ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Июль, 2024 й. / Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳуқуқни қўлловчи органлар /

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ва унинг тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларининг мулки, бино ва иншоотларини ижарага бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 27.06.2024 й. 358-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 27 июндаги

358-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги

Жазони ижро этиш департаменти ва унинг тизимидаги жазони

ижро этиш муассасаларининг мулки, бино ва иншоотларини

ижарага бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти (кейинги ўринларда - Жазони ижро этиш департаменти) ва унинг тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларининг алоҳида хусусиятидан келиб чиққан ҳолда уларнинг мулкини, бино ва иншоотларини юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектларига электрон танлов асосида ижарага бериш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


"E-auksion" электрон савдо платформаси (кейинги ўринларда - савдо платформаси) - электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш учун зарур ахборотни киритиш, сақлаш ва қайта ишлаш, шунингдек, танловда иштирок этиш истаги бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг бундай аукцион ва танловлар жараёнига кириш ҳамда уларда қатнашиш имконини таъминлайдиган ахборот тизими;


"online-ijara.uz" ахборот тизими - ижарага берувчининг балансда сақловчидан ёки ижарага олувчидан аризаларни қабул қилиш, балансда сақловчи ва ижарага олувчиларга ахборот юбориш, ижара шартномаларига келишувларни расмийлаштириш, ижара шартномаларини рўйхатга олиш имконини берадиган ахборот тизими;


балансда сақловчи - Жазони ижро этиш департаменти ва унинг тизимидаги жазони ижро этиш муассасалари;


ижарага берувчи - Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг (кейинги ўринларда - Марказ) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари;


ижарага олувчи - ушбу Низомда белгиланган тартиб ва шартларда объект (унинг бир қисми)ни ижара шартномаси асосида фойдаланишга олувчи юридик шахс (Ўзбекистон Республикаси резиденти);


объект - Жазони ижро этиш департаменти ва унинг тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларига тегишли давлат мулки;


оператор - савдо платформасида аукцион ва танловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш ваколати берилган "Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш" акциядорлик жамияти;


талабгор - балансда сақловчи томонидан белгиланган мақсадларда ва таклиф этилган шартларда фойдаланиш учун талабгорларни танлаш бўйича танловда иштирок этиш ниятини билдирган, танловга қадар камида бир йил давомида фаолият юритиб келаётган юридик шахс (Ўзбекистон Республикаси резиденти);


хабарнома - савдо платформасида объект бўйича танлов ўтказилиши ҳақидаги ахборот;


шахсий кабинет - балансда сақловчига, ижарага берувчига ҳамда ижарага олувчига объектнинг ижарага берилишини, ижара шартномаси расмийлаштирилишини ҳамда балансда сақловчи ва ижарага олувчининг ижарага берувчи билан ўзаро ахборот алмашиш имконини берувчи "online-ijara.uz" ахборот тизимининг махсус бўлими;


электрон танлов (кейинги ўринларда - танлов) - савдо платформаси орқали танлов объекти бўйича танлов ҳужжатларининг мезони ва шартларига мувофиқ талабгорлар томонидан тақдим этилган энг яхши таклифларни танлаш орқали ижарага олувчини аниқлаш шакли.


3. Объектлар қонун билан тақиқланмаган фаолиятни юритиш учун ижарага олувчиларга танлов асосида ижарага берилади.

Танловларни ташкил этиш ва ўтказишнинг мазкур Низом талабларига зид келмайдиган қисми Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 январдаги 18-сон қарори билан тасдиқланган "E-auksion" электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ белгиланади.

Объектларни ижарага бериш балансда сақловчининг ишлаб чиқариш ва/ёки молиявий кўрсаткичлари ёмонлашишига олиб келадиган бўлса, шунингдек, Жазони ижро этиш департаменти тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларининг алоҳида хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқариш корхоналарини ижарага бериш мумкин эмас.


4. Танлов қонунийлик, очиқлик, шаффофлик, холислик, иштирокчиларга тенг шароитлар яратиш тамойилларига мувофиқ ўтказилади.



2-БОБ. ОБЪЕКТНИ ИЖАРАГА БЕРИШ ШАРТЛАРИ


5. Объект ижарага бериш учун танловга чиқарилганда, ижара бериш муддати бир йил этиб белгиланади.

