язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Қимматли қоғозлар. Қимматли қоғозлар бозори/ Қимматли қоғозлар бозори/ Умумий масалалар/ Қимматли қоғозлар бозорининг мутахассисларига қўйиладиган малака талаблари тўғрисида Низом (АВ томонидан 15.06.2012 й. 2370-сон билан рўйхатга олинган Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази бош директорининг 11.05.2012 й. 2012-05-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2012 йил 15 июнда 2370-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги

Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини

мувофиқлаштириш ва назорат қилиш

маркази бош директорининг

2012 йил 11 майдаги

2012-05-сон буйруғига

ИЛОВА



Қимматли қоғозлар бозорининг мутахассисларига

қўйиладиган малака талаблари тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 29-30-сон, 278-модда), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 ноябрдаги ПҚ-1438-сон "2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 48-сон, 442-модда) мувофиқ қимматли қоғозлар бозорининг мутахассисларига қўйиладиган малака талабларини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом талаблари қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиларида (кейинги ўринларда профессионал иштирокчи деб юритилади), фонд биржаларида, бошқа биржалар фонд бўлимларида ишлашга талабгор ёки ишлаётган қимматли қоғозлар бозори мутахассисларига татбиқ қилинади.


2. Қимматли қоғозлар бозори мутахассисининг малака гувоҳномаси - қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан жисмоний шахсга тоифаси кўрсатилган ҳолда бериладиган ва қимматли қоғозлар бозорида профессионал иштирокчи, фонд биржаси, бошқа биржаларнинг фонд бўлими номидан қимматли қоғозларга доир операцияларни амалга ошириш ва хизматлар кўрсатиш ва (ёки) ишларни бажариш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат.


3. Қимматли қоғозлар бозорининг мутахассисларига қўйиладиган малака талаблари профессионал иштирокчиларда, фонд биржаларида, бошқа биржалар фонд бўлимларида ишлаш учун зарур бўлган билим ва кўникмаларининг мавжудлигидан иборат бўлади.


4. Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи бўлиб ҳисобланади.


II. МАЛАКА ТАЛАБЛАРИ


5. I тоифали малака гувоҳномасига эга қимматли қоғозлар бозори мутахассиси:

қуйидаги мутахассисликлардан бири бўйича олий маълумотга: молиявий-иқтисодий, юридик, математик ёхуд ахборот технологиялари;

қимматли қоғозлар бозори мутахассисларини қайта тайёрлаш ёки малакасини ошириш курсини тугатганлиги тўғрисидаги таълим муассасасининг сертификатига;

қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширувчи ташкилотларда, фонд биржаларида, бошқа биржалар фонд бўлимларида ёхуд иқтисодий, молиявий ва юридик фаолият соҳаларида, ахборот технологиялари соҳасида ёки кўрсатиб ўтилган йўналишлар бўйича давлат бошқарув органларидаги ишда охирги ўн йилда камида икки йиллик иш стажига эга бўлиши лозим.

Ёки I тоифали малака гувоҳномасига эга қимматли қоғозлар бозори мутахассиси:

олий маълумотга;

қимматли қоғозлар бозори мутахассисларини қайта тайёрлаш ёки малакасини ошириш курсини тугатганлиги тўғрисидаги таълим муассасасининг сертификатига;

қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширувчи ташкилотларда, фонд биржаларида, бошқа биржалар фонд бўлимларида ёхуд иқтисодий, молиявий ва юридик фаолият соҳаларида, ахборот технологиялари соҳасида ёки кўрсатиб ўтилган йўналишлар бўйича давлат бошқарув органларидаги ишда охирги ўн йилда камида беш йиллик иш стажига эга бўлиши лозим.


6. II тоифали малака гувоҳномасига эга қимматли қоғозлар бозори мутахассиси:

камида умумий ўрта ёки ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига;

қимматли қоғозлар бозори мутахассисларини қайта тайёрлаш ёки малакасини ошириш курсини тугатганлиги тўғрисидаги таълим муассасасининг сертификатига эга бўлиши лозим, бундан Қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини олиш учун жисмоний шахсларни аттестация (қайта аттестация)дан ўтказиш тўғрисидаги низомда (рўйхат рақами 660, 1999 йил 3 март) белгиланган ҳолат мустасно.

7. Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ва унинг таркибий тузилмалари, бошқа профессионал иштирокчилар ижроия органлари, фонд биржаси ижроия органи ва унинг таркибий тузилмалари, бошқа биржалар фонд бўлимининг раҳбари I тоифали малака гувоҳномасига эга қимматли қоғозлар бозори мутахассислари учун белгиланган малака талабларига жавоб бериши лозим.


8. I ёки II тоифали малака гувоҳномасига эга профессионал иштирокчи, фонд биржаси, бошқа биржа фонд бўлимининг назоратчиси:

қуйидаги мутахассисликлардан бири бўйича олий маълумотга: молиявий-иқтисодий, юридик, математик ёки ахборот технологиялари;

ёхуд қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширувчи ташкилотларда, фонд биржаларида, бошқа биржалар фонд бўлимларида ёхуд иқтисодий, молиявий ва юридик фаолият соҳаларида, ахборот технологиялари соҳасида ёки кўрсатиб ўтилган йўналишлар бўйича давлат бошқарув органларидаги ишда охирги ўн йилда камида беш йиллик иш стажига эга бўлиши лозим.

9. Иқтисодий ёки юридик фанлар номзоди ёхуд доктори илмий даражасига эга бўлган қимматли қоғозлар бозори мутахассисларидан қимматли қоғозлар бозори мутахассисларини қайта тайёрлаш ёки малакасини ошириш курсини тугатганлиги тўғрисидаги таълим муассасасининг сертификати талаб қилинмайди.


10. Хорижий давлатларда олинган олий маълумот ва илмий даража қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нострификация қилинган тақдирда эътиборга олинади.



III. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


11. Мазкур Низом талабларини бузганликда айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.


12. Мазкур Низом талабларига риоя этиш устидан назоратни қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи амалга оширади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 25-сон, 276-модда