тартибга солиш амалиётини уйғунлаштириш, кўзда тутилган қарорларни асослаш ёки таклиф этилаётган ҳуқуқий ва меъёрий ечимларни баҳолаш учун зарур бўлганда жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш;

15) республика ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар, бозор иштирокчилари, мансабдор шахслар ва фуқароларга бозорда рақобат қоидаларини бузиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмаларни кўриб чиқиш учун юбориш;

16) тарифларни тасдиқлаш бўйича келиб тушган аризаларнинг асосланганлигини текшириш бўйича аудит ўтказилиши тўғрисида бозор иштирокчиларига хабарнома юбориш;

17) бозор фаолияти юзасидан текширувларни белгилаш ва ўтказиш ҳамда рақобатни қўллаб-қувватлаш, бозорнинг талаб даражасида ишлашини таъминлаш бўйича зарур ва мутаносиб чораларни кўриш;

18) бозор иштирокчиларининг фаолияти устидан шикоят келиб тушган тақдирда ёки режадаги ўрганишлар давомида бозор қоидаларига риоя этмаслик ҳолатлари аниқланганда, бозор иштирокчиларидан ўз хизматларига мутаносиблигини ва камситмасдан қўлланилишини таъминлаш учун улар томонидан қўлланиладиган шартлар, шу жумладан тарифлар ва нархларни ўзгартиришни талаб қилиш;

19) бозор иштирокчилари томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш;

20) қуйидаги ҳолатларда юзага келадиган низоларни ҳал қилинишида:

а) лицензиатнинг ўз фаолиятини бажариши юзасидан бошқа лицензиатга қарши давоси мавжудлигида;

б) учинчи томоннинг тарқатиш ва (ёки) узатиш тармоғига уланишида муаммо юзага келганда;

в) энергетика корхоналари ўртасидаги ёки энергетика корхоналари билан жисмоний ёки юридик шахслар ўртасидаги тариф ва тўловларнинг қўлланилишидаги қоидабузарликлар юзага келганда;

г) бозор иштирокчилари томонидан электр энергиясининг сифат кўрсаткичлари таъминланмаганда ёки магистрал ва тақсимлаш тармоқларидан фойдаланиш қоидалари бузилганда;

д) Агентликнинг қарорларини амалга ошириш талаблари бажарилиши билан боғлиқ бошқа ҳар қандай низолар, сўровлар ва шикоятлар юзага келганда иштирок этиш;

21) бозор иштирокчиларига ва бошқа шахсларга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тегишли чораларни қўллаш;

Агентлик қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


12. Агентлик:

1) тегишли соҳадаги фаолиятнинг асосий кўрсаткичлари бўйича параметрларга эришилишини самарали таъминлаш;

2) амалга оширилаётган ислоҳотларнинг, шунингдек, Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ва Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган, шунингдек, Агентлик томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифати, якуний натижалари ва амалга оширилишининг оқибатлари;

3) тегишли соҳани ривожлантириш ва ҳудудларнинг муаммоли масалаларини ҳал қилиш бўйича дастур, тадбирлар режаси, "йўл хариталари" ва бошқа ҳужжатларнинг самарали бажарилиши;

4) юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва белгиланган муддатларда уларга жавоб бериш;

5) мунтазам равишда ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

6) меҳнат ва ички тартиб-қоидаларига риоя этиш;

7) тегишли соҳада фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг муҳофаза қилинишини таъминлаш учун жавобгардир.



4-БОБ. АГЕНТЛИК РАҲБАРЛАРИНИНГ

АСОСИЙ ФУНКЦИОНАЛ ВАЗИФАЛАРИ


13. Қуйидагилар Агентлик директорининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

1) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиш;

2) Агентлик фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан Агентликка юкланган вазифа ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;

3) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири топшириқларини бажариш;

4) ўз ўринбосари ва Агентликнинг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилаш ва вазифаларни тақсимлаши;

5) Агентлик фаолияти режалаштирилишини ташкил этиш, Агентликнинг даврий иш режаларини тасдиқлаши, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

6) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси топшириқларига ва ўз ташаббусига кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини сифатли ишлаб чиқилишини, улар Ўзбекистон Республикасининг "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти ва Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти талабларига мувофиқ равишда ўз вақтида киритилишини ташкил этиш, уларнинг Вазирлар Маҳкамасида пухта ишланишида, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти ҳузурида ҳимоя қилинишида ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида қўриб чиқилишида иштирок этиш;

7) Агентлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича кўрсатмалар чиқариш, буйруқлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, зарур бўлганда бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда тегишли қарорлар қабул қилиш;

8) Агентлик раҳбарлари ва ходимлари хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлиш самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

9) Агентлик ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сон қарори билан тасдиқланган Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари асосида тасдиқланган Агентлик ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлашни назорат қилиш;

10) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ишларни Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомга мувофиқ самарали ташкил этиш, жамоатчилик билан бевосита ва очиқ мулоқот ўрнатиш, шахсий қабуллар ўтказиш, шу жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини жойларга бориб қабул қилишни ташкил этиш;

11) давлат органлари ва бошқа ташкилотларда, Ўзбекистон Республикаси судларида, шунингдек, давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакат вакиллари иштирокида ўтказиладиган расмий тадбирларда Агентлик номидан иштирок этиш;

12) Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни ва коррупцияга қарши курашишга доир бошқа қонунчилик ҳужжатларига риоя этиш, фаолиятда коррупциявий хавф-хатарларни ва манфаатлар тўқнашувини ўз вақтида аниқлаш ҳамда уларга чек қўйиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш ҳамда тизимда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишга доир ишларга раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш;

13) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилишни ташкил этиш, Агентлик раҳбарлари ва ходимлари уларнинг фаолиятида фаол иштирок этишини, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан келиб тушган мурожаатларини ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқилишини таъминлаш;

14) Агентлик Ҳайъат мажлисларида раислик қилиш;

15) Агентликка юкланган вазифаларни бажариш учун шартнома асосида жалб этиладиган малакали маҳаллий ва хорижий мутахассислар хизматига ҳақ тўлаш шартларини халқаро амалиёт ва бозор шароитларидан келиб чиққан ҳолда белгилаш ҳамда уларга Энергетика бозорини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағлари ҳисобидан иш ҳақи ва бошқа тўловларни белгилаш;

16) Агентлик ходимларни уларнинг кўп йиллик ва самарали фаолияти, алоҳида хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари билан тақдирлаш учун белгиланган тартибда таклифлар киритишни таъминлаш ва тавсиялар бериш;

17) Агентлик мулкини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тасарруф этиш;

18) Агентлик ваколатига кирадиган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини белгиланган тартибда имзолаш;

19) Агентликнинг ички ташкилий масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиш;

20) Агентлик номидан бозор иштирокчиларига ёзма сўровлар юбориш;

21) Агентлик ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, меҳнат шартномалари (буйруқлари)ни имзолаш;

22) Агентлик ходимларига вазифаларни юклаш;

23) Агентлик ходимларининг малакасини ошириш ва уларни хорижий давлатларга стажировка ва тажриба алмашиш учун юборишни ташкил этиш;

24) Агентлик ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, ўз ўринбосарини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини, шу жумладан, келгусида унинг эгаллаб турган лавозимида қолишининг мақсадга мувофиқлиги масалаларини кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритиш, унинг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича тизимли чораларни амалга ошириш;

25) Агентликнинг ташқи ва ички ташкилий фаолияти устидан доимий ва қатъий назорат ўрнатиш;

26) Агентликка киритилган таклифлар ва тақдим этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқилишини, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Регламенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентида белгиланган муддатларда келишилиши (виза қўйилиши)ни таъминлаш;

27) давлат сири тоифасига киритилган ва махфий ахборот билан ишлашда қонунчилик талабларига риоя қилиш;

28) ходимларнинг белгиланган чекланган сони доирасида Агентлик штатлар жадвалини, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилаётган Агентликнинг харажатлари сметасини тасдиқлаш;

29) ушбу Низомда ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.


