ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Монополияга қарши сиёсат. Табиий монополиялар / Монополияга қарши қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик /

Рақобат, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун иш қўзғатиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.10.2005 й. 225-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2005 йил 12 октябрдаги

225-сон қарорига

ИЛОВА



Рақобат, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

ва реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун иш

қўзғатиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Рақобат тўғрисида"ги, "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги ҳамда "Реклама тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ рақобат, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги (кейинги ўринларда - қонунчилик бузилганлиги) тўғрисидаги ишни Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари (кейинги ўринларда - ваколатли давлат органи) томонидан кўриб чиқилишининг ташкилий ва ҳуқуқий асосларини белгилайди.


2. Ваколатли давлат органи ўз ваколатлари доирасида хўжалик юритувчи субъектлар, республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шу жумладан, фаолиятнинг айрим турларига лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни берувчи, махсус электрон тизим орқали хабарномаларни қабул қилувчи, рўйхатдан ёки аккредитациядан ўтказиш ваколатлари берилган давлат унитар корхоналари ёки муассасалари, шунингдек, давлат мақсадли жамғармалари (кейинги ўринларда - республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар), юридик шахсларнинг бирлашмалари ҳамда жисмоний шахслар томонидан қонунчилик бузилганлиги тўғрисида иш қўзғатади ва уларни кўриб чиқади, ушбу Низомнинг 3-бандида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.


3. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги тўғрисидаги масалалар қуйидаги ҳолларда ваколатли давлат органи томонидан иш қўзғатмасдан кўриб чиқилиб, кўрсатма берилади:

товарларнинг (иш, хизматларнинг) назорат хариди доирасида уларнинг экспертиза қилиш ёки аккредитациядан ўтган синов лабораторияларида тестдан ўтказиш натижасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга номувофиқлиги аниқланганда;

товарларнинг (иш, хизматларнинг) сақлаш қоидаларига риоя этилмасдан савдога чиқарилганлиги натижасида сифати ўзгарганлиги тасдиқланганда;

товарларнинг (иш, хизматларнинг) истеъмол қилиниши, фойдаланилиши натижасида истеъмолчиларнинг соғлиғи, мол-мулкига зарар етказилганлиги аниқланган ёки зарар етказиш хавфи туғилган ҳолатларда;

истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи органларга ахборот тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик ёхуд уларга била туриб нотўғри маълумотларни тақдим этиш ҳолатларида;

яроқлилик муддати ўтган товарларни, шунингдек, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши шартлиги қонунчиликда назарда тутилган товарларни уларнинг ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддатини кўрсатмаган ҳолда, реализация қилиш ҳамда сотиш учун қабул қилганлик ҳолатларида;

қонунчилик бузилиши ўз тасдиғини топган ва чора кўриш учун асослар етарли бўлган ҳолатларда;

ҳуқуқбузар хўжалик юритувчи субъект ёки жисмоний шахс қонунчилик талабларини бузганлигига иқрор бўлган ва (ёки) ихтиёрий тартибда бартараф этган ҳолатларда;

ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи), савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисида, шунингдек, товарлар (иш, хизматлар) тўғрисида маълумот тақдим этмаганда;

Ўзбекистон Республикасининг "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 19 ва 21-моддаларидан ташқари бошқа талаблари бузилганда;

реклама тўғрисидаги қонунчилик бузилганда аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича ҳуқуқбузарнинг эътирози мавжуд бўлмаганда;

савдо объекти томонидан сотувга қўйилган товарга нархнома қўйилмаганда, сотувга қўйилган товарнинг нархи касса чекидаги нархдан фарқ қилганда.


4. Хўжалик юритувчи субъектлар, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар, юридик шахслар бирлашмаларининг мансабдор шахслари ҳамда жисмоний шахслар томонидан қонунчилик бузилганлиги тўғрисидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги ишларни тегишли судлар Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ кўриб чиқади.



2-БОБ. ҚОНУНЧИЛИК БУЗИЛГАНЛИГИ

ТЎҒРИСИДА ИШ ҚЎЗҒАТИШ ТАРТИБИ


5. Қонунчилик бузилганлиги тўғрисидаги иш жисмоний шахсга, хўжалик юритувчи субъектга, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларга, юридик шахслар бирлашмаларига нисбатан улар жойлашган жой бўйича тегишли ваколатли давлат органи томонидан қўзғатилади.

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг марказий аппарати Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раисининг қарори асосида:

ҳудудий органлар ваколатларига тегишли бўлган ишларни ўзи кўриб чиқиши учун қабул қилишга;

ўзининг текшириш ва ўрганиш материалларини белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун ҳудудий органга юборишга ҳақлидир.


6. Қуйидагилар қонунчилик бузилганлиги тўғрисида иш қўзғатиш учун асос ҳисобланади:

ваколатли давлат органи томонидан белгиланган тартибда назорат функцияларининг амалга оширилиши, шунингдек, ўрганиш давомида қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари (белгилари) мавжудлигини кўрсатувчи етарлича маълумотларнинг аниқланиши;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа органлардан келиб тушган ахборот ёки тақдимномалар, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, оммавий ахборот воситаларидаги қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари (белгилари) мавжудлигини кўрсатувчи маълумотлар мавжуд бўлган хабарлар (кейинги ўринларда - ариза).


7. Жисмоний ва юридик шахснинг аризаси ваколатли давлат органига қонунчилик бузилганлиги ҳолатларидан (белгиларидан) далолат берувчи ҳужжатлар ва аризанинг нусхаси иш қўзғатилиши талаб қилинаётган шахсга юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи далиллар илова қилинган ҳолда берилади.

Жисмоний ва юридик шахснинг аризасида ариза берувчи ва унга нисбатан ариза берилган шахс тўғрисидаги маълумотлар бўлиши, қонунчилик бузилиши ҳолатлари (белгилари) тавсифланиши зарур.


8. Ваколатли давлат органи мазкур Низомга риоя қилган ҳолда берилган аризани олдиндан кўриб чиқади ҳамда ариза билан бирга берилган ҳужжатлар ва материалларни ўрганади.

Қуйидагилар ваколатли давлат органи томонидан аризани олдиндан кўриб чиқишда ҳамда бошқа ҳужжатлар ва материалларни ўрганишда аниқланади:

мазкур масалани ҳал этиш бўйича ваколатли давлат органининг ваколати;

қонунчилик бузилиши белгилари мавжудлиги;

иш қўзғатиш учун материаллар етарли эканлиги;

ишда иштирок этиш учун жалб этилиши керак бўлган шахслар доираси;

ишнинг тўғри ва ҳар томонлама кўриб чиқилиши учун зарур бўлган бошқа масалалар.


9. Ваколатли давлат органи ариза ва материалларни олдиндан кўриб чиқиш давомида:

хўжалик юритувчи субъектлар, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар, юридик шахслар бирлашмаларидан ва фуқаролардан танишиш учун зарур материаллар ва ҳужжатларни сўраб олишга, улардан нусха кўчиришга ҳамда уларни иш материалларига қўшиб қўйишга;

ариза берувчи, шунингдек, жисмоний шахс уларга нисбатан ариза берилган хўжалик юритувчи субъект, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар, юридик шахслар бирлашмалари вакиллари билан суҳбат ўтказишга;

ариза берувчидан ва уларга нисбатан ариза берилган шахслардан ариза билан мурожаат қилишга сабаб бўлган ҳолатлар (белгилар) бўйича ёзма ёки оғзаки тушунтиришлар олишга;

ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа чораларни кўришга;

аризани олдиндан кўриб чиқиш материаллари бўйича хулосалар ва тушунтиришлар бериш учун ваколатли экспертлар ёки мутахассисларни жалб этишга ҳақлидир.

Ваколатли давлат органининг ариза ва материалларни олдиндан кўриб чиқиш билан боғлиқ ҳаракатлари текшириш ҳисобланмайди.


10. Қонунчилик бузилганлиги тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш учун ваколатли давлат органида қонунчилик бузилганлигини кўриб чиқиш бўйича ваколатли давлат органининг масъул ходимларидан иборат махсус комиссиялар (кейинги ўринларда - комиссия) ташкил этилади.

Комиссия таркибига комиссия томонидан қабул қилинадиган қарорлар юзасидан жамоатчилик назоратини таъминлаш мақсадида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тадбиркорлик субъектлари фаолияти эркинлиги кафолатларини таъминлаш соҳасидаги бошқа республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари киритилиши мумкин.

Комиссия раиси ва унинг таркиби ваколатли давлат органи раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланади.

Агар аниқ бир ишни кўриб чиқишда комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми, шу жумладан, раис қатнашаётган бўлса, Комиссия ваколатли (кворумга эга) бўлади.


11. Ваколатли давлат органи томонидан назорат функцияларининг амалга оширилиши натижасида тўпланган ёки аризани олдиндан кўриб чиқиш натижалари бўйича тақдим этилган материаллар асосида комиссия раиси:

қонунчилик бузилганлиги тўғрисида иш қўзғатиш;

жисмоний ва юридик шахснинг аризаси бўйича мурожаатда кўрсатилган масалалар, ваколатли давлат органининг ваколатига тегишли эмаслиги ёхуд қонунчилик бузилганлиги белгилари йўқлиги муносабати билан иш қўзғатиш рад этилиши тўғрисидаги масалани ҳал қилади.


12. Қонунчилик бузилганлиги ҳолати (белгиси) бўйича иш қўзғатиш ёки иш қўзғатиш рад этилиши тўғрисида комиссия раиси томонидан ажрим чиқарилади.

Ажрим топширилганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан биргаликда буюртма хат орқали ишни кўриб чиқишда иштирок этувчи шахсларга юборилади. Ишни кўриб чиқиш бўйича қатнашувчиларга ажрим, шунингдек, тилхат бўйича ваколатли давлат органида ёки улар жойлашган жой бўйича топширилиши мумкин.

Зарур бўлганда, қонунчилик бузилганлиги ҳолати (белгиси) бўйича иш қўзғатиш тўғрисидаги ажрим хабардор қилинганлиги қайд этилишини таъминлайдиган ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда юборилиши мумкин.


13. Иш қўзғатиш тўғрисидаги ажрим кириш ва хулоса қисмларидан иборат бўлади.

Ажримнинг кириш ва хулоса қисмида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

а) кириш қисмида:

ваколатли давлат органининг тўлиқ номи;

ишнинг тартиб рақами, ажримнинг чиқарилган санаси ва жойи;

ўзига нисбатан иш қўзғатилаётган шахс;

бузилиш аломатлари мавжуд бўлган қонунчилик ҳужжат номи ва реквизитлари;

б) хулоса қисмида:

бузилиш аломатлари мавжуд бўлган қонунчиликни кўрсатган ҳолда иш қўзғатиш тўғрисида қабул қилинган қарор баёни;

ишни кўриб чиқишга қатнашувчиларни жалб қилиш тўғрисидаги қабул қилинган қарор баёни;

комиссия мажлиси санаси, вақти ва жойи тўғрисидаги маълумот;

ишни кўриб чиқишда қатнашувчиларнинг мажлисда видеоконференцалоқа режимида иштирок этишга бўлган ҳуқуқлари ҳақида тушунтириш;

ишни кўриб чиқишда қатнашувчиларнинг мажлисда видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш истагини билдирган тақдирда, камида уч кун олдин ваколатли давлат органи ёки видеоконференцалоқа режимидаги мажлисни ўтказишга кўмаклашадиган ваколатли давлат органига ариза билан мурожаат қилиши лозимлиги ҳақида тушунтириш;

ишни кўриб чиқишда қатнашувчилар иштирок этиши мумкин бўлган видеоконференцалоқа режимидаги мажлисни ўтказишга кўмаклашадиган ваколатли давлат органи манзили ҳақида маълумот;

ишни кўриб чиқишда қатнашувчилар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар ва материаллар ҳақида маълумот;

ишни кўриб чиқишда қатнашувчилар адвокат ёки бошқа ишончли вакил хизматларидан, шунингдек, таржимоннинг хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканликлари тўғрисида тушунтириш;

ишни кўриб чиқишда қатнашувчиларнинг узрли сабабларсиз келмаслиги ёки улар томонидан иш кўриб чиқишни бошқа кунга қолдириш тўғрисидаги илтимоснома берилмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўрилишига ва тегишли қарор қабул қилинишига асос бўлиши тўғрисида тушунтириш.

Ажримда заруратга кўра бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.


14. Иш қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги ажрим кириш, асослантириш ва хулоса қисмларидан иборат бўлади.

Ажримнинг кириш, асослантириш ва хулоса қисмларида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

а) кириш қисмида:

ваколатли давлат органининг тўлиқ номи;

ажримнинг тартиб рақами, чиқарилган санаси ва жойи;

ўзига нисбатан иш қўзғатилиши талаб қилинган шахс;

бузилганлиги иш қўзғатиш ҳақидаги талабга асос сифатида кўрсатилган қонунчилик ҳужжати;

б) асослантириш қисмида:

аризани дастлабки тарзда кўриб чиқишда аниқланган ҳолатлар, ушбу ҳолатлар тўғрисидаги хулосаларига асос бўлган далиллар;

иш қўзғатишни рад этиш учун асос бўлган қонунчилик нормалари;

у ёки бу далилларни рад этиш юзасидан важлар;

в) хулоса қисмида:

бузилганлиги иш қўзғатиш ҳақидаги талабга асос сифатида кўрсатилган қонунчилик ҳужжатини кўрсатган ҳолда, иш қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қабул қилинган қарор баёни;

ажрим устидан шикоят билдириш мумкинлиги тўғрисидаги маълумотлар.

Ажримда заруратга кўра бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.



3-БОБ. ҚОНУНЧИЛИК БУЗИЛГАНЛИГИ

ТЎҒРИСИДАГИ ИШЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


15. Қуйидагилар қонунчилик бузилганлиги тўғрисидаги ишда иштирок этувчи шахслар ҳисобланади:

ваколатли давлат органи;

қонунчилик бузилганлиги тўғрисида ўзига нисбатан иш кўриб чиқилаётган шахс;

рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик ҳақидаги иш кўриб чиқилиши муносабати билан ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахл қилинаётган манфаатдор шахслар;

гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва бошқа кўмаклашувчи шахслар.

Ваколатли давлат органининг ишни тўғри ҳал этиши учун аҳамиятга эга маълумотлар ва ҳолатлардан хабардор ҳар қандай шахс гувоҳ бўлиши мумкин.

Фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида хулоса бериш учун зарур бўлган махсус билимларга эга жисмоний шахс эксперт сифатида жалб этилиши мумкин.

Маслаҳатлар (тушунтиришлар) бериш ва илмий-техника воситаларини қўллашда ёрдам кўрсатиш йўли билан далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашда кўмаклашиш мақсадида фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билим ва малакага эга бўлган, вояга етган, иш натижасидан манфаатдор бўлмаган шахс ваколатли давлат органи томонидан мутахассис сифатида жалб қилиниши мумкин.

Таржима қилиш учун зарур тилларни биладиган ҳамда ишда иштирок этувчи шахслар томонидан жалб этиладиган шахс таржимон бўлиши мумкин.

Қонунчилик бузилганлиги ҳақидаги ишда тижорат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлардан фойдаланилган тақдирда, ишда иштирок этувчи шахслар иштироки чекланиши мумкин.


16. Қонунчилик бузилганлиги тўғрисидаги ишда иштирок этувчи шахслар (ваколатли давлат органидан ташқари) иш қўзғатиш тўғрисида ажрим чиқарилган кундан бошлаб:

истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги тўғрисидаги иш бўйича материаллар билан танишиш (давлат сири ҳисобланган ва қонун билан қўриқланадиган бошқа махфий маълумотлардан ташқари) ва улардан кўчирма олиш;

оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш;

далиллар тақдим этиш;

истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги тўғрисидаги иш бўйича далилларни ўрганишда қатнашиш;

истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги тўғрисидаги иш бўйича ишда иштирок этувчи шахсларга саволлар бериш;

илтимоснома бериш;

ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномалари ва далил-исботларига эътироз билдириш;

мазкур Низомда назарда тутилган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланиш ҳуқуқига эгадир.


17. Комиссия аъзоси қуйидаги ҳолатларда ишни кўриб чиқишда иштирок этиши мумкин эмас ва рад этилиши лозим, агар у:

ишда иштирок этувчи шахсларнинг ёки уларнинг вакилларининг қариндоши бўлса;

ишнинг натижасидан шахсан, бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг холислигига шубҳа туғдирувчи бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса.

Ушбу банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган асослар мавжуд бўлса, комиссия аъзолари ўзини ўзи рад этиш ҳақида арз қилиши шарт.

Ишда иштирок этувчи шахслар томонидан ҳам шу асосларга кўра уларни рад этиш ҳақида арз қилиниши мумкин.

Комиссия аъзосини рад этиш тўғрисидаги масала рад этилиши талаб этилаётган комиссия аъзосининг иштирокисиз комиссия таркибининг кўпчилик овози билан ҳал қилинади. Рад этишни ёқлаб ва унга қарши берилган овозлар сони тенг бўлиб қолса, комиссия аъзоси рад этилган ҳисобланади.

Рад этиш тўғрисидаги масалани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.


18. Комиссия мажлисида қўзғатилган иш раис томонидан ишнинг ҳолатлари энг тўлиқ ва ҳар томонлама ўрганилиши ва унга баҳо берилишини таъминлайдиган, қонунчилик бузилишини бартараф этадиган ва унинг олдини оладиган, қонунчилик бузилиши тўғрисида унга нисбатан иш олиб борилаётган шахслар, шунингдек, бошқа манфаатдор шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланадиган тарзда кўриб чиқилади.


19. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчилик бузилиши ҳақидаги иш ариза тушган ёки назорат функциялари амалга оширилиши ва ўрганишлар натижаларига кўра иш қўзғатилган пайтдан бошлаб, бир ой муддатда кўриб чиқилади. Истисно ҳолатларда, кўрсатилган муддат узайтирилиши мумкин, бироқ ушбу муддат бир ойдан ортиқ бўлмаслиги лозим.

Рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилиши тўғрисидаги иш комиссия томонидан иш бўйича якуний қарор қабул қилиш учун далиллар етарли деб топиш учун зарур бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Ишнинг кўриб чиқилиши вақти ва жойи тўғрисида уларга нисбатан иш қўзғатилган жисмоний шахслар, хўжалик юритувчи субъектлар, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар, юридик шахслар бирлашмалари, ишда қатнашиш учун жалб этиладиган бошқа шахслар хабардор қилинади.

Ишда иштирок этувчи шахслар томонидан мажлисда видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш тўғрисида камида уч кун олдин ваколатли давлат органи ёки видеоконференцалоқа режимидаги мажлисни ўтказишга кўмаклашадиган ваколатли давлат органига ариза билан мурожаат қилинган тақдирда, ушбу шахслар мажлисда видеоконференцалоқа режимида иштирок этади, бошқа ҳолатларда мажлис ишни кўриб чиқишда қатнашувчиларнинг шахсан иштирокида ўтказилади.

Ишда иштирок этувчи шахслар томонидан комиссияга ёзма фикр ёки қўшимча далиллар тақдим этилмаганлиги ишни мавжуд материаллар бўйича кўришга тўсқинлик қилмайди.

Комиссия мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган иштирок этувчи шахслар мажлисга келмаса, иш уларнинг йўқлигида кўриб чиқилиши мумкин.

Ишлар ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда юритилади.

Иш юритилаётган тилни билмайдиган қатнашувчиларнинг таржимон орқали иш материаллари билан танишиш (истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги тўғрисидаги иш бўйича), комиссия ҳаракатларида иштирок этиш ҳамда ваколатли давлат органида ўз она тилида ёки эркин танланган мулоқот тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади.

Комиссия муҳокамаси жараёнида қабул қилинадиган ҳужжатлар комиссия мажлиси қайси тилда ўтказилган бўлса, шу тилда тузилади.

Иш юритиладиган тилни билмайдиган қатнашувчилар ўз ҳисобидан таржимон ёллашга ҳақли.

Ишни кўриб чиқишда қатнашувчилар иш юритиладиган тилни билмасликлари ва ўз ҳисобидан таржимон ёлламасликлари ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қила олмайди, комиссиянинг биринчи мажлисида ўз ҳисобидан таржимон ёллаш ҳақида илтимоснома киритган ҳолатлар бундан мустасно.


20. Ишни кўриб чиқиш комиссия таркибини эълон қилишдан бошланади. Комиссия мажлисида раислик қилувчи қандай иш кўриб чиқилиши кераклигини эълон қилади ва ўзига нисбатан иш кўрилаётган шахснинг номини айтади.

Ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг ҳуқуқлари тушунтирилади.


21. Ишни кўриб чиқишда комиссия иш бўйича далилларни бевосита ўрганади, шу жумладан:

ишни кўриб чиқишда қатнашувчиларнинг тушунтиришларини, мутахассисларнинг ва бошқа манфаатдор шахсларнинг хулосаларини, гувоҳларнинг кўрсатмаларини эшитади;

ёзма далиллар билан танишади ва уларни эълон қилади.

Қонунчилик бузилганлиги мавжудлиги ёки бузилмаганлиги тўғрисида хулоса чиқариш имконини берадиган далиллар етарли бўлмаганда ёки мавжуд бўлмаганда, ишда иштирок этувчи шахслардан қўшимча материаллар талаб қилиниши мумкин.

Иш бўйича далиллар қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда олинган маълумотлар бўлиб, улар асосида комиссия ишда иштирок этувчи шахсларнинг талаблари ва эътирозларини асословчи ҳолатлар, шунингдек, низони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар мавжудлигини ёки мавжуд эмаслигини аниқлайди. Бундай маълумотлар ёзма ва ашёвий далиллар, экспертларнинг хулосалари, мутахассисларнинг маслаҳатлари (тушунтиришлари), гувоҳларнинг кўрсатувлари, ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари билан аниқланиши мумкин.

Ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.

Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар, юридик шахслар бирлашмаларининг рақобатни чеклайдиган ҳужжатлари ҳамда ҳаракатларини тақиқлашга доир қонунчилик бузилиши тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда исботлаш мажбурияти мазкур шахслар зиммасига юкланади.

Муайян саволга аниқлик киритиш учун эксперт жалб этиш зарурати бўлса ва бундай жалб этиш харажат талаб этса, экспертни жалб этиш ва уни жалб этиш билан боғлиқ харажатларни ваколатли давлат органига қоплаб бериш ишда иштирок этувчи манфаатдор шахс зиммасига юкланади.


22. Ишни кўриб чиқиш қуйидаги ҳолатларда комиссиянинг навбатдаги мажлиси санаси ва вақти кўрсатилган ҳолда комиссия томонидан кейинга қолдирилиши мумкин:

вакилнинг мажлисда қатнаша олмаслиги сабабли ишни кўриб чиқиш кечиктирилиши тўғрисида субъектнинг асосланган илтимосномаси муносабати билан;

ишни кўриб чиқишда иштирок этувчи шахсларнинг қонунчилик бузилишини кўрсатмасиз ихтиёрий равишда бартараф этиш тўғрисидаги илтимосномаси муносабати билан;

қўшимча далиллар олиш зарурати муносабати билан;

ишда иштирок этувчи шахслардан бирортасининг ҳозир бўлмаганлиги ёки томоннинг вакилида ишончнома йўқлиги муносабати билан;

комиссия фикрига кўра ишни кўриб чиқишга экспертларни жалб этиш ёки бошқа шахсларнинг иштироки албатта зарурлиги муносабати билан;

мажлис видеоконференцалоқа режимида ўтказилаётганда, видеоконференцалоқа ўрнатиш имкони бўлмаган тақдирда;

ишга дахлдор бўлмаган ўзига нисбатан қонунчиликни бузганлик тўғрисида иш қўзғатилган шахсни ишга дахлдор бўлган шахс билан алмаштириш зарур бўлган тақдирда;

комиссия раиси ёки кворум мавжуд эмаслиги муносабати билан;

комиссиянинг биринчи мажлисида иш юритиладиган тилни билмайдиган ишни кўриб чиқишда қатнашувчилар ўз ҳисобидан таржимон ёллаш ҳақида илтимоснома киритган тақдирда;

ишни ушбу мажлисда ҳал этиш мумкин бўлмаганда.


23. Ишни кўриб чиқиш қуйидаги ҳолатларда тўхтатиб турилиши мумкин:

судда хулосалари ишни кўриб чиқиш натижалари учун аҳамиятли бўлган бошқа иш кўрилаётганда;

экспертизадан ўтказиш ёки тегишли экспертнинг ёки мутахассиснинг хулосаси зарур бўлганда.

материалларни қўшимча ўрганиш ва сўраш талаб қилинадиган ҳолатлар вужудга келганда;

табиий офатлар, эпидемиялар ва ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қилувчи бошқа объектив сабаблар пайдо бўлганда;

ўзига нисбатан иш юритилаётган якка тартибдаги тадбиркор бўлган фуқаро давлат мажбуриятини бажариш учун жалб қилинганда;

тергов ҳаракатлари олиб борилаётган иш юзасидан қарор қабул қилингунига қадар кўриш мумкин бўлмаганда.

Ишни кўриб чиқиш тўхтатиб турилганда, ишни кўриб чиқиш муддати ҳам тўхтатиб турилади.

Ишни кўриб чиқиш уни тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар бартараф этилгандан кейин давом эттирилади.


24. Ишни кўриб чиқиш комиссия томонидан қуйидаги ҳолатларда тўлиқ ёки қисман тугатилади:

қонунчилик бузилиши ҳолатлари тасдиқланмаганда;

қонунчилик бузилиши тўғрисида иш қўзғатилган хўжалик юритувчи субъект республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар, юридик шахслар бирлашмалари тугатилганда ёки жисмоний шахс вафот этганда;

иш қўзғатилган хўжалик юритувчи субъект, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар, юридик шахслар бирлашмалари ва жисмоний шахс қонун бузилишини ихтиёрий равишда бартараф этганда;

ваколатли давлат органи томонидан кўриб чиқилаётган қонунчилик бузилиши тўғрисидаги иш бўйича суд томонидан қарор қабул қилинганда.


25. Ишни кўриб чиқишни кейинга қолдириш, тўхтатиб туриш, қайта тиклаш ва тугатиш тўғрисида ажрим чиқарилади, у мажлисда иштирок этган комиссия раиси ва аъзолари томонидан имзоланади, унинг нусхаси ишни кўриб чиқишда қатнашувчиларга ушбу Низомнинг 12-бандида назарда тутилган тартибда жўнатилади.


26. Комиссия ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта ишни, агар бу тўғри қарор қабул қилишга кўмаклашса, битта иш юритишга бирлаштиришга ҳақли.

Ишларни бирлаштиришга комиссиянинг ишни кўриш якуни бўйича ҳужжати қабул қилингунига қадар йўл қўйилади. Ишлар бирлаштирилганда улар бўйича ишни кўриш муддати кейинроқ тайинланган иш бўйича белгиланади.

Комиссия ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта масалалар бўйича бир ишни ажратиб кўришни мақсадга мувофиқ деб топса, у иш бўйича бир ёки бир нечта масалани алоҳида иш юритишга ажратишга ҳақли.

Алоҳида иш юритишга ажратишга ишни кўриш якуни бўйича комиссия ҳужжати қабул қилингунига қадар ёки уни қабул қилиш билан бир вақтда йўл қўйилади.


27. Ишни моҳиятига кўра кўриб чиқиш натижалари бўйича комиссия:

қонунчилик бузилганлиги аниқланганлиги ва тегишли ҳуқуқий таъсир чораларининг кўрилиши ҳақида қарор;

иш юритишни тугатиш тўғрисида ажрим қабул қилади.


28. Комиссия томонидан қарор кўриб чиқилаётган масала бўйича таклиф этилган шахслар иштирокисиз, очиқ овоз бериш орқали кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, комиссия раиси овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Комиссия раиси ва аъзолари овоз беришда бетараф қолиш ҳуқуқига эга эмас. Комиссия раиси энг охирида овоз беради.

Агар комиссия раиси ёки аъзоси қарорга рози бўлмаса, у уни имзолаши шарт ва ўзининг алоҳида фикрини баён қилишга ҳақлидир

Алоҳида фикр ишга қўшиб қўйилади, лекин эълон қилинмайди. Ишда иштирок этувчи шахслар алоҳида фикр билан таништирилмайди.


29. Комиссиянинг қонунчиликни бузганлик ҳақидаги иш юзасидан қарори ишни кўриб чиқиш тугаллангач, мажлис ўтказилган санада дарҳол эълон қилинади. Бунда унинг фақат кўрсатма қисми маълум қилинади, матни эса ишга қўшиб қўйилади.

Комиссиянинг қонунчиликни бузганлик ҳақидаги иш юзасидан қарори шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда оммавий ахборот воситаларида ёритилиши мумкин.


30. Қарор комиссия раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.

Комиссия томонидан қарорнинг хулоса қисми эълон қилинган сана қарорнинг қабул қилинган санаси ҳисобланади.


31. Комиссия мажлисида баённома юритилади, у комиссия аъзоларининг биттаси томонидан ёки комиссия раиси баённомани тузиш учун махсус жалб этган ваколатли давлат органи мутахассиси томонидан тузилади.

Комиссия мажлиси баённомасида қуйидагилар кўрсатилади:

ишни кўриб чиқаётган ваколатли давлат органининг номи;

ишнинг номи ва тартиб рақами;

мажлиснинг ўтказилган йили, ойи, куни ва жойи;

комиссия таркиби;

ишни кўриб чиқишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳозир бўлганлиги ва уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар текширилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

ишни кўриб чиқишда иштирок этувчи шахсларнинг оғзаки илтимосномалари;

ишни кўриб чиқишда иштирок этувчи шахсларнинг ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномалари ва далилларига қарши эътирозлари;

ишни кўриб чиқишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари, мутахассисларнинг изоҳлари, ёзма далилларни эълон қилиш тўғрисидаги маълумотлар;

гувоҳларнинг кўрсатмалари;

комиссия қабул қилган қарор;

бошқа маълумотлар.

Мажлис баённомаси комиссия раиси, аъзолари ва комиссия мажлиси котиби томонидан имзоланади.



4-БОБ. КЎРСАТМАЛАР БЕРИШ ВА УЛАРНИНГ

БАЖАРИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


32. Комиссиянинг қонунчиликни бузганлик ҳақидаги иш юзасидан қарорига асосан ўзига нисбатан қарор қабул қилинган шахсга кўрсатма берилади.

Кўрсатма комиссия раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.

Иш қўзғатмасдан кўриб чиқилган масалалар бўйича истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчилик бузилиши аниқланган тақдирда, қонунчиликни бузган шахсга ваколатли давлат органи томонидан тўғридан-тўғри кўрсатма берилади. Бунда кўрсатма ваколатли давлат органининг раҳбари ёки ўринбосари томонидан имзоланади.

Кўрсатмани бажариш учун бир ой муддат берилади. Қонунчилик бузилишини тезкорлик билан бартараф этиш зарурати бўлганда кўрсатмада белгиланган талабларни бажариш учун бир ойдан кам бўлган муддат берилиши мумкин.


33. Кўрсатма унда белгиланган муддатда бажарилиши лозим.

Кўрсатмани муддатида ижро этмаганлик қонунчиликда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.

Қарор ва кўрсатманинг жўнатилганлигини билдирувчи почта ҳужжатлари ёки бошқа ҳужжатлар иш материалларига қўшиб қўйилади.

Кўрсатманинг бажарилганлиги субъектни текшириш далолатномаси билан ёхуд қонунчилик бузилиши бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжат билан тасдиқланади, ушбу ҳужжатлар иш материалларига қўшиб қўйилади.

Иш кўрсатма бажарилгандан кейин тугалланган деб ҳисобланади.

Агар текшириш чогида қонунчилик бузилишлари тугатилмаганлиги, бартараф этилмаганлиги, дастлабки ҳолат тикланмаганлиги ёки тугатиш, бартараф этиш, дастлабки ҳолатни тиклаш чора-тадбирлари кўрилмаганлиги, шунингдек, кўрсатмани бажаришдан бўйин товлаш ёки қисман бажариш ёхуд ўз вақтида бажармаслик ҳолатлари аниқланса, қарор ва кўрсатма бажарилмаган ҳисобланади.

Кўрсатма қуйидаги ҳолатларда қисман бажарилмаган ҳисобланади:

кўрсатмага мувофиқ тугатилиши, бартараф этилиши ёки дастлабки ҳолат тикланиши керак бўлган барча қонунчилик бузилишлари тугатилмаганда, бартараф этилмаганда ёки дастлабки ҳолат тикланмаганда;

кўрсатмада назарда тутилган барча жисмоний шахсларга ёки хўжалик юритувчи субъектларга ёхуд республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларга нисбатан қонунчилик бузилиши тугатилмаганда, бартараф этилмаганда ёки дастлабки ҳолат тикланмаганда.

Кўрсатма ўз вақтида бажарилмаган деганда, кўрсатманинг унда кўрсатилган муддатни бузган ҳолда бажарилиши тушунилади.


34. Кўрсатма берилган шахслар кўрсатмани бажариш муддатини узайтириш тўғрисида илтимоснома бериши мумкин.

Илтимосномада кўрсатилган ҳолатлар узрли деб топилган тақдирда, кўрсатмани бажариш муддати кўпи билан уч ойгача узайтирилиши мумкин.

Қўзғатилган иш якуни бўйича берилган кўрсатма бажариш муддатини узайтириш тўғрисида ажрим чиқарилади, у комиссия раиси ва аъзолари томонидан имзоланади, унинг нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.

Иш қўзғатмасдан кўриб чиқилган масалалар бўйича берилган кўрсатма муддати узайтирилганлиги ҳақида хат илтимоснома киритган шахсга юборилади. Бунда хат ваколатли давлат органининг раҳбари ёки ўринбосари томонидан имзоланади.


35. Ваколатли давлат органи ўз кўрсатмалари бажарилиши устидан назорат қилади, қабул қилинган қарорлар ва берилган кўрсатмалар ҳисобини юритади.


36. Комиссия ажримлар, қарорлар, кўрсатмалар қабул қилади.

Комиссиянинг ишни мазмунан ҳал этилмасдан қабул қилинадиган ҳужжатлари ажримлар шаклида чиқарилади.

Комиссиянинг ишни мазмунан кўриш натижалари бўйича қабул қилинадиган ҳужжатлари ишни кўриб чиқишни тугатиш тўғрисидаги ажрим ёки қарор шаклида чиқарилади.

Комиссиянинг қарори асосида рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилишини тўхтатиш, бартараф этиш, кейинчалик қонунчилик бузилишига йўл қўймаслик юзасидан ўзига нисбатан кўрсатма берилаётган шахс томонидан бажарилиши керак бўлган аниқ хатти-ҳаракатлар кўрсатилган ҳужжатлари кўрсатма шаклида чиқарилади.


37. Комиссия ажримни алоҳида ҳужжат шаклида чиқаради.

Комиссия ажрими кириш, асослантириш ҳамда хулоса қисмларидан иборат бўлади.

Ажримнинг кириш, асослантириш ва хулоса қисмларида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

а) кириш қисмида:

ваколатли давлат органининг тўлиқ номи, ишнинг тартиб рақами, ажрим чиқарилган сана, комиссия таркиби, кўриб чиқиш предмети;

ўзига нисбатан иш қўзғатилган (кўрсатма берилган) шахс (шахслар) тўғрисидаги маълумотлар;

ажрим чиқариладиган масала;

б) асослантириш қисмида комиссиянинг қонунчиликка асосланган ҳолда, ўз хулосасини чиқаришига асос бўлган сабаблар;

в) хулоса қисмида кўриб чиқилаётган масала бўйича қарор.

Ишни кўриб чиқишни кейинга қолдириш ва қайта тиклаш тўғрисидаги ажримнинг хулоса қисмида қуйидаги маълумотлар ҳам кўрсатилади:

комиссия мажлиси санаси, вақти ва жойи тўғрисидаги маълумот;

ишда иштирок этувчи шахсларнинг мажлисда видеоконференцалоқа режимида иштирок этишга бўлган ҳуқуқлари ҳақида тушунтириш;

ишда иштирок этувчи шахслар мажлисда видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш истагини билдирган тақдирда, камида уч кун олдин ваколатли давлат органи ёки видеоконференцалоқа режимидаги мажлисни ўтказишга кўмаклашадиган ваколатли давлат органига ариза билан мурожаат қилиши лозимлиги ҳақида тушунтириш;

ишда иштирок этувчи шахслар иштирок этиши мумкин бўлган видеоконференцалоқа режимидаги мажлисни ўтказишга кўмаклашадиган ваколатли давлат органи манзили ҳақида маълумот;

ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар ва материаллар ҳақида маълумот, агар бунга зарурат бўлса;

ишда иштирок этувчи шахсларнинг узрли сабабларсиз келмаслиги ёки улар томонидан ишни кўриб чиқишни бошқа кунга қолдириш тўғрисидаги илтимоснома берилмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўриб чиқилишига ва тегишли қарор қабул қилинишига асос бўлиши ҳақида тушунтириш.


38. Комиссия қарори кириш, асослантириш ҳамда хулоса қисмларидан иборат бўлади.

Комиссия қарорининг кириш, асослантириш ҳамда хулоса қисмларида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

а) кириш қисмида:

қарор қабул қилган ваколатли давлат органининг номи;

лавозимлари кўрсатилган ҳолда комиссия таркиби;

ишнинг тартиб рақами;

қарорнинг қабул қилинган санаси ва жойи;

ишни кўриб чиқиш предмети;

ўзига нисбатан иш қўзғатилган шахс, шунингдек, ишни кўриб чиқишнинг бошқа қатнашувчилари тўғрисидаги маълумотлар;

б) асослантириш қисмида:

ишни кўриб чиқишда аниқланган ҳолатлар;

комиссиянинг ушбу ҳолатлар тўғрисидаги хулосаларига асос бўлган далиллар;

комиссия асосланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормалари;

содир этилган қонунчилик бузилганлиги учун жавобгарликни назарда тутувчи қонунчиликка асосланишнинг баёни;

в) хулоса қисмида:

комиссиянинг ўзига нисбатан иш қўзғатилган шахс томонидан бузилган қонунчилик нормаларини аниқ кўрсатган ҳолда, қонунчилик бузилган деб топиш тўғрисидаги хулосаси, реклама тўғрисидаги қонунчилик бузилиши учун назарда тутилган молиявий санкциялар миқдори, молиявий санкцияларни ихтиёрий равишда тўлаш муддати ва тартиби ҳақидаги тушунтириш;

бажариш муддатларини кўрсатган ҳолда қонунчилик бузилишини тўхтатиш, бартараф этиш, шу жумладан, асоссиз олинган даромаднинг миқдори аниқ кўрсатилиб, якуний истеъмолчиларга қайтариш, якуний истеъмолчиларни аниқлаш мумкин бўлмаган тақдирда, ихтиёрий равишда давлатга тўлаш, бундан кейин қонунчилик бузилишига йўл қўймаслик, дастлабки ҳолатни тиклаш, рақобатни тиклаш ва бошқаларга оид бажарилиши керак бўлган аниқ хатти-ҳаракатларни бажариш ҳақида кўрсатма бериш тўғрисидаги хулоса;

қарор юзасидан шикоят билдириш мумкинлиги тўғрисидаги тушунтириш;

бошқа маълумотлар.

Қарорда ишни кўриб чиқиш давомида аниқланган жиноят белгилари бўйича материалларни ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга жўнатиш ҳақида тавсиялар берилиши мумкин.


39. Қўзғатилган иш якуни бўйича берилган кўрсатма кириш ва хулоса қисмларидан иборат бўлади.

Иш қўзғатмасдан кўриб чиқилган масалалар бўйича берилган кўрсатма кириш, асослантириш ҳамда хулоса қисмларидан иборат бўлади.

Кўрсатманинг кириш, асослантириш (иш қўзғатмасдан кўриб чиқилган масалалар бўйича берилган кўрсатма бўйича) ҳамда хулоса қисмларида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

а) кириш қисмида:

ваколатли давлат органининг тўлиқ номи, ишнинг тартиб рақами, кўрсатма берилган сана ва жой;

кўрсатма берилишига асос бўлган қарор тўғрисидаги маълумотлар (қўзғатилган иш якуни бўйича берилган кўрсатма бўйича);

ўзига нисбатан кўрсатма берилаётган шахснинг номи;

қонун бузилишига йўл қўйган шахсга нисбатан қўлланилган қонунчилик ҳужжати;

б) асослантириш (иш қўзғатмасдан кўриб чиқилган масалалар бўйича берилган кўрсатма бўйича) қисмида:

аниқланган ҳолатларнинг, ушбу ҳолатлар тўғрисидаги хулосаларга асос бўлган далилларнинг, асосланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларининг қонунчилик бузилганлиги учун жавобгарликни назарда тутувчи қонунчиликка асосланиш баёни;

ўзига нисбатан иш қўзғатилган шахс томонидан бузилган қонунчилик нормаларини аниқ кўрсатган ҳолда қонунчилик бузилганлиги тўғрисидаги хулосаси;

в) хулоса қисмида:

шахс томонидан бажарилиши керак бўлган аниқ хатти-ҳаракатлар (қонунчилик бузилишини тўхтатиш, бартараф этиш, шу жумладан, асоссиз олинган даромаднинг миқдори аниқ кўрсатилган ҳолда, якуний истеъмолчиларга қайтариш, якуний истеъмолчиларни аниқлаш мумкин бўлмаган тақдирда, ихтиёрий равишда давлатга тўлашни тавсия этиш, бундан кейин қонунчилик бузилишига йўл қўймаслик, дастлабки ҳолатни тиклаш, рақобатни тиклаш ва бошқалар) ҳамда бажариш муддатлари;

реклама тўғрисидаги қонунчилик бузилишида назарда тутилган молиявий санкциялар миқдори, молиявий санкцияларни ихтиёрий равишда тўлаш муддати ва тартиби тўғрисидаги тушунтириш;

кўрсатмани бажармаганлик учун қонунчилик нормаларини кўрсатган ҳолда жавобгарлик тўғрисида тушунтириш;

кўрсатма юзасидан шикоят билдириш тартиби тўғрисида тушунтириш.


40. Йўл қўйилган хатоларни, имловий (орфографик) хатоларни ва ҳисоб-китобдаги янглишишлар ёзувнинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда, ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига кўра ёки комиссия ёхуд ваколатли давлат органи раҳбари ёки ўринбосари ташаббуси асосида тузатилиши мумкин.

Ёзувдаги йўл қўйилган хатоларни, имловий (орфографик) хатоларни ёки ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш тўғрисидаги ариза у берилган кундан эътиборан йигирма кун муддатда кўриб чиқилади.

Қўзғатилган иш бўйича чиқарилган қарор, ажрим ва кўрсатмалардаги ёзувдаги йўл қўйилган хатоларни, имловий (орфографик) хатоларни ёки ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш тўғрисидаги ариза ишни кўриб чиқишда қатнашувчиларни хабардор қилган ҳолда, комиссия томонидан кўрилади. Мазкур шахсларнинг келмаганлиги аризани кўришга тўсқинлик қилмайди.

Қўзғатилган иш бўйича чиқарилган қарор, ажрим ва кўрсатмалардаги ёзувдаги хатоларни, имловий (орфографик) хатоларни, ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш тўғрисида ёки тузатишни рад этиш ҳақида ажрим чиқарилади.

Иш қўзғатилмасдан кўриб чиқилган масалалар бўйича чиқарилган кўрсатмалардаги ёзувдаги хатоларни, имловий (орфографик) хатоларни, ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш тўғрисида ёки тузатишни рад этиш ҳақида хат юборилади.

Қарор, ажрим ва кўрсатмалардаги ёзувдаги хатоларни, имловий (орфографик) хатоларни, ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш тўғрисидаги ёки тузатишни рад этиш ҳақидаги ажрим ёки хат устидан шикоят қилиниши мумкин.


41. Ажримлар, қарорлар ва кўрсатмалар намуналари Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан тасдиқланади.

Комиссиянинг ажрими, қарори ва кўрсатмаси топширилгани тўғрисидаги билдиришнома билан буюртма хат орқали жўнатилади ёхуд қонунчилик бузилганлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда қатнашувчиларга ёки уларнинг вакилларига тилхат бўйича тақдим этилади.


42. Молиявий санкция қўлланиши назарда тутилган реклама тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги аниқланганлиги тўғрисида ўзига нисбатан қарор ёки кўрсатма чиқарилган ва аниқланган ҳуқуқбузарликлардаги айбини тан олган шахс ваколатли давлат органи белгилаган муддат мобайнида қонунчиликда белгиланган молиявий санкциялар суммасини ихтиёрий равишда тўлашга ҳақлидир.

Молиявий санкциялар суммаси ихтиёрий равишда тўланган тақдирда, унинг тўланганини тасдиқловчи тўлов ҳужжати тўлов вақтидан бошлаб икки иш куни мобайнида ваколатли давлат органига тақдим этилиши керак.


43. Агар реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузган ва аниқланган ҳуқуқбузарликлардаги айбини тан олган шахс белгиланган муддат мобайнида қонунчиликни бузгани учун қонунчиликда назарда тутилган молиявий санкциялар суммасини ихтиёрий равишда тўламаса, ваколатли давлат органи тегишли молиявий санкциялар белгилаш тўғрисида судга мурожаат қилади.

Рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун ваколатли давлат органи молиявий санкциялар белгилаш ва ундириш тўғрисида судга мурожаат қилади, мазкур банднинг учинчи - ўн иккинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Рақобатга қарши келишув тузган ёки ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатни содир этган жисмоний ёки юридик шахс бу ҳақда ваколатли давлат органига биринчи бўлиб ихтиёрий равишда хабар қилса, ваколатли давлат органи ушбу шахсга нисбатан молиявий санкциялар белгилаш ва ундириш тўғрисида судга мурожаат қилмайди.

Ваколатли давлат органи рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузганлигининг иқтисодий таъсир даражаси паст ҳолатлар бўйича биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган тадбиркорлик субъектларига нисбатан молиявий санкциялар белгилаш ва ундириш тўғрисида судга мурожаат қилмайди, уларга нисбатан профилактик тушунтириш тадбирлари амалга оширади.

Рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилиши натижасида истеъмолчилар, рақобатчилар ёки бошқа манфаатдор субъектларга кескин зарар етказилмаган, шу жумладан, рақобатни чеклашга, бозордаги рақобат муҳитига таъсир қилмаган ҳолатлар иқтисодий таъсир даражаси паст ҳолатлар ҳисобланади.

Қуйидагилар рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузганлигининг иқтисодий таъсир даражаси паст ҳолатлар бўлиши мумкин:

а) товар ва молия бозорларини таҳлил қилишда монополияга қарши органга унинг сўровига асосан маълумотларни тақдим этмаслик, нотўғри ёки ёлғон маълумотлар тақдим этганлик;

б) савдолар ўтказилишида уларни ўтказиш тартибининг бузилиши:

савдолар бўйича якуний натижаларнинг эълон қилиниши ёки савдолар натижалари бўйича шартномалар тузилгунга қадар аниқланганда;

савдоларни ўтказиш тартибини бузиш савдолар натижасига таъсир этмаганда;

в) рақобатни чеклашга олиб келган ҳаракат бозор иштирокчилари, истеъмолчиларга бевосита молиявий зарар келтириб чиқармаганда;

г) устун мавқега ёки устун музокара кучига эга хўжалик юритувчи субъектларнинг контрагентлари ёки истеъмолчилари билан тузилган шартномаларга рақобатни чекловчи ёки камситувчи шартларни киритганлик ҳолатлари амалий жиҳатдан ҳаётга татбиқ этилгунга қадар аниқланганда.

Агар реклама тўғрисидаги қонунчилик бузилишига йўл қўйган юридик ёки жисмоний шахс жарима солиш тўғрисидаги қарорни дарҳол бажариш унинг молиявий аҳволини ёмонлаштириши мумкинлигини исбот қилса, ваколатли давлат органи ушбу шахсга ундириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб олти ой мобайнида жаримани кечиктириб ёки ҳар ойлик тўловлар билан бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини беришга ҳақлидир.

Хўжалик юритувчи субъектнинг охирги ҳисобот санасидаги жорий активлари суммасининг жами 20 фоизидан ортиқ бўлган молиявий санкциялар ундириладиган суммани тўловчига ундириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб олти ой мобайнида ҳар ойда бўлиб-бўлиб тўлаш имконини берган ҳолда ундирилади.

Молиявий санкцияларни тўлаш ваколатли давлат органининг қарорини ёки кўрсатмасини бажариш ёхуд қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятидан озод қилмайди.



5-БОБ. ВАКОЛАТЛИ ДАВЛАТ ОРГАНИНИНГ

ҚАРОРЛАРИ, АЖРИМЛАРИ, КЎРСАТМАЛАРИ ВА

ХАТЛАРИ ЮЗАСИДАН ШИКОЯТ ҚИЛИШ


44. Қонунчилик бузилганлиги тўғрисидаги ишда иштирок этувчи шахслар комиссиянинг қарорлари, иш қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги ажрими, кўрсатмаси, ваколатли давлат органи раҳбари ёки ўринбосарининг кўрсатмаси ёки хати устидан қарор, ажрим, кўрсатма ёки хат қабул қилинган ёхуд чиқарилган кундан бошлаб бир ой муддатда бевосита судга ёхуд Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига шикоят қилишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган муддат тугагандан сўнг берилган шикоятлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди, узрли сабабларга кўра шикоят қилиш муддати ўтказиб юборилган ҳолатлар бундан мустасно.


45. Комиссиянинг қарорлари (кўрсатмалари), ваколатли давлат органи раҳбари ёки ўринбосарининг кўрсатмаси устидан шикоят қилиниши уларнинг бажарилишини тегишлича суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунига, юқори турувчи органнинг ёхуд мансабдор шахснинг қарори қабул қилингунига қадар тўхтатиб туради, фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига бошқа ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ бўлган қарорлар (кўрсатмалар) бундан мустасно.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 41-42-сон, 317-модда.




















































































Время: 0.1812
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск