язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Меҳнат муҳофазаси/ Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари/ Савдо ташкилотлари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 09.12.2011 й. 2289-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 10.11.2011 й. 70-Б-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2011 йил 9 декабрда 2289-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2011 йил 10 ноябрдаги

70-Б-сон буйруғига

ИЛОВА



Савдо ташкилотлари ходимлари учун

меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сон "Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами, 2000 й., 7-сон, 39-модда) ва 2010 йил 20 июлдаги 153-сон "Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 28-29-сон, 234-модда) қарорларига мувофиқ савдо қилиш жараёнларида меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар савдо ташкилотларига (кейинги ўринларда ташкилотлар деб юритилади, савдо расталари ва бозорлардаги савдо ўринлари орқали савдо қилувчи жисмоний шахслар бундан мустасно) тааллуқлидир.


2. Мазкур Қоидалар ишлаб чиқариш биноларини ва иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, цехларни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда, технологик жараёнлар ҳамда асбоб-ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан, жамоатчилик назорати эса меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



II БОБ. ХАВФСИЗЛИК БЎЙИЧА УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


5. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


6. Ташкилотларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилади (тасдиқланади) ва юритилади:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш чора-тадбирлари бўйича бўлимларини ўз ичига олган жамоавий шартнома;

тасдиқланган меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ишчилар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маъмурий-жамоатчилик назоратини юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ходимларга ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари.


7. Ўзбекистон Республикаси "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) 14-моддасига мувофиқ ходимлар сони 50 нафар ва ундан ортиқ корхоналарда махсус тайёргарликка эга шахслар орасидан меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади), 50 ва ундан ортиқ транспорт воситаларига эга бўлган корхоналарда эса бундан ташқари йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади). Ходимлар сони ва транспорт воситалари миқдори камроқ корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини бажариш раҳбарлардан бирининг зиммасига юклатилади.


8. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбарига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.


9. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятларига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб қилиниши мумкин эмас.


10. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами, 1997 й., 6-сон, 21-модда) билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларни ўқитиш, уларнинг билимларини синовдан

ўтказиш ва уларга йўл-йўриқ беришни ташкил этиш


11. Ташкилот ходимлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, уларнинг билимлари синовдан ўтказилиши ва уларга йўл-йўриқ берилиши керак.


12. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


13. Ишларни технологик регламент бўйича хавфсиз юритиш йўриқномалари Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисида низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 1-сон) мувофиқ ишлаб чиқилади ҳамда ташкилот ходимларини ва иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари


14. ГОСТ 17.2.3.02-78 бўйича хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлиши лозим.


15. Иш жойларидаги ишлаб чиқариш муҳити ҳамда меҳнат жараёнининг хавфли ва зарарли омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчови натижалари, шунингдек меҳнатнинг оғир шароитлари аттестация қилиш орқали белгиланиши лозим.


16. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли омиллар йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгаришларида ёки янги ишлаб чиқариш ускуналарини жорий қилишда хавфли ва зарарли омиллар тўғрисидаги маълумотларга тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



4-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати


17. Ташкилотлар ўта хавфли шароитда бажариладиган ишлар рўйхатига эга бўлиши лозим. Рўйхатга хавфли моддалар билан бажариладиган ишлар, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишлар, буғ ва сув иситиш қозонлари, юк кўтариш механизмлари, босим остида ишлайдиган сиғимлар, ишлаб чиқариш ускуналарига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлар ва амалдаги тармоқ рўйхатларига мувофиқ бошқа ишлар киритилиши лозим.


18. Барча ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқ олиши ва ишларни бажариш усулларини ўзлаштириб олиши керак.


19. Ўта хавфли ишларни бажариш, фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган наряд-рухсатномага мувофиқ амалга оширилиши лозим.


20. Ташкилот раҳбарияти ўта хавфли ишларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва хавфсиз бажаришда белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилишига тўла жавобгардирлар.



5-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш


21. Ходимларни хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш муҳити омилларидан ҳимоя қилиш белгиланган стандартлар ва меъёрлар талабларига мос жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланиш орқали таъминланиши лозим.


22. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари хонадаги барча ходимларга таъсир қилганда қўлланилиши шарт ва ташкилотни қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши лозим.


23. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларини рухсат этилган миқдоргача камайтириш имконини бермаган ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситалари қўлланилиши лозим. Бундай ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситаларисиз ходимларнинг ишга жалб қилиниши тақиқланади.


24. Якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларни қўллаши, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддати тўғрисида маълумотларга эга бўлиши лозим.


25. Ташкилотларда қуйидагилар таъминланиши шарт:

якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатураси;

ҳимоя воситаларини қўллаш ва тўғри фойдаланиш устидан доимий назорат амалга оширилиши;

ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлиги текширилиши;

якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан хавфли ва заҳарли моддалар муҳитида фойдаланилганда уларнинг дегазация ва дезинфекция қилиниши (бир марта қўлланиладиган ҳимоя воситалари бундан мустасно).


26. Ходимлар Савдо ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва якка тартибда ҳимояланишнинг бошқа воситаларини бепул беришнинг намунавий нормаларига (рўйхат рақами 2245, 2011 йил 19 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 29-сон, 309-модда) мувофиқ якка тартибда ҳимоя воситалари билан таъминланиши лозим.



6-§. Касбий танлов


27. Ташкилотларда танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


28. Ходимлар, ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли маълумотга ва иш тажрибасига эга бўлиши керак.


29. Босим остида ишловчи ускуналарда ва хавфи юқори бўлган ишларда хизмат кўрсатувчи ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтган ва тегишли гувоҳномага эга бўлиши шарт.


30. Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитли ишлар рўйхатига (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 30-31-сон, 355-модда) мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


31. Аёллар меҳнатидан фойдаланиш тўлиқ ёки қисман тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхатига (рўйхат рақами 865, 2000 йил 5 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 1-сон) мувофиқ аёллар зарарли ва ноқулай меҳнат шароитига эга бўлган ишларга қабул қилинмайди.



7-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш


32. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш "Ходимларни ишга киришдан олдин дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруқ (рўйхат рақами 937, 2000 йил 23 июнь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 12-сон) асосида амалга оширилиши лозим.


33. Ташкилот раҳбарияти касаба уюшмаси қўмитаси ва соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаши лозим.


34. Тиббий кўриклар ташкилотнинг тиббий муассасаларида, улар мавжуд бўлмаган ҳолларда, даволаш-профилактика муассасаларида ўтказилиши лозим.


35. Ходим тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки тиббий кўрик натижаларига кўра берилган тавсияларни бажармаган тақдирда, ушбу ходим ишга қўйилиши мумкин эмас.


36. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра тавсиялар бажарилиши учун жавобгарлик ташкилот раҳбарияти зиммасига юкланади.


37. Ходимларни соғлиғи туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.



8-§. Санитария ва гигиенага қўйиладиган талаблар


38. Ташкилот хоналари иш ҳудудидаги ҳарорат, нисбий намлик, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар ГОСТ 12.1.005-88 "Иш ҳудудининг ҳавоси. Умумий санитария-гигиеник талаблар"га мувофиқ бўлиши керак.


39. Ташкилотларнинг ишлаб чиқариш хоналари қуйидаги санитария қоидаларига мувофиқ сақланиши лозим:

савдо ташкилотлари хоналарида рухсат этилган ҳарорат, нисбий намлик ва ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги иш жойларидаги ортиқча иссиқлик, бажарилаётган ишнинг оғирлик даражасига кўра тоифаси, йил мавсуми ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши;

ишлаб чиқариш, санитария-маиший хоналарнинг, хом ашё ва тайёр маҳсулотни сақлаш хоналарининг ёруғлиги ҚМҚ 3.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёруғлик. Лойиҳалаштириш меъёрлари"га мувофиқ бўлиши ҳамда меҳнат шароитларини яратиш учун етарли ёруғлик кучини таъминлаши;

хоналарда ёритиш асбоблари чанг тўпланишига имконият бермайдиган конструкцияга эга бўлиши, шунингдек синган тақдирда, унинг парчалари сочилиб кетмаслиги учун ёпиқ бўлиши.


40. Ташкилот ходимлари барча устки кийим, пойабзал, бош кийим ва шахсий нарсаларни гардеробда (кийим алмаштирадиган махсус хонада) қолдириши, иш жараёни бошланишидан олдин, ҳожатхонага борганидан сўнг қўлларини совун билан ювиши, тоза санитар кийимни кийиши ва кийимни ифлослангунга қадар алмаштириши ҳамда иш жойларида овқат истеъмол қилмасликлари лозим.



9-§. Ташкилот майдонларига бўлган хавфсизлик талаблари


41. Ташкилот майдонлари ва биноларининг жойлашуви ҚМҚ II 89 - 80 "Саноат ташкилотларининг бош плани" талабига мос бўлиши керак.


42. Ташкилотда транспорт воситаларининг ва пиёдаларнинг ташкилот ҳудудида ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши керак.


43. Транспорт воситалари ва ташкилот ҳудудида пиёдаларнинг ҳаракати чизмаси ташкилотга кириш ва чиқиш ҳамда иш участкалари ва цехларнинг кўринарли жойларига осиб қўйилиши керак.


44. Ташкилот майдонлари кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоқлари билан таъминланган бўлиши лозим.


45. Ташкилот майдонидаги ўтиш жойлари мустаҳкам ёпқичлар, сувлар оқиб кетадиган иншоотлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


46. Йилнинг ёз вақтида йўлаклар ва ўтиш жойларига сув сепилган, қишда қордан тозаланиб, қум сепилган бўлиши лозим.


47. Йўловчилар учун йўлак ва ташкилотга кириш жойи текис, кенглиги камида 1,5 м ён томонларида деворча ва тўсиқлар бўлиши лозим.


48. Биноларнинг томларини қишки мавсумда қордан, карнизларни қотган музлардан тозалаб туриш зарур.


49. Ташкилот ҳудудида ҳар куни тозалаб ва дезинфекция қилиб туриладиган ахлат ташланадиган идишлар бўлиши шарт.


50. Ҳовлидаги ҳожатхоналарни озода сақлаш, мунтазам дезинфекция қилиш, сутканинг қоронғи пайтида эса ёритиш керак.


51. Ташкилот жойлашган майдон бутун чегара бўйлаб тўсилган бўлиши, унинг ҳудудига бегоналарнинг кириши чекланган ва назорат остига олинган бўлиши лозим.



10-§. Бино ва иншоотларга бўлган хавфсизлик талаблари


52. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҚМҚ 2.09.02-85 "Ишлаб чиқариш бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


53. Ёрдамчи бинолар ва хоналар ҚМҚ 2.09.04-98 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


54. Ишлаб чиқариш ва ёрдамчи хоналарнинг (ҳарорати, нисбий намлиги, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар) микроиқлими ГОСТ 12.1.005-88 талабларига жавоб бериши керак.


55. Нам хоналарда ҳамда иссиқ ўтказувчи полларда (бетонли, ғиштли, плитали ва бошқалар) мунтазам ишлашга мўлжалланган иш жойларида ёғоч тўшамалар ва панжаралар ётқизилган бўлиши керак.


56. Пол тўшамалари зарарли моддалар, ишлаб чиқаришдаги кирлар ва чанглардан енгил тозаланган бўлиши керак.


57. Бинога транспорт воситаларининг кириш жойлари дарвозалар ва сигнал асбоб-ускуналари билан таъминланган бўлиши лозим.


58. Дарвоза тавақалари ёпиқ ва очиқ ҳолатида махсус мосламалар мустаҳкам ўрнатилган бўлиши керак.


59. Транспорт воситалари бинога кириши учун дарвоза эни фойдаланилаётган транспорт воситалари эни миқдоридан ошиқ бўлиши керак.


60. Дарвозаларнинг баландлиги транспорт воситасининг баландлигидан камида 0,2 м дан ошиқ бўлиши керак.


61. Ташкилотларда бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш ҳолатини мунтазам кузатиш ташкил этилган бўлиши керак.


62. Барча ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари йилда икки маротабадан (баҳор ва кузда) кам бўлмаган ҳолда ташкилот раҳбари томонидан тайинланган комиссия томонидан техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Техник кўрик хулосалари, уларда топилган нуқсонларни бартараф этиш бўйича тадбирлар ва муддати кўрсатилган далолатномалар орқали расмийлаштирилиши керак.


63. Ходимлар учун хавф туғдирувчи ҳалокат тусидаги бузилишлар тезда бартараф этилиши керак. Хавфли ҳудудларда ишлаб чиқариш жараёнлари ҳалокат бартараф этилгунга қадар тўхтатиб турилиши лозим, шунингдек хизмат кўрсатувчи ходимлар хавфсиз жойга кўчирилиши керак.



11-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


64. Шамоллатиш ва иситиш ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабига мувофиқ бўлиши лозим.


65. Оқимли шамоллатишларни ташқи ҳаво тизимидан олиш ердан камида 2 м баландликда бажарилиши керак.


66. Ўтиш жойларида жойлашган иситиш жиҳозлари рухсат этилган ўтиш йўлакларининг энини камайтирмаслиги керак.


67. Иш жойларида ҳаво ҳарорати енгил жисмоний ишда 21°С, ўртача оғир ишда 17°С, оғир ишда 16°С дан паст бўлмаслиги лозим.


68. Ходимларнинг исиниши учун хоналарда ҳаво ҳарорати 22°С дан кам бўлмаслиги керак.


69. Исиниш хоналаригача бўлган масофа биноларда жойлашган иш жойларидан 75 м дан, бино ташқарисидаги иш жойларидан эса 150 м дан кўп бўлмаслиги лозим.



12-§. Сув таъминоти ва канализация тизимига

қўйиладиган талаблар


70. Сув билан таъминлаш ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси" талабига мос келиши керак.


71. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар бўлиши керак. Сув қувурлари йўқ бўлганда, бакларда қайнатилган сув бўлиши лозим.


72. Ичимлик сувининг ҳарорати 8°С дан 20°С гача бўлиши керак.


73. Ташкилот ҳудудидаги ҳожатхоналар иссиқ ва канализация тизимига уланган бўлиши лозим.


74. Ташкилотда канализация тизими бўлмаган ҳолларда, давлат санитария назорати органлари билан келишилган ҳолда ташкилотда ер қатламини ифлослантирмаган ҳолда душхоналардан ва юз-қўл ювгичлардан сув оқмайдиган қурилмали ахлат ўраларининг мавжуд бўлишига рухсат этилади.



13-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


75. Ишлаб чиқариш хоналарини табиий ва сунъий ёритиш ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабларига мос бўлиши лозим.


76. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши керак. Ёруғ тушувчи ойналарни йилда камида икки маротаба тозалаш лозим.


77. Ёруғлик тушадиган дераза ва эшикларни турли предметлар (ускуна, тайёр маҳсулот ва бошқалар) тўсиб қўйишига рухсат этилмайди.


78. Сунъий ёритиш умумий ва бирлашган тизимда ишлатилади (умумий маҳаллий билан биргаликда). Биргина маҳаллий ёритишни қўллаш тақиқланади.


79. Участка ва хоналарда портлаш бўйича хавфли газ ва чанглар концентрацияси йиғилиб қолиш эҳтимоли бўлса, электр ёритиш тизими портлашдан алоҳида бажарилиши керак.


80. Хавфлилик даражаси юқори бўлган хоналарда кучланиши 36 В дан юқори бўлмаган кўчма электр ёриткичлар ишлатилиши керак. Ускуналар ва иншоотлар (бункерлар, силосослар, қудуқлар, буғлантириш камералари, туннеллар ва бошқалар)нинг ички сиртини ёритиш учун кўчма электр ёриткичларнинг кучланиши 12 В дан ошмаслиги керак.


81. Кўчириб юрилувчи ёриткичлар шишали ҳимоя қалпоқлари ва металл тўр билан жиҳозланган бўлиши лозим. Ушбу ёриткичлар ва бошқа кўчириб юрилувчи аппаратлар учун мис толали эгилувчан кабель ва электр ўтказгичлар қўлланиши лозим.


82. Эвакуация йўлаклари ва зинапояларда авария ёриткичлари бўлиши лозим.


83. Авария ёриткичлари бошқа ёриткичлардан тури, ўлчамлари ва махсус туширилган белгилари билан ажралиб туриши ва вақти-вақти билан чангдан тозаланиб туриши лозим.


84. Авария ёритиш тармоқларига электр энергияси истеъмолчиларининг уланиши тақиқланади. Авария ёритиш тармоқларининг созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши лозим.



14-§. Маиший иморатларга қўйиладиган талаблар


85. Ташкилотлар маиший хоналар, овқатланиш хоналари, тиббий пунктлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


86. Кийим алмаштириш хоналари, душхоналарнинг ўлчамлари, душ сеткалари, оёқ ванналари, юз-қўл ювгичлари, истеъмол сув таъминоти қурилмалари, ҳожатхоналар ва шу каби қурилмаларнинг сони, сменадаги энг кўп ходимлар сони ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши лозим.


87. Душхоналар ва ҳожатхоналардаги тарновлар, каналлар, траплар, писсуарлар ва унитазлар мунтазам равишда тозаланиши, ювилиши ва дезинфекция қилиниши лозим.



15-§. Атроф табиий муҳитни муҳофаза

қилишга бўлган талаблар


88. Савдо ташкилотлари атроф-муҳитнинг (ҳаво, тупроқ, сув ҳавзалари) ифлосланишига ва зарарли омилларининг тегишли нормалардан ортиқ даражада тарқалишига олиб келмаслиги лозим.


89. Ташкилотларда ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда атроф-муҳитни чиқиндилар (оқова сувлар, шамоллатиш тизими чиқиндилари ва бошқалар) билан ифлосланиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


90. Ташкилотларда чиқиндиларни йиғиш учун атрофи ўралган махсус жой ажратилиши ва контейнерлар билан таъминланиши, контейнерлар чиқиндилардан бўшатилганидан сўнг хлорли оҳак эритмаси билан дезинфекция қилиниши ва ювилиши керак.



16-§. Меҳнат ва дам олишга қўйиладиган талаблар


91. Ходимларнинг иш вақти, шу жумладан, қисқартирилган иш вақти, дам олиш ва танаффуслар вақти ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.



III БОБ. САВДО ҚИЛИШ ЖАРАЁНЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Умумий талаблар


92. Ташкилотларда савдо қилиш жараёнларига бўлган хавфсизлик талаблари Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 3-сон, 27-модда) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


93. Сотувчи белгиланган талабларга мувофиқ товарларни қабул қилиб олишда, сақлашда, савдо олди тайёргарлигида ва сотиш пайтида уларнинг сифати ва хавфсизлигини, савдонинг зарур шарт-шароитларини, шунингдек харидорларнинг товарларни танлаш имкониятини таъминлайдиган зарур жойлар, асбоб-ускуналар ва жиҳозларга эга бўлиши лозим.


94. Сотувчи фойдаланишга рухсат берилган ўлчов асбобларига эга бўлиши ва уларни соз ҳолатда сақлаши, уларнинг метрологик текшируви ўз вақтида ва белгиланган тартибда ўтказилиши шарт. Носоз ва ўз вақтида текширувдан ўтказилмаган ўлчов асбобларидан фойдаланиш тақиқланади.


95. Товарларни тортиш, дозалаш ва сотиш учун асбобларни ўрнатиш ва монтаж қилиш, шунингдек ишга тайёрлаш, уларнинг техник талабларига мувофиқ ўтказилиши керак.



2-§. Ёнғин ва портлашга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


96. Ишлаб чиқариш жараёнлари ёнғин ва портлаш хавфсизлиги, уларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва олиб боришда ГОСТ 12.1.004-91 "Ёнғин хавфсизлиги. Умумий талаблари" ва ГОСТ 12.1.010-90 "Портлаш хавфи. Умумий талаблари"га мувофиқ таъминланиши лозим.


97. Ишлаб чиқаришда синалмаган ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд ҳамда токсик хусусиятларга эга бўлган моддалар ва материалларни қўллаш тақиқланади.


98. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналарининг портлаш жиҳатидан хавфлилик тоифалари лойиҳа ташкилоти томонидан ТЛТМ 24-86 "Технологик лойиҳалаштириш тармоқ меъёрлари"га мувофиқ ҳар бир ҳолат учун алоҳида аниқланиши керак.


99. Ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда ёнғинлар, портлашлар, авариялар, заҳарланишлар содир бўлиши ҳамда атроф-муҳит унинг чиқиндилари (оқова сувлари, шамоллатиш тизими чиқиндилари ва бошқалар) билан ифлосланиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


100. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналари дастлабки ёнғинни ўчириш воситалари билан таъминланган бўлиши шарт.


101. Ҳавода ва ишлаб чиқариш хонасида портлаш хавфи бор газлар миқдори доимий назорат қилиниши лозим.


102. Шамоллатиш тизими ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан бирлаштирилган бўлиши лозим.


103. Бино ва ёнғин сув манбаи йўлаклари ҳамда ёнғинни ўчириш воситаларига борадиган йўлаклар доимо бўш бўлиши керак.


104. Портлашнинг олдини олиш учун машина ва агрегатларнинг ишқаланувчи қисмларининг қизиб кетишига йўл қўймаслик лозим.


105. Аралашганида портловчи модда ҳосил қилиши мумкин бўлган газларни умумий коллекторга чиқариш тақиқланади.


106. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналари учун ҳудудий ёнғин хавфсизлиги хизмати билан келишилган ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқнома ишлаб чиқилиши ва кўринадиган жойга осиб қўйилиши лозим.


107. Ходимлар билан ёнғин хавфсизлиги бўйича машғулотлар ўтказилиши ва ёнғиннинг олдини олиш бўйича йўл-йўриқлар берилиши керак.



3-§. Электр қурилмаларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


108. Ташкилотларда электр қурилмаларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 27-сон, 317-модда) ҳамда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 33-сон, 379-модда) талабларига риоя қилиниши керак.


109. Электр ток ўтказувчи қисмлар, тақсимловчи қурилмалар, аппаратлар ва ўлчаш асбоблари, шунингдек турли сақловчи қурилмалар, рубильниклар ва бошқа ишга туширувчи аппаратлар ва мосламалар фақат ёнмайдиган асосларда монтаж қилиниши лозим.


110. Юқори намлик ва иссиқлик ажралиб чиқувчи хоналарда электр ёриткичлар намликдан, электр двигателлари эса суюқлик сачрашидан ҳимояланган бўлиши шарт.


111. Тақсимловчи қурилмалар изоляциясининг қаршилиги ва чидамлилиги текшириб турилиши лозим.


112. Ишлаб чиқариш бинолари ва маиший хоналарда қўлланувчи люминесцент ёриткичлар ёпиқ ҳолда, намлик ва чанг ўтказмайдиган махсус арматурада ўрнатилиши лозим.


113. Кабеллар ва электр ўтказгичларнинг изоляцияси, ташқи бирикмалар, ҳимояловчи ерга улагичлар, электр двигателларнинг ишлаш режими кўрикдан ўтказилиши ва асбоблар билан ўлчаш орқали текширилиб турилиши лозим.


114. Электр аппаратлари ва агрегатларини нолга ва ерга улаш симларининг бутунлиги камида 6 ойда бир марта текширилиши лозим. Текшириш натижалари далолатнома билан расмийлаштирилади.


115. Кам қувватли электр лампалари ва асбобларини каттароқ қувватлиларига алмаштириш тармоқ учун йўл қўйилувчи юкланишни ҳисобга олган ҳолда электр хўжалиги учун жавобгар ходимнинг рухсати билан амалга оширилиши лозим.


116. Битта электр штепселига бир нечта истеъмолчиларни улаш тақиқланади.


117. Чангларнинг статик электр разрядларидан алангаланиб кетмаслиги учун машиналарнинг ғилофлари, унинг асосий валлари ва ҳаво қувурлари ерга уланган бўлиши лозим. Ҳаво қувурларининг фильтрлари майда катакли металл тўрлар билан ўралган ва тўр ер билан уланган бўлиши лозим.


118. Ташкилотнинг барча турдаги бино ва иншоотлари яшин қайтаргичлар ўрнатилган ҳолда тўғридан-тўғри яшин уришидан ҳимояланган бўлиши лозим. Яшин қайтаргичлар ҳар йили баҳорда текшириб турилиши ва носозликлари бартараф этилиши лозим.



4-§. Технологик жараёнларнинг назорат

тизимига қўйиладиган талаблар


119. Технологик жараёнларнинг назорат тизими хизмат кўрсатиш учун қулай ва хавфсиз жойларга жойлаштирилиши лозим. Бу жойларда тебраниш, технологик маҳсулотлар билан ифлосланиш, тизимнинг аниқлиги ва ишончлилигига таъсир этувчи механик ва бошқа зарарли таъсирлар бўлмаслиги лозим.


120. Технологик жараёнларнинг назорат тизимидаги асбоб-ускуна таъмирланганидан сўнг синовдан ўтказилиши ҳамда унинг натижалари журналда қайд қилиниши лозим.


121. Назорат воситалари таъмирлаш учун ечилганда, ўша заҳоти ечилган воситалар ўрнига текширилган ва кўрсаткичлари бир хил бўлган назорат воситалари билан алмаштирилиши лозим.


122. Назорат воситаларининг, шунингдек сигнал лампаларининг жойлашиши, уларнинг кўрсаткичларини қулай кузатиш имкониятини яратиши лозим.


123. Автомат тарзда бошқарув тармоғи марказий тизимига жараённинг технологик параметрининг юқори чегараси, уларнинг иш жараёнида йўл қўйилиши мумкин бўлган юқори чегарасига етганлиги ҳақида сигнал берувчи мосламалар жойлаштирилиши лозим.


124. Назорат воситаларининг (термометр, манометр, ҳисоблагич), шунингдек сигнал лампаларининг жойлашуви уларнинг кўрсаткичларини бемалол эркин назорат қилиш имконини бериши лозим.


125. Даража кўрсаткичларида шаффоф элемент сифатида ойна ёки пластмассадан фойдаланилганида, улар синганда ходимларни жароҳатланишидан сақловчи мослама қўлланиши лозим.



5-§. Хом ашё, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотларни сақлаш

ва транспорт воситаларида ташишда хавфсизлик талаблари


126. Юк ортиш ва тушириш ишлари ҳамда юкларни жойлаштириш Юк ортиш ва тушириш ишларидаги юкчилар учун ишларнинг хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1582, 2006 йил 13 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 24-сон, 221-модда) талабларига мувофиқ амалга оширилади.


127. Омбор ва юк сақлаш майдончаларида оғир ва ўта оғир юкларни ортиш ва тушириш ҳамда ҳаракатлантириш жараёни механизациялашган бўлиши лозим.


128. Омбор ва юк сақлаш майдончалари ҳудудига киришда ҳаракат йўналишини, юк ортиш ва тушириш жойи ҳамда транспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойини кўрсатувчи белги бўлиши керак.


129. Юк ортиш ва тушириш ишлари бунга масъул бўлган ходим раҳбарлигида бажарилиши лозим.


130. Юклар жавонларга, тагликларга, штабелларга ва бошқа мосламаларга тахланиши лозим. Юкларнинг оғирлиги жавонлар, тагликлар, штабеллар ва бошқа мосламаларнинг юк кўтариш меъёридан ортиқ бўлмаслиги лозим.


131. Биноларда маҳсулотларни жойлаштиришда оралиқ масофа қўйидагича бўлиши лозим:

бино деворидан 70 см;

иситиш тизимидан 20 - 50 см;

ёритиш тизимидан 50 см;

полдан 15 - 30 см.


132. Штабеллар оралиғидаги масофа қуйидагича бўлиши лозим:

яшиклар оралиғи 2 см;

таглик ва контейнерлар оралиғи 5 - 10 см.


133. Штабелларга зарар етказиладиган ёки ҳар хил ҳажмдаги идишларнинг, усти сирпанчиқ идишларнинг, ўрамадаги маҳсулот, мустаҳкамлигига жавоб бермайдиган пакетларнинг, юкларнинг бирга тахланишига йўл қўйилмайди.


134. Юкларнинг тахланишида уларни сақлаш, етказиб бериш, ортиш ва тушириш ҳамда штабелларнинг тақсимланишида мустаҳкамлиги таъминланиши лозим.


135. Штабелларда яшик ва қоплардаги юкларни жойлаштириш вақтида жойланишини мустаҳкамлаш учун ҳар икки қатор яшиклардан ҳамда ҳар 5 қатор қоплардан кейин тўсиқлар қўйилиши лозим.


136. Юкларнинг тахланиш баландлиги бинонинг баландлигидан, ер майдонининг оғирлик кўтариш қобилиятидан, механик тарзда ишлаш жараёнидан, технологик қоидалар ва сақлаш шароитларидан келиб чиқиб белгиланади. Штабелларда қўл билан тахланаётган яшикларнинг оғирлиги 50 кг гача, қопларнинг оғирлиги 70 кг гача бўлиши ҳамда узунлиги 2 м дан ортмаслиги лозим.


137. Горизонтал ҳолатда (ётиқ) тахланаётган бочкаларнинг баландлиги 3 қаторгача бўлиши лозим, қаторлар оралиғида тўсиқлар қўйиш шарти билан бочкалар вертикал ҳолатда (тик) тахланаётганида, уларнинг баландлиги 2 қатордан ортмаслиги лозим.


138. Бензин ва тез ёнувчи суюқликлар жойлашган бочкалар фақат горизонтал (ётиқ), бир қаторда, ёпқич қопқоғи юқорида бўлган ҳолатда жойлаштирилиши лозим.


139. Юкларни ортиш ва тушириш ҳамда ташиш қўл меҳнатида бажарилганда қуйидаги хавфсизлик талабларига риоя этиш лозим:

қаттиқ идишдаги (тара), махсус ўралмаган ёки идишларга (тара) жойланмаган юкларни фақат қўлқопларда ташиш;

шишали идишларни (тара) мустаҳкам тагликларга жойлаштириш, бўш шиша идишларни (тара) махсус қутиларда сақлаш;

юкларни фақат шикастланмаган бутун идишларда (тара) ташиш.


140. Юкларни кўтариш ва етказиб қўйишдан олдин юкнинг мустаҳкамлиги ҳамда тўғри боғланганлиги текширилиши лозим. Боғламалар юкларни ечиш вақтида тушиб кетиш хавфидан холи бўлиши лозим.


141. Катта ҳажмдаги юкларнинг боғланиши уларнинг марказий оғирлик нуқтасини эътиборга олган ҳолда амалга оширилиши лозим.


142. Контейнерлар қўл билан боғланаётганда ходимларнинг хавфсизлигини таъминловчи махсус нарвонлар ва бошқа мосламалардан фойдаланиш лозим.


143. Контейнерларни жойлаштириш вақтида электр каралар ва бошқа механик бошқариладиган техника билан олиб келиниши ва жойлаштирилиши ҳисобга олиниши лозим.


144. Узун ҳажмга эга бўлган юкларни етказиб беришда тепаси очиқ ва текис бўлган транспорт воситаси орқали амалга оширилиши ҳамда юкларнинг нишаблик бурчаги 30 дан ошмаслиги лозим.


145. Юк ташувчи қўл араваларида қўлда ҳаракатланишга, ҳар хил юкларнинг мустаҳкам жойлашишига ёрдам берадиган, ажратиладиган ёки қаттиқ мосламалар бўлиши лозим.


146. Қўл аравалари юкларининг оғирлиги 300 кг дан ошганда, ташувчи араваларнинг олдинги ғилдираклари бошқариладиган бўлиши лозим.


147. Қўлда бошқариладиган юк аравалари енгил бошқариладиган, мустаҳкам ва соз бўлиши лозим.


148. Қўлда бошқариладиган араваларнинг тезлиги 5 км/с ошмаслиги лозим.


149. Юкнинг полга нисбатан паст нишабликка туширилишида юк араванинг орқа тарафида бўлиши лозим.



6-§. Савдо қилиш жараёнидаги хавфсизлик талаблари


150. Ходимлар ўзи бажариши лозим бўлган ишларни тайёргарликдан ўтмаган ходимларга топшириши мумкин эмас.


151. Савдо қилиш жараёнидаги хавфсизликни таъминлаш учун фақат ишлашга яроқли асбоб-ускуналардан фойдаланиш лозим.



7-§. Савдо қилиш жараёни тугашига бўлган хавфсизлик талаблари


152. Сотувчи барча электр токи билан ишлайдиган асбобларни электр тармоқдан ўчириб, техник талабларга кўра таъмирлаш хизматларини кўрсатиб, асбобларни кейинги иш кунига тайёрлаши лозим.


153. Иш жойидаги ахлат чиқиндиларни қўл билан тозалаш мумкин эмас, тозалаш ишларида махсус асбоблардан фойдаланиш лозим.



IV БОБ. УСКУНА ВА ЖИҲОЗЛАРГА

БЎЛГАН ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


154. Совутгич ускуналарини ўрнатиш ва фойдаланиш ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган ускунадан фойдаланиш мазкур ускуна қўлланмасига мос бўлиши керак.


155. Совутгич ускуналарига хизмат кўрсатадиган ходим уларнинг ишлаш принципларини, техника хавфсизлиги талабларини, тузилма характерини, ишлаш тартибини, мосламаларни таъмирлаш ва қувват олиш тартибини билиши лозим.


156. Совутгич ускуналари (агрегатлари) ҳар томонлама чегараланиб ўралган бўлиши лозим.


157. Совутгич ускуналари ичида жойлашган, уланган электр монтаж симлари намликнинг томчиси тушишидан ҳимояланган бўлиши лозим.


158. Ўчириб-ёқувчи тугмалар кўрсаткич белгилар билан таъминланиб, босиш ва бурашда юзага келаётган ҳолатларни кўрсатиши лозим.


159. Совутгич ускуналари қулфларининг тузилиши эшиклар ёпилиб қолганида ичкаридан очилишига имкон бериши лозим.


160. Совутгич ускуналарида термокўрсаткичлар бўлганида, уларнинг кўрсатаётган ҳарорати хизмат кўрсатаётган ходимга кўринадиган жойда бўлиши, уни эшикни очмасдан кўриш имкони бўлиши лозим.


161. Симобли термометрлардан фойдаланишга рухсат этилмайди.


162. Доимий мунтазам ёруғлик талаб этадиган ускуналар газёриткичлар билан таъминланиши лозим.



V БОБ. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК

УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


163. Ташкилотларни лойиҳалаштиришда, қуришда (монтаж қилишда) мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.


164. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



VI БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


165. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси, "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси, Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 49-сон, 508-модда