14. Қуйидагилар директор ўринбосарининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

1) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиш;

2) Агентлик директори маълум сабабларга кўра (хизмат сафари, меҳнат таътили, бетоблиги даврида) йўқлигида унинг вазифаларини бажариш;

3) Агентликнинг ўзи назорат қиладиган таркибий тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат ва бевосита раҳбарлик қилиш, ходимлар ўртасида вазифаларни тақсимлаш;

4) Агентлик фаолиятининг ўзи мутасаддилик қиладиган йўналишларини янада такомиллаштириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан тасдиқланган комплекс дастур ва комплекс чора-тадбирлар ижросини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

5) мутасаддилигидаги таркибий тузилмалар бўлинма раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам тинглаб бориш ва белгиланган кўрсаткичларга етишиш учун уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш;

6) Агентликнинг ва Агентлик директорининг буйруқ ва топшириқлари ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш;

7) Агентликка киритилган таклифлар ва тақдим этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиш;

8) ўзи назорат қиладиган идоравий мансуб тузилмаларда кадрларни белгиланган тартибда танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича директорга таклифлар тақдим этиш, уларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, юксак даражадаги ишчанлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлишини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш чораларини кўриш, мутасаддилик қилинадиган таркибий тузилмаларда кадрлар захирасини шакллантириш чораларини кўриш;

9) Агентлик ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сон қарори билан тасдиқланган Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари асосида тасдиқланган Агентлик ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлайди;

10) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ишларни Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомга мувофиқ самарали ташкил этиш, жамоатчилик билан бевосита ва очиқ мулоқот ўрнатиш, шахсий қабуллар ўтказиш, шу жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини жойларга бориб қабул қилишни ташкил этиш;

11) бозорни ривожлантиришда ва тартибга солишда Агентлик фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалий чоралар кўриш, ушбу соҳада қонунчиликни такомиллаштиришга доир таклифларни ишлаб чиқиб, кўриб чиқиш учун Агентлик директорига киритиш;

12) бозор муносабатлари жорий этилишини назарда тутадиган халқаро стандартларга мувофиқ электр энергетикаси соҳасидаги норматив базанинг тизимли асосда қайта кўриб чиқилишини ташкил этиш;

13) энергетика соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш;

14) хорижий давлатлар, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан электр энергетикаси бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш масалалари бўйича ҳамкорлик қилиш;

15) давлат сири тоифасига киритилган ва махфий ахборот билан ишлашда қонунчилик талабларига риоя қилиш.



5-БОБ. АГЕНТЛИК РАҲБАРЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


15. Агентлик директори:

Агентликка юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши;

ушбу Низомнинг 12-бандида кўрсатилган Агентликнинг жавобгарлик соҳалари бўйича;

ушбу Низомнинг 13-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавобгардир.


16. Агентлик директори ўринбосари:

мутасаддилик қилинадиган йўналиш ва таркибий бўлинмаларда Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

ушбу Низомнинг 12-бандида кўрсатилган Агентликнинг жавобгарлик соҳаларида мутасаддилик қилинадиган масалалар бўйича;

ушбу Низомнинг 14-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавобгардир.



6-БОБ. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


1-§. Агентлик раҳбарияти


17. Агентлик директори ва унинг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


18. Агентлик директори мақоми, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартлари бўйича вазирга, Агентлик директори ўринбосари эса - вазир ўринбосарига тенглаштирилади.


19. Агентлик директори маълум сабабларга кўра (хизмат сафари, меҳнат таътили, бетоблиги даврида) йўқлигида унинг ўринбосари Агентлик директорининг вазифаларини бажаради.



2-§. Республика ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари

ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик


20. Агентлик ўз фаолиятини республика ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлардан мустақил равишда амалга оширади ҳамда улар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.


21. Ўзбекистон Республикасининг республика ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан тайёрланадиган қуйидаги ҳужжатлар Агентлик билан мажбурий тарзда келишилади:

электр энергетикаси соҳасида амалга оширилаётган барча лойиҳалар, жумладан, давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларнинг техник-иқтисодий кўрсаткичлари;

электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш баланси;

электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлашдаги технологик йўқотишлар меъёрлари;

бозор фаолиятига таъсир этувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари.


22. Агентлик директори Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясининг доимий аъзоси бўлиб, мазкур комиссия раиси ўринбосари ҳисобланади.



3-§. Агентлик ҳайъати


23. Агентликда директор (ҳайъат раиси), унинг ўринбосари (лавозим бўйича), шунингдек, Агентлик фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда Ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъат таркибининг сони ва шахсий таркиби белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


24. Ҳайъатга қуйидаги вазифалар юкланади:

Агентлик вазифаларининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини ишлаб чиқиш ва амалга оширилишини назорат қилиш;

Агентлик фаолияти билан боғлиқ долзарб масалаларнинг жойларда муҳокама этилишини таъминлаган ҳолда ҳайъатнинг кенгайтирилган мажлислари ўтказилишини ташкиллаштириш, шунингдек, юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли қарорларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

Агентликнинг таркибига кирувчи лавозимлар номенклатурасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва топшириқларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Агентлик раҳбарлари ва ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш ва шахсий жавобгарлигини ошириш.

