язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Маълумотларни тармоқлар орқали узатишни ташкиллаштириш. Интернет/ Ўзбекистон Республикаси ахборот ресурсларини тайёрлаш ва уларнинг маълумотларини узатиш тармоқларида, шу жумладан, Интернетда тарқатиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 26.03.1999 й. 137-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1999 йил 26 мартдаги

137-сон қарорига

ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси ахборот ресурсларини

тайёрлаш ва уларни маълумотларни узатиш тармоқларида,

шу жумладан, Интернетда тарқатиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом жаҳон ахборот тармоқларидан фойдаланишни кенгайтириш ва тартибга солиш, ахборот ресурсларини муҳофаза қилишни таъминлаш, конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилувчи ахборотлар тарқатилишига, уруш, зулм ва порнографияни тарғиб қилишга, диний ва миллий низоларни қўзғашга, инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини поймол қилишга ҳамда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари билан тарқатилиши тақиқланган бошқа ахборотларнинг тарқатилишига йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ахборотларни тезкорлик билан айирбошлаш учун ахборот ресурсларини тайёрлаш ва уларни тарқатиш масалаларини тартибга солади.


2. Мазкур Низом "Алоқа тўғрисида", "Ахборотлаштириш тўғрисида", "Радиочастота спектри тўғрисида", "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида", "Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида", "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Частота спектридан фойдаланиш, телерадиодастурларни шакллантириш ва тарқатиш ҳамда маълумотлар узатиш самарадорлигини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 1998 йил 10 июлдаги 293-сон, "Маълумотлар узатиш миллий тармоғини ташкил этиш ва жаҳон ахборот тармоқларидан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида" 1999 йил 5 февралдаги 52-сон қарорларига мувофиқ ишлаб чиқилган.


3. Мазкур Низом давлат органларига, фуқароларга, мулкчилик шаклларидан ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, корхона, муассаса ва ташкилотларга, жамоат бирлашмаларига тадбиқ этилади.


4. Мазкур Низом "Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимояси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солинадиган муносабатларга таъсир қилмайди.



II. АТАМАЛАР ВА ТАЪРИФЛАР


5. Мазкур Низомда қуййдаги атамалар ва таърифлардан фойдаланилади:


Ҳужжатлаштирилган ахборот - идентификация қилиш имконини берувчи реквизитлари бўлган материал манбаида қайд этилган ахборот.

Махфий ахборот - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ фойдаланиш чекланган, давлат сирларига мансуб ахборот мавжуд бўлмаган ҳужжатлаштирилган ахборот.

Оммавий ахборот - омма учун мўлжалланган ҳужжатлаштирилган ахборот, матбуот, аудио, аудиовизуал ҳамда бошқа хабарлар ва материаллар.

Ахборот ресурслари - ахборот тизими таркибидаги электрон шаклдаги ахборотлар, маълумотлар банклари, маълумотлар базаси;

Ахборот тизими - ахборотларни йиғиш, сақлаш, излаш, ишлаш ва улардан фойдаланиш имконини берувчи ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ва алоқа воситаларининг ташкилий тартибга солинган йиғиндиси.

Ахборот маҳсулотлари (маҳсулот) - фойдаланувчиларнинг эҳтиёжларига мувофиқ тайёрланган ва фойдаланувчиларнинг эҳтиёжларини қондириш учун мўлжалланган ёки қўлланиладиган ҳужжатлаштирилган ахборот.


Ахборот хизматлари - фойдаланувчиларни ахборот маҳсулотлари билан таъминловчи субъектлар (мулкдорлар ва мулк эгалари)нинг ҳаракатлари.


Ахборот ресурслари ёки ахборот тизимлари эгаси - ахборот ресурслари ёки ахборот тизимларига эгалик қилишни, улардан фойдаланишни ва уларни тасарруф этишни амалга оширувчи юридик ёки жисмоний шахслар.

Ахборотдан, ахборот айирбошлаш воситаларидан (кейииги ўринларда фойдаланувчи деб аталади) фойдаланувчи (истеъмолчи) - ўзига зарур бўлган ахборот маҳсулотларини ёки халқаро ахборот айирбошлаш воситаларидан фойдаланиш имкониятларини олиш учун мулкдорга ёки мулк эгасига мурожаат қилувчи ва ундан фойдаланувчи субъект.


Ахборот жараёнлари - ахборот тайёрлаш, тўплаш, қайта ишлаш, жамғариш, сақлаш, қидириш, тарқатиш ва фойдаланиш жараёнлари.


Ахборот айирбошлаш - ахборот маҳсулотларини узатиш ва уларни олиш, шунингдек, ахборот хизматлари кўрсатиш.


Ахборот айирбошлаш воситалари - ахборот айирбошлашда фойдаланиладиган ахборот тизимлари ва алоқа тармоқлари.


Ахборот соҳаси (муҳити) - субъектларнинг ахборот тайёрлаш, қайта ишлаш ва фойдаланиш билан боғлиқ бўлган фаолият соҳаси.


Ахборот хавфсизлиги - ахборот соҳасида шахс, жамият ва давлат манфаатларининг ҳимояланганлиги ҳолати.


III. АХБОРОТ РЕСУРСЛАРИГА, АХБОРОТ

МАҲСУЛОТЛАРИГА ВА АХБОРОТ АЙИРБОШЛАШ

ВОСИТАЛАРИГА МУЛКЧИЛИК ҲУҚУҚИ


6. Ахборот ресурслари оммавий ва хусусий мулк бўлиши мумкин.

Давлат ахборот ресурслари давлат органларининг ахборот ресурсларидан; юридик ва жисмоний шахсларнинг давлат бюджети маблағлари ҳисобига яратилган ахборот ресурсларидан; юридик ва жисмоний шахсларнинг давлат сирларига ва махфий ахборотларга эга бўлган ахборот ресурсларидан; юридик ва жисмоний шахсларнинг белгиланган тартибда бериладиган ҳужжатлаштирилган ахборотларидан шакллантирилади.

Жисмоний ва юридик шахслар ўзларининг маблағлари ҳисобига яратилган, улар томонидан қонуний асосларда сотиб олинган, ҳадя ёки мерос тарзида олинган, шахсий фойдаланиш учун давлат томонидан берилган ҳужжатлар, ҳужжатлар массивлари эгалари ҳисобланадилар.

Давлат ҳужжатлаштирилган ахборот давлат сири деб ҳисобланган ҳолларда ёки конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилувчи, уруш, зулм ва порнографияни тарғиб қилувчи, диний ва миллий низоларни қўзғовчи, инсон шаъни ва қадр-қимматини поймол қилувчи ҳамда Ўзбекистон Республикасида амалдаги қонун ҳужжатлари билан тарқатилиши тақиқланган ахборотларни ва бошқа ахборотларни жисмоний ва юридик шахслардан белгиланган тартибда олиб қўйиш ҳуқуқига эгадир.

Давлат сирига киритилган маълумотлардан иборат бўлган ахборот ресурслари эгаси ушбу мулкни фақат давлат хокимията тегишли органларининг рухсати билан тасарруф қилишга ҳақлидир.


7. Ахборот ресурсларига эгалик қилиш ҳуқуқи, уларнинг эгалари ўртасидаги муносабатлар Фуқаролик кодекси ва Ахборотлаштириш тўғрисидаги Қонун билан тартибга солинади.


8. Ахборотни давлат сирига киритиш "Давлат сирларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширилади, ахборотни махфий ҳисоблаш ва ундан фойдаланиш шартлари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Жисмоний шахсларнинг шахсий маълумотлари махфий ахборотлар тоифасига киритилади.

9. Ахборот маҳсулотлари ва ахборот айирбошлаш воситаларига эгалик қилиш ҳуқуқи.

9.1. Ҳужжатлаштирилган ахборот, ахборот ресурслари, ахборотни айирбошлаш воситаси мулкдорларнинг мулкий ҳуқуқлари объектлари ҳисобланади ва уларнинг мулки таркибига қўшилади. Ўзбекистон Республикасининг ахборот маҳсулотлари ва ахборот айирбошлаш воситаларига мулкий ҳуқуқи билан боғлиқ муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади.

9.2. Ахборот хизмати кўрсатиш ёки уни олиш натижасида пайдо бўладиган мулкий ҳуқуқ билан боғлиқ муносабатлар ахборот маҳсулотлари мулкдори ёки эгаси ва фойдаланувчи ўртасидаги шартнома билан белгиланади. Ахборот хизмати кўрсатиш олинган ҳужжатлаштирилган ахборотга фойдаланувчи учун муаллифлик ҳуқуқини бермайди.

9.3. Ахборот маҳсулотлари, агар улар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ва халқаро шартномаларига зид бўлмаса, товар ҳисобланади.



IV. АХБОРОТ АЙИРБОШЛАШНИНГ

ҲУҚУҚИЙ ТАРТИБИ


10. Махфий ахборотни, оммавий ахборотни айирбошлаш мазкур Низомда ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалда бўлган бошқа меъёрий ҳужжатларда белгиланадиган тартибда амалга оширилади.


11. Ахборот айирбошлаш воситаларидан фойдаланиш.

11.1. Ахборот айирбошлаш воситаларидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фақат уларнинг эгасининг ёки удар томонидан вакил қилинган шахснинг хоҳишига кўра фойдаланилади.

11.2. Махфий ахборот Маълумотларни узатиш тармоғи бўйича тарқатилганда махфий ахборот билан ишлаш рухсатномасига эга бўлган ва ахборот айирбошлашнинг сертификатланган воситаларидан фойдаланувчи жисмоний ва юридик шахслар учун унинг муҳофаза қилиниши таъминланади.

11.3. Ахборот айирбошлаш воситалари фаолият кўрсатишининг штатдан ташқари вазиятлари аниқланганда - хато командалар, шунингдек, хизмат кўрсатувчи ходим ёки бошқа шахсларнинг рухсат этилмаган ҳаракатлари ёхуд ёлғон ахборот сабабли командалар пайдо бўлганда ушбу воситаларнинг эгаси ахборот айирбошлашни амалга ошириш учун назорат органларига ва ахборот айирбошлашнинг ўзаро ҳамкорлик қилувчи воситалар эгасига бу ҳақда ўз вақтида хабар бериши керак, акс ҳолда у етказилган зарар учун жавоб беради.


12. Ахборот тизимлари, тармоқларини ахборот айирбошлаш воситалари таркибига улаш.

12.1. Ахборот тизимлари, тармоқларини ахборот айирбошлаш воситалари таркибига улаш Ахборот фаолияти ва маълумотлар узатишни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича идоралараро мувофиқлаштириш комиссиясининг қарорига кўра берилган лицензиялар мавжуд бўлганда амалга оширилади.

12.2. Ахборот айирбошлаш воситалари таркибига ахборот ресурсларидан фойдаланишнинг алоҳида қоидалари белгиланган давлат ахборот тизимлари, тармоқларини улаш ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқ аттестациядан ўтказилгандан кейин Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг рухсати билан амалга оширилади.

12.3. Ахборот айирбошлаш воситаларидан ва ахборот маҳсулотларидан фойдаланиш.


13. Жисмоний ва юридик шахсларнинг айирбошлаш воситаларидан ва ахборот маҳсулотларидан фойдаланиши Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ушбу воситалар ва маҳсулотлар эгаси томонидан белгиланган қоидаларга кўра амалга оширилади.

Ахборот айирбошлаш воситалари ва ахборот маҳсулотлари эгаси у томонидан белгиланган фойдаланиш қоидаларининг очиқлигини ва улар билан фойдаланувчининг танишиш имкониятини таъминлаши шарт.


14. Ахборот айирбошлаш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш ва тартибга солиш.

Ахборот айирбошлаш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш ва тартибга солиш Ахборот фаолияти ва маълумотлар узатишни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича идоралараро мувофиқлаштириш комиссияси томонидан амалга оширилади.


15. Ахборот маҳсулотларини, ахборот хизмати кўрсатишни, ахборот айирбошлаш воситаларини сертификатлаш.

15.1. Сертификатланиши шарт бўлган ахборот маҳсулотлари ва хизматларини Ўзбекистон Республикасига олиб киришда импортёр мазкур маҳсулотлар ва хизматлар белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи сертификатни тақдим этади.

15.2. Давлат сиридан иборат бўлган ахборотни тайёрлаш ва тарқатишда фойдаланиладиган ахборот айирбошлаш воситасини, шунингдек, ахборотни муҳофаза қилиш воситасини мажбурий равишда сертификатлаш зарур.


16. Ахборот айирбошлашни амалга оширишда чеклашлар.

16.1. Қуйидагилар:

давлат сири ёки махфий ахборот;

миллий мулк;

архив фонди;

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан жўнатилиши (чиқарилиши) чекланиши мумкин бўлган ҳужжатлаштирилган ахборот тоифасига киритилган бошқа ахборотни Ўзбекистон Республикасидан жўнатиш (чиқариш) чекланади.

16.2. Конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилувчи, уруш, зулм ва порнографияни тарғиб қилувчи, диний ва миллий низоларни қўзғовчи, инсон шаъни ва қадр-қимматини поймол қилувчи ахборотлар ҳамда амалдаги қонун ҳужжатлари билан тарқатилиши тақиқланган бошқа ахборотларнинг олиб кирилиши ва тарқатилиши тақиқланади.

16.3. ґужжатлаштирилган ахборот, ахборот ресурслари, ахборот маҳсулотлари, халқаро айирбошлаш воситалари эгаси мансабдор шахсларнинг ахборот айирбошлашни чеклаш бўйича хатти-ҳаракатлари устидан, агар ушбу хатти-ҳаракатлар асосланмаган ва унинг ҳуқуқини бузаётган бўлса, судга шикоят қилишга ҳақлидир.


17. Ахборот айирбошлаш чоғида қоида бузишлар учун жавобгарлик.

Ахборот айирбошлашни амалга оширишда конунга хилоф равишдаги хатти-ҳаракатлар учун жисмоний ва юридик шахслар - Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



V. АХБОРОТ РЕСУРСЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


18. Давлат ахборот ресурсларини ва ахборот ресурсларини давлат билан биргаликда шакллантиришга ихтисослашган ташкилотлар маълумотларни узатиш тармоқларини лойиҳалаш, қуриш ва фойдаланиш бўйича фаолиятнинг бу турига рухсатнома олишлари шарт.


19. Давлат ахборот ресурсларини шакллантириш ва уларга хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва банклари қонун ҳужжатларига мувофиқ сертификатланиши керак.

Фойдаланиш чекланган ахборот мавжуд бўлган давлат ахборот ресурсларини шакллантириш учун мўлжалланган ахборот тизимлари ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқ мажбурий аттестациядан ўтказилиши керак.

20. Давлат, жамоат органлари, фуқаролар, мулкчилик шакллари ва қайси идоравий бўйсунишидан қатъи назар, корхона, муассаса ва ташкилотлар давлат ахборот ресурсларини шакллантириш учун зарур бўлган тегишли шаклда ҳужжатлаштирилган ахборотни давлат ахборот ресурсларини шакллантириш ва ундан фойдаланиш учун масъул бўлган органларга ва (ёки) ташкилотларга тақдим этишлари шарт.

Мажбурий тартибда тақдим этиладиган ҳужжатлаштирилган ахборот рўйхати ва давлат ахборот ресурсларини тўплаш ва қайта ишлаш учун жавобгар бўлган органлар ва ташкилотлар рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


21. Давлат ахборот ресурсларини шакллантиришда халқаро ҳамкорлик:

давлат (миллий) ахборот ресурсларини шакллантириш учун хорижий ахборотдан фойдаланиш;

ахборот тақдим этиш шаклларини тартибга солувчи халқаро стандартларни, фойдаланувчиларнинг ўзларининг охирги қурилмалари билан халқаро алоқа тизимлари ва телекоммуникацияларга, шу жумладан, Интернетга ҳам киришларини таъминлаш учун алоқа ва телекоммуникациялар протоколларини жорий қилиш билан таъминланиши керак.


22. Ахборот ресурслари эгаси ахборот билан ишлаш қоидаларини бузганлик учун қонун ҳужжатларида кўзда тутилган тартибда жавоб беради.



VI. АХБОРОТ РЕСУРСЛАРИНИ МАЪЛУМОТЛАР

УЗАТИШ ТАРМОҒИДА, ШУ ЖУМЛАДАН,

ИНТЕРНЕТДА ТАРҚАТИШ


23. Ахборот ресурсларини маълумотлар узатиш тармоғида тарқатиш шартнома асосида Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


24. Ахборот ресурсларини Интернет тармоғида тарқатиш Интернет тармоғининг провайдерлари орқали амалга оширилади.

Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаёти тўғрисидаги ахборотларни Интернет орқали тарқатишни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги мувофиқлаштириб боришади.

Интернет билан ишлаш учун Х.25, Frame Relay ва АТМ шунингдек, коммутация қилинган телефон тармоғидан коммутация қилинган каналлар РРР/SLIP (Point protocol IP protocol) бўйича маълумотларни узатиш каналларидан фойдаланган ҳолда фойдаланиш мумкин.