язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Электрон рақамли имзо. Электрон ҳужжат айланиши/ Электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказларининг фаолият кўрсатиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 26.09.2005 й. 215-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2005 йил 26 сентябрдаги

215-сон қарорига

2-ИЛОВА



Электрон рақамли имзолар калитларини

рўйхатга олиш марказларининг фаолият

кўрсатиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Электрон рақамли имзо тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказларининг (кейинги ўринларда матнда "Рўйхатга олиш маркази" деб юритилади) функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилайди, шунингдек уларга қўйиладиган асосий талабларни белгилаб беради.


2. Рўйхатга олиш марказлари ўз фаолиятида "Электрон рақамли имзо тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.



II. РЎЙХАТГА ОЛИШ МАРКАЗЛАРИНИНГ

АСОСИЙ ФУНКЦИЯЛАРИ


3. Қуйидагилар рўйхатга олиш марказларининг асосий функциялари ҳисобланади:

электрон рақамли имзонинг ёпиқ ва очиқ калитларини яратиш;

электрон рақамли имзо ёпиқ калити муҳофаза қилинишини ва унинг махфийлигини таъминлаш;

электрон рақамли имзо калитлари сертификатларининг реестрини юритиш, унинг ўз вақтида янгиланишини ҳамда ундан юридик ва жисмоний шахсларнинг эркин фойдалана олиш имкониятини таъминлаш;

юридик ва жисмоний шахсларга электрон рақамли имзо калитларининг сертификатларини электрон ҳужжатлар шаклида ва қоғоз ҳужжатлар шаклида бериш;

электрон рақамли имзо калитлари сертификатларининг амал қилишини тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш, шунингдек уларни бекор қилиш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатига биноан электрон рақамли имзо калитлари сертификатларининг кўчирма нусхалари берилишини, шунингдек электрон рақамли имзо калитларининг тўхтатиб турилган ва бекор қилинган сертификатлари тўғрисидаги маълумотлардан эркин фойдаланилишини таъминлаш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатига биноан электрон ҳужжатлардаги электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш;

электрон рақамли имзоли қоғоздаги электрон ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини тасдиқлаш;

электрон рақамли имзо калитининг сертификатидан бундан буён фойдаланиш имкониятига таъсир этиши мумкин бўлган ҳоллар ҳақида электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгасини хабардор қилиш;

электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгаларини электрон рақамли имзодан фойдаланиш қоидаларига ўқитиш имкониятини таъминлаш.



III. РЎЙХАТГА ОЛИШ МАРКАЗЛАРИ

ФАОЛИЯТИГА ҚЎЙИЛАДИГАН

АСОСИЙ ТАЛАБЛАР


4. Рўйхатга олиш маркази электрон рақамли имзо калитларини рўйхатга олиш бўйича ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида (кейинги ўринларда матнда "Рўйхатга олиш органи" деб юритилади) давлат рўйхатидан ўтгандан кейин ва Рўйхатга олиш марказининг ваколатли шахси томонидан электрон рақамли имзо калити сертификати олингандан кейин амалга ошириши керак.

5. Рўйхатга олиш маркази:

электрон рақамли имзони шакллантириш ва текшириш, калитлар сертификатларини сақлаш, шакллантиришнинг сертификатлаштирилган аппарат воситаларига;

лицензияли тизимли ва амалий дастурий таъминлашга;

электрон рақамли имзо калитларини ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш бўйича зарур ҳужжатларга;

ахборотларни муҳофаза қилиш соҳасида иш тажрибасига эга бўлган мутахассисларга;

маҳфий ахборот сақланишини таъминлайдиган шароитларга эга бўлиши керак.


6. Электрон рақамли имзо воситаларини сертификациялаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


7. Рўйхатга олиш марказининг ахборот тизими белгиланган талабларга мувофиқ рухсатсиз фойдаланишдан муҳофаза қилинган бўлиши керак.



