ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Май, 2024 й. / Соғлиқни сақлаш /Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.05.2024 й. ПҚ-183-сон "Онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
21.05.2024 й.
N ПҚ-183
ОНКОЛОГИК, ГЕМАТОЛОГИК ВА
ИММУНОЛОГИК КАСАЛЛИКЛАРГА ЧАЛИНГАН
БОЛАЛАРГА ТИББИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШНИ
ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-
ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастурлари доирасида болаларга онкологик, гематологик ва иммунологик ёрдам кўрсатишни яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказини ташкил этиш, унинг кадрлар салоҳиятини ошириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда беморлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва уларни зарур дори-дармонлар билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, бу йўналишда тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, диагностика ва даволашнинг замонавий стандартлари, бошқарув усуллари ва молиялаштириш механизмларини кенг жорий этиш бўйича қўшимча чоралар кўриш талаб қилинмоқда.
Профилактика сифатини ошириш, болаларнинг онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларини эрта аниқлаш ва даволаш, уларни даволаш қамровини кенгайтириш ва самарадорлигини таъминлаш, республикада юқори технологияли тиббий хизматларни йўлга қўйиш, самарали дори воситалари билан таъминлаш, замонавий диагностика ва даволаш стандартларини амалиётга жорий этиш, давлат тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, ушбу соҳада илмий ва кадрлар салоҳиятини яхшилаш мақсадида:
1. "Ўзбекистон - 2030" стратегиясида онкологик касалликлар сабабли эрта ўлимни 2,5 баробарга қисқартириш вазифаси белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси соҳасини ривожлантиришнинг устувор вазифалари этиб белгилансин:
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг болалар саратонига қарши кураш бўйича Глобал ташаббусида иштирок этиш доирасида 2030 йилгача онкологик касалликларга чалинган болаларнинг омон қолиш даражасини 60 фоизга ошириш;
илғор хорижий тажрибага асосланган ҳолда онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган болаларни диагностика қилиш, даволаш ва реабилитация қилишнинг замонавий протоколлари ва стандартларини жорий этиш;
гемопоэтик ўзак ҳужайралари ва суяк кўмиги ҳужайраларини трансплантация қилишни ривожлантириш;
бемор болаларни зарур дори воситалари ва тиббий буюмлар билан узлуксиз таъминлаш;
соҳа учун замонавий диагностика, даволаш ва реабилитация қилиш бўйича билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, ушбу йўналишда илғор фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотлар олиб борилишини ташкиллаштириш.
3. Қуйидагилар:
Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази томонидан бемор болаларнинг омон қолиши борасида юқори кўрсаткичларга эришган етакчи хорижий тиббиёт клиникалари билан ҳамкорликда ушбу марказ фаолиятини замонавий тажрибалар асосида ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича келишувга эришилганлиги;
хорижий ҳамкор ташкилот томонидан Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида юқори самарали диагностика қилиш ва даволашнинг клиник стандартлари, протоколлари ва тавсияларини жорий этиш, унинг инфратузилмасини такомиллаштириш ва жиҳозлаш, самарали бошқарув тизимини йўлга қўйиш, кадрлар салоҳиятини ошириш жараёнларини ташкил этишга кўмаклашиш бўйича мажбуриятлар олинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
4. Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказига унинг кузатув кенгаши билан келишган ҳолда ушбу марказни ривожлантириш концепциясини (мастер-режа ва бошқа техник ҳужжатларни) ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун етакчи хорижий тиббиёт клиникаси ҳамда инжиниринг ва консалтинг компанияси билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилсин.
Концепцияни ишлаб чиқишда қуйидагилар назарда тутилсин:
халқаро стандартлар асосида республикада гематология ва онкология йўналишида мавжуд тиббиёт муассасалари имкониятларини ўрганиш ва мавжуд инфратузилмадан самарали фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
республикада гемопоэтик суяк кўмиги ўзак ҳужайраларини аутологик ва аллоген трансплантация қилишни йўлга қўйиш истиқболларини белгилаш;
Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолиятини халқаро стандартлар асосида йўлга қўйиш бўйича бизнес режа ишлаб чиқиш, шу жумладан, яқин хорижий давлатлардан беморларни даволашни йўлга қўйиш.
5. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги жалб қилинган етакчи хорижий тиббиёт клиникаси ҳамда инжиниринг ва консалтинг компанияси томонидан ишлаб чиқилган ривожлантириш концепциясига мувофиқ 2024-2026 йилларда:
Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 20 миллион АҚШ доллари;
Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайтармаслик шарти билан 20 миллион АҚШ доллари;
Давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасига ажратиладиган маблағлар доирасида 11 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги маблағларнинг ажратилишини таъминласин.
