ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Август, 2024 й. / Бухгалтерия ҳисоби ва аудит /

16-сонли БҲМС "Бухгалтерия балансини тузиш санасидан кейин хўжалик фаолиятида юз берадиган ҳодисалар ва назарда тутилмаган ҳолатлар" (АВ томонидан 31.07.2024 й. 3539-сон билан рўйхатга олинган иқтисодиёт ва молия вазирининг 14.06.2024 й. 139-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2024 йил 31 июлда 3539-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

иқтисодиёт ва молия вазирининг

2024 йил 14 июндаги

139-сон буйруғига

ИЛОВА



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ

МИЛЛИЙ СТАНДАРТИ


(16-СОНЛИ БҲМС)


БУХГАЛТЕРИЯ БАЛАНСИНИ ТУЗИШ

САНАСИДАН КЕЙИН ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИДА

ЮЗ БЕРАДИГАН ҲОДИСАЛАР ВА НАЗАРДА

ТУТИЛМАГАН ҲОЛАТЛАР


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (16-сонли БҲМС) "Бухгалтерия балансини тузиш санасидан кейин хўжалик фаолиятида юз берадиган ҳодисалар ва назарда тутилмаган ҳолатлар" (бундан буён матнда Стандарт деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Қонунига асосан ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия ҳисобини норматив тартибга солиш элементи ҳисобланади.


2. Мазкур Стандарт бюджет, банклар ва нобанк кредит ташкилотларидан ташқари мулкчилик шаклидан қатъий назар Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган юридик шахслар (бундан буён матнда ташкилот деб юритилади) томонидан назарда тутилмаган ҳолатлар ҳамда бухгалтерия балансини тузиш санасидан кейин хўжалик фаолиятида юз берадиган ҳодисаларни бухгалтерия ҳисобида ҳисобга олиш ва ёритиб бериш учун қўлланилади.


3. Назарда тутилмаган ҳолатларнинг юз беришига олиб келадиган қуйидаги ҳодисалар мазкур Стандартнинг амал қилиш соҳасига кирмайди:

суғурта компаниясининг ҳаётни суғурта қилиш бўйича берилган суғурта полислари бўйича юзага келадиган мажбуриятлари;

молиявий ижара (лизинг) шартномалари бўйича юзага келадиган мажбуриятлар;

солиқ ставкалари ёки солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар.


4. Мазкур Стандартда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


назарда тутилмаган ҳолатлар - бу шундай вазиятки, унинг якуний натижаси (фойда ёки зарар) келгусида битта ёки бир нечта ноаниқ ходисаларнинг содир бўлишига қараб тасдиқланади. Бунда, бухгалтерия баланси тузилганидан кейин ноаниқ ходисаларнинг содир бўлиши натижасида ташкилот фойда олади ёки зарар кўради.


бухгалтерия балансини тузиш санасидан кейин хўжалик фаолиятида юз берадиган ҳодисалар - бу бухгалтерия балансини тузиш санаси билан молиявий ҳисоботни эълон қилиш учун тасдиқлаш санаси ўртасидаги даврда юз берадиган ташкилотга ижобий ва салбий таъсир кўрсатадиган ҳодисалардир.


5. Бухгалтерия балансини тузиш санасидан кейин хўжалик фаолиятида юз берадиган ҳодисалар қуйидаги турларга бўлинади:

бухгалтерия балансини тузиш санасида мавжуд бўлган ва келгусида юз берадиган ҳодисалар;

бухгалтерия балансини тузиш санасида (санасидан кейин) мавжуд бўлмаган ва келгусида юз берадиган ҳодисалар.



2-БОБ. НАЗАРДА ТУТИЛМАГАН ҲОЛАТЛАР


6. Назарда тутилмаган ҳолатлар молиявий ҳисоботда ҳисоблаш принципига мувофиқ акс эттирилади.


7. Назарда тутилмаган ҳолатлар молиявий ҳисоботларда қуйидагича кўрсатилиши мумкин:

миқдори бўйича;

умумий тавсифи бўйича.


8. Назарда тутилмаган ҳолатларнинг оқибатлари ва молиявий таъсирини баҳолаш ташкилот рахбари томонидан амалга оширилади.

Ушбу баҳолаш молиявий ҳисоботларни эълон қилиш учун тасдиқлаш пайтида амалга оширилади.



3-БОБ. НАЗАРДА ТУТИЛМАГАН ҲОЛАТЛАР

БЎЙИЧА ФОЙДА ВА ЗАРАРЛАР ҲИСОБИ


9. Назарда тутилмаган ҳолатлар бўйича фойда молиявий ҳисоботларда даромад сифатида кўрсатилмаслиги керак (фойда олиш эҳтимоли юқори бўлган вазиятлар бундан мустасно). Фойда олиш эҳтимоли юқори бўлган вазиятларда бундай фойда назарда тутилмаган ҳолатлар бўйича фойда деб ҳисобланмайди ва у молиявий ҳисоботларда тан олинади.


10. Назарда тутилмаган ҳолатлар бўйича зарарлар ҳисоби назарда тутилмаган ҳолатлар натижаларига кўра олиб борилади. Агар назарда тутилмаган ҳолат ташкилотни зарар кўришга олиб келиши эҳтимоли мавжуд бўлса, бундай зарарни молиявий ҳисоботларда акс эттириш мақсадга мувофиқдир.


11. Назарда тутилмаган ҳолатлар бўйича зарарлар миқдори молиявий ҳисоботда мажбурият сифатида кўриб чиқилиши керак, агар:

бухгалтерия балансини тузиш санасида келгусидаги ходисалар натижасида активлар қийматини пасайтириб юбориш эҳтимоли бўлса;

келгусида кўриладиган зарарлар қийматини (баҳосини) аниқлаш имконияти мавжудбўлса.


12. Назарда тутилмаган ҳолатлар бўйича зарарларнинг мавжудлиги мазкур Стандартнинг 11-бандига мувофиқ акс эттирилиши билан бирга молиявий ҳисоботларга изоҳларда ёритиб берилиши керак, бундан зарар кўриш эҳтимоли кам бўлган ҳолатлар мустасно.


13. Ишлаб чиқариш фаолиятида умумий ёки номуайян хатарлар учун ҳисобланган суммалар назарда тутилмаган ҳолатлар ҳисобланмайди ва бухгалтерия балансини тузиш санасида назарда тутилмаган ҳолатлар сифатида тан олинмайди.


14. Назарда тутилмаган ҳолатлар солиққа тортишга ҳамда даврга тааллуқли бўлган, молиявий ҳисоботда акс эттирилган ва балансни тузиш санасидан кейин молиявий ҳисоботлар тасдиқлангунигача таклиф этилган ёки эълон қилинган дивидендларга таъсир ўтказган холларда, молиявий ҳисоботга тузатишлар киритилиши ёки молиявий ҳисоботларга изоҳларда ёритиб берилиши керак.



4-БОБ. НАЗАРДА ТУТИЛМАГАН ҲОЛАТЛАРНИ

БАҲОЛАШ ВА ЁРИТИБ БЕРИШ


15. Молиявий ҳисоботларда кўрсатиладиган назарда тутилмаган ҳолатлар суммаси молиявий ҳисоботларни эълон қилиш учун тасдиқлаш санасида баҳоланади. Бухгалтерия балансини тузиш санасидан кейин юз берадиган ва активлар қийматини камайтирадиган ёки мажбуриятларни юзага келтирадиган ҳодисалар назарда тутилмаган ҳолатлар бўйича молиявий ҳисоботларда ҳисобга олиниши керак.


16. Агар назарда тутилмаган ҳолатларнинг вужудга келиш эҳтимолини ҳосил қиладиган вазият шунга ўхшаш кўплаб вазиятлар билан бир хил бўлса, айрим назарда тутилмаган ҳолатларнинг аҳамиятини акс эттирувчи сумма шундай вазиятлар гуруҳида кўрсатилади (масалан, сотилган товарлар бўйича кафолатлар, шубҳали дебиторлик қарзлари).


17. Агар назарда тутилмаган ҳолатлар бўйича зарар молиявий ҳисоботда тан олинмаса, унинг молиявий таъсири моҳияти ва баҳоси молиявий ҳисоботга изоҳларда ёритиб берилади, зарар кўриш эҳтимоли кам бўлган ҳоллар бундан мустасно.


18. Назарда тутилмаган ҳолатларни ёритиб бериш зарурияти бўлганда, қуйидаги маълумотлар ёритиб берилиши керак:

назарда тутилмаган ҳолатларнинг моҳияти;

келгусидаги натижаларга таъсир этиши мумкин бўлган ноаниқ ҳодисалар;

молиявий таъсирни баҳолаш ёки бундай баҳолашни ўтказиш мумкин эмаслигини исботи.



5-БОБ. БУХГАЛТЕРИЯ БАЛАНСИНИ ТУЗИШ

САНАСИДАН КЕЙИН ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИДА

ЮЗ БЕРАДИГАН ҲОДИСАЛАРВА ЁРИТИБ БЕРИШ


19. Бухгалтерия балансини тузиш санаси билан молиявий ҳисоботларни эълон қилиш учун тасдиқлаш санаси ўртасида юз берадиган ҳодисалар активларга ва мажбуриятларга тузатишлар киритиш заруратини ёкиуларни ёритиб бериш заруратини кўрсатиши мумкин.


20. Активлар ва мажбуриятлар қиймати бухгалтерия балансини тузиш санасидан кейин хўжалик фаолиятида юз берган, ташкилотга нисбатан фаолиятнинг узлуксизлиги принципи амал қилмай қолганлигини, яъни ташкилот тўловга қобилиятсиз бўлганлигини кўрсатувчи ҳодисалар бўйича тузатилиши керак.


21. Активлар ва мажбуриятларга тузатишлар бухгалтерия балансини тузиш санасидан кейин юз берган, бухгалтерия балансини тузиш санасида миқдорларни аниқлаш учун қўшимча маълумотни таъминлайдиган ҳодисалар бўйича амалга оширилади. Масалан, бухгалтерия балансини тузиш санасидан кейин юз берган мижознинг тўловга қобилиятсизлигини тасдиқлайдиган қарз бўйича зарарларга тузатиш киритиш мумкин.


22. Бухгалтерия балансини тузиш санасидан кейин юз берган хўжалик фаолиятидаги ходисалар ташкилотнинг фаолиятнинг узлуксизлиги принципига мос келмай қолишини кўрсатиши мумкин. Бунда, ташкилотнинг бухгалтерия баланси молиявий ҳолат ёмонлашганлигини кўрсатади ва молиявий ҳисоботни эълон қилиш учун тасдиқлашда фаолиятнинг узлуксизлиги принципига мувафиқлиги масаласи кўриб чиқилади.


23. Агар бухгалтерия балансини тузиш санасидан кейин юз берган ҳодисалар молиявий ҳисоботни тузиш санасида активлар ва мажбуриятларга таъсир ўтказмаган, аммо улар муҳим аҳамият касб этган бўлса, бундай маълумотни ёритиб бермаслик молиявий ҳисоботлардан фойдаланувчиларнинг қарорларини таҳлил этиши ва қабул қилишига таъсир этиши мумкин. Бундай ҳолатларда ушбу ҳодисаларнинг моҳияти молиявий ҳисоботга изохларда ёритиб берилади.


24. Агар бухгалтерия балансини тузиш санасидан кейин юз берган хўжалик фаолиятидаги ҳодисаларни ёритиб бериш талаб этиладиган бўлса, қуйидаги маълумот тақдим этилиши керак:

операциянинг моҳияти;

молиявий таъсирга баҳо бериш ёки бундай баҳолашни ўтказиш мумкин эмаслиги тўғрисидаги маълумот.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 3 август

















































Время: 0.1007
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск