язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ахборотлаштириш. Телекоммуникациялар тараққиёти/ Давлат органларининг ахборот тизимларини яратиш тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 22.11.2005 й. 256-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2005 йил 22 ноябрдаги

256-сон қарорига

2-ИЛОВА



Давлат органларининг ахборот

тизимларини яратиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Ушбу Низом давлат органларининг ахборот тизимларига умумий талабларни, уларни яратиш тартибига талабларни, шунингдек ахборот тизимларини яратишда давлат органларининг вазифаларини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Давлат органларининг ахборот тизими ахборотларни тўплаш, сақлаш, қидириш, ишлаш ва улардан фойдаланишга имкон берадиган давлат ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ва алоқа воситаларининг ташкилий жиҳатдан тартибга солинган йиғиндиси ҳисобланади.


2. Давлат органларининг ахборот тизимлари Ўзбекистон Республикаси миллий ахборот тизимининг таркибий қисми ҳисобланади.


3. Ягона электрон реестрлар ва маълумотлар базаларини шакллантириш, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини фаол қўллаш ҳисобига улар фаолияти самарадорлиги, тезкорлиги ва очиқлигини ошириш, улар томонидан кўрсатиладиган электрон давлат хизматлари доирасини кенгайтириш ва сифатини ошириш, давлат бошқа органлари, юридик ва жисмоний шахслар билан идоралараро электрон ҳамкорликни ташкил қилиш Давлат органларининг ахборот тизимларини яратишнинг мақсади ҳисобланади.

4. Давлат хизматлари кўрсатишда, давлат органлари бошқа функцияларини бажаришда зарур бўлган ахборотларни излаш, олиш, қайта ишлаш, туркумлаштириш ва тарқатиш жараёнларини жадаллаштириш ва енгиллаштириш, янги эҳтиёжларни ўз вақтида қондириш ҳамда пайдо бўлаётган имкониятларни тезда баҳолаш ишларини давом эттириш, шунингдек давлат органининг барча таркибий бўлинмалари фаолияти самарадорлигини, бошқарувчанлигини ошириш, уни мувофиқлаштириш давлат ахборот тизимидан фойдаланишнинг асосий мақсади ҳисобланади.


II. ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИНИНГ АХБОРОТ

ТИЗИМЛАРИГА АСОСИЙ ТАЛАБЛАР


5. Давлат органларининг ахборот тизимлари:

- умумий фойдаланиладиган давлат ахборот ресурсларидан кафолатли ва хавфсиз фойдалана олишни;

- давлат ахборот ресурсларини қидириш, тўплаш, ишлаш ва сақлаш имкониятини;

- очиқ маълумотлар тўпламларини генерация қилиш имкониятини;

- давлат органларига маҳаллий ва глобал ахборот ресурсларидан фойдаланиш имконияти беришни;

- давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан "ягона дарча" тамойили бўйича электрон давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлаш учун "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграцион платформа билан интеграциялашиш имконияти, бунда электрон давлат хизматларини кўрсатадиган давлат органи кўрсатилган ҳужжатлар ва маълумотларни мустақил равишда, ариза берувчининг иштирокисиз, идоралараро электрон ҳамкорлик воситасида олади;

- дастурий-аппаратнинг ишончли ишлаши ва уларнинг узилишларга, шу жумладан, фойдаланувчиларнинг тартибсиз ишлаши ҳолларига чидамлилигини;

- фойдаланувчилар ўртасида маълумотларни тезкорлик билан ва хавфсиз айирбошлашни;

- аппарат ва дастурий воситаларни модернизация қилиш, тизимни янги компонентлар билан бойитиш йўли билан янада кенгайтириш имкониятини;

- давлат органлари фаолиятининг асосий йўналишлари билан боғлиқ бошқа функцияларни таъминлаши керак.


6. Давлат органларининг ахборот тизимлари қуйидагилардан иборат бўлади:

- давлат органлари томонидан ўзларининг асосий вазифалари ва функцияларини бажаришни қўллаб-қувватлашни таъминлайдиган транзакцион ва ҳисобга олиш тизимлари;

- давлат органлари ахборот тизимлари ўртасида идоралараро ахборот бўйича ўзаро ҳамкорлик тизимлари;

- давлат органлари фаолиятида амалий жараёнлар ва маъмурий регламентларнинг қўллаб-қувватланишини таъминлайдиган ресурсларни бошқариш тизимлари;

- давлат органлари томонидан ўзларининг асосий вазифалари ва функцияларини бажариш натижалари тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, ишлаш, сақлаш ва таҳлил қилишни таъминлайдиган ахборот-таҳлил тизимлари;

- электрон ҳужжатлар айланиши тизимлари;

- ҳужжатларнинг электрон архивларини бошқариш тизимлари;

- фойдаланишни бошқариш тизимлари (шу жумладан, инфратузилма компонентларини бошқариш тизимлари);

- жисмоний ва юридик шахслар билан ўзаро ҳамкорлик қилишнинг Интернет ёки бошқа алоқа каналлари орқали, шу жумладан телефон хизмати кўрсатиш порталлари ва марказлари орқали давлат органлари томонидан электрон давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлайдиган тизимлари;

- ахборот хавфсизлигини таъминлаш тизимлари;

- давлат органлари ходимлари томонидан ўзларининг кундалик фаолиятида ҳужжатларни тайёрлаш ва ахборотлар алмашиш учун фойдаланиладиган идора тизимлари.


7. Давлат органларининг ахборот тизимлари ишончли ва барқарор фаолият кўрсатиш талабларига жавоб бериши керак.


8. Давлат органларининг ахборот тизимлари қуйидаги принциплар асосида яратилиши керак:

- ахборотларнинг фойдаланишга қулайлиги, ишончлилиги, тўлиқлиги ва уларнинг ўз вақтида берилиши;

- маҳфийлик - ахборотлар тизими ахборот ресурсларидан фойдаланувчиларга берилган ваколатлар доирасида фойдаланишнинг чекланишини таъминлаш;

- ошкоралик - бошқа ахборот тизимлари ва миллий ахборот тизимлари билан интеграцияланиш имконияти;

- электрон ҳукуматнинг ягона идентификаторларидан фойдаланиш - электрон ҳукуматнинг қонун ҳужжатларида белгиланадиган ягона идентификаторлари асосида электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органларининг ахборот тизимларида ахборотлар сақланишини ва қайта ишланишини таъминлаш;

- кўламлилик - ахборотлар тизимлари таркибига дастурий - аппарат воситаларини қўшиш, модернизация қилиш ва шу каби йўллар билан ахборот тизимларининг функционал имкониятларини янада кенгайтириш имконияти;

- ҳимояланганлик - ахборот тизимлари таркибига кирувчи ахборот ресурсларининг сақланишини ва яхлитлигини таъминлаш.



III. ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИНИНГ

АХБОРОТ ТИЗИМЛАРИНИ ЯРАТИШ


9. Давлат органларининг ахборот тизимлари давлат бюджети маблағлари, давлат органларининг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига яратилади.


10. Давлат органларининг ахборот тизимларини яратиш жараёнида буюртмачи, ишлаб чиқувчи, етказиб берувчи, бош лойиҳаловчи ташкилотлар, турли қисмларни лойиҳалаш, монтаж қилиш, созлаш ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар қатнашиши мумкин.


11. Давлат органларининг ахборот тизимларини яратиш қуйидаги босқичлардан иборат бўлади: талабларни шакллантириш, концепцияни, техник топшириқни, эскиз ва техник лойиҳаларни ишлаб чиқиш, ишчи ҳужжатларни тузиш, ишга тушириш ва кузатиб бориш.


12. Ҳар қайси босқичдаги ишларнинг мазмуни ва ахборот тизимларини яратиш қатнашчиларининг вазифаларини тақсимлаш тегишли стандартлар билан белгиланади.


13. Давлат органлари ахборот тизимларининг техник ҳужжатлари 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури амалга оширилишини мувофиқлаштириш Республика комиссиясининг ишчи органи - Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига экспертизага тақдим этилади.

Давлат органлари ахборот тизимларининг техник ҳужжатлари автоматлаштириш ва электрон шаклга ўтказиш режалаштириладиган, бажариладиган маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги ахборот, ишлаб чиқувчи билан буюртмачи томонидан биргаликда автоматлаштириладиган фаолият соҳасининг функционал ва операцион жараёнларини қайта ташкил қилиш ва мақбуллаштириш ўтказилганлиги ёки ўтказиш режалаштирилганлиги тўғрисидаги ахборот, шунингдек уни ўтказиш якунлари бўйича самарадорлик кўрсаткичларини ўз ичига олиши керак.

14. 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури амалга оширилишини мувофиқлаштириш Республика комиссиясининг ишчи органи экспертизани бир ой муддатда, заруриятга кўра, манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг мутахассисларини жалб этган ҳолда ўтказади.

15. Давлат органларининг ахборот тизимлари лойиҳалари экспертизаси:

- ахборот тизимига қарор билан тавсия этилаётган вазифаларни бажариш имконияти;

- жараёнларни электрон шаклга ўтказиш учун йўналтирилган давлат хизматларини тақдим этишда функционал ва операцион жараёнларнинг қайта ташкил қилиниши ва мақбуллаштирилишини ўтказиш зарурати, муддатлар ва асосланмаган харажатларни қисқартириш ва бошқалар;

- лойиҳанинг амалдаги норматив ҳужжатларга мувофиқлиги;

- миллий ахборот тизими билан ўзаро ҳамкорликнинг таъминланиши;

- ахборот хавфсизлигининг таъминланиши юзасидан ўтказилади.


16. Давлат органларининг ахборот тизимларини яратиш ва молиялаштириш фақат ижобий эксперт хулосаси олингандан кейин амалга оширилади.


17. Ахборот тизимларини яратиш ишлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мумкин.

Давлат органларининг яратиладиган ахборот тизимлари давлат органларининг бошқа давлат ахборот ресурсларидан ва ахборот тизимларидан ахборот олишни назарда тутмаслиги керак, агар ушбу ахборот "Электрон ҳукумат" тизими жисмоний ва юридик шахсларининг марказий маълумотлар базаларида мавжуд бўлса.

18. Давлат органларининг ахборот тизимларини фойдаланишга топшириш қабул қилиб олиш бўйича махсус комиссия томонидан амалга оширилади, унинг таркибига 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури амалга оширилишини мувофиқлаштириш Республика комиссиясининг камида 3 нафар вакили, уларнинг касб бўйича тажрибасини ва ахборот технологиялари соҳасидаги кўникмаларини ҳисобга олган ҳолда киритилади.

19. Электрон давлат хизматлари кўрсатишга жалб этилган давлат органларининг ахборот тизимлари мажбурий равишда ҳисобга олинади ва рўйхатдан ўтказилади.

Давлат органларининг ахборот тизимларини ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан амалга оширилади.


IV. ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ АХБОРОТ

ТИЗИМЛАРИНИНГ АХБОРОТ

ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ


20. Давлат органларининг ахборот тизимлари ушбу Низом ва бошқа норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ ҳимоя қилинади.


21. Давлат органларининг ахборот тизимларида ахборот хавфсизлиги ахборотларни ҳимоя қилишнинг ташкилий-техник чора-тадбирлар комплексини ҳамда дастурий-аппарат воситаларини ўз ичига оладиган тизим билан таъминланиши керак.


22. Ташкилий чора-тадбирлар юридик ва жисмоний шахсларни давлат органларининг ахборот тизимларини лойиҳалаш, яратиш ва улардан фойдаланиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлашга жалб этишни тартибга солувчи ҳаракатлар ва талаблар рўйхатидан иборат бўлади.


23. Давлат сирларига ёки маҳфий ахборотларга мансуб ахборотларни ишлайдиган ахборот тизимларини яратиш ишлари уларни яратиш ва қўллаб-қувватлаш учун масъул бўлган давлат органлари томонидан бажарилиши керак.

Зарурат бўлганда, давлат органларининг ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш учун маҳфий ахборотларни ишлайдиган юридик шахсларни белгиланган тартибда жалб этишга йўл қўйилади.


24. Давлат органларининг ахборот тизимларида қўлланадиган ахборотларни ҳимоя қилишнинг дастурий-техник воситалари лицензияланган, сертификатланган бўлиши ва қуйидагиларни:

- ҳимоя қилинадиган ахборот ресурсларини идентификациялашни;

- ахборот тизимидан фойдаланувчиларни аутентификация қилишни;

- тизимда айланаётган ахборотларнинг маҳфийлигини;

- маълумотларни асл нусхада айирбошлашни;

- ахборотларни шакллантириш, узатиш, фойдаланиш, ишлаш ва сақлашда маълумотларнинг яхлитлигини;

- нормал фойдаланиш шароитларида тизимдаги барча ресурслардан рухсат билан фойдаланишни;

- фойдаланувчиларнинг ахборот тизими рссурсларидан фойдаланиши чегараланишини;

- бошқарувни (ахборот тизимлари росурсларидан фойдаланиш ҳуқуқларини белгилаш, рўйхатга олиш дафтарларидаги ахборотларни ишлаш, ҳимоя тизимини ўрнатиш ва олиб ташлаш);

- фойдаланувчиларнинг кириш ва чиқиш ҳаракатларини, шунингдек ахборот тизими ресурсларидан фойдаланиш ҳуқуқлари бузилишларини рўйхатга олишни;

- ахборот хавфсизлигини таъминлаш тизимининг бутлиги ва иш қобилиятини назорат қилишни;

- фавқулодда вазиятларда тизимнинг хавфсиз ва узлуксиз ишлашини таъминлаши керак.


25. Фойдаланувчиларнинг ахборотларни ҳимоя қилишнинг криптографик воситаларидан, шу жумладан, электрон - рақамли имзо воситаларидан фойдаланган ҳолда давлат органларининг ахборот тизимидаги ишлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилиши керак.


26. Давлат сирларига ёки маҳфий ахборотга эга бўлган ахборотларни ишлаш учун мўлжалланган ахборот тизимларининг техник воситалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мажбурий сертификатланиши керак.


27. Маҳфий ахборотлар мавжуд бўлган ва улар ишланадиган ахборот тизимларини халқаро ахборот тармоқларига, шу жумладан, Интернет тармоғига киритиш уларни ҳимоя қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилгандан кейин амалга оширилади.

Маҳфий ва мутлақо маҳфий ахборотларга эга бўлган ва уларни ишлайдиган ахборот тизимларини халқаро ахборот тармоқларига, шу жумладан, Интернет тармоғига киритишга йўл қўйилмайди.


28. Давлат органлари ахборот тизимларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш тизими хавфсизликка таҳдидни, шунингдек уларнинг нормал ишлашининг бузилиши билан боғлиқ сабаблар ва шарт-шароитларни ўз вақтида аниқлашни таъминлайдиган тегишли хавфсизлик сиёсати билан амалга оширилиши керак.


28-1. Давлат органларининг давлат сирларига ёки махфий ахборотларга мансуб ахборот билан ишлаш учун мўлжалланган ахборот тизимлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқ мажбурий аттестациядан ўтказилиши керак.

29. Ишлаб чиқиш ва фойдаланишнинг барча босқичларида ахборот тизимларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш воситалари ва усуллари ахборот тизимининг мақсадига қараб ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида амалдаги норматив ҳужжатларга мувофиқ давлат органлари томонидан белгиланади.



V. ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИНИНГ АХБОРОТ

ТИЗИМЛАРИНИ ЯРАТИШДА ДАВЛАТ

ОРГАНЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ,

ВАЗИФАЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


30. Давлат органлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- ўз ахборот тизимларидан фойдаланиш тартибини белгилаш;

- ўз ахборот тизимларини ахборотлар айирбошлаш учун бошқа ахборот тизимлари билан тармоқлараро боғлашни белгиланган тартибда амалга ошириш.

Давлат органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


31. Давлат органлари қуйидагиларга мажбур:

- ўз ахборот тизимларини яратиш;

- ўз ахборот тизимларининг миллий ахборот тизимларига кирувчи ахборот тизимлари билан ҳамда халқаро ахборот тизимлари билан мувофиқлигини таъминлаш;

- электрон давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур ахборотлар мавжуд бўлган ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларининг узлуксиз фаолиятини таъминлаш;

- ахборот тизимларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш.

Давлат органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларга ҳам эга бўлиши мумкин.


32. Давлат органлари ахборот тизимларини яратишда:

- давлат органларининг ахборот тизимларини яратиш тартиби ва талабларига риоя қилиниши;

- давлат органлари ахборот тизимларининг ахборот хавфсизлиги таъминланиши учун жавоб берадилар.

Давлат органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа жавобгарликларни ҳам амалга оширадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 47-48-сон, 355-модда.