язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Электрон рақамли имзо. Электрон ҳужжат айланиши/ Электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 26.09.2005 й. 215-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2005 йил 26 сентябрдаги

215-сон қарорига

1-ИЛОВА



Электрон рақамли имзолар калитларини

рўйхатга олиш марказларини давлат

рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Электрон рақамли имзо тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган ва электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш маркази (кейинги ўринларда матнда "Рўйхатга олиш маркази" деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида (кейинги ўринларда матнда "Рўйхатга олиш органи" деб юритилади) давлат рўйхатидан ўтган юридик шахс ҳисобланади.

3. Рўйхатга олиш марказини давлат рўйхатидан ўтказиш:

аризани кўриб чиқишни ва Рўйхатга олиш марказини давлат рўйхатидан ўтказиш ёки давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилишни;

давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома беришни;

Рўйхатга олиш марказининг ваколатли шахсларига электрон рақамли имзолар калитлари сертификатларини беришни ўз ичига олади.



II. РЎЙХАТГА ОЛИШ МАРКАЗИНИ ДАВЛАТ

РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА АРИЗА

БЕРИШ ВА УНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


4. Рўйхатга олиш марказини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ариза берувчи Рўйхатга олиш органига 1-иловага мувофиқ шакл бўйича ариза берувчи ташкилотнинг раҳбари имзоси ва муҳри билан тасдиқланган рўйхатга олиш тўғрисидаги аризани юборади.

Рўйхатга олиш марказини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинади:

ариза берувчи ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

ариза берувчи ташкилотнинг раҳбари тўғрисидаги маълумотлар;

Рўйхатга олиш органи билан ўзаро алоқа қилиш танланган шахсга ишонч хати;

Рўйхатга олиш марказининг ахборот хавфсизлиги талабларини ўз ичига оладиган унинг ахборот тизими бўйича лойиҳа ҳужжатлари;

очиқ калит (агар у мавжуд бўлса) ва унинг қўлланиш соҳаси тўғрисидаги маълумот.

Рўйхатдан ўтказувчи орган Рўйхатга олиш марказини давлат рўйхатидан ўтказиш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотларни белгиланган тартибда ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан электрон тарзда мустақил равишда олади, ушбу бандда назарда тутилган ҳужжатлар ва ахборотлар бундан мустасно.

5. Ариза берувчи:

сертификатлар, лицензиялар ва бошқа техник ҳужжатларни илова қилган ҳолда белгиланган сертификацияланган аппарат ва лицензия дастурий воситалари рўйхатини тақдим этишга;

ахборот хавфсизлиги, техника хавфсизлиги талабларига ва ёнғинга қарши талабларга жавоб берадиган зарур хоналарга эга бўлишга;

махфий ахборотнинг сақланишини ва рухсат берилмаган фойдаланишдан ҳимоя қилишни таъминлашга мажбурдир.


6. Ариза берувчи аризада кўрсатилган фаолият тури бўйича ишларни олиб бориш учун зарур шарт-шароитлар мавжудлигини ҳамда фаолиятни амалга ошириш ваколати берилган шахсларнинг касбий яроқлилигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиш ҳуқуқига эгадир.


7. Рўйхатга олиш органи рўйхатга олиш тўғрисида ариза олинган кундан бошлаб бир ой муддатда аризани кўриб чиқади ва тақдим этилган маълумотлар асосида Рўйхатга олиш марказини давлат рўйхатидан ўтказиш ёки давлат рўйхатидан ўтказиш рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


8. Аризани кўриб чиқиш жараёнида Рўйхатга олиш органи давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун зарур бўлган бошқа ахборотни талаб қилиши мумкин.


9. Рўйхатга олиш маркази давлат рўйхатидан ўтказилганлиги учун тўлов ундирилмайди.



III. ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН ЎТГАНЛИК

ТЎҒРИСИДА ГУВОҲНОМА БЕРИШ


10. Давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда Рўйхатга олиш органи давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома беради. Рўйхатга олиш марказлари давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома махсус бланкаларда расмийлаштирилади. Гувоҳнома бланкалари қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади.

Рўйхатга олиш органи раҳбари гувоҳномалар бланкалари ҳисобга олиниши, сақланиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши учун белгиланган тартибда жавоб беради.

Давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома 5 йилгача амал қилиш муддати билан берилади.


11. Қуйидаги ҳолларда Рўйхатга олиш марказини давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилиши мумкин:

ариза берувчи томонидан мазкур Низомнинг 4 ва 5-бандларида баён қилинган талабларнинг бажарилмаслиги;

Ўзбекистон Республикасида ана шундай номдаги Рўйхатга олиш маркази рўйхатдан ўтказилганлиги;

ариза берувчи ташкилот муассисларидан ҳеч бўлмаганда биттаси Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланмаслиги.

Рўйхатга олиш марказини давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилиши тўғрисидаги қарор асосланиши ва қарор қабул қилингандан сўнг 3 кун мобайнида ёзма шаклда ариза берувчига юборилиши керак.


12. Рўйхатга олиш органининг Рўйхатга олиш марказини давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан белгиланган тартибда судга шикоят қилиш мумкин.


13. Рўйхатга олиш марказини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатлар тақдим этишда баён қилинган маълумотлар ўзгарган тақдирда ариза берувчи бу ҳақда уч кун муддатда ёзма шаклда Рўйхатга олиш органини хабардор қилиши шарт.

Давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома йўқолганда (йўқотилганда, йўқ қилинганда ва бошқа ҳолларда) рўйхатга олиш марказининг мурожаати асосида Рўйхатга олиш органи томонидан "Дубликат" белгиси билан янги гувоҳнома берилади.



IV. РЎЙХАТГА ОЛИШ МАРКАЗИНИНГ ВАКОЛАТЛИ

ШАХСЛАРИГА ЭЛЕКТРОН РАҚАМЛИ ИМЗОЛАР

КАЛИТЛАРИ СЕРТИФИКАТЛАРИНИ БЕРИШ ТАРТИБИ


14. Рўйхатга олиш органи 2-иловага мувофиқ шакл бўйича тузилган ариза асосида Рўйхатга олиш маркази ваколатли шахсларининг электрон рақамли имзолар калитларини тайёрлайди ва электрон рақамли имзолар калитлари сертификатларини (кейинги ўринларда матнда "Электрон рақамли имзолар калитлари сертификати" деб юритилади) беради.

Электрон рақамли имзонинг очиқ калити электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитига мос келишини тасдиқловчи ва Рўйхатга олиш маркази томонидан электрон рақамли имзонинг ёпиқ калити эгасига берилган ҳужжат Электрон рақамли имзо калитининг сертификати ҳисобланади.

Устав, шартнома, тегишли хатти-ҳаракатлари содир этиш ҳуқуқига ишончнома асосида Рўйхатга олиш маркази номидан иш кўрувчи унинг ходими Рўйхатга олиш марказининг ваколатли шахси ҳисобланади.

Электрон рақамли имзони яратган (электрон ҳужжатга имзо қўйган) ва унинг номига Рўйхатга олиш маркази томонидан Электрон рақамли имзолар калитлари сертификати берилган жисмоний шахс электрон рақамли имзонинг ёпиқ калити эгаси (кейинги ўринларда матнда "электрон рақамли имзо эгаси" деб юритилади) ҳисобланади.


15. Ваколатли шахсларнинг электрон рақамли имзо калитлари сертификатларини олиш учун Рўйхатга олиш маркази Рўйхатга олиш органига электрон рақамли имзо калитлари сертификатларига киритиш учун зарур бўлган ушбу шахслар тўғрисидаги маълумотларни, уларнинг ўз қўли билан қўйилган имзолари, ариза берувчи ташкилотнинг раҳбари имзоси ва думалоқ (расмий) муҳри билан тасдиқланган маълумотларни қоғоз ҳужжат шаклида тақдим этиши шарт.


16. Ваколатли шахснинг электрон рақамли имзо калити сертификати электрон ҳужжат шаклда ҳамда икки нусхада қоғоз ҳужжат шаклида яратилади. Қоғоз ҳужжат шаклидаги электрон рақамли имзо калити сертификатлари Рўйхатга олиш органи масъул шахсининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланади ҳамда сертификат эгаси (ваколатли шахс)нинг ўз қўли билан имзоланади. Қоғоз ҳужжат шаклидаги сертификатнинг бур нусхаси ваколатли шахсга берилади. Сертификатнинг қоғоз ҳужжат шаклидаги иккинчи нусхаси Рўйхатга олиш органида сақланади.


17. Сертификат паспорт ёки шахсни тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат кўрсатилган ҳолда шахсан ваколатли шахс томонидан олинади. Сертификат эгаси сертификат қоғоз ҳужжат шаклида ва электрон ҳужжат шаклида олинганлиги тўғрисида тегишли журналга имзо чекади.



V. РЎЙХАТГА ОЛИШ МАРКАЗИНИ

ҚАЙТА РЎЙХАТГА ОЛИШ


18. Рўйхатга олиш маркази Рўйхатга олиш марказининг муассиси (муассислари) номи, манзили ўзгариши, шунингдек давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати тамом бўлиши муносабати билан қайта рўйхатдан ўтказилади.


19. Давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати тамом бўлгандан кейин Рўйхатга олиш маркази гувоҳноманинг амал қилиш муддати тамом бўлишидан камида бир ой олдин қайта рўйхатга олиш тўғрисида ариза юборади.

Қайта рўйхатга олиш рўйхатга олиш сингари тартибда амалга оширилади.



VI. РЎЙХАТГА ОЛИШ МАРКАЗИ ДАВЛАТ

РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИЛГАНЛИГИ ТЎҒРИСИДАГИ

ГУВОҲНОМАНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ ТЎХТАТИБ

ТУРИШ ВА УНИ БЕКОР ҚИЛИШ


20. Рўйхатга олиш маркази давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши Рўйхатга олиш маркази фаолиятида қонун ҳужжатлари ва мазкур Низом талаблари бузилганлиги аниқланган тақдирда Рўйхатга олиш органининг қарори билан тўхтатиб турилиши мумкин.


21. Рўйхатга олиш маркази давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома қуйидаги ҳолларда Рўйхатга олиш органи қарори билан бекор қилиниши мумкин:

ариза берувчи ташкилотнинг аризасига кўра;

давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати тамом бўлишига кўра;

Рўйхатга олиш марказини таъсис этган юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома бекор қилинганда.

Давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг бекор қилиниши шунингдек:

қонун ҳужжатларига, шу жумладан ахборот хавфсизлиги соҳасидаги қонун ҳужжатларига мунтазам равишда риоя қилинмаган тақдирда;

давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб турилишига олиб келган қонунни бузишлар Рўйхатга олиш органи томонидан белгиланган муддатларда бартараф этилмаган тақдирда;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда суднинг қарори бўйича амалга оширилиши мумкин.


22. Рўйхатга олиш органининг Рўйхатга олиш марказини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш тўғрисидаги қарори устидан Рўйхатга олиш маркази белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.


23. Рўйхатга олиш марказини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб турилгандан ёки бекор қилингандан кейин Рўйхатга олиш органи томонидан Электрон рақамли имзолар калитлари сертификатлари реестрига ёзув қайд этилади ва Рўйхатга олиш марказига расмий билдиришнома юборилади.


24. Рўйхатга олиш марказини тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


25. Рўйхатга олиш маркази тугатилган тақдирда ушбу Рўйхатга олиш марказига берилган электрон рақамли имзо калитлари реестри ва электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари электрон рақамли имзо эгаларининг розилиги билан бошқа Рўйхатга олиш марказларига берилиши мумкин.

Бошқа Рўйхатга олиш марказларига берилмаган электрон рақамли имзо калитлари реестри ва электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари бекор қилинади ва сақлаш учун Рўйхатга олиш органига берилади. Электрон рақамли имзонинг очиқ калитларидан фойдаланувчилар бундан хабардор қилинади. Электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш учун электрон рақамли имзонинг очиқ калитидан фойдаланувчи юридик ёки жисмоний шахс электрон рақамли имзонинг очиқ калитларидан фойдаланувчи (кейинги ўринларда "Электрон имзодан фойдаланувчи" деб юритилади) ҳисобланади.



VII. РЎЙХАТГА ОЛИШ МАРКАЗЛАРИ ВАКОЛАТЛИ

ШАХСЛАРИНИНГ ЭЛЕКТРОН РАҚАМЛИ ИМЗОСИ

КАЛИТЛАРИ СЕРТИФИКАТЛАРИНИНГ

ЯГОНА ДАВЛАТ РЕЕСТРИНИ ЮРИТИШ


26. Рўйхатга олиш органи рўйхатга олиш марказлари ваколатли шахсларининг электрон рақамли имзоси калитлари сертификатларининг ягона давлат реестрини юритади ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг ундан эркин фойдаланишини таъминлайди.


27. Ягона давлат реестрида қуйидагилар кўрсатилади:

қуйидагиларни ўз ичига оладиган Рўйхатга олиш маркази тўғрисидаги маълумотлар:

Марказнинг номи;

почта манзили;

телефон/факс рақами;

электрон почта манзили;

давлат рўйхатидан ўттанлик тўғрисидаги гувоҳнома берилган сана, тартиб рақами ва унинг амал қилиш муддати;

давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг қайта рўйхатдан ўтказилиши, амал қилишининг тўхтатиб турилиши ва қайта тикланиши, бекор қилинишининг асоси ва санаси;

Марказнинг ваколатли шахслари - электрон рақамли имзо эгалари тўғрисидаги маълумотлар;

электрон рақамли имзо калити сертификати узайтирилиши, тўхтатиб турилиши, қайта тикланиши ва бекор қилинишининг асоси ва санаси.


28. Рўйхатга олиш марказлари ваколатли шахсларининг электрон рақамли имзоси калитлари сертификатларидан фақат давлат ягона реестрига киритилгандан кейин фойдаланиш мумкин. Ушбу сертификатлардан имзолар калитлари сертификатларини тасдиқлаш билан боғлиқ бўлмаган мақсадлар учун фойдаланишга йўл қўйилмайди.


29. Сертификат ягона давлат реестридан чиқарилгандан кейин Рўйхатга олиш органи бир иш куни мобайнида Рўйхатга олиш марказига тегишли билдиришнома юборади.

Рўйхатга олиш маркази ваколатли шахсининг сертификати ягона давлат реестридан чиқарилган пайтдан бошлаб ҳақиқий ҳисобланмайди.


30. Фойдаланилаётган электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитига ишонч йўқолган тақдирда Рўйхатга олиш маркази Рўйхатга олиш органини бундан хабардор қилади. Рўйхатга олиш органи билдиришнома олингандан кейин сертификатнинг амал қилинишини тўхтатиб қўяди ва мазкур Рўйхатга олиш маркази ваколлатли шахсининг сертификатини бекор қилинган сертификатлар рўйхатига киритади.



VIII. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


31. Мазкур Низомни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.





Низомга

1-ИЛОВА



Ариза берувчи ташкилот бланкасига



Кимга:_________________________

(рўйхатга олиш органининг номи)


Электрон рақамли имзо калитларини Рўйхатга олиш

марказини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида

АРИЗА

1. _________________________________________________________________

___________________________________________________________________

___________________________________________________________________

(ариза берувчининг-юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли)

___________________________________________________________________

___________________________________________________________________

_____________________________ни рўйхатдан ўтказишни илтимос қилади.

(рўйхатга олиш марказининг номи ва манзили)


2. Хизмат кўрсатувчи банкнинг номи:

Банк ҳисоб варағи;

МФО


3. Почта манзили:


4. Телефон, факс, электрон почта:


5. Аризага илова қилинадиган ҳужжатлар:

1) ____________________________________

2) ____________________________________

3) ____________________________________

4) ____________________________________

5) ____________________________________




муҳр                                                               Ариза берувчи ташкилот раҳбари



/ имзо /

_______________________________________

(раҳбарнинг фамилияси, исми ва отасининг исми)





Низомга

2-ИЛОВА



Электрон рақамли имзо калитларини

Рўйхатдан ўтказиш марказининг бланкасида



Кимга:_________________________

(рўйхатга олиш органининг номи)


Электрон рақамли имзо калитлари сертификатини тайёрлашга

ва калитлар сертификатлари реестрида рўйхатдан ўтказишга

АРИЗА


Номларига электрон рақамли имзо калити сертификати берилиши зарур бўлган ваколатли шахслар рўйхати:


1. Ваколатли шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми.


2. Ваколатли шахснинг лавозими.


3. Паспортига доир маълумотлар.


4. Почта манзили.


5. Телефон/факс.


6. Электрон почта.




муҳр                                                         Электрон рақамли имзо калитларини

                                                                   Рўйхатга олиш маркази раҳбари



/ имзо /

_______________________________________

(раҳбарнинг фамилияси, исми ва отасининг исми)



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 39-сон, 297-модда.