Бунда, ушбу бандга мувофиқ:
Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан ажратиладиган маблағлар трансплантация учун зарур шароитлар яратиш, шу жумладан, асептик блокни, лаборатория-диагностика блоки ва симуляция марказини, радиология блоки ва нур терапия бўлимини ташкил қилиш ва жиҳозлаш учун йўналтирилади;
ажратиладиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган барча шартномалар "Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУК томонидан экспертизадан ўтказилади.
6. Соғлиқни сақлаш вазирлиги етакчи хорижий консалтинг компанияларини жалб этган ҳолда олти ой муддатда онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган болаларни даволашга ихтисослаштирилган замонавий клиникани барпо этиш ва жиҳозлаш ишларини лойиҳалаш учун тендер эълон қилиш юзасидан таклиф киритсин.
7. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
а) Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказини Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази (кейинги ўринларда - Марказ) этиб қайта номлаш;
б) Марказ фаолиятини самарали ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича кузатув кенгаши (кейинги ўринларда - Кузатув кенгаши) фаолиятини йўлга қўйиш;
в) Марказ ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Онкологик ва гематологик касалликларга чалинган болаларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармасини (кейинги ўринларда - Жамғарма) ташкил этиш;
г) Марказда онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган болаларни диагностика қилиш, даволаш ва реабилитация қилишнинг янги моделини жорий этиш бўйича тажриба-синов лойиҳасини (кейинги ўринларда - тажриба-синов лойиҳаси) амалга ошириш.
8. Марказга тажриба-синов лойиҳаси доирасида, истисно тариқасида, уч йил муддатга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
а) Марказнинг тиббиёт амалиётига дунёнинг етакчи клиникаларида қўллаб келинаётган болалар онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларини диагностика қилиш ва даволашнинг клиник стандартлари, протоколлари ва тавсияларини, шунингдек, болаларга паллиатив ёрдам кўрсатиш бўйича клиник тавсияларни жорий қилиш;
б) Марказ объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлашда илғор хорижий санитария нормалари ва қоидаларини қўллаш;
в) Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ Марказда фойдаланиш учун:
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган хорижда тиббиёт амалиётида қўлланишга рухсат берилган, шу жумладан, мувофиқлик декларациясига эга бўлган энг янги онкологик, гематологик, иммунологик, оғриқ қолдирувчи дори воситалари, ҳамроҳ ва қўллаб-қувватловчи терапия препаратлари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани (кейинги ўринларда - фармацевтика маҳсулотларини) тан олиш тартибида давлат рўйхатидан ўтказиш;
фармацевтика маҳсулотларини айрим кўрсаткичлари бўйича сифат назорати ҳамда идентификация орқали ўрнатилган тартибда сертификатлаш шарти билан республикага олиб кириш;
г) лаборатория, радиология, нуклеар тиббиёт ва гемодиализ хизматларини кўрсатишга ижара ҳамда аутсорсинг асосида давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларини жалб қилиш.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Марказ билан биргаликда 2026 йил якунига қадар тажриба-синов натижалари юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
9. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2024 йил 1 июлдан бошлаб онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган 18 ёшдан 21 ёшгача бўлган (21 ёш ҳам киради) беморлар Марказда, Болалар миллий тиббиёт маркази, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг болалар гематологияси ва онкологияси бўлимларида, шунингдек, улар вояга етгунларига қадар ушбу касаллик бўйича тиббий ёрдам кўрсатган бошқа тиббиёт ташкилотларида бепул даволанишни давом эттиради.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда бир ой муддатда вояга етган онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган шахслар, улар вояга етгунларига қадар тиббий ёрдам кўрсатилган тиббиёт ташкилотларида 22 ёшга етгунларига қадар кузатувда бўлишлари ва даволанишлари мумкин бўлган касалликлар ва ҳолатлар рўйхатини тасдиқласин.
10. Марказ ўрин-жой фонди 2024 йил 1 июндан бошлаб Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг болалар онкологияси бўлимлари, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг давлат тиббиёт муассасалари ўрин-жойларини мақбуллаштириш ҳисобидан 250 тагача кенгайтирилсин.
11. Белгилансинки:
а) Марказ:
молиявий мустақилликка эга бўлган давлат клиник ва илмий-амалий тиббиёт маркази ҳисобланади;
республикада болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси хизматига бошчилик қилади ва Болалар миллий тиббиёт марказининг болалар гематологияси ва онкологияси бўлими, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг болалар гематологияси ва онкологияси бўлимлари ҳамда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларидаги болалар онкологи ва гематологи шифокорларининг фаолиятига услубий ёрдам кўрсатувчи бош муассаса ҳисобланади;
онкологик, гематологик, иммунологик ва орфан касалликларга чалинган болаларга (болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси қисмида) ихтисослаштирилган, шу жумладан, юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатади, уларни тиббий реабилитация қилади;
болалардаги онкологик, гематологик ва иммунологик касалликлар диагностикаси ва уларни даволаш соҳасида фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотларни амалга оширади;
б) Марказ директори Кузатув кенгашининг тақдимига биноан соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
в) 2025 йил 1 январдан бошлаб Марказ Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали республика бюджетидан харажатлар таснифининг бир сатрида тиббий хизматларнинг базавий нархлари асосида молиялаштирилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Марказда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволанадиган касалликлар рўйхатини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда Марказ томонидан ташхис қўйиш ва даволаш бўйича стандартларга мувофиқ кўрсатиладиган тиббий хизматларнинг базавий нархларини тасдиқласин;
г) Кузатув кенгаши Марказнинг юқори бошқарув органи ҳисобланади;
д) Кузатув кенгашига қуйидаги вазифалар юклатилади:
Марказнинг стратегик ривожланиш дастурларини тасдиқлаш ва уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш;
Марказнинг устави, тузилмаси, штат меъёрлари ҳамда даромадлар ва харажатлар прогнозларини кўрсатган ҳолда ҳар йиллик бизнес режасини тасдиқлаш;
Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар тақсимотини тасдиқлаш;
илмий ва таълим фаолиятини амалга ошириш ва тиббий хизматлар кўрсатиш бўйича фаолиятнинг устувор йўналишларини белгилаш;
Марказ маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни ташкил қилиш.
Кузатув кенгашига Марказни сақлаш учун ажратиладиган маблағлар доирасида штат бирликлари ва ўрин-жойлар сони, ходимларни моддий рағбатлантириш шартларини белгилаш ҳуқуқи берилсин.
12. Белгилаб қўйилсинки:
а) Жамғарманинг маблағлари:
2024 йилдан бошлаб ҳар йили Жамғармага унинг асосланган ҳисоб-китобларига асосан Давлат бюджетидан Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармасига ажратилган маблағлар ҳисобидан 100 миллиард сўмдан кам бўлмаган миқдордаги маблағлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий хайриялари;
давлат, хорижий ва халқаро ташкилотлар, чет давлатлар ажратадиган грантлар;
краудфандинг механизмлари орқали келиб тушган маблағлар;
вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади;
б) Жамғармага 2024 йилда ажратиладиган маблағлар биринчи навбатда Марказ инфратузилмасини йўлга қўйиш учун лозим бўлган моддий-техник базани молиялаштиришга йўналтирилади.
13. Қуйидагилар:
Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази фаолиятининг устувор йўналишлари 1-иловага мувофиқ;
Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт марказининг кузатув кенгаши таркиби 2-иловага мувофиқ;
Онкологик ва гематологик касалликларга чалинган болаларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси фаолиятининг устувор йўналишлари 3-иловага мувофиқ;
Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури 4-иловага мувофиқ;
Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси хизматининг ташкилий тузилмаси 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
14. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ушбу қарорни амалга ошириш, шу жумладан, Марказ ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг болалар гематологияси ва онкологияси бўлимларида дунёнинг етакчи клиникаларида қўллаб келинаётган диагностика ва даволашнинг клиник стандартлари, протоколлари ва тавсияларини жорий қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун:
2024 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилган маблағлар доирасида;
2025 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда зарур маблағлар ажратилишини назарда тутсин ҳамда Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига ўтказиб берилишини таъминласин.
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 6-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
16. Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари О.К. Абдурахманов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Президентининг
2024 йил 21 майдаги
ПҚ-183-сон қарорига
1-ИЛОВА
Болалар онкологияси, гематологияси ва
иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази
фаолиятининг устувор йўналишлари
а) онкологик, гематологик, иммунологик ва орфан (болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси қисмида) касалликларига (кейинги ўринларда - онкологик касалликлар) чалинган болаларга малакали ихтисослаштирилган, шу жумладан, юқори технологияли тиббий ёрдам кўрсатишни, шунингдек, уларни тиббий реабилитация қилишни ташкил этиш ва такомиллаштириш;
б) онкологик касалликларига чалинган болаларни диагностика қилиш, даволаш ва реабилитация қилишнинг, шу жумладан, илғор хорижий ва маҳаллий тажрибалар ҳамда етакчи хорижий ва маҳаллий тадқиқотлар натижаларига асосланган юқори технологияли ва кўп маблағ талаб қиладиган амалиётларнинг замонавий протоколлари ва стандартларини ишлаб чиқиш ҳамда Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт марказида, Болалар миллий тиббиёт марказининг болалар гематологияси ва онкологияси бўлимида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг болалар гематология ва онкологияси бўлимларида жорий этиш;
в) онкологик касалликларга чалинган болаларни даволаш ва тиббий реабилитация қилишнинг янги усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
г) онкологик касалликларга чалинган болаларни болалар онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларини даволаш протоколларига мувофиқ, зарур дори воситалари ва тиббий буюмлар билан бепул таъминлаш;
д) гемопоэтик ўзак ҳужайралари ва суяк кўмиги ҳужайраларини трансплантация қилишни ривожлантириш;
е) онкологик касалликларни диагностика қилиш ва даволашнинг энг яхши маҳаллий ва хорижий клиник амалиётларини ўрганиш ва умумлаштириш, уларни тажриба-синовдан ўтказиш ва тиббий амалиётга жорий этиш;
ж) Болалар миллий тиббиёт марказининг болалар гематологияси ва онкологияси бўлими, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг болалар гематологияси ва онкологияси бўлимлари ҳамда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларидаги болалар онкологи ва гематологи шифокорларининг фаолиятига услубий жиҳатдан кўмаклашиш;
з) болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси соҳасида илм-фан, техника ва инновацияларни ривожлантириш, ушбу йўналишда илғор фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотлар олиб борилишини ташкиллаштириш;
и) илғор хорижий ва маҳаллий тажриба асосида болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
к) болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси соҳасида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш.
Президентининг
2024 йил 21 майдаги
ПҚ-183-сон қарорига
2-ИЛОВА
Болалар онкологияси, гематологияси
ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт
марказининг кузатув кенгаши
ТАРКИБИ
1. О.Қ. Абдурахманов |
- |
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари, Кузатув кенгаши раиси |
2. А.А. Худаяров |
- |
соғлиқни сақлаш вазири в.б., Кузатув кенгаши раиси ўринбосари |
3. Б.Ж. Аълоев |
- |
ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари |
4. О.Р. Фазилкаримов |
- |
иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари |
5. Х.Х. Мелиев |
- |
адлия вазири ўринбосари |
6. Д.К. Адилов |
- |
қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари |
7. А.А. Абдуқаюмов |
- |
Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори |
8. Т.У. Арипова |
- |
Иммунология ва инсон геномикаси институти директори |
9. Лавозими бўйича |
- |
Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори, Кузатув кенгаши котиби |
Изоҳ. Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази кузатув кенгашига аъзоларининг кўпчилик овози билан мазкур таркибга ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади.
Президентининг
2024 йил 21 майдаги
ПҚ-183-сон қарорига
3-ИЛОВА
Онкологик ва гематологик касалликларга
чалинган болаларни соғломлаштиришга
кўмаклашиш жамғармаси фаолиятининг
устувор йўналишлари
а) онкологик ва гематологик, иммунологик ва орфан (болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси қисмида) касалликларга (кейинги ўринларда - онкологик касалликлар) чалинган болаларни ўз вақтида диагностика, даволаш ва реабилитация қилишни ташкил этиш учун республикада ва, зарур ҳолларда, хорижий давлатларда тиббий ёрдам, шу жумладан юқори технологияли ва кўп маблағ талаб қиладиган амалиётларни ўтказиш, ижтимоий ва молиявий ёрдам кўрсатишга кўмаклашиш, уларни болалар онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларини даволаш протоколларига мувофиқ, зарур дори воситалари ва тиббий буюмлар билан бепул таъминлаш;
б) онкологик касалликларга чалинган болаларнинг таълим олишига кўмаклашиш, шу жумладан махсус ўқув адабиётлари ва қуроллари билан таъминлаш;
в) Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт марказини дори воситалари, тиббий буюмлар, реактивлар ва реагентлар билан таъминлаш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш (таъмирлаш, жиҳозлаш ва бошқалар);
г) болалар онкологияси, гематологияси, клиник иммунология ва орфан касалликлари, уларнинг реабилитацияси соҳаси, лаборатория йўналишлари мутахассисларининг хориждаги етакчи илмий ва тиббий марказларда малакасини ошириш ва стажировка ўташига, интернатура, клиник ординатура, магистратура ва докторантурада (PhD ва DSc) ўқишига кўмаклашиш;
д) онкологик касалликларни даволаш билан шуғулланувчи тиббиёт муассасаларининг ташкилий, илмий, таълим ва даволаш фаолиятига етакчи хорижий тиббиёт ва илмий-тадқиқот муассасаларидан экспертларни жалб қилиш;
е) онкологик касалликларни диагностика қилиш ва даволаш соҳасида илғор илмий тадқиқотларни молиялаштириш;
ж) мутахассисларни ўқитишнинг инновацион усулларини жорий қилиш ҳамда ўқув семинарлари, конференциялар ва маҳорат дарсларини ўтказишга кўмаклашиш;
з) Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази фаолиятини молиявий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш ҳамда уларнинг ходимларини моддий рағбатлантириш;
и) онкологик касалликларга чалинган болаларга ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатишга қаратилган бошқа чора-тадбирларни молиялаштириш.
Президентининг
2024 йил 21 майдаги
ПҚ-183-сон қарорига
4-ИЛОВА
Болалар онкологияси, гематологияси
ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази
фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича
биринчи навбатдаги чора-тадбирлар
ДАСТУРИ
млн сўм |
млн АҚШ доллари |
|
Дастурни амалга оширишга сарфланадиган жами харажатлар: |
||
шундан: |
||
Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари |
ҳисоб-китоб асосида |
20 |
Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари |
- |
20 |
Давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасига ажратиладиган маблағлар |
- |
11 |
Хорижий молия институтлари маблағлари |
ҳисоб-китоб асосида |
|
Онкологик ва гематологик касалликларга чалинган болаларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари |
100 000 |
- |
Изоҳ. Марказ кузатув кенгашига мазкур дастурни амалга ошириш учун ажратиладиган маблағларни қайта тақсимлаш ҳуқуқи берилади.
Президентининг
2024 йил 21 майдаги
ПҚ-183-сон қарорига
5-ИЛОВА
Болалар онкологияси, гематологияси
ва иммунологияси хизматининг
ташкилий тузилмаси
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази
|
|
|||||||||||||||||||
|
|
||||||||||||||||||||
|
|
||||||||||||||||||||
|
|
||||||||||||||||||||
|
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг болалар гематологияси ва онкологияси бўлимлари
|
Болалар миллий тиббиёт марказининг болалар гематологияси ва онкологияси бўлими |
|
||||||||||||||||||
|
|
||||||||||||||||||||
|
|
||||||||||||||||||||
|
|
||||||||||||||||||||
|
|
||||||||||||||||||||
|
|
||||||||||||||||||||
|
|
||||||||||||||||||||
|
Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари (кўп тармоқли марказий поликлиникалар, оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар)
|
|
|||||||||||||||||||
|
|
||||||||||||||||||||
|
|
||||||||||||||||||||
|
|
||||||||||||||||||||
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
Изоҳ: Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази кузатув кенгашига ушбу ташкилий тузилмага ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади.
Президентининг
2024 йил 21 майдаги
ПҚ-183-сон қарорига
6-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг
айрим қарорларига киритилаётган
ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 сентябрдаги ПҚ-3953-сон қарори билан тасдиқланган Давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхати қуйидаги мазмундаги 48-банд билан тўлдирилсин:
"48. Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази (кейинги ўринларда - Марказ) томонидан етказиб берувчилардан Марказнинг кузатув кенгаши томонидан тасдиқланадиган экспертлик, илмий ва бошқа маслаҳат хизматларини, Марказнинг кузатув кенгаши томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича лаборатория ва диагностика ускуналари, товар-моддий бойликлар, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари, сарфлаш материалларини, шунингдек, Марказ фаолиятининг устувор йўналишларини амалга ошириш учун товарларни (ишлар, хизматларни) харид қилиш".
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги "Ўзбекистон - 2030" стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-300-сон қарорининг 3-банди иккинчи хатбошисидан "Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ҳамда" сўзлари чиқариб ташлансин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 276-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси давлат муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомнинг 2-иловаси I бўлими 1.10.-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"1.10. Онкология ва гематология муассасаларининг кимё-терапия бўлимлари, онкология ва гематология, суяк кўмиги ўзак ҳужайраларини трансплантация қилиш, суяк кўмиги ўзак ҳужайраларини трансфузиологик аферез қилиш бўлимлари ҳамда жарроҳлик бўлимлари.
Номларидан қатъи назар, врачлар, ўрта ва кичик тиббиёт ходими лавозимлари".
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2024 йил 23 май