язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Меҳнат муҳофазаси/ Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари/ Тиббиёт техникасидан фойдаланиш, монтаж қилиш, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашда меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 05.01.2011 й. 2177-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 27.10.2010 й. 177-Б-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2011 йил 5 январда 2177-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2010 йил 27 октябрдаги

177-Б-сон буйруғига

ИЛОВА



Тиббиёт техникасидан фойдаланиш, монтаж қилиш,

техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашда

меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сон "Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами, 2000 й., 7-сон, 39-модда) ва 2010 йил 20 июлдаги 153-сон "Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 28-29-сон, 234-модда) қарорларига мувофиқ тиббиёт техникасидан фойдаланиш, монтаж қилиш, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашда меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар тиббиёт техникасидан фойдаланиш, монтаж қилиш, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини амалга оширувчи ташкилотларга (бундан кейинги ўринларда ташкилотлар деб юритилади) тааллуқлидир.


2. Ушбу Қоидалар ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, цехларни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда, технологик жараёнлар ҳамда ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан, жамоатчилик назорати эса меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



II. ХАВФСИЗЛИК БЎЙИЧА УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


5. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


6. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбарига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.


7. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятлари жумласига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб этилишлари мумкин эмас.


8. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами 1997 й., 6-сон 21-модда) билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларни ўқитиш, уларнинг билимларини

синовдан ўтказиш ва уларга йўл-йўриқ

беришни ташкил этиш


9. Ташкилот ходимлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, уларнинг билимлари синовдан ўтказилиши ва уларга йўл-йўриқлар берилиши керак.


10. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


11. Ишларни технологик регламент бўйича хавфсиз юритиш йўриқномалари Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси 2000 й., 1-сон) мувофиқ ишлаб чиқилади ҳамда ташкилот ходимларини ва иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари


12. Ташкилотлар стандартлаштириш нормалари ва қоидалари бўйича хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлиши лозим.


13. Иш жойларидаги ишлаб чиқариш муҳити ҳамда меҳнат жараёнининг хавфли ва зарарли омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчови натижалари, шунингдек меҳнатнинг оғир шароитларини аттестация қилиш орқали белгиланиши лозим.


14. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли омиллар йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгаришларида ёхуд янги ишлаб чиқариш ускуналарини жорий қилишда хавфли ва зарарли омиллар тўғрисидаги маълумотларга тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



4-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш


15. Ходимларни хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш муҳити омилларидан ҳимоя қилиш белгиланган стандартлар ва меъёрлар талабларига мос жамоавий ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш орқали таъминланиши лозим.


16. Жамоавий ҳимоя қилиш воситаларига қуйидагилар киради:

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ҳаво муҳитини меъёрлаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқиндан, тебранишдан, электр ва статик токлар уришидан ҳамда ускуналар юзасини юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


17. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари хонадаги барча ходимларга таъсир қилганда қўлланиши шарт ва ташкилотни қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши лозим.


18. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларини рухсат этилган миқдоргача камайтириш имконини бермаган ҳолларда шахсий ҳимоя воситалари қўлланиши лозим. Бундай ҳолларда шахсий ҳимоя воситаларисиз ходимларнинг ишга жалб қилиниши тақиқланади.


19. Шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларни қўллаши, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддати тўғрисида маълумотларга эга бўлиши лозим.


20. Ташкилотда қуйидагилар таъминланиши шарт:

шахсий ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатураси;

ҳимоя воситаларини қўллаш ва тўғри фойдаланиш устидан доимий назорат амалга оширилиши;

ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлиги текширилиши;

шахсий ҳимоя воситаларидан хавфли ва заҳарли моддалар муҳитида фойдаланилганда уларнинг дегазация ва дезинфекция қилиниши (бир марта қўлланиладиган ҳимоя воситалари бундан мустасно).


21. Ходимлар Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт ишлаб чиқаришлари ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини бепул беришнинг намунавий меъёрларига (рўйхат рақами 1998, 2009 йил 25 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 35-сон, 391-модда) мувофиқ шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши лозим.



5-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати


22. Ташкилот ўта хавфли шароитда бажариладиган ишлар рўйхатига эга бўлиши лозим. Рўйхатга хавфли моддалар билан бажариладиган ишлар, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишлар, буғ ва сув иситиш қозонлари, юк кўтариш механизмлари, босим остида ишлайдиган сиғимлар, электр ускуналарга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлар ва амалдаги тармоқ рўйхатларига мувофиқ бошқа ишлар киритилиши шарт.


23. Барча ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқ олиши ва ишларни бажариш усулларини ўзлаштириб олиши шарт.


24. Ўта хавфли ишларни бажариш, фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган наряд-рухсатномага мувофиқ амалга оширилиши лозим.


25. Ташкилот раҳбарияти ўта хавфли ишларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва хавфсиз бажаришда белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилишига тўла жавобгардирлар.



6-§. Касбий танлов


26. Ташкилотларда танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


27. Ходимлар, ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли маълумотга ва иш тажрибасига эга бўлиши керак.


28. Босим остида ишловчи ускуналар ва хавфи юқори бўлган ишларда хизмат кўрсатувчи ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтган ва тегишли гувоҳномага эга бўлиши шарт.


29. Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари рўйхатига (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 30-31-сон, 355-модда) мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


30. Аёллар меҳнатидан фойдаланиш тўлиқ ёки қисман тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхатига (рўйхат рақами 865, 2000 йил 5 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси 2000 й., 1-сон) мувофиқ аёллар зарарли ва ноқулай меҳнат шароитига эга бўлган ишларга қабул қилинмайди.



7-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш


31. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш "Ходимларни ишга киришдан олдин дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруқ (рўйхат рақами 937, 2000 йил 23 июнь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 12-сон) асосида амалга оширилиши лозим.


32. Ташкилот раҳбарияти касаба уюшмаси қўмитаси ва соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаши лозим.


33. Ходим тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки тиббий кўрик натижаларига кўра берилган тавсияларни бажармаган тақдирда ушбу ходим ишга қўйилиши мумкин эмас.


34. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва тавсияларнинг бажарилиши учун жавобгарлик ташкилот раҳбарияти зиммасига юкланади.


35. Ходимларни соғлиғи туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.



8-§. Ташкилот майдонларига бўлган хавфсизлик талаблари


36. Ташкилот майдонлари ва биноларининг жойлашуви ҚМҚ II 89-80 "Саноат ташкилотларининг бош плани" талабига мос бўлиши керак.


37. Ташкилотда транспорт воситаларининг ва пиёдаларнинг ташкилот ҳудудида ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши керак.


38. Транспорт воситалари ва ташкилот ҳудудида пиёдаларнинг ҳаракати чизмаси ташкилотга кириш ва чиқиш ҳамда иш участкалари ва цехларнинг кўринарли жойларига осиб қўйилиши керак.


39. Ташкилот майдонлари кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоқлари билан таъминланган бўлиши лозим.


40. Ташкилот майдонидаги ўтиш жойлари мустаҳкам ёпқичлар, сувлар оқиб кетадиган иншоотлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


41. Йилнинг ёз вақтида йўлаклар ва ўтиш жойларига сув сепилган, қишда қордан тозаланиб, қум сепилган бўлиши лозим.



9-§. Бино ва иншоотларга бўлган хавфсизлик талаблари


42. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҚМҚ 2.09.02-85 "Ишлаб чиқариш бинолари" талабига мувофиқ бўлиши лозим.


43. Ёрдамчи бинолар ва хоналар ҚМҚ 2.09.04-98 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабига мувофиқ бўлиши лозим.


44. Нам хоналарда ҳамда иссиқ ўтказувчи полларда (бетонли, ғиштли, плитали ва бошқалар) мунтазам ишлашга мўлжалланган иш жойларида ёғоч тўшамалар ва панжаралар ётқизилган бўлиши керак.


45. Пол тўшамалари зарарли моддалар, ишлаб чиқаришдаги кирлар ва чанглардан енгил тозаланган бўлиши керак.


46. Бинога транспорт воситаларининг кириш жойлари дарвозалар ва сигнал асбоб-ускуналари билан таъминланган бўлиши лозим.


47. Дарвоза тавақалари ёпиқ ва очиқ ҳолатида махсус мосламалар мустаҳкам ўрнатилган бўлиши керак.


48. Транспорт воситаларининг бинога кириши учун дарвоза эни фойдаланилаётган транспорт воситалари эни миқдоридан ошиқ бўлиши керак.


49. Дарвозалар баландлиги транспорт воситасининг баландлигидан камида 0,2 метрдан ошиқ бўлиши керак.


50. Ташкилотларда бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш ҳолатини мунтазам кузатиш ташкил этилган бўлиши керак.


51. Барча ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари бир йилда икки мартадан (баҳор ва кузда) кам бўлмаган ҳолда ташкилот раҳбари томонидан тайинланган комиссия томонидан техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Техник кўрик хулосалари уларда топилган нуқсонларни бартараф этиш бўйича тадбирлар ва муддати кўрсатилган далолатномалар орқали расмийлаштирилиши керак.


52. Ходимлар учун хавф туғдирувчи ҳалокат тусидаги бузилишлар тезда бартараф этилиши керак. Хавфли ҳудудларда ишлаб чиқариш жараёнлари ҳалокат бартараф этилгунга қадар тўхтатиб турилиши лозим, шунингдек хизмат кўрсатувчи ходимлар хавфсиз жойга кўчирилиши керак.



10-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


53. Ишлаб чиқариш хоналарини табиий ва сунъий ёритиш ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабларига мос бўлиши лозим.


54. Авария ёритиш тармоқларига электр энергияси истеъмолчиларининг уланиши тақиқланади. Авария ёритишларнинг созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши лозим.


55. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши керак. Ёруғ тушувчи ойналарни йилда камида икки маротаба тозалаш лозим.


56. Ёруғлик тушадиган дераза ва эшикларни турли предметлар (ускуна, тайёр маҳсулот ва бошқалар) тўсиб қўйишига рухсат этилмайди.


57. Сунъий ёритиш умумий ва бирлашган тизимда ишлатилади (умумий маҳаллий билан биргаликда). Биргина маҳаллий ёритишни қўллаш тақиқланади.


58. Участка ва хоналарда портлаш бўйича хавфли газ ва чанглар концентрацияси йиғилиб қолиш эҳтимоли бўлса, электр ёритиш тизими портлашдан алоҳида бажарилиши керак.


59. Хавфлилик даражаси юқори бўлган хоналарда кучланиши 36 В дан юқори бўлмаган кўчма электр ёриткичлар ишлатилиши керак. Ускуналар ва иншоотлар (бункерлар, силосослар, қудуқлар, буғлантириш камералари, туннеллар ва бошқалар)нинг ички сиртини ёритиш учун кўчма электр ёриткичларнинг кучланиши 12 В дан ошмаслиги керак.



11-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


60. Шамоллатиш ва иситиш ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабига мувофиқ бўлиши лозим.


61. Оқимли шамоллатишларни ташқи ҳаво тизимидан олиш ердан камида 2 метр баландликда бажарилиши керак.


62. Ўтиш жойларида жойлашган иситиш жиҳозлари рухсат этилган ўтиш йўлакларининг энини камайтирмаслиги керак.


63. Иш жойларида ҳаво ҳарорати енгил жисмоний ишда 21°С, ўртача оғир ишда 17°С, оғир ишда 16°С дан паст бўлмаслиги лозим.


64. Ходимларнинг исиниши учун хоналарда ҳаво ҳарорати 22°С дан кам бўлмаслиги керак.


65. Исиниш хоналаригача бўлган масофа биноларда жойлашган иш жойларидан 75 метрдан, бино ташқарисидаги иш жойларидан эса 150 метрдан кўп бўлмаслиги лозим.



12-§. Сув таъминоти ва канализация

тизимига қўйиладиган талаблар


66. Сув билан таъминлаш ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси" талабига мос келиши керак.


67. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар бўлиши керак. Сув қувурлари йўқ бўлганда бакларда қайнатилган сув бўлиши лозим.


68. Ичимлик сувининг ҳарорати 8°С дан 20°С гача бўлиши керак.


69. Ташкилот ҳудудидаги ҳожатхоналар иссиқ ва канализация тизимига уланган бўлиши лозим.


70. Ташкилотда канализация тизими йўқ бўлганда, давлат санитария назорати органлари билан келишилган ҳолда, ташкилотда ер қатламини ифлослантирмаган ҳолда душхоналардан ва юз-қўл ювгичлардан сув оқмайдиган қурилмали ахлат ўраларининг мавжуд бўлишига рухсат этилади.



III. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЖАРАЁНЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Ёнғин ва портлаш хавфсизлиги талаблари


71. Ишлаб чиқариш жараёнлари ёнғин ва портлаш хавфсизлиги, уларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва олиб боришда ГОСТ 12.1.004-91 "Ёнғин хавфсизлиги. Умумий талаблари" ва ГОСТ 12.1.010-90 "Портлаш хавфи. Умумий талаблари"га ва ушбу Қоидаларга мувофиқ таъминланиши лозим.


72. Ишлаб чиқаришда синалмаган ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд ҳамда токсик хусусиятларга эга бўлган моддалар ва материалларни қўллаш тақиқланади.


73. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналарининг портлаш жиҳатидан хавфлилик тоифалари лойиҳа ташкилоти томонидан ТЛТМ 24-86 "Технологик лойиҳалаштириш тармоқ меъёрлари"га мувофиқ ҳар бир ҳолат учун алоҳида аниқланиши керак.


74. Ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда ёнғинлар, портлашлар, авариялар, заҳарланишлар содир бўлиши ҳамда атроф-муҳит унинг чиқиндилари (оқова сувлари, вентиляция чиқиндилари ва бошқалар) билан ифлосланиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


75. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналари дастлабки ёнғинни ўчириш воситалари билан таъминланган бўлиши шарт.


76. Вентиляция тизими ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан бирлаштирилган бўлиши керак.


77. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналари учун ҳудудий ёнғин хавфсизлиги хизмати билан келишилган ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқнома ишлаб чиқилиши ва кўринадиган жойга осиб қўйилиши лозим.


78. Ходимлар билан ёнғин хавфсизлиги бўйича машғулотлар ўтказилиши ва ёнғиннинг олдини олиш бўйича йўл-йўриқлар берилиши керак.


79. Бино ва ёнғин сув манбаи йўлаклари ҳамда ёнғин воситалари ва ускуналарига борадиган йўлаклар доимо бўш бўлиши керак.



2-§. Электр қурилмаларига қўйиладиган талаблар


80. Ташкилотларда электр қурилмаларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 27-сон, 317-модда) ҳамда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 33-сон, 379-модда) ва мазкур Қоидалар талабларига риоя қилиниши керак.


81. Электр ток ўтказувчи қисмлар, тақсимловчи қурилмалар, аппаратлар ва ўлчаш асбоблари, шунингдек турли сақловчи қурилмалар, рубильниклар ва бошқа ишга туширувчи аппаратлар ва мосламалар фақат ёнмайдиган асослар (мармар, текстолит, гетинакс ва бошқалар)да монтаж қилиниши лозим.


82. Ёритиш ва қувватли ускуналар ва электр тармоқларининг тузилиши хоналардаги шароитларга ва улардаги ишлаб чиқаришнинг хусусиятига мос бўлиши шарт.


83. Юқори намлик ва иссиқлик ажралиб чиқувчи хоналарда электр ёриткичлар намликдан, электр двигателлари эса суюқлик сачрашидан ҳимояланган ёки ёпиқ ижрода бўлиши шарт.


84. Ёнғин хавфи бўлган ишлаб чиқариш ва омборхоналардаги ёриткичлар ёпиқ чанг ўтказмайдиган ҳолда бўлиши лозим.


85. Электр ёриткичлар биноларнинг ёнувчи конструкциялари ва ёнувчи материаллари билан туташиб турмаслиги лозим.


86. Тақсимловчи қурилмалар изоляциясининг қаршилиги ва чидамлилиги текшириб турилиши лозим.


87. Ишлаб чиқариш бинолари ва маиший хоналарда қўлланувчи люминесцент ёриткичлар ёпиқ ҳолда, намлик ва чанг ўтказмайдиган махсус арматурада бажарилиши лозим.


88. Кўчириб юрилувчи ёриткичлар шишали ҳимоя қалпоқлари ва металл тўр билан жиҳозланган бўлиши лозим. Ушбу ёриткичлар ва бошқа кўчириб юрилувчи аппаратлар учун мис толали эгилувчан кабель ва электр ўтказгичлар қўлланиши лозим.


89. Эвакуация йўлаклари ва зинапояларда авария ёриткичлари бўлиши лозим.


90. Авария ёриткичлари бошқа ёриткичлардан тури, ўлчамлари ва махсус туширилган белгилари билан ажралиб туриши ва вақти-вақти билан чангдан тозаланиб турилиши лозим.


91. Кабеллар ва электр ўтказгичларнинг изоляцияси, ташқи бирикмалар, ҳимояловчи ерга улагичлар, электр двигателларнинг ишлаш режими кўрикдан ўтказилиши ва асбоблар билан ўлчаш орқали текширилиб турилиши лозим.


92. Электр аппаратлари ва агрегатлари нолга ва ерга улаш симларининг бутунлиги ташкилот бош энергетиги бошчилигидаги комиссия томонидан камида 6 ойда бир марта текширилиши лозим. Текшириш натижалари далолатнома билан расмийлаштирилади.


93. Кам қувватли электр лампалари ва асбобларини каттароқ қувватлиларига алмаштириш тармоқ учун йўл қўйилувчи юкланишни ҳисобга олган ҳолда электр хўжалиги учун жавобгар ходимнинг рухсати билан амалга оширилиши лозим.


94. Битта электр штепселига бир нечта истеъмолчиларни улаш тақиқланади.


95. Ташкилотнинг барча турдаги бино ва иншоотлари яшин қайтаргичлар ўрнатилган ҳолда тўғридан-тўғри яшин уришидан ҳимояланган бўлиши лозим. Яшин қайтаргичлар ҳар йили баҳорда текширилиб турилиши ва носозликлари бартараф этилиши лозим.



3-§. Рентген аппаратидан фойдаланишда хавфсизлик талаблари


96. Радиоактив моддалар ва бошқа ионли нурланиш манбалари билан ишлаганда ходимларнинг нурланиш хавфсизлигини таъминлашда СанҚваМ 0193-06 "Тиббий рентген текширувлари ўтказиш ишида санитария қоидалари"га риоя қилиниши лозим.


97. Рентген текшируви ўтказаётганда ходим рентген аппаратини аниқ иш вақтини белгилай олишни, шунингдек рентген тасвири кучайтиргичлари ва ҳимоя воситаларини қўллай олишни билиши шарт.


98. Рентген аппаратидан рентген кабинетидан ташқарида фойдаланганида ходим юқори кучланишни ҳисобга олган ҳолда, нурланиш манбасидан камида 2,5 метр узоқда бўлиши ва нурланишдан ҳимоя воситаларини қўллаган ҳолда иш бажариши лозим.


99. Рентген кабинети ходими ҳомиладор бўлса, тезлик билан ионли нурланиш таъсири бўлмаган бошқа ишга ўтказилиши шарт.



4-§. Ультрабинафша ва ультратовуш тарқатувчи аппаратлардан

фойдаланишда хавфсизлик талаблари


100. Сантиметр ва дециметр тўлқиндаги аппаратларнинг тўғри нурланиш майдонида ходимнинг бўлиши ман этилади.


101. Ультрабинафша нурлари билан ишлашда, ходим кўзини нурланишдан сақлаш учун ёруғлик фильтрли ёпиқ ҳимоя кўзойнакларидан фойдаланиши керак.


102. Ходимга инфрақизил нурларнинг зарарли таъсирига ва бошқа ёнаётган лампага узоқ вақт қараш ман этилади.


103. Ультратовуш аппаратларидан фойдаланишда ходим иш вақтининг 50 фоизи ультратовушли иш жараёнига тўғри келганида ҳар 1,5 соат орасида 15 дақиқа танаффус берилиши лозим.


104. Ультратовуш ҳосил бўладиган муҳит билан ходимнинг қўли тўғридан-тўғри алоқада бўлиши ман этилади.


105. Ультратовуш муолажаларини ўтказиш жараёнида ходим пахта матоли қўлқоп билан ишлаши керак.


106. Аппарат ишлаётган вақтда ходим аппаратнинг ишчи қисмига тегиши ман этилади.



5-§. Лазер қурилмаларидан фойдаланишда

хавфсизлик талаблари


107. Лазер қурилмаларидан фойдаланиш СанҚваМ 5804-91 "Лазер қурилмалари ва улардан фойдаланишда санитария қоидалари ва меъёрлари" талабларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.


108. Ташкилот раҳбарининг буйруғи билан лазер қурилмаларидан хавфсиз фойдаланиш ва носозликни бартараф қилиш учун жавобгар ходим тайинланиши керак.


109. Лазер қурилмаларидан фойдаланувчи ходим лазер нурлари тўлқинининг узунлигини ҳисобга олган ҳолда ГОСТ 12.4.013-85 талабларига мувофиқ светофильтрли ёпиқ ҳимоя кўзойнакларидан фойдаланиши шарт.



6-§. Стерилизация қилиш жиҳозларидан

фойдаланишда хавфсизлик талаблари


110. Стерилизация қилиш жиҳозларидан фойдаланишга қуйидаги ҳолларда рухсат берилмайди:

ҳимояловчи клапанларда нуқсон бўлганда;

эксплуатация бўйича йўриқномага риоя қилинган бўлса ҳам, стерилизаторда белгиланган босим меъёридан ошганда;

стерилизатор элементларида ёриқ, дўппайиб турган жойлар, болтлар маҳкамланган жойида оқиш бошланганда, қистирмаларда ёриқ пайдо бўлганда;

манометрларда нуқсон юзага келганда ёки уларни текшириш муддати ўтиб кетганда;

суюқлик миқдори кўрсаткичида нуқсон пайдо бўлганда;

ҳимояловчи блокировкаланган қурилмаларда нуқсон аниқланганда;

назорат-ўлчаш асбоблари ва автоматика воситалари йўқ бўлганда ёки уларда нуқсон аниқланганда;

қисмлар бириккан жойда конденсат оқими пайдо бўлганда (технологик буғ чиқарилаётганда);

маҳкамловчи деталлар, қопқоқларнинг носозлиги ва бут эмаслигида, стерилизатор ташқи юзасининг температураси кўтарилганда.


111. Стерилизация хонаси ҳаво тортадиган вентиляция системаси билан таъминланган бўлиши лозим. Хонанинг эшиги ташқарига очиладиган бўлиши зарур. Хонанинг эшиги ойнали бўлмаслиги керак.


112. Хонада фақат стерилизаторлар жойлашган бўлиши лозим.


113. Стерилизаторлар девордан 0,8 метр узоқликда жойлаштирилиши керак. Шкаф кўринишидаги стерилизатор учун эса унинг қопқоғи очиладиган томонга 1,5 метр масофа белгиланади.


114. Электр стерилизациялаш хонасидаги пол ток ўтказмайдиган материалдан бўлиши керак.


115. Поли плитали хоналарда резина диэлектрик гиламчалар билан қопланган шароитда электрик стерилизатордан фойдаланишга рухсат берилади.


116. Стерилизация хоналарида ёнғинга қарши ишлатиладиган воситалар ва зарур бўлганда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун керак бўладиган тиббиёт қутичаси мавжуд бўлиши керак.


117. Рубильниклар ва автоматик ўчиргичлар полдан 1,6 метр баландликда, стерилизатордан 1 метрдан узоқ бўлмаган жойда ўрнатилиши лозим.



IV. ТИББИЁТ ТЕХНИКАСИНИ МОНТАЖ ҚИЛИШ,

ТАЪМИРЛАШ ВА УНГА ТЕХНИК ХИЗМАТ

КЎРСАТИШДА ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Тиббиёт техникасини таъмирлаш ва унга техник хизмат

кўрсатишнинг умумий хавфсизлик талаблари


118. Ташкилотнинг таъмирлаш хизмати тиббиёт техникаларининг меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими, уларнинг паспортлари, техник йўриқномалари ва ишлаб чиқарувчи заводнинг бошқа ҳужжатларининг талабларига мослигини таъминлаши лозим.


119. Тиббиёт техникаларини зарур техник ҳолатда сақлаб туриш учун ташкилотда унга хизмат кўрсатишни яхшилаш, режали олдини олишга қаратилган таъмирлашнинг бажарилиши ва таъмирлаш ишларининг сифатини яхшилаш бўйича чоралар кўрилиши лозим.


120. Ишлаётган бино ва хоналарда пудратчи ташкилотлар томонидан бажарилувчи таъмирлаш, қурилиш ва монтаж ишлари наряд-рухсатнома билан расмийлаштирилиши лозим.


121. Барча ҳолларда таъмирлаш ишларининг бажарилиш тартиби ва усуллари бу ишларга масъул раҳбар билан келишилиши лозим.


122. Тиббиёт техникасини таъмирлаш ва унга техник хизмат кўрсатишда иш жойини тайёрлаш учун қуйидаги тадбирлар бажарилиши лозим:

токнинг ўчирилган бўлиши ҳамда унинг эҳтиётсизлик туфайли ёки ўз-ўзидан ишлаб кетишининг олдини олиш;

бошқариш тизимига "Уланмасин, одамлар ишламоқда!" деган тақиқловчи белгиларни осиб қўйиш ва зарурат бўлганида тўсиқлар қўйиш;

иш бошлаш олдидан ток ўтувчи қисмларда кучланишнинг йўқлигини текшириб кўриш.


123. Носоз юк кўтарувчи механизм ва мосламаларда, шунингдек техник кўрик ва синовдан ўтказиш муддати тугаган механизмлардан фойдаланиш тақиқланади.


124. Таъмирлаш ишларида бино ичида юқори кучланишдаги электр тиббий аппаратураси билан ишларни амалга оширишда ерга кўмилган предметлар, жумладан, водопровод, иситиш ва канализация тизимининг металл қувурлари ёғоч тўсиқ билан (иш вақтида тегиб кетмаслик учун) ҳимояланган бўлиши лозим.


125. Таъмирлаш пайтида иш жойларини, йўлларни, йўлакларни ва зинапояларни турли нарсалар билан тўсиб қўйиш тақиқланади.


126. Таъмирлаш ишлари баландликда бажарилаётганда ҳавоза ва тахта тўшамаларнинг ўрнатилиши хавфсизлик талабларига жавоб бериши ҳамда ходимлар ҳимоя камарларидан фойдаланишлари шарт.


127. Барча таъмирлаш ишлари ташкилот раҳбари томонидан тайинланган шахсларнинг раҳбарлиги ва назорати остида бажарилиши лозим.


128. Таъмирлаш ишлари тугагач тўсиқлар, сақловчи мосламалар ва блокировкалар ўз жойларига ўрнатилиши лозим.


129. Тиббиёт техникасини даврий кўрикдан ўтказиш ишлари ташкилотнинг таъмирлаш хизмати томонидан муҳандис-техник ходимнинг раҳбарлиги остида ўтказилиши лозим.


130. Тиббиёт техникасини кўрикдан ўтказиш пайтида нуқсонлар топилса, уларнинг сабабини аниқлаш ва бартараф қилиш учун тегишли чоралар кўрилиши лозим.



2-§. Тиббиёт техникасини монтаж қилишда хавфсизлик талаблари


131. Монтаж қилиш ва юк кўтарувчи механизмларнинг ишга яроқлилигини таъминлаш ва юкларни ташиш ишларининг хавфсизлиги учун жавобгарлик ташкилот раҳбарининг буйруғи билан тегишли касб малакасига эга бўлган муҳандис-техник ходимларга юклатилиши лозим.


132. Тиббиёт техникасини монтаж қилишда юк кўтарувчи ва монтаж қилувчи механизмлар ва мосламалар билан ишлаш жараёнида иштирок этадиган ходимлар хавфсизлик қоидаларига амал қилиши лозим.


133. Юк ортиш ва тушириш ишлари ҳамда юкларни жойлаштириш Юк ортиш ва тушириш ишларидаги юкчилар учун ишларнинг хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1582, 2006 йил 13 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 24-сон, 221-модда) талабларига мувофиқ амалга оширилади.


134. Ташкилотда ишлатиладиган барча тиббиёт техникалари, механизмлар ва мосламалар бажарилаётган ишнинг хусусиятига мос ва ҳамиша соз ҳолда бўлиши лозим.


