язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Алоқа/ Маълумотларни тармоқлар орқали узатишни ташкиллаштириш/ Ахборот ресурсларини яратиш, экспертизадан ўтказиш ва "ZiyoNET" тармоғининг технологик майдончасида жойлаштириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 28.12.2005 й. 282-сон қарорига 3-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2005 йил 28 декабрдаги

282-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ахборот ресурсларини яратиш, экспертизадан ўтказиш ва

"ZiyoNET" тармоғининг технологик майдончасида

жойлаштириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида", "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг жамоат таълим ахборот тармоғини ташкил этиш тўғрисида" 2005 йил 28 сентябрдаги ПҚ-191-сон қарорига мувофиқ ахборот ресурсларини яратиш, экспертизадан ўтказиш ва "ZiyoNET" тармоғининг технологик майдончасида жойлаштириш тартибига қўйиладиган асосий талабларни белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

"ZiyoNET" тармоғининг технологик майдончаси - Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Давлат ахборот тизимларини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интеграторининг "ZiyoNET" тармоғи Ресурс марказининг (кейинги ўринларда матнда "Ресурс маркази" деб юритилади) "ZiyoNET" тармоғида жойлаштирилган ахборотни тўплаш, сақлаш, ишлаш қайта излаш ва ундан фойдаланиш ва уни ҳимоя қилиш имконини берадиган ахборот ресурслари, ахборот технологиялари, алоқа ва дастурий таъминлаш воситалари жами;

Ресурс маркази бўлимлари - Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Ресурс маркази бўлимлари;

"ZiyoNET" тармоғига қўйиладиган техник талаблар - Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Давлат ахборот тизимларини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратори томонидан белгиланган тартибда тасдиқланадиган яратилаётган ахборот ресурсларига қўйиладиган техник талабларнинг жами.


II. "ZIYONET" ТАРМОҒИНИНГ

АХБОРОТ РЕСУРСЛАРИНИ ЯРАТИШ


3. "ZiyoNET" тармоғининг ахборот ресурслари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлигининг ахборотларнинг, ахборот ресурсларининг бошқа мулкдорлари ва эгаларининг ахборот ресурслари негизида яратилади.


4. "ZiyoNET" тармоғининг миллий ахборот ресурсларини шакллантириш:

таълимнинг самарадорлигини оширишга ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга;

ўсиб келаётган ёш авлоднинг Ватанга муҳаббат туйғусини, Ўзбекистоннинг бой тарихи, халқнинг миллий анъаналари ва маънавий қадриятларини билишга асосланган юксак маънавий-ахлоқий фазилатларини мустаҳкамлашга;

фаол ҳаётий мавқега эга бўлган баркамол шахсни вояга етказишга;

ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ҳар хил спорт турларини оммалаштиришга;

республика ўқувчилари ва ёшлари учун масофадан туриб ўқитиш усулларини, бошқа ахборот-коммуникация хизматларининг кенг комплексини таълим тизимига жорий этишга кўмаклашишга йўналтирилган бўлиши лозим.


5. Ижтимоий-сиёсий, илмий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий ахборот ва у билан боғлиқ маълумотнома-таҳлилий материаллар мавжуд бўлган "ZiyoNET" тармоғи ахборот ресурсларини яратиш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


6. Болалар ва ёшлар учун ахборот, маданий-маърифий ва спорт ахборотлари ҳамда улар билан боғлиқ маълумотнома-таҳлилий материаллар мавжуд бўлган "ZiyoNET" тармоғининг ахборот ресурсларини яратиш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


7. "ZiyoNET" тармоғининг ахборот ресурсларини яратиш "ZiyoNET" тармоғининг техник талабларига мувофиқ амалга оширилади.



III. "ZIYONET" ТАРМОҒИДА

ЖОЙЛАШТИРИЛАДИГАН АХБОРОТ

РЕСУРСЛАРИНИ ЭКСПЕРТИЗАДАН ЎТКАЗИШ


8. "ZiyoNET" тармоғига жойлаштириладиган ахборот ресурслари экспертизадан ўтказилиши керак. Ахборот ресурсларини экспертизадан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги томонидан:

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган талаблар мазмунига;

таълим стандартлари талабларига;

"ZiyoNET" тармоғининг техник талабларига мувофиқлик юзасидан амалга оширилади.


9. "ZiyoNET" тармоғининг ўзгарадиган ахборот ресурслари (янгиликлар, форумлар, интерактив ташкил этиладиган веб-сайтлар) экспертизадан ўтказилмайди, уларни кўриб чиқиш эса Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ (кейинги ўринларда "Мониторинг маркази" деб юритилади) томонидан амалга оширилади.


IV. "ZIYONET" ТАРМОҒИНИНГ

ТЕХНОЛОГИК МАЙДОНЧАСИДА АХБОРОТ

РЕСУРСЛАРИНИ ЖОЙЛАШТИРИШ


10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигида экспертизадан ўтган ахборот ресурслари уларни кейинчалик "ZiyoNET" тармоғининг технологик майдончасига жойлаштириш учун Ресурс маркази бўлимига юборилади.


11. Ресурс маркази бўлими тармоқда жойлаштириш мўлжалланаётган ахборот ресурсларини "ZiyoNET" тармоғи техник талабларига мувофиқлик юзасидан олдиндан ўрганиб чиқади.


12. Ахборот ресурслари "ZiyoNET" тармоғининг техник талабларига мувофиқ бўлмаган тақдирда Ресурс маркази бўлими Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигига ахборот ресурсларини қайта ишлаш зарурлигини маълум қилади.


13. Ресурс маркази бўлими тақдим этилган ахборот ресурсларини "ZiyoNET" тармоғига ахборот ресурслари тақдим этилган кундан бошлаб бир ойдан кўп бўлмаган муддатда жойлаштиради.


14. "ZiyoNET" тармоғининг технологик майдончасини яратиш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш ишларини ташкил этиш Ресурс маркази томонидан амалга оширилади.


15. Ахборотларнинг, ахборот ресурсларининг бошқа эгалари ва мулкдорларининг ахборот ресурларини "ZiyoNET" тармоғининг технологик майдончасида жойлаштириш, сақлаш ва қўллаб-қувватлаш шартномалар асосида амалга оширилади.



V. "ZIYONET" ТАРМОҒИ АХБОРОТ

РЕСУРСЛАРИ МОНИТОРИНГИ


16. "ZiyoNET" тармоғининг ахборот ресурслари мониторинги Мониторинг маркази томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб борилади.


17. Мониторинг маркази:

"ZiyoNET" тармоғи ахборот ресурсларининг мунтазам тизимли мониторингини ташкил этади ва олиб боради;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги ва Ресурс марказига аниқланган камчиликлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талаблари бузилиши юзасидан тавсиялар ва огоҳлантиришлар беради;

"ZiyoNET" тармоғи фойдаланувчиларининг халқаро ахборот тармоқларининг ахборот ресурсларига, шу жумладан интернет тармоғига уланишини ташкил этиш учун ахборот ресурсларининг рейтинг кўрсаткичларини аниқлайди.


18. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги бир кунлик муддатда Ресурс марказини Мониторинг маркази томонидан аниқланган камчиликлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талаблари бузилиши юзасидан кўрилган чора-тадбирлар бўйича хабардор қилади.


19. Мониторинг маркази ва Ресурс марказининг ўзаро ҳамкорлиги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



VI. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


20. Ахборот ресурсларининг ҳимоя қилиниши ва сақланиши таъминланиши учун "ZiyoNET" тармоғининг Ресурс маркази жавоб беради.


21. "ZiyoNET" тармоғи ахборот ресурслари яратилиши ва экспертизадан ўтказилиши учун Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги жавоб беради.


22. "ZiyoNET" тармоғи ахборот ресурслари мониторинги учун Мониторинг маркази жавоб беради.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 52-сон, 389-модда.