язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Алоқа/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикасининг 13.01.1992 й. 512-XII-сон "Алоқа тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

13.01.1992 й.

N 512-XII



АЛОҚА ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасининг “Алоқа тўғрисида”ги Қонуни алоқа тармоқларини ташкил қилишнинг умумий ҳуқуқий, иқтисодий асосларини, алоқа шохобчаларини барпо этиш ва улардан фойдаланишда, алоқа хизмати кўрсатишда мулкчилик шаклидан қатъи назар корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ва фуқароларнинг алоқа воситаларига эгалик қилиш, улардан фойдаланиш, уларни тасарруф этиш ва бошқариш соҳасидаги ҳуқуқлари ва вазифаларини, шунингдек берилган ҳуқуқларни бузганлик ва вазифаларини бажармаганлик учун жавобгарлик чораларини белгилайди.



1-модда. Алоқанинг вазифалари


Алоқа Ўзбекистон Республикаси хўжалик ва ижтимоий инфраструктурасининг таркибий қисми бўлиб, аҳолининг, хўжалик субъектларининг, давлат идораларининг почта, телефон, телеграф, радио ва ахборотнинг ўзга турларини узатиш ва қабул қилиш ҳамда алоқа тармоғи орқали жўнатилаётган ашёларни етказиб беришга бўлган эҳтиёжлари қондирилишини таъминлайди.



2-модда. Алоқа соҳасидаги муносабатларнинг

объектлари ва субъектлари


Алоқа соҳасидаги муносабатларнинг объектлари почта жўнатмаларини қабул қилиб олиш, ташиш ва кўрсатилган жойга етказиб бериш воситаларининг йиғиндиси бўлган почта алоқаси тармоқларидан ҳамда бир ёки бир нечта узатиш турларини: телефон, телеграф, факсимил узатишларни, ҳужжатли хабарларнинг бошқа турлари маълумотларини узатишни, телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини трансляция қилишни таъминловчи телекоммуникациялар воситалари йиғиндиси бўлган телекоммуникациялар тармоқларидан иборат.

Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари, ажнабий юридик шахслар ва фуқаролар алоқа соҳасидаги муносабатларнинг субъектларидир.



3-модда. Алоқа тўғрисидаги қонунлар


Алоқа соҳасидаги муносабатлар ушбу Қонун, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солиб борилади.


4-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг

алоқа соҳасидаги ваколатлари

Алоқа соҳасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ихтиёрига:

алоқа соҳасидаги қонунлар;

алоқа соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий қоидаларини белгилаш;

халқаро шартномаларни ратификациялаш;

Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиқадиган бошқа ваколатларни амалга ошириш киради.



5-модда. Алоқа соҳасида давлат бошқаруви

Алоқа соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан, шунингдек у ваколат берган идора (Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги) томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ўзига бўйсунадиган алоқа воситаларига раҳбарлик қилади, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган алоқа воситалари фаолиятини мувофиқлаштириб боради, алоқа воситалари устидан давлат техникавий назоратини амалга оширади, мулкчилик шаклидан, кимнинг тасарруфида эканлигидан қатъи назар алоқа корхоналари, ташкилотлари ва муассасалари кўрсатаётган хизмат сифатини текшириб боради.

Почта тўлови белгиларини нашр этиш мутлақ ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига тегишлидир.


6-модда. Алоқа тармоқлари ва воситаларига эгалик

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мулкчиликнинг хусусий ва оммавий шаклларига асосланган, шунингдек хорижий юридик шахслар ва фуқаролар эгалигида бўлган аҳолига алоқа хизмати кўрсатувчи корхоналар фаолият кўрсатиши мумкин.


8-модда. Алоқа воситаларини ривожлантириш


Давлат алоқа воситаларини ривожлантириш ва қайта қуриш давлат идораларининг маблағлари, ўз маблағлари, банкларнинг кредитлари, жалб қилинган маблағлар ва Ўзбекистон Республикаси қонунларида ман этилмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

Бошқа алоқа воситаларини ривожлантириш, қайта қуриш уларнинг эгалари томонидан ўз маблағлари ва Ўзбекистон Республикаси қонунларида ман этилмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

Ер участкалари, кўприклар, тоннеллар орқали, кўчалардан, иншоотлардан, коллекторлардан, ман этилган ҳудудлардан, ўрмонлардан телекоммуникациялар линиялари ўтказишда бундай линияларни ўтказиш шартлари ер эгалари ва ердан фойдаланувчилар ҳамда юқорида қайд этилган объектларнинг эгалари билан келишилади.

Иншоотлар, йўллар, кўприклар ва бошқа объектлар барпо этилаётганда ёки қайта қурилаётганда алоқа тармоқларини қайта жойлаштириш ва кўчириш ишлари қурилиш буюртмачилари томонидан ўз маблағи ҳисобидан ва почта ва телекоммуникациялар тармоқларининг эгалари тақдим этган техник шартларга мувофиқ бажарилади.

Даҳа ичкарисидаги телекоммуникациялар тармоқлари ва иншоотлари қурилиш буюртмачилари томонидан лойиҳаланади ва барпо этилади.


10-модда. Ёзишма, телефон сўзлашувлари ва телеграф

хабарларини сир сақлаш


Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ ёзишма, телефон сўзлашувлари, телеграф хабарларининг сир сақланиши қонун билан муҳофаза этилади.

Ёзишмаларни очиб ўқишга ва ушбу модданинг биринчи қисмида қайд этилган қоидалар бошқача тарзда бузилишига йўл қўйган алоқа ходимлари маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиладилар, Ўзбекистон Республикаси қонунларида кўзда тутилган холлар бундан мустасно.


11-модда. Алоқа хизматларига ҳақ тўлаш

Почта ва телекоммуникациялар кўрсатадиган универсал хизматларнинг тарифлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда почта ва телекоммуникациялар соҳасидаги махсус ваколатли орган томонидан тартибга солинади.

Почта ва телекоммуникациялар кўрсатадиган хизматларнинг қолган турлари тарифлари қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида белгиланади.



12-модда. Радиочастоталарни тақсимлаш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ваколат берилган орган радиочастоталарни корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқаролар ўртасида белгиланган тартибда тақсимлайди, радиочастоталар спектри тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилади.


13-модда. Алоқада хизматга оид муомала тили, ёзишмаларни

жўнатиш тили ҳамда ҳисобга олиш ва ҳисоботга доир вақт


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тезкор бошқарув ва диспетчерлик алоқа тизимида хизматга оид муомала, шунингдек почта ва телеграф ёзишмаларини йўллаш "Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида"ги Қонуннинг қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Халқаро ахборот ва жўнатмалар почта ва электр алоқа орқали икки томонлама битимларда, шунингдек халқаро келишув ва битимларнинг қоидаларида белгиланган тилларда жўнатилади.

Маълумотларни узатишнинг технологик жараёнларида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳисобга олиш ва ҳисоботга оид ягона вақт - маҳаллий вақт белгиланади.

Маълумотларни узатишнинг халқаро технологик жараёнларида ахборотлар узатиш ва почта жўнатмаларини юборишда ҳисобга олиш ва ҳисоботга оид вақт халқаро келишув ва битимларга мувофиқ белгиланади.



14-модда. Алоқага доир қонунларга риоя

этмаганлик учун жавобгарлик


Алоқа корхоналари кўрсатилаётган хизматлар сифати учун Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари, халқаро конвенциялар ва шартномаларга мувофиқ жавобгар бўладилар.

Ушбу Қонуннинг талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ маъмурий ёки жиноий жавобгар бўладилар.


15-модда. Алоқа соҳасидаги халқаро ҳамкорлик


Ўзбекистон Республикаси алоқа жабҳасида фаолият кўрсатаётган давлатлараро ва халқаро ташкилотлар билан халқаро шартномалар ва битимларга мувофиқ ҳуқуқий, технологик ҳамда молиявий муносабатлар ўрнатади.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                        И. Каримов