ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Октябрь, 2025 й. / Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари / Ривожлантириш ва ислоҳотлар дастурлари /

"Камбағал оилалар реестри"га киритилган оилаларга кредитлар ажратиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.09.2025 й. 612-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Вазирлар Маҳкамасининг

2025 йил 30 сентябрдаги

612-сон қарорига

ИЛОВА



"Камбағал оилалар реестри"га

киритилган оилаларга кредитлар

ажратиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастури (кейинги ўринларда - дастур) доирасида АТ "Халқ банки" ва "Микрокредитбанк" АТБ (кейинги ўринларда - тижорат банклари) томонидан камбағал оилаларга ноутбук сотиб олиш ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кичик ишлаб чиқариш ускуналари, кўчма дўконлар (food truck), мотороллер, скутер ва шу каби бошқа асосий воситаларни сотиб олиш учун кредитлар ажратиш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


бириктирилган раҳбарлар - энг оғир аҳволдаги камбағал оилаларга бириктирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ташкилотларининг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари;


камбағал оила аъзолари - "Камбағал оилалар реестри"га киритилган жисмоний шахснинг оила аъзолари;


маҳсулот етказиб берувчи - маркетплейс тизимида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиб, қарз олувчи томонидан танланган товарларни етказиб берувчи тадбиркорлик субъектлари;


маркетплейс тизими - платформада ажратиладиган кредитлар ҳисобидан товарларни (ишларни, хизматларни) бозор тамойиллари асосида эркин сотиб олиш ёки сотиш хизматларини таклиф қилиш ҳамда қарз олувчилар томонидан маҳсулот етказиб берувчиларни мустақил танлаш имкониятини берадиган электрон савдо майдони;


платформа - дастур доирасидаги кредитларнинг тўлиқ рақамлашган ҳолда ажратилишини таъминлайдиган Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг Ягона электрон платформаси (Oilakredit.uz);


хулоса - бириктирилган раҳбарлар қарз олувчининг аризасига асосан жойига чиққан ҳолда, унинг имкониятлари, шароитлари ҳамда етарли билим ва тажрибасини ўрганиш орқали кредит ажратиш ёки ажратишни рад этиш тўғрисидаги хулосаси;


қарз олувчи - "Камбағал оилалар реестри"га киритилган тадбиркорлик фаолиятини бошлаш орқали ўзини ўзи банд қилиш истагидаги жисмоний шахслар.


3. Тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлар учун ҳисобланган фоизлар Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.


4. Дастур доирасида лойиҳаларни молиялаштириш учун кредитлар фақат платформа орқали ажратилади.

Дастур доирасидаги кредитлар юзасидан аризаларни платформа орқали белгиланган тартибда кўриб чиқмасдан камбағал оила аъзосига товарларни марказлашган тартибда олиб келиш ва тарқатиш тақиқланади.


5. Платформа фаолияти давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар ахборот тизимларининг марказий маълумотлар базалари ва идентификациялашнинг ягона тизими билан интеграциялашуви асосида ташкил этилади.



2-БОБ. ПЛАТФОРМА ОРҚАЛИ

АРИЗАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


6. Дастур доирасида кредит аризалари қарз олувчи томонидан мустақил равишда ёки, зарур ҳолларда, "маҳалла еттилиги" кўмаги асосида платформа орқали тақдим этилади. Бунда аризалар оилавий тадбиркорлик дастури доирасида тижорат банкларига тақсимланган маҳаллалар бўйича юборилади.


7. Қарз олувчининг тегишлилиги бўйича талабларга жавоб бериши ("Камбағал оилалар реестри"га киритилгани, индивидуал режа тузилгани) "Online-mahalla.uz" электрон платформаси орқали текширилади.


8. Кредит ажратиш тўғрисидаги аризалар барча босқичларда платформада онлайн кўриб чиқилади ва ҳар бир босқичда қабул қилинган қарор тўғрисида платформа орқали (телеграм бот, СМС-хабарнома, электрон почта ёки шахсий кабинет) маълумот бериб борилади.


9. Қарз олувчига дастур доирасида кредит ҳужжатлари расмийлаштирилишида бириктирилган раҳбарларнинг хулосаси асос ҳисобланади.

Бунда тижорат банклари томонидан кредит қайтмаслик хатари суғурта полиси учун тўланадиган маблағлар Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан мазкур кредитлар фоизи учун келиб тушадиган маблағлардан қоплаб борилади.

Тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитларнинг қайтмаслик хатари суғурталанганда, суғурта тўлови йиллик 0,5 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда ҳисобланади.


10. Дастур доирасида ажратиладиган имтиёзли кредитлардан самарали фойдаланилиши ва ўз вақтида сўндирилиши юзасидан бириктирилган раҳбарлар "маҳалла еттилиги" ва тижорат банклари билан биргаликда доимий мониторинг ва назорат тизимини ўрнатади.



3-БОБ. СКОРИНГ БАҲОЛАШ


11. Платформа орқали аризалар белгиланган мезонлар асосида скоринг баҳолаш натижаларига кўра бир иш кунида автоматлаштирилган ҳолда кўриб чиқиш учун қабул қилинади.


12. Қуйидаги ҳолларда қарз олувчининг аризаси платформа томонидан скоринг маълумотлари асосида автоматик равишда рад этилади:

"Камбағал оилалар реестри"га киритилмаган фуқаролар томонидан ариза берилганда;

қарз олувчининг платформада аввал берилган аризаси кўриб чиқиш жараёнида бўлганда;

18 ёшга тўлмаган фуқаро номидан ариза берилганда;

Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига эга бўлмаган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан ариза берилганда;

муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган ёхуд меҳнатга лаёқатсиз фуқаро номидан ариза берилганда;

қарз олувчининг дастур доирасида тўлиқ қайтарилмаган кредити мавжуд бўлганда;

қарз олувчининг банк ёки микрокредит ташкилотларидан олинган кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлганда;

аввал ажратилган кредитлардан мақсадсиз фойдаланилганда;

камбағал оилаларга кўмак чоралари бўйича ижтимоий шартномада белгиланган мажбуриятларини бажармаётган фуқаролар томонидан ариза берилганда;

салбий кредит тарихига эга бўлганда (охирги 2 йил давомидаги кредит тарихи инобатга олинади).


13. Скоринг натижасига кўра қарз олувчининг ижобий баҳоланган аризаси кўриб чиқиш учун бириктирилган раҳбарларга платформа орқали келиб тушади.


14. Скоринг ҳисоблаш методикаси бўйича маълумотлар платформада эълон қилинади ҳамда заруратга кўра киритилган ўзгартиришлар асосида доимий равишда янгилаб борилади.



4-БОБ. БИРИКТИРИЛГАН РАҲБАР

ТОМОНИДАН ХУЛОСА БЕРИШ


15. Бириктирилган раҳбар қарз олувчининг аризасига асосан беш иш куни мобайнида жойига чиққан ҳолда, унинг фаолият тури бўйича шарт-шароитлари, имконияти ва етарли кўникмаси мавжудлигини ўрганади, ўрганиш натижаси бўйича фотоҳисобот ва кредит ажратиш ёки ажратишни рад этиш тўғрисидаги хулосани платформага жойлаштиради.


16. Бириктирилган раҳбар хулосани беришдан аввал амалга оширилаётган лойиҳанинг ўзига хос хусусиятлари ва мавсумийлигини инобатга олган ҳолда қарор қабул қилиш ваколатига эга.


17. Қуйидаги ҳолларда ижобий хулоса берилмайди:

лойиҳани амалга ошириш учун қарз олувчида шарт-шароит мавжуд бўлмаганда;

ариза берувчи номидан бошқа фуқаро кредит олишни мақсад қилгани аниқланганда;

21-бандда кўрсатилган йўналишлардан ташқари бошқа мақсадлар учун ариза берилганда;

қонунчиликка зид бўлган фаолият амалга оширилиши аниқланганда.


18. Бириктирилган раҳбар томонидан кредит ажратишни рад этиш тўғрисидаги хулосада унинг сабаблари кўрсатилиши зарур.

Ушбу Низомнинг 16-бандида кўрсатилган сабаблардан ташқари бошқа асосларга кўра кредит ажратишни рад этишига йўл қўйилмайди.

Бириктирилган раҳбарнинг ижобий хулосаси асосида қарз олувчининг аризаси кўриб чиқиш учун платформа орқали тижорат банкига тақдим этилади.


19. Тижорат банкида етарли ресурс маблағлари мавжуд бўлмаган тақдирда, бириктирилган раҳбар томонидан аризалар аввал берилган кредитларнинг сўндирилиши ҳамда қўшимча маблағлар ажратилиши ҳисобидан ресурс шакллантирилгунга қадар платформада электрон навбат асосида юритилади ва бу борада қарз олувчига тегишли маълумотлар берилади.


20. Бириктирилган раҳбар камбағал оила аъзоларига ажратиладиган кредит маблағлари ҳисобидан ноутбук ёки асосий воситалар олиб берилишини таъминлайди ҳамда унинг мақсадли ва самарали ишлатилишини таъминлаш мақсадида ушбу раҳбар ёки ташкилотнинг ишончли вакили ҳар чоракда лойиҳа амалга оширилаётган ҳудудга бориб ўрганиб, натижалари тўғрисида платформада электрон далолатнома тузиб боради.



5-БОБ. ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ

ТОМОНИДАН КРЕДИТ АЖРАТИШ


21. Қарз олувчиларга кредитлар Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги фоиз ставкасида устама ҳақ тўлаш шарти билан:

15 миллион сўмгача бўлган қийматдаги бир дона ноутбук сотиб олиш учун 5 йилгача муддатга 2 йил имтиёзли давр билан;

тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун қиймати 30 миллион сўмгача бўлган кичик ишлаб чиқариш ускуналари, кўчма дўконлар (food truck), мотороллер, скутер ва шу каби бошқа асосий воситаларни сотиб олиш учун 5 йилгача муддатга бўлиб тўлаш шарти билан ажратилади.

Бунда ҳисобланган фоизлар Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банкларига қоплаб берилади.


22. Тижорат банклари томонидан қарз олувчиларга ажратиладиган кредитлар бўйича муддати ўтган карздорликлар учун оширилган ва (ёки) қўшимча фоизлар ҳамда неустойка (жарима, пеня) ҳисобланмайди.

Қарз олувчилар асосий қарзни кредит шартномасида белгиланган муддатлардан олдин қайтаришга ҳақлидир. Бунда тижорат банки қарз олувчидан кредит бўйича асосий қарзни кредит шартномасида белгиланган муддатлардан олдин қайтаргани учун комиссия ёки неустойка олиши тақиқланади.


23. Тижорат банкларига кредит олиш учун тақдим этилган ҳужжатларда ушбу Низом талаблари бўйича номутаносиблик, хато ва камчилик аниқланганда, кредит ажратилиши рад этилади ва бу тўғрисида бириктирилган раҳбар ҳамда қарз олувчи платформа орқали хабардор қилинади.


24. Қарз олувчи 10 кун муддат ичида ҳужжатлардаги номутаносиблик, хато ва камчиликларни бартараф этиб, уларни тижорат банкига қайтадан тақдим этиши мумкин.

Тақдим этилган ҳужжатларнинг рад этилиши учун асос бўлган камчиликлар қарз олувчи томонидан белгиланган муддат ичида бартараф этилиб, тижорат банкига тақдим қилинганда, ҳужжатларни кўриб чиқиш қарз олувчининг дастлаб тақдим этган аризаси асосида давом эттирилади.


25. Тижорат банклари томонидан кредит ажратиш тўғрисидаги қарор уч иш кунидан кеч бўлмаган муддатда қабул қилинади, ҳужжатлар электрон кўринишда шакллантирилади ва имзоланади.

Қарз олувчи, банк томонидан имзоланган ҳолда тақдим этилган кредит шартномасини 10 кун мобайнида имзоламаса, унинг кредит олиш тўғрисидаги аризаси рад этилади.

Тижорат банки томонидан кредит ажратиш рад этилганда, бу ҳақидаги қарор рад этилиши сабаблари кўрсатилган ҳолда платформага жойлаштирилади.


26. Тижорат банклари томонидан кредит ажратиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганда, қарз олувчига кредит ҳисобидан сотиб олинадиган маҳсулотларни маркетплейс тизимидан танлаш ҳақида СМС-хабарнома юборилади.


27. Тижорат банки ва қарз олувчи ўртасида кредит шартномаси имзолангандан сўнг кредит таъминотчи ҳисобварағига пул кўчириш орқали ўтказилганда, маркетплейс тизими билан ишлаш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 июлдаги 373-сон қарори билан тасдиқланган Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси орқали кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом талаблари асосида амалга оширилади.

Қарз олувчига кредит нақд пулда ёки алоҳида очилган банк картаси орқали ажратилганда, тижорат банклари ушбу Низомда белгиланган тартиб ва дастур доирасида қарз олувчиларга ажратиладиган кредитлардан келиб чиққан ҳолда платформа хизматлари учун оммавий оферта талаблари асосида ҳақ тўланишини таъминлайди.


28. Дастур доирасида ажратиладиган кредитлар ва уларга ҳисобланган фоиз миқдори платформада онлайн шаклланиб боради.

Бунда кредит бўйича фоизлар қарз олувчи томонидан маҳсулот қабул қилиниб, кредит шартномасига асосан ҳақиқатда тўлаб бериладиган маблағ учун ҳисобланади.



6-БОБ. МАҲСУЛОТ ЕТКАЗИБ

БЕРИШ ТАРТИБИ


29. Маҳсулот етказиб берилгандан сўнг уларни топшириш-қабул қилиш мақсадида маҳсулот етказиб берувчи томонидан платформанинг ўзида электрон ҳисоб-фактура расмийлаштирилади. Қарз олувчи маҳсулотни қабул қилиб олиб, ундан қаноат ҳосил қилганидан сўнг электрон ҳисоб-фактурани имзолайди.

Бунда қарз олувчига товарлар фискал белгили касса чеки асосида етказиб берилади.


30. Ҳисоб-фактура имзолангани тўғрисида бириктирилган раҳбарга платформа орқали хабар берилади. Бириктирилган раҳбар уч иш кунида жойига чиққан ҳолда, товарлар ҳақиқатан етказиб берилгани ёки берилмагани тўғрисида платформада фотоҳисобот шаклида электрон далолатнома тузади.


31. Тижорат банкларига тўлиқ имзоланган электрон ҳисоб-фактура ҳамда бириктирилган раҳбар томонидан тасдиқланган электрон далолатнома ушбу маҳсулотлар учун тўловни амалга оширишга асос бўлади.

Қарз олувчи талабига кўра сотиб олинадиган маҳсулот бўйича тўловлар маҳсулот етказиб бериш шартномасида тарафларнинг келишувига мувофиқ белгиланади.


32. Етказиб берилган маҳсулот учун тўловлар банк томонидан уч банк иш кунида маҳсулот етказиб берувчига пул ўтказиш орқали билан амалга оширилади. Шундан сўнг маҳсулот етказиб берувчининг закалат суммасидан маркетплейс тизимининг хизмати учун белгиланган тўлов оммавий офертага асосан автоматик тарзда ундирилади ва закалат суммасининг қолдиқ қисми маҳсулот етказиб берувчига қайтариб берилади.


33. Бириктирилган раҳбар томонидан маҳсулот етказиб берилмагани тўғрисида электрон далолатнома расмийлаштирилганда, қарз олувчи ва маҳсулот етказиб берувчи ўртасида тузилган шартнома шартлари тўлиқ бажарилиши ёки шартнома бекор қилиниши бўйича зарур чоралар кўради.


34. Маҳсулот етказиб берувчи томонидан шартнома шартлари тўлиқ бажарилганда, бириктирилган раҳбар уч иш кунида жойига чиққан ҳолда такроран ўрганиш ўтказади ва платформада фотоҳисобот шаклида такроран электрон далолатнома тузади.

Маҳсулот етказиб берувчи томонидан маҳсулотлар етказиб берилмаганлик ҳолати такрорланса, бириктирилган раҳбар хулосани бекор қилиш бўйича электрон далолатнома расмийлаштиради ва платформа орқали кредит шартномаси автоматик тарзда бекор қилинади.

Маҳсулот етказиб берувчиларни маркетплейс тизимида иштирок этишдан четлатиш ва Ноҳалол таъминотчилар реестрига киритиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 июлдаги 373-сон қарори билан тасдиқланган Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси орқали кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом талаблари асосида амалга оширилади.



7-БОБ. КАМБАҒАЛЛИКНИ ҚИСҚАРТИРИШ

ДАВЛАТ МАҚСАДЛИ ЖАМҒАРМАСИ МАБЛАҒЛАРИ

ҲИСОБИДАН ТИЖОРАТ БАНКЛАРИГА

ҲИСОБЛАНГАН ФОИЗЛАРНИ ҚОПЛАБ

БЕРИШ ТАРТИБИ


35. Қарз олувчиларга тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитларига Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасидаги фоиз ставкасида устама ҳақ ҳисобланади.


36. Ҳисобланган фоиз бўйича устама ҳақи миқдори ҳар ойнинг якуни билан, тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредит ва унга ҳисобланадиган фоизлар бўйича кейинги ойнинг 5-санасига қадар тақдим этилган рўйхат асосида 10-санасига қадар эса Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади (ушбу Низомнинг 22-бандига мувофиқ муддати ўтган карздорликлар юзасидан оширилган ва (ёки) қўшимча фоизлар ҳамда неустойка (жарима ва пенялар) ҳисобланмайди, шунингдек, Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармасидан қоплаб берилмайди).



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


37. Дастур доирасида ажратиладиган кредитлардан бошқа мақсадда фойдаланилганлик ҳолатлари аниқланган тақдирда, тижорат банклари белгиланган тартибда кредитларни муддатидан олдин ундириш ҳуқуқига эга.


38. Қарз олувчи томонидан тижорат банкидан олинган кредит қарздорликни қайтариш жадвалига мувофиқ 90 кундан ортиқ муддат тўланмаган тақдирда, қонунчиликда белгиланган тартибда ундирилади.


39. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

     

          




Низомга

ИЛОВА



"Камбағал оилалар реестри"га киритилган

оилаларга кредитлар ажратиш

СХЕМАСИ

               

      

Босқичлар

      


    

Субъектлар

    


    

Тадбирлар

     


      

Бажариш

муддатлари

    








1-босқич


Қарз олувчи


        

"Oilakredit.uz" Ягона электрон платформаси орқали ариза қолдиради

       


Хоҳишига кўра








2-босқич


Платформа


       

Аризалар белгиланган тартибда автоматик скоринг баҳолашдан ўтказилади

         


1 иш кунида








3-босқич


Бириктирилган

раҳбар


    

Жойига чиққан ҳолда кредитни ажратиш ёки ажратишни рад этиш тўғрисида хулоса беради

         


5 иш кунида








4-босқич


Тижорат банки


          

Кредит ажратиш тўғрисида қарор қабул қилади

         


3 иш кунида








5-босқич


     

Маҳсулот етказиб

берувчи ва қарз

олувчи

        


Маҳсулот сотиб олиш бўйича шартнома тузади


15 иш кунида








6-босқич


         

Маҳсулот етказиб

берувчи

     


Қарз олувчига маҳсулот етказиб беради


10 кунда








7-босқич


Бириктирилган

раҳбар


      

Маҳсулот етказилгани тўғрисида электрон далолатнома тузади

        


3 иш кунида








8-босқич


Тижорат банки


           

Етказиб берилган маҳсулот учун тўловни амалга оширади

         


3 иш кунида

         

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2025 йил 2 октябрь













































































Время: 0.1136
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск