язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан шартномалар тузиш ва уларни бажариш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.07.2001 й. 297-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2001 йил 12 июлдаги

297-сон қарорига

ИЛОВА



Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг

хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан шартномалар

тузиш ва уларни бажариш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасида шартномалар тузиш ва уларни бажаришнинг асосий шартларини назарда тутади, шунингдек уларни шартнома мажбуриятларининг бажарилишини назорат қилиш бўйича бош давлат инспекцияси ҳудудий органлари (кейинги ўринларда "Бошдавинспекция" ҳудудий органлари деб аталади) томонидан рўйхатдан ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомнинг амал қилиши қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари), фермер ва деҳқон хўжаликлари, бошқа қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари (кейинги ўринларда хўжаликлар деб аталади) эҳтиёжлари учун моддий-техника ресурслари етказиб бериш, шунингдек хўжаликларга механизациялашган ишларни бажариш, сервис, агрокимё, агротехника ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан боғлиқ бошқа хизматлар кўрсатиш бўйича шартномаларга (кейинги ўринларда шартномалар деб аталади) татбиқ этилади.


3. Моддий-техника ресурслари (эҳтиёт қисмлар, уруғлар, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, ёнилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғитлар ва шу кабилар) етказиб бериш юзасидан шартнома бўйича етказиб берувчи ташкилот хўжаликка келишилган муддатда ёки муддатларда ишлаб чиқарадиган ёки харид қиладиган товарларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда фойдаланиш учун етказиб бериш, хўжалик эса моддий-техника ресурсларини қабул қилиб олиш ва улар учун белгиланган ёки келишилган нархлар бўйича ҳақ тўлаш мажбуриятини олади.


4. Хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) юзасидан шартнома бўйича бажарувчи ташкилот хўжалик топшириғига биноан механизациялашган ишларни бажариш, сервис, агрокимё, агротехника ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан боғлиқ бошқа хизматлар кўрсатишни таъминлаш, хўжалик эса ушбу ишлар (хизматлар)ни қабул қилиб олиш ва улар учун белгиланган ёки келишилган нархлар бўйича ҳақ тўлаш мажбуриятини олади.



II. ШАРТНОМАЛАРНИ ТУЗИШ


5. Шартномаларни тузишда томонлар Ўзбекистан Республикасининг Фуқаролик кодекси (364-381, 439-модадлар)га, "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, ушбу Низомга ҳамда моддий-техника ресурслари етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш)ни тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қиладилар.


6. Моддий-техника ресурсларини етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) бўйича Шартномаларни тузиш хўжалик жойлашган жойда қишлоқ хўжалиги йили бошланишидан икки ой олдин амалга оширилади.


7. Моддий-техника ресурсларини етказиб бериш ёки хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) бўйича шартномалар уч нусхада тузилади ва имзоланади.


8. Моддий-техника ресурсларини етказиб бериш шартномалари шартлари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 353-381, 386-424, 437-456, 468-478-моддаларига, "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


9. Хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) бўйича шартномалар шартлари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 353-381, 631-655, 703-708-моддаларига, "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Томонлар Шартномаларни тузишда ўзларининг тегишли турдаги шартномалар учун ишлаб чиқилган, белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилгандан кейин эълон қилинган намунавий шартлари (шакллари)га амал қилишлари мумкин.


10. Моддий-техника ресурсларини етказиб бериш бўйича шартнома шартноманинг мақсадини, етказиб бериладиган товарнинг миқдори, сифати, тури, бутлиги, идиши ва идишга жойланиши, нархини, етказиб бериш муддатлари (даврлари)ни. ҳисоб-китоб қилищ тартибини, томонларнинг мажбуриятларини, шартнома мажбуриятлари бажарилмаган ёки зарур даражада бажарилмаган тақдирда томонларнинг жавобгарлигини, келишмовчиликларни ҳал этиш тартибини, томонларнинг реквизитларини, шартноманинг тузилган санаси ва жойини назарда тутади.

Хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) бўйича шартнома шартноманинг мақсадини, ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) ҳажми, сифати, нархини, муддатларини, шартнома мажбуриятлари бажарилмаган ёки зарур даражада бажарилмаган тақдирда томонларнинг жавобгарлигини, келишмовчиликларни ҳал этиш тартибини, томонларнинг реквизитларини, шартноманинг тузилган санаси ва жойини назарда тутади.

Шартномалар шунингдек мазкур турдаги шартномалар учун ёки томонлардан бирининг аризасига биноан улар юзасидан битим тузишга эришилган шартномалар учун қонун ҳужжатлари билан белгиланган бошқа жиддий шартларни ҳам назарда тутиши мумкин.


11. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 398-моддасига мувофиқ, етказиб бериш шартномаси бўйича етказиб бериладиган моддий-техника ресурслари миқдори тегишли ўлчов бирликларида ёки пул ифодасида назарда тутилади. Шартнома товар миқдорини белгилаш тартибини назарда тутиши мумкин. Агар шартнома етказиб бериладиган моддий-техника ресурслари миқдорини белгилаш имконини бермаса, шартнома тузилмаган деб ҳисобланади.


12. Агар моддий-техника ресурслари турлари, моделлари, ҳажмлари, ранглари ва бошқа белгилари бўйича муайян нисбатда етказиб берилиши керак бўлса етказиб бериш шартномаси уларнинг тури тўғрисидаги шартларни назарда тутиши керак.


13. Моддий-техника ресурслари ва кўрсатиладиган хизматлар (бажариладиган ишлар) миқдори стандартлар талабларига, техник шартларга, шартномада назарда тутилган товарлар, намуналар (эталонлар) сифатига талабларни белгилайдиган бошқа ҳужжатларга мувофиқ бўлиши керак.

Шартномада сифатга стандартлар, техник шартлар, бошқа ҳужжатлар, намуналар (эталонлар)га нисбатан янада юқори талаблар назарда тутилиши мумкин.

Стандартлар, техник шартлар, бошқа ҳужжатлар тартиб рақами шартномада кўрсатилади.


14. Агар товарларнинг муайян тўплами бут ҳолда етказиб берилиши керак бўлса шартномага моддий-техника ресурсларининг бут ҳолда бўлиши тўғрисидаги шартлар киритилади.


15. Моддий-техника ресурсларининг характери унинг идишда ва (ёки) ўровда бўлишини талаб қилган тақдирда шартнома моддий-техника ресурсларининг идишда ва (ёки) ўровда етказиб берилиши шартларини назарда тутиши керак.


16. Етказиб бериш ёки хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) муддатлари (даврлари)ни томонлар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини таъминлаш учун етказиб бериш ёки хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш)нинг муайян маромда бўлишини таъминлаш заруриятини ҳисобга олган ҳолда белгилайди.

Зарурат бўлганда моддий-техника ресурсларини етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) муддатлари ва уларнинг турлари шартноманинг таркибий қисми бўлган жадвалда белгиланади. Ўзбекистан Республикаси Фуқаролик кодексининг 438-моддасига мувофиқ етказиб бериш шартномаси, қоидага кўра, камида бир йил муддатга тузилади.

Хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) бўйича шартномаларда муддатлар, қоидага кўра, хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш)нинг бошланғич, охирги ва оралиқ муддатларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.


17. "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ ҳисоб-китоб қилиш тартибини белгилашда шартномада товар (ишлар, хизматлар) қийматини қонун ҳужжатларида белгиланганидан кам бўлмаган миқдорда олдиндан тўлаш шарти албатта назарда тутилиши керак.


18. Шартномада шартнома мажбуриятлари бажарилмаган ёки зарур даражада бажарилмаган тақдирда томонларнинг жавобгарлиги, шунингдек келишмовчиликларни ҳал этиш тартиби назарда тутилади.

Томонларнинг шартнома бўйича жавобгарлиги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 324-339-моддалари талабларига мувофиқ белгиланади.



III. ШАРТНОМАЛАРНИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ


19. Мазкур Низомнинг 2 бандида кўрсатилган моддий техника ресурслари етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) бўйича шартномалар Шартнома мажбуриятлари бажарилишини назорат қилиш туман (ҳудудий) давлат инспекциясида (кейинги ўринларда "давлат инспекцияси" деб аталади) рўйхатдан ўтказилиши шарт ва рўйхатдан ўтказилган вақтдан бошлаб кучга киради.


20. Моддий-техника ресурслари етказиб берувчи ёки хизматларни бажарувчи хўжалик билан шартнома тузилган кундан бошлаб бир ҳафта муддатда хўжалик жойлашган жойдаги давлат инспекциясига томонлар имзолаган шартномани уч нусҳада тақдим этади.


21. Рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган шартномалар давлат инспекцияси томонидан уч иш куни мобайнида кўриб чиқилади.

Давлат инспекцияси шартномани кўриб чиқишда:

шартнома тузишнинг тўғрилигини, унинг қонун ҳужжатларига мувофиқлигини;

шартномада белгиланган моддий-техника ресурсларини етказиб бериш ёки хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) миқдори, тури, муддати ва бошқа шартларининг агротехника талабларига мувофиқлигини;

моддий-техника ресурслари етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) бўйича нархлар белгиланишининг тўғрилигини аниқлайди.


22. Шартнома қўйиладиган талабларга мувофиқ бўлган тақдирда давлат инспекцияси уни рўйхатдан ўтказади.


23. Шартномаларни рўйхатдан ўтказиш учун давлат инспекциясида рўйхатдан ўтказиш дафтари юритилади, унга рўйхатдан ўтказилган шартномалар тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар киритилади:

рўйхатдан ўтказиш тартиб рақами;

шартнома тузилган сана;

шартнома рўйхатдан ўтказилган сана;

шартноманинг томонлари;

етказиб бериладиган моддий-техника ресурслари ва кўрсатиладиган хизматлар (бажариладиган ишлар) турлари ва миқдори;

шартнома суммаси;

сана ва рўйхатдан ўтказилган шартномани олган шахснинг имзоси.


24. Рўйхатдан ўтказганлик тўғрисида шартноманинг барча нусхаларига белги қўйилади. Шартноманинг икки нусхаси уни тақдим этган ташкилотга берилади, шартноманинг бир нусхаси эса давлат инспекциясида қолади ва уч йил мобайнида сақланади.


25. Шартнома қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаган ва товарлар етказиб бериш ва хизматлар кўрсатишга нархлар асоссиз равишда ошириб юборилган ҳолларда шартномани рўйхатдан ўтказиш рад этилиши мумкин. Рўйхатдан ўтказишнинг рад этилиши ёзма шаклда тузилади ва рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилган ҳолда асосланиши керак.


26. Моддий-техника ресурслари етказиб берувчи ёки хизматлар кўрсатувчи шартнома қайта ишлангандаи кейин уни такроран тақдим этишга ҳақлидир.

Шартнома рўйхатдан ўтказиш учун такроран тақдим этилганда у давлат инспекцияси томонидан мазкур Низомнинг 20-26-бандларига мувофиқ кўриб чиқилади.


27. Давлат инспекцияси томонидан рўйхатдан ўтказилган шартномага ўзгартириш ва қўшимчалар шартнома каби тартибда расмийлаштирилади ва рўйхатдан ўтказиш учун уч нусхада давлат инспекциясига тақдим этилади. Ўзгартириш ва қўшимчаларни рўйхатдан ўтказиш учун улар томонлар имзолаган кундан бошлаб уч кун муддатда тақдим этилиши керак.


28. Давлат инспекцияси тақдим этилган ўзгартириш ва қўшимчаларни мазкур Низомнинг 20-27-моддаларига мувофиқ кўриб чиқади.



IV. ШАРТНОМАЛАРНИ БАЖАРИШ


29. Шартномалар уларнинг шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ зарур даражада бажарилиши, бундай шартлар ва талаблар мавжуд бўлмаган тақдирда эса - амалдаги муомала одатларига мувофиқ бажарилиши керак.


30. Моддий-техника ресурслари етказиб бериш ёки хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) тўғрисидаги қабул қилиш-топшириш далолатномаси ёки тилхат санаси шартнома бўйича мажбуриятлар бажарилган кун ҳисобланади.

Ҳисоб-китоб ҳужжатидаги банк муассасаси штампида кўрсатилган сана хўжалик томонидан моддий-техника ресурслари, хизматлар (ишлар)га ҳақ тўлащ бўйича мажбуриятлар бажарилган кун ҳисобланади.


31. Ўзбекистан Республикаси Фуқаролик кодексининг 440-моддасига мувофиқ моддий-техника ресурслари хўжаликнинг розилиги билан муддатидан олдин етказиб берилиши мумкин. Муддатидан олдин етказиб берилган ва харидор томонидан қабул қилинган моддий-техника ресурсларига ҳақ тўланади ва улар кейинги даврда етказиб берилиши керак бўлган маҳсулотлар ҳисобига ўтказилади.


32. Хўжалик етказиб берувчи ташкилотни хабардор қилган ҳолда етказиб бериш муддати кечиктириб юборилган маҳсулотни, агар шартномада ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, қабул қилишни рад этишга ҳақлидир. Етказиб берувчи томонидан билдиришнома олингунгача етказиб берилган моддий-техника ресурсларини хўжалик қабул қилишга ва ҳақини тўлашга мажбурдир.


33. Мазкур номенклатура (ассортимент)га кирувчи бир хил номдаги кўп миқдордаги моддий-техника ресурслари етказиб берилиши бошқа номдаги моддий-техника ресурслари тўлиқ етказиб берилиши ўрнига ўтмайди, товарлар етказиб бериш хўжаликнинг олдиндан берилган ёзма розилиги ёки хўжалик маҳсулотни фойдаланиш учун қабул қилиб олган ҳоллар бундан мустасно, бу ҳақда давлат инспекциясига ёзма билдиришнома берилади. Кўрсатиб ўтилган ҳолларда тўлиқ етказиб берилмаган товарлар ўрни тўлдирилмайди.


34. Электр энергияси, газ. сувни хўжаликларгача етказиб беришга, уларни етказиб бериш воситалари сақланишини таъминлашга ва уларга сарфланадиган харажатларга етказиб берувчи ташкилотлар томонидан ҳақ тўланади.


35. Ерни шудгорлашни механизациялашга доир бажарилган ишлар ва бошқа хизматлар бевосита хўжаликларнинг масъул ходимлари томонидан далолатнома бўйича қабул қилинади. Далолатномада бажарилган хизматлар миқдори, уларнинг сифати, шудгорлаш чуқурлиги ва бошқа агротехника кўрсаткичлари қайд этилади.



V. ТОМОНЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ ВА

НИЗОЛИ МАСАЛАЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШ


36. Томонлар шартнома бажарилиши учун барча зарур чораларни кўришлари шарт. Улар ушбу мақсадларда қонун ҳужжатларида ва (ёки) шартномада назарда тутилган мажбуриятлар бузилганлиги учун белгиланган тартибда жавобгарлик чора-тадбирлари қўлланилишини талаб қилишга ҳақлидир.


37. Томонлар шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-32-моддаларига мувофиқ жавоб берадилар.


38. Келишмовчиликлар ва низоли масалалар келиб чиққан тақдирда томонлар, қоидага кўра, мустақил равишда ёҳуд "Бошдавинспекция" ва унинг ҳудудий органлари иштирокида ушбу келишмовчиликлар ва низоли масалаларни судгача ҳал этиш чораларини кўрадилар.


39. Томонлар низоли масалаларни судгача ҳал этиш жараёнида келишишга эришмаган тақдирда, хўжалик судига мурожаат қилишга ҳақлидирлар.



VI. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


40. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга моддий-техника ресурслари етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) шартномаларининг тўғри тузилиши ва шартномалар бўйича томонларнинг шартнома мажбуриятларини бажариши устидан давлат назорати ва мониторингни Шартнома мажбуриятлари бажарилишини назорат қилиш Бош давлат инспекцияси, унинг ҳудудий органлари, шунингдек ушбу функциялар қонун ҳужжатлари билан зиммасига юкланган бошқа давлат органлари амалга оширади.


41. "Бошдавинспекция" ва ҳудудий давлат инспекциялари:

тузилган шартномаларнииг Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси талабларига, "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқлигини;

тузилган шартномалар бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги учун қонунчиликка кўра томонларнинг жавобгарлиги чораларига мувофиқлигини;

етказиб берилган товарлар ва кўрсатилган хизматлар (бажарилган ишлар) учун ҳисоб-китобларнинг тўғрилиги ва ўз вақтидалигини;

аванс бериш, товарлар етказиб бериш, хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) муддатларига риоя этилишини;

етказиб берилган товарлар ва кўрсатилган хизматлар (бажарилган ишлар) сифати мавжуд техник шартларга ва бошқа норматив ҳужжатларга мувофиқлиги назорат қилинишини таъминлайдилар.

"Бошдавинспекция" ва ҳудудий давлат инспекцияларининг ҳуқуқ ва вазифалари Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 30 мартдаги 160-сон қарори билан тасдиқланган Шартнома мажбуриятлари бажарилишини назорат қилиш бош давлат инспекцияси тўғрисидаги Низом билан белгиланади.


42. "Бошдавинспекция" ва унинг ҳудудий органлари, шунингдек тегишли давлат органлари шартномалар тузилиши ва бажарилишига ўз ваколатлари доирасида зарур ёрдам кўрсатадилар ва кўмаклашадилар.