язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Конституциялар ва кодекслар/ Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси/ Фуқаролик кодекси. (35-37 боблар. 600-702 моддалар)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ФУҚАРОЛИК КОДЕКСИ



35-37-Боблар


35-БОБ. УЙ-ЖОЙ ИЖАРАСИ


600-модда. Уй-жойни ижарага бериш шартномаси

Уй-жойни ижарага бериш шартномасига биноан бир тараф-уй-жойнинг мулкдори ёки у ваколат берган шахс (ижарага берувчи)-бошқа тараф (ижарага олувчи)га уй-жойда яшаш учун уни ҳақ эвазига эгалик қилиш ва фойдаланишга топшириш мажбуриятини олади.

Уй-жой юридик шахсларга ижара шартномаси ёки бошқа шартнома асосида эгалик қилиш ва (ёки) фойдаланиш учун топширилиши мумкин. Юридик шахс уй-жойдан фақат фуқароларнинг яшаши учун фойдаланиши мумкин.


601-модда. Аниқ мақсадга қаратилган коммунал уй-жой

фондидаги уй-жойни ижарага бериш шартномаси

Аниқ мақсадга қаратилган коммунал уй-жой фондидаги уй-жойлар фуқароларга уй-жойни ижарага бериш шартномасига биноан берилади. Уй-жойни ижарага беришнинг бундай шартномаси бўйича ижарага олувчи билан бирга яшайдиган унинг оила аъзолари уй-жойни ижарага бериш шартномаси бўйича барча ҳуқуқлардан ижарага олувчи билан тенг фойдаланадилар ва барча мажбуриятларни бажарадилар.

Ижарага олувчи ва унинг оила аъзоларининг талабига биноан шартнома оила аъзоларининг биттаси билан тузилиши мумкин. Ижарага олувчи вафот этган ёки уй-жойдан чиқиб кетган тақдирда, шартнома уй-жойда яшаб турган оила аъзоларининг бири билан тузилади.

Аниқ мақсадга қаратилган коммунал уй-жой фондидаги уй-жойни ижарага бериш шартномаси уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган асослар, шартлар ва тартибда тузилади. Бундай шартномага нисбатан ушбу Кодекс 603, 604, 607, 609, 610-моддаларининг, шунингдек 613-модда биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларининг қоидалари қўлланади. Ушбу Кодекснинг бошқа қоидалари, агар уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, аниқ мақсадга қаратилган коммунал уй-жой фондидаги уй-жойни ижарага бериш шартномасига нисбатан қўлланади.


602-модда. Уй-жойни ижарага бериш шартномасининг объекти

Доимий яшаш учун яроқли бўлган алоҳида уй-жой (квартира, уй, квартиранинг ёки уйнинг бир қисми) уй-жойни ижарага бериш шартномасининг объекти бўлиши мумкин.

Уй-жойнинг яшаш учун яроқлилиги уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади.

Кўп квартирали уйдаги уй-жойни ижарага олган шахс ундан фойдаланиш билан бир қаторда ушбу Кодекснинг 211-моддасида кўрсатилган мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.


603-модда. Уй-жойни ижарага бериш шартномасининг шакли

Уй-жойни ижарага бериш шартномаси ёзма шаклда тузилади.

Фуқаролар ўртасида тузилган уй-жойни ижарага бериш шартномаси давлат солиқ органларида ҳисобга қўйилиши лозим.


604-модда. Уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтганида

уй-жойни ижарага бериш шартномасининг сақланиши

Ижара шартномаси бўйича эгаллаб турилган уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтиши шартноманинг ўзгартирилиши ёки бекор қилинишига олиб бормайди. Бунда янги мулкдор илгари тузилган ижара шартномаси шартлари асосида ижарага берувчига айланади.


605-модда. Уй-жойни ижарага берувчининг мажбуриятлари

Ижарага берувчи ижарага олувчига доимий яшаш учун яроқли бўш уй-жойни бериши лозим.

Ижарага берувчи ижарага берилган турар жой жойлашган уйдан тегишли даражада фойдаланишни амалга ошириши, ижарага олувчига ҳақ эвазига зарур коммунал хизмат кўрсатиши ёки хизмат кўрсатилишини таъминлаши, кўп квартирали уйнинг умумий фойдаланиладиган мол-мулки ва турар жой биносида жойлашган коммунал хизмат кўрсатиш қурилмалари таъмирланишини таъминлаши, шунингдек уй-жойдан фақат ижара шартномасида кўрсатилган мақсадларда фойдаланишни таъминлаш чораларини кўриши лозим.


606-модда. Ижарага олувчи ва у билан

бирга доимий яшайдиган фуқаролар

Уй-жойни ижарага олиш шартномасига биноан фақатгина фуқаро ижарага олувчи бўлиши мумкин.

Шартномада уй-жойда ижарага олувчи билан бирга доимий яшайдиган фуқаролар кўрсатилиши лозим. Шартномада бундай кўрсатмалар бўлмаса, мазкур фуқароларни уй-жойга қўйиш ушбу Кодекс 608-моддасининг қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Ижарага олувчи билан бирга доимий яшайдиган фуқаролар уй-жойдан фойдаланиш бўйича у билан тенг ҳуқуқларга эгадирлар. Ижарага олувчи билан бундай фуқаролар ўртасидаги муносабатлар қонунда белгиланади.

Ижарага олувчи ўзи билан бирга доимий яшаб, уй-жойни ижарага бериш шартномасининг шартларини бузаётган фуқароларнинг хатти-ҳаракатлари учун ижарага берувчи олдида жавобгар бўлади.

Ижарага олувчи билан бирга доимий яшайдиган фуқаролар ижарага берувчини хабардор қилган ҳолда уй-жойда доимий яшайдиган фуқароларнинг ҳаммаси ижарага олувчи билан бирга ижарага берувчи олдида солидар жавобгар эканликлари тўғрисида ижарага олувчи билан шартнома тузишлари мумкин. Бундай ҳолда ушбу фуқаролар биргаликда ижарага олувчи бўладилар.


607-модда. Уй-жойни ижарага олувчининг мажбуриятлари

Ижарага олувчи уй-жойдан фақат унинг вазифаси бўйича фойдаланиши, уй-жойнинг сақланишини таъминлаши ва уни яхши ҳолда тутиши шарт.

Ижарага олувчи ижарага берувчининг розилигисиз уй-жойни қайта қуришга ва тузилишини ўзгартиришга ҳақли эмас.

Ижарага олувчи уй-жой ҳақини ўз вақтида тўлаб туриши шарт. Агар шартномада бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ижарага олувчи коммунал хизматлар ҳақини мустақил тўлаши шарт.


608-модда. Уй-жойни ижарага олиш шартномасига ижарага

олувчининг янги оила аъзоларини киритиш

Уй-жойни ижарага олувчи, шунингдек унинг оила аъзолари бошқа фуқароларни оила аъзоси сифатида уй-жойни ижарага олиш шартномасига киритишни талаб қилишга ҳақли. Бундай фуқароларни уй-жойни ижарага олиш шартномасига киритиш тартиби ва шартлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


609-модда. Вақтинча яшовчилар

Ижарага олувчи ва у билан бирга доимий яшайдиган фуқаролар умумий келишувга биноан ва ижарага берувчини олдиндан хабардор қилган ҳолда вақтинча яшовчиларга (фойдаланувчиларга) уй-жойда бепул яшаб туришлари учун рухсат этишга ҳақлидирлар. Башарти, қонун ҳужжатларининг жон бошига тўғри келадиган уй-жой майдони нормаси ҳақидаги талабларига риоя этилмаса, ижарага берувчи вақтинча яшовчиларнинг яшаб туришларини тақиқлаб қўйиши мумкин. Вақтинча яшовчиларнинг яшаб туриш муддати олти ойдан ошмаслиги керак.

Вақтинча яшовчилар уй-жойдан фойдаланишда мустақил ҳуқуққа эга бўлмайдилар. Уларнинг хатти-ҳаракатлари учун ижарага берувчи олдида ижарага олувчи жавобгардир.

Вақтинча яшовчилар улар билан келишилган яшаб туриш муддати ўтганидан кейин, агарда бундай муддат келишилмаган бўлса, ижарага олувчи ёки у билан бирга доимий яшайдиган ҳар қандай фуқаро томонидан тегишли талаб қўйилган кундан эътиборан кўпи билан етти кун ичида уй-жойни бўшатишлари шарт.


610-модда. Ижарага берилган уй-жойни таъмирлаш

Ижарага берилган уй-жойни жорий таъмирлаш, агар уй-жойни ижарага бериш шартномасида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ижарага олувчининг зиммасидадир.

Ижарага берилган уй-жойни капитал таъмирлаш, агар уй-жойни ижарага бериш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ижарага берувчининг зиммасидадир.

Ижарага берилган уй-жой жойлашган уйни қайта жиҳозлашга, агар бундай қайта жиҳозлаш уй-жойдан фойдаланиш шарт-шароитларини жиддий равишда ўзгартирса, ижарага олувчининг розилигисиз йўл қўйилмайди.


611-модда. Уй-жой учун тўланадиган ҳақ

Уй-жой учун тўланадиган ҳақнинг миқдори тарафларнинг ўзаро келишувига биноан уй-жойни ижарага бериш шартномасида белгилаб қўйилади. Башарти қонунга мувофиқ уй-жой учун тўланадиган ҳақнинг энг кўп миқдори белгилаб қўйилган бўлса, шартномада белгиланган ҳақ ана шу миқдордан ошиб кетмаслиги лозим.

Уй-жой учун тўланадиган ҳақнинг миқдори бир томонлама ўзгартирилишига йўл қўйилмайди, қонун ёки шартномада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Уй-жой учун ҳақ ижарага олувчи томонидан уй-жойни ижарага олиш шартномасида назарда тутилган муддатларда тўлаб турилиши лозим. Агар шартномада бундай муддатлар назарда тутилган бўлмаса, ҳақ ижарага олувчи томонидан ҳар ойда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлаб турилиши шарт.


612-модда. Уй-жойни ижарага бериш шартномасининг муддати

Уй-жойни ижарага бериш шартномаси беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади. Агар шартномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у беш йилга тузилган ҳисобланади.

Бир йилгача муддатга тузилган уй-жойни ижарага бериш (қисқа муддатли ижара) шартномасига нисбатан, агар шартномада бошқа ҳол назарда тутилган бўлмаса, ушбу Кодекс 606-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида, 609-моддасида, ушбу модданинг учинчи қисмида, 613 ва 614-моддаларида назарда тутилган қоидалар қўлланмайди.

Ижарага олувчи янги муддатга шартнома тузишда имтиёзли ҳуқуққа эга.

Агар ижарага берувчи уй-жойни бир йилдан кам бўлмаган муддатда ижарага бермасликка қарор қилган бўлса, у янги муддатга шартнома тузишни рад қилишга ҳақли.


613-модда. Уй-жойни иккиламчи ижарага бериш

Уй-жойни иккиламчи ижарага бериш шартномасига биноан ижарага олувчи ижарага берувчининг розилиги билан ўзи ижарага олган бинонинг бир қисмини ёки ҳаммасини муайян муддатга иккиламчи ижарага олувчига беради. Иккиламчи ижарага олувчи уй-жойдан мустақил фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмайди. Уй-жойни ижарага бериш шартномасига биноан ижарага олувчи ижарага берувчи олдида жавобгар бўлиб қолаверади.

Уй-жойни иккиламчи ижарага бериш шартномаси қонун ҳужжатларининг жон бошига тўғри келадиган уй-жой майдони нормаси ҳақидаги талабларига риоя этилган тақдирдагина тузилиши мумкин.

Уй-жойни иккиламчи ижарага бериш шартномаси ҳақ эвазига амалга оширилади.

Уй-жойни иккиламчи ижарага бериш шартномасининг муддати уй-жойни ижарага бериш шартномасининг муддатидан кўп бўлиши мумкин эмас.

Уй-жойни ижарага бериш шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган тақдирда бир вақтнинг ўзида уй-жойни иккиламчи ижарага бериш шартномаси ҳам бекор қилинади.

Янги муддатга шартнома тузишга бўлган имтиёзли ҳуқуқ тўғрисидаги қоида уй-жойни иккиламчи ижарага бериш шартномасига нисбатан татбиқ этилмайди.


614-модда. Уй-жойни ижарага бериш шартномасида ижарага

олувчини алмаштириш

Ижарага олувчи ва у билан бирга доимий яшайдиган бошқа фуқароларнинг талабига биноан ва ижарага берувчининг розилиги билан уй-жойни ижарага бериш шартномасидаги ижарага олувчи у билан бирга доимий яшайдиган вояга етган бошқа бир фуқаро билан алмаштирилиши мумкин.

Ижарага олувчи вафот этган ёки у уй-жойдан кетиб қолган тақдирда, шартнома аввалги шартларда амал қилаверади, аввалги ижарага олувчи билан бирга доимий яшайдиган фуқароларнинг умумий келишувига биноан улардан бири ижарага олувчи бўлади. Агар бундай келишувга эришилган бўлмаса, уй-жойда биргаликда доимий яшайдиган фуқароларнинг ҳаммаси биргаликда ижарага олувчи бўладилар.


615-модда. Ижара шартномасини бекор қилиш

Уй-жойни ижарага бериш шартномаси тарафларнинг келишуви билан бекор қилинади.

Уй-жойни ижарага олувчи ўзи билан бирга доимий яшайдиган бошқа фуқароларнинг розилиги билан ижарага берувчини уч ой аввал ёзма равишда огоҳлантириб, исталган вақтда ижара шартномасини бекор қилишга ҳақли.

Уй-жойни ижарага бериш шартномаси:

агар шартномада узоқроқ муддат белгиланган бўлмаса, ижарага олувчи томонидан уй-жой учун олти ой мобайнида, қисқа муддатли ижарада эса шартномада белгиланган ҳақ тўлаш муддати ўтганидан кейин икки мартадан кўпроқ ҳақ тўланмаган бўлса;

ижарага олувчи ёки хатти-ҳаракатлари учун ижарага олувчи жавобгар бўлган бошқа фуқаролар томонидан уй-жой вайрон қилинса ёки унга путур етказилса;

уй-жойдан ғайриҳуқуқий қилмишларни содир этиш учун фойдаланилган бўлса, ижарага берувчининг талабига биноан суд тартибида бекор қилиниши мумкин.

Уй-жойни ижарага бериш шартномаси:

агар уй-жой доимий яшаш учун яроқли бўлмай қолса, шунингдек авария ҳолатига келиб қолса;

уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда шартномадаги исталган тарафнинг талабига биноан суд тартибида бекор қилиниши мумкин.

Агар уй-жойни ижарага олувчи ёки хатти-ҳаракатлари учун ижарага олувчи жавобгар бўлган бошқа фуқаролар уй-жойдан унинг вазифасига биноан фойдаланмасалар ёхуд мунтазам равишда қўшниларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини бузсалар, ижарага берувчи ижарага олувчини қоидабузарликларга барҳам бериш зарурлиги тўғрисида огоҳлантириши мумкин.

Агар ижарага олувчи ёки хатти-ҳаракатлари учун ижарага олувчи жавобгар бўлган бошқа фуқаролар огоҳлантириш олганлардан кейин ҳам уй-жойдан унинг вазифасига биноан фойдаланмасликни ёки қўшниларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузишни давом эттирсалар, ижарага берувчи уй-жойни ижарага бериш шартномасини суд тартибида бекор қилишга ҳақли.

Уй-жойни ижарага бериш шартномасини бекор қилиш учун асос бўлган қоидабузарликларга барҳам бериш тартиби ва муддатлари қонун билан белгилаб қўйилади.


616-модда. Уй-жойни ижарага бериш шартномасини

бекор қилишнинг оқибатлари

Уй-жойни ижарага бериш шартномаси бекор қилинган тақдирда, ижарага олувчи ва шартнома бекор қилинган вақтда уй-жойда яшаб турган бошқа фуқаролар суднинг қарорига асосан уй-жойдан кўчириб чиқарилиши лозим.


36-БОБ. ТЕКИН ФОЙДАЛАНИШ


617-модда. Текин фойдаланиш шартномаси тушунчаси

Текин фойдаланиш (ссуда) шартномаси бўйича бир тараф (ссуда берувчи) иккинчи тарафга (ссуда олувчига) ашёни вақтинча текин фойдаланиш учун бериш мажбуриятини олади ёки беради, иккинчи тараф эса бу ашёни қандай олган бўлса, нормал ейилишни ҳисобга олиб худди шундай ҳолатда ёки шартномада назарда тутилган ҳолатда қайтариб бериш мажбуриятини олади.

Текин фойдаланиш шартномасига нисбатан ушбу Кодекс 537-моддасида, 540-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида, 545-моддасида, 553-моддасининг тўртинчи қисмида, 555-моддасининг биринчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган қоидалар қўлланади.



618-модда. Ссуда берувчи

Ашёни текин фойдаланишга бериш ҳуқуқига унинг мулкдори ва қонун ёки мулкдор томонидан ваколат берилган бошқа шахслар эга бўлади.

Тижорат ташкилоти ўз муассиси, иштирокчиси (акциядори), раҳбари, ўз бошқарув ёки назорат органларининг аъзоси бўлган шахсга ашёни текин фойдаланишга беришга ҳақли эмас.


619-модда. Ашёни текин фойдаланиш учун бериш

Ссуда берувчи ашёни ундан текин ҳамда вазифасига мувофиқ фойдаланиш шартларига жавоб берадиган ҳолатда топшириши шарт.

Агар шартномада бошқа тартиб назарда тутилган бўлмаса, ашё ундан текин фойдаланиш учун барча мансуб ашёлари ва тегишли ҳужжатлари (фойдаланиш бўйича йўриқномалар, техник паспорти ва шу кабилар) билан бирга берилади.

Агар бундай ашёлар ва ҳужжатлар берилмаган бўлиб, уларсиз ашёдан вазифасига мувофиқ фойдаланиб бўлмаса ёки ундан фойдаланиш ссуда олувчи учун ўз аҳамиятини анча йўқотса, ссуда олувчи бундай ашёлар ва ҳужжатлар берилишини ёки шартнома бекор қилиниб, ўзи кўрган ҳақиқий зарарнинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақли.


620-модда. Ашёни текин фойдаланишга бермаслик оқибатлари

Агар ссуда берувчи ашёни ссуда олувчига бермаса, ссуда олувчи шартномани бекор қилиш ва етказилган ҳақиқий зарарнинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақли.


621-модда. Текин фойдаланиш учун берилган ашёнинг

камчиликлари учун жавобгарлик

Ссуда берувчи текин фойдаланиш шартномасини тузиш пайтида қасддан ёки қўпол эҳтиётсизлик билан ашёнинг камчиликларини айтиб қўймаган бўлса, бу камчиликлар учун жавоб беради.

Бундай камчиликларни аниқлаганида ссуда олувчи ўз хоҳишига қараб, ссуда берувчидан ашёдаги камчиликларни текин бартараф этишни ёки ашёнинг камчиликларини бартараф этишга қилинган харажатларни қоплашни ёхуд текин фойдаланиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиб, ҳақиқий зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Ссуда олувчининг талабларидан ёки унинг ашёдаги камчиликларни ссуда берувчининг ҳисобидан бартараф этиш ниятидан хабардор қилинган ссуда берувчи бузуқ ашёни кечиктирмасдан тегишли ҳолатдаги худди шундай ашё билан алмаштириши мумкин.

Ашёнинг текин фойдаланиш шартномасини тузиш вақтида кўрсатиб ўтилган ёки ссуда олувчига олдиндан маълум бўлган ёхуд у ашёни кўздан кечириш ёки шартнома тузиш ёхуд ашёни топшириш вақтида унинг созлигини текшириш чоғида аниқлаши лозим бўлган камчиликлари учун ссуда берувчи жавобгар бўлмайди.



622-модда. Текин фойдаланишга топширилаётган ашёга учинчи

шахсларнинг ҳуқуқи

Ашёнинг текин фойдаланишга топширилиши бу ашёга учинчи шахсларнинг ҳуқуқларини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлмайди.

Текин фойдаланиш шартномасини тузишда ссуда берувчи бу ашёга учинчи шахсларнинг барча ҳуқуқлари (сервитут, гаров ҳуқуқи ва бошқалар) тўғрисида ссуда олувчини огоҳлантириши шарт. Бу мажбуриятни бажармаслик ссуда олувчига шартномани бекор қилиш ва ҳақиқий зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқини беради.


623-модда. Ссуда олувчининг ашёни сақлаш мажбуриятлари

Ссуда олувчи текин фойдаланиш учун олинган ашёни соз ҳолатда сақлаши шарт. Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ссуда олувчи ашёни жорий ва капитал таъмирлаши ва уни сақлаш билан боғлиқ ҳамма харажатларни тўлаши шарт.



624-модда. Ашёнинг тасодифан нобуд

бўлиш ёки тасодифан бузилиш хавфи

Агар ссуда олувчи ашёдан шартномага ёки унинг вазифасига номувофиқ ҳолда фойдаланиши ёхуд уни ссуда берувчининг розилигисиз учинчи шахсга бериши туфайли ашё нобуд бўлса ёки бузилса, текин фойдаланиш учун олинган ашёнинг тасодифан нобуд бўлиш ёки тасодифан бузилиш хавфи ссуда олувчининг зиммасида бўлади. Ссуда олувчи ўз ашёсидан воз кечиб, ссудага берилган ашёнинг нобуд бўлиши ёки бузилишини бартараф қилиш имкониятига эга бўлган бўлса ҳам, ашёнинг тасодифан нобуд бўлиш ёки тасодифан бузилиш хавфи унинг зиммасида бўлади.


625-модда. Ашёдан фойдаланиш натижасида учинчи шахсга

етказилган зарар учун жавобгарлик

Ссуда берувчи ашёдан фойдаланиш натижасида учинчи шахсга етказилган зарар учун, башарти бу зарар ссуда олувчи томонидан ёки бу ашё ссуда берувчининг розилиги билан қўлига тушиб қолган шахс томонидан қасддан ёхуд қўпол эҳтиётсизлик туфайли етказилганини ёинки зарар ссуда олувчининг эгалигидан ссуда берувчининг розилигисиз чиқиб кетган ашёдан фойдаланиб етказилганини исбот қилмаса, жавобгар бўлади.


626-модда. Текин фойдаланиш учун олинган

ашёни учинчи шахсга топшириш

Ссуда олувчи текин фойдаланиш учун олган ашёни учинчи шахсга фойдаланиш учун фақат ссуда берувчининг розилиги билан ва унинг олдида масъул бўлиб қолган ҳолда беришга ҳақли.

626-1-модда. Уй-жойни текин фойдаланишга

бериш шартномасининг шакли

Уй-жойни текин фойдаланишга бериш шартномаси ёзма шаклда тузилади, бундан уй-жойни яқин қариндошларга (ота-она, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, шу жумладан, фарзандликка олинганлар, бобо, буви, неваралар, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллари) текин фойдаланишга бериш ҳоллари мустасно.

Уй-жойни текин фойдаланишга бериш шартномасига нисбатан ушбу Кодекс 606-моддасининг иккинчи қисмида, 607-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида, 609, 610-моддаларида, 612-моддасининг биринчи қисмида, 615-моддасининг биринчи қисмида, учинчи қисми учинчи ва тўртинчи хатбошиларида, тўртинчи ва бешинчи қисмларида, 616-моддасида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.



627-модда. Текин фойдаланиш шартномасини

муддатидан олдин бекор қилиш

Ссуда берувчи қуйидаги ҳолларда шартномани муддатидан олдин бекор қилишни талаб қилишга ҳақли, агар ссуда олувчи:

ашёдан шартномага ёки ашёнинг вазифасига мувофиқ фойдаланмаса;

ашёни соз ҳолатда сақлаш ёки уни асраш мажбуриятларини бажармаса;

ашёнинг ҳолатини анча ёмонлаштирса;

ссуда берувчининг розилигисиз ашёни учинчи шахсга берган бўлса.

Ссуда олувчи қуйидаги ҳолларда текин фойдаланиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилишни талаб қилишга ҳақли:

ашёдан нормал фойдаланишни мумкин бўлмайдиган ёки қийин қилиб қўядиган нуқсонларни аниқлаган бўлса, бу нуқсонлар хусусида шартнома тузиш пайтида билмаган ва билиши мумкин бўлмаган тақдирда;

агар ўзи жавобгар бўлмаган ҳолатларга кўра ашё ундан фойдаланиш мумкин бўлмайдиган ҳолатга келиб қолса;

агар шартнома тузишда ссуда берувчи уни топширилаётган ашёга нисбатан учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида огоҳлантирмаган бўлса;

ссуда берувчи ашёни ёки унга мансуб ашёларни ва тегишли ҳужжатларни бериш мажбуриятини бажармаса.


628-модда. Текин фойдаланиш шартномасидан воз кечиш

Агар ашёдан текин фойдаланиш муддати шартномада белгилаб қўйилган бўлмаса ва шартномада хабар қилишнинг бошқа муддати назарда тутилмаган бўлса, ҳар қайси тараф иккинчи тарафни бир ой олдин хабардор қилиб, шартномадан хоҳлаган пайтда воз кечишга ҳақли.

Агар текин фойдаланиш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ссуда олувчи муддати кўрсатиб тузилган шартномадан ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган тартибда ҳар қачон воз кечишга ҳақли.



629-модда. Текин фойдаланиш шартномасидаги тарафларнинг ўзгариши

Ссуда берувчи ашёни бошқа шахсга беришга ёки уни ҳақ эвазига фойдаланиш учун учинчи шахсга топширишга ҳақли. Бунда аввал тузилган текин фойдаланиш шартномаси бўйича ҳуқуқлар янги мулкдор ёки фойдаланувчига ўтади, унинг ашёга нисбатан ҳуқуқлари қаторига ссуда олувчининг ҳуқуқлари қўшилади.

Ссуда берувчи фуқаро вафот этган ёхуд ссуда берувчи юридик шахс қайта ташкил этилган ёки тугатилган тақдирда текин фойдаланиш шартномаси бўйича уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари меросхўрга ёки бошқа ҳуқуқий ворисга ёхуд ашёга мулк ҳуқуқи ёки ашёни текин фойдаланиш учун топширишга асос бўлган ўзга ҳуқуқ ўтган бошқа шахсга ўтади.

Ссуда олувчи юридик шахс қайта ташкил этилган тақдирда, текин фойдаланиш шартномасида бошқа тартиб назарда тутилган бўлмаса, унинг шартнома бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворисга ўтади.


630-модда. Текин фойдаланиш шартномасининг бекор бўлиши

Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ссуда олувчи фуқаро вафот этган ёки ссуда олувчи юридик шахс тугатилган ҳолларда текин фойдаланиш шартномаси бекор бўлади.


37-БОБ. ПУДРАТ


1-§. ПУДРАТ ТЎҒРИСИДА УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


631-модда. Пудрат шартномаси

Пудрат шартномаси бўйича бир тараф (пудратчи) иккинчи тараф (буюртмачи)нинг топшириғига биноан маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини буюртмачига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади, буюртмачи эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади. Агар қонун ҳужжатларида ёхуд тарафлар келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ишни бажариш учун пудратчи таваккал қилади.

Пудрат шартномасининг айрим турлари (маиший пудрат, қурилиш пудрати, лойиҳалаш ёки қидирув ишлари пудрати, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технология ишлари пудрати)га, агар ушбу Кодекснинг бундай турдаги шартномалар тўғрисидаги қоидаларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ушбу параграфда назарда тутилган қоидалар қўлланади.


632-модда. Пудрат шартномаси бўйича бажариладиган ишлар

Пудрат шартномаси ашёни тайёрлаш ёки уни қайта ишлаш (ишлов бериш) ёхуд бошқа ишни бажариб, натижасини буюртмачига бериш ёки бошқача тарзда топшириш ҳақида тузилади.

Агар пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, иш пудратчининг материаллари, унинг кучи ва маблағлари ҳисобидан бажарилади.

Агар пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, буюртмачининг топшириғини бажариш усулларини пудратчи мустақил белгилайди.

Пудратчи ўзи берган материаллар ва ускуналарнинг сифати тегишли даражада бўлмаганлиги учун, шунингдек учинчи шахслар ҳуқуқлари бўлган материаллар ва ускуналарни берганлиги учун жавобгар бўлади.



633-модда. Материалларнинг тасодифан нобуд бўлиш ёки

тасодифан бузилиш хавфи

Материалларнинг тасодифан нобуд бўлиш ёки тасодифан бузилиш хавфи, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, пудратчининг пудрат шартномасида шартлашилган ишни топшириш муддати келгунча материалларни берган тараф зиммасида, бу муддатдан кейин эса ишни топширишни кечиктириб юборган тараф зиммасида бўлади.


634-модда. Бош пудратчи ва ёрдамчи пудратчи

Агар қонун ҳужжатларида ёки пудрат шартномасида пудратчининг шартномада кўрсатилган ишни шахсан ўзи бажариш мажбуриятлари келиб чиқмаса, пудратчи ўз мажбуриятларининг бир қисмини бажариш учун бошқа шахслар (ёрдамчи пудратчилар)ни жалб қилишга ҳақли. Бундай ҳолларда пудратчи бош пудратчи ҳисобланади.

Ушбу Кодекс 241-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларига ва 334-моддасига мувофиқ, бош пудратчи буюртмачининг пудрат шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун ёрдамчи пудратчи олдида жавобгар бўлади, буюртмачи олдида эса, ёрдамчи пудратчи ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлигининг оқибатлари учун жавобгар бўлади.

Агар қонун ёки пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, буюртмачи ва ёрдамчи пудратчининг ҳар бири бош пудратчи билан тузган шартномалар бузилиши билан боғлиқ талабларни бир-бирига қўйишга ҳақли эмас.

Ушбу модданинг биринчи қисмидаги қоидаларни ёки пудрат шартномасини бузиб, шартномани бажариш учун ёрдамчи пудратчини жалб қилган пудратчи ушбу ёрдамчи пудратчи шартномани бажаришда қатнашиб, етказган зарар учун буюртмачи олдида жавобгар бўлади.

Бош пудратчининг розилигини олган ҳолда буюртмачи айрим ишларни бажариш учун бошқа шахслар билан шартнома тузишга ҳақли. Бу ҳолда мазкур шахслар ишни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун бевосита буюртмачи олдида жавобгар бўладилар.



635-модда. Ишни бажариш муддатлари

Пудрат шартномасида ишни бажаришнинг бошланғич ва охирги муддатлари кўрсатилади. Тарафлар ўртасидаги келишувга мувофиқ, шартномада ишнинг айрим босқичларини тугаллаш муддатлари (оралиқ муддатлар) ҳам назарда тутилиши мумкин.

Пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, пудратчи ишни бажаришнинг бошланғич ва охирги, шунингдек оралиқ муддатларини бузганлик учун жавобгар бўлади.

Пудрат шартномасида кўрсатилган ишни бажаришнинг бошланғич, охирги ва оралиқ муддатлари шартномада назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ўзгартирилиши мумкин.

Ушбу Кодекс 337-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган ижро муддатини кечиктириш оқибатлари ишни бажаришнинг охирги муддатига риоя этилмаган ҳолларда юзага келади.



636-модда. Ишнинг баҳоси

Пудрат шартномасида бажариладиган ишнинг баҳоси ёки уни аниқлаш усуллари кўрсатилади. Улар шартномада кўрсатилган бўлмаса, ишнинг баҳоси ушбу Кодекс 356-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ белгиланади.

Пудрат шартномасидаги ишнинг баҳоси пудратчининг чиқимларини ва унга тўланадиган ҳақни ўз ичига олади.

Ишнинг баҳоси смета тузиш йўли билан аниқланиши мумкин.

Иш пудратчи томонидан тузилган смета бўйича бажарилган тақдирда, смета буюртмачи томонидан тасдиқланган пайтдан бошлаб кучга эга бўлади ва пудрат шартномасининг бир қисми бўлиб қолади.

Ишнинг баҳоси (смета) тахминий ёки қатъий бўлиши мумкин. Пудрат шартномасида бундай кўрсатма бўлмаса, ишнинг баҳоси (смета) қатъий ҳисобланади.

Агар қўшимча ишларни бажариш зарур бўлиб қолса ва шу сабабли ишнинг тахминан белгиланган баҳосини (тахминий сметани) анча оширишга тўғри келса, пудратчи бу ҳақда буюртмачини вақтида огоҳлантириши шарт. Буюртмачи пудрат шартномасида кўрсатилган ишнинг баҳосини (сметани) оширишга рози бўлмаган тақдирда, шартномадан воз кечишга ҳақли. Бундай ҳолларда пудратчи буюртмачидан ишнинг бажарилган қисмининг баҳосини тўлашни талаб қилиши мумкин.

Буюртмачини пудрат шартномасида кўрсатилган ишнинг баҳосини (сметани) ошириш зарурлиги тўғрисида ўз вақтида огоҳлантирмаган пудратчи иш учун шартномада кўрсатилган баҳо бўйича ҳақ олиш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда шартномани бажариши шарт.

Пудратчи, қоида тариқасида, қатъий баҳо (қатъий смета)ни оширишни, буюртмачи эса уни камайтиришни талаб қилишга, шу жумладан бажарилиши керак бўлган ишнинг тўла ҳажмини ёки бунинг учун зарур харажатларни пудрат шартномаси тузилаётган пайтда назарда тутиш имконияти бўлмаган ҳолларда ҳам, ҳақли эмас.

Пудратчи томонидан тақдим қилиниши керак бўлган материаллар ва ускуналар, шунингдек учинчи шахслар томонидан унга кўрсатиладиган хизматлар баҳоси анча ошган ва буни шартнома тузиш вақтида назарда тутиш мумкин бўлмаган ҳолларда ушбу Кодекснинг 383-моддасига биноан пудратчи белгиланган иш баҳосини (сметани) оширишни талаб қилишга, буюртмачи бу талабни бажаришдан бош тортган тақдирда эса, шартномани бекор қилишни талаб қилишга ҳақли.


637-модда. Пудратчининг тежами

Пудратчининг амалдаги харажатлари иш баҳосини аниқлаш вақтида (смета тузилаётганда) назарда тутилган харажатлардан кам бўлган ҳолларда, башарти буюртмачи пудратчининг тежами бажарилган иш сифатига таъсир этганлигини исботлай олмаса, пудратчи ишлар учун пудрат шартномасида кўрсатилган баҳо бўйича ҳақ олиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Пудрат шартномасида пудратчининг тежами тарафлар ўртасида тақсимланиши назарда тутилиши мумкин.


638-модда. Ишга ҳақ тўлаш тартиби

Агар пудрат шартномасида бажарилган ишга ёки унинг айрим босқичларига олдиндан ҳақ тўлаш назарда тутилган бўлмаса, буюртмачи пудратчига шартлашилган ҳақни иш тегишли тарзда ва келишилган муддатда ёхуд буюртмачининг розилиги билан муддатидан олдин бажарилиб, унинг натижалари узил-кесил топширилганидан кейин тўлаши шарт.

Пудратчи қонун ҳужжатларида ёки пудрат шартномасида назарда тутилган ҳолларда ва миқдордагина ўзига бўнак ёки закалат берилишини талаб қилишга ҳақли.


639-модда. Пудратчининг ушлаб қолиш ҳуқуқи

Шартноманинг бажарилиши муносабати билан буюртмачи пудратчига белгиланган тегишли ҳақни ёки бошқа суммани тўлаш мажбуриятини бажармаган тақдирда, буюртмачи томонидан тегишли сумма тўлангунга қадар пудратчи ишнинг натижаларини, шунингдек буюртмачига тегишли ускуналарни, қайта ишлаш (ишлов бериш) учун берилган ашёларни, фойдаланилмай қолган материал қолдиғи ва пудратчининг ихтиёридаги бошқа мол-мулкни ушбу Кодекснинг 290 ва 291-моддаларига мувофиқ ушлаб қолиш ҳуқуқига эга.



640-модда. Ишни буюртмачининг материалидан фойдаланиб бажариш

Пудратчи буюртмачи берган материалдан тежаб-тергаб ва режали фойдаланиши, иш тугаганидан сўнг ишлатилган материал тўғрисида буюртмачига ҳисобот бериши, шунингдек унинг қолдиғини қайтариб бериши ёхуд ўз ихтиёридаги фойдаланилмай қолган материалнинг қийматини ҳисобга олиб, буюртмачининг розилиги билан ишнинг баҳосини камайтириши шарт.

Башарти пудратчи буюртмачи берган материални тегишли суратда қабул қилиб олаётганида ундаги камчиликларни аниқлаш мумкин бўлмаганлигини исбот қила олмаса, у буюртмачи берган материалнинг камчиликлари туфайли ишнинг лозим даражада бажарилмаганлиги учун жавобгар бўлади.


641-модда. Буюртмачи берган мол-мулкнинг сақланмаганлиги

учун пудратчининг жавобгарлиги

Пудрат шартномасини бажариш муносабати билан буюртмачи берган материал, ускуна, қайта ишлашга (ишлов беришга)топширилган ашё ва пудратчи ихтиёрига ўтган бошқа мол-мулк сақланмаганлиги учун пудратчи жавобгар бўлади.


642-модда. Пудратчи ишни бажараётган

вақтда буюртмачининг ҳуқуқлари

Буюртмачи пудратчининг фаолиятига аралашмаган ҳолда исталган вақтда ишнинг боришини ва сифатини текширишга ҳақли.

Агар пудратчи пудрат шартномасини бажаришга ўз вақтида киришмаса ёки ишни суст бажариши натижасида уни белгиланган муддатда тугатиш мумкин эмаслиги аниқ бўлиб қолса, буюртмачи шартномадан воз кечиб, етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли. Шу билан бирга агар иш кечиктириб бажариладиган бўлса, буюртмачи шартномага нисбатан ўз қизиқишини йўқотганлигини исбот қилиши лозим.

Агар ишни бажариш вақтида унинг тегишли даражада бажарилмаслиги аниқ бўлиб қолса, буюртмачи пудратчига камчиликларни йўқотиш учун оқилона муддат белгилашга ва бу талабни пудратчи белгиланган муддатда бажармаган тақдирда пудрат шартномасидан воз кечишга ёхуд бу камчиликларни пудратчи ҳисобидан тузатишни бошқа шахсга топширишга, шунингдек етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Агар пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, буюртмачи иш натижаси ўзига топширилгунга қадар истаган вақтда шартномадан воз кечиб, белгиланган баҳонинг буюртмачи шартномадан воз кечганлиги тўғрисидаги огоҳлантириш олингунга қадар бажарилган ишга мутаносиб қисмини тўлаши мумкин. Буюртмачи пудратчига шартноманинг бекор қилиниши туфайли етказилган зарарни ҳам бажарилган ишнинг баҳоси билан ҳамма иш учун белгиланган баҳо ўртасидаги фарқ доирасида тўлаши шарт.


643-модда. Пудратчи буюртмачини огоҳлантириб қўйиши

шарт бўлган ҳолатлар

Пудратчи қуйидагиларни аниқлаган тақдирда дарҳол буюртмачини огоҳлантириши ва ундан кўрсатмалар олгунга қадар ишни тўхтатиб туриши шарт:

буюртмачи берган материал, ускуналар, техник ҳужжатлар ёки қайта ишлаш (ишлов бериш) учун топширилган ашёнинг яроқсизлиги ёки сифатсизлигини;

буюртмачининг ишни бажариш усули тўғрисидаги кўрсатмаларини бажариш унинг учун ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигини;

пудратчига боғлиқ бўлмаган, бажарилаётган иш натижаларининг яроқлилиги ёки пишиқлигини хавф остига қўядиган ёхуд ишни белгиланган муддатда ниҳоясига етказиш мумкин бўлмайдиган қилиб қўядиган бошқа ҳолатларни.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар тўғрисида буюртмачини огоҳлантирмаган ёки огоҳлантиришга жавоб олиш учун шартномада кўрсатилган муддат ўтишини, бундай муддат кўрсатилмаган бўлса, оқилона муддат ўтишини кутмасдан ёхуд буюртмачи ишни тўхтатиб туриш тўғрисида ўз вақтида кўрсатма берган бўлишига қарамасдан ишни давом эттираверган пудратчи буюртмачи унга ёки пудратчи буюртмачига тегишли талаблар қўйганида мазкур ҳолатларни важ қилиб келтиришга ҳақли эмас.

Агар буюртмачи пудратчининг ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар тўғрисида ўз вақтида ва асосли огоҳлантирганига қарамасдан, оқилона муддатда яроқсиз ёки сифатсиз материални алмаштирмаса, ишни бажариш усули тўғрисидаги кўрсатмаларини ўзгартирмаса ёхуд ишнинг яроқлилиги ёки пишиқлигини хавф остига қўядиган ҳолатларни бартараф этиш учун зарур бўлган бошқа чораларни кўрмаса, пудратчи шартномани бажаришдан бош тортишга ва етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.


644-модда. Буюртмачининг пудрат шартномаси бўйича муқобил

мажбуриятларни бажармаслиги

Буюртмачи пудрат шартномаси бўйича ўзининг муқобил мажбуриятларини бажармаганлиги, хусусан материал, ускуналар, техник ҳужжатларни ёки қайта ишланиши (ишлов берилиши) керак бўлган ашёни бермаганлиги пудратчининг шартномани бажаришига тўсқинлик қилган ҳолларда, шунингдек мазкур мажбуриятлар белгиланган муддатда бажарилмаслигини яққол кўрсатиб турган ҳолатлар мавжуд бўлганида (ушбу Кодекснинг 256-моддаси) пудратчи ишга киришмасликка, бошланган ишни эса тўхтатиб қўйишга ҳақли.

Агар пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, пудратчи ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, шартномани бажаришдан бош тортишга ва зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли.


645-модда. Буюртмачининг ёрдами

Пудратчининг ишни бажаришига буюртмачи пудрат шартномасида назарда тутилган ҳолларда, ҳажмда ва тартибда ёрдам бериши шарт.

Буюртмачи бу мажбуриятни бажармаса, пудратчи кўрилган зарарни, шу жумладан бекор туриб қолганлик оқибатидаги қўшимча чиқимларни қоплашни ёки ишни бажариш муддатини ўзгартириш ёхуд пудрат шартномасида кўрсатилган иш баҳосини оширишни талаб қилишга ҳақли.

Буюртмачининг ҳаракати ёки йўл қўйган хатоси туфайли пудрат шартномаси бўйича ишни бажариш мумкин бўлмай қолган тақдирда, пудратчи ишнинг бажарилган қисмини ҳисобга олган ҳолда шартномада кўрсатилган баҳони олиш ҳуқуқини сақлаб қолади.



646-модда. Буюртмачининг бажарилган ишларни қабул қилиши

Буюртмачи бажарилган ишни (унинг натижасини) пудрат шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда пудратчи иштирокида кўриб чиқиши ва қабул қилиши, иш натижасини ёмонлаштирадиган даражада шартномадан чекиниш ёки бошқа камчиликлар аниқланган тақдирда эса, бу тўғрида пудратчига дарҳол маълум қилиши шарт.

Ишни қабул қилиш вақтида унинг камчиликларини аниқлаган буюртмачи бу камчиликлар ёхуд уларни тузатиш тўғрисида кейинчалик талаб қўйиш мумкинлиги далолатнома ёки қабул қилишни тасдиқловчи бошқа ҳужжатда кўрсатилган ҳоллардагина уларни важ қилиб келтиришга ҳақли.

Буюртмачи ишни текширмасдан қабул қилган бўлса, уни қабул қилишнинг оддий усулида аниқланиши мумкин бўлган камчиликлар (очиқ кўриниб турган камчиликлар)ни далил қилиб келтириш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Буюртмачи иш қабул қилиб олинганидан сўнг унда пудрат шартномасидан чекинишлар ёки ишни қабул қилишнинг оддий усулида аниқланиши мумкин бўлмаган бошқа хил камчиликлар (яширин камчиликлар)ни, шу жумладан, пудратчи қасддан яширган камчиликларни аниқласа, улар аниқланганидан сўнг ўн кунлик муддат ичида бу тўғрида пудратчига хабар қилиши шарт.

Буюртмачи билан пудратчи ўртасида бажарилган ишнинг камчиликлари ёки уларнинг сабаблари юзасидан низо келиб чиққан тақдирда, истаган тарафнинг талаби бўйича экспертиза тайинланиши керак. Экспертиза ўтказиш харажатлари пудратчи зиммасида бўлади, экспертиза пудрат шартномаси бузилмаганлигини ёки пудратчининг ҳаракатлари билан аниқланган камчиликлар ўртасида сабабий боғланиш йўқлигини аниқлаган ҳоллар бундан мустасно. Бундай ҳолларда экспертиза харажатларини экспертиза ўтказишни талаб қилган тараф, агар экспертиза тарафларнинг ўзаро келишуви билан тайинланган бўлса, иккала тараф тенг миқдорда тўлайди.

Агар пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, буюртмачи бажарилган ишни қабул қилишдан бош тортганида, пудратчи шартномага биноан иш натижаси буюртмачига топширилиши керак бўлган кундан бошлаб бир ой ўтгач ва шундан кейин буюртмачини икки марта огоҳлантирган ҳолда иш натижасини сотиб юборишга, тушган пулни эса, пудратчига тегишли ҳамма тўловларни чегириб ташлаб, нотариал идоранинг депозитига буюртмачининг номига киритиб қўйишга ҳақли. Пудратчи пудрат нарсасини сотиш ўрнига уни ушлаб туриш ёки келтирилган зарарни буюртмачидан ундириб олиш ҳуқуқидан фойдаланишга ҳақли.

Агар буюртмачининг бажарилган ишни қабул қилишдан бош тортиши ишни топшириш кечикиб кетишига сабаб бўлган бўлса, тайёрланган (қайта ишланган) ашёнинг тасодифан нобуд бўлиш хавфи ашё топширилиши лозим бўлган пайтда буюртмачига ўтган деб ҳисобланади.



647-модда. Ишнинг сифати

Пудратчи бажарган иш пудрат шартномасининг шартларига, шартлар бўлмаганида ёки тўлиқ бўлмаганида эса, одатда тегишли турдаги ишларга қўйиладиган талабларга мос келиши керак. Агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, бажарилган иш натижаси буюртмачига топшириш пайтида шартномада кўрсатилган ёки одатда қўйиладиган талаблар билан белгиланган хусусиятларга эга бўлиши ва оқилона муддат давомида шартномада назарда тутилганидек фойдаланиш учун, агар у шартномада белгиланган бўлмаса, бундай турдаги ишнинг натижасидан одатдагидек фойдаланиш учун яроқли бўлиши керак.

Агар қонун ҳужжатларида пудрат шартномаси бўйича бажариладиган ишга қўйиладиган мажбурий талаблар назарда тутилган бўлса, тадбиркор сифатида иш олиб бораётган пудратчи ишни бундай мажбурий талабларга амал қилган ҳолда бажариши шарт.

Пудратчи белгиланган мажбурий талабларга нисбатан сифат жиҳатидан бирмунча юқори талабларга жавоб берадиган ишни бажаришни пудрат шартномаси асосида ўз зиммасига олиши мумкин.



648-модда. Ишнинг сифатига кафолат бериш

Қонун ҳужжатларида ёки пудрат шартномасида пудратчи буюртмачига ишнинг сифатига кафолат бериши назарда тутилган бўлса, пудратчи бутун кафолат муддати давомида ушбу Кодекс 647-моддасининг биринчи қисми талабларига мос келадиган иш натижаларини буюртмачига топшириши шарт.

Агар пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ишлар натижасининг сифатига берилган кафолат ишнинг натижасини ташкил этувчи ҳамма нарсага тегишли бўлади.


649-модда. Кафолат муддатини ҳисоблаш тартиби

Агар пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафолат муддати буюртмачи бажарилган иш натижасини қабул қилган ёки қабул қилиши лозим бўлган пайтдан ўта бошлайди.

Агар қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ёхуд у пудрат шартномасининг хусусиятларидан келиб чиқмаса, пудрат шартномаси бўйича кафолат муддатини ҳисоблаш учун ушбу Кодекс 404-моддасининг иккинчи, учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларида кўрсатилган қоидалар тегишинча татбиқ этилади.


650-модда. Ишнинг сифати лозим даражада бўлмаганлиги

учун пудратчининг жавобгарлиги

Агар иш пудратчи томонидан пудрат шартномасидан четга чиққан ҳолда бажарилиб, иш натижасини ёмонлаштирган бўлса, ёки уни шартномада назарда тутилган мақсадлар учун ёхуд шартномада яроқсизлик ҳақида тегишли шартлар бўлмаган тақдирда, одатдаги мақсадлар учун фойдаланишга яроқсиз қилиб қўядиган бошқа камчиликлар билан бажарилган бўлса, буюртмачи, башарти қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ўз хоҳишига кўра пудратчидан:

камчиликларни оқилона муддатда бепул бартараф этишни;

иш учун белгиланган баҳони мутаносиб равишда камайтиришни;

шартномада буюртмачининг камчиликларни бартараф этиш ҳуқуқи назарда тутилган бўлса, уларни бартараф этишга қилган ўз харажатларини қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Пудратчи ишдаги ўзи жавобгар бўлган камчиликларни бартараф этиш ўрнига, буюртмачига шартномани бажаришни кечиктирганлик натижасида етказган зарарни қоплаган ҳолда ишни янгидан бепул бажариб беришга ҳақли. Бундай ҳолда буюртмачи илгари ўзига топширилган иш натижасини, агар ишнинг характерига кўра уни қайтариб бериш мумкин бўлса, пудратчига қайтариб бериши шарт.

Агар ишдаги пудрат шартномаси шартларидан четга чиқишлар ёки бошқа хил камчиликлар жиддий ва бартараф этиб бўлмайдиган даражада бўлса ёхуд аниқланган камчиликлар буюртмачи томонидан белгиланган оқилона муддатда бартараф этилмаган бўлса, буюртмачи шартномани бажаришдан бош тортишга ва келтирилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Пудрат шартномасининг муайян камчилик учун пудратчини жавобгарликдан озод қилиш тўғрисидаги шарти, агар бундай нуқсонлар пудратчининг айбли ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли вужудга келганлиги исботланса, пудратчини жавобгарликдан озод қилмайди.

Ишни бажариш учун материал берган пудратчи унинг сифати учун сотувчининг сифати лозим даражада бўлмаган товар учун жавобгарлиги тўғрисидаги қоидалар бўйича жавобгар бўлади.


651-модда. Иш натижасининг лозим даражада сифатли эмаслигини

аниқлаш муддатлари

Агар қонун ёки пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, буюртмачи ушбу моддада белгиланган муддатларда иш натижасининг лозим даражада сифатли эмаслигини аниқлаган тақдирда, ишнинг натижаси лозим даражада сифатли эмаслиги билан боғлиқ талабларни қўйишга ҳақли.

Иш натижасига кафолат муддати белгиланмаган ҳолларда иш натижаларидаги камчиликлар оқилона муддатда, бироқ иш натижаси топширилган кундан бошлаб икки йил мобайнида аниқланган тақдирда, агар қонунда, шартномада ёки иш муомаласи одатларида бошқа муддатлар белгиланган бўлмаса, буюртмачи иш натижасидаги камчиликлар билан боғлиқ талабларни қўйиши мумкин.

Буюртмачи кафолат муддати мобайнида аниқланган иш натижасидаги камчиликлар билан боғлиқ талабларни қўйишга ҳақли.

Шартномада назарда тутилган кафолат муддати икки йилдан кам бўлиб, буюртмачи иш натижасидаги камчиликларни кафолат муддати тамом бўлгач, бироқ ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган пайтдан эътиборан икки йил давомида аниқлаган ва бу камчиликлар иш натижаси ўзига топширилгунича ёки топшириш пайтига қадар юзага келган сабабларга кўра пайдо бўлганлигини исбот қилса, улар учун пудратчи жавобгар бўлади.

Агар пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафолат муддати бажарилган иш натижаси буюртмачи томонидан қабул қилиб олинган ёки қабул қилиб олиниши лозим бўлган пайтдан эътиборан ўта бошлайди.

Пудрат шартномаси бўйича кафолат муддатини ҳисоблашда, агар қонун ҳужжатларида, тарафлар ўртасидаги келишувда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ёки у пудрат шартномасининг хусусиятларидан келиб чиқмаса, ушбу Кодекс 404-моддаси иккинчи, учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларининг қоидалари тегишинча қўлланади.



652-модда. Иш сифатининг тегишли даражада эмаслиги хусусида

даъво қўзғатиш муддати

Иш сифатининг тегишли даражада эмаслиги туфайли келиб чиққан талаблар учун даъво қўзғатиш муддати ушбу Кодекс 150-моддасининг қоидаларига биноан белгиланади.

Агар қонун ҳужжатлари ёки пудрат шартномасида пудратчининг иш сифатига кафолат бериши назарда тутилган, кафолат муддати белгиланган ва ишдаги камчиликлар хусусидаги ариза кафолат муддатида берилган бўлса, даъво қўзғатиш муддати камчиликлар хусусида ариза берилган кундан эътиборан ўта бошлайди.

Агар пудрат шартномасига мувофиқ буюртмачи иш натижасини қисмларга бўлиб қабул қилган бўлса, даъво муддати иш натижаси бутунлай қабул қилиб олинган кундан эътиборан ўта бошлайди.


653-модда. Пудратчининг буюртмачига ахборот бериш мажбурияти

Агар шартномада назарда тутилган бўлса ёки ахборотнинг характеридан иш натижасидан пудрат шартномасида назарда тутилган мақсадларда ушбу ахборотсиз фойдаланиш мумкин эмаслиги англашилса, пудратчи буюртмачига ишнинг натижаси билан бирга пудрат шартномасининг нарсасини ишлатиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланишга тааллуқли бўлган ахборотни ҳам бериши шарт.



654-модда. Тарафлар олган ахборотнинг махфийлиги

Агар бир тараф пудрат шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажарганлиги туфайли иккинчи тарафдан янги ечимлар ва техникавий билимлар, жумладан ҳуқуқий муҳофаза қилинмайдиган ечим ва билимлар, шунингдек тижорат сири деб ҳисобланиши мумкин бўлган маълумотлар олса, у бу маълумотларни иккинчи тарафнинг розилигисиз учинчи шахсларга маълум қилишга ҳақли эмас. Бундай ахборотдан фойдаланиш тартиби ва шартлари тарафларнинг келишуви билан белгиланади.


655-модда. Буюртмачига материал

ва ускуналарни қайтариб бериш

Агар буюртмачи ушбу Кодекс 642-моддасининг тўртинчи қисмига ёки 650-моддасининг учинчи қисмига асосан пудрат шартномасини бажаришдан воз кечса, пудратчи буюртмачи томонидан берилган материалларни, ускуналарни, қайта ишлаш (ишлов бериш) учун берилган ашё ва бошқа мол-мулкни буюртмачига қайтариб бериши ёки буюртмачи кўрсатган шахсга топшириши, агар бунинг иложи бўлмаса - материаллар, ускуналар, ашё ва бошқа мол-мулкнинг қийматини тўлаши шарт.



2-§. МАИШИЙ ПУДРАТ


656-модда. Маиший пудрат шартномаси

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган пудратчи маиший пудрат шартномаси бўйича буюртмачи-фуқаронинг топшириғи билан унинг маиший ёхуд бошқа шахсий эҳтиёжларини қондиришга қаратилган маълум ишларни бажариш мажбуриятини, буюртмачи эса ишни қабул қилиш ва ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.

Агар қонун ҳужжатлари ёхуд шартномада, шу жумладан буюртмачи қўшилган формулярлар ёки бошқа стандарт шаклларнинг шартларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, пудратчи буюртмачига патта ёки буюртма қабул қилинганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатни берган пайтдан бошлаб маиший пудрат шартномаси тузилган ҳисобланади.

Мазкур ҳужжатларнинг буюртмачида бўлмаслиги, уни маиший пудрат шартномаси тузилганлигини ёки унинг шартларини тасдиқловчи гувоҳлар кўрсатмаларини важ қилиб келтириш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

Маиший пудрат шартномаси оммавий шартномалар жумласига киради.


657-модда. Буюртмачи ҳуқуқларининг кафолатлари

Пудратчи маиший пудрат шартномасига ҳақ эвазига бажариладиган қўшимча ишлар ёки хизматларни киритишга буюртмачини мажбур қилишга ҳақли эмас. Бу талаб бузилган тақдирда, буюртмачи тегишли иш ёки хизматга ҳақ тўлашдан бош тортишга ҳақли.

Буюртмачи иш унга топширилгунча истаган вақтда белгиланган ҳақнинг у пудрат шартномасини бажаришдан воз кечганлиги тўғрисидаги билдиришни пудратчи олгунга қадар бажарилган ишга мутаносиб қисмини ва шартномани бажариш мақсадида шу пайтгача қилинган харажатларни пудратчига тўлаб, агар бу харажатлар иш учун тўланадиган ҳақнинг кўрсатиб ўтилган қисмига кирмаса, маиший буюртма шартномасини бажаришдан воз кечишга ҳақли. Шартноманинг буюртмачини бундай ҳуқуқдан маҳрум қилувчи шартлари ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.



658-модда. Таклиф этилаётган иш тўғрисида буюртмачига ахборот бериш

Маиший пудрат шартномаси тузилгунига қадар пудратчи таклиф қилинаётган иш, унинг турлари ва хусусиятлари, баҳоси, ҳақ тўлаш шакли тўғрисида буюртмачига зарур ва ишонарли ахборотни топшириши, шунингдек буюртмачининг илтимосига биноан шартномага ва тегишли ишга доир маълумотларни унга бериши шарт. Агар ишнинг хусусияти бўйича аҳамияти бўлса, пудратчи уни бажарадиган аниқ шахсни кўрсатиши керак.

Пудратчидан олинган ахборотнинг тўлиқ ёки ишончли бўлмаганлиги оқибатида буюртмачи назарда тутган хусусиятларга эга бўлмаган ишни бажариш тўғрисида шартнома тузилган бўлса, буюртмачи бажарилган ишга ҳақ тўламаган ҳолда маиший пудрат шартномасини бекор қилишни ва етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.


659-модда. Бажарилган ишдан фойдаланиш шартлари тўғрисида

буюртмачини огоҳлантириш

Пудратчи буюртмачига ишни топшириш вақтида иш натижасидан самарали ва хавфсиз фойдаланиш учун риоя этилиши зарур бўлган талабларни, шунингдек тегишли талабларга риоя қилмаслик буюртмачининг шахсан ўзи ва бошқа шахслар учун қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини маълум қилиши шарт.


660-модда. Ишни пудратчининг материалидан фойдаланиб бажариш

Агар маиший пудрат шартномаси бўйича иш пудратчининг материалидан фойдаланиб бажарилса, буюртмачи материал ҳақининг ҳаммасини шартнома тузиш вақтида тўлайди ёки унинг шартномада кўрсатилган қисми тўланиб, пудратчи бажарган ишни буюртмачи қабул қилиб олаётганида тўла ҳисоб-китоб қилинади.

Маиший пудрат шартномасига биноан материал пудратчи томонидан насияга берилиши, шу жумладан буюртмачи томонидан материалнинг ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан ҳам берилиши мумкин.

Пудратчи томонидан берилган материал баҳосининг маиший пудрат шартномаси тузилганидан сўнг ўзгариши қайта ҳисоб-китоб қилишга сабаб бўлмайди.



661-модда. Ишни буюртмачининг материалидан фойдаланиб бажариш

Агар маиший пудрат шартномаси бўйича иш буюртмачининг материалидан фойдаланиб бажарилса, шартнома тузилаётганда буюртмачига пудратчи томонидан бериладиган паттада ёки бошқа ҳужжатда материалнинг аниқ номи, таърифи ва тарафларнинг келишуви бўйича белгиланадиган баҳоси кўрсатилиши керак. Патта ёки шунга ўхшаш бошқа ҳужжатдаги материалнинг баҳоси хусусида буюртмачи кейинчалик судда низолашиши мумкин.


662-модда. Ишнинг баҳоси ва уни тўлаш

Маиший пудрат шартномасида ишнинг баҳоси тарафларнинг келишуви билан белгиланади ва у пудратчи эълон қилган прейскурантда кўрсатилганидан юқори бўлиши мумкин эмас. Пудратчи ишни бутунлай топширганидан сўнг буюртмачи унга ҳақ тўлайди. Тарафларнинг келишувига мувофиқ буюртмачи шартнома тузилаётганда иш учун ҳақни тўлиқ ёки бўнак бериш йўли билан тўлаши мумкин.


663-модда. Бажарилган ишда камчиликлар

борлигини аниқлаш оқибатлари

Буюртмачи иш натижасини қабул қилиб олаётган ёки пудрат нарсасидан фойдаланаётган пайтда камчиликларни аниқласа, ушбу Кодекснинг 650-моддасида назарда тутилган ҳуқуқларидан бирини ушбу Кодекс 652-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган умумий муддат давомида, кафолат муддати бўлганида эса, шу муддат давомида амалга ошириши мумкин.

Маиший пудрат шартномаси бўйича бажарилган ишнинг буюртмачининг ўзи ва бошқа шахслар ҳаётига ёки соғлиғига хавф туғдириши мумкин бўлган камчиликларини текин бартараф этиш тўғрисидаги талаб, агар қонунда белгиланган тартибда узоқроқ муддат (хизмат муддати) назарда тутилган бўлмаса, буюртмачи ёки унинг қонуний вориси томонидан иш натижаси қабул қилиб олинган пайтдан бошлаб ўн йил давомида қўйилиши мумкин. Бундай талаб ушбу камчиликлар қачон аниқланганлигидан қатъи назар, шу жумладан улар кафолат муддати тугагандан сўнг аниқланган бўлса ҳам, қўйилиши мумкин. Мазкур талаб пудратчи томонидан бажарилмаса, буюртмачи юқорида кўрсатилган муддат давомида ё иш учун тўланган ҳақнинг тегишли қисмини қайтаришни ёхуд ўз кучи билан ёки учинчи шахслар ёрдамида камчиликларни бартараф этиш билан боғлиқ харажатларини қоплашни талаб қилишга ҳақли.


664-модда. Буюртмачи иш натижасини қабул қилиш учун

келмаслигининг оқибатлари

Буюртмачи бажарилган иш натижасини қабул қилиш учун келмаган ёки ишни қабул қилишдан бошқача тарзда бўйин товлаган тақдирда, пудратчи буюртмачини ёзма равишда огоҳлантириб, бундай огоҳлантиришдан кейин икки ой ўтгач, ишнинг натижасини оқилона нархда сотишга, тушган пулни эса, ундан ўзига тегишли бўлган бутун тўловларни чегириб қолиб, ушбу Кодекснинг 249-моддасига мувофиқ буюртмачининг номига депозитга ўтказишга ҳақли.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолларда пудратчи иш натижасини сотиш ўрнига уни ушлаб туриш ёки келтирилган зарарни буюртмачидан ундириб олиш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.


665-модда. Маиший пудрат шартномаси бўйича иш тегишли

даражада ёки умуман бажарилмаган тақдирда буюртмачининг

ҳуқуқлари

Маиший пудрат шартномаси бўйича иш тегишли даражада ёки умуман бажарилмаган тақдирда буюртмачи ушбу Кодекснинг 434-436-моддаларига мувофиқ сотиб олувчига берилган ҳуқуқлардан фойдаланиши мумкин.


3-§. ҚУРИЛИШ ПУДРАТИ


666-модда. Қурилиш пудрати шартномаси

Қурилиш пудрати шартномаси бўйича пудратчи шартномада белгиланган муддатда буюртмачининг топшириғи билан муайян объектни қуриш ёки бошқа қурилиш ишини бажариш мажбуриятини олади, буюртмачи эса пудратчига ишни бажариш учун зарур шароит яратиб бериш, ишни қабул қилиш ва келишилган ҳақни тўлаш мажбуриятини олади.

Қурилиш пудрати шартномаси корхонани, бинони (жумладан уй-жой биносини) иншоотни ёки бошқа объектни қуриш ёки қайта қуриш ҳақида, шунингдек монтаж, созлаш-ишга тушириш ва қурилаётган объект билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа ишларни бажариш ҳақида тузилади. Қурилиш пудрати шартномаси тўғрисидаги қоидалар, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, бино ва иншоотларни капитал таъмирлаш ишларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Қурилиш пудрати шартномасида назарда тутилган ҳолларда объектни буюртмачи қабул қилиб олганидан кейин уни шартномада кўрсатилган муддатда ишлатишни таъминлаш мажбуриятини пудратчи ўз зиммасига олади.

Тугалланмаган қурилишнинг мулкдори у буюртмачига топширилгунча ва унинг ҳақи тўлангунча пудратчи ҳисобланади.



667-модда. Пудрат объектининг тасодифан нобуд бўлиш ёки

тасодифан шикастланиш хавфи

Агар пудрат объекти нобуд бўлса ёки шикастланса, объект қабул қилиб олингунга қадар унинг тасодифан нобуд бўлиш ёки тасодифан шикастланиш хавфи пудратчи зиммасида бўлади.


668-модда. Бажарилаётган ишларнинг хавфсизлиги учун жавобгарлик

Бажарилаётган ишларнинг хавфсизлиги учун пудратчи жавобгар бўлади.


669-модда. Қурилиш объектини суғурталаш

Агар шартномада тарафлар бошқача тартиб ва шартларни белгилаб қўйган бўлмасалар, шартномада назарда тутилган объектни ёки ишлар мажмуини пудратчи ўз ҳисобидан суғурталаши шарт.

Суғурталаш мажбурияти юклатилган тараф қурилиш пудрати шартномасида назарда тутилган тартибда иккинчи тарафга шартнома шартларига мувофиқ суғурта шартномаси тузганини тасдиқловчи далилларни, шу жумладан суғурта қилувчи, суғурта суммаси миқдори ва суғурталанган таваккалчиликлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилиши керак.

Суғурталаш тегишли тарафни суғурта ҳодисаси юз беришининг олдини олиш чора-тадбирларини кўриш мажбуриятидан озод қилмайди.


670-модда. Лойиҳа-смета ҳужжатлари

Пудратчи қурилиш ва у билан боғлиқ бўлган ишларни ишнинг ҳажми, мазмуни ва уларга қўйиладиган бошқа талабларни белгилайдиган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириши шарт.

Қурилиш пудрати шартномасида бошқа кўрсатмалар бўлмаса, пудратчи лойиҳа-смета ҳужжатларида кўрсатилган ҳамма ишларни бажариши шарт, деб тахмин қилинади.

Қурилиш пудрати шартномасида лойиҳа-смета ҳужжатларининг таркиби ва мазмуни аниқланган, шунингдек қайси тараф ва қанча муддатда тегишли ҳужжатларни тақдим қилиши лозимлиги назарда тутилган бўлиши керак.

Пудратчи қурилиш давомида лойиҳа-смета ҳужжатларида ҳисобга олинмаган ишларни ва шу муносабат билан қўшимча ишларни бажариш ва қурилишнинг смета қийматини ошириш зарурлигини аниқласа, бу тўғрида буюртмачига хабар бериши шарт.

Пудратчи буюртмачидан ўн кун ичида ўз хабарига жавоб олмаган тақдирда, агар қонунда ёки қурилиш пудрати шартномасида бунинг учун бошқа муддат назарда тутилган бўлмаса, тегишли ишларни тўхтатиб, бекор туриб қолиш натижасида кўрилган зарарни буюртмачининг зиммасига юклаши шарт. Агар буюртмачи қўшимча иш бажариш зарурати йўқлигини исботласа, бу зарарни қоплашдан озод этилади.

Ушбу модданинг тўртинчи ва бешинчи қисмларида белгиланган мажбуриятларни бажармаган пудратчи, агар буюртмачининг манфаатини кўзлаб, хусусан ишнинг тўхтатилиши қурилиш объектининг нобуд бўлишига ёки шикастланишига олиб келиши мумкин бўлганлиги муносабати билан дарҳол ҳаракат қилиш зарур бўлганлигини исботлай олмаса, у бажарган қўшимча иши учун буюртмачидан ҳақ тўлашни ва шу туфайли кўрилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Қўшимча иш бажариш ва унга ҳақ тўлашга буюртмачи рози бўлса, бу ишлар пудратчининг касб фаолияти соҳасига кирмайдиган ёки у ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра уларни бажара олмаган ҳоллардагина пудратчи мазкур ишларни бажаришдан бош тортишга ҳақли.


671-модда. Лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш

Агар техник ҳужжатларга ўзгартишлар киритиш туфайли бажарилиши керак бўладиган қўшимча ишлар қиймати жиҳатидан сметада кўрсатилган қурилиш умумий қийматининг ўн фоизидан ошиб кетмаса ва қурилиш пудрати шартномасида назарда тутилган ишларнинг хусусиятини ўзгартирмаса, буюртмачи техник ҳужжатларга ўзгартишлар киритишга ҳақли.

Техник ҳужжатларга ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилганига нисбатан каттароқ ҳажмда ўзгартишлар киритиш тарафлар келишган қўшимча смета асосида амалга оширилади.

Агар ишнинг қиймати пудратчига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра сметадан камида ўн фоиз ошган бўлса, пудратчи ушбу Кодекснинг 382-моддасига мувофиқ сметани қайта кўриб чиқишни талаб қилишга ҳақли.

Пудратчи лойиҳа-смета ҳужжатларидаги камчиликларни аниқлаш ва йўқотиш билан боғлиқ оқилона харажатларни қоплашни талаб қилишга ҳақли.



672-модда. Қурилишни материаллар ва ускуналар билан таъминлаш

Агар шартномада бутун қурилишни ёки унинг муайян қисмини моддий таъминлаш буюртмачи томонидан амалга оширилиши назарда тутилган бўлмаса, қурилишни материаллар, шу жумладан деталлар ва конструкциялар, шунингдек ускуналар билан таъминлаш мажбурияти пудратчи зиммасида бўлади.

Қурилишни таъминлаш мажбуриятини зиммасига олган тараф ўзи топширган материаллар (деталлар, конструкциялар)дан, шунингдек ускуналардан бажарилаётган ишлар сифатини ёмонлаштирмаган ҳолда фойдаланиб бўлмаслиги вужудга келганлиги учун, агар фойдаланиб бўлмаслик иккинчи тараф жавоб берадиган вазиятлар туфайли вужудга келганлигини исбот қилмаса, жавобгар бўлади.

Буюртмачи берган материаллар ёки ускуналардан бажарилаётган ишлар сифатини ёмонлаштирмаган ҳолда фойдаланиш мумкин эмаслиги аниқланган ва буюртмачи уларни алмаштиришдан бош тортган тақдирда, пудратчи қурилиш пудрати шартномасидан воз кечишга ва буюртмачидан ишнинг бажарилган қисмига мутаносиб равишда шартнома нархини тўлашни талаб қилишга ҳақли.



673-модда. Ишга ҳақ тўлаш

Буюртмачи пудратчининг бажарган иши учун сметада назарда тутилган миқдорда, қонун ёки қурилиш пудрати шартномасида белгиланган муддатда ва тартибда ҳақ тўлайди. Қонун ёки шартномада тегишли кўрсатмалар бўлмаса, пудратчи томонидан бажарилган ишлар учун ушбу Кодекснинг 638-моддасига мувофиқ ҳақ тўланади.

Қурилиш пудрати шартномасида ишларга объект буюртмачи томонидан қабул қилинганидан сўнг бир йўла ва тўлиқ ҳажмда ҳақ тўлаш назарда тутилиши мумкин.


674-модда. Қурилиш учун ер участкаси бериш

Буюртмачи қурилиш учун ер участкасини қурилиш пудрати шартномасида кўрсатилган катталикда ва ҳолатда ўз вақтида бериши шарт. Шартномада булар кўрсатилган бўлмаса, ер участкасининг майдони ва ҳолати ишнинг ўз вақтида бошланиши, нормал олиб борилиши ва муддатида тугалланишини таъминлаши шарт.


675-модда. Қурилиш пудрати шартномасидаги буюртмачининг

қўшимча мажбуриятлари

Буюртмачи қурилиш пудрати шартномасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда пудратчига ишларни бажариш учун зарур бўлган бино ва иншоотларни фойдаланишга бериши, унинг манзилига юкларнинг ташиб берилишини, вақтинчалик электр таъминоти тармоқлари, сув ва буғ қувурлари ўтказилишини таъминлаши ва бошқа хизматлар кўрсатиши шарт.


676-модда. Буюртмачининг қурилиш пудрати шартномаси бўйича

ишларнинг бажарилишини текшириши ва назорат қилиши

Буюртмачи, пудратчининг оператив-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда, ишларнинг бажарилишини ва сифатини, уларни бажариш муддатларига (графикка) риоя этилишини, пудратчи берган материалларнинг сифатини, шунингдек буюртмачининг материалидан пудратчи тўғри фойдаланаётганлигини текширишга ва назорат қилишга ҳақли.

Буюртмачи ишларнинг бажарилиши устидан текширув ва назоратни амалга ошираётганда қурилиш пудрати шартномаси шартларидан ишлар сифатини ёмонлаштириши мумкин бўлган даражада чекинишни ёки бошқа камчиликларни аниқласа, бу тўғрида дарҳол пудратчига хабар бериши шарт. Буни хабар қилмаган буюртмачи аниқланган камчиликларни кейинчалик важ қилиб келтириш ҳуқуқини йўқотади.

Агар пудратчи буюртмачидан қурилиш жараёнида олган кўрсатмалар қурилиш пудрати шартномаси шартларига зид бўлмаса ва пудратчининг оператив-хўжалик фаолиятига аралашишдан иборат бўлмаса, пудратчи бундай кўрсатмаларни бажариши шарт.

Ишни тегишли даражада бажармаган пудратчи буюртмачининг бу ишларни текширмагани ва назорат қилмаганини важ қилиб келтиришга ҳақли эмас, қонун ҳужжатларида бундай текшириш ва назоратни амалга ошириш буюртмачининг зиммасига юкланган ҳоллар бундан мустасно.



677-модда. Қурилиш пудрати шартномасидаги тарафларнинг

ҳамкорлик қилиши

Агар қурилишни ва у билан боғлиқ ишларни амалга оширишда қурилиш пудрати шартномасини тегишли даражада бажаришга тўсиқлар борлиги маълум бўлса, тарафларнинг ҳар бири бундай тўсиқларни бартараф этиш учун ўзига боғлиқ бўлган ҳамма чораларни кўриши шарт. Ушбу мажбуриятни бажармаган тараф тегишли тўсиқлар бартараф этилмаганлиги туфайли етказилган зарарни ундириб олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Қурилиш пудрати шартномасида назарда тутилган ҳолларда бир тараф ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган мажбуриятларни бажариш учун қилган харажатларни бошқа тараф тўлаши лозим.


678-модда. Пудратчининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва

қурилиш ишларини хавфсиз олиб бориш мажбуриятлари

Пудратчи қурилиш ва у билан боғлиқ ишларни амалга ошираётган вақтда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қурилиш ишларини хавфсиз олиб боришга доир қонун ҳужжатларининг талабларига риоя этиши шарт ва бундай талаблар бузилганлиги учун учинчи шахслар олдида жавобгар бўлади.

Агар буюртмачи берган материаллар (деталлар, конструкциялар)дан ва ускуналардан ишни бажариш жараёнида фойдаланиш ёки унинг кўрсатмаларини бажариш атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қурилиш ишларини хавфсиз олиб бориш тўғрисидаги тарафлар учун мажбурий бўлган талабларнинг бузилишига олиб келса, пудратчи бу материаллар ва ускуналардан фойдаланишга, кўрсатмаларни бажаришга ҳақли эмас.


679-модда. Қурилиш консервация қилинганда буюртмачининг

мажбуриятлари

Агар тарафларга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра қурилиш пудрати шартномаси бўйича ишлар тўхтатилган бўлса ва қурилиш объекти консервация қилинган бўлса, буюртмачи пудратчига консервация қилинган пайтга қадар бажарилган ишлар ҳақининг ҳаммасини тўлаши, шунингдек ишларни тўхтатиш ва қурилишни консервация қилиш зарурияти туфайли қилинган харажатларни тўлаши шарт.


680-модда. Ишларни топшириш ва қабул қилиб олиш

Пудратчидан қурилиш пудрати шартномаси бўйича бажарилган ишлар натижаси ёки, агар шартномада назарда тутилган бўлса, ишларнинг бажарилган босқичи топширишга тайёр эканлиги тўғрисида хабар олган буюртмачи дарҳол уни қабул қилиб олишга киришиши шарт.

Агар қурилиш пудрати шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, буюртмачи ишлар натижасини қабул қилиб олишни ўз ҳисобидан ташкил этади ва амалга оширади. Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ишларни қабул қилиб олишда давлат органларининг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари иштирок этиши лозим.

Ишларнинг алоҳида босқичларини олдиндан қабул қилиб олган буюртмачи уларнинг пудратчи айбдор бўлмаган ҳолда нобуд бўлиш ёки шикастланиш хавфини, шу жумладан қурилиш пудрати шартномасида ишнинг пудратчи томонидан таваккал қилиб бажарилиши назарда тутилган ҳолларда ҳам, ўз зиммасига олади.

Ишлар натижасининг пудратчи томонидан топширилиши ва буюртмачи томонидан қабул қилиб олиниши иккала тараф имзолаган далолатнома билан расмийлаштирилади. Тарафлардан бири далолатномани имзолашдан бош тортса, бу тўғрида ушбу далолатномага ёзиб қўйилади ва далолатномани иккинчи тараф имзолайди.

Суд далолатномани имзолашдан бош тортиш сабабларини асосли деб топсагина, ишлар натижасини топшириш ёки қабул қилишнинг бир тарафлама далолатномасини ҳақиқий эмас деб топиши мумкин.

Қонунда ёки қурилиш пудрати шартномасида назарда тутилган ёки шартнома юзасидан бажариладиган ишнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолларда иш натижасини қабул қилиб олишдан олдин дастлабки синов ўтказилиши керак. Бундай ҳолларда ишлар фақат дастлабки синов ижобий натижа бергандагина қабул қилиб олиниши мумкин.

Бажарилган ишда ундан қурилиш пудрати шартномасида кўрсатилган мақсадда фойдаланиш имкониятини бермайдиган камчиликлар борлиги аниқланган ва уларни пудратчи, буюртмачи ёки учинчи шахс бартараф этиши мумкин бўлмаган тақдирда, буюртмачи ишлар натижасини қабул қилиб олишдан бош тортишга ҳақли.



681-модда. Ишнинг сифати учун пудратчининг жавобгарлиги

Пудратчи қурилиш пудрати шартномасида, техникавий лойиҳада ва тарафлар учун мажбурий бўлган қурилиш нормалари ва қоидаларида назарда тутилган талаблардан чекинишга йўл қўйилганлиги, шунингдек қурилиш объектининг лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган кўрсаткичларига, жумладан корхонанинг ишлаб чиқариш қувватига эришилмаганлиги учун буюртмачи олдида жавобгар бўлади.

Бино ёки иншоот реконструкция қилинганида (янгиланган, қайта қурилган, реставрация қилинганида ва ҳоказо) бинонинг, иншоотнинг ёки унинг бир қисмининг мустаҳкамлиги, барқарорлиги, ишончлилиги пасайгани ёки йўқолгани учун жавобгарлик пудратчи зиммасига юкланади.

Пудратчи буюртмачининг розилигисиз лойиҳа ҳужжатларидан буюртмачининг жиддий манфаатларига таъсир қилмайдиган тарзда озгина четга чиқиш ҳолларига йўл қўйганлиги учун, башарти бу ҳол қурилишнинг сифатига таъсир этмаганлигини исботлаб бера олса, жавобгар бўлмайди.


682-модда. Қурилиш пудрати шартномасида сифат кафолатлари

Агар қурилиш пудрати шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, пудратчи қурилиш объектининг лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган кўрсаткичларга эришишини ва объектни кафолат муддати давомида шартномага мувофиқ ҳолда ишлатиш мумкинлигини кафолатлайди. Агар қонунда ёки шартномада бошқача кафолат муддати назарда тутилган бўлмаса, кафолат муддати объект буюртмачи томондан қабул қилинган кундан бошлаб ўн йилни ташкил этади.

Агар пудратчи кафолат муддати давомида аниқланган камчиликлар (нуқсонлар) объектнинг ёки унинг қисмларининг нормал эскириши, унинг нотўғри ишлатилиши ёхуд буюртмачининг ўзи ёки у жалб қилган учинчи шахслар ишлаб чиққан қўлланманинг нотўғрилиги, объектни буюртмачининг ўзи ёки у жалб қилган учинчи шахслар тегишли даражада таъмирламаганлиги оқибатида вужудга келганлигини исботлай олмаса, бу камчиликлар учун жавобгар бўлади.

Кафолат муддати пудратчи жавобгар бўлган камчиликлар натижасида объектдан фойдаланиш мумкин бўлмаган бутун вақтга тўхтатиб турилади.

Кафолат муддати давомида ушбу Кодекс 681-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган камчиликлар аниқланган тақдирда, буюртмачи камчиликлар аниқлангандан кейинги оқилона муддат давомида улар ҳақида пудратчини хабардор қилиши керак.



683-модда. Камчиликларни буюртмачи ҳисобидан бартараф қилиш

Қурилиш пудрати шартномасида пудратчининг у жавобгар бўлмаган камчиликларни буюртмачининг талаби бўйича ва буюртмачи ҳисобидан бартараф қилиш мажбурияти назарда тутилиши мумкин.

Камчиликларни бартараф қилиш иши қурилиш пудрати шартномасининг нарсасига бевосита боғлиқ бўлмаган ёки бу ишни пудратчи ўзига алоқаси йўқ сабабларга кўра бажара олмайдиган ҳолларда пудратчи ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган мажбуриятни бажаришдан бош тортишга ҳақли.



684-модда. Ер участкасининг ипотекаси

Буюртмачининг қурилиш пудрати шартномаси бўйича ўз зиммасига олган ҳар қандай мажбуриятларни бажариши, шу жумладан бажарилган ишлар ҳақини тўлаши, шартномада назарда тутилган ҳолларда пудрат нарсасини ушлаб қолиш билан бир қаторда қурилиш ёки унга боғлиқ ишлар олиб борилаётган ер участкасининг ипотекаси билан ҳам таъминланиши мумкин.


685-модда. Қурилиш пудратини ҳуқуқий

жиҳатдан тартибга солиш

Қурилиш пудрати шартномаси билан боғлиқ муносабатлар ушбу Кодекс билан бир қаторда қурилиш пудрати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солиниши мумкин.


4-§. ЛОЙИҲА ВА ҚИДИРУВ ИШЛАРИ ПУДРАТИ


686-модда. Лойиҳа ва қидирув ишлари пудрат шартномаси

Лойиҳа ва қидирув ишлари пудрат шартномаси бўйича пудратчи (лойиҳаловчи, қидирувчи) буюртмачининг топшириғи бўйича белгиланган муддатда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва (ёки) қидирув ишларини бажариш мажбуриятини, буюртмачи эса уни қабул қилиб олиш ва ҳақ тўлаш мажбуриятини олади.

Агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, лойиҳа ва қидирув ишлари шартномасини тасодифан бажариш мумкин бўлмаслиги хавфи буюртмачининг зиммасига тушади.



687-модда. Лойиҳа ва қидирув ишлари учун бошланғич маълумотлар

Лойиҳа ва қидирув ишлари пудрат шартномаси бўйича буюртмачи пудратчига лойиҳалаш ҳақида топшириқ, шунингдек лойиҳа-смета ҳужжатларини тузиш учун зарур бўлган бошқа бошланғич маълумотларни бериши шарт. Лойиҳалаш ҳақидаги вазифани буюртмачининг топшириғи бўйича пудратчи тайёрлаши мумкин. Бу ҳолда вазифа буюртмачи томонидан тасдиқланган пайтдан бошлаб тарафлар учун мажбурий бўлиб қолади.

Пудратчи лойиҳа ва қидирув ишларини бажариш учун топшириқдаги ва бошқа бошланғич маълумотлардаги талабларга риоя қилиши шарт ва буюртмачининг розилиги билангина улардан четга чиқишга ҳақли.



688-модда. Буюртмачининг мажбуриятлари

Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, буюртмачи лойиҳа ва қидирув ишлари пудрат шартномаси бўйича қуйидагиларни бажариши:

барча ишлар бажариб бўлинганидан кейин белгиланган нархнинг ҳаммасини пудратчига тўлаши ёки ишларнинг айрим босқичлари тугалланганидан кейин нархнинг тегишли қисмини тўлаши;

пудратчидан олинган лойиҳа-смета ҳужжатларидан фақат шартномада назарда тутилган мақсадларда фойдаланиши, лойиҳа-смета ҳужжатларини пудратчининг розилигисиз учинчи шахсларга бермаслиги ва ундаги маълумотларни ошкор қилмаслиги;

лойиҳа ва қидирув ишларини бажаришда шартномада назарда тутилган ҳажмда ва шартларда пудратчига хизмат кўрсатиши;

тайёр бўлган лойиҳа-смета ҳужжатларини тегишли давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан келишиб олишда пудратчи билан бирга қатнашиши;

пудратчига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар туфайли лойиҳа ва қидирув ишларини бажариш учун бошланғич маълумотлар ўзгариши билан боғлиқ қўшимча харажатларни пудратчига тўлаши;

тайёрланган лойиҳа-смета ҳужжатларининг ёки бажарилган қидирув ишларининг камчиликлари борлиги муносабати билан учинчи шахс томонидан буюртмачига нисбатан қўзғатилган даъво юзасидан ишда қатнашишга пудратчини жалб қилиши шарт.



689-модда. Пудратчининг мажбуриятлари

Лойиҳа ва қидирув ишлари пудрат шартномасига мувофиқ пудратчи:

ишларни лойиҳалаш ҳақидаги топшириқ ва бошқа бошланғич маълумотларга мувофиқ бажариши;

тайёр бўлган лойиҳа-смета ҳужжатларини буюртмачи билан келишиб олиши, шунингдек, буюртмачи билан бирга тегишли давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан келишиб олиши;

тайёр бўлган лойиҳа-смета ҳужжатларини ва қидирув ишлари натижаларини шартномада белгиланган муддатларда буюртмачига топшириши;

буюртмачининг розилигисиз лойиҳа-смета ҳужжатларини учинчи шахсларга бермаслиги шарт.



690-модда. Пудратчининг кафолатлари

Лойиҳа ва қидирув ишлари пудрат шартномаси бўйича пудратчи учинчи шахсларда пудратчи томонидан тайёрланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида ишларни бажаришга қаршилик қилиш ёки бажаришни чеклаш ҳуқуқи йўқлигини кафолатлайди.



691-модда. Пудратчининг ҳужжатлар ва ишлардаги камчиликлар

учун жавобгарлиги

Лойиҳа ва қидирув ишлари пудрат шартномаси бўйича пудратчи лойиҳа-смета ҳужжатлари ва қидирув ишларидаги камчиликлар учун, шу жумладан кейинчалик қурилиш жараёнида, шунингдек тайёрланган лойиҳа-смета ҳужжатлари ва бажарилган қидирув ишлари маълумотлари асосида барпо этилган объектни ишлатиш жараёнида аниқланган камчиликлар учун жавобгар бўлади.

Лойиҳа-смета ҳужжатларида ёки қидирув ишларида камчиликлар аниқланган тақдирда пудратчи буюртмачининг талаби билан лойиҳа-смета ҳужжатларини бепул қайта ишлаб чиқиши ва шунга мувофиқ зарур қўшимча қидирув ишларини бажариши, шунингдек, агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, келтирилган зарарни буюртмачига тўлаши шарт.


692-модда. Лойиҳа ва қидирув ишлари пудратини

ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш

Лойиҳа ва қидирув ишлари пудрат шартномаси асосидаги муносабатлар ушбу Кодекс билан, шунингдек лойиҳа ва қидирув ишлари пудрати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.


5-§. ИЛМИЙ-ТЕКШИРИШ, ТАЖРИБА-КОНСТРУКТОРЛИК

ВА ТЕХНОЛОГИЯ ИШЛАРИ ПУДРАТИ


693-модда. Илмий-текшириш, тажриба-конструкторлик ва

технология ишлари пудрат шартномалари

Илмий-текшириш ишлари пудрат шартномаси бўйича пудратчи (ижрочи) буюртмачи берган вазифада кўрсатилган илмий текширишларни амалга ошириш, тажриба-конструкторлик ва технология ишлари пудрат шартномаси бўйича эса - янги буюм намунасини, унга тегишли конструкторлик ҳужжатларини, янги технологияни ишлаб чиқиш ёки намуна нусхасини тайёрлаш мажбуриятини олади. Бунда буюртмачи пудратчига (ижрочига) техникавий топшириқ бериш, ишни қабул қилиб олиш ва унинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.

Пудратчи билан тузилган шартнома тадқиқот олиб бориш, намуналар ишлаб чиқиш ва тайёрлашнинг бутун жараёнини ҳам, уларнинг айрим босқичларини (элементларини) ҳам қамраб олиши мумкин.


694-модда. Ишларни бажариш

Пудратчи илмий текширишларни шахсан ўзи олиб бориши шарт. Агар илмий-текшириш ишлари пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, у буюртмачининг розилиги билан шартномани бажаришга учинчи шахсларни жалб қилишга ҳақли.

Пудратчи тажриба-конструкторлик ва технология ишларини бажарган вақтида, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, уни бажаришга учинчи шахсларни ёрдамчи пудратчи сифатида жалб қилишга ҳақли. Ижрочи билан учинчи шахслар ўртасидаги муносабатларга ушбу Кодекснинг 634-моддасида назарда тутилган қоидалар қўлланади.



695-модда. Шартнома тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлиги

Агар илмий-текшириш ишлари ёхуд тажриба-конструкторлик ва технология ишлари пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, тарафлар шартнома нарсасига, уни бажариш жараёни ва олинган натижаларга доир маълумотларнинг махфийлигини таъминлашлари шарт. Махфий деб ҳисобланадиган маълумотлар ҳажми шартномада белгилаб қўйилади. Пудратчи буюртмачининг ёзма розилиги билан мазкур шартномалар бўйича бажарилган ишларнинг натижаларини патентлашга ҳақли.


696-модда. Иш натижаларига тарафларнинг ҳуқуқлари

Илмий-текшириш, тажриба-конструкторлик ва технология ишлари пудрат шартномаларидаги тарафлар иш натижаларидан, шу жумладан ҳуқуқий муҳофазага лойиқ натижалардан шартномада назарда тутилган доирада ва шартларда фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, буюртмачи ўзига пудратчи томонидан берилган иш натижаларидан, шу жумладан ҳуқуқий муҳофазага лойиқ натижалардан фойдаланиш ҳуқуқига эга, пудратчи эса, ўзи олган натижалардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланишга ҳақли.


697-модда. Буюртмачининг мажбуриятлари

Илмий-текшириш, тажриба-конструкторлик ва технология ишлари пудрат шартномаси бўйича буюртмачи:

пудратчига техникавий топшириқ бериши ва у билан ишлар дастурини (техника-иқтисодий параметрларни) ёки мавзусини келишиб олиши;

пудратчига ишларни бажариш учун зарур ахборотни топшириши;

бажарилган ишларни қабул қилиб олиши ва уларнинг ҳақини тўлаши шарт.



698-модда. Пудратчининг мажбуриятлари

Илмий-текшириш ишлари ёки тажриба-конструкторлик ва технология ишлари пудрат шартномаси бўйича пудратчи:

буюртмачи билан келишилган дастур (техника-иқтисодий параметрлар)га ёки мавзуга мувофиқ ишларни бажариши ва натижасини шартномада назарда тутилган муддатда буюртмачига топшириши;

интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза қилиш билан боғлиқ талабларга риоя этиши;

бажарилган ишларда ўзининг айби билан йўл қўйилган, буюртмачининг техникавий топшириғида ёки шартномада назарда тутилган техника-иқтисодий параметрлардан чекинишга олиб келиши мумкин бўлган камчиликларни ўз кучи билан ва ўз ҳисобидан бартараф этиши;

кутилаётган натижаларни олиш мумкин эмаслиги ёки ишларни давом эттириш мақсадга мувофиқ эмаслиги аниқланган тақдирда, бу ҳақда буюртмачини дарҳол хабардор қилиши;

бундай шартномалар асосида топширилган натижаларга учинчи шахсларда алоҳида ҳуқуқлар йўқлиги ҳақида буюртмачига кафолат бериши шарт.

Агар илмий-текшириш ёхуд тажриба-конструкторлик ва технология ишлари шартномаларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, пудратчи:

ишларни бажариш жараёнида қўлга киритилган илмий-техникавий натижаларни буюртмачининг розилигисиз эълон қилмаслиги;

ишларни бажариш жараёнида қўлга киритилган ҳуқуқий муҳофазага лойиқ натижаларни ҳимоя қилиш чораларини кўриши ва бу ҳақда буюртмачини хабардор қилиши;

буюртмачига бажарилган ишларда қўлланилган ҳуқуқий муҳофазага лойиқ илмий-техникавий натижалардан фойдаланиш ҳақидаги махсус лицензияни бериши шарт.


699-модда. Илмий-текшириш ишлари шартномасидаги

натижаларга эришиб бўлмаслик оқибатлари

Агар илмий-текшириш ишлари жараёнида пудратчига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар оқибатида натижага эришиш мумкин эмаслиги маълум бўлса, буюртмачи шартномада назарда тутилган натижаларга эришиб бўлмаслиги аниқлагунча амалга оширилган ишлар қийматини тўлаши шарт, аммо бу қиймат шартномада кўрсатилган ишлар баҳосининг тегишли қисмидан ортиқ бўлмаслиги лозим.



700-модда. Тажриба-конструкторлик ва технология ишлари

шартномасидаги натижаларга эришиб бўлмаслик оқибатлари

Агар тажриба-конструкторлик ва технология ишларини бажариш жараёнида пудратчи айбдор бўлмагани ҳолда ишни давом эттириш мумкин эмаслиги ёки мақсадга мувофиқ эмаслиги маълум бўлса, буюртмачи пудратчининг харажатларини тўлаши шарт.



701-модда. Шартномани бузганлик учун пудратчининг жавобгарлиги

Пудратчи илмий-текшириш ишлари ёхуд тажриба-конструкторлик ва технология ишлари шартномасини умуман ва тегишли даражада бажармаганлиги учун, агар шартноманинг бузилишида ўзининг айби йўқлигини исбот қилмаса, буюртмачи олдида жавобгар бўлади.

Агар шартномада ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, буюртмачининг ишлар қиймати доирасида кўрган реал зарарини пудратчи қоплаши шарт.


702-модда. Илмий-текшириш, тажриба-конструкторлик

ва технология ишлари пудрат шартномаларини ҳуқуқий

тартибга солиш

Илмий-текшириш ишлари ёхуд тажриба-конструкторлик ва технология ишлари шартномалари асосидаги муносабатлар ушбу Кодекс билан бир қаторда, илмий-текшириш, тажриба-конструкторлик ва технология ишлари шартномалари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.