Бунда ушбу муддат балансда сақловчининг асослантирилган мурожаати асосида камайтирилиши мумкин.

Ижарага олувчи томонидан ижара шартномаси шартлари ўз вақтида ва тўлиқ бажарилганда, ижара муддати келгуси даврга узайтирилади.

Объектни бир ижара шартномаси доирасида ижарага беришнинг энг кўп муддати уч йилни ташкил этади.

Ушбу бандда назарда тутилган энг кўп муддатлар тугагач, объект умумий асосларда ижарага берилади.


6. Ижарага берувчи томонидан ижара шартномаси муддати тугашидан бир ой олдин ижара шартномаси шартлари ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмаган тақдирда, ижарага олувчига ижара шартномасининг муддати келгуси давр учун узайтирилмаслиги тўғрисида огоҳлантириш хати юборилади.


7. Агар ижара шартномасининг муддати тугаганидан кейин ҳам ижарага олувчи мулкдан фойдаланишни давом эттирса ва ижарага берувчи бунга эътироз билдирмаган бўлса, шартнома аввалги шартлар асосида қайтадан тузилган ҳисобланади.

Ижарага олувчи томонидан ижара шартномаси шартлари ўз вақтида ва тўлиқ бажарилганда, ижарага олувчи шартнома муддатини узайтирмаслик тўғрисида мурожаат қилмаган бўлса, ижара муддати навбатдаги муддатга узайтирилган ҳисобланади.


8. Ижарага олувчи ижара мулки ижаранинг бутун муддати давомида ундан мақсадли фойдаланилиши, унинг яхлитлиги ва бут сақланиши бўйича мажбуриятини ўз зиммасига олади.


9. Ижарага олувчи ижарага берилган объект (унинг бир қисми)ни ўзга шахсларга субижара (фойдаланиш)га бериши, гаровга қўйиши ёки бошқача тарзда (вақтинча) учинчи шахсга ўтказиши тақиқланади. Бу каби ҳолатлар аниқланганда, ижара шартномаси ижарага берувчи томонидан белгиланган тартибда бекор қилинади.


10. Ижарага олувчи ижара шартномаси шартларини лозим даражада бажармаган тақдирда, ижара шартномаси ижарага берувчи томонидан белгиланган тартибда бекор қилинади.


11. Ижара шартномасини бекор қилиш, ўзгартириш ва муддатини узайтириш томонларнинг келишувига асосан ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


12. Балансда сақловчи объектни ижарага бериш мақсадида ижарага берувчига қуйидагиларни кўрсатган ҳолда, "online-ijara.uz" ахборот тизими орқали ўзининг шахсий кабинетидан электрон ариза тақдим этади:

объектнинг номи, тавсифи, жойлашган ери (почта манзили);

объектнинг ижарага бериладиган майдони;

объектнинг коммуникациялар (сув, газ, электр энергияси, канализация тармоғи) билан таъминланганлиги тўғрисида маълумот;

балансда сақловчининг объектга бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ва объектнинг ижарага бериладиган майдонини кўрсатган ҳолда кадастр ҳужжати нусхаси;

объектнинг камида 4 та фотосурати;

объектдан фойдаланиш мақсади (амалга ошириладиган фаолият тури);

ижарага олувчига қўйиладиган талаблар (мажбуриятлар);

балансда сақловчининг асосланган сўровига кўра бошқа маълумотлар.


13. Ижарага берувчи таклифни уч иш кунида кўриб чиқиб, объектни ижарага бериш юзасидан операторга электрон буюртма юборади.


14. Балансда сақловчининг аризасида ушбу Низомнинг 12-бандидаги маълумотлар тўлиқ кўрсатилмаган бўлса, ижарага берувчи аризани икки кун муддатда маълумотларни тўлиқ кўрсатган ҳолда тақдим этиш учун балансда сақловчига қайтаради.

Балансда сақловчи томонидан камчиликлар бартараф этилгандан кейин берилган ариза ижарага берувчи томонидан умумий тартибда кўриб чиқилади.


15. Объектни танловга чиқаришда ижара ҳақининг бошланғич нархи балансда сақловчи томонидан аризада кўрсатилган фаолият тури ва ижарага бериладиган майдондан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган объект (бино ва иншоотлар)дан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам миқдорида белгиланади.


16. Объект (бино ва иншоотлар)дан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам миқдори қуйидагича ҳисоблаб чиқилади:

       

Тс = Эс*Кз*(Кқҳ+Ко)

      

Бунда:

     

Тс - объектдан фойдаланганлик учун бир йилга бир кв.метр учун ижара тўловининг энг кам миқдори;

     

Эс - давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун бир йилга бир кв.метр учун ижара тўловининг энг кам ставкаси;

     

Кз - ҳудудий зоналар коэффициенти;

     

Кқ - қурилиш тури бўйича коэффициент;

      

Кҳ - туташиб кетган ҳудуддан фойдаланиш коэффициенти;

      

Ко - тижорат мақсадларида фойдаланишда қулайлик коэффициенти (асосий автотранспорт йўллари бўйлаб жойлашиш, иккинчи даражали автотранспорт йўлларига чиқишда жойлашиш ва бошқалар).

     

Қурилиш тури бўйича коэффициент (Кқ), туташиб кетган ҳудуддан фойдаланиш коэффициенти (Кҳ) ва тижорат мақсадларида фойдаланишда қулайлик коэффициенти (Ко)нинг йиғиндиси 1 бирликдан кам бўлган тақдирда, яхлитланган ҳолда 1 бирликка тенг ҳисобланади.


17. Давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли коэффициентлар белгиланган ҳолда ҳар йили тасдиқланади.

Объектларни ижарага беришдан тушган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 14 январдаги ПФ-5630-сон Фармонида белгиланган тартибда тақсимланади.


18. Хабарнома танлов бошланишидан камида ўттиз кун аввал савдо платформасида эълон қилинади.

Хабарномада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

танлов шакли, ўтказиладиган санаси, танлов натижаларини эълон қилиш вақти;

лот рақами, ижарага берилаётган объектнинг номи, тавсифи, балансда сақловчининг номи;

танловда қатнашиш учун ариза қабул қилишни якунлаш санаси ва вақти;

ижара муддати;

таклифларни ва уларга илова қилинаётган ҳужжатларни тақдим қилиш тартиби;

ижара суммаси ва закалат пулининг миқдори;

танлов объектини олдиндан кўриш (кўздан кечириш) тартиби;

объектнинг жойлашган ери, фотосурати ва геолокацияси (мавжуд бўлса);

буюртмачининг жойлашган ери (почта манзили), боғланиш учун телефон рақами, электрон почта манзили;

Жазони ижро этиш департаменти тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларининг алоҳида хусусиятини ҳисобга олган ҳолда, ижарага берилаётган объектдан фойдаланиш тартиби ва шартлари, балансда сақловчи томонидан ижарага олувчига қўйилган мажбуриятлар.


19. Талабгорга қуйидаги ҳолларда танловда иштирок этиши автоматик тарзда рад этилади:

закалат пули белгиланган миқдорда тўланмаганда;

талабгор жисмоний шахс бўлганда;

талабгорнинг раҳбари ва таъсисчи(лар) жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига қарши жиноят содир этганлиги учун судланган шахс эканлиги аниқланганда;

талабгор тугатиш жараёнида эканлиги ёки банкрот деб топилганлиги аниқланганда;

солиқ ёки мажбурий ижро органларидан қарздорлиги аниқланганда.

Талабгорларнинг интеграциялашган ахборот тизимлари орқали олинадиган маълумотлари ўз вақтида келмаслиги (умуман келмаслиги) ёки мавжуд эмаслиги оқибатида юзага келадиган низоларга оператор жавобгар бўлмайди.


20. Объектни ижарага олишда таклиф этилаётган нарх талабгор томонидан ихтиёрий равишда белгиланади.

Бунда талабгор томонидан таклиф этилаётган нарх белгиланган бошланғич нархдан кам бўлмаслиги ҳамда нарх таклифининг 25 фоизи миқдорида закалат пули тўланган бўлиши лозим.


21. Объект танловда энг юқори нарх таклифини билдирган талабгорга ижарага берилади.



3-БОБ. ТАНЛОВ НАТИЖАЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ

ВА ИЖАРА ШАРТНОМАСИНИ ТУЗИШ


22. Танлов якунлангандан сўнг бир иш куни ичида оператор томонидан танлов натижалари тўғрисида электрон баённома расмийлаштирилади.


23. Ижарага берувчи билан ижарага олувчи ўртасида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилган танлов натижаси бўйича расмийлаштирилган баённома асосида тузилган ижара шартномаси электрон шаклда савдо платформасида икки томонлама расмийлаштирилади. Бунда:

ижара шартномасида ижарага олувчининг танлов савдоларида иштирок этиш учун киритган маълумотлари (юридик шахс номи, жойлашган ери (почта манзили), СТИР, ҳисобварақлари, электрон почта манзили ва телефон рақамлари) автоматик тарзда кўрсатилади;

танлов савдоларида қатнашиш учун киритилган маълумотларнинг аниқ ва ҳаққонийлиги учун жавобгарлик ижарага олувчи зиммасига юкланади.


24. Ижара шартномаси танлов натижаси бўйича баённома расмийлаштирилгандан кейин ўн иш кунидан кечиктирмай, ижарага берувчи ва ижарага олувчи томонидан имзоланиши ҳамда белгиланган тартибда "online-ijara.uz" ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилиши шарт.

Ижара шартномаси ижарага берувчи томонидан "online-ijara.uz" ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб тузилган ҳисобланади.

Белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган ижара шартномаси ҳақиқий эмас ҳисобланади ва ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайди.


25. Ижара шартномасида қуйидагилар кўрсатилади:

ижарага берилаётган объектнинг номи, жойлашган ери, тури, таркиби;

ижара муддати;

ижара тўлови миқдори, уни тўлаш тартиби ва муддатлари;

ижара тўлови миқдорини қайта кўриб чиқиш асослари ва тартиби;

ижарага берилаётган объектнинг ҳолати ва уни ижарага олувчига топшириш муддати;

коммунал хизматлар, электр энергияси, сув, газ истеъмоли ва иссиқлик таъминотидан фойдаланганлик учун тўловларни амалга ошириш шартлари;

шартнома муддати тугаган ёки муддатидан аввал бекор қилинганда, ижарага олувчи ижарага олинган объектни балансда сақловчига соз, бут ва фойдаланишга яроқли ҳолатда тезкор қайтариш шартлари;

ижарага берилаётган объектни тиклаш ва таъмирлаш тартиби ҳамда шартлари;

ижара шартномаси шартлари, шу жумладан, ижара тўловларини тўлаш муддатларининг бузилиш оқибатлари;

томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва бошқа жавобгарликлари;

объектнинг ҳар қандай яхшиланиши балансда сақловчининг ёзма розилиги билан амалга оширилиши;

ижарага олувчига юкланган мажбуриятларни назорат қилиш тартиби;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа шартлар.


26. Балансда сақловчи томонидан ижара шартномасининг амал қилиш муддати даврида ижарага олувчига ижара объектидан фойдаланишига ва унда фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилиш тақиқланади (форс-мажор ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно).


27. Кўчмас мулк бир йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага берилганда, ижара шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт.


28. Автомототранспорт воситалари савдо платформаси воситасида танлов орқали ижарага берилганда, ижара шартномаларини нотариал тартибда тасдиқлаш талаб этилмайди.



4-БОБ. БАЛАНСДА САҚЛОВЧИНИНГ ИЖАРА

МУНОСАБАТЛАРИДАГИ ИШТИРОКИ ҲАМДА

УНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


29. Ижарага берувчи ижара шартномасида (ижара шартномаси тарафи бўлмаса-да) балансда сақловчининг қонуний манфаатларига зарар етмаслиги учун ўзи орқали амалга оширадиган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилайди. Бунда ижарага берувчи ўзининг шартномавий ҳуқуқларидан балансда сақловчи фойдасига воз кечмайди ва мажбуриятларини бажаришни зиммасидан соқит қилмайди.


30. Балансда сақловчи ижарага берилган мулкка нисбатан ижарага берувчининг хабардорлигида ўзига берилган шартномавий ҳуқуқларини амалга оширади ҳамда мажбуриятларни бажаради.


