ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Октябрь, 2025 й. / Айрим тармоқларнинг фаолияти / Қишлоқ хўжалиги /Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.09.2025 й. 613-сон қарорига илова)
Вазирлар Маҳкамасининг
2025 йил 30 сентябрдаги
ИЛОВА
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган
ер участкаларига ижара ҳуқуқини кредит
таъминоти сифатида гаровга қўйиш
тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1. Ушбу Низом ижара ҳуқуқи асосида давлат рўйхатидан ўтказилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини (кейинги ўринларда - ер участкасига ижара ҳуқуқи) банклар ва микромолия ташкилотларида (кейинги ўринларда - кредит ташкилоти) кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ер участкаси - ер фондининг қайд этилган чегарага, майдонга, жойлашиш манзилига, ҳуқуқий режимга ҳамда давлат ер кадастрида акс эттириладиган бошқа хусусиятларга эга бўлган қисми;
ижарага берувчи - туман (шаҳар) ҳокимликлари ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ер участкасига ижара ҳуқуқини беришга ваколатли давлат органлари;
ижарага олувчи - ер ўзига ижара ҳуқуқи асосида бириктирилган ва ер участкаси мавжуд бўлган юридик ёки жисмоний шахс (фермер хўжалиги, агрокластер, кооперация, деҳқон хўжалиги ва бошқа тадбиркорлик субъектлари);
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари - қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун фойдаланиладиган ер участкалари.
3. Ижарага олувчи фақат қонунчиликда ёки ижара шартномасида назарда тутилган ҳоллардагина ер участкасига бўлган ўз ижара ҳуқуқларини ижарага берувчининг розилигисиз гаровга қўйишга ҳақли.
4. Ер участкасига ижара ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда гаров объекти бўлиши мумкин эмас:
иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ижара ҳуқуқи бекор қилинган ёки низоли бўлган (судлашилаётган, суриштирув ёки тергов ҳаракатлари олиб борилаётган) ер участкалари;
ер участкасининг ижара шартномасида гаровга қўйишни тақиқловчи ҳолатлар назарда тутилган ер участкалари;
ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилмаган ер участкалари;
ижара шартномасида ижарага бериш муддати тугаган ер участкалари;
давлат рўйхатидан ўтказилган ер участкасида ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаси мавжуд бўлса;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ер участкаси ёки унга бўлган ҳуқуқларни гаровга қўйиш мумкин бўлмаган бошқа ҳолларда.
5. Ер участкасига ижара ҳуқуқини гаровга олган ҳолда кредит бериш тартиби кредит ташкилоти томонидан ички қоидаларга мувофиқ мустақил белгиланади.
6. Кредит ташкилоти томонидан кредит таъминоти сифатида ижара ҳуқуқи ер участкасининг ижарага бериш муддати ва ер участкасининг бозор қийматидан келиб чиқиб гаровга олинади.
Бунда гаровга қўйилаётган ер участкасининг ижара ҳуқуқи муддати кредитни қайтариш муддатидан камида беш йилдан ортиқ бўлиши лозим.
7. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасига ижара ҳуқуқининг қиймати баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ баҳолаш орқали белгиланади.
8. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш тартиби ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
2-БОБ. ЕР УЧАСТКАСИГА ИЖАРА ҲУҚУҚИНИ
ГАРОВГА ҚЎЙИШНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ
9. Гаров сифатида таклиф қилинаётган ер участкасига ижара ҳуқуқи режасини тузиш ва гаровга бериладиган қисмини ажратиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда "Ўздаверлойиҳа" давлат илмий-лойиҳалаш институтининг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.
10. Ер участкасига ижара ҳуқуқини гаровга қўйиш тўғрисидаги шартномада баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланган ер участкасига ижара ҳуқуқининг қиймати кўрсатилиши керак.
11. Ер участкасига ижара ҳуқуқини гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома ёзма шаклда тузилади ва давлат рўйхатидан ўтказилади ҳамда белгиланган тартибда нотариал тасдиқланади.
12. Ер участкасига ижара ҳуқуқи гаровини давлат рўйхатидан ўтказиш кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиали томонидан амалга оширилади.
13. Гаров ҳуқуқи ер участкасига ижара ҳуқуқини гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.
14. Ер участкасига ижара ҳуқуқи универсал ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсга ўтган тақдирда, гаров ҳуқуқи ўз кучида қолади.
Агар гаровга олувчи билан келишувда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, гаровга қўювчининг ҳуқуқий вориси унинг ўрнига ўтади ва гаровга кўювчининг ҳамма мажбуриятларини бажаради.
15. Гаровга қўйилган ер участкасига ижара ҳуқуқи гаровга олувчининг барча талаблари қаноатлантирилгандан кейингина қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бегоналаштирилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига мувофиқ ер участкасига ижара ҳуқуқи бекор қилинганда, кредит ташкилоти берилган кредитлар ҳамда унга ҳисобланган фоизлар ва пеняларни муддатидан олдин гаровга қўювчининг бошқа мол-мулки ҳисобидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ундириб олишга ҳақли.
Гаровга қўйилган ер участкасига ижара ҳуқуқи олиб қўйилганда, кредит ташкилоти қарз олувчига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш сифатида олинган суммадан ўз талабини қаноатлантиришда имтиёзли ҳуқуққа эга.
ТАЛАБЛАРИНИ ҚАНОАТЛАНТИРИШ
16. Ер участкасига ижара ҳуқуқини гаровга қўювчи тугатилганда, гаровга олувчи гаров нарсасига муддатидан олдин ундирув қаратиш ҳуқуқига эга.
17. Кредит ташкилоти ўз талабларини гаровга қўйилган ер участкасининг ижара ҳуқуқи ҳисобидан, шунингдек, қарз олувчининг бошқа мол-мулки ҳисобидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қаноатлантиришга ҳақли.
18. Ундирув қаратилган ер участкасига ижара ҳуқуқи қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва шартлар асосида, электрон онлайн-аукцион савдо шаклидаги очиқ кимошди савдосида сотиш орқали мажбурий равишда реализация қилинади.
Бунда электрон онлайн-аукцион савдоларида яшаш жойидан (жойлашган ери), ташкилий-ҳуқуқий шаклидан, бошқа ер участкаси мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар, барча юридик ва жисмоний шахслар (резидентлар) иштирок этиши мумкин.
19. Гаровга қўйилган, суддан ташқари тартибда ундирув қаратилган ер участкасига ижара ҳуқуқи бевосита сотиш орқали ёки қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа битимлар орқали реализация қилиниши мумкин.
20. Кредитнинг таъминоти сифатида гаровга қўйилган ер участкасига ижара ҳуқуқини реализация қилишдан олинадиган маблағлар кредит қарздорлигини қоплаш учун етарли бўлмаганда ва (ёки) реализация қилинмаганда, кредит ташкилоти қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қарздорнинг бошқа мол-мулки ҳисобидан ундириш ҳуқуқига эга.
21. Гаровга қўйилган ер участкасига ижарага ҳуқуқи қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда реализация қилинганда ёки кредит ташкилотининг балансига қабул қилинганда, кредит ташкилоти томонидан ажратилган кредит қопланишидан ортган қисми гаровга қўювчига қайтариб берилади.
22. Мазкур Низом билан тартибга солинмаган муносабатлар амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тартибга солинади.
23. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
ИЛОВА
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган
ер участкаларига ижара ҳуқуқини кредит
таъминоти сифатида гаровга қўйиш
СХЕМАСИ
Босқичлар
|
Субектлар
|
Тадбирлар
|
Ижро муддати
|
|||
1-босқич |
Ер участкасини ижарага олувчи |
Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда гаровга таклиф қилинаётган ер участкасига ижара ҳуқуқи режасини тузиш учун "Ўздаверлойиҳа" давлат илмий-лойиҳалаш институтининг ҳудудий бўлинмаларига мурожаат қилади.
|
Ихтиёрий равишда |
|||
2-босқич |
"Ўздаверлойиҳа" давлат илмий-лойиҳалаш институтининг ҳудудий бўлинмалари
|
Гаров сифатида таклиф қилинаётган ер участкасига ижара ҳуқуқи режасини тайёрлайди ва гаровга бериладиган қисмини ажратади. |
Белгиланган муддатда |
|||
3-босқич |
Баҳоловчи ташкилот |
Ер участкасига ижара ҳуқуқининг қийматини баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ баҳолайди.
|
Белгиланган муддатда |
|||
4-босқич |
Кредит ташкилоти |
Ер участкасига ижара ҳуқуқини гаров сифатида расмийлаштиради.
|
Белгиланган муддатда |
|||
5-босқич |
Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиали
|
Ер участкасига ижара ҳуқуқи гаровга қўйиш шартномасини давлат рўйхатидан ўтказади. |
Белгиланган муддатда |
|||
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2025 йил 2 октябрь