ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Ноябрь, 2024 й. / Меҳнат қонунчилиги асослари /Ижодий таътиллар бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.11.2024 й. 758-сон қарорига 6-илова)
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
Вазирлар Маҳкамасининг
2024 йил 14 ноябрдаги
6-ИЛОВА
Ижодий таътиллар бериш
тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1. Ушбу Низом меҳнат фаолиятини ёки педагогик фаолиятни илмий иш билан бирга амалга ошираётган шахсларга ижодий таътиллар бериш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
диссертация - муаллиф (ходим) томонидан шахсан ёзилган, тадқиқот моҳияти тегишли талабларга жавоб берган, тугалланган ва мазмунан яхлит илмий иш сифатида илмий янгилиги ва амалий натижалари тизимли равишда асослаб берилган қўлёзма ҳуқуқига эга бўлган илмий асар;
ижодий таътил - меҳнат фаолиятини ёки педагогик фаолиятни илмий иш билан бирга амалга ошираётган ходимларга илмий даражани олишга доир диссертацияни якунлаш учун, шунингдек, дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмалар қўлёзмаларининг ёзиш чоғида асосий иш жойида ўртача иш ҳақи ва лавозими сақланган ҳолда бериладиган ижтимоий таътил тури;
Илмий кенгаш - муайян фан тармоғининг (тармоқларининг) тегишли ихтисосликлари йўналишида талабгорлар учун кўзда тутилган аттестация тадбирларини амалга оширишни ташкил этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги қарори билан етакчи илмий ёки таълим ташкилоти ҳузурида муайян муддат давомида жамоатчилик асосида фаолият кўрсатиш учун тузилган, илмий даражалар берувчи илмий-ташкилий тузилма.
3. Ижодий таътилларни бериш ходимнинг меҳнат стажига, у бажарадиган ишнинг жойи ва хусусиятига, иш берувчининг ташкилий-ҳуқуқий шаклига боғлиқ бўлмайди.
4. Ходим ижодий таътилда бўлган вақтида унинг иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланиб қолади ҳамда навбатдаги ҳар йилги меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига киритилади.
Иш берувчи жамоа шартномасида назарда тутилган бўлса, ходимлар ижодий таътилда бўлган даврда хизмат турар жойидан фойдаланиш ёки уй-жой ижараси билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериши мумкин.
5. Ходимларга навбатдаги йиллик меҳнат таътиллари улар ижодий таътиллардан фойдаланганлигидан қатъи назар берилади.
6. Ижодий таътиллар ходимларга асосий иш жойи бўйича ҳамда ўриндошлик иш жойи бўйича иш берувчилар томонидан бир вақтда берилади.
2-БОБ. ИЖОДИЙ ТАЪТИЛЛАРНИНГ МУДДАТИ
7. Меҳнат фаолиятини ёки педагогик фаолиятни илмий иш билан бирга амалга ошираётган ходимларга қуйидаги муддатларга ижодий таътиллар берилади:
фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олишга доир диссертацияни якунлаш учун ҳамда дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмалар қўлёзмаларининг муаллифларига - уч ойгача;
фан доктори (DSc) илмий даражасини олишга доир докторлик диссертациясини якунлаш учун - олти ойгача.
8. Жамоа келишувларида ёхуд жамоа шартномасида ёки ички ҳужжатларда ижодий таътилларнинг муддати мазкур Низомнинг 7-бандида назарда тутилгандагига қараганда кўпайтирилиши ҳамда кўпайтирилган муддат учун ўртача ойлик иш ҳақи ёки унинг бир қисми сақланиб қолиши назарда тутилиши мумкин.
9. Кўпайтирилган ижодий таътилларнинг давомийлиги, шунингдек, мазкур таътилларни навбатдаги ҳар йилги меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига киритиш тўғрисидаги масала ходимларга ушбу таътиллар берилишини белгиловчи ҳужжатларда тартибга солиниши керак.
3-БОБ. ИЖОДИЙ ТАЪТИЛЛАР БЕРИШ ТАРТИБИ
10. Меҳнат фаолиятини ёки педагогик фаолиятни илмий иш билан бирга амалга ошираётган ходимларга илмий даражасини олишга доир диссертацияни якунлаш учун ижодий таътил бериш тўғрисида у фаолият юритаётган кафедра, шуъба, лаборатория ва шу каби бўлинмалар раҳбарлари (ўринбосарлари) томонидан илмий даражалар берувчи Илмий кенгашга сабаблари кўрсатилган илтимоснома юборади.
11. Илмий кенгашлар томонидан ходим фаолият юритаётган кафедра, шуъба, лаборатория ва шу каби бўлинмалар раҳбарлари (ўринбосарлари) томонидан юборилган илтимосномага асосан ижодий таътил бериш тўғрисидаги тавсиянома қуйидаги мезонларни ҳисобга олган ҳолда берилади:
муаллиф (ходим) томонидан диссертация шахсан ёзилганлиги;
ходим тегишли малакавий имтиҳонларини топширганлиги;
диссертация дастлабки экспертизадан муваффақиятли ўтганлиги;
ўтказилган тадқиқотларнинг ҳажмини ва диссертацияни таътил вақтида тугаллаш мумкинлиги.
12. Илмий кенгаш тавсияномасида диссертацияни ниҳоясига етказиш учун зарур бўлган таътилни бериш вақти ва муддатлари кўрсатилади.
13. Ижодий таътиллар:
давлат олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар ходимларига - ушбу муассасалар Илмий кенгашининг тавсияномасига кўра директор (ректор) томонидан;
бошқа давлат корхоналари, ташкилотлари ва муассасалари ходимларига - бириктириб қўйилган олий таълим муассасаси (ташкилоти), илмий ташкилот Илмий кенгаши (ўқув-методик кенгаши)нинг тавсияномасига кўра ташкилот раҳбари томонидан буйруқ расмийлаштириш орқали берилади.
14. Муаллифлар жамоалари томонидан дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмаларини ёзиш чоғида муаллифлар жамоаси аъзоларидан бирига муаллифлар гуруҳининг барча аъзолари имзолаган ёзма аризага мувофиқ ижодий таътил берилади. Муаллифлар таътилни ўзаро тақсимлашга ҳам ҳақли.
15. Муаллифлар ижодий таътилни тақсимлаганда, муаллифлар гуруҳининг барча аъзолари имзолаган ёзма аризага мувофиқ иш берувчининг буйруғи билан ижодий таътил берилади.
16. Ижодий таътил вақтида иш берувчи таътилдаги ходимга ўзида мавжуд, ижодий ишга тегишли бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиши ва ахборот олиш учун шароит яратиб бериши лозим.
17. Ижодий таътил тамом бўлгандан сўнг муаллиф олий таълим муассасаси (ташкилоти), илмий ташкилотнинг Илмий кенгашига қўлёзма ҳолидаги ишни, асосий иш жойидаги иш берувчисига эса ишнинг тугалланганлигини тасдиқловчи ҳужжат ва бажарилган ишлар тўғрисида ҳисобот тақдим этади.
18. Нодавлат олий таълим ташкилотлари, илмий ташкилотлар ва бошқа ташкилотларда ижодий таътиллар бериш ҳамда уларнинг муддати жамоа шартномасида, агар жамоа шартномаси тузилмаган бўлса, ходим билан тузилган меҳнат шартномасида белгиланади.
4-БОБ. ИЖОДИЙ ТАЪТИЛЛАР УЧУН ҲАҚ ТЎЛАШ
19. Ходим ижодий таътилда бўлган вақтида унинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.
20. Ижодий таътилларга ҳақ тўлаш белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш фонди, шунингдек, илмий кадрлар тайёрлаш учун назарда тутиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади.
21. Ходим томонидан белгиланган муддатларда фойдаланилмаган ижодий таътил бошқа муддатга ўтказилиши мумкин эмас. Ижодий таътилларни жамлаб ҳисоблашга ва пулли компенсация билан алмаштиришга йўл қўйилмайди.
22. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2024 йил 15 ноябрь