31. Томонлар шартномада белгиланган мажбуриятларини бажарилмагани оқибатида шартноманинг бошқа томонларига етказган зарарни ихтиёрийлик асосида қоплайди. Ўзаро келишувга эришилмаганда, зарар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда суд орқали қопланади.


32. Балансда сақловчи ижарага берилган объектни ижарага олувчига ижарага берувчи иштирокида шартнома имзолангандан сўнг кўпи билан беш иш куни ичида расмийлаштириб топширишни ва ҳеч қандай тарзда тўсқинликсиз ундан фойдаланишини таъминлайди.


33. Объект ижарага олувчига муддатида топширилмаганлиги оқибатида ижарага олувчига етказилган зарар балансда сақловчи ҳисобидан қопланади.



5-БОБ. ИЖАРА ТЎЛОВЛАРИНИНГ

ҲИСОБ-КИТОБ ТАРТИБИ


34. Ижара тўлови бўйича ҳисоб-китоблар қуйидагиларни ўз ичига олади:

ижара тўлови;

ижара тўлови муддати бузилганлиги учун ҳисобланган пеня ва жарима.


35. Ижара тўлови ижарага олувчи томонидан ижара тўловининг охирги белгиланган миқдори ва ижаранинг қолган муддатидан келиб чиққан ҳолда, ҳисобланган ойлар бўйича тенг миқдордаги тўловлар билан ҳисобланади.

Ижара тўлови ижара шартномасида кўрсатилган муддатларда навбатдаги ой учун 100 фоиз олдиндан тўлаш шаклида амалга оширилади.

Ижара шартномаси бўйича биринчи тўлов шартнома ижарага берувчида белгиланган тартибда рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн иш куни ичида кейинги тўлов ҳар ойнинг 10-санасидан кечиктирмасдан тўланади.


36. Ижарага олувчи ижара тўловини муддатида ва белгиланган миқдорда тўламаганлиги учун ижарага берувчига ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун кечиктирилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи миқдорида, аммо кечиктирилган тўлов суммасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда пеня тўлайди.


37. Ижарага олувчининг ижарага берилган объектни балансда сақловчининг (юқори турувчи ташкилоти ва ижарага берувчи хабардорлигида берган) ёзма розилиги асосида амалга оширган тиклаш ёки мукаммал таъмирлаш сарф-харажатлари Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси хулоса тақдим этган тақдирда, ижара тўлови маблағларидан балансда сақловчига тақсимланган маблағлар ҳисобидан камайтириш орқали қопланади.


38. Ижарага олувчининг ижарага берилган объектни тиклаш ёки мукаммал таъмирлаш учун сарф-харажатлари ижара муддати давомида тўлиқ қопланмаган тақдирда (ижара шартномасининг муддатидан олдин бекор қилинган ҳоллар бундан мустасно), сарф-харажатларнинг қопланмаган қисми балансда сақловчи томонидан бошқа маблағлари ҳисобидан қопланади.


39. Объектни (унинг қисмини) белгиланган тартибда ижара шартномаси тузмасдан ёки ижара шартномасига киритмасдан ижарага бериш, шартномада ижарага берилган мулкнинг параметрлари ва сонини камайтириб кўрсатиш аниқланганда, ижарага берувчи қонун бузилиши ҳолати аниқланган санадан бошлаб, уч иш куни мобайнида белгиланган тартибда объектдан фойдаланганлик даври учун ижара тўловининг икки баравари миқдорида ҳисобланган суммани тўлаш талаби билан тасдиқловчи ҳужжатларни балансда сақловчига тақдим этади. Ҳисобланган сумманинг ўн иш куни ичида ихтиёрий тўланмаганлиги суд тартибида ундирилишига асос бўлади.

Бунда объектдан фойдаланганлик даври қуйидагича белгиланади:

объект белгиланган тартибда ижара шартномаси тузмасдан фойдаланишга берилганда, жорий йил 1 январь санасидан ҳолат аниқланган санага қадар;

ижарага берувчи иштирокида аввал тузилган ижара шартномаси муддати тугаганидан сўнг объект белгиланган тартибда ижара шартномаси тузилмасдан фойдаланишга берилганда, аввалги ижара шартномаси муддати тугаган санадан ҳолат аниқланган санага қадар;

объект ижара шартномасига тўлиқ киритилмасдан ижарага берилганда, шунингдек, ижара шартномасида ижарага берилган мулкнинг параметрлари ва сони камайтириб кўрсатилганда, ижара шартномаси тузилган санадан ҳолат аниқланган санага қадар.

Бунда ҳисобланган давр учун тўлов ўша йилга белгиланган ижара тўловининг энг кам миқдорига мутаносиб ҳисобланади.


40. Амал қилиш муддати навбатдаги йилга ўтадиган объектни ижарага бериш шартномаси бўйича бўлажак йил даври учун ижара тўловининг миқдори қўшимча шартнома (келишув) билан келгуси йилга тасдиқланган ижара тўловининг энг кам миқдорларига мутаносиб тарзда ўзгартирилиб, қуйидаги тартибда ҳисобланади:

         

Иҳ2 = Тн*(Тс2/Тс1)

     

Бунда:

     

Иҳ2 - келгуси йил учун ижара тўлови миқдори;

     

Тс2 - келгуси йилга объектдан фойдаланганлик учун бир йилга бир кв.метр учун ижара тўловининг энг кам миқдори;

     

Тс1 - танлов ўтказилган йилда объектдан фойдаланганлик учун бир йилга бир кв.метр учун ижара тўловининг энг кам миқдори;

       

Тн - танлов натижалари бўйича белгиланган йиллик ижара тўлови.


41. Балансда сақловчининг бошқа турдаги мулклари (асосий воситалар, кўчар мулклар, автотранспорт воситалари ва бошқалар) бўйича келгуси йил учун ижара тўлови миқдори қуйидаги тартибда ҳисоблаб чиқилади:

    

Иҳ2 = Тн*(Тқ2/Тқ1)

     

Бунда:

    

Иҳ2 - келгуси йил учун ижара тўлови миқдори;

      

Тн - танлов натижалари бўйича белгиланган йиллик ижара тўлови;

     

Тқ2 - келгуси йилга объектдан фойдаланганлик учун бир йиллик ижара тўловининг энг кам миқдори;

        

Тқ1 - танлов ўтказилган йилда объектдан фойдаланганлик учун бир йиллик ижара тўловининг энг кам миқдори.


42. Келгуси йил учун ҳисобланган ижара тўлови миқдори танлов натижаси бўйича белгиланган ижара тўлови миқдоридан кам бўлган тақдирда, келгуси йил учун ижара тўлови миқдори танлов савдоси натижаси бўйича белгиланган ижара тўлови миқдорида белгиланади.

Жорий йил учун ижара тўлови миқдори ушбу йилга белгиланган объектдан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас.



6-БОБ. ОБЪЕКТНИ ИЖАРАГА БЕРИШ

ВА ҚАЙТАРИБ ОЛИШ


43. Ижара шартномасига мувофиқ балансда сақловчи ижарага берувчи орқали объектни (барча буюмлар ва тааллуқли бўлган техник ҳужжатлари билан бирга) шартнома шартларига мувофиқ ижарага олувчига белгиланган муддат ва тартибда топшириши, ижарага олувчи эса ижара муддати тугаган ёки ижара шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган ёхуд суд қарори билан ҳақиқий эмас деб топилганда, балансда сақловчига беш кун ичида шартнома тузилган санадаги ҳолатда қайтариб топшириши шарт.


44. Ижарага берувчи объектни белгиланган муддатда қайтариб топширмагани оқибатида кўрилган моддий зарарни ижарага олувчидан суд тартибида ундиришга ҳақли.


45. Объектни топшириш-қабул қилиш ва қайтариш-қабул қилиш ижарага берувчи, ижарага олувчи ва балансда сақловчиларнинг ваколатли вакиллари иштирокида "online-ijara.uz" ахборот тизими орқали уч томонлама тузилган далолатнома асосида амалга оширилади.

Далолатномада қуйидагилар кўрсатилади:

далолатнома тузилган жой ва сана;

ижара шартномасининг реквизитлари (тузилган санаси, тартиб рақами);

ижара мулкининг техник ҳолати.

Топшириш-қабул қилиш ва қайтариш-қабул қилиш далолатномалари томонларнинг ваколатли вакиллари томонидан имзоланади (шу жумладан, электрон рақамли имзо орқали).


46. Ижарага олинган объектда камчиликлар аниқланган тақдирда (қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари), мулкни қабул қилиб олувчи томонлар бошқа томон объектни шартномада белгиланган муддатларда ижара шартномаси шартларига мувофиқ ҳолатга келтиргунгача ёки етказилган зарарни қоплагунгача уни қабул қилиб олишни ва объектни топшириш-қабул қилиш далолатномасини имзолашни рад этишга ҳақлидир.

Бунда объект топширилгунга қадар топширишни кечиктирган тараф шартнома шартларида ижара тўловини тўлайди.



7-БОБ. ИЖАРАГА БЕРИЛАЁТГАН МУЛКЛАРНИ

ҲИСОБГА ОЛИШ, ҲИСОБОТИНИ ЮРИТИШ

ВА УНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


47. Ижарага берилаётган мулкларни ҳисобга олиш ва маълумотлар базасини юритиш ижарага берувчи томонидан "online-ijara.uz" ахборот тизими орқали амалга оширилади.


48. Ижарага берувчи ижара шартномаси амал қиладиган муддат мобайнида ижарага олувчи томонидан ижара тўлови ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини назорат қилиб боради.

Ушбу мақсадда ижарага берувчи қуйидагиларга ҳақли:

ижарага олувчидан ижара шартномасида назарда тутилган ахборотларни сўраш ва олиш;

зарурат бўлганда, мулкнинг физик ҳолатини ижарага олувчининг хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда кўздан кечириш;

ижарага олинган мулкдан фойдаланиш шартларини, ижарага олувчи томонидан учинчи шахслар ҳуқуқларига риоя қилинишини ўрганиш (сервитут, гаров ва шу кабилар);

ижарага олувчининг ижарага олинган объектни яхшилаш тўғрисидаги мурожаатини кўриб чиқиш;

қонунчилик ҳужжатларида ва ижара шартномасида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқларидан ҳам фойдаланиш.


49. Балансда сақловчи ижара шартномаси амал қиладиган муддат мобайнида ижарага олувчи томонидан қуйидаги мажбуриятлар бажарилишини назорат қилиб боради:

объектдан баённомада белгиланган фаолият бўйича фойдаланишини;

ижарага олувчининг ходимлари Жазони ижро этиш департаменти тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларига риоя этишини;

умумий овқатланиш ва савдо жойларида қонунда белгиланган товарлар нархининг белгиланган нархдан юқори эмаслигини;

ижарага олувчи объектни соз ва бут ҳолатда сақлаши, балансда сақловчининг рухсатисиз объектнинг ташқи кўринишига ўзгартириш киритмаслигини;

санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига риоя этилишини;

қонунчиликда ва ижара шартномасида белгиланган бошқа мажбуриятлар бажарилишини.

Ушбу мақсадда балансда сақловчи қуйидагиларга ҳақли:

ижарага олувчидан ижара шартномасида назарда тутилган бандлар юзасидан ахборотларни сўраш ва олиш;

Жазони ижро этиш департаменти тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидалари бузилиши ҳолатлари бўйича ижарага олувчининг ходимларидан тушунтириш олиш;

қонунчилик ҳужжатларида ва ижара шартномасида белгиланган бошқа ҳуқуқларидан ҳам фойдаланиш.


50. Ижарага берувчи томонидан ижарага олувчини огоҳлантирган ҳолда, балансда сақловчининг мурожаатига кўра ва/ёки ўз ташаббусига асосан қуйидаги ҳолларда ижара шартномаси бекор қилиниши мумкин:

ижарага олувчи томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилмаганда;

объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари балансда сақловчи билан келишилмаган ҳолда бажарилганда;

умумий овқатланиш жойлари ва савдо дўконларидаги нархлар асоссиз равишда ошириб юборилганда;

ижара олувчининг ходимлари томонидан Жазони ижро этиш департаменти тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидалари бузилганда ёки махсус контингент билан ноқонуний муносабатга киришилганлиги аниқланганда;

ижарага олувчининг хатти-ҳаракати объектнинг яроқсиз ҳолга ёки унинг бузилишига олиб келган ҳолатлар аниқланганда;

қонунчиликда ва ижара шартномасида белгиланган бошқа ҳолатларда.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


51. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

       

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 29 июнь
















































































Время: 0.0996
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск