язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Меҳнат муҳофазаси/ Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари/ Санитария-эпидемиология муассасалари лабораторияларида (бўлинмаларида ва бўлимларида) ишлашда меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 02.09.2011 й. 2260-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 09.08.2011 й. 48-Б-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2011 йил 2 сентябрда 2260-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2011 йил 9 августдаги

48-Б-сон буйруғига

ИЛОВА



Санитария-эпидемиология

муассасалари лабораторияларида

(бўлинмаларида ва бўлимларида)

ишлашда меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сон "Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 2000 й., 7-сон, 39-модда) ва 2010 йил 20 июлдаги 153-сон "Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 28-29-сон, 234-модда) қарорларига мувофиқ санитария-эпидемиология муассасалари лабораторияларида (бўлинмаларида ва бўлимларида) (бундан буён матнда лаборатория деб юритилади) ишлашда меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар санитария-эпидемиология муассасаларининг (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) бактериологик, ўта хавфли юқумли касалликлар инфекцияси, паразитологик, вирусологик, радиологик текширишларини олиб борувчи лабораторияларга тааллуқлидир.


2. Мазкур Қоидалар бинолар ва иншоотларни лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, цехларни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда, технологик жараёнлар ҳамда ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан, жамоатчилик назорати эса меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



II БОБ. ХАВФСИЗЛИКНИНГ УМУМИЙ ТАЛАБЛАРИ


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


5. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


6. Ташкилотларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилади (тасдиқланади) ва юритилади:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш чора-тадбирлари бўйича бўлимни ўз ичига олган жамоавий шартнома;

тасдиқланган меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ишчилар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маъмурий-жамоатчилик назоратини юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ходимлар билан ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари.


7. Ўзбекистон Республикаси "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) 14-моддасига мувофиқ, ходимлар сони 50 нафар ва ундан ошадиган ташкилотларда махсус тайёргарликка эга шахслар орасида меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади), 50 ва ундан ортиқ транспорт воситаларига эга бўлган ташкилотларда эса бундан ташқари йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади).


8. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбарига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда, бекор қилинади.


9. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятларига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб қилиниши мумкин эмас.


10. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1997 й., 6-сон, 21-модда) билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларни ўқитиш, уларнинг билимларини синовдан

ўтказиш ва уларга йўл-йўриқ беришни ташкил этиш


11. Ташкилот ходимлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, уларнинг билимлари синовдан ўтказилиши ва уларга йўл-йўриқ берилиши керак.


12. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқитишни ва билимларни синашни ташкил қилиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


13. Ишларни технологик регламент бўйича хавфсиз юритиш йўриқномалари Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 1-сон) мувофиқ ишлаб чиқилади ҳамда ташкилот ходимларининг иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари


14. Ташкилотлар ГОСТ 17.2.3.02-78 бўйича хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлиши лозим.


15. Иш жойларидаги муҳит ҳамда меҳнат жараёнининг хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчови натижалари, шунингдек меҳнатнинг оғир шароитлари аттестация қилиш орқали белгиланиши лозим.


16. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгаришларида ёки янги ишлаб чиқариш ускуналарини жорий қилишда хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари тўғрисидаги маълумотларга тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



4-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати


17. Ташкилот ўта хавфли шароитда бажариладиган ишлар рўйхатига эга бўлиши лозим. Рўйхатга хавфли моддалар билан бажариладиган ишлар, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишлар, амалдаги тармоқ рўйхатларига мувофиқ бошқа ишлар киритилиши шарт.


18. Барча ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқ олиши ва ишларни бажариш усулларини ўзлаштириб олиши шарт.


19. Ўта хавфли ишларни бажариш фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган наряд-рухсатномага мувофиқ амалга оширилиши лозим.


20. Ташкилот раҳбарияти ўта хавфли ишларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва хавфсиз бажаришда белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилишига тўла жавобгардир.



5-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш


21. Ходимларни хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларидан ҳимоя қилиш белгиланган стандартлар ва меъёрлар талабларига мос жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланиш орқали таъминланиши лозим.


22. Жамоавий ҳимоя қилиш воситаларига қуйидагилар киради:

иш жойларининг ҳаво муҳитини меъёрлаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқиндан, тебранишдан, электр ва статик токлар уришидан ҳамда ускуналар юзасини юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


23. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари хонадаги барча ходимларга таъсир қилганда қўлланиши шарт ва ташкилотни қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши лозим.


24. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларини рухсат этилган миқдоргача камайтириш имконини бермаган ҳолларда, якка тартибдаги ҳимоя воситалари қўлланиши лозим. Бундай ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситаларисиз ходимларнинг ишга жалб қилиниши тақиқланади.


25. Якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларни қўллаши, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддати тўғрисида маълумотларга эга бўлиши лозим.


26. Ташкилотда қуйидагилар таъминланиши шарт:

якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатураси;

ҳимоя воситаларини қўллаш ва тўғри фойдаланиш устидан доимий назорат амалга оширилиши;

ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлиги текширилиши.


27. Ходимлар Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт ишлаб чиқаришлари ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини бепул беришнинг намунавий меъёрларига (рўйхат рақами 1998, 2009 йил 25 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 35-сон, 391-модда) мувофиқ якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан бепул таъминланиши лозим.



6-§. Касбий танлов


28. Ташкилотларда танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


29. Ходимлар, ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли маълумотга ва иш тажрибасига эга бўлиши керак.


30. Босим остида ишловчи ускуналарда ва хавфи юқори бўлган ишларда хизмат кўрсатувчи ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтган ва тегишли гувоҳномага эга бўлиши шарт.


31. Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари рўйхатига (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 30-31-сон, 355-модда) мувофиқ, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


32. Аёллар меҳнатидан фойдаланиш тўлиқ ёки қисман тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхатига (рўйхат рақами 865, 2000 йил 5 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 1-сон) мувофиқ, аёллар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.



7-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш


33. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш "Ходимларни ишга киришдан олдин дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруқ (рўйхат рақами 937, 2000 йил 23 июнь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 12-сон) асосида амалга оширилиши лозим.


34. Ташкилот раҳбарияти касаба уюшмаси қўмитаси ва соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаши лозим.


35. Тиббий кўриклар ташкилотнинг тиббий муассасаларида, улар мавжуд бўлмаган ҳолларда, даволаш-профилактика муассасаларида ўтказилиши лозим.


36. Ходим тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки тиббий кўрик натижаларига кўра берилган тавсияларни бажармаган тақдирда, иш берувчи уни ишга қўймаслик ҳуқуқига эга.


37. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра тавсиялар бажарилиши учун жавобгарлик ташкилот раҳбарияти зиммасига юкланади.



8-§. Санитария ва гигиена талаблари


38. Ташкилот хоналари иш ҳудудидаги ҳарорат, нисбий намлик, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар ГОСТ 12.1.005-88 "Иш ҳудудининг ҳавоси, умумий санитария-гигиеник талаблар"га мувофиқ бўлиши керак.


39. Ишлаб чиқариш хоналарида рухсат этилган ҳарорат нисбий намлик ва ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги иш жойларидаги иссиқлик, бажарилаётган ишнинг оғирлик даражасига кўра, йил мавсуми ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши керак.



9-§. Бино ва иншоотларга бўлган хавфсизлик талаблари


40. Ташкилот бинолари ва иншоотлари ҚМҚ 2.09.04-98 "Корхоналарнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабига мос келиши керак.


41. Дарвоза тавақалари ёпиқ ва очиқ ҳолатида махсус мосламалар билан мустаҳкам ўрнатилган бўлиши керак.


42. Транспорт воситаларининг бинога кириши учун дарвоза эни фойдаланилаётган транспорт воситасининг эни миқдоридан ошиқ бўлиши керак.


43. Дарвозалар баландлиги транспорт воситасининг баландлигидан камида 0,2 м дан юқори бўлиши керак.


44. Ташкилотларда бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш ҳолатини мунтазам кузатиш ташкил этилган бўлиши керак.


45. Бинолар ва иншоотлар бир йилда икки мартадан (баҳор ва кузда) кам бўлмаган ҳолда ташкилот раҳбари томонидан тайинланган комиссия томонидан техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Техник кўрик хулосалари уларда топилган нуқсонларни бартараф этиш бўйича тасдиқланадиган тадбирлар ва далолатномалар орқали расмийлаштирилиши керак.


46. Ходимлар учун хавф туғдирувчи ҳалокат тусидаги бузилишлар тезда бартараф этилиши керак. Хавфли ҳудудларда иш жараёнлари ҳалокат бартараф этилгунга қадар тўхтатиб турилиши лозим, шунингдек хизмат кўрсатувчи ходимлар хавфсиз жойга кўчирилиши керак.


47. Ташкилот ҳудудида жойлашган хўжалик бинолари беморларнинг назоратсиз кириб-чиқишининг олдини оладиган кузатув ва огоҳлантирадиган ускуналар билан таъминланиши лозим.



10-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


48. Шамоллатиш ва иситиш ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


49. Оқимли шамоллатишларни ташқи ҳаво тизимидан олиш ердан камида 2 м баландликда бажарилиши лозим.


50. Ўтиш жойларида жойлашган иситиш жиҳозлари рухсат этилган ўтиш йўлакларининг энини камайтирмаслиги лозим.


51. Иш жойларида ҳаво ҳарорати енгил жисмоний ишда 21°С, ўртача оғир ишда 17°С ва оғир ишда 16°С дан паст бўлмаслиги керак.


52. Маиший хоналар ҚМҚ 2.09.12-98 "Корхонанинг маиший ва маъмурий бинолари" талабларига мувофиқ, оқиб келувчи ва сўрувчи вентиляция билан жиҳозланиши лозим.


53. Ташкилот раҳбари буйруғи билан ҳаво алмаштириш тизими қурилмаларини хавфсиз ишлатиш бўйича жавобгар шахс тайинланиши лозим.


54. Вентиляция қурилмалари ишга яроқли ҳолда сақланиши, даврий равишда кўрикдан ўтказилиб, тозаланиб турилиши, носозликлар аниқланганида эса, зудлик билан таъмирланиши лозим.


55. Ташкилотларда ҳаво ҳарорати СанҚваМ 12.01.005 "Иш зонасидаги ҳавога умумий санитария-гигиена талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.



11-§. Сув таъминоти ва канализация

тизимига қўйиладиган талаблар


56. Сув билан таъминлаш ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси" талабига мос келиши керак.


57. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар бўлиши керак. Сув қувурлари йўқ бўлганда, бакларда қайнатилган сув бўлиши лозим.


58. Ичимлик сувининг ҳарорати 8°С дан 20°С гача бўлиши керак.


59. Ташкилот ҳудудидаги ҳожатхоналар иссиқ сув ва канализация тизимига уланган бўлиши лозим.


60. Ташкилотда канализация тизими йўқ бўлганда, давлат санитария назорати органлари билан келишилган ҳолда ташкилотда ер қатламини ифлослантирмаган ҳолда душхоналардан ва юз-қўл ювгичлардан сув оқмайдиган қурилмали ахлат ўраларининг мавжуд бўлишига рухсат этилади.



12-§. Электр қурилмаларига қўйиладиган талаблар


61. Ташкилотларда электр қурилмаларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 27-сон, 317-модда) ҳамда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 33-сон, 379-модда) ва мазкур Қоидалар талабларига риоя қилиниши керак.


62. Электр ток ўтказувчи қисмлар, тақсимловчи қурилмалар, аппаратлар ва ўлчаш асбоблари, шунингдек турли сақловчи қурилмалар, рубильниклар ва бошқа ишга туширувчи аппаратлар ва мосламалар фақат ёнмайдиган асослар (мармар, текстолит, гетинакс ва бошқалар)да монтаж қилиниши лозим.


63. Ёритиш ва қувватли ускуналар ҳамда электр тармоқларининг тузилиши хоналардаги шароитларга ва улардаги ишлаб чиқаришнинг хусусиятига мос бўлиши шарт.


64. Юқори намлик ва иссиқлик ажралиб чиқувчи хоналарда электр ёриткичлар намликдан, электр двигателлари эса суюқлик сачрашидан ҳимояланган ёки ёпиқ ижрода бўлиши шарт.


65. Тақсимловчи қурилмалар изоляциясининг қаршилиги ва чидамлилиги текшириб турилиши лозим.


66. Ишлаб чиқариш бинолари ва маиший хоналарда қўлланувчи люминесцент ёриткичлар ёпиқ ҳолда, намлик ва чанг ўтказмайдиган махсус арматурада бажарилиши лозим.


67. Кўчириб юрилувчи ёриткичлар шишали ҳимоя қалпоқлари ва металл тўр билан жиҳозланган бўлиши лозим. Ушбу ёриткичлар ва бошқа кўчириб юрилувчи аппаратлар учун мис толали эгилувчан кабель ва электр ўтказгичлар қўлланиши лозим.


68. Эвакуация йўлаклари ва зинапояларда авария ёриткичлари бўлиши лозим.


69. Авария ёриткичлари бошқа ёриткичлардан тури, ўлчамлари ва махсус туширилган белгилари билан ажралиб туриши ва вақти-вақти билан чангдан тозаланиб турилиши лозим.


70. Кабеллар ва электр ўтказгичларнинг изоляцияси, ташқи бирикмалар, ҳимояловчи ерга улагичлар, электр двигателларнинг ишлаш режими кўрикдан ўтказилиши ва асбоблар билан ўлчаш орқали текширилиб турилиши лозим.


71. Электр аппаратлари ва агрегатларини нолга ва ерга улаш симларининг бутунлиги ташкилот бош энергетиги бошчилигидаги комиссия томонидан камида 6 ойда бир марта текширилиши лозим. Текшириш натижалари далолатнома билан расмийлаштирилади.


72. Кам қувватли электр лампалар ва асбобларни каттароқ қувватлиларига алмаштириш тармоқ учун йўл қўйилувчи юкланишни ҳисобга олган ҳолда, электр хўжалиги учун жавобгар ходимнинг рухсати билан амалга оширилиши лозим.


73. Битта электр штепселига бир нечта истеъмолчиларни улаш тақиқланади.


74. Чангларнинг статик электр разрядларидан алангаланиб кетмаслиги учун машиналарнинг ғилофлари, унинг асосий валлари ва ҳаво қувурлари ерга уланган бўлиши лозим. Ҳаво қувурларининг фильтрлари майда катакли металл тўрлар билан ўралган ва тўр ер билан уланган бўлиши лозим.


75. Ташкилотнинг барча турдаги бино ва иншоотлари яшин қайтаргичлар ўрнатилган ҳолда тўғридан-тўғри яшин уришидан ҳимояланган бўлиши лозим. Яшин қайтаргичлар ҳар йили баҳорда текшириб турилиши ва носозликлари бартараф этилиши лозим.



13-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


76. Ишлаб чиқариш хоналарини табиий ва сунъий ёритиш ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабига мос бўлиши лозим. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши керак.


77. Авария ёритиш тармоқларига электр энергияси истеъмолчиларининг уланиши тақиқланади. Авария ёритишларнинг созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши лозим.


78. Ёруғ тушувчи ойналар ҳар йили камида икки маротаба тозаланиши лозим.


79. Ёруғлик тушадиган дераза ва эшикларни турли предметлар (ускуна, тайёр маҳсулот ва бошқалар) билан тўсиб қўйишга рухсат этилмайди.


80. Сунъий ёритиш умумий ва бирлашган (умумий маҳаллий билан биргаликда) тизим орқали амалга оширилади. Биргина маҳаллий ёритишни қўллаш тақиқланади.


81. Участкаларда ва хоналарда портлаш бўйича хавфли газ ва чанглар концентрацияси йиғилиб қолиши эҳтимоли бўлса, электр ёритиш тизими портлашдан алоҳида бажарилиши керак.


82. Хавфлилик даражаси юқори бўлган хоналарда кучланиши 36 V дан юқори бўлмаган кўчма электр ёриткичлар ишлатилиши керак.


83. Ускуналар ва иншоотлар (бункерлар, қудуқлар, буғлантириш камералари, туннеллар ва бошқалар)нинг ички сиртини ёритиш учун кўчма электр ёриткичларнинг кучланиши 12 В дан ошмаслиги керак.



14-§. Ташкилот майдонларига бўлган хавфсизлик талаблари


84. Ташкилот майдонлари ва биноларининг жойлашуви ҚМҚ II 89-80 "Саноат ташкилотларининг бош плани" талабига мос бўлиши керак.


85. Ташкилотда транспорт воситаларининг ва пиёдаларнинг ташкилот ҳудудида ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши керак.


86. Транспорт воситалари ва ташкилот ҳудудида пиёдаларнинг ҳаракати чизмаси ташкилотга кириш ва чиқиш ҳамда иш участкалари ва цехларнинг кўринарли жойларига осиб қўйилиши керак.


87. Ташкилот майдонлари кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоқлари билан таъминланган бўлиши лозим.


88. Ташкилот майдонидаги ўтиш жойлари мустаҳкам ёпқичлар, сувлар оқиб кетадиган иншоотлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


89. Йилнинг ёз вақтида йўлаклар ва ўтиш жойларига сув сепилган, қишда қордан тозаланиб, қум сепилган бўлиши лозим.


90. Йўловчилар учун йўлак ва ташкилотга кириш жойи текис, кенглиги камида 1,5 м, ён томонларида деворча ва тўсиқлар бўлиши лозим.


91. Биноларнинг томларини қишки мавсумда қордан, карнизларни қотган музлардан тозалаб туриш зарур.


92. Ташкилот ҳудудида ҳар куни тозалаб ва дезинфекция қилиб туриладиган ахлат ташланадиган идишлар бўлиши шарт.


93. Ҳовлидаги ҳожатхоналарни озода сақлаш, мунтазам дезинфекция қилиш, сутканинг қоронғи пайтида эса ёритиш керак.


94. Ташкилот жойлашган майдон бутун чегара бўйлаб тўсилган бўлиши, унинг ҳудудига бегоналарнинг кириши чекланган ва назорат остига олинган бўлиши лозим.



15-§. Шовқин ва тебранишга қўйиладиган талаблар


95. Иш жойларида, хоналарда ва ташкилот ҳудудида шовқин ва тебранишнинг даражаси СанҚваМ 0120-01 "Иш жойларида шовқиннинг йўл қўйилган даражасининг санитария меъёрлари", СанҚваМ 0122-01 "Иш жойларида умумий ва локал тебранишнинг санитария меъёрлари", ГОСТ 12.1.003-89 "Шовқин. Умумий хавфсизлик талаблари" ва ГОСТ 12.012.-90 "Тебранма. Умумий хавфсизлик талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


96. Иш жойларида шовқин ва тебраниш даражасини мунтазам назорат қилиб туриш керак. Агарда у белгиланган меъёрлардан юқори бўлса, уни пасайтириш учун қуйидаги тадбирлар қўлланиши лозим:

шовқин чиқарувчи агрегат ёки унинг айрим қисмларига шовқинни тўсувчи қобиқлар ўрнатиш;

агрегатдан чиқаётган аэродинамик шовқинларга қарши самарали товуш сўндиргичлар қўллаш;

шовқинли ускуналарни (шамоллатгич, компрессор ва бошқалар) тўсилган хоналардан ташқарида жойлаштириш;

тебранишни камайтириш учун, унинг манбаларини (электр двигателлар, вентиляторлар ва шунга ўхшашлар) мустақил полдан ва бинонинг бошқа конструкцияларидан изоляцияланган пойдеворларда ёки махсус ҳисоблаб чиқилган амортизаторларга ўрнатилиши керак.


97. Ишлаб чиқариш хоналарида шовқинни техник воситалар билан бартараф этишнинг иложи бўлмаса, эшитиш аъзоларини якка тартибда ҳимоя қилувчи воситалардан фойдаланиш керак.



16-§. Меҳнат ва дам олишга қўйиладиган талаблар


98. Ходимларнинг иш вақти, шу жумладан, қисқартирилган иш вақти ва танаффуслар вақти ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.



III БОБ. ТАШКИЛОТЛАРДА ИШ ЖАРАЁНЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Иш жараёнларига қўйиладиган

хавфсизликнинг умумий талаблари


99. Янги қурилган ёки реконструкция қилинган лабораторияларни фойдаланишга қабул қилиб олиш ШНҚ 3.01.04.04 "Янги қурилган объектларни фойдаланиш учун қабул қилиш"га мувофиқ қабул комиссияси томонидан амалга оширилади.


100. Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган ва ходимлар соғлиғига хавф туғдирадиган лабораторияларни фойдаланишга қабул қилиш тақиқланади.


101. Ташкилотлар ишни ташкил қилиш учун унинг фаолият йўналишига боғлиқ равишда керакли миқдорда хоналар билан таъминланган бўлиши керак.


102. Лабораторияларда юқумли касалликларни келтириб чиқарувчи микроблар билан иш олиб бориладиган хоналар алоҳида бинода ёки бинонинг ажратиб олинган қисмида жойлаштирилиши ва унда камида иккита кириш жойи бўлиши керак.


103. Заҳарли моддалар билан ишлаш учун мўлжалланган хоналар лабораториянинг бошқа хоналаридан ажратиб олинган бўлиши керак.


104. Лабораторияларда поллар метлах плиткалари ёки бошқа сув ўтказмайдиган ва кислотага бардошли материал билан қопланиши керак. Махсус лабораторияларда, ишнинг хусусиятларига кўра, пол қопламаси сифатида бошқа материаллар ҳам ишлатилиши мумкин.


105. Лабораторияга кирмасдан лаборатория хонасини кўздан кечириш учун уларнинг эшиклари (ўрта қисмида) шаффоф ойнали бўлиши керак.


106. Лаборатория ишчи хоналарининг эшиклари ундан чиқиш томонига (лаборант хонасига, препаратлар тайёрланадиган хонага, коридорга) очиладиган бўлиши керак. Қолган хоналарнинг эшиклари ҳам иложи борича ташқарига (коридорга) очиладиган бўлиши керак.


107. Ёнғин жиҳатидан хавфли ва портловчи моддалар билан иш олиб бориладиган лабораторияларнинг ишчи хоналарида иккита чиқиш йўли бўлиши керак.


108. Дераза ойналарини бўёқ билан бўяш мумкин эмас.


109. Лабораторияларнинг ишчи хоналари тоза ҳаво берувчи ва ҳавони сўриб олувчи шамоллатиш тизимидан ташқари алоҳида, ҳавони тортувчи (вентиляцияли) шкафлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


110. Коррозияловчи моддалар билан иш олиб бориладиган хоналардаги шамоллатиш ускуналари коррозияга қарши материаллардан тайёрланган ёки коррозиядан ҳимоя қилувчи қопламали бўлиши керак.


111. Ёнғин жиҳатидан хавфли ва портловчи моддалар билан иш олиб бориладиган хоналарда барча шамоллатиш ускуналарининг каналлари ёнмайдиган материаллардан тайёрланиши керак.


112. Ёнғин жиҳатидан хавфли ва портловчи моддалар билан иш олиб бориш учун мўлжалланган иш столлари ва ҳавони тортувчи (вентиляцияли) шкафлар ёнмайдиган материал билан тўлиқ қопланиши, кислота ва ишқорлар билан ишлаш учун эса коррозияга қарши материаллар билан қопланиши ва ён девори ёнмайдиган материалдан бўлиши керак.


113. Зарарли ва ёнувчан буғ ва газлар чиқиши билан бирга кечадиган иш олиб борилиши керак бўлган ҳавони тортувчи (вентиляцияли) шкафлар устки ва остки тортиб олувчи мосламалар билан жиҳозланган (ҳавони сўриб олувчи мосламаларни ишга тушириш буғларнинг зичлигига кўра тартибга солинади) ва суюқликнинг полга тушишидан сақлайдиган ён деворли бўлиши керак.


114. Лабораториялар электр энергияси (ўзгарувчан ва доимий ток), газ, совуқ ва иссиқ сув, бирламчи ёнғин ўчириш воситалари, зарурат туғилганда эса радиациядан, электромагнит майдонларидан, тебранишлардан ва шовқиндан ҳимоя қилиш мосламалари билан таъминланган бўлиши, шунингдек электр асбоб-ускуналар ерга уланиши керак.


115. Ҳар бир лабораторияда қўйидагилар бўлиши керак:

паспорт (хоналар, асбоб-ускуналар, коммуникацияларнинг тавсифи);

биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун ичида керакли тиббий препаратлар, боғлаш воситалари ва асбоблари тўплами бўлган шкаф-дорилар қутиси;

бирламчи ёнғин ўчириш воситалари;

якка тартибдаги ва жамоа ҳимоя воситалари;

ёнғин ва техника хавфсизлиги ҳамда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича йўриқнома;

ёнғин ва техника хавфсизлиги бўйича йўриқномаларни қайд этиш журнали.


116. Лабораториялар хоналари таҳлиллар ўтказилиши жараёнига кўра жойлаштирилиши ва технологик жараённинг асосий оқимлари жиҳатидан рационал жойлаштириш билан таъминланиши керак.


117. Рўйхатга олиш хонаси ва бактериологик лабораторияларда намуналарни қабул қилиб олиш хонаси лабораториянинг кириш қисмида жойлаштирилиши, зарарланган материал билан ишлашда кетма-кетликни ҳисобга олган ҳолда, эшик ва ишчи хоналар ёнма-ён ва намуна олиш хонасига яқинроқда жойлаштирилиши, автоклав, ювиш, препаратлар тайёрланадиган хона ва муҳит яратиш хонасини бир гуруҳга бирлаштириш керак.


118. Бактериологик лабораторияларда бир қанча термостатларни ҳар жойда жойлаштириш ўрнига, ажратиб олинган қоронғу хонада термал хонани жиҳозлаш лозим.


119. Бокс хонаси бир-биридан ойнабанд тўсиқ билан ажратилган икки бўлинмадан, яъни бокс хонасининг ўзи ва бокс хонасининг олд (кириш) хонасидан иборат бўлади.


120. Бокс хонасининг олд (кириш) хонаси қўшимча кийим кийиш ва ёрдамчи ишларни бажариш учун хизмат қилади.


121. Лабораторияларнинг бино, қурилма, иншоотларга, омборхоналарга, ёнғин вақтида фойдаланиши мумкин бўлган сув ҳавзаларига, ёнғин хавфсизлиги анжомларига олиб борувчи йўллар ва йўлаклар тўсиб қўйилмаслиги керак ҳамда қиш кунлари қор ва музлардан тозаланиб туриши лозим.


122. Лабораторияларда ходимлар учун хона, кийим алмаштирадиган хона ва ходимлар овқатланадиган хона бўлиши керак.


123. Кийим ечиб-кийиладиган хонада ҳар бир ходим учун устки кийим жавони ёки жавонларда ҳар бир ходим учун алоҳида бўлимлар бўлиши керак.


124. Лабораториянинг ҳар бир ходими унга бириктирилган иш жойига эга бўлиши лозим.


125. Иш бошлашдан олдин шахсий шкафларда сақланадиган махсус ҳимоя кийимини кийиш керак, ҳимоя кийимининг тури ва уни алмаштириш шартлари бажараётган ишнинг хусусиятларига кўра белгиланиши лозим.


126. Енгил алангаланувчи суюқликларнинг 100°С ҳароратгача қиздирилишини махсус сиғимларда амалга оширишга рухсат берилмайди.


127. Спирт лампаси ёки енгил алангаланувчи суюқликлар билан ишлашда алангани тез ўчириш ва авария ҳолатлари олдини олиш учун қўл остида жун адёл, қалин мато бўлиши керак.



2-§. Ёнғин ва портлаш хавфсизлиги талаблари


128. Ишлаб чиқишда ўрганилмаган ёнғин ва портлаш хавфи ва токсик хусусиятларга эга бўлган моддалар ва материалларни ишлаб чиқариш жараёнида қўллаш тақиқланади.


129. Технологик жараённи ишлаб чиқиш, унга аппаратурани киритиш, назорат ва бошқарувни амалга оширишда, шунингдек аварияга қарши ҳимоя воситаларининг танловида ёнғин ва портлаш хавфсизлиги таъминланиши лозим.


130. Технологик объектларнинг портлаш хавфлилиги ҳолати юзасидан белгиланган тартибда назорат ўрнатилади.


131. Технологик жараёнлар жойлаштирилган бинолар ва хоналарнинг портлаш жиҳатидан хавфлилик тоифалари лойиҳа ташкилоти томонидан ТЛТМ 20-86 "Технологик лойиҳалаштириш тармоқ меъёрлари"га мувофиқ ҳар бир аниқ ҳолат учун алоҳида аниқланади.


132. Бир маротаба ишлаб чиқаришда, цех ёки қурилмада бир вақтнинг ўзида ёки навбатма-навбат битта идишда ва қувурларда ҳамда битта ускуналарда этил ва метил спиртини қўллаш тақиқланади.


133. Технологик жараёнларни амалга оширишда ёнғинлар, портлашлар, авариялар, заҳарланишлар содир бўлиши ҳамда атроф-муҳит ишлаб чиқариш чиқиндилари (оқова сувлари, вентиляция чиқиндилари ва шу кабилар) билан ифлосланиш эҳтимолини истисно этадиган шарт-шароитлар таъминланиши лозим.


134. Барча ишлаб чиқариш цехлари, хом ашё ва тайёр маҳсулот омборхоналари, маъмурий ва бошқа ёрдамчи бинолар ҳамда иншоотлар дастлабки ёнғинни ўчириш воситалари билан таъминланган бўлиши лозим.


135. Вентиляция тизими ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан бирлаштирилган бўлиши лозим.


136. Куч ва ёритиш тизими тармоқларининг электр асбоб-ускуналари ҳудудлар таснифи ҳамда бинолар ва хоналарнинг тоифасига биноан талаб қилинадиган меъёрларга жавоб бериши лозим.



3-§. Бактериологик лабораторияларда

ишлашда хавфсизлик талаблари


137. Юқумли касалликларни турли хавф даражасидаги инфекциялар қўзғатувчилари билан ишларни бир вақтда ўтказишда бутун лабораториянинг иш тартиби энг кўп хавфли қўзғатувчи билан ишлаш талаблари ва шартларини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши керак.


138. Бактериологик материал билан ишлаш махсус анжомлар (пинцетлар, игналар, илгаклар, корнцанга ва бошқалар) ёрдамида бажарилади, текширилаётган материалга қўл билан тегиш ман этилади.


139. Қўл ва қўлқопларни зарарли микроблардан тозалаш учун зарарсизлантирувчи эритма билан эксикаторларга солинади.


140. Ишлатилган заҳарланган идиш ва ишлатиб бўлинган материал учун (ҳайвонлар, эмбрионлар мурдалари ва бошқалар) зарарсизлантирувчи эритма таркибида бўлган алоҳида қопқоқли сирланган идиш керак бўлади.


141. Ҳаво ва асбоб-ускуналарни дезинфекциялаш учун бактерицид лампалардан фойдаланилади.


142. Юқумли материалга ишлов бериш ва экиш учун мўлжалланган хоналарда бошқа иш турларини ўтказиш ва гултувакларда гулларни ўстириш ман этилади.


143. Ташкилот ҳудудида бир лабораториядан бошқасига юқумли материални олиб бориш махсус тамғаланган металл идишда (биксларда) амалга оширилиши лозим.


144. Иш бошлашдан олдин лаборатория хонасини нам усулида тозалаш лозим. Столлар, асбоблар, шунингдек дераза токчалари сиртидаги чанг заҳарсизлантирувчи эритмада намланган тоза латта билан артиб ташланади.


145. Поллар чангютгич билан чангдан тозаланади ва бундан сўнг карбол кислотасининг 3 - 5 фоизли эритмасида намланган латтада артиб тозаланиши шарт.


146. Ишлаб бўлингандан кейин Петри идишчалари ва патоген микроб экилмалари билан пробиркалар, заҳарланиб қайта эмланадиган тўқимали экилмалар билан тўшакчалар қопқоқли банкаларга йиғилиши ва автоклавдан ўтказилиши лозим.


147. Зарарланган ҳайвонларнинг мурдалари зарарсизлантирувчи эритмали идишга солинади ва иш куни тугаганидан сўнг махсус печларда (муфель печларда) куйдириб ташланади ёки 120°С ҳароратда 1 соат давомида автоклавдан ўтказилиши, автоклавдан ўтказилганидан сўнг утилизация заводларига юборилиши лозим.


148. Иш тугаганидан сўнг лаборатория ходимлари иш столини ва қўлларини, бокс, операция хонасини зарарсизлантиришлари шарт.


149. Иш ва тозалаш тугаганидан сўнг 30 - 60 дақиқа давомида хоналар бактерицид лампалар билан зарарсизлантирилади. Зарарсизлантириш қуввати 1 куб.м - 2,5 V ни ташкил қилиши керак.


150. Лабораторияда тиббий ёрдам кўрсатиш зарурати бўлган ҳолат учун биринчи тиббиёт қутичаси мавжуд бўлиши керак.



4-§. Ўта хавфли юқумли касалликлар лабораторияларида

ишлашда хавфсизлик талаблари


151. Патоген биологик агентлари билан ишловчи лаборатория алоҳида бинода ёки кўп қаватли бинонинг пастки қаватида жойлашиши керак. Бунда ходимлар учун алоҳида ва материал қабул қилиш учун алоҳида қулфланадиган эшиклар бўлиши шарт.


152. Патоген биологик агентлари билан ишлайдиган мутахассислар касалликларга қарши эмланадилар, вакцина қабул қилиши мумкин бўлмаган мутахассисларнинг ташкилотнинг махсус буйруғи асосида ишлашига рухсат этилади.


153. Юқумли материаллар (экмалар, микроб культуралари ва бошқалар) иш жараёнида махсус шкаф, сейф ва термостатларда қулфланган ҳолда сақланиши лозим.


154. Лаборатория хонасидаги йиғиб олинган чиқиндилар автоклавда зарарсизлантирилиб, инсинераторда куйдирилади. Ифлосланган чиқинди сувлар умумий канализацияга тўкиб ташлашдан олдин зарарсизлантирилиши лозим.


155. Биотажриба ҳайвонларига текширилувчи материаллар юқтирилганда ва уларни ёриб кўриш жараёнида ходимлар махсус ҳимоя кийимлари, ҳимояловчи кўзойнаклар, ниқоб-респираторлар тақиш, резинали қўлқоплар, енгликлар ва клёнкали фартукларда бўлиши лозим.



5-§. Паразитология лабораторияларида

ишлашда хавфсизлик талаблари


156. Санитария-гигиеник, эпидемияга қарши ва дезинфекция режимига биноан ҳар бир таҳлилдан кейин материалнинг қолдиқлари зарарсизлантирилиб, оқова сув тармоғига тўкиб ташланиши шарт.


157. Предмет ва қоплов ойначалари, пипеткалар, банкалар ва бошқа шиша идишлар қайнатиш йўли билан зарарсизлантирилади ёки фенол препаратлари (карбол кислотасининг 5 фоизли эритмаси, лизолнинг 10 фоизли эритмаси ёки бошқа зарарсизлантирувчи эритмалар) билан олти соат давомида зарарсизлантирилиши лозим.


158. Лаборатория столлари ва ҳаво тортувчи шкафнинг столи хлораминнинг 3 фоизли эритмаси, фенолнинг 5 фоизли эритмаси ёки спирт билан зарарсизлантирилиши лозим.


159. Таҳлил қилинаётган материалларни гельминт тухумларига текшириш ишлари резина қўлқопларда бажарилиши лозим. Пробиркада қолган чўкмалар ош тузининг тўйинган эритмаси солинган стаканларда сақланиши лозим. Текширишлардан сўнг барча идишлар ювилиши ва қайнатилиши лозим.


160. Қонни паразитлар мавжудлиги бўйича текширишда қўллар зарарланган қон билан ифлосланиши мумкин бўлган барча ҳаракатлар резинали қўлқопларда бажарилиши керак.


161. Иш вақтида қўллардаги барча шикастлар тиббиёт қўлқопи ёки бармоқни ҳимояловчи резина ёки ёпишқоқ тасма билан беркитилиши лозим. Пробиркалардан суртма ва қалин томчиларни тайёрлашда резинали грушадан фойдаланиш керак.



6-§. Вирусология лабораторияларида

ишлашда хавфсизлик талаблари


162. Вирусология лабораториясида патоген фаоллиги фақат III - IV гуруҳга мансуб бўлган вируслар билан ишлашга рухсат этилади. II гуруҳ микроблари билан зарарланганлигига шубҳа бўлган материаллар билан ишлаш фақат ўта хавфли инфекциялар билан ишлаш учун назарда тутилган хоналар, мосламалар ва асбоб-ускуналар мажмуасига эга бўлган лабораторияларда рухсат этилади.


163. Вирусология лабораториясининг хоналари алоҳида-алоҳида ажратилган бўлиши керак (алоҳида кириш-чиқиш эшиклари бўлиши, алоҳида бинода ёки бўлимда жойлаштирилган бўлиши керак).


164. Хоналарнинг ички жойланиши ходимларнинг хавфсизлигига мослигини таъминлаши керак.


165. Хоналар алоҳида шамоллатиш тизими билан жиҳозланган бўлиши, ҳаво тортувчи шамоллатиш тизими йўлида ҳавони микроблардан тозаловчи махсус фильтрлар ўрнатилган бўлиши керак.


166. Боксдаги деразалар зич ёпилган бўлиши шарт.


167. Таркибида вируслар мавжуд материаллар билан бажариладиган барча ишлар, яъни тўқималарни, товуқ эмбрионларини ва лаборатория ҳайвонларини зарарлантириш, тирик вируслар билан серологик текширишлар ўтказиш, бошланғич ва ўтказилаётган тўқима экинларининг турли тизимларини тайёрлаш боксларда ўтказилади.


168. II гуруҳ вируслари билан зарарланган материаллар хавфли бўлганлиги учун, ушбу материаллар билан ишлашда ходимлар шу гуруҳ вирусларига қарши эмланган бўлишлари шарт, агар ходимларни эмлаш мумкин бўлмаса, ташкилот раҳбарининг буйруғи асосида ишлашга рухсат этилади.


169. Микроб экмалари ёки зарарланган тўқима экмалари мавжуд флаконлар, пробиркалар ва бошқалар фақат зарарсизлантирувчи эритмада намлантирилган пахта-дока қистирма билан ёпиқ металл контейнерларда бошқа хоналарга олиб ўтилади.


170. Вируслар билан зарарланган намуналарни қабул қилиб олиш ишлари, бунда пайдо бўладиган томчилардан ходимларни ҳимоя қилиш мақсадида, стол устидаги боксларда бажарилиши лозим. Намуналарни суртиш ва суспензия қилиш, зич тўрт қаватли дока ғилофга жойлаштирилган ва жипслашган тиқин билан ёки банкада амалга оширилиши керак.



7-§. Радиология лабораторияларида

ишлашда хавфсизлик талаблари


171. Радиология лабораторияларини жойлаштириш ва жиҳозлашда радиациявий хавфсизлик меъёрларига амал қилиниши лозим.


172. Махсус ҳимоя кийимлари, якка тартибдаги ҳимоя воситалари ва қўлқопларининг радиациявий зарарланиши рухсат этилган даражадан ошиб кетмаслиги керак.


173. Радиоактив моддалар билан зарарланиш ҳолатида, шахсий кийим ва пойабзал ташкилотнинг радиациявий хавфсизлик хизмати назоратида радиоактив қолдиқлардан тозаланиши, тозалаш имкониятлари бўлмаган тақдирда, ўрнатилган тартибда радиоактив чиқиндилар сифатида махсус жойда кўмилиши шарт.


174. Очиқ радионуклид манбалар билан ишловчи ва келиб турувчи барча шахслар ишларнинг тури ва синфига кўра якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан таъминланган бўлишлари керак.


175. Хоналарни тозаловчи, шунингдек радиоактив эритма ва кукунлар билан ишловчи ходимлар пластикатли этаклар ва енгликлар ёки пластикатли халатлар, қўшимча махсус пойабзал ёки резина этиклар билан таъминланган бўлиши лозим.


176. Хона ҳавоси радиоактив газлар билан зарарланиши эҳтимоли бўлган ишларда ёки агар фильтрация қилувчи воситаларни қўллаш радиациявий хавфсизликни таъминламаганда, изоляция қилувчи воситаларни (пневмокостюмлар, пневмошлемлар, айрим ҳолларда эса кислородли изоляция асбоблари) қўллаш лозим.


177. Радиоактив моддалар билан иш бажариладиган хоналардан чиқишда махсус кийим ва бошқа якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг тозалигини текшириш, радиоактив зарарланиш аниқланганда уларни ечиш ва душ тагида ювиниш лозим.


178. Очиқ радионуклид манбалар билан ишлаш хоналарида ходимларнинг якка тартибдаги ҳимоя воситаларисиз бўлишлари, овқатланишлари, тамаки чекишлари, уй кийими ва косметика буюмларини ҳамда ишга тааллуқли бўлмаган бошқа нарсаларини сақлаши ва улардан фойдаланиши тақиқланади.



IV БОБ. ЛАБОРАТОРИЯЛАРДА ФОЙДАЛАНИЛАДИГАН

АСБОБ-УСКУНАЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН

ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Ультрабинафша ва ультратовуш тарқатувчи

аппаратлардан фойдаланишда хавфсизлик талаблари


179. Сантиметр ва дециметр тўлқиндаги аппаратларнинг тўғри нурланиш майдонида ходимнинг бўлиши ман этилади.


180. Ультрабинафша нурлари билан ишлаганда ходим кўзини нурланишдан сақлаш учун 3Н-11-72-В-2 типидаги ёруғлик фильтрли ёпиқ ҳимоя кўзойнаклари билан ҳимояланган бўлиши керак.


181. Ходимга инфрақизил нурларнинг зарарли таъсирига ва бошқа ёнаётган лампага узоқ вақт қараш ман қилинади.


182. Ультратовуш аппаратларидан фойдаланишда ходим иш вақтининг 50 фоизи ультратовушли иш жараёнига тўғри келганида, ҳар 1,5 соат орасида 15 минут танаффус берилиши, яъни улар ультратовуш билан боғлиқ бўлмаган бошқа иш билан банд бўлиши лозим.


183. Ультратовуш ҳосил бўладиган муҳит билан ходим қўлининг тўғридан-тўғри алоқада бўлиши ман қилинади.


184. Ультратовуш муолажаларини ўтказиш жараёнида ходим пахта матоли қўлқоп билан ишлаши керак.


185. Аппарат ишлаётган вақтда ходим аппаратнинг ишчи қисмига тегиши ман этилади.



2-§. Лазер қурилмаларидан фойдаланишда хавфсизлик талаблари


186. Лазер қурилмаларидан фойдаланиш СанҚваМ "Лазер қурилмалари ва улардан фойдаланишда санитария қоидалари ва меъёрлари" талабларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.


187. Ташкилот раҳбарининг буйруғи билан лазер қурилмаларидан хавфсиз фойдаланиш ва носозликни бартараф қилиш учун жавобгар ходим тайинланиши лозим.


188. Лазер қурилмаларидан фойдаланувчи ходим лазер нурлари тўлқинининг узунлигини ҳисобга олган ҳолда светофильтрли 3Н22-72 русумли ёпиқ ҳимоя кўзойнакларидан фойдаланиши лозим.



3-§. Стерилизация қилиш жиҳозларидан

фойдаланишда хавфсизлик талаблари


189. Стерилизация қилиш жиҳозидан фойдаланишга қуйидаги ҳолатларда рухсат берилмайди:

ҳимояловчи клапанларда нуқсон бўлганда;

эксплуатация бўйича йўриқномага риоя қилинган бўлса ҳам, стерилизаторда босим рухсат берилган миқдордан кўтарилганда;

босим остида ишлайдиган стерилизаторлар элементларида ёриқ, дўппайиб турган жойлар, болтлар маҳкамланган жойида оқиш бошланганда, прокладкаларда ёриқ пайдо бўлганда;

суюқлик миқдори кўрсаткичида нуқсон пайдо бўлганда;

ҳимояловчи блокировкаланган қурилмаларда нуқсон аниқланганда;

назорат-ўлчаш асбоблари ва автоматика воситалари йўқ бўлганда ёки уларда нуқсон аниқланганда;

қисмлар бириккан жойда конденсат оқими пайдо бўлганда (технологик буғ чиқарилаётганда);

стерилизация ва сув буғ камералари, назорат-ўлчаш асбоблари бирикмалари, трубопровод ва арматура эшиклари ва қопқоқлари зичлигининг герметиклиги (2,2 кгс/кв.см босимда) бузилганда;

маҳкамловчи деталлар, қопқоқларнинг носозлиги ва бут эмаслигида, стерилизатор ташқи юзасининг температураси кўтарилганда.


190. Стерилизация хонасида табиий ёруғлик бўлиши, шунингдек деразаларида фрамугалар ёки форточкалар бўлиши керак.


191. Стерилизация хонаси ҳаво тортадиган вентиляция системаси билан таъминланган бўлиши лозим. Хонанинг эшиги ташқарига очиладиган бўлиши зарур. Хонанинг эшиги ойнали бўлмаслиги керак.


192. Хонада фақат стерилизаторлар жойлашган бўлиши лозим.


193. Стерилизаторлар девордан 0,8 м узоқликда жойлаштирилиши керак. Шкаф кўринишидаги стерилизатор учун эса унинг қопқоғи очиладиган томонга 1,5 м масофа белгиланади.


194. Электр стерилизациялаш хонасидаги пол ток ўтказмайдиган материалдан бўлиши керак.


195. Поли плитали хоналарда резина диэлектрик гиламчалар билан қопланган шароитда электрик стерилизатордан фойдаланишга рухсат берилади.


196. Стерилизация хоналарида ёнғинга қарши ишлатиладиган воситалар ва зарур бўлганда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун керак бўладиган тиббиёт қутичаси мавжуд бўлиши керак.


197. Рубильниклар ва автоматик ўчиргичлар полдан 1,6 м баландликда ва стерилизатордан 1 м дан узоқ бўлмаган жойда ўрнатилиши лозим.



V БОБ. ЛАБОРАТОРИЯЛАРДА АСБОБ-УСКУНАЛАРНИ

ТАЪМИРЛАШДА ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш ишларини

амалга оширишда хавфсизликнинг умумий талаблари


198. Асбоб-ускуналарни таъмирлаш хизмати асбоб-ускуналарнинг меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими, уларнинг паспортлари, техник йўриқномалари ва ишлаб чиқарувчи заводнинг бошқа ҳужжатларининг талабларига мослигини таъминлаши лозим.


199. Асбоб-ускуналарни зарур техник ҳолатда сақлаб туриш учун ташкилотда унга хизмат кўрсатишни яхшилаш, режавий-олдини олувчи таъмирлашнинг бажарилиши ва таъмирлаш ишларининг сифатини яхшилаш бўйича чоралар кўрилиши лозим.


200. Барча ҳолларда таъмирлаш ишларининг бажарилиш тартиби ва усуллари бу ишларга масъул раҳбар билан келишилиши лозим.


201. Асбоб-ускуналарни таъмирлаш ва унга техник хизмат кўрсатишда иш жойини тайёрлаш учун қуйидаги тадбирлар бажарилиши лозим:

ток манбаидан ўчирилган бўлиши ҳамда эҳтиётсизлик туфайли ёки ўз-ўзидан ишлаб кетишининг олдини олиш;

бошқариш тизимига "Уланмасин, одамлар ишламоқда!" деган тақиқловчи белгиларни осиб қўйиш ва зарурат бўлганда тўсиқлар қўйиш;

иш бошлаш олдидан ток ўтувчи қисмларда кучланишнинг йўқлигини кучланишни кўрсатувчи асбоб ёки олиб юриладиган вольтметр ёрдамида текшириб кўриш керак.


202. Таъмирлаш ишлари бошланишидан аввал, таъмирлашда банд бўлган барча ходимлар ишларни ташкил этиш лойиҳаси билан таништирилиши ва таъмирлаш ишларини бажариш пайтида хавфсизлик чораларига риоя қилиш бўйича йўл-йўриқдан ўтказилиши лозим.


203. Таъмирлашда банд бўлган ходимлар белгиланган меъёрлар бўйича махсус кийим, пойабзал ва ҳимоя воситалари билан таъминланиши лозим.


204. Оғир юкларни жойидан кўчириш ишлари юк ортиш ва тушириш ишлари учун жавобгар шахсларнинг рухсати билан бажарилиши шарт.


205. Носоз юк кўтарувчи механизм ва мосламаларда, шунингдек шаҳодатланган муддати тугаган механизмларда ишлаш тақиқланади.


206. Ечиб олинган агрегатлар, деталлар ва металл конструкциялар йиғиштириб қўйилиши лозим.


207. Таъмирлаш пайтида иш жойларини, йўлларни, йўлакларни ва зинапояларни турли нарсалар билан тўсиб қўйиш тақиқланади.


208. Таъмирлаш ишлари баландликда бажарилаётганда ҳавоза ва тахта тўшамаларнинг ўрнатилиши хавфсизлик талабларига жавоб бериши ҳамда ходимлар камарлар ва арқонлардан фойдаланишлари шарт.


209. Барча таъмирлаш ишлари ташкилот раҳбари томонидан тайинланган шахсларнинг раҳбарлиги ва назорати остида бажарилиши лозим.


210. Таъмирлаш ишлари тугагач, барча кераксиз конструкциялар, ускуналар, материаллар, асбоблар ва чиқиндилар олиб кетилиши ҳамда тўсиқлар, сақловчи мосламалар ва блокировкалар ўз жойига ўрнатилиши лозим.


211. Асбоб-ускуналарни даврий кўрикдан ўтказиш ишлари ташкилотнинг таъмирлаш хизмати томонидан муҳандис-техник ходимнинг раҳбарлиги остида ўтказилиши лозим.


212. Кўрикдан ўтказиш пайтида асбоб-ускуналарнинг ишлашида нуқсонлар топилса, уларнинг сабабини аниқлаш ва бартараф қилиш учун дарҳол тўхтатилиши лозим.


213. Янги ишга туширилаётган асбоб-ускуналарнинг хавфсизлик талабларига мослигини таъминлаш бўйича қўйидагилар амалга оширилиши лозим:

ишга тушириш-созлаш ишларидан сўнг ташкилот раҳбари (раҳбар ўринбосари), меҳнат муҳофазаси хизмати вакили, бош мутахассислардан иборат комиссия томонидан ускунанинг меҳнат хавфсизлиги стандартлари ва ушбу лаборатория асбоб-ускуналарига тааллуқли бошқа норматив техник ҳужжатларнинг талабларига мослигини текшириши;

аниқланган камчиликлар бартараф этилгач, тиббиёт техникаси такроран комиссияга қабул қилиш учун тақдим этилиши;

қабул қилиш тугагач, тиббиёт техникасини фойдаланишга топшириш далолатномаси тузилиши лозим.



2-§. Лабораториялар асбоб-ускуналарини

созлашда хавфсизлик талаблари


214. Асбоб-ускуналарнинг ишга яроқлилигини таъминлаш ишларининг хавфсизлиги учун жавобгарлик ташкилот раҳбарининг буйруғи билан тегишли касб малакасига эга бўлган инженер-техник ходимларга юклатилиши лозим.


215. Асбоб-ускуналар билан ишлаш жараёнида иштирок этадиган ходимлар хавфсизлик қоидаларига амал қилиши лозим.


216. Лабораторияларда ишлатиладиган барча машиналар, механизмлар ва мосламалар бажарилаётган ишнинг характерига мос ва ҳамиша соз ҳолда бўлиши лозим.


217. Юқори кучланишда бўлган электр лаборатория асбоб-ускуналарини созлашда хавфсизликни таъминлаш учун қуйидаги тадбирлар бажарилиши лозим:

кучланишда бўлган электр токи ўтган қисмлари созловчининг рўпарасида ёки фақат бир ёнбош томонида жойлаштирилган бўлиши;

ишлаш жараёнида аппаратурани созловчи устидан доимий назорат ўрнатиш.


218. Асбоб-ускуналарни бошқариш ишлари бошлангунга қадар, ишлаш учун қуйидаги зарур бўлган асбобларнинг мавжудлигини ва ҳимоя воситаларининг яроқлилигини текшириб кўриш лозим:

электр кавшарлагичнинг корпусида қисқа туташиш йўқлиги;

изоляцияланган дасталарнинг мавжудлиги ва изоляция ҳолати;

диэлектрик қўлқоплардан фойдаланишда унинг яроқлилиги;

диэлектрик резина гиламчадаги штамп бўйича яроқлилик муддати ва механик нуқсонларнинг йўқлиги;

ток ўтказувчи симларда изоляция нуқсонларининг йўқлиги.


219. Асбоб-ускуналарни созловчи юқори кучланишда бўлган ва изоляцияланмаган электр токи қисмига тўсатдан тегиб кетишининг олдини олиш мақсадида ҳимояловчи, изоляцияланган воситалардан ва мосламалардан фойдаланиши лозим.


220. Асбоб-ускуналардаги носозликларни аниқлашда назорат-ўлчаш асбобларининг барча турдаги ўчириш-ёқиш ишлари (жиҳозлар таркибий қисмлари режимини ўлчаш) электр кучланишдан тўлиқ узилган ҳолда амалга оширилиши лозим.


221. Кучланишда бўлган аппаратларни текшириш ва созлаш тақиқланади.


222. Асбоб-ускуналарни электр манбаидан ўчирмасдан туриб, шунингдек аппарат корпусларини очиб қўйган ҳолда электр токи ўтувчи қисмларга тегиш тақиқланади.


223. Электр асбоб-ускуналарни созлашда, техник хизмат кўрсатишда ва бошқа ишларда кучланиш берилишидан олдин, унинг металл корпуслари ерга сим орқали уланган бўлиши лозим.


224. Асбоб-ускуналарни розеткага вилкасиз, очиқ симлар ёрдамида улаш тақиқланади.


225. Электр асбоб-ускуналарни кучланишни ўчирмасдан туриб ишларни амалга оширишнинг иложи бўлмаган ҳолларда (созлаш, режимларни ўлчаш, ўчириб-ёқиш ускунасида яхши контакт бўлмаслиги, токнинг йўқолиб қолишини ўлчаш) кучланиш остида ишлашга рухсат берилади. Бундай ҳолларда ходим кучланиш остидаги қисмга тегиб кетишдан эҳтиёт бўлиши, хавфсизлик техникаси қоидаларига қатъий риоя қилиши лозим.



VI БОБ. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


226. Мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.


227. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган жавобгарликка тортиладилар.



VII БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


228. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекциячи, Ички ишлар вазирлиги, "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ва "Ўзстандарт" агентлиги билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 36-сон, 371-модда