ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муҳофазаси / Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари /

Музейлар, театрлар ва концерт заллари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 15.03.2012 й. 2339-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 14.02.2012 й. 7-Б-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2012 йил 15 мартда 2339-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2012 йил 14 февралдаги

7-Б-сон буйруғига

ИЛОВА



Музейлар, театрлар ва концерт заллари ходимлари

учун меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сон "Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами, 2000 й., 7-сон, 39-модда) ҳамда 2010 йил 20 июлдаги 153-сон "Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 28-29-сон, 234-модда) қарорларига мувофиқ музейлар, театрлар ва концерт заллари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар музейлар, театрлар ва концерт залларига (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) тааллуқлидир.


2. Мазкур Қоидалар ишлаб чиқариш биноларини ва иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда, технологик жараёнлар ҳамда ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш ва ишлаб чиқариш бўйича хавфсизликка оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан, жамоатчилик назорати эса меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



II БОБ. ХАВФСИЗЛИККА ҚЎЙИЛАДИГАН

УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


5. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


6. Ташкилотларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилади (тасдиқланади) ва юритилади:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш чора-тадбирлари бўйича бўлимни ўз ичига олган жамоавий шартнома;

тасдиқланган меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ходимлар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маъмурий-жамоатчилик назоратини юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ходимларга ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари.


7. Ўзбекистон Республикаси "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) 14-моддасига мувофиқ ходимлар сони 50 нафар ва ундан ошадиган ташкилотларда махсус тайёргарликка эга шахслар орасидан меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади), 50 ва ундан ортиқ транспорт воситаларига эга бўлган ташкилотларда эса бундан ташқари йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади). Ходимлар сони ва транспорт воситалари миқдори камроқ ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини бажариш раҳбарлардан бирининг зиммасига юклатилади.


8. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбарига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.


9. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятларига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб қилиниши мумкин эмас.


10. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами, 1997 й., 6-сон, 21-модда) билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларни ўқитиш, уларнинг билимларини синовдан

ўтказиш ва уларга йўл-йўриқ беришни ташкил этиш


11. Ташкилот ходимлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, уларнинг билимларини синовдан ўтказилиши ва уларга йўл-йўриқ берилиши керак.


12. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


13. Ишларни технологик регламент бўйича хавфсиз юритиш йўриқномалари Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 1-сон) мувофиқ ишлаб чиқилади ҳамда ташкилот ходимларини ва иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари


14. Ташкилотлар ГОСТ 17.2.3.02-78 бўйича хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлиши лозим.


15. Иш жойларидаги ишлаб чиқариш муҳити ҳамда меҳнат жараёнининг хавфли ва зарарли омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчови натижалари, шунингдек меҳнатнинг оғир шароитлари аттестация қилиш орқали белгиланиши лозим.


16. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгаришларида ёки янги ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарини жорий қилишда хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари тўғрисидаги маълумотларга тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



4-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати


17. Ташкилот ўта хавфли шароитда бажариладиган ишлар рўйхатига эга бўлиши лозим. Рўйхатга хавфли моддалар билан бажариладиган ишлар, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишлар, буғ ва сув иситиш қозонлари, юк кўтариш механизмлари, босим остида ишлайдиган сиғимлар, электр асбоб-ускуналарига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлар ва амалдаги тармоқ рўйхатларига мувофиқ бошқа ишлар киритилиши шарт.


18. Барча ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқ олиши ва ишларни бажариш усулларини ўзлаштириб олиши шарт.


19. Ўта хавфли ишларни бажариш, фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган наряд-рухсатномага мувофиқ амалга оширилиши лозим.


20. Ташкилот раҳбарияти ўта хавфли ишларни белгиланган талабларга мувофиқ режалаштиришга, ташкиллаштиришга ва хавфсиз бажаришга тўла жавобгардир.



5-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш


21. Ходимларни хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларидан ҳимоя қилиш жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланиш орқали таъминланиши лозим.


22. Жамоавий ҳимоя қилиш воситаларига қуйидагилар киради:

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ҳаво муҳитини меъёрлаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқиндан, тебранишдан, электр ва статик токлар уришидан ҳамда ускуналар юзасини юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


23. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари бўлган хонадаги барча ходимларга таъсир қилганда қўлланиши шарт ва ташкилотни қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши лозим.


24. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларини рухсат этилган миқдоргача камайтириш имконини бермаган ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситалари қўлланилиши лозим. Бундай ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситаларисиз ходимларнинг ишга жалб қилиниши тақиқланади.


25. Якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларни қўллаши, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддати тўғрисида маълумотларга эга бўлиши лозим.


26. Ташкилотларда қуйидагилар таъминланиши шарт:

якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатураси;

ҳимоя воситаларини қўллаш ва тўғри фойдаланиш устидан доимий назорат амалга оширилиши;

ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлиги текширилиши;

якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан хавфли ва заҳарли моддалар муҳитида фойдаланилганда уларнинг дегазация ва дезинфекция қилиниши (бир марта қўлланиладиган ҳимоя воситалари бундан мустасно).


27. Турли агрессив моддалар билан ишлаётганда тери касалликларини олдини олиш учун профилактик паста ва мазлардан фойдаланиш лозим.


28. Ходимлар қонун ҳужжатларига мувофиқ махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибдаги ҳимояланиш воситалари билан бепул таъминланиши лозим.



6-§. Касбий танлов


29. Ташкилотларда танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


30. Ходимлар ва раҳбар ходимлар тегишли маълумотга ҳамда иш тажрибасига эга бўлиши керак.


31. Босим остида ишловчи асбоб-ускуналар ва хавфи юқори бўлган ишларда хизмат кўрсатувчи ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтган ва тегишли гувоҳномага эга бўлиши шарт.


32. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 июлдаги 290-сон қарори билан тасдиқланган Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланилиши тақиқланган оғир ишларнинг ҳамда зарарли ёки хавфли меҳнат шароитларидаги ишларнинг рўйхатига мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар оғир ишларга ҳамда зарарли ва хавфли меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


7-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш


34. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш "Ходимларни ишга киришдан олдин дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруқ (рўйхат рақами 937, 2000 йил 23 июнь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 12-сон) асосида амалга оширилиши лозим.


35. Ташкилот раҳбарияти касаба уюшмаси қўмитаси ва соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаши лозим.


36. Тиббий кўриклар ташкилотнинг тиббий муассасаларида, улар мавжуд бўлмаган ҳолларда даволаш-профилактика муассасаларида ўтказилиши лозим.


37. Ходим тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки тиббий кўрик натижаларига кўра берилган тавсияларни бажармаган тақдирда ушбу ходим ишга қўйилиши мумкин эмас.


38. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра тавсиялар бажарилиши учун жавобгарлик ташкилот раҳбарияти зиммасига юкланади.


39. Ходимларни соғлиғи туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.



8-§. Санитария ва гигиенага қўйиладиган талаблар


40. Ташкилот хоналари иш ҳудудидаги ҳарорат, нисбий намлик, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар ГОСТ 12.1.005-88 "Иш ҳудудининг ҳавоси, Умумий санитария-гигиеник талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


41. Ташкилотнинг ишлаб чиқариш хоналари қуйидаги санитария қоидаларига мувофиқ сақланиши лозим:

хоналарда рухсат этилган ҳарорат, нисбий намлик ва ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги, иш жойларидаги ортиқча иссиқлик, бажарилаётган ишнинг оғирлик даражасига кўра тоифаси, йил мавсуми ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши;

ишлаб чиқариш, санитария-маиший хоналарнинг, хом ашё ва тайёр маҳсулотни сақлаш хоналарининг ёруғлиги ҚМҚ 3.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёруғлик. Лойиҳалаштириш меъёрлари"га мувофиқ бўлиши ҳамда меҳнат шароитларини яратиш учун етарли ёруғлик кучини таъминлаш;

хоналарда ёритиш асбоблари чанг тўпланишига имконият бермайдиган конструкцияга эга бўлиши, шунингдек синган тақдирда унинг парчалари сочилиб кетмаслиги учун ёпиқ бўлиши.


42. Ташкилот ходимлари барча устки кийим, пойабзал, бош кийим ва шахсий нарсаларни гардеробда (кийим алмаштирадиган махсус хона) қолдириши, иш жараёни бошланишидан олдин ва тугаганидан кейин қўлларини ювиши, тоза санитар кийимини кийиши ва кийимни ифлослангунга қадар алмаштириши ҳамда иш жойларида овқат истеъмол қилмасликлари лозим.



9-§. Ташкилот майдонларига бўлган хавфсизлик талаблари


43. Ташкилот майдонлари ва биноларининг жойлашуви ҚМҚ II 89-80 "Саноат ташкилотларининг бош плани" талабларига мос бўлиши керак.


44. Ташкилотда транспорт воситаларини ва пиёдаларни ташкилот ҳудудида ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши керак.


45. Транспорт воситалари ва ташкилот ҳудудида пиёдаларнинг ҳаракати чизмаси ташкилотга кириш ва чиқиш ҳамда иш участкаларининг кўринарли жойларига осиб қўйилиши керак.


46. Ташкилот майдонлари кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоқлари билан таъминланган бўлиши лозим.


47. Ташкилот майдонидаги ўтиш жойлари мустаҳкам ёпқичлар, сувлар оқиб кетадиган иншоотлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


48. Йилнинг ёз вақтида йўлаклар ва ўтиш жойларига сув сепилган, қишда қордан тозаланиб, қум сепилган бўлиши лозим.


49. Йўловчилар учун йўлак ва ташкилотга кириш жойи текис, кенглиги камида 1,5 м ён томонларида деворча ва тўсиқлар бўлиши лозим.


50. Биноларнинг томларини қишки мавсумда қордан, карнизларни қотган музлардан тозалаб туриш зарур.


51. Ташкилот ҳудудида ҳар куни тозалаб ва дезинфекция қилиб туриладиган ахлат ташланадиган идишлар бўлиши шарт.


52. Ҳовлидаги ҳожатхоналарни озода сақлаш, мунтазам дезинфекция қилиш, сутканинг қоронғи пайтида эса ёритилиши керак.



10-§. Бино ва иншоотларга бўлган хавфсизлик талаблари


53. Бинолар ва иншоотлар ҚМҚ 2.09.02-85 "Ишлаб чиқариш бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


54. Ёрдамчи бинолар ва хоналар ҚМҚ 2.09.04-98 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


55. Хоналарнинг (ҳарорати, нисбий намлиги, ҳавони ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар) микроиқлими ГОСТ 12.1.005-88 талабига жавоб бериши керак.


56. Нам хоналарда ҳамда иссиқ ўтказувчи полларда (бетонли, ғиштли, плитали ва бошқалар) мунтазам ишлашга мўлжалланган иш жойларда ёғоч тўшамалар ва панжаралар ётқизилган бўлиши керак.


57. Пол тўшамалари зарарли моддалар, ишлаб чиқаришдаги кирлар ва чанглардан енгил тозаланган бўлиши керак.


58. Бинога транспорт воситаларининг кириш жойлари дарвозалар ва сигнал асбоб-ускуналари билан таъминланган бўлиши лозим.


59. Дарвоза тавақалари ёпиқ ва очиқ ҳолатида махсус мосламалар мустаҳкам ўрнатилган бўлиши керак.


60. Транспорт воситаларининг бинога кириши учун дарвоза эни фойдаланилаётган транспорт воситалари эни миқдоридан ошиқ бўлиши керак.


61. Дарвозаларнинг баландлиги транспорт воситасининг баландлигидан камида 0,2 м дан ошиқ бўлиши керак.


62. Ташкилотларда бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш ҳолатини мунтазам кузатиш ташкил этилган бўлиши керак.



11-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


63. Шамоллатиш ва иситиш ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


64. Оқимли шамоллатишларни ташқи ҳаво тизимидан олиш ердан камида 2 м баландликда бажарилиши лозим.


65. Ўтиш жойларида жойлашган иситиш жиҳозлари рухсат этилган ўтиш йўлакларининг энини камайтирмаслиги лозим.


66. Иш жойларида ҳаво ҳарорати енгил жисмоний ишда 21° С, ўртача оғир ишда 17° С ва оғир ишда 16° С дан паст бўлмаслиги керак.


67. Ходимларининг исиниши учун хоналарда ҳарорат 22° С дан кам бўлмаслиги керак.


68. Исиниш хоналаригача бўлган масофа биноларда жойлашган иш жойларидан 75 м дан, бино ташқарисидаги иш жойларидан эса 150 м дан кўп бўлмаслиги лозим.



12-§. Сув таъминоти ва канализация тизимига

қўйиладиган талаблар


69. Сув билан таъминлаш ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларни ички сув қувури ва канализацияси" талабига мос келиши керак.


70. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар бўлиши керак. Сув қувурлари йўқ бўлганда бакларда қайнатилган сув бўлиши лозим.


71. Ичимлик сувининг ҳарорати 8° С дан 20° С гача бўлиши керак.


72. Ташкилот ҳудудидаги ҳожатхоналар иссиқ сув ва канализация тизимига уланган бўлиши лозим.


73. Ташкилотда канализация тизими йўқ бўлганда давлат санитария назорати органлари билан келишилган ҳолда ташкилотда ер қатламини ифлослантирмаган ҳолда душхоналардан ва юз-қўл ювгичлардан сув оқмайдиган қурилмали ахлат ўраларини мавжуд бўлишига рухсат этилади.



13-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


74. Ишлаб чиқариш хоналарини табиий ва сунъий ёритиш ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабига мос бўлиши лозим. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши керак.


75. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши керак. Ёруғлик тушувчи ойналарни йилида камида икки маротаба тозалаш лозим.


76. Ёруғлик тушадиган дераза ва эшикларни турли предметлар (асбоб-ускуна ва бошқалар) билан тўсиб қўйишга рухсат этилмайди.


77. Сунъий ёритиш умумий ва бирлашган (умумий маҳаллий билан биргаликда) тизим орқали амалга оширилади. Биргина маҳаллий ёритишни қўллаш тақиқланади.


78. Участка ва хоналарда портлаш бўйича хавфли газ ва чанглар концентрацияси йиғилиб қолиши эҳтимоли бўлса, электр ёритиш тизими портлашдан алоҳида бажарилиши керак.


79. Хавфлилик даражаси юқори бўлган хоналарда кучланиши 36 В дан юқори бўлмаган кўчма электр ёритқичлар ишлатилиши керак. Ускуналар ва иншоотлар (бункерлар, қудуқлар, буғлантириш камералари, туннеллар ва бошқалар)ни ички сиртини ёритиш учун кўчма электр ёритқичларнинг кучланиши 12 В дан ошмаслиги керак.


80. Кўчириб юрилувчи ёритқичлар шишали ҳимоя қопқоқлари ва металл тўр билан жиҳозланган бўлиши лозим. Ушбу ва бошқа кўчириб юрилувчи аппаратлар учун мис толали эгилувчан кабел ва электр ўтказгичлар қўлланиши лозим.


81. Эвакуация йўлаклари ва зинапояларда авария ёритқичлари бўлиши лозим.


82. Авария бошқа ёритқичлардан тури, ўлчамлари ва махсус туширилган белгилари билан ажралиб туриши ва вақти-вақти билан чангдан тозаланиб турилиши лозим.


83. Авария ёритиш тармоқларига электр энергия истеъмолчиларнинг уланиши тақиқланади. Авария ёритқичларини созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши лозим.



14-§. Маиший иморатларга қўйиладиган талаблар


84. Ташкилот маиший хоналар, овқатланиш хоналари, тиббий пунктлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


85. Кийим алмаштириш хоналари, душхоналарнинг ўлчамлари, душ сеткалари, оёқ ванналари, бет-қўл ювгичлари, истеъмол сув таъминоти қурилмалари, ҳожатхоналар ва шу каби қурилмаларнинг сони, сменадаги энг кўп ходимлар сони ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши лозим.


86. Душхоналар ва ҳожатхоналардаги тарновлар, каналлар, траплар, писсуарлар ва унитазлар мунтазам равишда тозаланиши, ювилиши ва дезинфекция қилиниши лозим.



15-§. Атроф табиий муҳитни муҳофаза

қилишга бўлган талаблар


87. Ташкилот атроф муҳитнинг (ҳаво, тупроқ, сув ҳавзалари) ифлосланишига ва зарарли омилларнинг тегишли нормалардан ортиқ даражада тарқалишига олиб келмаслиги лозим.


88. Ташкилотларда ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда атроф муҳитни чиқиндилар (оқова сувлар, шамоллатиш тизими чиқиндилари ва бошқалар) билан ифлосланиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


89. Ташкилотларда чиқиндиларини йиғиш учун атрофи ўралган махсус жой ажратилиши ва контейнерлар билан таъминланиши, контейнерлар чиқиндилардан бўшатилгандан сўнг хлорли оҳак эритмаси билан дезинфекция қилиниши ва ювилиши керак.



16-§. Меҳнат ва дам олишга қўйиладиган талаблар


90. Ходимларнинг иш вақти, шу жумладан қисқартирилган иш вақти, дам олиш ва танаффуслар вақти ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.



III БОБ. ТАШКИЛОТЛАРДА ФАОЛИЯТ ОЛИБ

БОРИШ ЖАРАЁНЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН

ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Умумий талаблар


91. Ташкилотлар залларидаги осма қандил ва ечилувчи софитлар контюрлар билан мувозанатга келтирилган бўлиши керак. Кўтариш ёки туширишга хизмат қилувчи канатлардан ташқари ечилувчи софитлар бинонинг мустаҳкам қисмлари (ферма, тўсин ва бошқалар)га ёрдамчи канат, занжир ва металли стерженлар билан маҳкамлаб қўйилиши лозим.


92. Ечилувчи софитлар (прожектор лампалар) канатлардан ташқари камида икки жойдан маҳкамлаб қўйилиши керак.


93. Заллар ҳар куни, кунига икки ва ундан ортиқ спектакл қўйилганда эса ҳар бир спектаклдан сўнг ювиб турилиши керак. Юмшоқ мебеллар ва йўлакча тўшамалари ҳамда тўсиқларнинг юмшоқ қопламалари икки ҳафтада камида бир марта чангдан тозаланади.


94. Театрлар ва концерт залларининг оркестр ижро этиш жойларида камида икки томондан чиқиш жойи бўлиши керак.



2-§. Ёнғин ва портлашга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


95. Ташкилотда ёнғин ва портлаш хавфсизлиги, уларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва олиб боришда ГОСТ 12.1.004-91 "Ёнғин хавфсизлиги. Умумий талаблари" ва ГОСТ 12.1.010-90 "Портлаш хавфи. Умумий талаблари"га ва ушбу Қоидаларга мувофиқ таъминланиши лозим.


96. Ташкилотда синалмаган ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд ҳамда токсик хусусиятларга эга бўлган моддалар ва материалларни қўллаш тақиқланади.


97. Бинолар ва хоналарнинг портлаш жиҳатдан хавфлилик тоифалари лойиҳа ташкилоти томонидан ТЛТМ 24-86 "Технологик лойиҳалаштириш тармоқ меъёрлари" га мувофиқ ҳар ҳолат учун алоҳида аниқланиши лозим.


98. Ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда ёнғинлар, портлашлар, авариялар, заҳарланишлар содир бўлиши ҳамда атроф муҳит унинг чиқиндилари (оқова сувлари, шамоллатиш чиқиндилари ва бошқалар) билан ифлосланиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


99. Бинолар ва хоналар дастлабки ёнғинни ўчириш воситалари билан таъминланган бўлиши шарт.


100. Шамоллатиш тизими ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан бирлаштирилган бўлиши керак.


101. Бино ва ёнғин сув манбаи йўлаклари ҳамда ёнғин воситалари ва асбоб-ускуналарига борадиган йўлаклар доимо бўш бўлиши керак.


102. Портлашни олдини олиш учун машина ва агрегатларининг ишқаланувчи қисмларини қизиб кетишига йўл қўймаслик лозим.


103. Аралашганда портловчи модда ҳосил қилиши лозим бўлган газларни умумий коллекторга чиқариш тақиқланади.


104. Бинолар ва хоналар учун ҳудудий ёнғин хавфсизлиги хизмати билан келишилган ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқнома ишлаб чиқилиши ва кўринадиган жойга осиб қўйилиши лозим.


105. Ходимлар билан ёнғин хавфсизлиги бўйича машғулотлар ўтказилиши ва ёнғиннинг олдини олиш бўйича йўл-йўриқлар берилиши керак.



3-§. Ташкилотларда электр қурилмаларига

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


106. Ташкилотда электр қурилмаларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 27-сон, 317-модда) ҳамда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2006 йил 20 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 33-сон, 379-модда) ва мазкур Қоидаларга риоя қилиниши керак.


107. Электр ток ўтказувчи қисмлар, тақсимловчи қурилмалар, аппаратлар ва ўлчаш асбоблари, шунингдек турли сақловчи қурилмалар, рубильниклар ва бошқа ишга туширувчи аппаратлар ва мосламалар фақат ёнмайдиган асосларда монтаж қилиниши лозим.


108. Юқори намлик ва иссиқлик ажралиб чиқувчи хоналарда электр ёритқичлар намликдан, электр двигателлари эса суюқлик сачрашидан ҳимояланган ёпиқ ҳолатда бўлиши шарт.


109. Тақсимловчи қурилмалар изоляциясининг қаршилиги ва чидамлилиги текширилиб турилиши лозим.


110. Ишлаб чиқариш бинолари ва маиший хоналарида қўлланувчи люминесцент ёритқичлар ёпиқ ҳолатда, намлик ва чанг ўтказмайдиган махсус мосламаларда ўрнатилиши лозим.


111. Кабеллар ва электр ўтказгичларнинг изоляцияси, ташқи бирикмалар, ҳимояловчи ерга улагичлар, электр двигателларнинг ишлаш режими ташкилотнинг муҳандис-электриклари томонидан мунтазам кўрикдан ўтказилиши ва асбоблар ўлчаш орқали текширилиб турилиши лозим.


112. Электр аппаратлари ва агрегатларининг нолга улаш ҳамда ерга улаш симларининг бутунлиги ташкилот бош муҳандис-энергетиги бошчилигидаги комиссия томонидан камида 6 ойда бир марта текширилиши лозим. Текшириш натижалари далолатнома билан расмийлаштирилади.


113. Кам қувватли электр лампалари ва асбобларини каттароқ қувватлиларига алмаштириш тармоқ учун йўл қўйилувчи юкланишни ҳисобга олган ҳолда электр хўжалиги учун жавобгар шахснинг рухсати билан амалга оширилиши лозим.


114. Битта электр штепселига бир нечта мосламаларни улаш тақиқланади.


115. Чангларнинг статик электр разрядларидан алангаланиб кетмаслиги учун машиналарнинг ғилофлари, унинг асосий валлари ва ҳаво қувурлари ерга уланган бўлиши керак. Ҳаво қувурларининг материалдан тайёрланган фильтрлари майда катакли металл тўрлар билан ўралган ва тўр ер билан уланган бўлиши шарт.


116. Ташкилотнинг барча турдаги бино ва иншоотлари яшин қайтаргичлар билан ҳимояланган бўлиши керак. Яшин қайтаргичлар ҳар йили баҳорда текширилиб турилиши ва аниқланган носозликлар бартараф этилиши керак. Бундан ташқари, ҳар доим момақалдироқдан сўнг яшин қайтаргичларнинг элементлари текшириб турилади.



4-§. Театр ва концерт залларида машғулотлар

ўтказиш хоналарига бўлган хавфсизлик талаблари


117. Машғулот залининг поли тахтали ёки паркетдан, текис, бўртиб чиқиш ва тирқишсиз ҳамда иситилган бўлиши керак.


118. Машғулот зали деразаларига шамоллатиб туриш мақсадида фрамугалар ўрнатилиши шарт.


119. Машғулот заллари иссиқ ўтиш йўлак (каридор)лари орқали душ ва ҳожатхоналар билан боғланиши керак.


120. Машғулот заллари қошида бир вақтнинг ўзида энг кўп машқ олиб борувчилар сонига тенг равишда алоҳида шкафчаларга эга гардероб хоналари ташкил қилиниши керак.


121. Машғулот заллари ҳар бир машғулотдан сўнг тозаланиши лозим.



5-§. Театр ва концерт залларидаги саҳнага

бўлган хавфсизлик талаблари


122. Саҳна поли сифатли тахта материалидан тайёрланиши керак.


123. Саҳнадан фойдаланиш жараёнида ечилувчи конструкцияларнинг қисмлари ҳамда тўшама элементлари тўлиқ бўлиши лозим.


124. Саҳнада чиқишлар бошланишидан олдин пол қуруқ бўлишига мўлжалланиб, нам латта билан артиб чиқилиши керак.


125. Саҳнада рақс ижро этилишидан аввал саҳна полига майдаланган канифоль (сирпанишдан сақловчи модда) кукуни сепиб чиқилиши ёки ўйинчилар саҳнага чиқишидан олдин оёқ кийимларига майдаланган канифоль кукунини суркаб чиқишлари лозим.


126. Декорацияларни сақлаш учун саҳнада аниқ белгилар билан кўрсатиб қўйилган махсус жой ажратилиши керак.


127. Барча осма декарацияларни штанкетларга олдиндан, спектаклга тайёргарлик кўриш вақтида осиб қўйилиши керак.


128. Саҳнани ўраб турувчи конструкциялар (эшик, люк, дераза ва бошқалар) саҳнага совуқ ҳаво кириб келишига йўл қўймайдиган маҳкам ёпилувчи қурилмалар (жиҳозлар) билан таъминланиши лозим.


129. Юмшоқ ва катта ҳажмли декорацияларни бўяш чангни камроқ чиқаришни таъминловчи усуллар билан амалга оширилиши лозим.


130. Декорацияларни бўяш учун заҳарли аралашмалар (масалан қўрғошин кукуни)га эга бўёқлардан фойдаланиш ман этилади.


131. Юмшоқ декорациялар бир ойда камида бир марта тозалаб турилиши керак.


132. Саҳнани (трюм, планшет, ишчи галериялар), софит ва штанкетларни ҳамда бошқа қурилмаларни умумий тозалаш ишлари ойда камида икки маротаба амалга оширилиши керак. Саҳна поли зарурат туғилганда, бироқ камида бир кунда икки маротаба (дам олиш кунларидан ташқари) тозаланиши лозим.



6-§. Саҳнадаги ҳаракатланувчи (айланмали)

майдончаларга бўлган хавфсизлик талаблари


133. Ҳаракатланувчи (айланмали) майдончалар камида 250 кг/м2 оғирлик кўтаришга мўлжалланади.


134. Ёнма-ён бўлган ҳаракатланувчи (айланмали) майдончалар орасидаги масофа (тирқиш) 5 мм дан катта бўлмаслиги керак.


135. Ҳар бир ҳаракатланувчи (айланмали) майдончалар ечилувчи конструкцияга маҳкам ўрнатилиши керак.


136. Ҳаракатланувчи (айланмали) майдончаларда қисмлар жойини алмаштириш, арқон (сим)лар узунлигини белгиланганидан ўзгартириш ҳамда маҳкамланиши (материал, канат, мослама, асбоб-ускуна ва бошқалар билан) тақиқланади.


137. Ҳаракатланувчи (айланмали) майдончалар ва улардаги асбоб-ускуналар ҳолатини назорат қилувчи масъул ходим бўлиши лозим.



7-§. Театр ва концерт залларида акустика ҳамда ёритиш

ложаларига бўлган хавфсизлик талаблари


138. Театр ва концерт залларида акустикалар ўрнатилган бўлиши лозим.


139. Акустик қопламалар билан жиҳозлашда ёнмайдиган ёки қийин ёнувчи, овоз ютувчи материал ва қурилмалардан фойдаланиш керак.


140. Акустик қопламалар маҳкамланадиган каркаслар ёнмайдиган материаллардан ишланган бўлиши шарт.


141. Ёритиш ускуналари ўрнатилган ложалар 0,8 м дан кам бўлмаган тўсиққа эга бўлиши керак.


142. Ложаларда ёритиш ускуналарини ўрнатиш ва осиш учун ускунанинг тўсиқ маҳкамлигини таъминловчи мустаҳкам устунлар, кронштейн ва бошқа мосламалар ўрнатилиши керак.


143. Ёритиш ускунасини ўрнатишга хизмат қилувчи штатив (тренос)лар ложанинг полига маҳкамланади.


144. Ёритиш ускунасининг жойлашуви иш жараёнида (бурилиш, ёритиш филтрларини алмаштириш ва бошқалар) ҳар бир ускунага хизмат кўрсатиш имконини бериши керак.


145. Ёритиш ложалари 25° С дан юқори бўлмаган ҳаво ҳароратини сақлаб турувчи шамоллатиш тизимига уланиши лозим.


146. Ёритиш ложаларининг тез ёнувчи қопламалар билан ўралиши ман этилади.


147. Ёритиш ложаларида бегоналарнинг бўлиши тақиқланади.


148. Ёритиш ложаларида навбатчи диэлектрик ва иссиқликдан сақловчи материалдан тикилган комбинацияланган қўлқоплар бўлиши керак.


149. Ёритиш ложалари бир кунда камида бир маротаба тозаланиб турилиши лозим.



8-§. Музей кўргазма залларига қўйиладиган

хавфсизлик талаблари


150. Музей кўргазма залларини жиҳозлаш ва улардан фойдаланиш тартиби залларнинг лойиҳаланиши ва қурилиши талабларига мос бўлиши лозим.


151. Музей кўргазма залларининг деворлари ёрқин рангларда бўялган бўлиши лозим.


152. Кўргазма залларида кўргазма учун ўрнатилган барча декоратив буюмлар ҳамда экспонатлар ишончли илгакларда яхши маҳкамланган бўлиши лозим.


153. Экспонатларни 2 м гача бўлган баландликка илиш олдиндан тайёрлаб қўйилган илгакларга махсус тиргакли нарвонларда камида икки киши томонидан амалга оширилиши керак.


154. Музей кўргазма заллари бир кунда камида бир маротаба тозаланиб турилиши лозим.



9-§. Музей экспонатларига ишлов беришда хавфсизлик талаблари


155. Хоналар сунъий шамоллатиш тизимига уланган бўлишидан қатъи назар, табиий шамоллатиш шароити (очиладиган деразалар, туйнуклари)га эга бўлиши лозим.


156. Токсик моддалар билан ишлашда шамоллатиш тизими ва респираторлардан фойдаланиш лозим.


157. Чангланувчи воситаларни ишлатиш (гипс, бронза, алюминий, бўёқлар ва бошқалар), шунингдек уларнинг устки қисмларини силлиқлаш ҳимоя кўзойнаклари ва респираторлар ёрдамида амалга оширилиши лозим.


158. Кимёвий моддаларни ҳидлаш ёки қўлга суртиб кўриш орқали билиш тақиқланади.


159. Хлорофос ёки бошқа заҳарли моддаларни ишлатишда махсус кийимлар (халат, ҳимоя кўзойнаги, резина қўлқоплар, респиратор)дан фойдаланиш лозим.


160. Хлорофос қоришмаси терига тегиб кетса, унинг қуришини кутмасдан дарҳол сув билан ювиб ташлаш лозим.


161. Хлорофос ва бошқа заҳарли моддалар билан ишлаб бўлгандан сўнг идиш ва анжомлар совунлаб ювилиши ва алоҳида хонада, қулфланадиган шкафда сақланиши лозим.



10-§. Декоратив безатишга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


162. Саҳнани безатишда юк кўтарувчи асбоб-ускуналарнинг конструкциялари техник шартлар талабларига мувофиқ сифатли тайёрланиши керак.


163. Саҳнада барча юк кўтарувчи ускуналардан саҳнанинг оғирлик юкини кўтариш имкониятидан (одам, ускунанинг ўз оғирлиги ва бошқалар) келиб чиқиб фойдаланилиши лозим.


164. Декорация қисмларини ясаш учун мўлжалланган ёғочлар ҳар томондан рандаланган бўлиши керак.


165. Декорациялар учун мўлжалланган қисмлар конструкцияси уланма тугунларнинг чидамлилиги ҳамда мустаҳкамлигини таъминлаши керак.


166. Декорациялар баландлиги 1,5 м ва ундан юқори бўлса, уларнинг қуйи қисмидан 0,7-0,8 м оралиқда дастак (декорацияларни кўтариш учун мўлжалланган кўндаланг брусок) ўрнатилади.


167. Декарацияни ташкил этувчи қисмлар бир-бири билан металлдан ишланган маҳкамловчи қисмлар ёрдамида уланиши лозим.


168. Декорациялар ясашда ёғочларни бириктириш учун фойдаланиладиган металл қисмлар сифатли (ёриқ, чанг ва бошқа нуқсонларсиз) бўлиши ҳамда ёғочга мустаҳкам маҳкамланиши керак. Ёғоч сиртидан бўртиб чиқувчи металл қисмлар силлиқ (ўткир бурчак, ғадир-будурларсиз ва бошқалар) бўлиши керак.


169. Декорациялар алоҳида қисмларининг оғирлиги 80 кг дан ошмаслиги керак.


170. Ўтиш кўприкча (пандус)ларни бир-бири устига қиялатиб ўрнатиш ман этилади.


171. Бошқа безак қисмлари декорацияга маҳкам қўзғалмайдиган қилиб ўрнатилади.


172. Декоратив безатиш буюмлари омборхонада ёхуд саҳнадаги махсус ажратилган жойда сақланиши керак. Уларни саҳнанинг бошқа қисмларида сақлаш ман этилади.


173. Саҳнадаги безатиш буюмларини тиклаб қўйиш учун ажратилган майдонлар саҳна полига аниқ чизиқлар билан белгилаб қўйилиши керак.


174. Юмшоқ декорацияларни сақлаш учун мўлжалланган хонага эга бўлиши керак.


175. Декорация, мебель, ясама жиҳозлар ва бошқаларни кўтариш ва тушириш ишлари осма декорациялар билан амалга оширилувчи худди шундай ишларга қўйиладиган талабларга жавоб бериши керак.


176. Декорацияларни хоналардан чиқариш ва йиғиштириш жараёнида люкниниг очиқ жойи тўсиқ билан ўралиши лозим.


177. Омборхона ва саҳна эшикларининг эни 1,5 м дан ва баландлиги 2,5 м дан паст бўлмаслиги лозим.


178. Декорациялар сақланадиган хоналар иситилмаса, ушбу омборхоналардан саҳнага олиб борувчи йўлакларга саҳнани елвизаклардан сақловчи ускуналар ўрнатилади.


179. Декорациялар сақланадиган омборхоналардаги иситиш ускуналари ташқи юзасидан 300 мм дан кам бўлмаган узоқликда мустаҳкам тўсиқлар билан таъминланади.


180. Омборхоналарнинг девор ва шифтларида декорация ҳамда осма буюмларни сақлашга мўлжалланган мосламалар бўлиши лозим.


181. Йиғилувчи безак буюмлари сақланиш жойидан саҳнага имкон қадар шифт бўйлаб кўчирилиши лозим.


182. Баланд безак буюмлар тушиб кетишини олди олинган ҳолда ўрнатилиши лозим.


183. Омборхоналарда пол сатҳидан баланд тўшамалар мавжуд бўлган тақдирда, улар қулай ва мустаҳкам нарвонларга эга бўлиши керак.


184. Йиғилган декорациялар орасидаги ўтиш йўллари 0,75 м дан қисқа бўлмаслиги керак. Йўлакларни тирбанд қилиш ман этилади.



IV БОБ. АСБОБ-УСКУНАЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН

ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Умумий талаблар


185. Асбоб-ускуналарни масъул ходим томонидан кўздан кечирганидан сўнг ишлатишга рухсат этилади.


186. Асбоб-ускуналарни ростлаш ва мойлаш ишлари асбоб-ускуна ишлашдан бутунлай тўхтаганидан сўнг амалга оширилиши лозим.


187. Ташкилотда қуйидагилар назорат қилиниши лозим:

ходимлар соз, ўткирланган ва ишлаб чиқаришнинг тегишли шароитларига мос асбоб-ускуналар билан таъминланиши;

асбоб-ускуналарнинг ўз мақсади бўйича ишлатилиши;

асбоб-ускуналарнинг тўғри сақланиши ва синчковлик билан кўрикдан ўтказилишини ҳамда носоз асбоб-ускуналардан фойдаланмаслик.


188. Асбоб-ускуналарни сақлаш учун ҳар бир ускуна ва дастгоҳ ёнида иш шароити бўйича зарур қути ёки шкафчалар бўлиши керак.


189. Асбоб-ускуналарни олиб юриш учун махсус ғилофлар, сумка ёки қутилардан фойдаланиш лозим.


190. Асбоб-ускунага ўрнатилган детални дастгоҳ ишлаб турган пайтда қўл билан ушлаш тақиқланади.


191. Асбоб-ускуналарнинг асосий қисмларини ишончли ушлаш ва қисиш, шунингдек кесувчи асбоб-ускунага материалларни тўғри узатиши ҳамда узатиш пайтида силжиб ва қийшайиб кетмаслигини таъминлаши керак.


192. Асбоб-ускуналарга деталларни ўрнатиш, қистириш ва ечиш қўлда бажариладиган мосламалар конструкцияси, кўрсатилган операцияларни бажариш учун тўла хавфсизликни, шунингдек қириндиларнинг эркин чиқиши ва асбоб-ускуналардан уни осон олиб ташланишини таъминлаши керак.


193. Ҳар бир асбоб-ускуна ёқиш ва ўчириш учун ишончли мосламаларга эга бўлиши, улар иш ўринларида қулай ва хавфсиз фойдаланишни таъминлаши ҳамда ўз-ўзидан уларнинг ишлаб кетмаслик эҳтимолининг олди олиниши лозим.


194. Асбоб-ускуналарни юргизиш мосламалари унинг тезкорлиги ва равонлигини таъминлаши керак.


195. Қайта ишланаётган детал ва асбоб-ускуналарни қотириш учун барча мосламаларнинг конструкциялари ишончли қотирилиши ва иш давомида ўз-ўзидан буралиб чиқиб кетмаслик эҳтимолининг олди олиниши керак.


196. Асбоб-ускуналар ишлаётган вақтда уни тозалаш, артиш, созлаш ёки гайкаларни тортиш, занжирларни кийдириш ва ифлос нарсаларни олиб ташлаш тақиқланади.


197. Асбоб-ускуналардаги қисқичларнинг ўқи орасидаги масофа ишлов берилаётган детал ўлчамига мувофиқ бўлиши ва қисқичларнинг детални ишончли қисиб туришини таъминлаши керак.


198. Асбоб-ускуналардан бошқа мақсадларда фойдаланиш тақиқланади.



2-§. Юк ортиш ва тушириш механизмлари ҳамда ёрдамчи

мосламаларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


199. Юк ортиш ва тушириш ишлари ва юкларни жойлаштириш Юк ортиш ва тушириш ишларидаги юкчилар учун ишларнинг хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1582, 2006 йил 13 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 24-сон, 221-модда) талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


200. Юк ортиш ва тушириш механизмларига ўрнатилувчи сим канатларини синов юки билан кўздан кечириш ва синовдан ўтказиш механизмни умумий текширувдан ўтказиш билан бир пайтда амалга оширилиши лозим.

Арқонлар (канат)лар мавсум бошланиши арафасида доимий равишда синовдан ўтказилиши ҳамда натижалар синалувчи канат қўлланилаётган мослама паспортига киритилиши керак.


201. Саҳнада юклар учун қўлланилувчи арқонлар (канат)лар 9 баробардан кам бўлмаган қувват захирасига эга бўлиши керак.


202. Арқон (канат)лар махсус ажратилган жойларда сақланади. Арқонлар (канат)лар яхшилаб қуритилиши ва айлана ҳолатда ўраб қўйилиши керак.


203. Фойдаланилувчи арқон (канат)лар ишлатилиш мақсадлари ва аниқ белгиларига эга бўлиши керак.

Саҳнада хомутлар билан сиқиш йўли орқали арқон (канат) сиртмоқ ҳосил қилиш ман этилади.


204. Юк ортиш ва туширишда уланган арқон (канат)лардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.


205. Арқон (канат)ларни кўтарилувчи юкка тугун боғлаш орқали бириктириш ман этилади.


206. Арқон (канат)лар блок оралаб ўтганда улар имкон қадар бир йўналишда букилиши керак.


207. Биттадан ортиқ тутиб турувчи арқон (канат)лар ёрдамида юк кўтарилганда оғирлик бир хилда тақсимланишга эришиш мақсадида арқон (канат)лар таранглиги мувозанатини мувофиқлаштириб туриш учун мослама (таранглаштирувчилар) ўрнатилиши керак.


208. Каноп ва пахтадан тайёрланган арқон (канат)лар ҳамда саҳнада учувчи арқонлардан юк ортиш мақсадида фойдаланиш ман этилади.


209. Хомут ва ҳалқалар юмшоқ темирдан (ғовак бўлиш, занг, ёриқ ва бошқа нуқсонларсиз) тайёрланади.


210. Хомутлар фақат ичкарига очилиши ҳамда уларнинг тасодифан очилиб кетишига йўл қўймайдиган қулфларга эга бўлиши керак.


211. Хомут ва ҳалқалар ўрнатишдан аввал икки ҳисса оғир юк кўтартирган ҳолда 15 дақиқадан кам бўлмаган вақт синовдан ўтказиш керак.


212. Ҳар бир хомут ёки ҳалқада йўл қўйилувчи оғирлик юкламаси белгиланувчи тамға босилади.


213. Ҳар бир иш жойидаги чиғирлар имкон қадар кўп юк оғирлигига мўлжалланиши, бунда барча чиғирлар (ҳам механик, ҳам қўл билан бошқариш учун мўлжалланган)да барча муҳим қисмлар металлдан қилинган бўлиши керак.


214. Чиғир станинаси асос (фундамент, консоллер, тўсиқ ва бошқалар)лари оғир юкни кўтариш ёки силжитишда чиғир жойидан қўзғалмайдиган қилиб маҳкамланиши керак.


215. Ҳаракатланувчи чиғир ноқулай иш шароитларида ҳам дош бера оладиган (ўрнатилган жойдан орқага итариш, кўтарилиш ёки тасодифан кўчишга) тарзда ўрнатилиши керак.


216. Барча чиғирларда ҳар иккала томонга ҳаракатланувчи ишончли юк кўтарувчи автоматик тормоз (реверсив)лар бўлиши керак. Қўшимча тормозлар ўрнатилган тақдирда улар асосийларидан мустақил равишда ишлашини таъминлаш лозим.


217. Узатма ушлагичлар қурилмаси юкни фақат ушлагични тескари томонига буриш орқали тушириши керак. Ушлагич ҳаракатланмаган шароитда юкни туширишга имкон берувчи дастакли чиғирлардан фойдаланиш ман этилади.


218. Қўл билан бошқарилувчи чиғирларнинг дастакли ҳаракатланувчи ўқи полдан 0,8 м дан 1 м гача баландликда ўрнатилиши лозим.


219. Чиғирнинг барча айланувчи қисмлари (валлар, тишли ғилдираклар, шпонанинг чизиб турувчи қисмлари ва бошқалар) хизмат кўрсатиш (мойлаш, таъмирлаш ва бошқалар)га халақит бермайдиган қилиб маҳкам ва қулай металл ҳимоя тўсиқлари билан ёпилиши лозим.


220. Тасма ва фрикцион узатгичларга эга электр чиғирлардан фойдаланиш ман этилади.


221. Барча чиғирлар қуйидаги тартибда мажбурий даврий кўрикдан ўтказиб турилиши лозим:

илк маротаба ишга туширилишдан олдин;

ҳар мавсум бошланишидан олдин;

бошқа жойга кўчирилганда.


222. Чиғирлар ўрнатилган жойларда сунъий ёритқичлар бўлиши керак.



V БОБ. ТАЪМИРЛАШ (ТУЗАТИШ) ИШЛАРИНИ

БАЖАРИШДА ҚЎЙИЛАДИГАН ХАВФСИЗЛИК

ТАЛАБЛАРИ


223. Ташкилот ҳудудида таъмирлаш ва монтаж ишларини бажариш вақтида таъмирлаш ишларининг раҳбари ташкилот раҳбари билан биргаликда ушбу ишларни хавфсиз бажарилишини, шунингдек ишлаш учун қолдирилган асбоб-ускуналар нормал ишлашини таъминловчи чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиши зарур.


224. Барча асбоб-ускуналарда тасдиқланган жадвал асосида белгиланган муддатларда режали таъмирлаш ишлари ўтказилади.


225. Асбоб-ускуна ва механизмларни таъмирлаш ҳамда созлаш ишлари махсус ўқитилган ва йўл-йўриқдан ўтган, тегишли малакага эга ва билимлари текширилган ходим томонидан амалга оширилиши керак.


226. Таъмирлаш ишларида банд бўлган пудратчининг барча ходимлари таъмирлаш ишлари бошланишидан олдин, ушбу ишларни хавфсиз олиб бориш учун ходимлар техника хавфсизлиги бўйича кириш йўл-йўриқдан ўтказилиши лозим. Йўл-йўриқдан ўтказиш ишлари ташкилот томонидан амалга оширилади.


227. Режалаштирилган ишларни бажаришдан олдин меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқдан ўтказиш ишлари пудратчи ташкилот томонидан ўтказилиши лозим.


228. Пудратчи ишлаётган ҳудудда ташкилот томонидан зарарли ва ёниш хавфи бўлган моддаларнинг пайдо бўлишига йўл қўймайдиган шароитлари яратилиши керак.


229. Асбоб-ускуна ва коммуникацияларда таъмирлаш ишларини амалга оширишдан олдин қуйидагилар бажарилиши лозим:

электр энергия таъминотидан ўчириш;

асбоб-ускуна ва коммуникацияларни технологик муҳит қолдиқларидан, асбоб-ускунани зарарли, заҳарли ва ёнувчи газ ва маҳсулотлардан бўшатиш;

таъмирланадиган асбоб-ускуна, коммуникация, қудуқ ва ўралардаги инерт, ёнувчи, заҳарли газлар ва кислород миқдорини тегишли таҳлилларини ўтказиш йўли билан текшириш.


230. Баландликдаги ишларда фақат таянч ёки резинали қопламалар билан таъминланган соз нарвонлардан фойдаланиш лозим.


231. Таъмирлаш ишлари асбоб-ускуналарни ишлаб чиқарувчи-завод тасдиқлаган таъмирлаш ва фойдаланиш ҳужжатида белгиланган талабларга мувофиқ олиб борилиши лозим.


232. Асбоб-ускуна таъмирлангандан сўнг синовдан ўтказилиши ва ишлатиб кўрилиши зарур.


233. Синов ва ишлатиб кўриш даврида таъмирланган асбоб-ускунада аниқланган барча носозликлар (электр двигатель ва тармоқ подшипникларининг қизиш даражаси ҳамда мой оқиши ва бошқалар) бартараф қилиниши керак.


234. Асбоб-ускуна йиғилгандан ёки таъмирлангандан сўнг фойдаланиш учун ёқишдан олдин қуйидагиларни бажариш зарур:

ходимларни хавфсиз жойга ўтказиш;

асбоб-ускуна ташқариси ва ичидан бегона буюмларни олиш;

ҳимоя тўсиқлари мавжудлиги ва мустаҳкамлигини текшириш;

ҳаракатланувчи қисмларни мойлаш ва созлаш;

ҳимоя сақловчи ва назорат ўлчов асбоб-ускуналарининг созлигини текшириш;

асбоб-ускуна йиғилиши тўғрилигини текширишда, ўзаро боғлиқ ҳаракатланувчи механизмларни тўлиқ циклида унинг ҳаракатланувчи қисмини айлантириш;

асбоб-ускунани бўш ҳаракатда ва иш юклови остида синаш.



VI БОБ. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН

ЖАВОБГАРЛИК


235. Ташкилотларни (хоналарни) лойиҳалаштиришда, қуришда (монтаж қилишда) мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.


236. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



VII БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


237. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 11-сон, 124-модда



















































Время: 0.2041
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск