ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Декабрь, 2025 й. / Меҳнат қонунчилиги асослари /Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг 01.12.2025 й. 27-сон "Хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги аварияларни техник жиҳатдан текшириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги Қарори (АВ томонидан 11.12.2025 й. 2558-4-сон билан рўйхатга олинган)
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН
РЎЙХАТГА ОЛИНГАН
11.12.2025 й.
N 2558-4
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ
САНОАТ, РАДИАЦИЯ ВА ЯДРО ХАВФСИЗЛИГИ
ҚЎМИТАСИНИНГ
01.12.2025 й.
N 27
ҚАРОРИ
Хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги аварияларни
техник жиҳатдан текшириш тартиби тўғрисидаги
низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги ПФ-79-сон "Ер қаъридан фойдаланиш, саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги ҳамда атом энергиясидан фойдаланиш соҳаларида давлат бошқаруви ва назорати тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда 2024 йил 24 майдаги ПҚ-187-сон "Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг 2014 йил 9 январдаги 5-сон буйруғи (рўйхат рақами 2558, 2014 йил 3 февраль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 6-сон, 69-модда) билан тасдиқланган Хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги аварияларни техник жиҳатдан текшириш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Қўмита раиси А.В. Рафиқов
ИЛОВА
Хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги аварияларни
техник жиҳатдан текшириш тартиби тўғрисидаги
низомга киритилаётган ўзгартиришлар
1. 3-банднинг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларини, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекциясини, саноат хавфсизлиги соҳасида айрим ваколатларга эга бўлган бошқа давлат органларини (Қорақалпоғистон Республикаси фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти фавқулодда вазиятлар бош бошқармалари, вилоятлар фавқулодда вазиятлар бошқармалари, қутқарув хизматлари ва бошқалар), маҳаллий давлат ҳокимияти органларини, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва аҳолини хавфли ишлаб чиқариш объектидаги авария тўғрисида ўз вақтида белгиланган тартибда хабардор қилиши;".
2. 6-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"6. Хавфли ишлаб чиқариш объектидаги авария сабабларини техник жиҳатдан текшириш тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раисининг ёки Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси бошлиғининг буйруғи билан ташкил этиладиган ва Қўмита ёки Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси вакили бошчилик қиладиган Хавфли ишлаб чиқариш объектидаги авария сабабларини техник жиҳатдан текширувчи комиссия (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) томонидан амалга оширилади.".
3. 10-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"10. Аварияни техник жиҳатдан текшириш муддати хавфли ишлаб чиқариш объектидаги авария сабабларини техник жиҳатдан текшириш бўйича тегишли буйруқ қабул қилинган кундан бошлаб 15 кундан ошмаслиги лозим. Юз берган аварияни қўшимча равишда ўрганиш талаб этилган ҳолларда, техник жиҳатдан текшириш муддати Комиссия раисининг асослантирилган ёзма мурожаатига асосан тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раиси ёки Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи томонидан текшириш муддати қўшимча равишда 15 кунгача узайтирилиши мумкин.".
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2025 йил 12 декабрь