IV. ЭЛЕКТРОН РАҚАМЛИ ИМЗО КАЛИТЛАРИ

СЕРТИФИКАТЛАРИНИ БЕРИШ ТАРТИБИ


8. Электрон рақамли имзо калитларининг сертификатлари юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатига кўра Рўйхатга олиш маркази томонидан берилади. Мурожаат қилган шахс электрон рақамли имзо калити сертификатини рўйхатга олиш ва уни олиш учун Рўйхатга олиш марказининг оммавий офертаси билан олдиндан танишиши лозим.


9. Электрон рақамли имзо калити сертификатини олиш учун мурожаат қилган шахс электрон рақамли имзо калити сертификатини рўйхатга олиш ва уни олиш учун имзоланган ариза тақдим этиши керак. Имзоланган ариза оммавий офертада белгиланган шартларга розиликдан далолат беради. Аризани кўриб чиқиш муддати беш иш кунидан ошмаслиги керак.


10. Электрон рақамли имзо калити сертификатини рўйхатга олиш ва уни олиш учун бериладиган ариза шакли ҳамда Рўйхатга олиш маркази томонидан юридик ва жисмоний шахсга электрон рақамли имзо калити сертификатини бериш, шунингдек электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари реестрини юритиш учун зарур бўлган ҳужжатлар рўйхати Рўйхатга олиш маркази томонидан белгиланади.

Рўйхатга олиш марказига электрон рақамли имзо калитлари сертификатларини бериш мақсадларига мувофиқ бўлмаган маълумотларни сўраб олиш тақиқланади.


11. Ариза берилгунга қадар ариза берувчи электрон рақамли имзо калитини мустақил яратиши ва уни рўйхатга олиш учун Рўйхатга олиш марказига тақдим этиши мумкин.

Электрон рақамли имзонинг очиқ ва ёпиқ калитларини яратиш юридик ва жисмоний шахсларнинг аризасига кўра Рўйхатга олиш маркази томонидан амалга оширилиши мумкин.


12. Электрон рақамли имзонинг очиқ ва ёпиқ калитларини яратишда Рўйхатга олиш маркази бир вақтнинг ўзида электрон рақамли имзо калити сертификатини бериши керак.


13. Электрон рақамли имзо калитининг сертификати электрон рақамли имзо эгасига электрон ҳужжат шаклида ва қоғоз ҳужжат шаклида берилади.


14. Юридик ва жисмоний шахслар электрон рақамли имзонинг бир нечта калитларига эга бўлиши мумкин. Электрон рақамли имзо ҳар бир калитининг сертификати белгиланган тартибда алоҳида рўйхатга олинади.


15. Электрон рақамли имзо очиқ ва ёпиқ калитларини яратиш, электрон рақамли имзо калитини рўйхатга олиш ва электрон рақамли имзо калити сертификатини бериш бўйича хизматлар пулли ҳисобланади.

Кўрсатиладиган пулли хизматлар таркиби ва қиймати белгиланган тартибда шартномавий асосда белгиланади.


16. Рўйхатга олиш маркази ўзи томонидан яратилган электрон рақамли имзо очиқ ва ёпиқ калитлари муҳофаза қилинишини таъминлаши лозим.


17. Электрон рақамли имзо калитининг сертификатида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

электрон рақамли имзонинг эгаси бўлган жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;

агар электрон рақамли имзонинг эгаси юридик шахснинг вакили бўлса, шу юридик шахснинг номи;

электрон рақамли имзонинг тартиб рақами ва амал қилиш муддати;

электрон рақамли имзонинг очиқ калити;

электрон рақамли имзонинг очиқ калитидан фойдаланишда ёрдам бериши мумкин бўлган электрон рақамли имзо воситаларининг номи;

мазкур сертификатни берган Рўйхатга олиш марказининг номи ва жойлашган манзили;

электрон рақамли имзодан фойдаланиш мақсадлари тўғрисидаги маълумотлар;

электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари реестрининг электрон манзили.

Электрон рақамли имзо эгаси ташаббуси билан электрон рақамли имзо калити сертификатига бошқа маълумотлар ҳам киритилиши мумкин.


18. Электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилиш муддати электрон рақамли имзо рўйхатга олинган вақтдан бошлаб 24 ойдан ошмаслиги керак. Кейинчалик электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилиш муддати шартнома билан узайтирилади, бироқ икки мартадан ортиқ узайтирилмайди.

19. Электрон ҳужжат шаклидаги электрон рақамли имзо калитининг сертификати Рўйхатга олиш маркази ваколатли шахсининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.


20. Қоғоз ҳужжат шаклидаги электрон рақамли имзо калитининг сертификати икки нусхада расмийлаштирилади. Бундай сертификатнинг ҳар бир нусхаси Рўйхатга олиш марказининг ваколатли шахси томонидан имзоланиши ва Рўйхатга олиш марказининг муҳри билан тасдиқланиши керак. Электрон рақамли имзо калити сертификатининг бир нусхаси электрон рақамли имзо калитининг эгасига берилади, бошқа нусхаси эса Рўйхатга олиш марказида сақланади. Рўйхатга олиш марказида сақланадиган электрон рақамли имзо калити сертификати нусхаси электрон рақамли имзо эгаси томонидан имзоланиши керак.


21. Электрон рақамли имзо калити сертификатини беришда Рўйхатга олиш маркази томонидан электрон рақамли имзо эгасига электрон рақамли имзодан фойдаланиш ва уни сақлаш қоидалари тўғрисида, шунингдек электрон рақамли имзо эгасининг мажбуриятлари ва жавобгарлиги тўғрисида тўлиқ ахборот берилиши керак.


22. Электрон рақамли имзо калитини рўйхатга олиш электрон рақамли имзо калити сертификатини Рўйхатга олиш марказининг электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари реестрига киритиш йўли билан амалга оширилади.



V. ЭЛЕКТРОН РАҚАМЛИ ИМЗО ОЧИҚ КАЛИТЛАРИ

ФОЙДАЛАНУВЧИЛАРИГА ЭЛЕКТРОН РАҚАМЛИ

ИМЗО КАЛИТЛАРИ СЕРТИФИКАТЛАРИ

КЎЧИРМА НУСХАЛАРИНИ БЕРИШ


23. Рўйхатга олиш маркази юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларига биноан электрон ҳужжатлар шаклида ва/ёки қоғоз ҳужжатлар шаклида электрон рақамли имзо калитлари сертификатларининг кўчирма нусхаларини бериши шарт.


24. Юридик ва жисмоний шахсга бериладиган қоғоз ҳужжат шаклидаги электрон рақамли имзо калити сертификати кўчирма нусхаси Рўйхатга олиш марказининг ваколатли шахси томонидан имзоланиши ва муҳри билан тасдиқланиши керак.


25. Қоғоз ҳужжат шаклидаги электрон рақамли имзо калитининг сертификати кўчирма нусхаси қуйидаги мажбурий реквизитларни ўз ичига олади:

электрон рақамли имзо калити сертификатининг серияли тартиб рақами;

электрон рақамли имзо эгасининг идентификация маълумотлари;

электрон рақамли имзо калитининг сертификати нашр этувчисининг идентификация маълумотлари (Рўйхатга олиш маркази ваколатли шахсининг электрон рақамли имзо калити сертификатидан идентификация маълумотлари);

Рўйхатга олиш маркази ваколатли шахсининг электрон рақамли имзо воситалари тўғрисида маълумотлар;

электрон рақамли имзо эгасининг электрон рақамли имзо калити ва унинг шакллантирилиши қоидалари тўғрисидаги маълумотлар;

электрон рақамли имзо калитидан ва электрон рақамли имзо калити сертификатидан фойдаланиш соҳалари тўғрисидаги маълумотлар;

Рўйхатга олиш маркази ваколатли шахсининг ўз қўли билан қўйган имзоси;

электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилиш муддати;

Рўйхатга олиш маркази муҳри.


26. Электрон ҳужжатлар шаклидаги электрон рақамли имзо калитлари сертификатларининг кўчирма нусхаларини беришга доир хизматлар Рўйхатга олиш маркази томонидан бепул кўрсатилади.



VI. ИМЗОЛАНГАН ҚОҒОЗ ҲУЖЖАТ ШАКЛИДАГИ

ЭЛЕКТРОН РАҚАМЛИ ИМЗО ЭЛЕКТРОН ҲУЖЖАТЛАР

КЎЧИРМА НУСХАЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ


27. Қоғоз ҳужжат шаклидаги электрон ҳужжатнинг тасдиқланган кўчирма нусхасида қуйидагилар бўлиши керак:

электрон рақамли имзо;

электрон ҳужжатни жўнатувчининг - юридик шахснинг номи ёки жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;

электрон ҳужжатни жўнатувчининг почта манзили ва электрон почта манзили;

унинг яратилган санаси;

Рўйхатга олиш маркази ваколатли шахсининг ўз қўли билан қўйган имзоси;

Рўйхатга олиш маркази муҳри.


28. Қоғоз ҳужжат шаклидаги электрон ҳужжатнинг кўчирма нусхаси амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига ва давлат стандартларига мувофиқ бўлиши, шунингдек "Электрон ҳужжатнинг кўчирма нусхаси" мажбурий белгисига эга бўлиши керак.



VII. ЭЛЕКТРОН РАҚАМЛИ ИМЗО КАЛИТЛАРИ

СЕРТИФИКАТЛАРИ РЕЕСТРИНИ ЮРИТИШ

ВА УЛАРНИ САҚЛАШ ТАРТИБИ


29. Калитлар сертификатлари реестри қоғоз ва электрон шаклда юритилади, электрон рақамли имзодан фойдаланувчилар учун унинг электрон версиясига кириш бемалол бўлиши керак.


30. Рўйхатга олиш маркази электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари реестри ўз вақтида янгиланиб борилишини таъминлаши шарт. Реестрдаги ўзгартиришлар электрон рақамли имзо калити сертификатини бериш, тўхтатиб туриш ва унинг амал қилишини тиклаш ҳамда уни бекор қилиш вақтидан бошлаб амалга оширилиши керак.


31. Реестрда электрон ҳужжатлар шаклида берилган, амалда бўлган, тўхтатиб қўйилган ва бекор қилинган электрон рақамли имзо калитларининг сертификатлари бўлиши керак.


32. Рўйхатга олиш марказининг калитлар сертификатлари реестрида электрон рақамли имзо эгаси тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

электрон рақамли имзо эгасининг фамилияси, исми ва отасининг исми;

почта манзили;

телефон/факс рақами;

электрон почта манзили;

солиқ тўловчининг идентификация рақами;

электрон рақамли имзо калити сертификати амал қилишини узайтириш, тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш, уни бекор қилиш асоси ва санаси.


33. Рўйхатга олиш марказида электрон ҳужжат шаклидаги электрон рақамли имзо калити сертификатини сақлаш тартиби ва муддати Рўйхатга олиш маркази ва электрон рақамли имзо эгаси ўртасида тузиладиган шартномада белгиланади.


34. Электрон ҳужжат шаклидаги электрон рақамли имзо калити сертификатини сақлаш муддати тугагандан кейин у Рўйхатга олиш марказининг электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари реестридан чиқарилади ва архивда сақлаш режимига ўтказилади.


35. Бекор қилинган электрон ҳужжат шаклидаги электрон рақамли имзо калити сертификати Рўйхатга олиш марказида камида уч йилгача сақланади.


36. Қоғоз ҳужжат шаклидаги электрон рақамли имзо калити сертификати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сақланади.



VIII. ЭЛЕКТРОН РАҚАМЛИ ИМЗО КАЛИТИ

СЕРТИФИКАТИНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ ВА БЕКОР ҚИЛИШ ТАРТИБИ


37. Электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриш электрон рақамли имзо эгасининг аризаси асосида амалга оширилади.


38. Электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриш муддати ушбу электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилиш муддатидан ошмаслиги керак.


39. Электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилиши тўхтатиб турилганда Рўйхатга олиш маркази Электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари реестрига тегишли ёзувни киритади ҳамда уч кун мобайнида бу тўғрисида электрон рақамли имзо эгасини ёзма равишда хабардор қилади.


40. Электрон рақамли имзо калити ушбу сертификатининг амал қилишини қайта тиклаш электрон рақамли имзо эгасининг аризасига асосан электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилиши тўхтатиб турилган муддат мобайнида амалга оширилади.


41. Электрон рақамли имзо калити сертификати электрон рақамли имзо эгасининг аризасига асосан бекор қилинади. Электрон рақамли имзо калити сертификатини бекор қилиш учун ариза ариза берувчи томонидан электрон ёки қоғоз шаклида берилади.


42. Электрон рақамли имзо калити сертификати шунингдек Рўйхатга олиш маркази томонидан электрон рақамли имзо эгасининг розилигисиз қуйидаги ҳолларда:

ушбу сертификатнинг амал қилиш муддати тугаганда;

электрон рақамли имзо калити сертификати берилишига асос бўлган ҳужжатнинг амал қилиши тўхтатилганда;

электрон рақамли имзо калитининг эгаси "Электрон рақамли имзо тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 10-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ўз мажбуриятларини бажармаган ҳоллар аниқланганда;

электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилиши тўхтатиб турилган муддат тугаганда ва уни қайта тиклаш учун электрон рақамли имзо эгасининг аризаси мавжуд бўлмаганда бекор қилинади.


43. Электрон рақамли имзо калити сертификатларини бекор қилиш электрон рақамли имзо эгасининг аризаси олинган ёки ушбу Низомнинг 42-бандида баён қилинган ҳолатлар вужудга келган кунда Рўйхатга олиш маркази томонидан амалга оширилади.


44. Электрон рақамли имзо калити бекор қилингандан кейин Рўйхатга олиш маркази томонидан электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари реестрига ёзув киритилади ва унинг эгасига расмий билдиришнома (бекор қилинган сертификатлар рўйхати) юборилади.



IX. РЎЙХАТГА ОЛИШ МАРКАЗЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


45. Рўйхатга олиш маркази тегишли ёпиқ калитга путур етказиш ҳолати аниқланган тақдирда, бекор қилинган электрон рақамли имзо калити сертификати эгасини хабардор қилган ҳамда асосланган сабабларни кўрсатган ҳолда электрон рақамли имзо калити сертификатини бекор қилиш ҳуқуқига эгадир.


46. Рўйхатга олиш маркази айби билан электрон рақамли имзо эгасининг ёпиқ калитига путур етказилганда, Марказ электрон рақамли имзо эгаси олдида етказилган моддий зарар учун жавобгар бўлади, шунингдек электрон рақамли имзо эгасига янги электрон рақамли имзо калити сертификатини бепул тайёрлайди ва беради.


47. Рўйхатга олиш маркази:

Рўйхатга олиш марказидан белгиланган тартибда фойдаланиш;

Рўйхатга олиш органини ахборот технологияларидаги, воситалар таркиби ва жойлашувидаги ҳамда ахборотлаштириш тизимларидаги, улардан фойдаланишда чора-тадбирлар самарадорлиги ва ахборотларни муҳофаза қилиш воситаларига таъсир қилиши мумкин бўлган шарт-шароитлардаги барча ўзгаришлар тўғрисида хабардор қилиши шарт;

Рўйхатга олиш органига қуйидагиларни тақдим этиши шарт:

давлат рўйхатидан ўтган Рўйхатга олиш марказининг фаолияти юзасидан назорат ва мониторингни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатлар;

қонун ҳужжатларида белгиланган ва чекланган тартибда бошқа зарур ахборотлар, ҳужжатлар ва материаллар;

қонун ҳужжатлари ва ушбу Низом билан унга юкланган вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган унга маълум бўлган ариза берувчиларнинг шахсий маълумотларини ошкор этмаслик ва тақдим этмаслик, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

Рўйхатга олиш маркази ваколатли шахсининг электрон рақамли имзо ёпиқ калитидан фақат уларга берилган очиқ калитлар сертификатлари имзоси ва бекор қилинган сертификатлар рўйхатлари учун фойдаланиш;

ушбу Низомга мувофиқ Рўйхатга олиш маркази ваколатли шахсининг ёпиқ калитини муҳофаза қилиш чора-тадбирларини кўриш;

электрон рақамли имзо эгаларининг рўйхатга олиш ахборотларини ошкор қилмаслик, электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари эгаларини идентификациялаш учун фойдаланиладиган ва тайёрланаётган сертификатларга киритиладиган ахборотлар бундан мустасно;

рўйхатга олинган электрон рақамли имзо эгасига унинг аризасига кўра Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ сертификатлаштирилган электрон рақамли имзо воситаларидан фойдаланган ҳолда ёпиқ ва очиқ калитлар тайёрлаш;

калитлар пайдо бўлиши тартиб-қоидасини бажарувчи дастурий ва/ёки аппарат воситаларидан фойдаланиш бўйича талабларга мувофиқ калитни ўзга маълумотлар манбаига ёзиб қўйиш;

калитлар пайдо бўлиши тартиб-қоидасини бажариш ва фақат Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ сертификатлаштирилган дастурий ва/ёки аппарат воситаларидан фойдаланган ҳолда калитларни ўзга маълумотлар манбаига ёзиш;

электрон рақамли имзо эгаларининг тайёрланадиган электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари рўйхатга олиш (серияли) тартиб рақамларининг ноёблигини таъминлаш;

электрон рақамли имзо фойдаланувчиларининг тайёрланган очиқ калитлари сертификатларидаги очиқ калитлар аҳамиятининг ноёблигини таъминлаш;

тўлиқ Интернет манзил - URLни Рўйхатга олиш маркази фойдаланувчиларининг электрон рақамли имзо калитларининг нашр этилаётган сертификатлари электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари реестрига киритиш.



X. ЭЛЕКТРОН РАҚАМЛИ ИМЗО ФОЙДАЛАНУВЧИЛАРИ

ВА ЭГАЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


48. Электрон рақамли имзо фойдаланувчиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Рўйхатга олиш маркази томонидан тайёрланган, берилган, тўхтатиб қўйилган, қайта тикланган ва бекор қилинган электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари рўйхатларини олиш;

Рўйхатга олиш маркази ваколатли шахсининг электрон рақамли имзо калити сертификатини электрон шаклда олиш;

Рўйхатга олиш марказининг электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари реестрида бўлган электрон рақамли имзо калити сертификати кўчирма нусхасини электрон шаклда олиш;

Рўйхатга олиш маркази томонидан тайёрланган бекор қилинган электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари рўйхатини электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари мақомини текшириш учун қўллаш.


49. Электрон рақамли имзо эгаси электрон рақамли имзо калити сертификатини янгилаш учун сўров юбориш ҳуқуқига эга. Сўров Рўйхатга олиш марказига амалда бўлган электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилиш муддати тугашидан камида икки ҳафта олдин юборилиши керак.


50. Рўйхатга олиш тартиб-қоидасидан ўтган электрон рақамли имзо эгалари ушбу Низом ва тегишли шартнома билан белгиланадиган ҳажмда рўйхатга олиш ва идентификация ахборотини тақдим этиши шарт.


51. Электрон рақамли имзо эгаси:

ёпиқ калитни махфий сақлаши, унинг йўқотилиши, ошкор бўлиши, ўзгартирилиши ёки ундан рухсатсиз фойдаланишнинг олдини олиш учун мумкин бўлган барча чораларини кўриши;

агар унга ушбу калитлардан фойдаланилаётганлиги ёки илгари бошқа шахслар томонидан фойдаланилганлиги маълум бўлса, электрон рақамли имзо ёпиқ калитларидан фойдаланмаслиги;

электрон рақамли имзо ёпиқ калитидан фақат сертификатда белгиланган тегишли соҳаларда фойдаланиш рухсат берилган мақсадларда фойдаланиши;

электрон рақамли имзо калити сертификатини берган Рўйхатга олиш марказини қонун бузилишлари ёки электрон рақамли имзо ёпиқ калитига кириш режимини бузиш мумкинлиги тўғрисида хабардор қилиши ва электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилиш муддатини тўхтатиб туришни ёки уни бекор қилишни талаб қилиши;

ўз вакили ҳисобланган юридик шахсни қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида Рўйхатга олиш марказига хабардор қилиши шарт.


52. Электрон рақамли имзо очиқ калитининг фойдаланувчиси электрон рақамли имзо эгаси тўғрисидаги шахсий маълумотларнинг муҳофаза қилинишини таъминлаши лозим.



XI. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


53. Мазкур Низомни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 39-сон, 297-модда.