ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Октябрь, 2025 й. / Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари / Ривожлантириш ва ислоҳотлар дастурлари /Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30.09.2025 й. 612-сон "Камбағал оилалар реестри"га киритилган оилаларга кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
30.09.2025 й.
N 612
"КАМБАҒАЛ ОИЛАЛАР РЕЕСТРИ"ГА
КИРИТИЛГАН ОИЛАЛАРГА КРЕДИТЛАР
АЖРАТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ
НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
"Камбағалликдан фаровонлик сари" дастурини амалга ошириш доирасида "Камбағал оилалар реестри"га киритилган оилаларга имтиёзли кредитлар ажратиш орқали уларни ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-330-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи "Камбағал оилалар реестри"га киритилган оилаларга кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
"Камбағал оилалар реестри"га киритилган оилалар (кейинги ўринларда - камбағал оилалар) томонидан аризалар бериш ва уларни кўриб чиқиш тартиби;
аризаларни кўриб чиқиш ва скоринг баҳолаш ҳамда улар бўйича хулоса бериш тартиби;
тижорат банклари томонидан камбағал оилаларга кредит ажратиш ва уларнинг мониторингини юритиш тартиби.
2. Белгилансинки:
ноутбук ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кичик ишлаб чиқариш ускуналари, кўчма дўконлар (food truck), мотороллер, скутер ва шу каби бошқа асосий воситаларни сотиб олиш учун гаровсиз кредитлар Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари ягона электрон платформаси - "Oilakredit.uz" орқали ажратилади;
тижорат банклари томонидан камбағал оилаларга ажратиладиган кредитлар бўйича Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасидаги фоиз ставкасида фоиз тўловлари ҳисобланади ва ушбу фоиз тўловлари Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармасига Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан тижорат банкларига қоплаб борилади;
камбағал оилаларга кредитлар ажратиш учун Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида аввалги йилларда ажратилган кредитларнинг сўндирилиши ҳисобидан 2025 йилда жами 250 млрд сўм йўналтирилади.
3. Марказий банк Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда ахборот тизимлари интеграцияси ва маълумот алмашинувини таъминласин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳамда тижорат банклари билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситаларида ва аҳоли орасида кенг ёритилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2025 йил 2 октябрь