язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Меҳнат муҳофазаси/ Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари/ Телевидение ва радио эшиттириш ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 25.07.2011 й. 2248-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 30.06.2011 й. 35-Б-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2011 йил 25 июлда 2248-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2011 йил 30 июндаги

35-Б-сон буйруғига

ИЛОВА



Телевидение ва радиоэшиттириш ходимлари

учун меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сон "Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 2000 й., 7-сон, 39-модда) ва 2010 йил 20 июлдаги 153-сон "Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 28-29-сон, 234-модда) қарорларига мувофиқ телевидение ва радиоэшиттириш ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар телевидение ва радиоэшиттириш ташкилотларига (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) тааллуқлидир.


2. Мазкур Қоидалар ишлаб чиқариш биноларини ва иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, участкаларни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда, технологик жараёнлар ҳамда ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан, жамоатчилик назорати эса меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



II. ХАВФСИЗЛИК БЎЙИЧА УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


5. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


6. Ташкилотларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилади (тасдиқланади) ва юритилади:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш чора-тадбирлари бўйича бўлимни ўз ичига олган жамоавий шартнома;

тасдиқланган меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ишчилар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маъмурий-жамоатчилик назоратини юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ходимлар билан ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари.


7. Ўзбекистон Республикаси "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) 14-моддасига мувофиқ ходимлар сони 50 нафар ва ундан ошадиган ташкилотларда махсус тайёргарликка эга шахслар орасида меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади), 50 ва ундан ортиқ транспорт воситаларига эга бўлган ташкилотларда эса бундан ташқари йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади). Ходимлар сони ва транспорт воситалари миқдори камроқ ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини бажариш раҳбарлардан бирининг зиммасига юклатилади.


8. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбарига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.


9. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятларига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб қилиниши мумкин эмас.


10. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1997 й., 6-сон, 21-модда) билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва уларнинг

билимларини синовдан ўтказишни ташкил этиш


11. Ташкилот ходимлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, уларга йўл-йўриқ берилиши ва билимлари синовдан ўтказилиши керак.


12. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


13. Ишларни технологик регламент бўйича хавфсиз юритиш йўриқномалари Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 1-сон) мувофиқ ишлаб чиқилади ҳамда ташкилот ходимларини ва иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари


14. Ташкилотлар ГОСТ 17.2.3.02-78 бўйича хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлиши лозим.


15. Иш жойларидаги ишлаб чиқариш муҳити ҳамда меҳнат жараёнининг хавфли ва зарарли омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчови натижалари, шунингдек меҳнатнинг оғир шароитлари аттестация қилиш орқали белгиланиши лозим.


16. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли омиллар йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгаришларида ёки янги ишлаб чиқариш ускуналарини жорий қилишда хавфли ва зарарли омиллар тўғрисидаги маълумотларга тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



4-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати


17. Ташкилот ўта хавфли шароитда бажариладиган ишлар рўйхатига эга бўлиши лозим. Рўйхатга хавфли моддалар билан бажариладиган ишлар, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишлар, юк кўтариш механизмлари, электр ускуналарга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлар ва амалдаги тармоқ рўйхатларига мувофиқ бошқа ишлар киритилиши шарт.


18. Барча ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқ олиши ва ишларни бажариш усулларини ўзлаштириб олиши шарт.


19. Ўта хавфли ишларни бажариш фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган наряд-рухсатномага мувофиқ амалга оширилиши лозим.


20. Ташкилот раҳбарияти ўта хавфли ишларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва хавфсиз бажаришда белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилишига тўла жавобгардир.



5-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш


21. Ходимларни хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш муҳити омилларидан ҳимоя қилиш белгиланган меҳнатни муҳофаза қилишга оид стандартлар ва меъёрлар талабларига мос жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланиш орқали таъминланиши лозим.


22. Жамоавий ҳимоя қилиш воситаларига қуйидагилар киради:

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ҳаво муҳитини меъёрлаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқиндан, тебранишдан, электр ва статик токлар уришидан ҳамда ускуналар юзасини юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


23. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари бўлган хонадаги барча ходимларга таъсир қилганда қўлланиши шарт ва ташкилотни қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши лозим.


24. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларини рухсат этилган миқдоргача камайтириш имконини бермаган ҳолларда, якка тартибдаги ҳимоя воситалари қўлланилиши лозим. Бундай ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситаларисиз ходимларнинг ишга жалб қилиниши тақиқланади.


25. Якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларни қўллаши, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддати тўғрисида маълумотларга эга бўлиши лозим.


26. Ташкилотда қуйидагилар таъминланиши шарт:

якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатураси;

ҳимоя воситаларини қўллаш ва тўғри фойдаланиш устидан доимий назорат амалга оширилиши;

ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлиги текширилиши;

якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан хавфли ва заҳарли моддалар муҳитида фойдаланилганда уларнинг дегазация ва дезинфекция қилиниши (бир марта қўлланиладиган ҳимоя воситалари бундан мустасно).


27. Ходимлар Кино, радио ва телевидение ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини бепул беришнинг намунавий меъёрларига (рўйхат рақами 2069, 2010 йил 20 январь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 3-4-сон, 25-модда) мувофиқ якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан таъминланиши лозим.



6-§. Касбий танлов


28. Ташкилотларда танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


29. Ходимлар ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли маълумотга ва иш тажрибасига эга бўлиши керак.


30. Босим остида ишловчи ускуналарда ва хавфи юқори бўлган ишларда хизмат кўрсатувчи ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтган ва тегишли гувоҳномага эга бўлиши шарт.


31. Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари рўйхатига (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 30-31-сон, 355-модда) мувофиқ, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


32. Аёллар меҳнатидан фойдаланиш тўлиқ ёки қисман тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхатига (рўйхат рақами 865, 2000 йил 5 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 1-сон) мувофиқ, аёллар зарарли ва ноқулай меҳнат шароитига эга бўлган ишларга қабул қилинмайди.



7-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш


33. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш "Ходимларни ишга киришдан олдин дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруқ (рўйхат рақами 937, 2000 йил 23 июнь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 12-сон) асосида амалга оширилиши лозим.


34. Ташкилот раҳбарияти касаба уюшмаси қўмитаси ва соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаши лозим.


35. Тиббий кўриклар ташкилотнинг тиббий муассасаларида, улар мавжуд бўлмаган ҳолларда, даволаш-профилактика муассасаларида ўтказилиши лозим.


36. Ходим тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки тиббий кўрик натижаларига кўра берилган тавсияларни бажармаган тақдирда иш берувчи томонидан ишга қўйилмаслиги мумкин.


37. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра тавсиялар бажарилиши учун жавобгарлик ташкилот раҳбарияти зиммасига юкланади.


38. Ходимларни соғлиғи туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.



8-§. Санитария ва гигиена талаблари


39. Ташкилот хоналари иш ҳудудидаги ҳарорат, нисбий намлик, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар ГОСТ 12.1.005-88 "Иш ҳудудининг ҳавоси. Умумий санитария-гигиеник талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


40. Ишлаб чиқариш хоналарида рухсат этилган ҳарорат, нисбий намлик ва ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги иш жойларидаги ортиқча иссиқлик, бажарилаётган ишнинг оғирлик даражасига кўра, йил мавсуми ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши керак.



9-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


41. Шамоллатиш ва иситиш ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


42. Оқимли шамоллатишларни ташқи ҳаво тизимидан олиш ердан камида 2 м баландликда бажарилиши керак.


43. Ўтиш жойларида жойлашган иситиш жиҳозлари рухсат этилган ўтиш йўлакларининг энини камайтирмаслиги керак.


44. Иш жойларида ҳаво ҳарорати енгил жисмоний ишда 21°С, ўртача оғир ишда 17°С ва оғир ишда 16°С дан паст бўлмаслиги лозим.


45. Ходимларнинг исиниши учун хоналарда ҳаво ҳарорати 22°С дан кам бўлмаслиги керак.


46. Исиниш хоналаригача бўлган масофа биноларда жойлашган иш жойларидан 75 м дан, бино ташқарисидаги иш жойларидан эса 150 м дан кўп бўлмаслиги лозим.



10-§. Сув таъминоти ва канализация тизимига қўйиладиган талаблар


47. Сув билан таъминлаш ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси" талабларига мос келиши керак.


48. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар бўлиши керак. Сув қувурлари йўқ бўлганда, бакларда қайнатилган сув бўлиши лозим.


49. Ичимлик сувининг ҳарорати 8°С дан 20°С гача бўлиши керак.


50. Ташкилот ҳудудидаги ҳожатхоналар иситиш ва канализация тизимига уланган бўлиши лозим.


51. Ташкилотда канализация тизими йўқ бўлганда, давлат санитария назорати органлари билан келишилган ҳолда ташкилотда ер қатламини ифлослантирмаган ҳолда душхоналардан ва юз-қўл ювгичлардан сув оқмайдиган қурилмали ахлат ўраларининг мавжуд бўлишига рухсат этилади.



11-§. Электр қурилмаларига қўйиладиган талаблар


52. Ташкилотларда электр қурилмаларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 27-сон, 317-модда) ҳамда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 33-сон, 379-модда) ва мазкур Қоидалар талабларига риоя қилиниши керак.


53. Электр ток ўтказувчи қисмлар, тақсимловчи қурилмалар, аппаратлар ва ўлчаш асбоблари, шунингдек турли сақловчи қурилмалар, рубилниклар ва бошқа ишга туширувчи аппаратлар ва мосламалар фақат ёнмайдиган асослар (мармар, текстолит, гетинакс ва бошқалар)да монтаж қилиниши лозим.


54. Ёритиш, қувватли ускуналар, электр тармоқларининг тузилиши хоналардаги шароитларга ва улардаги ишлаб чиқаришнинг хусусиятига мос бўлиши шарт.


55. Юқори намлик ва иссиқлик ажралиб чиқувчи хоналарда электр ёриткичлар намликдан, электр двигателлари эса суюқлик сачрашидан ҳимояланган ёки ёпиқ ижрода бўлиши шарт.


56. Тақсимловчи қурилмалар изоляциясининг қаршилиги ва чидамлилиги текшириб турилиши лозим.


57. Ишлаб чиқариш бинолари ва маиший хоналарда қўлланувчи люминесцент ёриткичлар ёпиқ ҳолда, намлик ва чанг ўтказмайдиган махсус арматурада бажарилиши лозим.


58. Кўчириб юрилувчи ёриткичлар шишали ҳимоя қалпоқлари ва металл тўр билан жиҳозланган бўлиши лозим. Ушбу ёриткичлар ва бошқа кўчириб юрилувчи аппаратлар учун мис толали эгилувчан кабель ва электр ўтказгичлар қўлланиши лозим.


59. Эвакуация йўлаклари ва зинапояларда авария ёриткичлари бўлиши лозим.


60. Авария ёриткичлари бошқа ёриткичлардан тури, ўлчамлари ва махсус туширилган белгилари билан ажралиб туриши ва вақти-вақти билан чангдан тозаланиб туриши лозим.


61. Кабеллар ва электр ўтказгичларнинг изоляцияси, ташқи бирикмалар, ҳимояловчи ерга улагичлар, электр двигателларнинг ишлаш режими кўрикдан ўтказилиши ва асбоблар билан ўлчаш орқали текшириб турилиши лозим.


62. Электр қурилмалари ва агрегатларини нолга ва ерга улаш симларининг бутунлиги ташкилот бош энергетиги бошчилигидаги комиссия томонидан камида олти ойда бир марта текширилиши лозим. Текшириш натижалари далолатнома билан расмийлаштирилади.


63. Кам қувватли электр лампалари ва асбобларини каттароқ қувватлиларига алмаштириш тармоқ учун йўл қўйилувчи юкланишни ҳисобга олган ҳолда, электр хўжалиги учун жавобгар ходимнинг рухсати билан амалга оширилиши лозим.


64. Битта электр штепселига бир нечта истеъмолчиларни улаш тақиқланади.


65. Чангларнинг статик электр разрядларидан алангаланиб кетмаслиги учун машиналарнинг ғилофлари, унинг асосий валлари ва ҳаво қувурлари ерга уланган бўлиши лозим. Ҳаво қувурларининг фильтрлари майда катакли металл тўрлар билан ўралган ва тўр ер билан уланган бўлиши лозим.


66. Ташкилотнинг бино ва иншоотлари яшин қайтаргичлар ўрнатилган ҳолда тўғридан-тўғри яшин уришидан ҳимояланган бўлиши лозим. Яшин қайтаргичлар ҳар йили баҳорда текшириб турилиши ва носозликлари бартараф этилиши лозим.



12-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


67. Ишлаб чиқариш хоналарини табиий ва сунъий ёритиш ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабларига мос бўлиши лозим.


68. Авария ёритиш тармоқларига электр энергияси истеъмолчиларининг уланиши тақиқланади. Авария ёритишларнинг созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши лозим.


69. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши керак. Ёруғ тушувчи ойналарни йилда камида икки маротаба тозалаш лозим.


70. Ёруғлик тушадиган дераза ва эшикларни турли предметлар (ускуна, тайёр маҳсулот ва бошқалар) тўсиб қўйишига рухсат этилмайди.


71. Сунъий ёритиш умумий ва бирлашган тизимда ишлатилади (умумий маҳаллий билан биргаликда). Биргина маҳаллий ёритишни қўллаш тақиқланади.


72. Участка ва хоналарда портлаш бўйича хавфли газ ва чанглар концентрацияси йиғилиб қолиш эҳтимоли бўлса, электр ёритиш тизими портлашдан алоҳида бажарилиши керак.


73. Хавфлилик даражаси юқори бўлган хоналарда кучланиши 36 В дан юқори бўлмаган кўчма электр ёриткичлар ишлатилиши керак. Ускуналар ва иншоотлар (бункерлар, қудуқлар, буғлантириш камералари, туннеллар ва бошқалар)нинг ички сиртини ёритиш учун кўчма электр ёриткичларнинг кучланиши 12 В дан ошмаслиги керак.



13-§. Ташкилот майдонларига бўлган хавфсизлик талаблари


74. Ташкилот майдонлари ва биноларининг жойлашуви ҚМҚ II 89-80 "Саноат ташкилотларининг бош плани" талабларига мос бўлиши керак.


75. Ташкилотда транспорт воситаларининг ва пиёдаларнинг ташкилот ҳудудида ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши керак.


76. Транспорт воситалари ва ташкилот ҳудудида пиёдаларнинг ҳаракати чизмаси ташкилотга кириш ва чиқиш ҳамда иш участкаларининг кўринарли жойларига осиб қўйилиши керак.


77. Ташкилот майдонлари кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоқлари билан таъминланган бўлиши лозим.


78. Ташкилот майдонидаги ўтиш жойлари мустаҳкам ёпқичлар, сувлар оқиб кетадиган иншоотлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


79. Йилнинг ёз вақтида йўлаклар ва ўтиш жойларига сув сепилган, қишда қордан тозаланиб, қум сепилган бўлиши лозим.


80. Йўловчилар учун йўлак ва ташкилотга кириш жойи текис, кенглиги камида 1,5 м ён томонларида деворча ва тўсиқларга эга бўлиши лозим.


81. Чиқиндиларни йиғиш учун атрофи ўралган махсус жой ажратилиши ва контейнерлар билан таъминланиши, контейнерлар чиқиндилардан бўшатилганидан сўнг хлорли оҳак эритмаси билан дезинфекция қилиниши ва ювилиши керак.


82. Ҳовлидаги ҳожатхоналар озода сақланиши, мунтазам равишда дезинфекция қилиниши, сутканинг қоронғи вақтида эса ёритилиши керак.



14-§. Бино ва иншоотларга бўлган хавфсизлик талаблари


83. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҚМҚ 2.09.02-85 "Ишлаб чиқариш бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


84. Ёрдамчи бинолар ва хоналар ҚМҚ 2.09.04-98 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


85. Ишлаб чиқариш ва ёрдамчи хоналарнинг микроиқлими (ҳарорати, нисбий намлиги, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар) ГОСТ 12.1.005-88 талабларига жавоб бериши керак.


86. Пол тўшамалари зарарли моддалар, ишлаб чиқаришдаги кирлар ва чанглардан енгил тозаланадиган бўлиши керак.


87. Бинога транспорт воситаларининг кириш жойлари ва дарвозалар сигнал асбоб-ускуналари билан таъминланган бўлиши лозим.


88. Дарвоза тавақалари ёпиқ ва очиқ ҳолатида махсус мосламалар мустаҳкам ўрнатилган бўлиши керак.


89. Транспорт воситалари бинога кириши учун дарвоза эни фойдаланилаётган транспорт воситалари эни миқдоридан ошиқ бўлиши керак.


90. Дарвозаларнинг баландлиги транспорт воситасининг баландлигидан камида 0,2 м дан ошиқ бўлиши керак.


91. Ташкилотларда бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш ҳолатини мунтазам кузатиш ташкил этилган бўлиши керак.


92. Барча ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари бир йилда икки мартадан (баҳор ва кузда) кам бўлмаган ҳолда ташкилот раҳбари томонидан тайинланган комиссия томонидан техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Техник кўрик хулосалари, уларда топилган нуқсонларни бартараф этиш бўйича тадбирлар ва муддати кўрсатилган далолатномалар орқали расмийлаштирилиши керак.


93. Ходимлар учун хавф туғдирувчи ҳалокат тусидаги бузилишлар тезда бартараф этилиши керак. Хавфли ҳудудларда ишлаб чиқариш жараёнлари ҳалокат бартараф этилгунга қадар тўхтатиб турилиши лозим, шунингдек хизмат кўрсатувчи ходимлар хавфсиз жойга кўчирилиши керак.



15-§. Шовқин ва тебранишга қўйиладиган талаблар


94. Иш жойларида, хоналарда ва ташкилот ҳудудида шовқин ва тебранишнинг даражаси СанҚваМ 0120-01 "Иш жойларида шовқиннинг йўл қўйилган даражасининг санитария меъёрлари", СанҚваМ 0122-01 "Иш жойларида умумий ва локаль тебранишнинг санитария меъёрлари", ГОСТ 12.1.003-89 "Шовқин. Умумий хавфсизлик талаблари" ва ГОСТ 12.1.012-90 "Тебранма. Умумий хавфсизлик талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


95. Иш жойларида шовқин ва тебраниш даражасини мунтазам назорат қилиб туриш керак. Агарда у белгиланган меъёрлардан юқори бўлса, уни пасайтириш учун қуйидаги тадбирлар қўлланиши лозим:

шовқин чиқарувчи агрегат ёки унинг айрим қисмларига шовқинни тўсувчи қобиқлар ўрнатиш;

агрегатдан чиқаётган аэродинамик шовқинларга қарши самарали товуш сўндиргичлар қўллаш;

шовқинли ускуналарни (шамоллатгич, компрессор ва бошқалар) тўсилган хоналардан ташқарида жойлаштириш;

тебранишни камайтириш учун унинг манбаларини (электр двигателлар, вентиляторлар ва шунга ўхшашлар) мустақил полдан ва бинонинг бошқа конструкцияларидан изоляцияланган пойдеворларда ёки махсус ҳисоблаб чиқилган амортизаторларга ўрнатилиши керак.


96. Ишлаб чиқариш хоналарида шовқинни техник воситалар билан бартараф этишнинг иложи бўлмаса, шахсий эшитиш аъзоларини ҳимоя қилиш воситалари, қулоқчиндан фойдаланиш керак.



16-§. Меҳнат ва дам олишга қўйиладиган талаблар


97. Ходимларнинг иш вақти, шу жумладан, қисқартирилган иш вақти, дам олиш ва танаффуслар вақти ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.



III. ТЕЛЕКЎРСАТУВЛАР, КИНОФИЛЬМЛАРНИ

ТАЙЁРЛАШ ВА ТАСВИРГА ОЛИШ ҲАМДА

РАДИОЭШИТТИРИШЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ

ВА ЁЗИШ ЖАРАЁНИГА БЎЛГАН

ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Умумий талаблар


98. Телекўрсатувлар, кинофильмларни тайёрлаш ва тасвирга олиш ҳамда радиоэшиттиришларни тайёрлаш ва ёзиш жараёнида қатнашувчи ходимлар техника хавфсизлиги қоидалари, ёнғин хавфсизлиги, меҳнат муҳофазаси қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилиши керак.


99. Телекўрсатувлар, кинофильмларни тайёрлаш ва тасвирга олиш ҳамда радиоэшиттиришларни тайёрлаш ва ёзиш жараёнида қатнашадиган ходимларнинг гуруҳ раҳбарига қуйидагилар юклатилади:

телекўрсатувлар, кинофильмларни тайёрлаш ва тасвирга олиш ҳамда радиоэшиттиришларни тайёрлаш ва ёзиш жараёнида қатнашадиган ходимларга соғлом ва хавфсиз иш шароитни таъминлаш;

студия ёки студиядан ташқарида телекўрсатувлар, кинофильмларни тайёрлаш ва тасвирга олиш ҳамда радиоэшиттиришларни тайёрлаш ва ёзишда техника хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, меҳнат муҳофазаси ва ишлаб чиқариш санитария қоидаларининг аниқ бажарилишини назорат қилиш.


100. Ҳавоза, станок, тахта супа, саҳна безаги ва павильонлардаги мосламаларни тайёрлаш, саҳна қуриш қурилиш меъёрлари ва техника хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилиши керак.


101. Мураккаб саҳна безакларини студия ва студиядан ташқарида тайёрлаш, саҳна қуриш ва уни қабул қилишда декорация ишлаб чиқариш гуруҳи раҳбари ва техника хавфсизлиги бўйича муҳандисини жалб этиш лозим.


102. Телеоператорларга қуйидаги вазиятларда телекўрсатувлар, кинофильмларни тавирга олиш тақиқланади:

ўта хавфли тасвирларни тасвирга олиш учун техника хавфсизлиги хизмати билан келишилмаганда;

қурилиш ҳавозалари, саҳна безаклари, тахта супалар, ўтиш жойлари ва бошқа мосламаларнинг монтажи, уларга ёритиш ускуналарини ўрнатиш ишлари тўла ниҳоясига етказилмаганда.


103. Гуруҳ раҳбари телекўрсатувлар, кинофильмларни тасвирга олиш ҳамда радиоэшиттиришларни ёзишда студия ва студиядан ташқарига чиқишдан олдин қуйидагиларни бажариши шарт:

ҳамма иштирокчиларни телекўрсатувлар, кинофильмларни тасвирга олиш ва радиоэшиттиришларни ёзиш тартиби ва шартлари билан таништириш;

иш жараёни давомида ходимларни техника хавфсизлиги йўриқномаси билан таништириш ва журналга қайд этиш;

телекўрсатувлар, кинофильмларни тасвирга олиш ҳамда радиоэшиттиришларни ёзиш гуруҳи ходимларини йилнинг мавсумига қараб зарурий махсус кийимлар билан таъминлаш;

аптечка билан таъминлаш.


104. Телекўрсатувлар, кинофильмларни тайёрлаш ва тасвирга олиш ҳамда радиоэшиттиришларни тайёрлаш ва ёзишда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 33-сон, 379-модда) талабига риоя этиш жавобгарлиги ёритувчилар бригадири ёки махсус ёритиш гуруҳ раҳбари зиммасига юклатилиши лозим.



2-§. Ёнғин ва портлашга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


105. Ишлаб чиқишда ўрганилмаган ёнғин ва портлаш хавфи ва токсик хусусиятларга эга бўлган моддалар ва материалларни ишлаб чиқариш жараёнида қўллаш тақиқланади.


106. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналари дастлабки ёнғинни ўчириш воситалари билан таъминланган бўлиши шарт.


107. Технологик жараённи ишлаб чиқиш, унга аппаратурани киритиш, назорат ва бошқарувни амалга оширишда, шунингдек аварияга қарши ҳимоя воситаларининг танловида ёнғин ва портлаш хавфсизлиги таъминланиши лозим.


108. Технологик жараёнлар жойлаштирилган бинолар ва хоналарнинг портлаш жиҳатидан хавфлилик тоифалари лойиҳа ташкилоти томонидан ТЛТМ 20-86 "Технологик лойиҳалаштириш тармоқ меъёрлари"га мувофиқ ҳар бир аниқ ҳолат учун алоҳида аниқланади.


109. Технологик жараёнларни амалга оширишда ёнғинлар, портлашлар, авариялар, заҳарланишлар содир бўлиши ҳамда атроф-муҳит ишлаб чиқариш чиқиндилари (оқова сувлари, шамоллатиш тизими чиқиндилари ва шу кабилар) билан ифлосланиш эҳтимолини истисно этадиган шарт-шароитлар таъминланиши лозим.


110. Шамоллатиш тизими ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан бирлаштирилган бўлиши лозим.


111. Куч ва ёритиш тизими тармоқларининг электр асбоб-ускуналари ҳудудлар таснифи ҳамда бинолар ва хоналарнинг тоифасига биноан талаб қилинадиган меъёрларга жавоб бериши лозим.


112. Тез аланга олувчи, ёнувчи ва портловчи моддаларни ишлаб чиқариш участкаларида сақлаш ва ишлатиш, ёнғинга қарши назорат идоралари билан келишилган ҳолда, бир сменада ишлатиш учун керак бўлган миқдордан ошмаслик шарти билан амалга оширилади.


113. Тез аланга олувчи, ёнувчи ва портловчи моддаларни сақлаш ҳамда ишлатиш жойларида чекиш, очиқ оловдан фойдаланиш ва очиқ қизитиш манбалари бўлган иситиш мосламаларидан фойдаланиш тақиқланиши ҳақида аниқ ёзувлар (белгилар) бўлиши керак.


114. Тез аланга олувчи, ёнувчи ва портловчи моддалар сақланадиган жойларда ишлаб чиқариш шароитларига мос келадиган ёнғинга қарши воситалар бир тўпламда бўлиши керак (ўт ўчиргич, ўт ўчириш воситаси, асбестли мато ва бошқалар).


115. Тез аланга олувчи, ёнувчи ва портловчи моддаларни хонадан ташқарида сақлаш учун улар қўйиладиган жой қуёшнинг иссиқлик таъсирини истисно қиладиган пешайвон билан беркитилади.


116. Ёқилғини тўкиш ва қуйиш жараёнида қўлланиладиган асбоб-анжомлар зарбалар вақтида учқун чиқармайдиган металлдан ясалган бўлиши керак.



3-§. Студияда телекўрсатув ва кинофильмларни

тасвирга олишда хавфсизлик талаблари


117. Телекўрсатув, кинофильмларни тасвирга олиш студиялари шовқинсиз, ҳавони шамоллатиш ускуналари билан жиҳозланиши ва унда меъёрий метереологик шароитни ташкил этиш шарт.


118. Студиядаги чиқиш эшиклари "Чиқиш" ёки "Захира чиқиш" деган ёзувли ёриткич билан таъминланиши шарт.


119. Студияларни акустик қопламалар билан жиҳозлашда ёнмайдиган ёки қийин ёнувчи, овоз ютувчи материал ва қурилмалардан фойдаланиш керак.


120. Акустик қопламалар маҳкамланадиган каркаслар ёнмайдиган материаллардан ишланган бўлиши шарт.


121. Студияларда чекиш, очиқ олов (машъала, шағам ва бошқалар), ёйли прожекторлардан фойдаланиш, ўқ отиш, шунингдек мушакбозлик ва оловли эффектларни амалга ошириш қатъиян тақиқланади.


122. Тасвирга олиш жараёнларида оловли эффектлардан истисно сифатида фақат ёнғин хавфсизлиги хизмати томонидан берилган ёзма равишдаги рухсатнома ва уларнинг вакиллари иштирокида махсус мосламалар ёрдамида, тўлиқ ёнғин хавфсизлигини кафолатлаб амалга оширилиши керак.


123. Сценарийга кўра актёрларнинг сигарета чекиши керак бўлган саҳналар, ташкилотнинг смена бошлиғи билан келишилган ҳолда тасвирга олиниши лозим.


124. Студиялар навбатчи ёритиш ускуналари билан жиҳозланган бўлиши керак.


125. Студия камида иккита ҳаво чиқарувчи қурилмага эга бўлиб, совуқ ҳаво кириши ёки ҳаво ҳароратининг икки томонлама (елвизак) бўлишига йўл қўймаслиги лозим.


126. Студия поллари горизонтал, текис, силлиқ, ўтиш эшиклари эса бўсағасиз бўлиши керак.


127. Ёнғин ўчириш жиҳозлари, алоқа воситалари ва электр шитларига ўтиш йўлакларини халақит берувчи нарсалар билан тўсиб қўйиш қатъиян тақиқланади.


128. Декорациялар қуриш ва ўрнатишда йўлаклар тўсилиб қолмаслиги керак. Декорациялар ва студия деворлари ўртасидаги йўлаклар кенглиги 1,5 м дан кам бўлмаслиги керак.


129. Ёритиш ускуналарини кўтариш ва туширишда декорацияларга тегиб кетмаслиги учун улар оралиғи камида 1 м масофада бўлиши зарур.


130. Ёритиш ускуналарини ўрнатиш учун осма ҳавоза, супа ва бошқа мосламалар чидамли материаллардан ишланиши ва йиқилиб кетиш эҳтимолини бартараф этувчи мосламаларга эга бўлиши керак.


131. Ёритиш ускуналари ва бошқа электр қурилмаларини электр токини тақсимлаш қутиларига улаш билан боғлиқ ишларни бажариш масъул шахслар томонидан амалга оширилиши керак.


132. Юқорида осилиб турадиган ёритиш ускуналари (телескопик мосламалар), саҳна фони ва декорацияларнинг алоҳида қисмлари осиладиган штанкетникларнинг йилда бир маротаба мустаҳкамлиги ва юкламага мувофиқлиги текширилиши лозим.


133. Ҳар куни иш бошланишидан олдин кўчма ёритиш ускуналарининг ҳимоя корпуси ҳолати текширилиши ва унинг ҳимоя қатламига шикаст етганлиги аниқланганда, зудлик билан алмаштирилиши зарур.


134. Телекўрсатувларни тасвирга олишда ишлатиладиган электр қурилмаларидан фойдаланишда (мотор, шамоллатиш, электросирена, овоз пасайтирувчи трансформаторли электр қўнғироқ ва бошқалар) уларнинг хавфсизлик қоидаларига мувофиқлиги текширилиши шарт.


135. Ёритиш ускуналари маҳкамланадиган ва уларни ҳаракатлантириш учун мўлжалланган телескопик мосламалар студияларнинг шифтлари остига, деворларига, полларига ва махсус кўприкларига жойлаштирилиши мумкин.


136. Электр токини тақсимлаш шитларида таҳдид тўғрисида огоҳлантириш ёзувлари бўлиши керак.


137. Ёритиш ва бошқа ускуналарни электр токига улаш учун хизмат қиладиган барча кўчма сим ва кабеллар шикастланишдан истисно бўлиши керак.


138. Кўчма электр қурилмалари ва ёритиш ускуналарини улаш учун юмшоқ эгилувчан резина қобиқли симлар ишлатилиши керак.


139. Кўчма ёритиш ускуналари ва электр қурилмалари штепсель розеткаларига фақат улардан фойдаланиш вақтида уланиши ва уларнинг олдига бориш осон бўлиши керак.


140. Телекўрсатувларни тасвирга олиш вақтида иштирокчилар студияда мавжуд камера крани ўқининг ҳаракатланиш радиусида бўлиши тақиқланади.


141. Телекўрсатувларни тасвирга олиш вақтида декорация конструкцияларига ўзгартиришлар киритиш саҳналаштирувчи режиссёр билан келишилмасдан амалга оширилиши тақиқланади.


142. Телекўрсатувларни тасвирга олишда телекўрсатувга алоқадор бўлмаган шахсларнинг студияда ҳозир бўлишлари тақиқланади.


143. Студия балконларида турли ортиқча предмет, асбоб, кабель ва бошқа буюмларни сақлаш тақиқланади.



4-§. Студиядан ташқарида телекўрсатув ва кинофильмларни

тасвирга олишда хавфсизлик талаблари


144. Студиядан ташқарида тасвирга олиш учун жой танлашни телекўрсатувни тайёрлаётган ходим, техник ходим билан келишиб амалга оширади.


145. Студиядан ташқарида тасвирга олиш гуруҳининг барча анжом ва мулклари кўтариш, кўчириш, юклаш ва тушириш учун қулай бўлган воситаларга (идишларга) жойланиши керак.


146. Студиядан ташқарида тасвирга олиш гуруҳининг раҳбари иштирокчиларни техника хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси қоидалари билан таништириши ва журналга қайд этиши лозим.


147. Тасвирга олиш жараёни қуёш нури остида кўп вақт бўлишни талаб қилса, кўчма шийпон ва тентли соябон билан таъминланган бўлиши керак.


148. Штативли камераларни чегараланган сатҳларга ўрнатишда (автобус томлари, майдончалар ва бошқалар) ҳимоя белбоғларидан фойдаланиш керак.


149. Қояли тоғлар, тор сўқмоқлар, жар ёқаларида тасвирга олишда гуруҳ иштирокчилари альпинистлар анжомлари билан таъминланган (арқон, белбоғ ва бошқалар) ҳамда улардан фойдаланиш малакаларига эга бўлиши керак.


150. Совуқ ҳароратда студиядан ташқарида тасвирга олиш иштирокчиларининг исиниши учун жой ташкил этилиши керак.


151. Студиядан ташқарида тасвирга олишда кўчма электростанциядан фойдаланиш учун электр хавфсизлиги бўйича тегишли малакага эга ходим бўлиши шарт.


152. Шамол ҳосил қилувчи ускуналардан фойдаланишда қуйидагиларга амал қилиниши лозим:

шамол ҳосил қилувчи ускунани ишга туширишда унинг олдидаги майдонни синчковлик билан текшириб чиқиш ҳамда у ердаги тош, кесак ва бошқа буюмларни олиб ташлаш;

шамол ҳосил қилувчи ускуна винтини металл тўсиқ билан таъминлаш;

винт атрофидаги ҳимоя металл тўсиқдан ташқари 4 м масофада ҳамма томонини огоҳлантирувчи арқон билан ўраш;

тунги пайтлар тасвирга олишда устунларга арқонли тўсиқлардан ташқари қизил чироқли сигнализация ўрнатиш.


153. Шамол ҳосил қилувчи ускунада авиамотор билан ишлаш ҳуқуқини берувчи гувоҳномага эга, махсус тайёргарликдан ўтган ходим хизмат кўрсатиши керак.


154. Телеоператорлар техника хавфсизлиги бўйича махсус йўриқномалардан фойдаланиши лозим.



5-§. Тасвир-монтаж ва овоз ёзиш аппаратхоналарида

хавфсизлик талаблари


155. Тасвир-монтаж ва овоз ёзиш аппаратхоналари қуруқ, ёруғ, баландлиги 3 м дан кам бўлмаслиги керак. Айрим ҳолатларда мослаштирилган хоналар баландлиги нормадан пастроқ бўлиши мумкин, лекин 2,5 м дан паст бўлишига йўл қўйилмайди.


156. Тасвир-монтаж ва овоз ёзиш столлари электр тармоғига автомат ёрдамида уланиши лозим.


157. Тасвир-монтаж ва овоз ёзиш аппаратхоналарида бегона шахсларнинг бўлиши тақиқланади.


158. Тасвир-монтаж ва овоз ёзиш аппаратхоналарида чекиш, гугурт ва бошқа ёнғин чиқарувчи нарсаларни сақлаш қатъий тақиқланади.


159. Тасвир-монтаж ва овоз ёзиш аппаратхоналарида углекислотали ўт ўчириш воситаси бўлиши керак.


160. Тасвир-монтаж ва овоз ёзиш аппаратхоналари автоматик ёнғиндан хабар берувчи сигнализациялар билан жиҳозланган бўлиши керак.


161. Тасвир-монтаж ва овоз ёзиш аппаратхоналарига киришда, шунингдек барча хоналарда чекиш ва олов ёқишни тақиқловчи ёзувлар осиб қўйилган бўлиши шарт.



IV. ТЕЛЕКЎРСАТУВ, КИНОФИЛЬМЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ

ВА ТАСВИРГА ОЛИШДА СТУДИЯЛАРНИ БЕЗАШ

ХИЗМАТИГА ҚЎЙИЛГАН ХАВФСИЗЛИК

ТАЛАБЛАРИ


1-§. Либосчилар гуруҳининг иш жараёнида

хавфсизлик талаблари


162. Кийим сақлаш хоналари ҳаво муҳитини меъёрлаштириш воситалари (шамоллатиш, ҳаво тозалаш, иситиш ва бошқалар) билан таъминланган бўлиши керак.


163. Кийим сақлаш омборхоналарининг намлиги 40-50 % бўлиб, ҳаво ҳарорати 10°С дан 15°С гача сақлаб турилиши лозим.


164. Доимий фойдаланиб келинаётган барча кийим-кечак ва бошқа нарсалар дезинфекцияланиб турилиши керак.


165. Ҳавода нафталин буғлари бор ёки йўқлигини аниқлаш учун кийим сақлаш омборларида ҳар йили бир маротаба ҳаво муҳити таҳлил қилиниши лозим.


166. Кийим сақлаш омборларида сақланаётган кийимларни тозалаш, уларнинг кир бўлганига қараб, йилнинг ҳар чорагида камида бир марта механизациялаштирилган усулда ювилиши зарур.


167. Телекўрсатувлар учун кийиладиган кийимлар умумий кийим сақлаш омборидан ташқарида алоҳида хоналарда сақланиши керак.


168. Ишлатилган кийимни қабул қилувчи хона асосий кийимлар сақланадиган омбордан алоҳида бўлиши керак.


169. Ички кийимлар ишлатилгандан сўнг ювилиши ва дазмолланиши керак.


170. Вақтинча ишлатиш учун мўлжалланган барча кийимлар дезинфекциядан ўтказилиши шарт.


171. Ички кийимлар махсус, усти маҳкам ёпиладиган қутиларда сақланиши керак. Бошқа кийимлар эса махсус, ҳавоси яхши тозаланадиган хоналарнинг шкафларида ёки чангдан ҳимояланадиган пардалари бор кийим илгичларда сақланиши лозим.


172. Сафарда кийимлар ва бошқа жиҳозларни ташиш, кўтариб юриш, жойлаштириш ва туширишга қулай бўлган бандли қутилар бўлиши керак.


173. Кийим сақлаш хоналарида икки томонли нарвон бўлиши керак.


174. Катта ёшдаги актёрлар, аёллар ва болалар учун кийинадиган алоҳида хоналар бўлиши керак.


175. Кийимлар кийиладиган хоналар иссиқ ва совуқ сув ҳамда етарли миқдорда сочиқ, совун билан таъминланган бўлиши шарт.



2-§. Пардоз қилиш хоналарига қўйилган

хавфсизлик талаблари


176. Пардоз қилиш хоналарида иш ўринлари табиий ва умумий ёритилишидан ташқари маҳаллий ёритиш ҳамда люминесцент чироқлари билан ҳам жиҳозланиши зарур.


177. Пардоз қилиш хоналари ҳаво муҳитини меъёрлаштириш воситалари (шамоллатиш, ҳаво тозалаш, иситиш ва бошқалар) билан таъминланган бўлиши керак.


178. Пардоз қилиш хоналари етарли даражада совуқ ва иссиқ сув, совун, сочиқ ҳамда дезинфекциялайдиган воситалар билан жиҳозланган бўлиши шарт.


179. Пастижёр ишлари алоҳида хонада бажарилиши керак.


180. Пардоз қилиш ашёлари фақат ишлаб чиқарган ташкилот қадоғида сақланиши керак.


181. Табиий сочдан тайёрланган парик ва бошқа пастижёр маҳсулотларнинг дезинфекциядан ўтказилганлиги ва механик тарзда кирдан тозаланганлиги ҳақида далолатнома мавжуд бўлгандагина фойдаланишга рухсат берилади.


182. Пастижёр маҳсулотлари ҳар гал фойдалангандан кейин товар кўринишини бузмайдиган воситалар билан дезинфекция қилиб турилиши керак.


183. Такрорий ишлатиладиган пастижёр маҳсулотлари алоҳида қутилар ёки полиэтилен қопларда сақланади.


184. Парик 15 мартадан кўп ишлатилганида ички томони (монтюра) кирлангач кимёвий тозалаш ёки кир ювиш кукунида ювилиши зарур.


185. Гриммни артиш, юзни тозалаш учун ҳар бир актёрга салфеткалар, вазелин (ёки крем), одеколон, атир совун ва ип газлама сочиқча берилиши керак.


186. Иш бошланишидан олдин ва ишдан кейин пластик деталларни спирт билан дезинфекциялаш керак.


187. Пардозчи актёрлар билан ишлашдан олдин қўлларини тозалаб ювиши ва асбобларини дезинфекция қилиши керак.


188. Пардоз қилиш ишлари махсус кийимда (халатда) бажарилади.


189. Пардоз қилиш хоналари озода тутилиши ҳамда иш куни давомида камида икки марта тозаланиши керак.


190. Сочлар ва бошқа чиқиндилар пардоз қилиш хоналаридан олиб чиқиб кетилиши керак.


191. Пастижёрлик маҳсулотларини тайёрлашда иш ўрни маҳаллий ёруғлик чироқлари билан жиҳозланган бўлиши керак.


192. Пардоз маҳсулотларидан фойдаланишда қуйидагилар тақиқланади:

пардоз бўёқлари ва бошқа юзга сурувчи материалларни тасодифий хом ашёдан тайёрлаш;

кўп сонли актёрларга пардоз қилишда битта қутидаги материалдан фойдаланиш;

куйиб қолишнинг олдини олиш учун актёрлар юз териси тоза спирт билан артилиши;

пастижёрлик буюмларини тозалаш учун бензин ишлатиш;

актёрларни пардоз қилишда тасодифий пардоз маҳсулотларидан фойдаланиш;

иш жараёнида дезинфекцияланмаган, кир, механик тарзда тозаланмаган бегона аралашмалар, соч ва жунлардан фойдаланиш.



3-§. Бутафор ва декорациялардан фойдаланишда

хавфсизлик талаблари


193. Бутафор ва декорациялардан фойдаланишда ҳаво муҳитини меъёрлаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш) билан таъминланган бўлиши керак.


194. Ишлаш жараёнида чанг, зарарли буғлар ва газлар ажралиб чиқадиган иш ўринлари маҳаллий ҳаво тортгичлар билан жиҳозланиши зарур.


195. Бутафор ва декорациялардан фойдаланишда иссиқ, совуқ сув, совун ва сочиқлар билан таъминланган бўлиши керак.


196. Конструктив фактурали тайёр маҳсулотларнинг усти текис бўлиши керак.


197. Елим ва мойли бўёқлар солинган бўёқ пуркагич билан ишлаганда ҳамда чанг ҳолидаги нарсалар (гипс, бронза, алюминий, графит, сунъий қор) устларини ишқалаб текислашда ҳимояловчи кўзойнак ва респираторлардан фойдаланилади.


198. Сунъий қор, шиша, тахта билан ишлаганда резинали қўлқоп ҳамда ҳимояловчи кўзойнакларда ишлаш керак.


199. Постаментга ўрнатиладиган объектлар мустаҳкам ўрнатилган бўлиши керак.


200. Елим ва мастикаларни эритиш ҳамда материалларни майдалаш ишлари ҳавони тортиб олувчи шкаф ишлаётганда бажарилиши лозим.


201. Бутафор ва наққошлик маҳсулотлари шамоллатиш ускуналари билан жиҳозланган махсус камералар ёки шкафларда қуритилиши керак.



4-§. Мебель ва бошқа жиҳозлардан фойдаланишда

хавфсизлик талаблари


202. Мебель ва бошқа жиҳозлардан фойдаланишда ҳаво муҳитини меъёрлаштириш воситалари (шамоллатиш, ҳаво тозалаш, иситиш ва бошқалар) билан таъминланган бўлиши керак.


203. Жиҳозлар сақланадиган хоналарнинг поли текис ва шикастланмаган бўлиши керак.


204. Эшик ўринларининг кенглиги 1,5 м, баландлиги эса 2,5 м дан кам бўлмаслиги керак. Эшик ўринларига бўсағалар ўрнатиш тақиқланади.


205. Омборхоналарнинг ички ва ташқи эшиклари полдан юқори ёки паст бўлса, эшиклар олди нишаб (пастга тушадиган жой) бўлиши ва унинг кенглиги эшик кенглигидан кам бўлмаслиги керак.


206. Мебель ва бошқа жиҳозлар сақланадиган хона баландлиги 3,5 м дан ошмаган токчалар ёки икки қаватли токчалар билан жиҳозланган бўлиши лозим. Токчалар чуқурлиги 70 см дан ошмаслиги, токчалар орасидаги йўл 1 м дан кам бўлмаслиги керак.


207. Жавонлар ва токчаларга турли предмет ҳамда нарсалар қўйиш учун икки томонли нарвон ишлатилади. Мебель ва бошқа жиҳозларни кўтариш ва тушириш олдидан, нарвоннинг созлиги вақти билан текшириб турилиши лозим.


208. Оғир жиҳозларни ўрта ва пастки токчаларга жойлаштириш лозим. Жиҳозларнинг баланд ва қўпол қисмларини тушиб кетмаслиги учун қиялатиб жойлаштириш керак.


209. Кенг ҳажмли, оғир декорацияларни студияларга олиб кириш-қайтариш механизмли махсус воситалар билан амалга оширилиши шарт.


210. Жиҳозлар тоза ҳолда сақланиши керак.


211. Жиҳозларни чанг ва кирдан тозалашда намланган латта ёки чангютгичдан фойдаланилади.


212. Чекиш трубкалари, мундштуклар, пуфлаб чалинадиган асбоблар махсус жавонлар, қутилар ва ғилофларда сақланиши керак. Улар фойдаланилганидан сўнг 5% хлоромин билан дезинфекциядан ўтказилиши ёки қайнатилиши керак.


213. Юмшоқ мебеллар вақти-вақти билан чангдан тозаланиб, дезинфекция қилиниб турилиши керак.


214. Тасвирга олиш пайтида ишлатиладиган кўрпа-ёстиқлар тоза, жилдлари дазмолланган бўлиши лозим.


215. Бир шахс фойдаланган кўрпа-ёстиқ дезинфекция қилинмай ва жилди ювилмасдан бошқа одамга берилиши мумкин эмас. Ҳар гал ишлатилганда алмаштирилиб туриши учун кўрпа жилд билан таъминланган бўлиши керак.


216. Тасвирга олиш вақтида кўрпани жилди билан ишлатиш имконияти бўлмаса, кўрпа ҳар гал ишлатилгандан сўнг қоқилиши ёки силкитилиши керак. Ўн марта ишлатилгандан сўнг буғ камерага солган ҳолда дезинфекциядан ўтказилиши лозим.


217. Кўрпа-ёстиқлар махсус шкафларда сақланиши керак.


218. Овқатланиш учун мўлжалланган ва тасвирга олиш пайтида ишлатиладиган идиш-товоқлар ишлатишдан олдин қайноқ сув билан ювилиши лозим. Идиш-товоқлар махсус жавонларда сақланиши керак.



5-§. Саҳна қуришда хавфсизлик талаблари


219. Саҳна қуришда ишлатиладиган декоратив безаклар ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бериши керак.


220. Саҳна қуришда қуйидаги хавфсизлик талабларига амал қилиниши лозим:

декорацияларнинг ёғоч ва бошқа конструкциялардан ясалган барча элементлари оловга бардошли суюқлик шимдирилган бўлиши;

устун, дарахт, столба ва шунга ўхшаш шакли ёғоч предметлар конструкцияларга узунаси бўйлаб асосий ўзак ўрнатилади, унинг устидан улаш учун металл тросс ёки илмоқли арқон ўтказилиши ва маҳкамланиши;

тросс ва арқонлар мустаҳкамлиги олдин синовдан ўтказилган бўлиши керак.


221. Баландлиги 3 м дан юқори бўлган ҳавозаларни қуриш ва бузишда ишлаётган барча ходимлар декорацияларни осиб қўйиш учун мўлжалланган панжаралар ёки эҳтиёт белбоғларидан фойдаланишлари керак.


222. Баландликдаги ишларни бажаришда ходимлардан бири мунтазам равишда ҳавозаларда ишлаётганларни кузатиб, йиқилиб тушишдан сақловчи арқон узунлигини тўғрилаб туриши лозим.


223. Эҳтиёт белбоғлари ва махсус арқонлар ҳар олти ойда камида бир марта синовдан ўтказиб турилиши керак.


224. Ҳавозаларни тиклаш ва монтаж ишлари бошланмасдан олдин монтаж қилиш учун керак бўлган барча элементлар текширилиши ва яроқсизлари алмаштирилиши лозим.


225. Шитлардан ясалган тўшама (пастил) тўсинлар устида бир-бирига зич ҳолатда жойлаштирилиши ва учта тўсин устига ётқизилган бўлиши керак.


226. Штангали кўтаргичлар, электр кўтарма механизмларни бошқарувчи ходимлар техника хавфсизлиги бўйича юқори касбий малака гуруҳига эга бўлишлари керак.


227. Фойдаланишга топширилган декорация ва мосламаларга меъёрдан ортиқ юк қўйиш технолог ёки конструкторлар гуруҳи билан келишмаган ҳолда уларнинг конструкциясини ўзгартириш тақиқланади.


228. Баландликдаги мураккаб декорацияларда суратга олиш техника хавфсизлиги муҳандиси ва декорациялар учун жавобгар шахснинг рухсати билан бажарилиши лозим.


229. Декорацияга ҳар хил деталь ёки ёритиш ускуналарини осиш учун панжаралар ва балкон тўсиқларидан фойдаланиш тақиқланади.


230. Саҳна қуришда фойдаланиладиган икки томонлама нарвон инвентарь рақамига эга бўлиши ва 100 кг дан 180 кг гача оғирликни кўтариши ҳисобга олиниб, йилда бир марта синовдан ўтказилиши керак.


231. Баландлиги 1,1 м ва ундан баланд бўлган станоклар, балконлар, кўприкчалар, ўтиш йўлларида баландлиги 1 м дан паст бўлмаган панжаралар ўрнатилиши лозим.


232. Студияда нитро бўёқлар билан бўяш ишларини олиб бориш тақиқланади. Иложи бўлмаган пайтларда эса техника хавфсизлиги бўйича муҳандис ва ёнғин назорати томонидан берилган рухсатнома асосида декорациянинг унча катта бўлмаган устки томонларини бўяшга ижозат берилади.


233. Бузилган декорацияларни тахлашда улар тушиб кетмаслиги ёки қиррали томонлари билан бирор нарсага шикаст етказмаслиги ҳамда уларда мих ва скобалар қолмаслиги керак, шунингдек полда ҳам михларни қолдириш тақиқланади.



6-§. Фильмларни сақлашда хавфсизлик талаблари


234. Фильм нусхалари сақланадиган омборхоналар алоҳида бинода жойлашган бўлиши керак.


235. Хавфсиз плёнка (триацетат) ва нитротасмага олинган фильм нусхаларини оловга чидамлилиги 2,5 м дан кам бўлмаган тўсиқлар (деворлар) билан бўлинган, алоҳида-алоҳида хоналарда бир-биридан ажратилган ҳолда сақлаш керак.


236. Нитротасмага олинган 35 мм - тўла метражли фильм нусхалари юқори сиғимдаги кабиналарда (бокс) сақланади.


237. Фильм нусхалари стеллажларда сақланиши керак. Стеллажлар темирдан ясалиб, токчалари ёғоч ёки ёппасига ёғочдан бўлиши мумкин.


238. Фильм нусхаларининг барча қисмлари темир қутиларда бўлиши ва дасталанган ҳолда стеллажларга горизонтал қилиб жойлаштирилиб, миқдори 15 та қутидан кўп бўлмаслиги керак.


239. Нитротасмага олинган фильм нусхаларининг қисмлари жойланган қутилар, хавфсиз плёнка (триацетат) фильм нусхаларининг қисмлари жойланган худди шундай қутилардан яққол ажратиш учун чизилган қизил чизма билан белгиланиши керак.


240. Фильмларни омборхоналарнинг йўлаклари ва полларида сақлаш қатъиян тақиқланади.


241. Фильмлар сақланадиган омборхоналар бино ташқарисида туриб ўчириладиган электр қурилмаларига эга бўлиши ва улар ёнмайдиган деворларга ўрнатилиши ҳамда пломбалаш учун мосламалар кўзда тутилиши керак.


242. Фильмлар сақланадиган омборхоналар ҳаво муҳитини меъёрлаштириш воситалари (шамоллатиш, ҳаво тозалаш, иситиш ва бошқалар) билан таъминланган бўлиши керак. Омборхоналар доимо озода сақланиши ва яхши шамоллатиб турилиши, фильм нусхалари турган қутилар эса мунтазам артиб турилиши керак.


243. Фильмлар сақланадиган омборхоналар қўл ювадиган воситалар билан жиҳозланган бўлиши керак.



V. ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИНИ БАЖАРИШДАГИ

ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Умумий талаблар


244. Ҳар бир ташкилотда белгиланган тартибда ускуналарни режавий таъмирлаш ва профилактика қилиш жадвали ишлаб чиқилган бўлиши шарт.


245. Телевидеоускуна ва аппаратларни тозалаш фақат унда ишловчи ходимлар томонидан бажарилади. Тозалаш ишлари чангютгич, чўтка ёрдамида амалга оширилади. Кўрсатилган мосламаларсиз тозалаш ман этилади.


246. Телевидеоускуна ва аппаратлар кучланиш остида бўлса, тозалаш ман этилади.


247. Ходимлар томонидан телевидеоускуна ва аппаратларни парваришлаш учун керакли миқдорда артувчи мато ҳамда спирт берилади.


248. Телевидеоускуна ва аппаратларни таъмирлаш ва ишга туширишни махсус ўқитилган ва техника хавфсизлиги бўйича йўриқномадан ўтган ходимлар амалга оширади.


249. Телевидеоускуна ва аппаратлар ишлаётган вақтда уларни таъмирлаш тақиқланади.


250. Таъмирлашдан сўнг телевидеоускуна ва аппаратлар махсус комиссия томонидан ишга қабул қилиниши шарт.



2-§. Телевидеоускуна ва аппаратларни таъмирлаш,

созлаш устахоналари ҳамда пайвандлаш ишлари


251. Созлаш устахоналаридаги иш столлари пластик билан қопланган ва ён томондаги юзалари силлиқ бўлиши керак. Ушбу мақсадлар учун стол устига қўйиладиган ойналардан фойдаланиш тақиқланади.


252. Созлаш устахоналаридаги иш столларида кучланиш остида бўладиган очиқ улаб-узгичлар, клеммалар ва бошқа электр монтаж элементларини жойлаштиришга йўл қўйилмайди.


253. Созловчиларнинг иш жойларини ёритиш учун стол устидаги ёриткичлар шаффоф бўлмаган суриладиган рефлекторларга эга бўлиши керак. Иш жойларини ёритиш учун металл корпусли ҳамда суриладиган кронштейнли ёриткичлар қўлланиши мумкин.


254. Созлаш устахоналарининг деразалари фрамугалар билан жиҳозланган бўлиши керак.


255. Телевидеоускуналарни ва аппаратларнинг қисмларини спирт билан тозалаш махсус столларда амалга оширилиши лозим.


256. Қотишмаси таркибида қўрғошин бўлган буюмларни пайвандлаш ишлари олиб бориладиган хоналар деворлари, дераза ромлари, иситиш асбоблари оч рангдаги мой бўёқлар билан қопланган бўлиши керак. Шунингдек поллар ҳам силлиқ, ёриқларсиз бўлиши керак.


257. Столлар ёки ускуналарнинг ишчи юзалари, шунингдек асбоблар сақланадиган қутиларнинг юзалари силлиқ, осон ювиладиган материал билан қопланиши керак.


258. Столларнинг ишчи юзалари, шунингдек асбоблар сақланадиган қутиларнинг ички юзалари смена тугаганидан сўнг тозаланиши керак.


259. Пайвандлаш ишларини бажарувчи ходимлар махсус кийим кийган бўлишлари керак.


260. Овқатланиш хоналари, ошхоналар, буфетларга иш кийимида кириш тақиқланади.


261. Таъмирлаш хизмати ускуналарнинг стандартлар тизимига, паспортларига, техник йўриқномаларига ва ишлаб чиқарувчи заводнинг бошқа ҳужжатлари талабларига мослигини таъминлаши лозим.


262. Телевидеоускуналар ва аппаратларни зарур техник ҳолатда тутиб туриш учун ташкилотда режавий таъмирлаш қатъий бажарилиши ва таъмирлаш ишларининг сифатини яхшилаш бўйича чоралар кўрилиши лозим.


263. Ходимлар таъмирлаш ишларини бажариш вақтида хавфсизлик техникаси йўл-йўриғидан ўтказилиши лозим.



VI. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


264. Мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.


265. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ, белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



VII. ЯКУНИЙ ҚОИДА


266. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси, "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси, "Ўзстандарт" агентлиги ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 30-сон, 319-модда