язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Меҳнат муҳофазаси/ Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари/ Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларини монтаж қилиш, таъмирлаш ва улардан техник фойдаланиш ишларида меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 31.03.2011 й 2212-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 14.03.2011 й. 15-Б-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2011 йил 31 мартда 2212-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2011 йил 14 мартдаги

15-Б-сон буйруғига

ИЛОВА



Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси

воситаларини монтаж қилиш, таъмирлаш

ва улардан техник фойдаланиш ишларида

меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сон "Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами, 2000 й., 7-сон, 39-модда) ва 2010 йил 20 июлдаги 153-сон "Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 28-29-сон, 234-модда) қарорларига мувофиқ қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларини монтаж қилиш, таъмирлаш ва улардан техник фойдаланиш ишларида меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларини монтаж қилиш, таъмирлаш ва улардан техник фойдаланиш ишларини амалга оширувчи ташкилотларга (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) тааллуқлидир.


2. Мазкур Қоидалар иш жойларида ва қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларини монтаж қилиш, таъмирлаш ва улардан техник фойдаланишда ҳамда электр асбобларни ишлатишда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан, жамоатчилик назорати эса меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



II. ХАВФСИЗЛИК БЎЙИЧА УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


5. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


6. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбари ёки бош муҳандисига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.


7. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятларига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб қилиниши мумкин эмас.


8. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1997 й., 6-сон, 21-модда) билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларни ўқитиш, уларнинг билимларини синовдан

ўтказиш ва уларга йўл-йўриқ беришни ташкил этиш


9. Ходимлар ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, уларнинг билимлари синовдан ўтказилиши ва уларга йўл-йўриқ берилиши керак.


10. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


11. Ишларни технологик регламент бўйича хавфсиз юритиш йўриқномалари Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси 2000 й., 1-сон) мувофиқ ишлаб чиқилади ҳамда ташкилот ходимларини ва иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Хавфли ва зарарли омиллар


12. Ташкилотлар ГОСТ 17.2.3.02-78 бўйича хавфли ва зарарли омиллар, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлиши лозим.


13. Иш жойларидаги меҳнат жараёнининг хавфли ва зарарли омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчови натижалари, шунингдек меҳнатнинг оғир шароитлари аттестация қилиш орқали белгиланиши лозим.


14. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли омиллар йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгаришларида ёки янги ишлаб чиқариш ускуналарини жорий қилишда хавфли ва зарарли омиллар тўғрисидаги маълумотларга тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



4-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати


15. Ташкилот ўта хавфли шароитда бажариладиган ишлар рўйхатига эга бўлиши лозим. Рўйхатга баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишлар, юк кўтариш механизмлари, босим остида ишлайдиган сиғимлар, электр ускуналарга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлар ва амалдаги тармоқ рўйхатларига мувофиқ бошқа ишлар киритилиши шарт.


16. Ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқ олиши ва ишларни бажариш усулларини ўзлаштириб олиши шарт.


17. Ўта хавфли ишларни бажариш, фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган наряд-рухсатномага мувофиқ амалга оширилиши лозим.


18. Ташкилот раҳбарияти ўта хавфли ишларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва хавфсиз бажаришда белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилишига тўла жавобгардир.



5-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш


19. Ходимларни хавфли ва зарарли омиллардан ҳимоя қилиш белгиланган стандартлар ва меъёрлар талабларига мос жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланиш орқали таъминланиши лозим.


20. Жамоавий ҳимоя воситалари (вентиляция, аспирация, ерга улаш, маҳаллий сўрғичлар ва бошқалар) хавфли ва зарарли омиллар хонадаги барча ишловчиларга таъсир қилганда қўлланиши шарт ва ташкилотни қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши лозим.


21. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли омилларни рухсат этилган миқдоргача камайтириш имконини бермаган ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситалари қўлланилиши лозим. Бундай ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситаларисиз кишиларнинг иштироки ва ишлар амалга оширилиши тақиқланади.


22. Якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларни қўллаши, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддати тўғрисида маълумотларга эга бўлиши лозим.


23. Ходимлар махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини бепул беришнинг намунавий меъёрларига мувофиқ якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан таъминланиши лозим.



6-§. Касбий танлов


24. Ташкилотларда танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


25. Ходимлар тегишли маълумотга ва иш тажрибасига эга бўлиши керак.


26. Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари рўйхатига (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 30-31-сон, 355-модда) мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


27. Аёллар меҳнатидан фойдаланиш тўлиқ ёки қисман тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхатига (рўйхат рақами 865, 2000 йил 5 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси 2000 й., 1-сон) мувофиқ аёллар зарарли ва ноқулай меҳнат шароитига эга бўлган ишларга қабул қилинмайди.



7-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш


28. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш "Ходимларни ишга киришдан олдин дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруқ (рўйхат рақами 937, 2000 йил 23 июнь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 12-сон) асосида амалга оширилиши лозим.


29. Ташкилот раҳбарияти касаба уюшмаси қўмитаси ва соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаши лозим.


30. Ходим тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки тиббий кўрик натижаларига кўра берилган тавсияларни бажармаган тақдирда ушбу ходим ишга қўйилиши мумкин эмас.


31. Ходимларни соғлиғи туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.



8-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


32. Хоналарни табиий ва сунъий ёритиш ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабига мос бўлиши лозим.


33. Ёритиш воситаларида кўзни қамаштиришдан сақловчи чоралар кўрилган бўлиши керак.


34. Ёритиш ускуналарини ўрнатишда чироқларнинг турлари, лампаларнинг қуввати ва уларнинг жойлашиши тасдиқланган лойиҳага мос бўлиши керак.


35. Авария ёритишларининг созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши лозим.


36. Ёруғ тушувчи ойналарни ҳар йили камида икки марта тозалаш лозим.


37. Ёруғлик тушадиган дераза ва эшикларнинг бегона предметлар (ускуна, тайёр маҳсулот ва бошқалар) билан тўсиб қўйилишига рухсат этилмайди.


38. Хавфлилик даражаси юқори бўлган хоналарда кучланиши 36 В дан кўп бўлмаган кўчма электр ёриткичлар ишлатилиши керак.


39. Иш жойларининг ёритилганлиги назорат тартибида бир йилда камида икки марта ўлчаниши ва ўлчаш натижалари журналга киритилиши лозим.


40. Ёритиш воситаларини назорат қилиш ва таъмирлаш ишлари шу ишларни амалга оширишга масъул бўлган ходимлар томонидан амалга оширилиши лозим.


41. Электр ёритиш ўтказгичлари полдан 2,5 м дан паст бўлмаган баландликда бўлиши керак.


42. Эвакуация йўлаклари ва зинапояларда авария ёриткичлари бўлиши лозим.


43. Авария ёриткичлари бошқа ёриткичлардан тури, ўлчамлари ва махсус туширилган белгилари билан ажралиб туриши ва вақти-вақти билан чангдан тозалаб турилиши лозим.



9-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


44. Шамоллатиш ва иситиш ҚМҚ 2.04.05-97 "Ҳавони мўътадиллаш, иситиш ва шамоллатиш" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


45. Бино ва иншоотларнинг ишлаб чиқариш хоналарида ҳаводаги зарарли моддалар миқдори СанҚваМ 0046-95 "Гигиеник нормативлар. Иш ҳудуди ҳавосида зарарли моддаларнинг рухсат этилган энг кўп миқдорлари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.



10-§. Сув таъминоти ва канализация тизимига қўйиладиган талаблар


46. Сув билан таъминлаш ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси" талабига мос келиши керак.


47. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар бўлиши керак. Сув қувурлари йўқ бўлганда бакларда қайнатилган сув бўлиши лозим.


48. Ичимлик сувининг ҳарорати 8°С дан 20°С гача бўлиши керак.



III. ҚЎРИҚЛАШ-ЁНҒИН СИГНАЛИЗАЦИЯСИ

ВОСИТАЛАРИНИ МОНТАЖ ҚИЛИШ,

ТАЪМИРЛАШ ВА УЛАРДАН ТЕХНИК

ФОЙДАЛАНИШ ЖАРАЁНЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Электр қурилмаларига қўйиладиган талаблар


49. Ташкилотда электр қурилмаларини ва тармоқларини монтаж қилиш ва ишлатиш вақтида Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 27-сон, 317-модда) ҳамда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 33-сон, 379-модда) ва мазкур Қоидалар талабларига риоя қилиниши керак.


50. Мазкур Қоидаларга асосан электр хўжалигига масъул шахс ташкилот раҳбарининг буйруғи билан муҳандис-техник ходимлардан тайинланиши ва улар кучланиши 1000 В гача бўлган электр қурилмалари учун IV малака гуруҳига эга бўлиши керак. Бу шахс ташкилотда электр хўжалигининг умумий ҳолати учун масъул ҳисобланади.


51. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларини электр тармоғига улаш ташкилотнинг электр хўжалигига масъул шахс иштирокида бажарилади.


52. Электр хўжалигига масъул шахс иштирокисиз электр ускуналаридан фойдаланиш ман этилади.


53. Штатлар жадвалида электрик лавозими мавжуд бўлмаган ташкилотларда электр жиҳозларидан фойдаланиш ихтисослашган ташкилотларга шартнома асосида топшириш ёки бошқа ташкилотларда ишловчи электротехник ходимни ўриндошлик асосида ишга қабул қилиш орқали амалга оширилади.


54. Кўчма қўл лампаларини ишлатганда унинг кучланиши 36 В дан ошмаслиги керак. Ўта хавфли хоналарда, алоҳида ноқулай шароитларда, намлик бўлган ва тор хоналарда ҳамда шунга ўхшаш бошқа ҳолатларда қўл лампаларидаги кучланиш 12 В дан ошмаслиги керак.


55. Барча электр ускуналари соз ҳолатда сақланиши, яхши маҳкамланган бўлиши, чанг ва ифлосликлардан мунтазам тозалаб турилиши керак.


56. Қопқоқсиз штепсель розеткалари ва вилкасиз симлар ёрдамида қурилмаларни ёқиш ман этилади.


57. Ташкилот электр хўжалигида юқори электр кучланиш остида бўлган қурилмалар билан ишлашда ҳимоя воситаларисиз ишлаш қатъиян ман этилади.


58. Электр кучланиш таъсирида бўлган электр қурилмаларининг изоляция қилинмаган қисмларига ходимларнинг тасодифан тегиб кетиши хавфининг олдини олиш мақсадида қурилмалар тўсиқлар билан тўсиб қўйилиши керак.


59. Изоляциянинг бузилиши оқибатида электр қурилманинг корпуси кучланиш остига тушиб қолиши билан боғлиқ бўлган шикастланишлардан сақлаш учун электр қурилмаларнинг металл қисмлари ерга уланган ёки нолланган бўлиши шарт.


60. Электр дастгоҳлар, электр двигателлар қопламалари, металл қисмлар ерга уланган бўлиши керак.



2-§. Электр қурилмаларини ноллашда хавфсизлик талаблари


61. Электр тармоқни нолга улаш (ноллаш) орқали ходимлар хавфсизлиги ва электр қурилмаларнинг ҳимоясини таъминлаши керак.


62. Электр қурилмалари металл қисмларини ерга улаш амали махсус кўп толали мис сим ёки пўлат тросслар ёрдамида бажарилади.


63. Электр қурилмаларини ноллаш тадбирлари қуйидаги ҳолларда бажарилади:

ўзгарувчан токнинг кучланиши 380 В ва ундан юқори бўлган ҳолларда - барча электр қурилмаларида;

ўзгарувчан токнинг кучланиши 42 В дан 380 В гача - ўта хавфли хоналарда.

Ўзгарувчан токнинг 42 В гача ва ўзгармас токнинг 110 В кучланишгача бўлган номинал қийматларида ноллаш ва ерга улаш тадбирларини ўтказиш шарт эмас, хавфли ҳудудда жойлашган ва электр пайвандловчи қурилмалар бундан мустасно.


64. Ноллаш тадбирлари қуйидагилар учун ўтказилади:

электр асбоблар, электр ёриткичларнинг корпуслари;

маълумотларни узатиш тизими, қабул-назорат ускунаси, электр ҳисоблаш машиналари, хабарчи қурилмаларнинг металл корпуслари;

металл электр шчитлар, металл енглар ва бошқа электр қурилмалари;

назорат ва ўлчаш қурилмаларининг металл корпуслари.


65. Мазкур Қоидалар талабларига жавоб берадиган ноллаш амалларини бажариш бўйича техник имконият бўлмаганда, қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларидан техник фойдаланиш ишларини изоляцияловчи майдончалардан туриб ўтказиш мумкин.


66. Изоляцияловчи майдончалар шундай тузилганки, нолга уланмаган қисмлар билан контакт фақат шу майдончада амалга оширилади.


67. Ҳар бир ерга улаш тузилмаси ўзининг паспортига эга бўлиб, унда ерга улаш схемаси, асосий техник кўрсаткичлар, таъмирлов ишлари ва ўзгартиришлар ҳақида (ҳар 3 йилда бир марта) тўла маълумот бўлиши керак.


68. Табиий ерга улаш тизимлари сифатида қуйидагилар қўлланилади:

ердаги сув қувурлари ва бошқа металл қувурлар (газ, ёнилғи, қоришмали қувурлар бундан мустасно);

иншоотларнинг ерга тегиб турувчи металл қисмлари ва темир-бетон конструкциялари;

гидротехник қурилмаларнинг металл шпунтлари, сув захиралари;

ердаги кабелларнинг қўрғошин қобиқлари.


69. Табиий ерга улаш тизими сифатида алюминий қобиқли кабелларни ишлатиш мумкин эмас.


70. Сунъий ерга улагичлар сифатида пўлат сим ёки тўртбурчак ўтказгичлар (полоса) ишлатилади. Сунъий ерга улагич бўялмаган бўлиши керак.


71. Ерга улагичларнинг диаметри 10 мм дан кам бўлмаган металл қозиқлардан иборат бўлиши керак.


72. Ерга улаш ва ноллаш ҳимоя ўтказгичлари сифатида қуйидагилар ишлатилади:

махсус ўтказгичлар;

пойдеворларнинг қурилмаларидаги арматуралар;

иншоотларнинг металл конструкциялари;

электр тармоқларининг пўлат қувурлари;

кабелларнинг алюминий қобиқлари;

очиқ жойларда ётқизилган сув қувурлари ва бошқа металл қувурлар (газ, ёнилғи қувурлари бундан мустасно);

металл қутилар ва электр қурилмаларининг тагликлари.


73. Асосий тармоқдаги ерга улаш ўтказгичлари қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларини назорат қилиш ва бошқариш хоналарида ва устахоналарда қалинлиги 3 мм ҳамда кесим юзаси 24 кв.мм дан кам бўлмаган пўлатдан ишланган бўлиши керак.


74. Ноллаш ҳимоя ўтказгичларини бир-бирига улашда пайвандлаш усулидан фойдаланиш керак.


75. Бунда уланиш жойларининг занглаши ва ўтказиш хусусиятининг сусайишига қарши тадбирлар амалга оширилиши керак.


76. Ноллаш ҳимоя ўтказгичларини қурилмаларга улашда пайвандлаш ёки болтли улаш усулларидан фойдаланиш керак.


77. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларининг мунтазам демонтаж қилиниб туриладиган ноллаш қисмлари эгилувчан ўтказгичлардан ясалиши керак.


78. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситалари ва бошқа электр қурилмаларида ерга улагичлар сифатида оддий бириктирадиган болт, мих ва винтларни ишлатиш мумкин эмас.


79. Электр қурилмаларининг темир корпуси билан ерга уланган болт орасидаги қаршилик 2 Ом дан кўп бўлмаслиги керак.


80. Электр қурилманинг ҳар бир ноллаш қисми ноллаш манбаининг алоҳида тармоғига уланиши керак. Ноллаш қисмларини кетма-кет улаш ман этилади.


81. Иншоотларда киритилаётган ерга улагич ўтказгичларнинг ўрнида маълум белгилар қўйилиши керак.


82. Нолга улаш ҳимоя ўтказгичлар сифатида бир фазали ва ўзгармас токли кўчма электр қабул қилгичларга уланган ишчи симларини ишлатиш ман этилади. Бунда электр қабул қилгичларни ноллаш учун махсус тармоқланган шчит ёки қутида нолинчи ҳимоя ўтказгич ёки нолинчи ишчи симга уланган учинчи ўтказгич ишлатилиши керак.


83. Ноллаш ҳимоя ўтказгичлари занжирида узиладиган сақлагич ва тузилмалар бўлмаслиги керак.



3-§. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларини

монтаж қилишда хавфсизлик қоидалари


84. Ҳар бир ташкилотда электр қурилмадан фойдаланишга рухсат этилганлиги тўғрисида техник ҳужжат бўлиши керак. Унинг таркибига қуйидагилар киради:

ишларни қабул қилиш далолатномалари;

тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари;

электротехник коммуникациялар схемалари;

хабар берувчи жиҳозлар ва асбобларнинг паспортлари;

ҳимоялаш воситаларининг ҳужжатлари.


85. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларини таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш ишлари махсус тасдиқланган жадвал-лойиҳа бўйича олиб борилиши керак. Зарурият бўлган ташкилот раҳбарияти ва муҳандис-техник ходимлар таркибининг фармойиши билан навбатдан ташқари техник хизмат кўрсатиш ва тузатиш лозим.


86. Жиҳозлар блок кўринишида бўлса, уларни узайтирувчи шланглар билан улаш ва кўчма ўлчов қурилмаларга улаш амаллари кучланишни узиб қўйиб ёки 42 В дан ошмаган кучланиш остида бажарилади. Узайтириш шланглари михсимон ва уясимон улагичлар билан таъминланган бўлиши керак.


87. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситалари, қабул-назорат ускунаси, хабарчи, сигнал, овоз берадиган қурилмаларнинг металл корпуслари (шахсий таъминлов манбасига эга бўлган ўзгармас токининг 110 В ва ўзгарувчан токининг 42 В кучланишли қурилмалардан ташқари) ерга уланиши керак.


88. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларининг ҳаво тармоқлари мавжуд бўлган хоналарда абонент ҳимоя воситаси ўрнатилиши керак.


89. Иқлим шароитлари ёмон бўлганда (6 балли кучли шамол, бўрон, қор, ёмғир ва бошқа ҳолларда) ҳаво тармоқларида ва юқори баландликда монтаж ишларини бажариш ман этилади.


90. Ушбу иқлим шароитларининг бири юзага келганда монтаж ишлари тўхтатилиши лозим.


91. Иншоотларнинг шишадан ясалган қисмлари, ойна, деразаларга қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларини монтаж қилиш вақтида халақит бераётган жиҳозлар четга олиб қўйилиши керак.


92. Девор ва тўсиқларда махсус тирқишларни пармалаш амалларини бажаришда шу девор ва тўсиқ орқасидан ўтаётган одамлар огоҳлантирилиши керак.


93. Деворларни тешишда девор ичидан ўтказилган электр тармоғи симларини узиб қўймаслик учун хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш керак. Бу амалларни бажаришда шишаси синмайдиган ҳимоя кўзойнаклари ва қўлқоплардан фойдаланиш керак.


94. Ертўлалардан коллекторларга олиб борувчи йўлакларнинг деворларига тўсиқ (блокировка) қўйганда иссиқлик, газ қувурлари, электр кабеллари ва бошқа коммуникацияларга шикаст етказмаслик тадбирларини амалга ошириш керак.


95. Сигнал чироқларни хоналардан ташқарида ўрнатишда атроф-муҳит талабларига мос равишда ёруғлик берувчи арматура ишлатилади.


96. Монтаж қилишда арматурасиз ёритиш чироқларини қўллаш ман этилади.


97. Қурилмадаги сигнал чироқларини алмаштириш пайтида ерга уланган темир қисмларга қўл теккизиш ман этилади.


98. Сақлагичнинг эрувчан қисмларини алмаштириш тадбирларини электр хавфсизлиги бўйича малака гуруҳи III дан паст бўлмаган шахс бажариши керак. Эрувчан сақлагич ўрнига симдан ясалган ностандарт сақлагичлар ўрнатиш ман этилади.


99. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларининг ички жиҳозларини монтаж қилиш, тозалаш ва таъмирлашда кучланиш узиб қўйилиши керак.


100. Ўчириш-ёқиш (қайта улаш) шчитларида кросслаш амалларини бажаришда изоляцияланган асбоб-жиҳозлардан фойдаланиш керак.


101. Пайванд амалини бажараётганда пружиналарни қайтариш ва тебраниш жараёнида пайдо бўладиган қалайни қоқиш ман этилади. Ортиқча қалайни пайвандлагичнинг махсус товачасига олиш керак.


102. Сигнал қисмини кислота ёрдамида пайвандлаб бўлгандан сўнг, пайванд жойини сода эритмаси билан нейтраллаш ва қўлларни совун билан ювиш керак.


103. Телефон станциялар ёки махсус хоналарнинг кроссларида ўрнатилган қайта улагичларнинг олдинги ва орқа томонида 0,75 м кенгликдаги диэлектрик гиламчалари бўлиши керак.


104. Хизмат кўрсатувчи ходимларнинг хавфсизлиги учун кросснинг ўткир учларига махсус мослама кийдирилган бўлиши керак.


105. Ҳудуд чегараси (периметрал) хабардор қилиш воситаларининг барча темир жиҳозлари (блок, кронштейн, жавон) ерга уланган бўлиши керак.


106. Ҳудуд чегараси хабардор қилиш воситаларининг тармоқланган қисмида иш бажаришдан олдин кучланиш қолдиғи йўқлигини текшириш лозим.


107. Изоляторларни чанг, қурум ва шу кабилардан қўлқоплар ёрдамида тозалаш керак.


108. Ҳудуд чегараси хабардор қилиш воситаларида иш бажаришда фақат кучланиши 42 В гача бўлган электр асбоблардан фойдаланиш керак.


109. Алоҳида ҳолларда, кучланиши 127 ва 220 В бўлган электр асбобларидан диэлектрик воситалар (қўлқоплар, этикчалар, гиламчалар) билан бирга фойдаланишга рухсат этилади, бунда электр асбоблар қобиқлари ерга уланган бўлиши лозим.


110. Девор устида ўрнатилган ҳудуд чегараси хабардор қилиш воситалари билан ишлашда икки ёққа очиладиган нарвондан фойдаланиш керак.


111. Девор устига чиқиб ишлаш ман этилади.


112. Механик дарвозаларни қўриқлашдан хабардор қилиш воситалари билан жиҳозлашда ва таъмирлашда электр тармоқ узиб қўйилиши ва "Уланмасин, одамлар ишламоқда!" деган тақиқловчи плакатлар осилган бўлиши лозим.


113. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларини назорат қилиш ва бошқариш хонаси ва устахонасида электр қурилмаларига хизмат кўрсатиш учун керак бўлган ҳимоя воситалари тўплами бўлиши керак.



4-§. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларидан

техник фойдаланишда хавфсизлик талаблари


114. Ташкилотларда қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларидан техник фойдаланаётган ходим уларни ишлатиш тартибини яхши билиши керак.


115. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларидан фойдаланишда, ходим аввал уларни ташқи кўрикдан ўтказиб, созлигини текшириб кўриши лозим.


116. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларида носозликлар аниқланганда, ходим дарҳол ташкилот раҳбарига ахборот бериб, сигнализация воситаларини электр тармоғидан узиб қўйиши ва техник хизмат кўрсатувчи ходимни чақириши ҳамда махсус журналга қайд этиши шарт.


117. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларидан техник фойдаланаётган ходимга асоссиз сигнализация воситаларини электр тармоғидан узиб қўйиш, очиш ва носозликларни ўз кучи билан тузатиш ман этилади.


118. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситалари ва электр қурилмаларидан техник фойдаланиш амаллари технологик хариталар ва фойдаланиш бўйича йўриқномалар асосида бажарилиши лозим.


119. Ўта юқори частотали радиотўлқин хабарчи тузилмаларнинг техник фойдаланиш билан боғлиқ ишларда ГОСТ 12.1.006 талабларига риоя қилиш керак.


120. Ходимлар иш жойларининг электромагнит майдон кўрсаткичи ГОСТ 12.1.006 талабларига мувофиқ 0,1 Вт/ кв.м дан юқори бўлмаслиги ва кун мобайнидаги нурланиш соҳаси 30 МГц дан 300 ГГц гача бўлиши керак.


121. Радиотўлқинли хабарчи тузилмалар билан ишлаганда қуйидагилар ман этилади:

1 м дан кам бўлмаган масофада одам юзига нурлантирувчи энергия оқимини йўналтириш;

юқори частотали тракт ва антенналарни хабарчи тузилма кучланишини узмасдан таъмирлаш.


122. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситалари, назорат-ўлчов асбоблари ва бошқа қурилмалар жойланадиган жавонлар очиладиган эшикчаларга эга бўлиши ва жавонларнинг баландлиги 2 м дан юқори бўлмаслиги керак.


123. Иш вақтида яроқсиз, шикастланган жиҳозларни, ҳимоя воситаларини қўллаш ман этилади.


124. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситалари тармоғи ва шлейфлари электр тармоқдан узилгандан кейин, таъмирлашдан олдин уларда кучланиш қолдиғи йўқлигини текшириш керак.



5-§. Ўлчов амалларини бажаришда хавфсизлик талаблари


125. Электр қурилмада ўлчов амалларини бажаришда вақтинча кўчма ерга улаш тузилмалари изоляциясиз кўп толали, кесим юзаси 2,5 кв.мм дан кам бўлмаган симдан иборат бўлиши керак.


126. Ўлчов асбобларининг металл корпуслари ерга уланган бўлиши керак. Хавф бўлмаган ҳолларда ерга улаш тадбирларини бажариш шарт эмас. Бунда иситиш қурилмалари, қувурлар ва бошқа металл конструкциялар ток ўтказмайдиган панжара билан чегараланган бўлиши керак.


127. Кўчма қурилмаларни электр тармоққа улаш ва узиб қўйиш амаллари кучланиш тўла ўчириб қўйилганда бажарилиши лозим.


128. Ўлчов схемаларини кучланиш узиб қўйилган шароитда йиғиш керак.


129. Ўлчов схемаларини йиғиш пайтида кучланиш узиб қўйилган бўлиши керак.


130. Ўлчов амалларини бажараётган ходимларга ўлчов пайтида иш жойини ташлаб кетиш ман этилади.


131. Ўлчовлар фақат бир қўл билан бажарилиши, иккинчи қўл эса бўш туриши керак.


132. Электр қурилма ва трансформатор ўрамларини 105 Oм дан юқори бўлган ҳолатларда электр изоляциясини ўлчаш ускунаси (мегомметр) ёрдамида ўтказиладиган ўлчовларни махсус тайёрланган ходимлар ўтказадилар. Ўлчовларни икки киши ўтказиб, улардан бирининг малака гуруҳи III гуруҳдан паст бўлмаслиги керак.


133. Электр қаршиликларни ўлчаш ускунаси билан ўлчовлар ўтказишдан олдин электр қурилма атрофида одамларнинг йўқлигига ишонч ҳосил қилиш керак.



6-§. Баландликда ишлашда хавфсизлик талаблари


134. Таянчга кўтарилиб иш бошлашдан олдин ходим ўз махсус жиҳозларини кўрикдан ўтказиб, уларда нуқсонлар йўқлигига ишонч ҳосил қилиши керак.


135. Таянчга кўтарилиб иш бошлашдан олдин унинг мустаҳкамлигини текшириш керак. Агар таянчда чақмоққа қарши қурилма мавжуд бўлса, унда кучланиш йўқлигини текшириш керак.


136. Таянчда ишлаш вақтида баландликда албатта камар занжири ва тирноқларни таянчга маҳкамлаб бириктириш керак.


137. Таянчда камар ва тирноқларсиз ишлаш, шунингдек таянчга камар ва тирноқлар ёрдамида кўтарилиб, лекин уларни мустаҳкам бириктирмасдан ишлаш ман этилади.


138. Бир таянчга бир вақтнинг ўзида икки киши кўтарилиб ишлаши ман этилади.


139. Махсус ўлчов асбоблари ва индикаторлари ёрдамида симларда ортиқча кучланиш йўқлигини текшириш керак.


140. Илгакли таянчда ишлаш учун таянч бурчагининг ташқи қисмида туриш керак.


141. Асбобларни траверс ва симларга қўйиш ҳамда осиш, шунингдек юқорида ишлаётган ходимга жисмлар улоқтириш ман этилади. Бирор жисмни юқорига кўтариш учун махсус арқон ишлатилиши керак.


142. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситалари тармоқлари билан электр тармоқлари кесишса ёки ток ўтказгич қисмларга яқин жойлашса, қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларига техник хизмат кўрсатиш, таъмирлов ва монтаж ишлари фақат кучланиш узиб қўйилганда ва ерга улаш амаллари бажарилганда рухсат этилади. Кучланишни узиш вақти тўғрисида тегишли электр тармоқлари корхоналарига хабар бериши лозим.


143. Тармоқда ортиқча кучланиш борлигини аниқлаган ходим ишни бошламасдан олдин ўз бошлиғига маълум қилиши ҳамда тармоқда нуқсонни бартараф этиш учун шу ҳудуд учун масъул шахс чақиртирилиши керак. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларига хизмат кўрсатувчи ходимларга электр тармоқдаги шикастларни таъмирлаш ман этилади.


144. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситалари тармоқларида иш олиб бораётган ходим ёки ишлатилаётган асбоблар билан кучланиши 1000 В гача ҳаво тармоғи орасидаги масофа 0,6 м дан кам бўлмаслиги керак. Агар шу оралиқдан яқинроқ масофаларда ишлашга тўғри келса, у ҳолда симларда кучланиш узиб қўйилиб, ерга улаш амаллари бажарилиши лозим.


145. Ташкилот ходимларига таянч ва электр тармоқларга тегиниш ва бирор улаш амалларини бажариш ман этилади.


146. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситалари ва бошқа электр тармоқларини биргаликда ўтказиш тўғрисидаги масала тегишли электр тармоқлари корхоналари билан келишилган ҳолда амалга оширилиши лозим.


147. Иншоотларга кириш жойларида электр тармоқ ва қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситалари симлари фақат горизонтал ҳолатда ва 1,5 м масофада ўрнатилади. Симларни устма-уст осиш ёки кесишиш тадбирини бажариш ман этилади.



IV. ҚЎРИҚЛАШ-ЁНҒИН СИГНАЛИЗАЦИЯСИ

ВОСИТАЛАРИНИ МОНТАЖ ҚИЛИШ, ТАЪМИРЛАШ

ВА УЛАРДАН ТЕХНИК ФОЙДАЛАНИШНИНГ

АСБОБ-УСКУНАЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН

ТАЛАБЛАР


1-§. Электр асбоблари ва кўчма электр чироқларига

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


148. Электр асбоблари ва кўчма электр ёриткичлардан фойдаланишда уларнинг кабель ва симлари осилган ҳолатда бўлиши керак. Иш пайтида бу кабель ва симларни таранг қилиш ёки эгиш ман этилади. Кабель ва симлар металл, иссиқ, хўл ва ёғлиқ сирт ва жисмларга тегиб турмаслиги керак.


149. Бирон-бир электр асбоби ёки кўчма электр ёриткич шикаст топса, дарҳол барча ишлар тўхтатилиши шарт.


150. Электр асбоби билан иш тўхтатилган ёки танаффус пайтида электр асбоби электр тармоғидан узиб қўйилиши керак.


151. Электр асбобларидан фойдаланувчи шахсларга қуйидагилар ман этилади:

унинг тасарруфидаги электр асбобларини бошқа шахсларга вақтинча бериш ҳамда уни очиш ва таъмирлашга уриниш;

электр асбоблари симларини ёки айланиб турган кесувчи асбобларни қўл билан ушлаш;

тираб қўйиладиган нарвонлардан фойдаланиш;

электр асбобларини электр тармоғига уланган ҳолатда назоратсиз қолдириш.


152. Электр асбоби ўз инвентарь рақамига эга бўлиб, қуруқ, иситиладиган хоналарда жавонларда сақланиши керак.


153. Электр асбоблари ва кўчма ёриткичлар билан иш бошлашдан олдин қуйидагиларни бажариш керак:

деталларнинг тўлиқлиги ва ишончли мустаҳкамланганлигини текшириш;

кабель ва унинг ҳимоя трубкаси ҳамда штепсель вилкасини ташқи кўрикдан ўтказиб, ишга яроқлилигини текшириш;

электр асбобларининг сопи, қопқоғи ва изоляция деталлар қобиғининг бутлигини текшириш;

ҳимоя ғилофларининг мавжудлиги ва уларнинг ишга яроқлилигини текшириш;

қайта улагичнинг аниқ ишлашини текшириш.


154. Нуқсонлар топилган асбоб-ускуналарни ишлатиш ман этилади.


155. Хавфли биноларда кучланиши 42 В бўлган кўчма электр чироқлардан фойдаланиш лозим. Ўта хавфли биноларда кучланиши 12 В бўлган кўчма электр чироқлар қўлланилади. 42 В кучланишли электр чироқлар манбаи сифатида пасайтирувчи трансформатор, генератор ва аккумулятор батареялари ишлатилади. Автотрансформаторларни қўллаш ман этилади.


156. 42 В кучланишли тармоқларнинг штепсель розеткалари 127 ва 220 В кучланишли штепсель розеткаларидан фарқ қилиши керак.


157. Қопламаларда қисқа туташув йўқлигини ва изоляция қаршилигини, ерга улаш қисмларида узилиш йўқлигини текшириш амаллари ойига 1 марта 500 В кучланишда синалиб, мегомметр ёрдамида изоляцияси ўлчаниб, махсус журналда қайд этилиши керак.


158. Ўрамлар изоляциясининг ва бошқа электр асбоблар электр занжирларининг металл қопламалари ва ташқи металл деталларига нисбатан қаршилиги 0,5 МОм дан кам бўлмаслиги керак.



2-§. Қўл асбобларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


159. Қўл асбобларининг ёғоч дасталарига яхши ишлов берилган ва мустаҳкам бўлиши керак.


160. Асбобнинг ишчи қисмида дарз кетган ёки синиқ жойлари бўлмаслиги керак.


161. Зарб билан ишлайдиган қўл асбоблари қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

ишчи қисмлари шикастланмаган бўлиши;

қўл ушлаб турадиган жойларда ўткир қирралар бўлмаслиги;

зарб берадиган қисми силлиқ, юмалоқ бўлиб, қирилган ёки бўлакланган бўлмаслиги;

болғача ва катта болғаларнинг дасталари металл поналардан иборат бўлиши;

асбоб дасталарининг узунлиги 15 см дан кам бўлмаслиги;

катта болғани дастага киритиш пастки қисмдан амалга оширилиши;

чилангар исканжалари ишлов берилаётган жисмни қаттиқ сиқиши.


162. Гайка калитларини гайка ўлчамларига қараб танлаш ва уларнинг сирти шикастланмаган бўлиши керак.


163. Гайка калитининг ўлчами гайка ўлчамига тўғри келмаганда уни ишлатиш ман этилади.


164. Металлни тарашлаш учун қўлланадиган асбоб билан ишлаётганда ҳимоя кўзойнаклари ва қўлқоплардан фойдаланиш керак.


165. Девор ва тўсиқларда махсус тирқишларни пармалаш амалларини бажаришда шу девор ва тўсиқ орқасидан ўтаётган одамлар огоҳлантирилиши керак.


166. Қўл асбоби шикастини топиш ва таъмирлашни ўтказиш мақсадида ойига бир марта кўрикдан ўтказилиши лозим.


167. Изоляцияланган дастали асбоблар кучланиши 1000 В гача бўлган электр қурилмаларида асосий ҳимоя воситалари сифатида ишлатилади.


168. Изоляция бутун дастани қоплаган бўлиб, унинг узунлиги 100 мм дан кам бўлмаслиги керак. Отвёртка (бурагич) стерженининг изоляцияси отвёртка тиғидан 10 мм масофа узоқликда бўлиши керак. Изоляцияловчи дасталардан бирортасида нуқсон бўлмаслиги керак.



V. ҚЎРИҚЛАШ-ЁНҒИН СИГНАЛИЗАЦИЯСИ

ВОСИТАЛАРИГА ТЕХНИК ХИЗМАТ КЎРСАТИШ

ВА УЛАРНИ ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИНИ БАЖАРИШДА

ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларига техник

хизмат кўрсатишда қўйиладиган хавфсизлик талаблари


169. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларига техник хизмат кўрсатиш ишларини ташкиллаштириш учун ходимлар сони масъул шахс томонидан белгиланади.


170. Бир ўзи хизмат кўрсатувчи ходимнинг электр хавфсизлиги бўйича малака гуруҳи III гуруҳдан паст бўлмаслиги керак.


171. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларига техник хизмат кўрсатувчи шахс айнан шу воситаларга бириктирилган ходим ёки махсус буйруқ билан тайинланган бошқа ходим бўлиши мумкин.


172. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларига бир ўзи хизмат кўрсатувчи ходим қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларини монтаж қилиш, таъмирлаш ва улардан техник фойдаланиш ишлари учун масъул шахс томонидан белгиланади ва ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.


173. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларини назорат қилиш ва бошқариш хонасидаги электр қурилмаларининг эшиклари доимо ёпиқ бўлиши керак.


174. Ҳар бир эшик қулфининг икки тўпламдан калити бўлиши ва улардан биттаси захирада бўлиши керак.


175. Калитлар қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларини назорат қилиш ва бошқарув навбатчисида сақланиши ва ҳар куни иш тугаши билан унга топширилиши зарур.


176. Тақсимлагич қурилмалар, шчитлар, шина симларини кўрикдан ўтказаётган пайтда ток ўтказгич қисмларни ушлаш, артиш, тозалаш, тузатиш, огоҳлантирувчи плакат ва тўсиқларни олиб қўйиш ман этилади.


177. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларига хизмат кўрсатувчи ходим ўчириб-ёқиш қурилмалари, пультларни кўрикдан ўтказиш мақсадида уларнинг эшикларини очиш ҳуқуқига эга.


178. Сақлагич (предохранител)ларни ўрнатиш ёки олиш учун электр қурилмаси тармоқдан узиб қўйилиши шарт.


179. Тармоқдан узиб қўйиш мумкин бўлмаган ҳолларда сақлагичларни кучланиш остида алмаштириш, фақат махсус қисқичли омбурлар, ҳимоя кўзойнаклари ва диэлектрик қўлқоплар ёрдамида рухсат этилади.


180. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларида кучланиши 1000 В гача бўлган ёпиқ турдаги сақлагичларни алмаштириш учун диэлектрик қўлқопларни ишлатиш лозим.


181. Иш якуни бўйича қуйидаги хавфсизлик талабларига амал қилиш лозим:

электр ва қўл асбобларини электр тармоғидан ўчириш;

иш жойини тозалаш ва тартибга келтириш;

қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларини иш ҳолатига келтириб, текшириб кўриш;

амалга оширилган тадбирлар натижаларини махсус журналда қайд этиб, ташкилот раҳбарига ахборот бериш.



2-§. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларини

таъмирлаш ишларини бажаришда қўйиладиган

хавфсизлик талаблари


182. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларини таъмирловчи уста-ходимларнинг иш столлари линолеум (пластик) ёки бошқа силлиқ сирт билан қопланган бўлиши керак. Бунда шиша ойналарни қўллаш ман этилади. Иш столи устида қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларининг бирор қисмларига шикаст етмаслиги учун резина тагчармли гиламчаларни қўллаш керак.


183. Иш столлари устида кучланишга улаб қўйилган улагичлар, клемма-қисқичлар ва бошқа электромонтаж қисмларини очиқ қолдириш ман этилади.


184. Устахонадаги ҳар бир иш жойида резина гиламчалар бўлиши керак.


185. Таъмирлаш жойлари ёритувчи чироқлар ва ҳаракатчан ношаффоф рефлекторларга эга бўлиши керак.


186. Металл қопламали ва ҳаракатчан кронштейнли чироқлар ерга уланган тузилмаларга яқин бўлса, улар ерга уланган ёки 42 В дан юқори бўлмаган кучланиш остида бўлишлари керак.


187. Таъмирланаётган жиҳозлар ва ўлчов-назорат қурилмаларининг металл қисмлари ерга уланган бўлиши керак.


188. Асбобларни тозалаш учун этил бензинини ишлатиш ман этилади.


189. Қурилманинг схема қисмларини пайвандлаш амалларини фақат ўчирилган қурилма устида бажариш мумкин.


190. Контактларни тозалаш, реле ўрнатиш ёки алмаштириш амаллари фақат кучланиш манбаи узилгандан кейин бажарилиши керак.


191. Электрон қурилмаларинининг таъмирлов ва йиғув амалларини бажараётганда уларнинг электролит конденсаторларига ортиқча кучланиш бериш ман этилади.


192. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларининг қисмларини, датчикларни, қабул-назорат ускунаси, улагичларни алмаштириш ёки таъмирлаш фақат кучланиш узиб қўйилганда бажарилади.


193. Видеокузатув қурилмаларида таъмирлов амалларини камида 2 киши бажариши керак, улардан бирининг электр хавфсизлиги бўйича малака гуруҳи III гуруҳдан паст бўлмаслиги керак.



VI. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


194. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларини монтаж қилиш, таъмирлаш ва улардан техник фойдаланиш ишларини бажаришда меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонун ҳужжатлари ҳамда мазкур Қоидаларга риоя қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.


195. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



VII. ЯКУНИЙ ҚОИДА


196. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси, "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси ва "Ўзстандарт" агентлиги билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 12-13-сон, 129-модда.