ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Июль, 2025 й. / Айрим тармоқларнинг фаолияти / Саноат /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.06.2025 й. ПҚ-207-сон "Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

26.06.2025 й.

N ПҚ-207



ЗАРГАРЛИК БУЮМЛАРИНИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ

СОҲАСИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ БЎЙИЧА

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Заргарлик саноатини янада ривожлантириш ва республиканинг етакчи тармоқларидан бирига айлантириш, шунингдек, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ва бошқа буюмларни (кейинги ўринларда - заргарлик буюмлари) ишлаб чиқариш ва сотиш фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида ҚАРОР ҚИЛАМАН:


I. Асосий мақсадлар


1. Қуйидагилар ушбу қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб белгилансин:

(а) қимматбаҳо металларни қайта ишлашнинг йиллик ҳажмини 7 тоннага, заргарлик буюмларини экспорт қилиш кўрсаткичларини 300 миллион АҚШ долларига етказиш;

(б) қимматбаҳо металлар ва заргарлик буюмларининг норасмий айланмасини камида 50 фоизга қисқартириш;

(в) заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш фаолиятини саноат даражасига олиб чиқиш, халқаро бозорларда рақобатбардош ва замонавий дизайнга эга заргарлик буюмлари ишлаб чиқарилишини қўллаб-қувватлаш;

(г) заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш соҳасида самарали назорат тизимини жорий этиш.


II. Заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 июлдаги ПФ-104-сон Фармонига мувофиқ Давлат бюджетидан Тармоқларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратилган 100 миллиард сўм маблағлар ҳисобидан 1-иловада кўрсатилган харажатларни ҳам қоплашга рухсат берилсин.


3. Белгилансинки, 2025 йил 15 июлдан бошлаб:


(а) Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 июлдаги ПФ-104-сон Фармонида назарда тутилган мақсадли ресурсларни банкларга депозитга жойлаштириш билан бир қаторда Марказий банкнинг асосий ставкасидан 3 фоиз бандга паст фоиз ставкасида 5 йилгача муддатга лизинг ташкилотларига кредит линияси сифатида ажратишга ҳам рухсат берилади.

(i) Бунда лизинг ташкилотлари ажратилган кредит линияси ҳисобидан заргарлик саноатида ишлатиладиган асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмларни 2 йиллик имтиёзли давр билан 5 йилгача бўлган муддатга Марказий банкнинг асосий ставкасида, фоизларни қарздорлик қолдиқ қисмига ҳисоблаш тартибида лизингга беради;

(б) белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ҳамда заргарлик саноатида фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлари, бутловчи буюмлар ва сарфлов воситалари 2028 йил 1 июлга қадар божхона божидан озод этилади;

(в) "Навоий КМК" АЖ ва "Олмалиқ КМК" АЖ томонидан қимматбаҳо металларни тўғридан-тўғри шартнома асосида ва кечиктириб тўлаш шарти билан сотиш тартиби 2030 йил 1 январга қадар узайтирилади.

(i) Бунда қимматбаҳо металларни кечиктириб тўлаш шарти билан сотиб олиб, муддати ўтган қарздорликка йўл қўйган тадбиркорлик субъектларига қарздорлик тўлиқ ёпилмагунига қадар ушбу тартиб асосида қимматбаҳо металлар реализация қилинмайди.


4. Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва сотишга ихтисослашган ҳамда белгиланган талабларга жавоб берадиган мажмуаларга заргарлик маркази мақомини бериш ваколати Заргарлик саноатини ривожлантириш бўйича республика кенгашига (Ж.Қўчқоров) берилсин.


5. Белгилансинки, заргарлик марказларида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига қуйидаги қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилади:

(а) қимматбаҳо металларни кечиктириб тўлаш шарти билан сотишда 90 кун ичида амалга оширилган тўловлар қисмига фоиз ҳисобланмайди, 91-кундан бошлаб 180-кунгача амалга оширилган тўловлар қисмига - йиллик 3 фоиз миқдорида фоиз ҳисобланади;

(б) заргарлик марказларида "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси ва Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясининг филиаллари фаолияти (сайёр хизмат кўрсатиш) йўлга қўйилади ҳамда заргарлик буюмлари ва қимматбаҳо тошларни тезкор диагностика қилиш лабораторияси ташкил этилади;

(в) заргарлик марказларида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмасига аъзо бўлганда аъзолик бадалини 50 фоизлик чегирма билан тўлайди.