Ҳайъат, шунингдек, Агентлик ваколатига киритилган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқишга ҳақли.


25. Агентлик директори қарори билан қуйидагилар:

Ҳайъат иш режалари ва белгиланган вазифаларни бажариш муддатлари;

таклифлар ташаббуси билан чиқиш, лойиҳаларни бошлаш ва ҳисобот бериш тартиблари;

Ҳайъатнинг фаолиятини самарали таъминлаш учун Агентликнинг масъул таркибий бўлинмаларининг вазифалари тасдиқланиши мумкин.


26. Ҳайъат йиғилишига Агентлик ваколатига тегишли масалалар юзасидан республика ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари ва эксперт мутахассислар таклиф этилиши мумкин.


27. Ҳайъат мажлиси аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади. Ҳайъат қарорлари, оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.


28. Директор ва Ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар юзага келган тақдирда директор, ушбу келишмовчиликлар хусусида Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Президент Администрациясига ахборот бериб, мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикрларини Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Президент Администрациясига билдиришлари мумкин.


29. Ҳайъат ўз фаолияти учун зарур бўлган ҳужжатлар, ҳисоботлар ва бошқа маълумотларни сўраб олишга ҳақли.


30. Ҳайъат қарорлари Ҳайъат раиси томонидан имзоланади ва Агентлик буйруғи (қарори) билан амалга оширилади.



7-БОБ. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИ

ВА НАТИЖАДОРЛИГИНИ БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ

ВА ИШ ИНДИКАТОРЛАРИ


31. Агентлик фаолиятининг самарадорлиги мунтазам баҳоланади.


32. Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигига берилган баҳо Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторларига асосланади.


33. Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:

Агентлик раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарликка тортиш;

Агентлик фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чоралари кўрилади.


34. Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва услуби қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.



8-БОБ. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ, УНИНГ ХОДИМЛАРИ

МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ ВА МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


35. Лицензия йиғимларининг йиллик даврий тушумлари Жамғарманинг махсус ҳисобварағига ўтказилади ва Агентлик томонидан фойдаланилади. Бунда, йил якуни билан ушбу ҳисобварақдаги ортиб қолган маблағлар Давлат бюджетига ўтказилади.


36. Агентлик бозор қоидаларини бузганлик учун қўлланиладиган жарималардан тушадиган маблағларнинг Агентликда қолдирилган қисмидан қонунчиликда белгиланган тартибда ўз фаолияти учун фойдаланишга ҳақли.


37. Агентликни моддий-техника таъминоти, ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш бўйича харажатларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, Жамғарма маблағлари ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.


38. Агентлик тузилмаси ва штатлар жадвали Агентлик директори томонидан тасдиқланади.


39. Агентлик ходимларига Энергетика вазирлигининг марказий аппарати ходимлари учун белгиланган меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади. Бунда:

Агентлик ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофот, қўшимча тўлов, устама ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа тўловлардан иборат бўлади;

хизмат вазифасини сидқидилдан ва самарали бажариб келаётган Агентликнинг ходимларига директор томонидан Жамғарма маблағлари ҳисобидан шахсий устамалар белгиланади;

Жамғарма маблағлари ҳисобидан Агентлик ходимларига эгаллаб турган лавозимлари бўйича лавозим маошларига қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан қатъий назар, устама ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар директор томонидан белгиланади;

Жамғарма маблағлари ёки қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан байрам саналари муносабати билан штат жадвалига кўра, ходимлар лавозим маошига нисбатан мукофот тўланади.


40. Агентлик ходимларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан иш стажи учун (фақат асосий иш жойи бўйича) Энергетика вазирлигининг марказий аппарати ходимларига татбиқ этиладиган муддат ва фоизларда мукофот тўланади.

Узоқ муддат ишлаган йиллари учун мукофот олиш ҳуқуқини берувчи иш стажи Агентлик томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ ҳисобланади.


41. Агентлик ходимларига олдинги ташкилотларда берилган кўп йиллик хизматлари учун қўшимча ҳақ ва устамалар ҳамда мартаба даражалари сақланади.



9-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


42. Агентликни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 6 май
























































Время: 0.3877
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск