язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Оммавий ахборот воситалари/ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари мухбирларининг касб фаолиятини тартибга солувчи Асосий қоидалар (ЎзР ВМ 11.09.1998 й. 391-сон қарорига илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

1998 йил 11 сентябрдаги

391-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатлар

оммавий ахборот воситалари мухбирларининг

касб фаолиятини тартибга солувчи

АСОСИЙ ҚОИДАЛАР


УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ахборотнинг барча шакллари эркин ва кенг тарқатилишини, бу соҳада ҳамкорликни рағбатлантиришни кўзлаб, хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари мухбирлари (журналистлари)нинг фаолиятига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида доимий ҳамда вақтинча аккредитация асосида рухсат берилади.


2. Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган мухбирларнинг ҳуқуқий мақоми ва касб фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида", "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида", "Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ҳамда мазкур Асосий қоидалар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси иштирок этган халқаро шартномалар қоидалари билан тартибга солинади.



МУХБИРЛИК ПУНКТИ (БЮРОСИ, ОФИСИ)НИ ОЧИШ


3. Хорижий давлатлар оммавий ахборот воситаларининг мухбирлик пунктлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида юридик шахс сифатида аккредитация қилинади.

Ташқи ишлар вазирлигининг қуйидаги ҳужжатлар асосида чиқарган қарори хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари мухбирлик пунктларини очиш учун асос бўлади:

Ўзбекистон Республикасида мухбирлик пункти очишдан манфаатдор оммавий ахборот воситаси раҳбариятининг мурожаатномаси;

манфаатдор оммавий ахборот воситаси тўғрисида маълумотнома;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибининг Ўзбекистон Республикасида мухбирлик пункти очилишининг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси.

Кўрсатиб ўтилган барча ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юборилади ёки Ўзбекистоннинг тегишли мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналарига ёки консуллик муассасаларига топширилади.


4. Тегишли мурожаатнома олингандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан кечи билан икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий оммавий ахборот воситаси мухбирлик пунктини очиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан хорижий давлатлар оммавим ахборот воситаларининг аккредитация қилинган мухбирлик пунктлари реестри юритилади.



ХОРИЖИЙ МУХБИРЛАРНИ АККРЕДИТАЦИЯ ҚИЛИШ


5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг қуйидаги ҳужжатлар асосида қабул қилинган қарори хорижий давлат оммавий ахборот воситаларининг вакилларини жисмоний шахслар сифатида аккредитация қилиш учун асос бўлади:

манфаатдор хорижий оммавий ахборот воситаси раҳбариятининг Ўзбекистон Республикасида ўз мухбирини аккредитация қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири номига мурожаатномаси. Бу хатга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

мухбири аккредитация қилинаётган оммавий ахборот воситаси тўғрисида маълумотнома;

аккредитация қилинаётган хорижий мухбирнинг таржимаи ҳоли ва тўртта фотосурати.

Мурожаатнома Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юборилади ёки Ўзбекистоннинг тегишли давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарига ёки консуллик муассасаларига топширилади.


6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан кечи билан икки ой муддатда доимий мухбирни аккредитация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Аккредитация қилинган журналист Ўзбекистон Республикасига келгач, унга Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида 2 йилгача муддатга доимий аккредитация қилинганлиги тўғрисида гувоҳнома берилади.


7. Вақтинчалик хорижий мухбирни аккредитация қилиш Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситаси раҳбариятининг мурожаатномалари асосида амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасига келгач, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида унга олти ойгача муддатга вақтинча аккредитация қилинганлиги тўғрисида гувоҳнома берилади. Хорижий мухбирни вақтинчалик аккредитация қилиш тўғрисида қарор кечи билан икки ҳафта муддатда қабул қилинади.


8. Ташқи ишлар вазирлиги доимий ёки вақтинчалик аккредитация қилинган хорижий журналистларнинг оила аъзоларига хорижий мухбирнинг оила аъзоси карточкасини беради.


9. Хорижий журналист аккредитация гувоҳномасининг муддати тугашидан камида 10 кун илгари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига гувоҳномаси муддатини узайтириш тўғрисида мурожаат қилишга мажбурдир.


10. Аккредитация гувоҳномаси йўқотиб қўйилган тақдирда, журналист бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига хабар қилишга мажбурдир. Дубликат бериш масаласи икки ҳафта муддатда кўриб чиқилади.


11. Доимий ёки вақтинчалик аккредитация қилинган хорижий журналистлар Ўзбекистон Республикасида ўз фаолиятини якунлангач, аккредитация гувоҳномасини Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига топширишга мажбурдир.


12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонунларида кўзда тутилган асосларда хорижий журналистни аккредитация қилишни рад этиши ёки аккредитацияни тўхтатиши мумкин.


13. Ўзбекистон Республикасида ёритиш учун хорижий журналистлар таклиф этилган ҳолда турли халқаро ва ички тадбирлар (конгресслар, анжуманлар, форумлар, семинарлар ва бошқалар) ўтказилган тақдирда хорижий журналистлар вақтинчалик мухбирлар сифатида расмийлаштирилади.


14. МДҲ аъзоси бўлган давлатларнинг пойтахтларида аккредитация қилинган хорижий мухбирлар Ўзбекистон Республикасига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишган ҳолда келадилар. Бориш тўғрисидаги мурожаатнома сафар бошланишидан камида 10 кун аввал Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юборилади ёки Ўзбекистон Республикасининг МДҲ аъзоси бўлган тегишли давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарига ёки консуллик муассасасига берилади.



ВИЗА МАСАЛАЛАРИ ВА ХОРИЖИЙ МУХБИРЛАРНИНГ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИГА КЕЛИШИНИ

ҚОНУНИЙЛАШТИРИШ*


15. Хорижий мухбирларга келиш визалари Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг уларни доимий ёки вақтинчалик аккредитация қилиш тўғрисидаги розилигига кўра берилади.


16. Доимий ёки вақтинчалик аккредитация қилинган хорижий журналист вақтинча алмаштирилса (таътилга чиқиши, касаллиги, бошқа мамлакатларга хизмат сафарига жўнатилиши ва шу каби сабабларга кўра), унинг ўрнига келаётган журналист учун виза мурожаат Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига келиб тушган кундан бошлаб кечи билан икки ҳафта ичида берилади.


17. Агар бошқача йўсинда икки томонлама аҳдлашув бўлмаса, доимий ёки вақтинчалик аккредитация қилинган журналистларга аккредитадия муддатига кўп марталик визалар берилади. Кўп марталик визалар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг кўрсатмаси бўйича Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан, Ўзбекистон Республикасида эса - аккредитация қилувчи ташкилотнинг илтимосномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан берилади.



ХОРИЖИЙ МУХБИРЛАРНИНГ АСОСИЙ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


18. Хорижий давлат фуқароси бўлган хорижий мухбирлар ва уларнинг оила аъзолари Ўзбекистон Республикаси қонунларида ҳамда ушбу Асосий қоидаларда назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланадилар. Хорижий журналистларда Ўзбекистон Республикаси қатнашган тегишли халқаро ҳужжатларда белгиланган, шунингдек манфаатдор давлатлар билан ўзаро асосда икки томонлама шартлашилган ва келишилган ҳуқуқлар сақлаб қолинади.


19. Аккредитация қилинган хорижий журналистлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик сервис хизмати хизматларидан тегишли давлатларнинг дипломатлари билан тенг шартларда фойдаланадилар.

Дипломатик сервис хизмати аккредитация қилинган хорижий журналистларнинг илтимосига мувофиқ нормал иш фаолиятини таъминлашга боғлиқ амалий масалалар бўйича маълумотлар беради.


20. Аккредитация қилинган мухбирлар шахсан фойдаланиладиган, шунингдек касб фаолиятини амалга оширишда зарур бўладиган буюмларни, аккредитация муддати тугагандан сўнг Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиб кетиш шарти билан, бож тўловлари тўламасдан олиб келишлари мумкин, божхона органи таъсис этган божхона расмийлаштириши, божхона омборида сақлаганлик учун йиғимлар бундан мустасно.


21. Аккредитация қилинган хорижий журналистлар Ўзбекистон Республикасида мавжуд бўлган алоқа каналлари орқали ўзларини вакил қилган оммавий ахборот воситаларига оғзаки, ёзма ва аудиовизиуал ахборотларни узатиш ҳуқуқига эгадирлар.


22. Журналистнинг ҳуқуқи, ор-номуси ва қадр-қиммати қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат журналистнинг эркин ахборот олиши ва тарқатишини кафолатлайди, касб фаолиятини амалга ошираётганда ҳимоя қилинишини таъминлайди. Журналистнинг касб фаолиятига аралашиш, ундан касб вазифасини бажариш орқали қўлга киритган бирон-бир маълумотни беришни талаб қилиш тақиқланади.


23. Аккредитация қилинган хорижий журналистлар ва уларнинг оила аъзолари Ўзбекистон Республикасининг қонунлари талабларига ва халқаро шартномалари қоидаларига риоя қилишга мажбурдирлар. Республика Ташқи ишлар вазирлиги хорижий журналист томонидан "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида", "Журналистнинг касб фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида", "Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Вазирлар Маҳкамасининг "Чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига келиши, кетиши, бўлиши ва транзит ўтишлари тартиби тўғрисида"ги қарори ҳамда мазкур Асосий қоидалар бузилган тақдирда уни огоҳлантириши ёки аккредитациядан маҳрум қилиши ёки сафарга чиқиши учун берилган рухсатномани бекор қилиши, шунингдек республикадан чиқариб юборишгача бўлган таъсир чораларини қўллаши мумкин.

Аккредитация қилинган хорижий журналистларнинг урушни ҳар қандай тарзда тарғиб қилиши, ўз каналлари орқали экстремистик, жинояткор, қонун билан тақиқланган бошқа кучларнинг, айрим шахсларнинг позициясини, манфаатларини ифодалаши, дискриминацияга, душманликка ва зўравонликка гижгижловчи миллий, ирқий ёки диний нафрат руҳини ёқлаб чиқиши тақиқланади. Қонунбузарликка йўл қўйган хорижий журналистлар ва уларнинг оила аъзолари Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.


24. Хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари мухбирлик пунктларининг мухбирлари ва техник ходимлари сифатида аккредитация қилинган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари солиқ қонунларига мувофиқ Ташқи ишлар вазирлиги билдиришномасига кўра Ўзбекистон Республикаси солиқ органларида рўйхатга олинадилар.


25. Хорижий журналист аккредитациядан маҳрум қилинган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги уни бундай қарор сабабларидан хабардор қилади.



АХБОРОТНИ МАНБАЛАРДАН ОЛИШ ТЎҒРИСИДА


26. Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонун ҳужжатлари ва бошқа меъёрий ҳужжатларга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси иштирок этган халқаро ҳужжатлар қоидаларига мувофиқ, аккредитация қилинган хорижий мухбирларнинг олиши учун ахборот манбалари очиқдир.



ХОРИЖИЙ МУХБИРЛАРНИНГ ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИДА ЮРИШИ

ТЎҒРИСИДА


27. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида аккредитация қилинган хорижий мухбирлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тегишли мамлакатлар дипломатик ваколатхоналарининг ходимлари учун белгиланган тартибда юриш ҳуқуқига эга.



ТЕХНИК ХОДИМЛАР ВА ХИЗМАТ

КЎРСАТУВЧИ ХОДИМЛАР


28. Аккредитация қилинган хорижий мухбирлар техник ходим ҳамда хизмат кўрсатувчи ходим сифатида чет эл фуқароларини ва Дипломатик сервис хизмати орқали Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ишга ёллашлари мумкин.


29. Техник ходимлар ва хизмат кўрсатувчи ходимлар журналистик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эмас.


-------------------------

* МДҲ аъзоси бўлган давлатлар оммавий ахборот воситалари мухбирлари бўйича ушбу бўлим масалалари МДҲ аъзоси бўлган давлатларнинг ҳамкорлик тамойиллари ва меъёрлари асосида ҳал қилинади.