135. Юқори кучланишда бўлган электр тиббиёт техникасини созлашда хавфсизликни таъминлаш учун қуйидаги тадбирлар бажарилиши лозим:

кучланишда бўлган электр токи ўтган қисмлари созловчининг рўпарасида ёки фақат бир ёнбош томонида жойлаштирилган бўлиши;

ишлаш жараёнида аппаратурани созловчи устидан доимий назорат ўрнатиш;

тиббиёт техникасини созловчи ходим яхши изоляцияланган ҳимоя воситаларидан ва мосламадан фойдаланиши.


136. Тиббиёт техникасини бошқариш ишлари бошлангунга қадар ишлаш учун қуйидаги зарур бўлган асбобларнинг мавжудлигини ва ҳимоя воситаларининг яроқлилигини текшириб кўриши лозим:

электр кавшарлагичнинг корпусида қисқа туташиш йўқлиги;

изоляцияланган дасталарнинг мавжудлиги;

диэлектрик қўлқоплардан фойдаланишда унинг яроқлилиги;

диэлектрик резина гиламчадаги штамп бўйича яроқлилик муддати ва механик нуқсонларнинг йўқлиги;

ток ўтказувчи симларда изоляция нуқсонларининг йўқлиги.


137. Тиббиёт техникасини монтаж қилувчи юқори кучланишда бўлган ва изоляцияланмаган электр токи қисмига тўсатдан тегиб кетишидан ҳимояловчи изоляцияланган воситалардан ва мосламалардан фойдаланиши лозим.


138. Тиббиёт техникаси монтаж қилинаётганда у шундай жойлаштирилиши керакки, бунда 100 V дан юқори кучланишга эга бўлган электролитик конденсаторлар аппарат созловчининг юзи рўпарасида бўлмаслиги ва қўшни иш жойларига қаратилмаган бўлиши лозим.


139. Тиббиёт техникасидаги носозликларни аниқлашда назорат-ўлчаш асбобларининг барча турдаги ўчириш-ёқиш ишлари (жиҳозлар таркибий қисмлари режимини ўлчаш) электр кучланишдан тўлиқ узилган ҳолда амалга оширилиши лозим. Кучланишда бўлган аппаратларни текшириш ва монтаж қилиш тақиқланади.


140. Ерга нисбатан шассисида кучланишга эга бўлган автотрансформаторли схема орқали кучланиш оладиган тиббиёт техникаси, ажратувчи трансформатор билан тармоққа уланиши ва бунда ҳар қайси трансформаторга фақат битта тиббиёт техникаси уланиши лозим.


141. Тиббиёт техникасини электр манбаидан ўчирмасдан туриб, шунингдек аппарат корпусларини очиб қўйган ҳолда электр токи ўтувчи қисмларга тегиш тақиқланади.


142. Тиббиёт техникасини созлашда, техник хизмат кўрсатишда ва бошқа ишларда кучланиш берилишидан олдин, унинг металл корпуслари ерга сим орқали уланган бўлиши лозим.


143. Монтаж жараёнида тиббиёт техникасини розеткага вилкасиз, очиқ симлар ёрдамида улаш тақиқланади.


144. Тиббиёт техникасини кучланишни ўчирмасдан туриб ишларни амалга оширишнинг иложи бўлмаган ҳолларда (созлаш, режимларни ўлчаш, ўчириб-ёқиш ускунасида яхши контакт бўлмаслиги, токнинг йўқолиб қолишини ўлчаш) кучланиш остида ишлашга рухсат берилади. Бундай ҳолларда ходим кучланиш остидаги қисмга тегиб кетишдан эҳтиёт бўлиши, хавфсизлик техникаси қоидаларига қатъий риоя қилиши лозим.



3-§. Рентген аппаратларини таъмирлаш ва унга техник

хизмат кўрсатишда хавфсизлик талаблари


145. Рентген нурланишини марказлаштириш ва уни оптик марказ билан мос туширишда нурланиш миқдорини етарли даражада камайтиришнинг иложи бўлмаганда, ҳимояланиш рентген аппаратини ёқиб қўйиш вақтини қисқартириш ҳисобидан амалга оширилиши лозим.


146. Рентген тасвирини телевидение орқали кучайтирувчи асбобларни созлаш ва тузатишда технологик усулларни қўллаш лозим.


147. Рентген кабинетларидан ташқарида (ремонт корхонасида, палаталарда) рентген аппаратларини таъмирлаш ва унга техник хизмат кўрсатишда, шунингдек рентген нурлантирувчи билан ишлашда қуйидагиларга амал қилиш лозим:

нурлантирувчининг ташқи тешигини энг кичик ҳолатга келтириш ёки қўрғошин беркитгич билан ёпиб, полнинг четига ва одамлар йўқ томонга йўналтириш;

ходимнинг нурлантирувчи манбадан бир мунча узоқда бўлишини таъминлаш;

индивидуал ҳимоя воситаларидан ва ҳаракатлантирувчи ҳимоя тўсиқларидан фойдаланиш.


148. Организмга қўрғошин тушишининг олдини олиш учун:

қўрғошин қўшилган резинадан бўлган қўлқоп тагидан юпқа пахта қўлқоп кийиш;

қўрғошин қўшилган резинадан бўлган шахсий ҳимоя воситалари билан бажариладиган ишлар тугагандан кейин қўлни иссиқ сувда совунлаб ёки ҳимояловчи кукун билан ювиш керак.


149. Рентген кабинетида овқатланиш ва чекиш тақиқланади.


150. Ходим ишлаётган жой керакли мослама ва қурилмалар билан тўсилган, ўраб олинган бўлиши лозим.


151. Ишлардаги танаффусларда ва механизациялашган асбобни бошқа жойга кўчирганда уни ток манбаидан ўчириб қўйиш керак.


152. Ишловчи двигатели бўлган, механизациялашган асбобни назоратсиз ва электр манбаига уланган ҳолда қолдириш тақиқланади.


153. Рентген аппаратининг алоҳида қисмларини ўрнатиш олдидан қурилманинг мустаҳкамлигини ва улар монтаж қилинадиган конструкцияларнинг мустаҳкамлигини текшириш керак.


154. Ўрнатилган деталларни, аппарат қисмларини ва бошқа қурилмаларни яхши қотирмаган ҳолда қолдириш тақиқланади.


155. Йиғилган конструкциялардаги тешикларнинг мослашувини бармоқлар билан текшириб кўриш тақиқланади.


156. Иш вақти тугагандан кейин иш жойини тозалаш, тартибга келтириш, аппаратларни электр манбаидан ўчириш лозим.


157. Таъмирлаш ишларини бажараётган ходимларнинг ҳимояловчи воситалардан фойдаланмасдан ва электр кучланишни ўчирмасдан туриб ишлаши тақиқланади.


158. Таъмирлаш ишларини бошлаш олдидан бу ишлар учун масъул бўлган шахс иш жойида электромеханикларни техника хавфсизлиги бўйича йўл-йўриқдан ўтказиши лозим.


159. Таъмирлаш ишларини бошлаш олдидан электромеханиклар рентген аппаратидан фойдаланиш бўйича ҳужжатлар билан таништирилиши ва иш жараёнида белгиланган талабларни қатъий бажаришлари лозим.


160. Рентген аппаратини ток манбаига улашни талаб қиладиган юқори вольтли трансформаторнинг бирламчи ўрамини ток билан таъминлайдиган симлар ва юқори вольт занжирда таъмирлаш ишлари бажарилаётганда, бирламчи ўрамнинг чиқиш қисми узилган бўлиши керак.


161. Таъмирлаш ишларини бошлаш олдидан зарур бўлганда трансформатор ёғининг диэлектрик мустаҳкамлигини текшириш, нуқсонлар пайдо бўлган жойларни аниқлаш ва шу асосда техника хавфсизлиги бўйича тегишли чоралар қўллаш лозим.


162. Рентген аппарати элементларини кавшарлаш, алмаштириш ва монтаж қилишда, шунингдек юқори кучланишли кабелларни улаш ва ажратишда рентген аппарати девор шити ёрдамида ток манбаидан узилган бўлиши лозим. Рентген аппарати ток манбаидан узилгандан кейин "Ёқилмасин. Одамлар ишлаяпти" деган ёзув осиб қўйилиши керак.


163. Юқори вольтли (кучланишли) кабелларнинг учлари девордан, одамлардан ва металл предметлардан энг камида 1 метр узоқликка осиб қўйилиши керак.


164. Тармоқ кучланиши узилгандан сўнг махсус юқори вольтли разрядсизлантирувчи ёрдамида ҳажмий зарядни зарядсизлантириш керак.


165. Рентген нур тарқатувчиси очилганда юқори кучланишли кабеллар юқори кучланишли трансформатордан ажратиб қўйилиши керак. Рентген трубкаларининг анод токларини тузатишда милликулонометрлардан фойдаланиш лозим. Нурланиш миқдорини камайтириш учун чиқиш тешиклари қўрғошин ёпқичлар билан ёпилган бўлиши зарур.


166. Рентген телевизион қурилмаларни таъмирлашда нурланиш даражасини минимумгача қисқартириш мумкин бўлган иш усулларидан фойдаланиш зарур.


167. Агар рентген аппаратининг бирон бир агрегати ўчирилган бўлса, ушбу ўчирилган жойлар изоляция қилиниши ва бу ҳақда тиббиёт ходимлари огоҳлантирилиши лозим.



4-§. Рентген аппаратини монтаж қилишда хавфсизлик талаблари


168. Рентген аппаратини монтаж қилиш ишларини қурилиш ва санитария нормалари ҳамда қоидалари талабларига жавоб берадиган, қурилиш, таъмирлаш ва электромонтаж ишлари якунланган хонада амалга оширишга рухсат этилади.


169. Монтаж ишларини бошлаш олдидан ходим қуйидагиларни:

рентген аппаратининг бутланганлигини текшириб кўриши;

монтаж қилиниши лозим бўлган рентген аппаратининг техник ҳужжатлари билан танишиши;

кабинет лойиҳасига мувофиқ рентген аппаратини ўрнатиш жойини белгилаши;

асбобларнинг созлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилиши лозим.


170. Ходим рентген аппаратини монтаж қилишда унинг монтаж ва фойдаланиш бўйича ҳужжатларда кўрсатилган талабларини бажариши ҳамда шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиши лозим.



5-§. Физиотерапевтик аппаратларни таъмирлаш ва унга

техник хизмат кўрсатишда хавфсизлик талаблари


171. Физиотерапевтик аппаратларни фойдаланишга топширишда ва унга техник хизмат кўрсатишда қуйидагилардан сақланиш керак:

электр токидан шикастланишдан;

ультраюқори ва жуда юқори нурланиш электр магнит майдонларининг таъсиридан;

ультрабинафша ва инфрақизил нурларнинг таъсиридан.


172. Симобли-кварцли горелкалар, бактерицидли нурловчилар билан ишлаганда ходим кўз ён томони деворли ҳимоя қилувчи гардишли махсус кўзойнаклардан фойдаланиши лозим.


173. ГОСТ 12.1.006-84 талабларига мувофиқ электромагнит майдонининг кучланиш (ЭММК) диапазони 60 кГц - 300 МГц бўлганда иш жойларида ва хизмат кўрсатувчи ходимлар бўлиши мумкин бўлган жойларда қуйидаги йўл қўйиладиган миқдордан ошмаслиги керак:

электр майдони бўйича, В/м.

60 кГц дан 3 МГц гача частоталар учун - 50 В/м;

3 МГц дан 30 МГц гача частоталар учун - 20 В/м;

30 МГц дан 50 МГц гача частоталар учун - 10 В/м;

50 МГц дан 300 МГц гача частоталар учун - 5 В/м;

магнит майдони бўйича, А/м.

60 кГц дан 1,5 МГц гача частоталар учун - 5 А/м;

30 МГц дан 50 МГц гача частоталар учун - 0,3 А/м.

300 M Нz - 300 ГГц частотали диапазонлардаги иш жойларида ва хизмат кўрсатувчи ходимлар бўлиши мумкин бўлган жойларда ЭММК энергия оқимининг йўл қўйиладиган зичлиги, нурланиш майдонларида бўлиш вақтида организмга энергия таъсирининг йўл қўйиладиган миқдоридан келиб чиққан ҳолда ўрнатилиши лозим.


174. Ходим танасининг очиқ жойларини ультрабинафша нурларидан ҳимоялаш учун аппаратнинг рефлектори ундаги қопқоқ билан ёпилган бўлиши, улар мавжуд бўлмаган ҳолатда эса мустаҳкам материалдан тикилган мато билан ёпилган бўлиши керак.


175. Ходим кўзларини инфрақизил нурлар билан нурланишдан сақлаши учун у ёниқ турган лампага узоқ вақт қарамаслиги лозим.



6-§. Лаборатория жиҳозларини таъмирлаш ва унга

техник хизмат кўрсатишда хавфсизлик талаблари


176. Лаборатория жиҳозини таъмирлаш ва унга техник хизмат кўрсатишда жиҳоздан фойдаланиш ва уни таъмирлашга оид норматив техник ҳужжатлар талабларига ва йўриқномаларга амал қилиш зарур.


177. Центрифугаларни таъмирлаш ва унга техник хизмат кўрсатишда қуйидагиларга амал қилиш лозим:

механизмларни йиғиш ва таъмирлашда ҳаракатланувчи қисмларда, цилиндрларда ҳар хил болтлар, гайкалар ва бошқа асбобларни унутиб қолдирмасликка;

ўнқир-чўнқирлари, ёриқлари ва бошқа нуқсонлари мавжуд шкивлардан фойдаланмасликка;

центрифугани барча зарур деталлари яхшилаб маҳкамлангандан кейин ишга туширишга;

центрифугани стаканлар ва пробиркалар билан тўлдиришда жуфт тенг мувозанатда бўлиш қоидасига;

центрифугани электр манбаига улашдан олдин қопқоғининг корпусга мустаҳкам қотирилганлигини текшириб кўришга;

центрифугани электр манбаига улаш реостат ёрдамида оҳиста амалга оширилиши, ўчиришда ротор тўлиқ тўхтагунча кутиб туришга.


178. Микротомлар, сепараторлар ва майдалагичлар билан ишлашда ҳаракатланаётган пичоқнинг тагига қўлнинг ва бошқа предметларнинг тушиб қолишидан эҳтиёт бўлиш керак.


179. Ультраюқори ва жуда юқори нурланиш термостатларни таъмирлашда ва уларга техник хизмат кўрсатишда, унга тез алангаланувчи жисмлар, кислота ва ишқорни қўйиш тақиқланади.


180. Электр плиталар, муфель печлар ва бошқа иситиш асбоблари асбест ёки иссиқ изоляцияланган материалга ўрнатилиши керак.


181. Термостатлар ва дистилляторларга дастлаб сув қуймасдан туриб уларни ишга тушириш тақиқланади.


182. Жиҳозларни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш олдидан, уларнинг юза қисми дезинфекцияловчи эритма билан зарарсизлантирилиши лозим.


183. Лаборатория жиҳозларини кўздан кечириш ва таъмирлашдан олдин тиббиёт ходимлари огоҳлантирилиши ва ток таъминоти узилиши лозим.



7-§. Стерилизация қилиш жиҳозларини таъмирлаш ва унга

техник хизмат кўрсатишда хавфсизлик талаблари


184. Стерилизация қилиш жиҳозларини таъмирлаш ва унга техник хизмат кўрсатиш жараёнида қуйидагилар тақиқланади:

қопқоқлар яхши маҳкамланмаган ҳолатда стерилизаторга буғ бериш;

стерилизация камерасида ташқаридаги ҳарорат ва босимдан ортиқ миқдорда босим ҳамда ҳарорат мавжуд бўлганда стерилизатор қопқоғини очиш ёки унинг маҳкамлигини бир оз бўшатиш;

буғ ҳосил қилувчи механизм бочкасида сув миқдори етарлича бўлмаганда стерилизаторни ишга тушириш;

стерилизатор ишлаётган вақтда буғ ҳосил қилувчи механизм бочкасига сув қуйиш;

қопқоқларни очиқ қолдириш;

стерилизатор ишлаётган вақтда унинг ҳимояловчи клапанларини тўғрилаш ҳамда унинг бошқа элементларини таъмирлаш.


185. Электромеханик қуйидагиларни текшириб кўриши керак:

манометрларнинг ва шлангларнинг белгиланган муддатларда техник текширувдан ўтказилганлиги;

стерилизаторлар паспортида ва техник хизмат кўрсатиш журналида тегишли маълумотларнинг мавжудлиги;

стерилизаторларда рухсат берилган ишчи босими ва унинг техник кўрикдан ўтиш (ички кўрик ва гидравлик синов) муддати кўрсатилган ёзувларнинг мавжудлиги;

стерилизация хонасида меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқноманинг мавжудлиги.


186. Стерилизаторни таъмирлаш ишларидан кейин синовдан ўтказиш лозим.


187. Синов натижасидан келиб чиққан ҳолда стерилизаторни ишлатишга рухсат бериш ёки тақиқлаш лозим.



V. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


188. Мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.


189. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



VI. ЯКУНИЙ ҚОИДА


190. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси, "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси, "Тошкенттибтехника" ОАЖ, "Ўзстандарт" агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 1-2-сон, 12-модда.