III. Заргарлик соҳасида хуфиёна иқтисодиёт улушини камайтириш


6. Белгилаб қўйилсинки, 2026 йил 1 январдан бошлаб:

(а) қуйидагилар бекор қилинади:

(i) қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ишлаб чиқарилган заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотларни реализация қилиш бўйича айланмани қўшилган қиймат солиғидан озод қилишга оид имтиёз;

(ii) олтиндан ясалган заргарлик буюмларини чакана савдода сотганлик учун йиғим;

(б) заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ёки уларни сотиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари даромадидан қатъи назар, қўшилган қиймат солиғини тўловчилар деб эътироф этилади;

(в) 2028 йил 1 январга қадар заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар қўшилган қиймат солиғи базасини заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотларни реализация қилиш нархи ҳамда улар таркибидаги қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар нархи ўртасидаги ижобий фарқдан келиб чиқиб аниқлайди. Бунда:

(i) заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотларни реализация қилиш нархидан фақат "Навоий КМК" АЖ, "Олмалиқ КМК" АЖ ва биржа савдолари орқали бошқа субъектлардан сотиб олинган қимматбаҳо металлар нархини ҳамда импорт қилинган қимматбаҳо тошлар нархини чегириб ташлашга рухсат этилади;

(ii) заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотлар таркибидаги қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар нархи Солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб бориладиган нархлардан келиб чиқиб ҳисобланади;

(iii) қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олишга доир фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари ҳамда аффинаж корхоналарига қимматбаҳо металларни биржа савдолари орқали реализация қилишга рухсат этилади;

(г) 2028 йил 1 январга қадар заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ёки уларни сотиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига улар томонидан бюджетга тўланган қўшилган қиймат солиғининг 80 фоизи ҳар ойнинг 25-санасигача автоматик равишда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан қайтарилади.

(i) Бунда ушбу тартиб юқоридаги субъектлар томонидан солиқ даврида жами олган даромадининг камида 80 фоизи заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва улар билан чакана савдо қилишдан олинган тақдирда татбиқ этилади.


7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:


(а) 2025 йил 1 сентябрга қадар Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси томонидан хорижда ишлаб чиқарилган заргарлик буюмларининг асиллик даражасини текшириш ва уларни тамғалашда божхона тўловлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар талаб қилинмайди. Бунда:

(i) мазкур банднинг "а" кичик бандига мувофиқ тамғаланган заргарлик буюмларини божхона тўловлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларсиз реализация қилишга рухсат этилади;

(ii) 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясига хорижда ишлаб чиқарилган заргарлик буюмларининг, башарти улар бўйича божхона тўловлари амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаса, асиллик даражасини текшириш ва тамғалаш ман этилади;

(б) 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб:

(i) якка тартибдаги тадбиркорларга заргарлик буюмларини сотиш фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилади;

(ii) Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси томонидан Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида заргарлик буюмларининг асиллик даражасини текшириш ва уларни тамғалаш бўйича сайёр хизмат кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилади;

(iii) қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисидаги қонунчиликка оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида "Soliq" мобил иловаси орқали хабар берган шахсларга ундирилган жарима миқдорининг 50 фоизи миқдорида мукофот тўланади.


8. "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмасининг тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтмасдан ёки хабардор қилиш тартиб-таомилларига риоя қилмасдан заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланаётган шахслар фаолиятини белгиланган тартибда расмийлаштиришга кўмаклашиш ва уларни олти ой муддатга уюшмага аъзолик бадалини тўлашдан озод қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


IV. Заргарлик буюмлари импортини тартибга солиш


9. Белгилансинки, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб 2028 йил 1 сентябрга қадар:


(а) заргарлик буюмларини (ТИФ ТН 7113- ва 7114-товар позициясидаги маҳсулотларни) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда божхона божи 2 фоиз ставкада қўлланади;

(б) заргарлик буюмларини "эркин муомалага чиқариш" ва "экспорт" божхона режимларига жойлаштиришда божхона расмийлаштируви учун йиғим уларнинг божхона қийматидан қатъи назар, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ундирилади;

(в) импорт қилинган заргарлик буюмларини Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясида тамғалаш учун ундириладиган йиғим миқдори маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун белгиланган миқдорга тенглаштирилади;

(г) божхона чегараси орқали олиб кирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган заргарлик буюмларини божхона тўловларини амалга ошириш ва божхона юк декларациясини тўлдириш орқали декларация қилишга рухсат берилади.


V. Самарали назорат тизимини жорий этиш


10. Эксперимент тариқасида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширишнинг қуйидаги тартиби жорий этилсинки, унга мувофиқ 2026 йил 1 январга қадар:

(а) Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси ва солиқ органлари ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисидаги қонунчиликка оид ҳуқуқбузарликлар аниқланганда улар биринчи марта огоҳлантирилади;

(б) огоҳлантиришдан сўнг бир ой муддатда ҳуқуқбузарлик бартараф этилмагани ёки такроран аниқлангани Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси ва солиқ органлари томонидан сайёр текширув ўтказишга асос бўлади;

(в) сайёр текширув фақат қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисидаги қонунчиликка оид ҳуқуқбузарликлар бўйича ўтказилади ҳамда текширув бошлангандан сўнг 24 соат ичида "Ягона давлат назорати" ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида амалга оширилади;

(г) сайёр текширув натижалари бўйича расмийлаштирилган далолатнома ва қарор тадбиркорлик субъектларига нисбатан қонунчиликда белгиланган жавобгарлик чораларини кўришга асос бўлади.


VI. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат


11. Заргарлик саноатини ривожлантириш ва соҳада хуфиёна иқтисодиёт улушини камайтириш бўйича "йўл харитаси" 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


12. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


13. Давлат органлари тегишли қонуности ҳужжатлари ва идоравий кўрсатмалар қабул қилинишини кутмасдан мазкур қарор нормалари кучга кирган пайтдан эътиборан сўзсиз ва тўғридан-тўғри амалда қўлланишини таъминласин.


14. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров белгилансин.


15. Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                         Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2025 йил 26 июндаги

ПҚ-207-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2024 йил 23 июлдаги ПФ-104-сон Фармонига мувофиқ

Давлат   бюджетидан  Тармоқларни  қўллаб-қувватлаш

жамғармасига ажратилган 100 миллиард сўм маблағлар

ҳисобидан қоплашга рухсат этиладиган

харажатлар йўналишлари

          

Т/р

Харажат йўналишлари

        

Шартлари ва миқдори

     

1.

Таниқли хорижий брендларнинг заргарлик буюмлари дизайнидан фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олиш ёки улар билан франшиза асосида ҳамкорлик қилиш харажатларини қоплаш.


Битта тадбиркорлик субъекти учун 30 000 АҚШ долларигача


2.

Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш жараёнларини халқаро тизимларда сертификациядан ўтказиш харажатларини қоплаш.


Битта халқаро сертификат бўйича 30 000 АҚШ долларигача


3.

Хориждан жалб қилинган дизайнер, технолог, маркетолог ва геммологларга иш ҳақи тўлаш харажатларини қоплаш.


Бир ойда битта мутахассис учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 25 бараваригача, бироқ 1 йилдан кўп бўлмаган муддатга*


4.

Маҳаллий мутахассисларни хорижий таълим ва ишлаб чиқариш ташкилотларида ўқитиш, малака ошириш ва стажировкага юбориш харажатларини қоплаш.


Битта мутахассис учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 60 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда*


5.

Заргарлик буюмларини "Ўзбекистон олтини" шиори остида оммавий ахборот воситалари, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали, шу жумладан, хорижда тарғиб этиш харажатларини қоплаш.


Харажатларнинг 50 фоизи миқдорида, лекин битта тадбиркорлик субъектига 5 000 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда


6.

Заргарлик саноатини ривожлантиришнинг 5 йилга мўлжалланган стратегияcини ишлаб чиқиш харажатларини қоплаш.


Тўлиқ миқдорда

           

*) Битта тадбиркорлик субъектига 3 нафардан ортиқ бўлмаган мутахассис учун тўланади.

         

           




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2025 йил 26 июндаги

ПҚ-207-сон қарорига

2-ИЛОВА



Заргарлик саноатини ривожлантириш ва соҳада

хуфиёна иқтисодиёт улушини камайтириш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"


Т/р

Чора-тадбирлар номланиши

Амалга ошириш механизми

Ижро

муддати

       

Масъул ижрочилар

          

I. ЗАРГАРЛИК БУЮМЛАРИНИНГ

РАҚОБАТДОШЛИГИНИ ОШИРИШ

          

1.

Заргарлик саноатини ривожлантиришнинг 5 йиллик стратегияcини ишлаб чиқиш.

1. Стратегияни ишлаб чиқиш учун халқаро консалтинг компаниясини жалб қилиш.


2025 йил

1 сентябрь


Савдо-саноат палатаси, "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


2. Стратегияни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2026 йил

1 март


2.

Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ва бошқа буюмлар (кейинги ўринларда - заргарлик буюмлари) ишлаб чиқарувчиларнинг замонавий асбоб-ускуна ва эҳтиёт қисмларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш.

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 июлдаги ПФ-104-сон Фармонида назарда тутилган Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг мақсадли ресурсларини тижорат банкларига депозитга жойлаштириш билан бир қаторда Марказий банкнинг асосий ставкасидан 3 фоиз бандга паст фоиз ставкасида 5 йилгача муддатга лизинг ташкилотларига ҳам кредит линия сифатида ажратиш.


2. Лизинг ташкилотлари томонидан кредит линия сифатида ажратилган ресурслар ҳисобидан заргарлик саноатида ишлатиладиган асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмларни 2 йиллик имтиёзли давр билан 5 йилгача бўлган муддатга Марказий банкнинг асосий ставкасида, фоизларни қарздорлик қолдиқ қисмига ҳисоблаш тартибида лизингга бериш амалиётини жорий этиш.

     

Талабга

мувофиқ


Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Марказий банк

3.

Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва сотишга ихтисослашган мажмуаларга заргарлик маркази мақомини бериш тартибини ишлаб чиқиш.


Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва сотишга ихтисослашган, шу жумладан, хусусий сектор томонидан ташкил этилган мажмуаларга заргарлик маркази мақомини бериш тартибини белгиловчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2025 йил

1 октябрь

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси


4.

Заргарлик марказларида фаолият юритувчи заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга ўз брендини яратишга кўмаклашиш.


1. Термиз шаҳрида тадбиркорлик субъекти томонидан ташкил этилган мажмуага заргарлик маркази мақомини бериш масаласини кўриб чиқиш.


2026 йил

1 январь

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси, "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси


2. Заргарлик марказларида камида биттадан заргарлик брендларини яратиш. Бунда заргарлик марказларида фаолият юритаётган заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга қуйидагилар бўйича кўмаклашиш:

(а) кредит ва лизинг асосида заргарлик саноатида ишлатиладиган асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмларни сотиб олиш;

(б) хомашёга бўлган талабни тўлиқ таъминлаш;

(в) хориждан дизайнер, маркетолог ва геммологларни олиб келиш ва уларга иш ҳақини тўлаш билан боғлиқ харажатларни белгиланган тартибда қоплаш;

(г) заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш жараёнларини халқаро тизимларда сертификациядан ўтказиш ва бу билан боғлиқ харажатларни белгиланган тартибда қоплаш;

(д) ишлаб чиқарилган заргарлик брендлари билан халқаро кўргазмаларда қатнашиш ҳамда хорижда уларнинг рекламасини ташкил қилиш.


2026 йил

1 сентябрь

Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Савдо-саноат палатаси, "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


3. Заргарлик марказларига туристларни жалб қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш. Бунда:

(а) туроператор ва турагентлар билан ҳамкорликда заргарлик марказларини туристик йўналишлар (маршрутлар)га киритиш;

(б) заргарлик марказларининг имкониятлари тўғрисида тарғибот материаллари тайёрлаш;

(в) ҳар йилги "Ипак йўлида туризм" Тошкент халқаро туризм кўргазмаси, хорижий ҳамда маҳаллий туризм ярмаркалари ва кўргазмаларида заргарлик марказлари фаолиятини намойиш қилиб бориш.

          

2026 йил

декабрдан

бошлаб

доимий

Туризм қўмитаси, Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси, Савдо-саноат палатаси


5.

Заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларнинг хомашёга бўлган эҳтиёжини таъминлаш.


1. "Ўзмиллийбанк" АЖнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги минтақавий филиаллари омборхоналарида талабдан келиб чиққан ҳолда қимматбаҳо металлар захираларини шакллантириш.


Талабга мувофиқ

"Навоий КМК" АЖ, "Ўзмиллийбанк" АЖ

2. Қимматбаҳо металлар бевосита "Навоий КМК" АЖ ва "Олмалиқ КМК" АЖнинг омборхоналаридан олиб кетилганда, уларнинг 1 кун муддатда тўлиқ ҳажмда юклаб берилишини таъминлаш.


Талабга мувофиқ

"Навоий КМК" АЖ, "Олмалиқ КМК" АЖ, "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖ


6.

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ҳамда заргарлик соҳасида фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва сарфлов воситаларини божхона божидан озод этиш.


1. Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ҳамда заргарлик соҳасида фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва сарфлов воситалари рўйхатини шакллантириш ҳамда "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУКга киритиш.


2025 йил

1 август


Савдо-саноат палатаси, "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси, Божхона қўмитаси


2. Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ҳамда заргарлик соҳасида фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлари, бутловчи буюмлар ва сарфлов воситаларини экспертизадан ўтказиш.


2025 йил

1 сентябрь


"Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУК

3. Экспертиза натижаларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига четдан олиб киришда божхона божларидан озод қилинадиган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ҳамда заргарлик соҳасида фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва сарфлов воситалари рўйхатини тасдиқлашни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2025 йил

1 ноябрь

Савдо-саноат палатаси, "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси


7.

Заргарлик буюмларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш тартибини такомиллаштириш.


1. Қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш:

(а) импорт қилинган заргарлик буюмларини Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясида тамғалаш учун ундириладиган йиғим миқдорини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун белгиланган миқдорга тенглаштириш;

(б) Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясига хорижда ишлаб чиқарилган заргарлик буюмларининг, башарти улар бўйича божхона тўловлари амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаса, асиллик даражасини текшириш ва тамғалашни ман этиш.


2025 йил

1 сентябрь

Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси, Савдо-саноат палатаси, "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси


2. Тажриба тариқасида Тошкент шаҳридаги "Тошкент-АЭРО" ихтисослаштирилган божхона комплекси ҳудудида Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясининг заргарлик буюмларининг асиллик даражасини текшириш ва уларни тамғалаш бўйича филиалини ташкил қилиш.


2026 йил

1 март

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси, Транспорт вазирлиги, Божхона қўмитаси


8.

Заргарлик соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар малакасини ошириш.


1. Заргарлик соҳасида фаолият юритаётган мутахассисларнинг малакасини ошириш учун "HRD Antwerp" (Бельгия) ва "IIGJ" (Ҳиндистон) каби хорижий таълим ташкилотлар билан музокаралар ўтказиш.


2025 йил

ноябрь


Савдо-саноат палатаси, "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси


2. Заргарлик соҳасида фаолият юритаётган камида 100 нафар мутахассисни, шу жумладан, дизайнер, технолог ва қимматбаҳо тошлар билан ишлайдиган геммологларни хорижга қисқа муддатли малака оширишга юбориш.


2025-2026

йилларда

танлов

асосида

9.

Касбий кўникмалар ва заргарлик марказларида заргарлик саноати йўналишидаги қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил қилиш.


1. Касбий кўникмалар ва заргарлик марказларида заргарлик саноати йўналишидаги қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил қилиш.


2. Қисқа муддатли ўқув курсларида замонавий таълим дастурларини жорий қилиш ҳамда малакали хорижий ва маҳаллий мутахассисларни жалб қилиш.


2025 йил

сентябрь

Савдо-саноат палатаси, "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги


10.

Заргарлик соҳасида республика кўрик-танловларини ташкил этиш.

Заргарлик соҳасида республика кўрик-танловларини ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш. Бунда қарор лойиҳасида қуйидагиларни назарда тутиш:

(а) заргарлик соҳасида "Энг яхши заргар", "Энг яхши дизайнер", "Йил бренди" каби номинациялар бўйича республика кўрик-танловларини ташкил этиш;

(б) "Uzbek jewelery fair" кўргазмаси доирасида кўрик-танлов ғолибларини Тармоқларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан мукофотлаш.


2025 йил

1 сентябрь

Савдо-саноат палатаси, "Ўзбекзаргарсаноат" уюшмаси

            

II. ЗАРГАРЛИК СОҲАСИДА ХУФИЁНА

ИҚТИСОДИЁТ УЛУШИНИ КАМАЙТИРИШ

          

11.

Якка тартибдаги тадбиркорларга заргарлик буюмларини сотиш фаолияти билан шуғулланишга рухсат этиш.


Якка тартибдаги тадбиркорларга заргарлик буюмларини сотиш билан шуғулланишга рухсат беришни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2025 йил

1 август

Савдо-саноат палатаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси

12.

Заргарлик буюмларининг ноқонуний айланмасини қисқартириш.

1. Заргарлик буюмларининг ноқонуний айланмасини қисқартириш бўйича назорат тадбирларини ўтказиш, шу жумладан:

(а) қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларни ноқонуний қазиб олиш ва сотиш, шунингдек, заргарлик буюмларини ноқонуний реализация қилиш фаолияти билан шуғулланаётган шахсларни аниқлаш ва уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар кўриш;

(б) заргарлик буюмларини божхона чегараси орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ноқонуний олиб кириш ҳолатларининг олдини олиш;

(в) қимматбаҳо металлар ва заргарлик буюмларининг ноқонуний бозорларини аниқлаш ва уларнинг фаолиятига чек қўйиш;

(г) заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар томонидан "Навоий КМК" АЖ ва "Олмалиқ КМК" АЖдан сотиб олинган қимматбаҳо металларнинг самарали ва мақсадли ишлатилишини ўрганиш;

(д) қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар айланмаси ва муомаласи соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича кенг қамровли тушунтириш ва профилактик ишларни амалга ошириш.


2025 йил

июль -

декабрь

ойлари


Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси, Солиқ қўмитаси, Божхона қўмитаси, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Савдо-саноат палатаси, "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси

2. Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларни ноқонуний қазиб олиш ва сотиш, шунингдек, заргарлик буюмларини ноқонуний реализация қилиш билан шуғулланаётган шахсларнинг расмий фаолият юритишига кўмаклашиш.


2025 йил

1 декабрь


13.

Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида заргарлик буюмларининг асиллик даражасини текшириш ва уларни тамғалаш бўйича сайёр хизмат кўрсатиш амалиётини йўлга қўйиш.


1. Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясининг заргарлик буюмларининг асиллик даражасини текшириш ва уларни тамғалаш бўйича сайёр хизмат кўрсатиш амалиётини йўлга қўйиш.


2025 йил

1 сентябрь


Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


2. Заргарлик буюмларининг асиллик даражасини текшириш ва уларни тамғалаш бўйича сайёр хизмат кўрсатиш натижаларидан келиб чиқиб, ҳудудларда Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясининг филиалларини очиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклиф киритиш.


2026 йил

1 январь

14.

Аҳолидан заргарлик буюмларини, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларни, уларнинг парчалари ва чиқиндиларини сотиб олишни тартибга солиш.


1. Аҳолидан заргарлик буюмларини, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ишлаб чиқарилган ярим тайёр маҳсулотларни, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларнинг парчалари ва чиқиндиларини сотиб олишни тартибга солиш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2025 йил

1 ноябрь


Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси, Савдо-саноат палатаси, "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси, Солиқ қўмитаси

2. Аҳолидан сотиб олинган заргарлик буюмлари, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ишлаб чиқарилган ярим тайёр маҳсулотлар, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларнинг парчалари ва чиқиндилари тўғрисидаги маълумотларнинг тадбиркорлик субъектлари томонидан электрон шаклда солиқ органлари маълумотлар базасида акс эттирилишини солиқ солиш мақсадларида кирим ҳужжатларига тенглаштириш.


2025 йил

1 ноябрь

15.

Савдо марказлари, дўконлар ва бозорларда заргарлик буюмлари билан савдо қилишни тартибга солиш.


1. Савдо марказлари, дўконлар ва бозорларда қуйидаги назорат тадбирларини ўтказиш:

(а) заргарлик буюмлари билан чакана савдо қилиш ва уларни тамғалаш қоидаларига риоя қилинишини ўрганиш;

(б) чет элда ишлаб чиқарилган заргарлик буюмлари бўйича божхона тўловлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари мавжудлигини ўрганиш.


2. Назорат тадбирларини ўтказиш жараёнларига "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси мутахассисларини жалб этиш.


2025 йил

1 сентябрдан

бошлаб

мунтазам

равишда

Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси, Солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси

3. Бозорларда заргарлик буюмларининг ноқонуний айланмаси йўлга қўйилган жойларни ободонлаштириш ва барча қулайликларга эга замонавий савдо расталарини ташкил қилиш ҳамда амалга оширилган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиш.


2025 йил

1 декабрь

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлиги


4. Заргарлик буюмларини сотиш фаолияти билан шуғулланаётган шахсларнинг заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатишига кўмаклашиш.


5. Қонунчилик ҳужжатларида заргарлик соҳаси иштирокчилари учун яратилган имтиёз ва имкониятлар, расмий фаолиятнинг афзалликлари ва рақамли маркетинг асослари бўйича бевосита жойларда ўқув семинарлар ўтказиш.


2025 йил

июль -

сентябрь

ойлари

Савдо-саноат палатаси, "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси

16.

Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ёки уларни сотиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан қўшилган қиймат солиғи тўлашни тартибга солиш.


1. Қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритиш:

(а) қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ишлаб чиқарилган заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотларни реализация қилиш бўйича айланмани қўшилган қиймат солиғидан озод қилишга оид имтиёзни бекор қилиш;

(б) заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ёки уларни сотиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини, уларнинг даромадидан қатъи назар, қўшилган қиймат солиғини тўловчилар деб эътироф этиш;

(в) 2028 йил 1 январга қадар қўшилган қиймат солиғи базасини заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотларни реализация қилиш нархи ҳамда улар таркибидаги импорт қилинган қимматбаҳо тошлар, шунингдек, саноат усулида қазиб олувчилардан тўғридан-тўғри шартномалар ва биржа савдолари орқали ҳамда бошқа субъектлардан биржа савдолари орқали сотиб олинган қимматбаҳо металлар нархи ўртасидаги ижобий фарқдан келиб чиқиб аниқлаш. Бунда:

(i) заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар зиммасига реализация қилинаётган заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотлар бўйича электрон ҳисобварақ фактураларни расмийлаштиришда Солиқ қўмитасининг ахборот тизимига ушбу буюм ва маҳсулотларнинг асиллик даражаси, улар таркибидаги қимматбаҳо металлар ҳамда қимматбаҳо тошлар миқдори ва қиймати тўғрисидаги маълумотларни киритиш вазифаси юкланади;

(ii) заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотлар таркибидаги қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар қиймати Солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб бориладиган нархлардан келиб чиқиб ҳисобланади;

(г) 2028 йил 1 январга қадар заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ёки уларни сотиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан бюджетга тўланган қўшилган қиймат солиғининг 80 фоизини ҳар ойнинг 25-санасигача автоматик равишда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан қайтариш;

(д) олтиндан ясалган заргарлик буюмларини чакана савдода сотганлик учун йиғимни бекор қилиш.


2025 йил

1 декабрь


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси

2. Қимматбаҳо металлар нархларини ҳисобот ойидан олдинги ойдаги ўртача биржа нархлардан келиб чиқиб белгилаш ва Солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб бориш.


2026 йил

1 январдан бошлаб ҳар ойнинг 25 санасигача


Солиқ қўмитаси, "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


3. Қимматбаҳо тошлар нархларини жаҳон бозорида шаклланган нархлардан келиб чиқиб аниқлаш ва Солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб бориш.


2026 йил

1 январдан бошлаб ҳар ойнинг 25 санасигача


4. Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар нархлари тўғрисидаги маълумотларни ҳудудий солиқ органларига ва шахсий кабинет орқали солиқ тўловчиларга етказиб бориш.


2026 йил

1 январдан бошлаб ҳар ойнинг 27 санасигача


5. Заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотларни реализация қилиш бўйича айланмани қўшилган қиймат солиғидан озод қилишга оид имтиёзни бекор қилиш ва тўланган қўшилган қиймат солиғининг 80 фоизини ҳар ойнинг 25 санасигача автоматик равишда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан қайтариш тартибининг натижадорлиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиш.


2026 йил

1 ноябрь

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси

17.

Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олишга доир фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари (кейинги ўринларда - олтин изловчилар) ҳамда аффинаж корхоналарига қимматбаҳо металларни биржа савдолари орқали реализация қилиш учун зарур шароит яратиш.


Олтин изловчилар ҳамда аффинаж корхоналари томонидан қимматбаҳо металларни биржа савдолари орқали реализация қилиш тартибини ишлаб чиқиш.


2025 йил

1 ноябрь

"Ўзбекистон республикаси товар-хом ашё биржаси" АЖ, Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси, "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси, Солиқ қўмитаси

18.

Ҳудудларда қазиб олинган маъдан таркибидаги олтин миқдорини тез ҳамда ишончли аниқлаш функцияларига эга мустақил шохобчаларни ташкил этиш.


1. Хорижий тажрибани ўрганиш ва шохобчалар фаолиятини йўлга қўйиш.


2026 йил

1 сентябрь


Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси, "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси, Савдо-саноат палатаси


2. Ташкил этилган шохобчаларни заргарлик саноатининг ягона электрон платформасига улаш.


2026 йил

1 ноябрь


19.

Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятида хуфиёна иқтисодиёт улушини камайтириш.


Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятида хуфиёна иқтисодиёт улушини камайтириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2025 йил

1 август

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси, Савдо-саноат палатаси, "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси


20.

Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва сотиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ва аффинаж корхоналари рўйхати билан танишиш имкониятини яратиш.


1. Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва сотиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ва аффинаж корхоналарининг рўйхатини шакллантириш ва заргарлик саноатининг ягона электрон платформасида эълон қилиб бориш.


Ҳар ойда


Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси, "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси, Савдо-саноат палатаси, Рақамли технологиялар вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Божхона қўмитаси, "Ўзбекистон республикаси товар-хом ашё биржаси" АЖ

2. Заргарлик саноатининг ягона электрон платформасини Савдо-саноат палатаси, Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси, Солиқ қўмитаси, Божхона қўмитаси, "Ўзбекистон республикаси товар-хом ашё биржаси" АЖ ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ахборот тизимлари билан бепул интеграция қилиш.


2026 йил

1 январь

21.

Жисмоний шахслар томонидан нақд чет эл валютасини Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб чиқиб кетиш тартибини такомиллаштириш.


Жисмоний шахслар томонидан нақд чет эл валютасини Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб чиқиб кетиш тартибини такомиллаштиришга оид Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш. Бунда қарор лойиҳасида қуйидагиларни назарда тутиш:

(а) "Термиз халқаро савдо маркази" эркин савдо зонасида заргарлик буюмларини чет эл валютасига сотишга рухсат бериш;

(б) норезидентлар томонидан Ўзбекистон Республикасига кириш чоғида белгиланган тартибда декларация қилинган заргарлик буюмларни сотишдан олинган нақд чет эл валютасини уларнинг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида четга олиб чиқиб кетишга рухсат этиш.


2025 йил

1 ноябрь

Марказий банк, Божхона қўмитаси, Солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси

22.

Заргарлик буюмларининг ноқонуний айланмасини қисқартиришга қаратилган кенг қамровли медиарежани амалга ошириш.


Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар ҳамда заргарлик буюмларининг ноқонуний айланмаси учун белгиланган жавобгарлик, расмий фаолиятнинг афзалликлари, давлат томонидан заргарлик соҳаси иштирокчилари учун яратилган шарт-шароитлар ва қўллаб-қувватлаш чоралари бўйича оммавий ахборот воситалари ва интернет ресурсларда тарғибот ишларини ташкил этиш, шу жумладан:

(а) аҳоли орасида асиллик тамғаси ёки зарур сертификатлари бўлмаган (қимматбаҳо тошлар учун) контрафакт заргарлик буюмларини харид қилмаслик ҳақида кенг кўламли тушунтириш ишларини олиб бориш;

(б) заргарлик буюмларини ноқонуний ишлаб чиқариш ҳамда сотиш ҳолатлари, шунингдек, асиллик белгисига мос келмайдиган заргарлик буюмларини сотиш кенг тарқалган ҳудудлар тўғрисидаги материалларни эълон қилиб бориш.


2025 йил

июль -

сентябрь

ойлари

Савдо-саноат палатаси, "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси, Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси


          

                  

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2025 йил 30 июнь


























































































Время: 0.1143
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск