ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Июнь, 2026 й. / Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари / Алоҳида соҳалар фаолиятини ташкил этиш /Ўзбекистон Республикаси Президентининг 08.06.2026 й. ПҚ-214-сон "Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчилари ва айрим фуқаро ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
08.06.2026 й.
N ПҚ-214
ҚУРОЛЛИ КУЧЛАР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАРИ ВА
АЙРИМ ФУҚАРО ХОДИМЛАРИНИНГ ИЖТИМОИЙ
ҲИМОЯСИНИ КУЧАЙТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН
ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Тураржой билан таъминланмаган ҳарбий хизматчиларнинг тураржой таъминотини яхшилаш ҳамда мудофаа ишлари органлари фуқаро ходимларининг иш ҳақи миқдорини ошириш орқали уларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш мақсадида ҚАРОР ҚИЛАМАН:
1. 2026 йил 10 июндан бошлаб Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ҳарбий хизматчиларга тураржойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун тўланадиган ҳар ойлик пул компенсацияси миқдори 25 фоизга оширилсин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри мудофаа ишлари бошқармалари ҳамда туманлар (шаҳарлар) мудофаа ишлари бўлимлари штатидаги (штат жадвалидаги) фуқаро ходимларнинг (чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик раҳбарлари бундан мустасно) иш ҳақи миқдори 2026 йил 10 июндан бошлаб 20 фоизга, 2027 йил 1 январдан бошлаб эса 50 фоизга оширилсин.
Бунда фуқаро ходимларнинг тариф ставкаларини ҳисоблаш амалдаги меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари (меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси) бўйича тариф коэффициентларини тегишлича 2026 йил 10 июндан эътиборан 1,2 бараварга, 2027 йил 1 январдан эътиборан 1,7 бараварга кўпайтириш орқали амалга оширилсин.
3. Белгилансинки, ушбу қарорни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар 2026 йилда Давлат бюджетидан қўшимча маблағлар ажратиш, 2027 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутиш ҳисобидан молиялаштирилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 30 июндаги "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларини ижтимоий муҳофаза қилишни таъминлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-112-сон қарорининг 1-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"1. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг контракт бўйича хизмат қилаётган, амалдаги сарф-харажатлар (коммунал хизматлар ҳақи бундан мустасно) доирасида тураржой билан таъминланмаган оддий аскар, сержант ва офицерлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларига тураржойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун:
Тошкент шаҳрида - базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 бараваригача миқдорда;
Самарқанд шаҳрида - базавий ҳисоблаш миқдорининг 4,5 бараваригача миқдорда;
Нукус шаҳри ва бошқа вилоятлар марказларида - базавий ҳисоблаш миқдорининг 3,6 бараваригача миқдорда;
Ўзбекистон Республикасининг бошқа шаҳарлари, туман марказлари ва аҳоли пунктларида - базавий ҳисоблаш миқдорининг 2,4 бараваригача миқдорда ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари белгилансин.
Оила аъзолари уч киши ва ундан ортиқ бўлган тақдирда, ҳарбий хизматчиларнинг ушбу пул компенсацияси миқдорлари 50 фоизга оширилади.
Ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари миқдори ҳудудлар кесимида тураржой ижарасининг бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда ҳар йили Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгилаб борилади. Бунда тураржой ижарасининг бозор нархларини қайта белгилашда Солиқ қўмитасининг ҳар йили 1 октябрь ҳолатига кўра солиқ органлари автоматлаштирилган ахборот тизимига ҳисобга қўйилган кўчмас мулк ижара шартномаси бўйича берган маълумоти асос ҳисобланади. Тураржой ижарасининг бозор қиймати мазкур бандда кўрсатилган ҳар ойлик компенсация меъёрларидан кам миқдорларни ташкил этса, ҳар ойлик компенсациянинг ушбу қарорда белгиланган меъёрлари ўзгартирилмайди ва уни ўзгартириш ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилингунига қадар тўланади".
5. Мудофаа вазирлиги уч ой муддатда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
6. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2026 йил 9 июнь