ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Архив / Март, 2025 й. / Айрим тармоқларнинг фаолияти / Қишлоқ хўжалиги /Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18.03.2025 й. 166-сон "Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги соҳасида "E-urug‘" ахборот тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
18.03.2025 й.
N 166
ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ЭКИНЛАРИ
УРУҒЧИЛИГИ СОҲАСИДА "E-URUG‘"
АХБОРОТ ТИЗИМИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ
ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Пахтачиликда уруғчилик тизимини ривожлантириш ҳамда пахта ҳосилдорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида" 2023 йил 15 декабрдаги ПҚ-391-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш бўйича танловларни замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш бўйича танловларни "E-urug‘" ахборот тизимида ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш бўйича танловларни "E-urug‘" ахборот тизимида ўтказиш ҳақидаги хабарни эълон қилиш ва электрон танловларни ташкил этиш;
қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш бўйича электрон танлов ғолибларини аниқлаш ва танлов натижаларини расмийлаштириш.
2. Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш бўйича электрон танловларни ўтказишда зарур бўладиган маълумотларни "E-urug‘" ахборот тизимига интеграция қиладиган вазирлик ва идоралар рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш бўйича электрон танловларни ўтказишда, шунингдек, уруғликлар ҳажми, сифати, селекция нави ва авлодлари бўйича маълумотларни юритишда "E-urug‘" ахборот тизими кенг жорий этилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
2025 йил 18 мартдаги
166-сон қарорига
2-ИЛОВА
Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш
ҳуқуқига эга бўлиш бўйича электрон танловларни ўтказишда
зарур бўладиган маълумотларни "E-urug‘" ахборот тизимига
интеграция қиладиган вазирлик ва идоралар
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.
2. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ва унинг ҳузуридаги "Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази" давлат муассасаси.
3. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги.
4. Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси.
5. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси.
6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги.
7. Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси.
Изоҳ:
1. Вазирликлар ва идоралар "E-urug‘" ахборот тизимга "Электрон ҳукумат" идоралараро интеграцион платформаси орқали белгиланган тартибда уланади.
2. Вазирлик ва идоралар ўртасида ўзаро маълумотлар алмашиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2022 йил 22 августдаги ПҚ-357-сон қарорининг 11-бандида белгиланган талаблар асосида амалга оширилади.
3. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги "Агросаноатни рақамлаштириш маркази" МЧЖ томонидан заруратга қараб, бошқа ташкилотлар билан ўзаро келишув асосида тегишли маълумотлар "E-urug‘" ахборот тизимига интеграция қилиниши мумкин.
2025 йил 18 мартдаги
166-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси
Ҳукуматининг айрим қарорларига
киритилаётган ўзгартиришлар
1. Вазирлар Маҳкамасининг "Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигига оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида" 2021 йил 12 октябрдаги 641-сон қарорида:
а) 1-банднинг иккинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;
б) 1-илова чиқариб ташлансин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2022 йил 28 январдаги ПҚ-106-сон қарори)" 2022 йил 9 июндаги 320-сон қарорига иловада:
а) "а" кичик банднинг биринчи-иккинчи хатбошилари чиқариб ташлансин;
б) "б" кичик банди чиқариб ташлансин.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2025 йил 19 март